Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Тижорат банклари / Айрим банклар фаолиятини тартибга солиш / "Микрокредитбанк" АТБ /

Микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.05.2006 й. 78-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 6 майдаги

78-сон қарорига

ИЛОВА



Микрокредитлар бериш ва микролизинг

хизматлари кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Ушбу Низом Фуқаролик кодексига, "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 5 майдаги ПФ-3750-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда "Микрокредитбанк" акциядорлик-тижорат банки (кейинги ўринларда банк деб аталади) томонидан кичик тадбиркорлик субъектларига, деҳқон ва фермер хўжаликларига (кейинги ўринларда тадбиркорлик субъектлари деб аталади) микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматлари кўрсатиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


2. Кичик тадбиркорликни янада кенгайтириш, янги иш ўринлари ташкил этиш учун шароитлар яратиш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш орқали кам таъминланган оилалар даромадларини ошириш, аҳоли кенг қатламларининг, жумладан қишлоқ жойлардагиларнинг, молиявий ресурслардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида тадбиркорлик субъектларига микрокредитлар бериш ва микролизинг хизматларини кўрсатиш.

Микрокредитлар тадбиркорликни бошлаш ва ривожлантириш (кенгайтириш)га, шу жумладан ишлаб чиқаришни технологик жиҳозлаш ва модернизация қилиш учун замонавий технологик ускуналар ва техникалар сотиб олишга, шунингдек, айланма маблағларни тўлдиришга берилади.

3. Микрокредитлар кичик тадбиркорлик субъектларига бизнесни бошлаш ва ривожлантириш (кенгайтириш) учун, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан белгиланадиган молиявий ресурслар доирасида имтиёзли фоиз ставкалари бўйича берилади.

4. Микрокредитлар тадбиркорликни ривожлантириш (кенгайтириш) ва айланма маблағларни тўлдириш учун кичик тадбиркорлик субъектларига (шу жумладан микрофирмаларга, кичик корхоналарга), деҳқон ва фермер хўжаликларига - 24 ойгача муддат билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 1000 бараваригача миқдорда берилади.

5. Микролизинг хизматлари кичик тадбиркорлик субъектларига - технологик ускуналар ва техникалар сотиб олиш учун 3 йилгача муддат билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2000 бараваригача миқдорда кўрсатилади.

6. Микрокредитлар ва микролизинг:

илгари олинган кредитларни ёки бошқа ҳар қандай қарзларни тўлашга;

тамакичиликни ва алкоголли ичимликларни ишлаб чиқаришни ташкил этишга;

лотереялар ташкил этишга берилмайди.

7. Микрокредитлар олиш учун ушбу Низомда назарда тутилган шартлар ва талаблар микролизинг хизматлари кўрсатишга ҳам татбиқ этилади. Микролизинг хизматлари кўрсатиш хусусиятлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Бериладиган микрокредитлар ва кўрсатиладиган микролизинг хизматлари бўйича фоиз ставкалари "Микрокредитбанк" АТБ сиёсатига асосан белгиланади.


II. МИКРОКРЕДИТЛАРНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


8. "Микрокредитбанк"ка мурожаат қилган тадбиркорлар кредит олгунгача "Микрокредитбанк" томонидан бепул ташкил этиладиган семинарларга юборилади. Бериладиган микрокредитлар ва кўрсатиладиган лизинг хизматлари турлари ва механизмлари, шунингдек бизнес-режа тузиш бўйича иккита базавий семинарда қатнашиш мажбурий ҳисобланади.


9. Қарз олувчилар микрокредит олиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

микрокредит олиш учун буюртманома;

бизнес-режа, пул оқимлари прогнозини албатта кўрсатган ҳолда;

микрокредитнинг қайтарилиши таъминланиши билан боғлиқ ҳужжатлар, шу жумладан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўлдирилган бухгалтерия ва молиявий ҳисоботлар маълумотлари.


10. Тақдим этиладиган бизнес-режа микрокредит олиш учун буюртманома берилган санадан кўпи билан 60 кун олдин тузилган бўлиши керак.


11. Кредит берувчи банк ходими кредит ҳужжатларини олгач ва уларнинг тўлиқлигини текширгач буюртманомани махсус дафтарда рўйхатдан ўтказади, дафтарга тартиб рақами қўйилади, ип ўтказиб тикилади, банк муассасасининг раҳбари ва бош бухгалтери имзолари ҳамда думалоқ муҳр билан тасдиқланади.

Дафтарда буюртманома берган мижознинг номи, буюртманома берилган сана, сўралаётган микрокредит миқдори, микрокредит олишнинг мақсади, уни таъминлаш тури кўрсатилиши керак.


12. Буюртманома рўйхатдан ўтказилгандан кейин кредит берувчи банк ходими кейинги кундан кечикмай ҳужжатлар пакетини кўриб чиқиш учун банк муассасасининг кредит қўмитасига беради.

Кредит қўмитаси, шу жумладан жойига борган ҳолда, қарз олувчининг кредит буюртманомасини ва тўловга қодирлигини, шунингдек микрокредит мақсадларининг фаолият характерига мувофиқлигини ўрганади. Кредит пакетини таҳлил қилиш шунингдек қарз олувчининг кредит тарихини ва унинг раҳбари обрўсини баҳолашга асосланади.


13. Кредит тарихини баҳолаш банк томонидан Марказий банкнинг Кредит ахбороти миллий институтидаги қарз олувчи тўғрисидаги мавжуд маълумотлар асосида амалга оширилади.


14. Кредит қўмитаси буюртманомани кўриб чиққандан кейин тегишли қарор чиқаради, қарор кредит қўмитаси раҳбари томонидан тасдиқланади. Микрокредит бериш тўғрисидаги ижобий қарор кредит қўмитаси аъзоларининг камида учдан икки қисми томонидан маъқулланиши керак. Кредит қўмитасининг ижобий қарори асосида қарз олувчи билан кредит шартномаси тузилади.

Айни бир вақтда кредит тўғрисидаги маълумотлар банкнинг берилган кредитлар тўғрисидаги ўз маълумотлар базасига ва Кредит ахбороти миллий институтига тушади.


15. Кредит қўмитаси томонидан салбий қарор қабул қилинган тақдирда қарз олувчи бу ҳақда рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма равишда хабардор қилинади.

Тадбиркорлик субъекти кредит қўмитаси қарори юзасидан судга белгиланган тартибда шикоят билдиришга ҳақлидир.


16. Микрокредит бериш тўғрисидаги қарор кредит қўмитаси томонидан банкка зарур ҳужжатлар илова қилинган ҳолда кредит буюртманомаси тушган кундан бошлаб 10 иш куни мобайнида қабул қилинади.


17. Тадбиркорлик субъекти томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганда ёхуд ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотлар мавжуд бўлганда банк кўрсатилган муддат мобайнида ҳужжатларни аниқ мулоҳазалар рўйхатини ёзма шаклда баён қилган ҳолда пухта ишлаш учун қайтаришга ҳақлидир.



III. МИКРОКРЕДИТНИ ТАЪМИНЛАШ


18. Микрокредитлар таъминланиш, шунингдек ишонч асосида берилади.


19. Мулк гарови микрокредитни таъминлашнинг асосий шакли бўлиб хизмат қилади. Ҳар қандай мулк, шу жумладан буюмлар ва "Гаров тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров предмети бўлиши мумкин.

Қарз олувчининг ўзи, шунингдек учинчи шахс ҳам гаров қўювчи бўлиши мумкин.


20. Кўчмас мулк гарови тўғрисидаги шартнома "Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг тегишли туман (шаҳар) хўжалик ҳисобидаги кадастр ва кўчмас мулк хизматида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак.

"Ергеодезкадастр" давлат қўмитасининг тегишли туман (шаҳар) хўжалик ҳисобидаги кадастр ва кўчмас мулк хизматлари мансабдор шахслари кўчмас мулк гаровидан бўш бўлмаган битишувларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар, гаров тўғрисидаги олдинги шартномаларда тақиқланмаган кейинги гаровни назарда тутувчи гаров тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказиладиган ҳоллар бундан мустасно.


21. Бериладиган микрокредит суммаси гаровга қўйилган мол-мулк қийматининг 80 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Гаров буюмлари - транспорт воситалари ва кўчмас мулк объектлари - йўқотиш ва зиён етказилиши ҳодисаларидан қарз олувчи ҳисобига суғурта қилиниши керак.


22. Юқори ликвидликка эга бўлган қимматли қоғозлар ҳам гаров буюми бўлиши мумкин. Гаровга қўйилган қимматли қоғозлар тегишли шартнома билан расмийлаштирилади ва қарз тўлиқ қайтарилгунга қадар сақлаш учун банкка ўтказилиши керак.


23. Микрокредитни таъминлаш учун ликвидли товарлар, хорижий валюта ва гаров шаклида расмийлаштириладиган валюта бойликларининг бошқа турлари қабул қилиниши мумкин.


24. Банк фойдасига расмийлаштирилган учинчи шахсларнинг кафиллигидан қўшилган фоизлар ҳисобга олинган ҳолда қарз суммаси миқдорида микрокредитни таъминлаш сифатида фойдаланилиши мумкин. Фақат бенуқсон тўлов қобилиятли субъект обрўсига эга бўлган юридик шахслар кафолат берувчи бўлиши мумкин.

Кафиллик кафолат берувчининг молиявий ҳолати таҳлили асосида банк томонидан қабул қилиниши керак. Бюджет ташкилотлари кафолат берувчи бўлиши мумкин эмас.

Кафиллик шартномасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

кафолат берувчининг банк ҳисоб рақами ҳолати тўғрисидаги маълумотнома;

кафолат берувчининг бошқа банклардаги барча ҳисоб рақамлари тўғрисида улардаги қолдиқ кўрсатилган маълумотнома;

кафолат берувчининг хизмат кўрсатувчи банкдан ссуда қарзи ва бошқа қарздорлиги йўқлиги тўғрисидаги маълумотнома.

Қарз олувчи ссуда қарздорлиги бўйича ўз мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган тақдирда банк маблағларни кафолат берувчининг талаб қилиб олинадиган асосий депозит ҳисоб рақамидан акцептсиз тартибда ундириб олишга ҳақлидир.


25. Микрокредитлар фақат қониқарли кредит тарихига эга бўлган ва олдин олинган учта кредитни ўз вақтида тўлаган қарз олувчиларга ишонч асосида берилиши мумкин.

Кредит ишонч асосида берилганда бўлажак тўловлар бўйича таъминлаш сифатида қарз олувчилар томонидан кредит қийматининг 20 фоизигача миқдордаги суммада мажбурий жамғариладиган депозит жойлаштирилади, унга банк томонидан фоиз тўловлари қўшилади.



IV. МИКРОКРЕДИТНИ БЕРИШ

ВА ҚАЙТАРИШ ТАРТИБИ


26. Микрокредитлар нақд пулсиз шаклда берилади.

27. Микрокредитлар товар-моддий бойликлар, хизматлар ва ишлар учун тўлов топшириқномаларини нақд пулсиз шаклда тўлаган ҳолда алоҳида ссуда ҳисоб рақами очиш ёки банк кассаси орқали харажат далолатномаси бўйича нақд маблағ бериш йўли билан берилади.

Ссуда ҳисоб рақами, агар кредит шартномасида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, кредит шартномаси тузилган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида очилади.


28. Банк кредит суммасидан ва фоиз ставкасидан келиб чиқиб асосий қарз ва фоизларнинг бўлажак тўловлари суммасини кредитнинг бутун муддатига тенг тўловларда ҳисоблаб чиқади.



V. МИКРОКРЕДИТНИНГ ҲОЛАТИ

МОНИТОРИНГИ ВА УНДАН МАҚСАДЛИ

ФОЙДАЛАНИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


29. Кредит шартномаси шартлари бажарилишини таъминлаш, олинган микрокредитдан қарз олувчи самарали фойдаланиши, микрокредитдан фойдаланишнинг бутун муддати давомида унинг ўз вақтида ва тўлиқ қайтарилиши мақсадида банкнинг масъул ходими томонидан мониторинг олиб борилади.


30. Банкнинг масъул ходими бизнес-режа параметрларига ҳамда гаровнинг ҳолатига мувофиқ микрокредитдан самарали ва мақсадли фойдаланилишини бир ойда камида бир марта текширади.


31. Мониторинг давомида масъул ходим қарз олувчи билан узлуксиз алоқа ўрнатади, жойнинг ўзида унинг режалари ва ниятларини ўрганади, шунингдек қарз олувчининг фаолиятидаги салбий тенденцияларни илк босқичида аниқлайди.

Олиб бориладиган мониторинг натижалари қарз олувчининг махсус шахсий ҳужжатлар тўпламида тизимлаштирилади.


32. "Микрокредитбанк"нинг минтақавий филиаллари берилган микрокредитлар, таъминлаш турлари, пул маблағлари ҳаракати жадваллари тўғрисидаги маълумотларни мунтазам равишда умумлаштирадилар ва "Микрокредитбанк"нинг микрокредитлари қайтарилиши ва улардан мақсадли фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш гуруҳига (кейинги ўринларда матнда Мониторинг гуруҳи деб юритилади) ҳар ойда тақдим этади.

Мониторинг гуруҳи олинган маълумотлар асосида филиаллар ва минибанклар, шунингдек бериладиган микрокредитлар турлари бўйича кредит портфелининг ҳолатини пухта таҳлил қилади, қарздорлик динамикасини ва микрокредит маблағларидан самарали фойдаланилишини ўрганади.

Зарурият бўлганда Мониторинг гуруҳи бизнес-режа параметрларига мувофиқ жойига бориб филиалларнинг кредит портфели, микрокредитлар бўйича тақдим этилган таъминлашнинг ҳолати холисона баҳоланишини ташкил этади, шунингдек берилган кредитлар бўйича қайтаришнинг амалдаги ва прогноз даражасини баҳолайди.


33. Ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар натижалари бўйича Мониторинг гуруҳи банкнинг кредит қўмитасига филиаллар ва минибанклар бўйича кредит бериш лимитларини белгилаш, мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, кредит портфели таркибини такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади.

Мониторинг гуруҳи Банк бошқарувига микрокредитларнинг қайтарилиши даражасини ошириш, улар бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорликка йўл қўймаслик, шунингдек мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги юзасидан аниқ чора-тадбирлар тўғрисида мунтазам равишда таклифлар киритади.


34. Банк олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаётган қарз олувчига нисбатан банк кредит шартномаси шартларидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

агар қарз олувчи банкнинг тавсияларини келишилган муддатларда бажармаса, унга санкция қўллаш тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга даъво хати юбориш;

асосий сумма ва кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар ўз вақтида тўланмаган, шунингдек кредитни кредит шартномасида белгиланган муддатда қайтариш истиқболи мавжуд бўлмаган тақдирда кредит бўйича қарздорлик қолдиғини муддатидан олдин, шу жумладан гаровга қўйилган мол-мулк ва бошқа мол-мулк ҳисобига ундириб олиш;

ҳисобга олиш ва бухгалтерия ҳисоби қоидалари қарз олувчи томонидан бузилиши ҳоллари аниқланган тақдирда кредит беришни тўхтатиб қўйиш ҳамда ҳисобга олиш ва ҳисобот бузилишининг сабаблари тўғрисида, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини банкка тақдим этган ҳолда, ундан тушунтириш талаб қилиш.


35. Олинган микрокредитлардан қарз олувчилар томонидан бошқа мақсадда фойдаланилганлиги аниқланган тақдирда банк микрокредитнинг бошқа мақсадда фойдаланилган қисмини кредит шартномасида белгиланган тартибда қарз олувчининг талаб қилиб олинадиган депозит ҳисоб рақамидан муддатидан олдин ундириб олиш ва кредит шартномасида белгиланган миқдорда жарима ундириш ҳуқуқига эгадир.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 19-сон, 163-модда.




























Время: 0.1992
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск