ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Интеллектуал мулк / Муаллифлик ҳуқуқи. Турдош ҳуқуқлар /

Ўзбекистон Республикасининг 20.07.2006 й. ЎРҚ-42-сон "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 23.03.2006 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 09.06.2006 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.07.2006 й.

N ЎРҚ-42



МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ ВА ТУРДОШ

ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 23 мартда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 9 июнда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади фан, адабиёт ва санъат асарларини (муаллифлик ҳуқуқи), ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотларнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларини (турдош ҳуқуқлар) яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдан иборат.


2-модда. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош

ҳуқуқлар тўғрисидаги

қонунчилик

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


асар нусхаси - асарнинг ҳар қандай моддий шаклда тайёрланган кўчирмаси;


асарни омма олдида намойиш этиш - асарнинг асл нусхаси ёки нусхасини бевосита ёхуд плёнка, диапозитив, телевизион кадр ёрдамида ёки бирон-бир бошқа техника воситалари орқали экранда кўрсатиш, шунингдек аудиовизуал асарнинг айрим кадрларини уларнинг кетма-кетлигига риоя этмасдан омма учун очиқ жойда ёки айни бир оила аъзолари бўлмаган шахсларнинг кенг доираси ҳозир бўлган жойда кўрсатиш;


асарни ошкор қилиш - муаллифнинг розилиги билан амалга оширилган, асарни чоп этиш, омма олдида намойиш этиш, омма олдида ижро этиш, эфирга узатиш ёки бошқача усулда юбориш йўли билан илк бор асардан барчанинг воқиф бўлиши учун имкон берадиган ҳаракат;


аудиовизуал асар - бир-бири билан боғланган (овоз жўрлигида ёки овоз жўрлигисиз) тасвирларнинг ёзиб олинган туркумидан иборат бўлган, тегишли техника воситалари ёрдамида кўриб ва эшитиб (овоз жўрлигида бўлганида) идрок этиш учун мўлжалланган асар, шу жумладан дастлабки ёки кейинги қайд этиш усулидан қатъи назар, кинематография асарлари ва кинематографияникига ўхшаш воситалар билан ифодаланган барча асарлар (теле- ва видеофильмлар, диафильмлар, слайдфильмлар ҳамда бошқа асарлар);


аудиовизуал асарни тайёрловчи - шундай асарни тайёрлаш ташаббуси ва масъулиятини ўз зиммасига олган юридик ёки жисмоний шахс;


барчанинг эътиборига етказиш - асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини симлар ёки симсиз алоқа воситалари орқали телекоммуникация тизимларидан фойдаланувчилар ўз танловига кўра исталган жойда ва исталган вақтда улардан фойдалана олиши мумкин бўлган тарзда барчанинг эътибори учун юбориш;


барчанинг эътибори учун юбориш - асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, шунингдек уларни юбориш жойида вакиллари бўлмаган омма эшитиб ва (ёки) кўриб идрок этиши учун, шу тарзда эшитиш ёки кўриш мумкин бўлган асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектлари амалда идрок этилиши-этилмаслигидан қатъи назар, ҳар қандай бошқача усулларда етказиш (нусхаларни тарқатиш бундан мустасно);


ёзув - овозлар ва (ёки) тасвирларни қайта-қайта идрок этиш, такрорлаш ёки юбориш имконини берадиган бирон-бир моддий шаклда техника воситалари ёрдамида қайд этиш;


ижро - асарни (шу жумладан халқ ижодиёти асарини), фонограммани, ижрони, саҳна асарини ўйин, ифодали ўқиш, куйлаш, рақсга тушиш орқали жонли ижро ёки техника воситалари ёрдамида тақдим этиш;


ижрочи - актёр, хонанда, созанда, раққос ёки роль ўйнайдиган, куйлайдиган, ўқийдиган, ифодали ўқийдиган, рақсга тушадиган, талқин этадиган, мусиқа асбобини чаладиган ёхуд адабиёт ёки санъат асарини (шу жумладан халқ ижодиёти асарини) ўзгача тарзда ижро этадиган бошқа жисмоний шахс, шунингдек спектаклнинг саҳналаштирувчи режиссёри ва дирижёр;


кабель орқали юбориш - асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини кабель, сим ёки шунга ўхшаш воситалар ёрдамида барчанинг эътибори учун юбориш;


манзарали-амалий санъат асари - асл нусхалари ёки нусхалари амалда фойдаланиш ашёлари сифатида қўлланиладиган ёки ана шундай ашёларга кўчирилган икки ўлчовли ёки уч ўлчовли санъат асари, шу жумладан бадиий ҳунармандчилик асари ёки саноат усулида тайёрланган асар;


маълумотлар базаси - объектив шаклда ифодаланган ва электрон ҳисоблаш машиналари (бундан буён матнда ЭҲМ деб юритилади) ёрдамида топиш ҳамда ишлов бериш мумкин бўладиган тарзда бир тизимга солинган маълумотлар (мақолалар, ҳисоб-китоблар ва шу кабилар) мажмуи;


муаллиф - ижодий меҳнати билан асар яратган жисмоний шахс;


омма олдида ижро этиш - асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини ижро этиш ёки маълум қилишнинг ҳар қандай бошқа шакли воситасида, бевосита ёки техника воситалари ёрдамида, омма учун очиқ жойда ёки айни бир оила аъзолари бўлмаган шахсларнинг кенг доираси ҳозир бўлган жойда эшитиб ва (ёки) кўриб идрок этиш учун етказиш;


прокатга бериш - асарларнинг асл нусхасини ёки нусхаларини ёхуд турдош ҳуқуқлар объектларини даромад олиш мақсадида вақтинчалик фойдаланиш учун бериш;


репрографик такрорлаш - фотокўчирмасини олиш йўли билан ёки бошқа техника воситалари ёрдамида ёзма ва бошқа асарларнинг асл нусхаларини ёки уларнинг кўчирмаларини бир ёки ундан кўп нусхада, ҳар қандай ўлчамда ва шаклда факсимил такрорлаш, тасвирий санъат асарлари репродукцияларини босмахона усулларидан фойдаланган ҳолда тайёрлаш ҳоллари бундан мустасно. Репрографик такрорлаш мазкур кўчирмаларни рақамли шаклда сақлаш ёки кўпайтиришни ўз ичига олмайди, репрографик такрорлаш учун фойдаланиладиган техника воситаларининг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ муваққат кўчирма нусхалар яратиш ҳоллари бундан мустасно;


ретрансляция - эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи бир ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришини эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи бошқа ташкилот томонидан бир вақтда эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш;


такрорлаш - асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг ёхуд улардан бир қисмининг ҳар қандай усулда ва ҳар қандай моддий шаклда бир ёки ундан кўп нусхаларини тайёрлаш, шу жумладан икки ўлчовли асарнинг бир ёхуд ундан кўп нусхаларини уч ўлчовда ҳамда уч ўлчовли асарнинг бир ёки ундан кўп нусхаларини икки ўлчовда тайёрлаш, ЭҲМ ва бошқа электрон қурилмалар хотирасига ёзиб олиш;


фонограмма - бирон-бир ижронинг, бошқа овозларнинг ҳар қандай мутлақо овозли ёзуви, аудиовизуал асарга киритилган овозли ёзув бундан мустасно;


фонограмма нусхаси - ҳар қандай моддий жисмдаги, фонограммадан бевосита ёки билвосита тайёрланган ва шу фонограммада қайд этилган овозларнинг ҳаммасини ёхуд бир қисмини қамраб олган фонограмма кўчирмаси;


фонограммани тайёрловчи - ижронинг ёки бошқа овозларнинг биринчи овозли ёзуви учун ташаббус ва масъулиятни ўз зиммасига олган юридик ёки жисмоний шахс;


халқ ижодиёти асарлари - аниқ муаллифи бўлмаган эртаклар, қўшиқлар, рақслар, манзарали-амалий санъат асарлари ҳамда бадиий ва ҳаваскорлик халқ ижодиётининг бошқа натижалари;


чоп этиш - асарнинг, ижро ёзувининг ёки фонограмманинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда омманинг оқилона эҳтиёжларини қондириш учун етарлича миқдорда асарнинг, ижро ёзувининг ёки фонограмманинг нусхаларини асар муаллифининг, ижрочининг ёки фонограммани тайёрловчининг розилиги билан муомалага чиқариш;


эфирга узатиш - асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини радио ёки телевидение, шу жумладан сунъий йўлдошлар (кабель телевидениеси бундан мустасно) орқали узатиш воситасида барчанинг эътибори учун юбориш. Асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини сунъий йўлдош орқали эфирга узатиш деганда сигналларни ердаги станциядан сунъий йўлдошга қабул қилиш ва сунъий йўлдошдан сигналларни узатиш тушунилади, улар воситасида асар ёки турдош ҳуқуқлар объектлари, уларни омма амалда қабул қилишидан қатъи назар, барчанинг эътиборига етказилиши мумкин;


эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот - эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш учун ташаббус ва масъулиятни ўз зиммасига олган ҳамда уларни белгиланган тартибда амалга оширувчи шахс;


эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттириши - эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ўзи томонидан, шунингдек унинг буюртмаси бўйича ва унинг маблағлари ҳисобига бошқа ташкилот томонидан яратилган кўрсатув ёки эшиттириш;


ҳуқуқ эгаси - муаллифлик ҳуқуқига нисбатан муаллиф ёки унинг меросхўрлари, турдош ҳуқуқларга нисбатан ижрочи ёки унинг меросхўрлари, фонограммани тайёрловчи, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот, шунингдек шартномада ёки ушбу Қонунда назарда тутилган бошқа асос бўйича асарлардан ёхуд турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш ҳуқуқини олган бошқа юридик ёки жисмоний шахслар.



2-БОБ. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ

4-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонунга мувофиқ муаллифлик ҳуқуқи:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий туриш жойига эга бўлган муаллифларнинг ёки муаллифлик ҳуқуқининг бошқа дастлабки эгалик қилувчиларининг асарларига;

муаллифларининг фуқаролиги ва доимий туриш жойидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасида биринчи марта чоп этилган асарларга;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган асарларга татбиқ этилади.

Агар асар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида биринчи марта чоп этилган санадан сўнг ўттиз кун ичида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилган бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳам биринчи марта чоп этилган деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ асарга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муҳофаза берилган тақдирда, асар муаллифи муаллифлик ҳуқуқини олиш учун асос бўлиб хизмат қилган юридик факт қайси давлатнинг ҳудудида содир бўлган бўлса, ўша давлатнинг қонуни билан аниқланади.


5-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объекти

Муаллифлик ҳуқуқи ижодий фаолият натижаси бўлмиш фан, адабиёт ва санъат асарларига нисбатан, уларнинг мақсади ва қадр-қиммати, шунингдек ифодаланиш усулидан қатъи назар, татбиқ этилади.

Муаллифлик ҳуқуқи қуйидаги бирон-бир объектив шаклда бўлган ошкор қилинган асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади:

ёзма (қўлёзма, машинкаланган ёзув, нотали ёзув ва ҳоказо);

оғзаки (омма олдида сўзлаш, омма олдида ижро этиш ва ҳоказо);

овозли ёки видео ёзув (механик, магнитли, рақамли, оптик ва ҳоказо);

тасвир (расм, эскиз, манзара, тарҳ, чизма, кино-, теле-, видео- ёки фотокадр ва ҳоказо);

ҳажмли-фазовий (ҳайкал, модель, макет, иншоот ва ҳоказо);

бошқа шакллардаги.

Муаллифлик ҳуқуқи ғоялар, принциплар, услублар, жараёнлар, тизимлар, усуллар ёки концепцияларга эмас, балки ифода шаклига нисбатан татбиқ этилади.


6-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлган асарлар

Қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи объектларидир:

адабий асарлар (адабий-бадиий, илмий, ўқув, публицистик ва бошқа асарлар);

драма ва сценарий асарлари;

матнли ёки матнсиз мусиқа асарлари;

мусиқали драма асарлари;

хореография асарлари ва пантомималар;

аудиовизуал асарлар;

рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, дизайн асарлари ва тасвирий санъатнинг бошқа асарлари;

манзарали-амалий ва саҳна безаги санъати асарлари;

архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш санъати асарлари;

фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар;

жўғрофия, геология хариталари ва бошқа хариталар, жўғрофия, топография ва бошқа фанларга тааллуқли тарҳлар, эскизлар ва асарлар;

барча турдаги ЭҲМ учун дастурлар, шу жумладан ҳар қандай дастурлаш тилида ва ҳар қандай шаклда, чунончи бошланғич матн ҳамда объект кодида ифодаланиши мумкин бўлган амалий дастурлар ва операция тизимлари;

ушбу Қонуннинг 5-моддасида белгиланган талабларга жавоб берадиган бошқа асарлар.


7-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари

ҳисобланувчи асарнинг қисмлари,

ҳосила ва жамлама асарлар

Ушбу Қонуннинг 5-моддасида белгиланган талабларга жавоб берадиган:

асарнинг мустақил равишда фойдаланилиши мумкин бўлган қисмлари (шу жумладан унинг номи);

ҳосила асарлар (таржималар, ишланма асарлар, аннотациялар, рефератлар, мухтасар хулосалар, шарҳлар, инсценировкалар, аранжировкалар, соддалаштиришлар ҳамда фан, адабиёт ва санъат асарларининг бошқа қайта ишланмалари);

тўпламлар (энциклопедиялар, антологиялар, маълумотлар базалари) ва материалларнинг танланганлиги ёки жойлаштирилганлигига кўра ижодий меҳнат натижаси бўлган бошқа жамлама асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланади.

Ҳосила ва жамлама асарлар, уларнинг яратилиши учун асос бўлган ёки уларнинг таркибига кирган асарлар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, муаллифлик ҳуқуқи билан муҳофаза қилинади.


8-модда. Муаллифлик ҳуқуқи объектлари

ҳисобланмайдиган материаллар

Қуйидагилар муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлмайди:

расмий ҳужжатлар (қонунлар, қарорлар, тўхтамлар ва шу кабилар), шунингдек уларнинг расмий таржималари;

расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар);

халқ ижодиёти асарлари;

оддий матбуот ахбороти тусидаги кундалик янгиликларга доир ёки жорий воқеалар ҳақидаги хабарлар;

инсоннинг бевосита индивидуал асар яратишга қаратилган ижодий фаолияти амалга оширилмасдан, муайян турдаги ишлаб чиқариш учун мўлжалланган техника воситалари ёрдамида олинган натижалар.


9-модда. Расмий ҳужжатлар, рамзлар ва

белгиларнинг лойиҳаларига бўлган ҳуқуқлар

Расмий ҳужжат, рамз ёки белгининг лойиҳасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи лойиҳани яратган (ишлаб чиққан) шахсга тегишлидир.

Расмий ҳужжат, рамз ёки белгининг лойиҳасини ишлаб чиққан шахс, агар бундай лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисида топшириқ берган орган томонидан тақиқланган бўлмаса, ўзи яратган лойиҳани чоп этишга ҳақлидир. Лойиҳани чоп этишда уни ишлаб чиққан шахс ўз исми-шарифини кўрсатишга ҳақлидир.

Ваколатли орган расмий ҳужжат тайёрлаш учун расмий ҳужжат, рамз ёки белгининг лойиҳасидан, агар лойиҳа уни ишлаб чиққан шахс томонидан чоп этилган ёки тегишли органга юборилган бўлса, мазкур шахснинг розилигисиз фойдаланиши мумкин.

Лойиҳа асосида расмий ҳужжат, рамз ёки белги тайёрлаш чоғида расмий ҳужжат, рамз ёки белги тайёрлаётган органнинг хоҳишига кўра лойиҳага ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин.

Ваколатли орган лойиҳа асосидаги расмий ҳужжат, рамз ёки белгини қабул қилганидан (тасдиқлаганидан) кейин мазкур расмий ҳужжат, рамз ёки белгидан лойиҳани ишлаб чиққан шахснинг исми-шарифини кўрсатмаган ҳолда фойдаланилади.


10-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши.

Муаллифлик презумпцияси

Фан, адабиёт ва санъат асарига муаллифлик ҳуқуқи уни яратиш факти бўйича юзага келади. Муаллифлик ҳуқуқининг юзага келиши ва амалга оширилиши учун асарни рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Асарнинг асл нусхасида ёки нусхасида муаллиф сифатида кўрсатилган шахс, агар бошқача ҳол исботланмаган бўлса, асар муаллифи ҳисобланади.

Асар имзосиз ёки тахаллус остида чоп этилган тақдирда (муаллифнинг тахаллуси унинг ким эканлигига шубҳа қолдирмайдиган ҳоллар бундан мустасно), асарни чоп этган, асарда исми-шарифи ёки номи кўрсатилган ношир, агар бошқа далиллар бўлмаса, муаллифнинг вакили ҳисобланади ҳамда муаллифнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш ҳуқуқига эгадир. Бу қоида бундай асар муаллифи ўз шахсини ошкор этгунига ва ўзининг муаллиф эканлигини маълум қилгунига қадар амалда бўлади.


11-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза белгилари

Мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгаси ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш учун муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза белгисидан фойдаланиши мумкин бўлиб, бу белги асарнинг ҳар бир нусхасида акс эттирилади ва қуйидаги уч унсурдан иборат бўлади:

айлана ичидаги лотинча "С" ҳарфи;

мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг исми-шарифи (номи);

асар биринчи марта чоп этилган йил.

Муаллифлик ҳуқуқининг муҳофаза белгисида кўрсатилган шахс, агар бошқача ҳол исботланган бўлмаса, мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгаси ҳисобланади.


12-модда. Ҳаммуаллифлик

Икки ёки ундан ортиқ жисмоний шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати натижасида яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи, мазкур асар бўлинмас бир бутун ёки ҳар бири ҳам мустақил мазмунга эга қисмлардан иборат эканлигидан қатъи назар, ҳаммуаллифларга биргаликда тегишли бўлади.

Агар асарнинг муайян қисмидан унинг бошқа қисмларига боғлиқ бўлмаган ҳолда фойдаланиш мумкин бўлса, бу мустақил мазмунга эга бўлган қисм деб эътироф этилади.

Ҳаммуаллифларнинг ҳар бири, агар улар ўртасидаги келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, асарнинг ўзи яратган, мустақил мазмунга эга бўлган қисмидан ўз хоҳишига кўра фойдаланишга ҳақлидир.

Ҳаммуаллифлар ўртасидаги муносабатлар, қоида тариқасида, келишув асосида белгиланади. Бундай келишув бўлмаган тақдирда, асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи барча муаллифлар томонидан биргаликда амалга оширилади, муаллифлик ҳақи эса улар ўртасида тенг тақсимланади.

Агар ҳаммуаллифларнинг асари бўлинмас бир бутунни ташкил этса, асардан фойдаланишни етарли асослар бўлмай туриб тақиқлаб қўйишга ҳаммуаллифлардан ҳеч бири ҳақли эмас.


13-модда. Ҳосила асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи

Ҳосила асар муаллифига фан, адабиёт ва санъат асарининг мазкур муаллиф томонидан амалга оширилган қайта ишланмасига бўлган муаллифлик ҳуқуқи тегишлидир.

Ҳосила асар муаллифи қайта ишланган асар муаллифи ҳуқуқларига риоя этган тақдирда, ўзи яратган асарга муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади.

Ҳосила асар муаллифининг муаллифлик ҳуқуқи қайта ишлашга асос бўлган асарни бошқа шахслар ҳам ўзлари қайта ишлашларига тўсқинлик қилмайди.


14-модда. Жамлама асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи

Жамлама асар муаллифига (тузувчисига) ижодий меҳнат натижасини ифодаловчи, мазкур муаллиф томонидан амалга оширилган, материалларни танлаб олиш ёки жойлаштиришга бўлган муаллифлик ҳуқуқи тегишлидир.

Тузувчи жамлама асарга киритилган асарлардан ҳар бирининг муаллифлари ҳуқуқларига риоя этган тақдирда, муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади.

Агар муаллифлик шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, жамлама асарга киритилган асарларнинг муаллифлари ўз асарларидан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқларини жамлама асардан қатъи назар сақлаб қоладилар.

Тузувчининг муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсларнинг ўз жамлама асарларини яратиш учун айни ўша материалларни мустақил равишда танлаб олишларига ёки жойлаштиришларига тўсқинлик қилмайди.


15-модда. Аудиовизуал асарга

бўлган муаллифлик ҳуқуқи

Аудиовизуал асар муаллифлари (ҳаммуаллифлари) қуйидагилардан иборатдир:

саҳналаштирувчи режиссёр;

сценарий муаллифи;

муайян аудиовизуал асар учун махсус яратилган матнли ёки матнсиз мусиқа асари муаллифи;

саҳналаштирувчи оператор;

саҳналаштирувчи рассом.

Номи ёки исми-шарифи тайёрловчи сифатида асарнинг асл нусхасида ёхуд нусхасида кўрсатилган юридик ёки жисмоний шахс, агар бошқача ҳол исботланган бўлмаса, шу аудиовизуал асарни тайёрловчи деб эътироф этилади.

Аудиовизуал асар омма олдида ижро этилган тақдирда, мусиқа асари (матнли ёки матнсиз) муаллифи ўз мусиқа асарининг омма олдида ижро этилганлиги учун ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.



16-модда. Интервью муаллифлари

Интервьюга бўлган муаллифлик ҳуқуқи интервью берган шахсга ва интервью олган шахсга, агар улар ўртасидаги келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ҳаммуаллифлар сифатида тегишлидир.

Интервьюдан фойдаланишга фақат интервью берган шахснинг розилиги билан йўл қўйилади.



17-модда. Асарлар яратилишини ташкил

этувчи шахсларнинг ҳуқуқлари

Асарлар яратилишини ташкил этувчи шахслар (аудиовизуал асарларни тайёрловчилар, энциклопедиялар ноширлари, продюсерлар ва бошқа шу кабилар) тегишли асарларнинг муаллифлари деб эътироф этилмайди. Бироқ ушбу Қонунда ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳолларда, бундай шахслар ана шу асарлардан фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга бўладилар.

Аудиовизуал асарни тайёрловчи бу асардан фойдаланилганда ўз исми-шарифи ёки номини кўрсатишга ёхуд исми-шарифи ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.

Энциклопедиялар, энциклопедик луғатлардан, илмий ишларнинг даврий ва давомли тўпламларидан, газеталар, журналлар ҳамда бошқа даврий нашрлардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар уларнинг ноширига тегишлидир. Бундай нашрлардан ҳар қандай тарзда фойдаланилганда ношир ўз исми-шарифи ёки номини кўрсатишга ёхуд исми-шарифи ёки номи кўрсатилишини талаб қилишга ҳақлидир.


18-модда. Муаллифнинг шахсий

номулкий ҳуқуқлари

Асар муаллифига қуйидаги шахсий номулкий ҳуқуқлар тегишлидир:

асар муаллифи деб эътироф этилиш ҳуқуқи (муаллифлик ҳуқуқи);

асардан муаллифнинг ҳақиқий исми-шарифи, тахаллусини кўрсатган ҳолда ёхуд исми-шарифини кўрсатмасдан, яъни имзосиз фойдаланиш ёки фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқи (муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ);

асарни ҳар қандай шаклда ошкор қилиш ёки ошкор қилишга рухсат бериш ҳуқуқи (ошкор қилишга бўлган ҳуқуқ), шу жумладан чақириб олиш ҳуқуқи;

асарни, шу жумладан унинг номини муаллифнинг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи (муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи).

Муаллиф асарни ошкор қилиш тўғрисида илгари қабул қилган қароридан, асардан фойдаланиш ҳуқуқини олган шахсларга улар шундай қарор туфайли кўрган зарарларнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани қоплаш шарти билан, воз кечиш ҳуқуқига (асарни чақириб олиш ҳуқуқига) эгадир. Агар асар ошкор қилинган бўлса, муаллиф уни чақириб олганлиги тўғрисида оммага маълум қилиши шарт. Бунда у асарнинг аввал тайёрланган нусхаларини ўз ҳисобидан муомаладан олиб қўйишга ҳақлидир. Бу қоидалар, агар муаллиф билан тузилган шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хизмат асарларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Асарни нашр қилиш, омма олдида ижро этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланишда асарнинг ўзига, номига ва муаллифнинг исми-шарифи кўрсатилишига бирон-бир ўзгартиш киритишга фақат муаллифнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Муаллифнинг розилигисиз унинг асарини безаклар, сўзбоши, хотима, шарҳлар ёки бирон-бир тушунтиришлар билан нашр этиш тақиқланади.

Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари унинг мулкий ҳуқуқларидан қатъи назар, унга тегишли бўлиб, асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтказилган тақдирда ҳам унинг ўзида сақланиб қолади.19, 38-моддалари


Муаллифнинг ўз шахсий номулкий ҳуқуқларини амалга оширишдан воз кечиш тўғрисида бирон-бир шахс билан келишуви ва бу ҳақдаги аризаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


19-модда. Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари

Муаллиф асардан ҳар қандай шаклда ва ҳар қандай усулда фойдаланишда мутлақ ҳуқуқларга эга.

Юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Қонунда кўрсатилганидан ташқари ҳолларда, асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан, шу жумладан мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар билан тузилган шартномага биноан ёхуд улар бўлмаган тақдирда, бу ташкилотларнинг вазифалари ва мажбуриятларини бажарувчи ташкилот билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин.

Муаллифнинг асардан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

асарни такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);

асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);

асарни барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);

асарнинг асл нусхасини ёки нусхаларини прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);

тарқатиш мақсадида асарнинг нусхаларини, шу жумладан мутлақ муаллифлик ҳуқуқлари эгасининг рухсати билан тайёрланган нусхаларини импорт қилиш (импорт қилиш ҳуқуқи);

асарни сим (кабель) орқали ёки бошқа шу каби воситалар ёрдамида узатиш йўли билан барчанинг эътибори учун юбориш (кабель орқали юбориш ҳуқуқи);

асарга тузатишлар киритиш, уни аранжировка қилиш ёки бошқача тарзда қайта ишлаш (қайта ишлаш ҳуқуқи);

асарни омма олдида намойиш этиш (омма олдида намойиш этиш ҳуқуқи);

асарни омма олдида ижро этиш (омма олдида ижро этиш ҳуқуқи);

асарни симсиз воситалар ёрдамида узатиш йўли билан барчанинг эътибори учун юбориш (эфирга узатиш ҳуқуқи);

асарни таржима қилиш (таржима қилиш ҳуқуқи);

асарни барчанинг эътиборига такроран юбориш, агар бундай юбориш дастлабки юборишни амалга оширган ташкилотдан бошқа ташкилот томонидан амалга оширилса (барчанинг эътиборига такроран юбориш ҳуқуқи).

Муаллиф ўз асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига (ҳақ олиш ҳуқуқи) эга.

Агар чоп этилган асарнинг нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш орқали фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, уларни келгусида муаллифнинг розилигисиз ва унга ҳақ тўламасдан тарқатишга йўл қўйилади, ушбу Қонун 23-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Асардан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, асардан фойдаланилган деб ҳисобланади.

Асарнинг мазмунини ташкил этувчи қоидаларни (ихтироларни, бошқа техникавий, иқтисодий, ташкилий ва шу каби ечимларни) амалий қўллаш асардан муаллифлик ҳуқуқи маъносида фойдаланганлик деб ҳисобланмайди.


20-модда. Муаллифнинг айрим мулкий

ҳуқуқларининг ўзига хос хусусиятлари

Муаллифнинг асарни таржима қилишга ва қайта ишлашга бўлган мутлақ ҳуқуқлари таржима қилинган ёки қайта ишланган асарга нисбатан ушбу Қонун 19-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини ўз ичига олади.

Муаллифнинг дизайнерлик, архитектура, шаҳарсозлик ва боғ-парк барпо этиш лойиҳаларидан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари бундай лойиҳаларни амалда рўёбга чиқаришни ҳам ўз ичига олади. Қабул қилинган архитектура лойиҳасининг муаллифи, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, буюртмачидан қурилишга доир ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда бино ёки иншоотни қуриш чоғида ўз лойиҳасини рўёбга чиқаришда қатнашиш ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир.



21-модда. Прокатга бериш ҳуқуқи

Аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар, фонограммага ёзилган асарлар муаллифлари асарнинг асл нусхасини ёки нусхасини прокатга беришга рухсат этишда мутлақ ҳуқуққа эга. Ушбу қисмнинг қоидалари аудиовизуал асарларга нисбатан, агар фақат шундай прокат ана шу асарларни такрорлашга бўлган мутлақ ҳуқуққа жиддий зарар етказадиган кенг кўламли такрорлашга олиб келмаса, шунингдек ЭҲМ учун дастурларга нисбатан, агар ЭҲМ учун дастурнинг ўзи прокатнинг асосий объекти бўлмаса, қўлланилмайди.

Фонограмма ёки аудиовизуал асар нусхаларини прокатга беришда муаллиф, фонограмма ёки аудиовизуал асарни прокатга бериш ҳуқуқи фонограммани тайёрловчига ёки аудиовизуал асарни тайёрловчига ўтказилганлигига қарамай, фонограмма ёки аудиовизуал асар нусхаларининг прокати учун ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Мазкур ҳақнинг энг кам миқдори, уни тўлаш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


22-модда. Асарларни сақлаш учун топшириш

Агар асар сақлаш учун ҳар кимнинг фойдаланиши мумкин бўлган сақлов жойига (депозитарийга) топширилган бўлса ва депозитарий билан тузилган шартномага кўра мазкур депозитарийга мурожаат этадиган ҳар қандай шахснинг асар нусхасини олиши мумкин бўлса, асардан бу тарзда фойдаланиш асарларнинг қўлёзмаларини, ҳар қандай моддий жисмдаги бошқа асарларни сақлаш учун топшириш деб эътироф этилади.

Асарни сақлаш учун топшириш мутлақ муаллифлик ҳуқуқи эгасининг депозитарий билан тузилган, асардан фойдаланиш шартларини белгиловчи шартнома асосида амалга оширилади. Бундай шартнома ва депозитарийнинг фойдаланувчи билан тузган шартномаси оммавий шартномадир.


23-модда. Тасвирий санъат асарларидан

фойдаланиш ҳуқуқи. Эргашма ҳуқуқ

Тасвирий санъат асарининг муаллифи асар мулкдоридан ўз асарларини такрорлаш ҳуқуқини (фойдаланиш ҳуқуқини) амалга ошириш имкониятини беришни талаб қилишга ҳақлидир. Бунда асар мулкдоридан асарни муаллифга етказиб беришни талаб қилиш мумкин эмас.

Тасвирий санъат асарига бўлган мулк ҳуқуқининг муаллифдан бошқа шахсга (ҳақ эвазига ёки текин) ўтиши бу асарнинг дастлабки сотилишини билдиради.

Тасвирий санъат асарини олдинги нархдан камида йигирма фоиз юқори нарх бўйича ошкора қайта сотишнинг (кимошди савдоси, тасвирий санъат галереяси, бадиий салон, дўкон ва ҳоказо орқали) ҳар бир ҳолатида муаллиф сотувчидан қайта сотиш нархининг беш фоизи миқдорида ҳақ олиш ҳуқуқига эга (эргашма ҳуқуқ). Мазкур ҳуқуқ бошқа шахсга ўтказилмайди ва фақат муаллифнинг қонун бўйича меросхўрларига муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатига ўтади.


24-модда. Муаллифлик ҳуқуқларининг чекланиши

Муаллиф ва бошқа шахсларнинг асардан фойдаланиш борасидаги мутлақ ҳуқуқларини чеклашга ушбу Қонуннинг 25-33-моддаларида ёки бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади. Мазкур чеклашлар асардан нормал фойдаланилишига ўринсиз зиён етказмаган ва муаллифнинг қонуний манфаатларини асоссиз камситмаган тақдирдагина татбиқ этилади.


25-модда. Асарларни муаллифнинг розилигисиз

ва ҳақ тўламасдан шахсий мақсадларда такрорлаш

Ошкор қилинган асарни шахсий мақсадларда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда такрорлашга йўл қўйилади, ушбу Қонуннинг 33-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ушбу модда биринчи қисмининг қоидалари:

бинолар ва иншоотлар шаклидаги архитектура асарларини такрорлашга;

маълумотлар базаларини ёки уларнинг муҳим қисмларини такрорлашга;

қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда, ЭҲМ учун дастурларни такрорлашга;

китобларни (тўлалигича) ва нотали матнларни репрографик такрорлашга нисбатан татбиқ этилмайди.


26-модда. Асарлардан муаллифнинг исми-шарифини

кўрсатган ҳолда эркин фойдаланиш

Асардан муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбаини албатта кўрсатган ҳолда ҳамда асардан нормал фойдаланилишига зарар етказмаслик ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етказмаслик шарти билан қуйидаги тарзда эркин фойдаланишга йўл қўйилади:

ошкор қилинган асарлардан асл нусхада ва таржимада илмий, тадқиқий, мунозаравий, танқидий ҳамда реклама билан боғлиқ бўлмаган ахборот мақсадларида кўзланган мақсадга мос ҳажмда иқтибос олиш, шу жумладан газета ва журналлардаги мақолалардан парчаларни матбуот шарҳлари шаклида такрорлаш;

ошкор қилинган асарлардан ёки бундай асарларнинг парчаларидан таълим ва ўқув тусидаги нашрларда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда, овозли ва видео ёзувларда кўзланган мақсадга мос ҳажмда мисоллар тариқасида фойдаланиш;

кундалик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний масалалар юзасидан газета ва журналларда чоп этилган мақолалар ёки эфирга узатилган ёхуд кабель орқали юборилган шу тусдаги асарларни газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, шундай фойдаланиш муаллиф томонидан махсус тақиқланган ҳоллар бундан мустасно;

омма олдида сўзланган сиёсий нутқлар, мурожаатлар, маърузалар ва шунга ўхшаш асарларни кўзланган мақсадга мос ҳажмда газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш. Бунда ана шундай асарларни тўпламларда чоп этиш ҳуқуқи муаллифда сақланиб қолади;

кундалик воқеалар жараёнида кўриш ёки эшитиш мумкин бўлган асарларни ана шундай воқеаларнинг шарҳларида фотография ёки кинематография воситалари ёрдамида эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш йўли билан ахборот мақсадига мос ҳажмда такрорлаш ёки барчанинг эътибори учун юбориш. Бунда ана шундай асарларни тўпламларда чоп этиш ҳуқуқи муаллифда сақланиб қолади;

даромад олишни кўзламаган ҳолда кўзи ожизлар учун қабариқ нуқтали ҳарфлар ёки бошқа усуллар билан чоп этилган асарларни такрорлаш, ана шундай такрорлаш усуллари учун махсус яратилган асарлар бундан мустасно.

Фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган асарларнинг нусхаларини ахборот-кутубхона муассасалари томонидан вақтинчалик фойдаланишга муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда беришга йўл қўйилади. Бунда муаллифлик ҳуқуқи объектлари бўлган, рақамли шаклда ифодаланган асарларнинг нусхалари, шу жумладан ахборот-кутубхона муассасаларининг ресурсларидан ўзаро фойдаланиш тартибида бериладиган асарларнинг нусхалари бу асарларнинг рақамли шаклдаги кўчирма нусхаларини яратиш имкониятини истисно этиш шарти билан фақат ахборот-кутубхона муассасаларининг биноларида вақтинчалик фойдаланишга берилиши мумкин.


27-модда. Асарлардан репрографик

такрорлаш йўли билан фойдаланиш

Даромад олишни кўзламаган ҳолда, муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда, лекин асаридан фойдаланилаётган муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбаини албатта кўрсатган тарзда:

ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар ва идоравий архивлар томонидан - асарнинг йўқолган ёки яроқсиз бўлиб қолган нусхаларини тиклаш, алмаштириш учун, шунингдек ўз фондларидан бу асарларни бирон сабаб билан йўқотган бошқа ахборот-кутубхона муассасаларига, архивларга ва идоравий архивларга асарларнинг нусхаларини бериш учун чоп этилган асарни;

ахборот-кутубхона муассасалари, архивлар ва идоравий архивлар томонидан фуқароларнинг ўқув ва тадқиқот мақсадларидаги сўровлари бўйича, шунингдек таълим муассасалари томонидан аудитория машғулотлари учун тўпламларда, газеталар ва бошқа даврий нашрларда чоп этилган айрим мақолалар ва кичик ҳажмли асарларни, чоп этилган ёзма асарлардан (суратли ёки суратсиз) қисқа парчаларни бир нусхада репрографик такрорлашга йўл қўйилади.



28-модда. Ҳамма бемалол бора оладиган

жойларда доимий жойлашган асарлардан

эркин фойдаланиш

Ҳамма бемалол бора оладиган жойда доимий жойлашган архитектура, фотография, тасвирий санъат асарларини муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юборишга йўл қўйилади. Бу қоида асарнинг тасвири шундай такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юборишнинг асосий объекти бўлган ҳолларга, шунингдек асарнинг тасвиридан тижорат мақсадларида фойдаланиладиган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.


29-модда. Асарларни омма олдида эркин ижро этиш

Чоп этилган мусиқа асарларини расмий, диний ва дафн маросимларида бундай маросимларнинг хусусиятига мос ҳажмда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳамда ҳақ тўламаган ҳолда омма олдида ижро этишга йўл қўйилади.


30-модда. Асарлардан терговга қадар текширув, суриштирув,

дастлабки тергов, маъмурий ва судлов ишларини

юритиш мақсадлари учун фойдаланиш

Асарлардан терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, маъмурий ва судлов ишларини юритиш мақсадларини кўзлаб, фойдаланиш мақсадига мос ҳажмда муаллифнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳамда ҳақ тўламаган ҳолда фойдаланишга йўл қўйилади.


31-модда. Эфир орқали кўрсатув ёки эшиттириш

берувчи ташкилотлар томонидан қисқа муддат

фойдаланиш учун эркин ёзиб олиш

Эфир орқали кўрсатув ёки эшиттириш берувчи ташкилот ўзи эфирга узатиш ҳуқуқини олган асарни муаллифнинг розилигисиз ва қўшимча ҳақ тўламаган ҳолда ўз ускуналари ёрдамида ҳамда ўз кўрсатувлари ёки эшиттиришлари учун амалга ошириш шарти билан қисқа муддат фойдаланиш учун ёзиб олиши мумкин. Агар бундай ёзувни сақлашнинг узоқроқ муддати муаллиф билан келишилган бўлмаса, ташкилот уни тайёрланганидан кейин олти ой ичида йўқ қилиб юбориши шарт. Агар бундай ёзув фақат ҳужжатли тусда бўлса, ёзув асар муаллифининг розилигисиз архивларда ва идоравий архивларда сақланиши мумкин.


32-модда. ЭҲМ учун дастурлар ёки маълумотлар

базаларини эркин такрорлаш ва соддалаштириш

ЭҲМ учун дастурнинг ёки маълумотлар базасининг нусхасига қонуний эга бўлган шахснинг кейинчалик шахсий фойдаланиш мақсадида ЭҲМ учун дастурни ёки маълумотлар базасини эркин такрорлашга ва соддалаштиришга бўлган ҳуқуқи қонун билан белгиланади.


33-модда. Шахсий мақсадларда

такрорлаганлик учун ҳақ тўлаш

Аудиовизуал асарни ёки фонограммани даромад олмасдан фақат шахсий мақсадлар учун асар муаллифининг, ижрочининг, фонограммани ва аудиовизуал асарни тайёрловчининг розилигисиз, лекин уларга ҳақ тўлаган ҳолда такрорлашга йўл қўйилади. Ҳақ бундай такрорлаш учун фойдаланиладиган ускуналарни (аудио- ҳамда видеомагнитофонлар ва бошқа ускуналарни) ҳамда моддий жисмларни (овозли ва (ёки) видео плёнкалар ва кассеталар, компакт дисклар ва бошқа моддий жисмларни) тайёрловчилар ва импорт қилувчилар томонидан тўланади.

Тайёрланадиган ва импорт қилинадиган ускуналар ҳамда моддий жисмлар рўйхати, шунингдек йиғиладиган ҳақ ставкалари, уни йиғиш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳақни йиғиш ва тақсимлаш муаллифлар, фонограммаларни тайёрловчилар ва ижрочиларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларнинг бири томонидан ана шу ташкилотлар ўртасида тузилган келишувга мувофиқ амалга оширилади. Агар ушбу келишувда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, кўрсатиб ўтилган ҳақ қуйидаги нисбатда тақсимланади: қирқ фоизи - муаллифларга, ўттиз фоизи - ижрочиларга, ўттиз фоизи - фонограммалар ва (ёки) аудиовизуал асарларни тайёрловчиларга.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳақни йиғиш ва тақсимлаш тартибини текшириш ҳамда назорат қилиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Экспорт нарсаси ҳисобланадиган ускуналар ҳамда моддий жисмларга, шунингдек уй шароитларида фойдаланиш учун мўлжалланмаган профессионал ускуналарга татбиқан йиғим амалга оширилмайди ва ҳақ тўланмайди.



34-модда. Хизмат асарига бўлган муаллифлик ҳуқуқи

Хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асарга (хизмат асарига) бўлган муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари асар муаллифида сақланиб қолади.

Хизмат асаридан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар, агар муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, иш берувчига тегишлидир.

Хизмат асаридан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун муаллифлик ҳақи миқдори ва уни тўлаш тартиби муаллиф билан иш берувчи ўртасидаги шартномада белгиланади. Иш берувчи билан тузилган шартномадан қатъи назар, муаллиф асар ошкор қилинган вақтдан эътиборан ўн йил ўтганидан кейин, иш берувчининг розилиги билан эса ундан ҳам олдинроқ асардан фойдаланиш ва муаллифлик ҳақини олиш ҳуқуқини тўлиқ ҳажмда қўлга киритади.

Муаллифнинг хизмат асаридан топшириқ мақсади тақозо этмайдиган усулда фойдаланиш ҳуқуқи чекланмайди.

Иш берувчи хизмат асаридан ҳар қандай тарзда фойдаланишда ўз номини кўрсатишга ёхуд уни кўрсатишни талаб қилишга ҳақлидир.

Хизмат вазифаларини ёки иш берувчининг хизмат топшириқларини бажариш йўсинида ушбу Қонун 17-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган энциклопедиялар, энциклопедик луғатлар, даврий ва давомли илмий ишлар тўпламлари, газеталар, журналлар ҳамда бошқа даврий нашрларнинг яратилишига ушбу модданинг қоидалари татбиқ этилмайди.


35-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг

амал қилиш муддати

Муаллифлик ҳуқуқи муаллифнинг бутун ҳаёти давомида ва унинг вафотидан кейин етмиш йил давомида амал қилади, ушбу моддада ва бошқа қонунларда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Ҳаммуаллифликда яратилган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи ҳаммуаллифларнинг бутун ҳаёти давомида ва ҳаммуаллифлар орасида энг узоқ умр кўрган охирги шахс вафот этганидан кейин етмиш йил давомида амал қилади.

Тахаллус остида ёки имзосиз қонуний ошкор қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар ошкор қилинганидан кейин эллик йил давомида амал қилади. Агар кўрсатилган муддат ичида тахаллус остидаги ёки имзосиз асар муаллифи ўз шахсини маълум қилса ёки бундан буён унинг шахси шубҳага ўрин қолдирмаса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлар қўлланилади.

Муаллифнинг вафотидан кейин биринчи марта эълон қилинган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар эълон қилинганидан кейин етмиш йил давомида амал қилади.

Муаллифлик ҳуқуқи, муаллифлик исми-шарифига бўлган ҳуқуқ ва муаллиф обрўсини ҳимоя қилиш ҳуқуқи муддатсиз муҳофаза қилинади.

Асарга Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ муҳофаза берилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддати ушбу моддага биноан белгиланади. Лекин бу муддат асар келиб чиққан мамлакатда белгиланган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатидан ошиб кетмаслиги керак.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатларни ҳисоблаш муддатнинг ўта бошлаши учун асос бўладиган юридик факт юз берган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан бошланади.


36-модда. Муаллифлик ҳуқуқининг

мерос бўйича ўтиши

Муаллифнинг мулкий ҳуқуқлари мерос бўйича ўтади.

Муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари мерос бўйича ўтмайди. Муаллифнинг меросхўрлари кўрсатилган ҳуқуқларни ҳимоя қилишга ҳақлидир. Меросхўрларнинг ушбу ҳуқуқлари муддат билан чекланмайди.

Муаллифнинг меросхўрлари бўлмаган тақдирда, унинг шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш махсус ваколатли давлат органи зиммасига юкланади.

Агар асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи бир неча меросхўрга биргаликда тегишли бўлса, асардан фойдаланиш тартиби улар ўртасидаги келишувда белгиланади. Бунда меросхўрлардан ҳеч бири бошқа меросхўрларнинг асардан фойдаланишини етарли асосларсиз тақиқлашга ҳақли эмас.



37-модда. Асарнинг ижтимоий мулкка айланиши

Асарларга бўлган муаллифлик ҳуқуқининг амал қилиш муддатининг тугаши уларнинг ижтимоий мулкка айланишини билдиради.

Ижтимоий мулк бўлган асарлардан ҳар қандай шахс муаллифлик ҳақини тўламаган ҳолда эркин фойдаланиши мумкин. Бунда муаллифнинг шахсий номулкий ҳуқуқларига риоя этилиши керак.


38-модда. Муаллифлик шартномаси

Ушбу Қонун 19-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган мулкий ҳуқуқлар фақат муаллифлик шартномасини тузиш йўли билан ҳуқуқ эгаси томонидан бошқа шахсга ўтказилиши мумкин, ушбу Қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Муаллифнинг мулкий ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида ёки мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси асосида амалга оширилиши мумкин.

Мутлақ ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси фақат ушбу ҳуқуқлар ўтказилаётган шахс асардан муайян усулда ва шартномада белгиланган доирада фойдаланишига рухсат беради.

Мутлақ бўлмаган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги муаллифлик шартномаси фойдаланувчига асардан шундай ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказган мутлақ ҳуқуқлар эгаси ва (ёки) бу асардан айни шундай усулда фойдаланиш учун рухсат олган бошқа шахслар билан тенг равишда фойдаланишга ижозат беради.

Муаллифлик шартномаси бўйича бошқа шахсларга ўтказиладиган ҳуқуқлар, агар шартномада бевосита бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, мутлақ бўлмаган ҳуқуқлар ҳисобланади.

Асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи асар акс эттирилган моддий объектга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ эмас.

Моддий объектга бўлган мулк ҳуқуқини ёки моддий объектга эгалик қилиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш шу объектда акс эттирилган асарга бўлган бирон-бир муаллифлик ҳуқуқининг ўз-ўзидан бошқа шахсга ўтказилишига сабаб бўлмайди.


39-модда. Муаллифлик шартномаси шартлари

Муаллифлик шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

асардан фойдаланиш усуллари (мазкур шартнома асосида ўтказиладиган конкрет ҳуқуқлар);

асардан фойдаланишнинг ҳар бир усули учун тўланадиган ҳақ миқдори ва (ёки) тўланадиган ҳақ миқдорини белгилаш тартиби, уни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари.

Муаллифлик шартномаси тарафлар зарур деб топган бошқа шартларни ҳам назарда тутиши мумкин.

Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи қанча муддатга ўтказилиши тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартнома тузилган санадан бошлаб беш йил ўтганидан кейин, агар фойдаланувчи шартнома бекор қилингунига қадар камида олти ой олдин бу ҳақда ёзма равишда огоҳлантирилган бўлса, шартнома муаллиф томонидан бекор қилиниши мумкин.

Муаллифлик шартномасида асардан фойдаланиш ҳуқуқи амал қиладиган ҳудуд доираси тўғрисида шарт бўлмаган тақдирда, шартномага биноан бошқа шахсга ўтказилаётган ҳуқуқнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси ҳудуди билан чекланади.

Бошқа шахсга ўтказилиши муаллифлик шартномасида бевосита назарда тутилмаган асардан фойдаланиш ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтказилмаган деб ҳисобланади.

Шартнома тузилган пайтда асардан фойдаланиш ҳақида ҳали маълум бўлмаган ҳуқуқлар муаллифлик шартномаси мавзуси бўлиши мумкин эмас.

Тўланадиган ҳақ муаллифлик шартномасида асардан фойдаланишнинг тегишли усули учун олинадиган даромаддан фоиз тарзида белгиланади ёки агар буни асарнинг хусусияти ёки ундан фойдаланишнинг ўзига хос жиҳатлари билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш мумкин бўлмаса, шартномада қайд этилган сумма тарзида ёхуд бошқача тарзда белгиланади. Мазкур муаллифлик ҳақининг энг кам миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Агар асарни нашр этиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш ҳақидаги муаллифлик шартномасида ҳақ тўлаш қатъий сумма тарзида белгиланса, шартномада асарнинг энг кўп адади белгилаб қўйилиши шарт.

Муаллифлик шартномаси бўйича ўтказилган ҳуқуқлар бундай шартномада бевосита назарда тутилган тақдирдагина бошқа шахсларга тўлиқ ёки қисман ўтказилиши мумкин.

Муаллифлик шартномасининг муаллифни келгусида мазкур мавзуда ёки мазкур соҳада асарлар яратишини чеклайдиган шарти ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Муаллифлик шартномасининг ушбу Қонун талабларига зид бўлган шартлари ҳақиқий эмас.


40-модда. Аудиовизуал асар яратиш ва ундан

фойдаланишга оид муаллифлик шартномасининг

ўзига хос хусусиятлари

Аудиовизуал асар яратиш ва ундан фойдаланиш учун муаллифлик шартномасини тузиш, агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, бу асар муаллифлари томонидан аудиовизуал асарни тайёрловчига такрорлаш, тарқатиш, прокатга бериш, омма олдида ижро этиш, эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, барчанинг эътиборига такроран юбориш, аудиовизуал асарни барчанинг эътиборига етказиш, шунингдек аудиовизуал асарга субтитр қилиш ва матнни дубляж қилиш бўйича мутлақ ҳуқуқларнинг ўтказилишига олиб келади. Кўрсатилган ҳуқуқлар аудиовизуал асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи амал қиладиган муддат мобайнида амалда бўлади.

Аудиовизуал асар таркибига кирадиган асарлардан фойдаланиш муаллифлик шартномаси асосида ва қонунда назарда тутилган бошқа асосларда амалга оширилади.

Асарни аудиовизуал асар таркибига киритишга ўз розилигини берган ҳуқуқ эгаси, агар аудиовизуал асарни тайёрловчи билан тузилган муаллифлик шартномасида бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, аудиовизуал асардан фойдаланишни тақиқлашга ёки бирон-бир тарзда чеклашга ҳақли эмас.

Аудиовизуал асарга таркибий қисм бўлиб кирган, ҳам илгари мавжуд бўлган, ҳам унинг устида ишлаш жараёнида яратилган асарларнинг муаллифлари, агар аудиовизуал асарни тайёрловчи билан тузилган муаллифлик шартномасида бошқача қоида шартлашилган бўлмаса, ҳар бири ўз асарига нисбатан муаллифлик ҳуқуқидан фойдаланади.



41-модда. Буюртманинг муаллифлик шартномаси

Муаллиф буюртманинг муаллифлик шартномаси бўйича асарни шартнома шартларига мувофиқ яратиш ва уни буюртмачига топшириш мажбуриятини олади.

Буюртманинг муаллифлик шартномаси бўйича яратилган асарга бўлган шахсий номулкий ҳуқуқлар муаллифга тегишлидир.

Буюртманинг муаллифлик шартномаси бўйича асардан фойдаланиш учун мулкий ҳуқуқлар бошқа шахсга ўтказилган тақдирда, ушбу Қонуннинг 38, 39 ва 42-моддалари қоидаларига риоя қилиниши керак.


42-модда. Муаллифлик шартномасининг шакли

Муаллифлик шартномаси ёзма шаклда тузилиши керак, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

ЭҲМ учун дастурлар ва маълумотлар базалари нусхаларини сотишда муаллифлик шартномаси, агар унинг шартлари (дастурдан ва маълумотлар базасидан фойдаланиш шартлари) дастур ёки маълумотлар базаси нусхаларида тегишли тарзда баён қилинган бўлса, ёзма шаклда тузилган деб ҳисобланади.


3-БОБ. ТУРДОШ ҲУҚУҚЛАР

43-модда. Турдош ҳуқуқларнинг

амал қилиш соҳаси

Ижрочининг ҳуқуқлари қуйидаги шартлардан бирига риоя этилган тақдирда, ушбу Қонунга мувофиқ унга тегишли деб эътироф этилади:

ижрочи Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлса;

ижрочининг фуқаролигидан қатъи назар, ижро биринчи марта Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилган бўлса;

ижро ушбу модданинг иккинчи қисми қоидаларига мувофиқ муҳофаза қилинадиган фонограммага ёзилган бўлса;

фонограммага ёзилмаган ижро ушбу модданинг учинчи қисми қоидасига мувофиқ эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг муҳофаза қилинадиган кўрсатув ёки эшиттиришига киритилган бўлса.

Фонограммани тайёрловчининг ҳуқуқлари қуйидаги шартлардан бирига риоя этилган тақдирда, ушбу Қонунга мувофиқ унга тегишли деб эътироф этилади:

фонограммани тайёрловчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ерига эга бўлган юридик шахс бўлса;

фонограммани тайёрловчининг фуқаролиги ёки жойлашган еридан қатъи назар, фонограмма биринчи марта Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чоп этилган бўлса.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари, агар ташкилот Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ерига эга бўлса ҳамда эфирга узатиш ёки кабель орқали юборишни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган узатгичлар ёрдамида амалга ошираётган бўлса, ушбу Қонунга мувофиқ мазкур ташкилотга тегишли деб эътироф этилади.

Чет эл юридик ва жисмоний шахсларининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган турдош ҳуқуқлари ҳам ушбу Қонунга биноан эътироф этилади.



44-модда. Турдош ҳуқуқлар объектлари

Турдош ҳуқуқлар объектлари жумласига ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари киради.


45-модда. Турдош ҳуқуқлар субъектлари

Ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар турдош ҳуқуқлар субъектларидир.

Турдош ҳуқуқларнинг юзага келиши ва амалга оширилиши учун турдош ҳуқуқлар объектини рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш ва кабель орқали юборишни (ретрансляция ҳам шунга киради) амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари, асардан, ижродан, фонограммадан ёхуд эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатув ёки эшиттиришидан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкин. Ретрансляция муаллифлар, ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг эфирга узатиш, кабель орқали юбориш, барчанинг эътиборига етказишга бўлган ҳуқуқларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши керак.


46-модда. Турдош ҳуқуқларнинг

муҳофаза белгилари

Фонограммага ва (ёки) бундай фонограммага ёзилган ижрога бўлган мутлақ ҳуқуқлар эгалари ўз ҳуқуқларидан хабардор қилиш учун турдош ҳуқуқларнинг муҳофаза белгисидан фойдаланишлари мумкин бўлиб, бу белги фонограмманинг ҳар бир нусхасида ва (ёки) у сақланадиган ғилофда акс эттирилади ҳамда қуйидаги уч унсурдан иборат бўлади:

айлана ичидаги лотинча "Р" ҳарфи;

мутлақ турдош ҳуқуқлар эгасининг исми-шарифи (номи);

фонограмма биринчи марта чоп этилган йил.

Номи ёки исми-шарифи ушбу фонограммада ва (ёки) у сақланадиган ғилофда одатий тарзда кўрсатилган юридик ёки жисмоний шахс, агар бошқа ҳол исботланмаган бўлса, фонограммани тайёрловчи деб эътироф этилади.


47-модда. Ижрочининг ҳуқуқлари

Ижрочига қуйидаги ҳуқуқлар тегишлидир:

исм-шарифга бўлган ҳуқуқ;

ижрони ижрочининг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқи;

ижродан ҳар қандай шаклда фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлар, шу жумладан ижрочининг ижросидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олишга бўлган ҳуқуқ.

Ижрочининг ижродан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

ижро ёзувини такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);

ижро ёзувининг асл нусхаси ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);

ижро ёзувини барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);

ижро ёзувининг асл нусхаси ёки нусхаларини, ҳатто улар ижрочининг розилиги билан тарқатилганидан кейин ҳамда асл нусхага ва нусхаларга бўлган мулк ҳуқуқидан қатъи назар, прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);

илгари ёзилмаган ижроларни ёзиб олиш (ёзиб олиш ҳуқуқи);

ижрони эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, агар бундай эшиттириш ёки кўрсатув учун фойдаланиладиган ижро илгари эфирга узатилмаган бўлса ёки ёзувдан фойдаланилган ҳолда амалга оширилмаса (ёзиб олинмаган ижрони эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи);

ижро ёзувини эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, агар дастлаб бу ёзув нотижорат мақсадлар учун тайёрланган бўлса (ижро ёзувини эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи).

Ижрочининг ижро ёзувини такрорлашга бўлган мутлақ ҳуқуқи қуйидаги ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди:

ижронинг дастлабки ёзуви ижрочининг розилиги билан амалга оширилганда;

ижро ёзувини такрорлаш ижро ёзиб олинаётганда ижрочининг розилиги қайси мақсадда олинган бўлса, шу мақсадда амалга оширилганда;

ижро ёзувини такрорлаш ушбу Қонуннинг 53-моддаси қоидаларига мувофиқ тайёрланган ёзув мақсадида амалга оширилганда.

Агар ижро ёзувининг нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш воситасида фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, ижрочининг розилигисиз ва унга ҳақ тўламаган ҳолда уларнинг бундан буёнги тарқатилишига йўл қўйилади.

Хизмат вазифаларини ёки иш берувчининг хизмат топшириғини бажариш тартибида амалга оширилган ижроларга нисбатан тегишинча ушбу Қонуннинг 34-моддаси қоидалари қўлланилади.

Ижрочилар ўз ҳуқуқларини ижро этиладиган асарлар муаллифларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.

Ижро ёзувидан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, ижро ёзувидан фойдаланилган деб ҳисобланади.


48-модда. Ижрочининг ҳуқуқларини

бошқа шахсга ўтказиш

Ижрочининг ушбу Қонун 47-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлари шартнома бўйича бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин. Бундай шартномага нисбатан тегишинча ушбу Қонуннинг 38, 39 ва 42-моддалари қоидалари қўлланилади.

Ижролардан фойдаланиш учун рухсатномалар ижрочи томонидан, ижрочилар жамоаси ижро этганда эса ижрочилар жамоасининг ваколатли вакили томонидан ёзма шартнома тузиш орқали берилади.

Ижродан фойдаланганлик учун ҳақ миқдори ва уни ҳисоблаб чиқариш тартиби ижрочининг ёки ижрочилар жамоаси ваколатли вакилининг фойдаланувчи билан тузилган шартномасида, бундай ҳақни йиғиш ижрочиларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар томонидан амалга оширилган ҳолларда эса бундай ташкилотлар фойдаланувчилар билан тузадиган шартномаларда белгилаб қўйилади.

Аудиовизуал асар яратиш тўғрисида ижрочи ва аудиовизуал асарни тайёрловчи ўртасида шартнома тузилиши ижрочи томонидан ушбу Қонун 47-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлар ўтказилишига сабаб бўлади. Ижрочи томонидан бундай ҳуқуқларнинг ўтказилиши аудиовизуал асардан фойдаланиш билан чекланади ва агар шартномада бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, аудиовизуал асарда қайд этилган овоз ёки тасвирдан алоҳида-алоҳида фойдаланиш ҳуқуқларини ўз ичига олмайди.



49-модда. Ижро ёзувини

прокатга бериш ҳуқуқи

Тижорат мақсадларида чоп этилган, ижроси ижрочи иштирокида ёзиб олинган фонограммани прокатга бериш ҳуқуқи ижрони фонограммага ёзиб олиш тўғрисида шартнома тузилганда фонограммани тайёрловчига ўтади. Тижорат мақсадларида чоп этилган фонограмма нусхаларини прокатга беришда ижроси фонограммага ёзиб олинган ижрочи бундай фонограмма нусхалари прокати учун ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Тижорат мақсадларида чоп этилган аудиовизуал асар нусхаларини прокатга беришда ижроси аудиовизуал асарга киритилган ижрочи бундай аудиовизуал асар нусхаларининг прокати учун ҳақ олиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Тижорат мақсадларида чоп этилган фонограмма ёки аудиовизуал асар нусхаларини прокатга беришда ҳақни йиғиш ва тақсимлаш ижрочиларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот томонидан амалга оширилиши мумкин. Ҳақ миқдори бундай ташкилот билан прокатга берувчи ташкилот ўртасидаги келишувда белгиланади.


50-модда. Фонограммани

тайёрловчининг ҳуқуқлари

Фонограммани тайёрловчига ушбу Қонунга мувофиқ мазкур фонограммадан фойдаланишда мутлақ ҳуқуқлар тегишлидир.

Фонограммани тайёрловчининг фонограммадан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

фонограммани такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);

фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);

фонограммани барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);

фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини, ҳатто улар фонограммани тайёрловчи томонидан ёки унинг розилиги билан тарқатилганидан кейин ҳамда унинг асл нусхаси ёки нусхаларига бўлган мулк ҳуқуқидан қатъи назар, прокатга бериш (прокатга бериш ҳуқуқи);

фонограмманинг асл нусхаси ёки нусхаларини, шу жумладан фонограммага бўлган мутлақ ҳуқуқлар эгасининг розилиги билан тайёрланган нусхаларини тарқатиш мақсадида импорт қилиш (импорт қилиш ҳуқуқи);

фонограммани эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш (эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ҳуқуқи);

фонограммага тузатишлар киритиш ёки уни бошқача усулда қайта ишлаш (қайта ишлаш ҳуқуқи).

Фонограммани тайёрловчи ўз фонограммасидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Агар чоп этилган фонограмма нусхалари уларни сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш воситасида фуқаролик муомаласига қонуний киритилган бўлса, уларнинг бундан буёнги тарқатилишига фонограммани тайёрловчининг розилигисиз ва унга ҳақ тўламаган ҳолда йўл қўйилади.

Фонограммани тайёрловчининг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган мутлақ ҳуқуқлари шартнома бўйича бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин. Бундай шартномага нисбатан тегишинча ушбу Қонуннинг 38, 39 ва 42-моддалари қоидалари қўлланилади.

Фонограммаларни тайёрловчилар ўз ҳуқуқларини фойдаланилаётган асарлар ва ижролар муаллифлари ҳамда ижрочиларининг ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.

Фонограммадан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлиги ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, фонограммадан фойдаланилган деб ҳисобланади.


51-модда. Фонограммадан

фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш

Тижорат мақсадида чоп этилган фонограммани тайёрловчининг ва ижроси шундай фонограммага ёзилган ижрочининг розилигисиз, лекин уларга ҳақ тўлаган ҳолда:

фонограммани омма олдида ижро этишга;

фонограммани эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, шу жумладан уни ретрансляция қилиш йўли билан эфирга узатиш ёки кабель орқали юборишга йўл қўйилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳақни йиғиш, тақсимлаш ва тўлаш ижрочиларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот ёки фонограммаларни тайёрловчиларнинг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот томонидан шундай ташкилотлар ўртасидаги келишувга биноан амалга оширилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳақ миқдори, шунингдек уни тўлаш тартиби ҳақни йиғувчи ташкилот билан фонограммадан фойдаланувчи шахслар ўртасидаги келишувда белгиланади.



52-модда. Эфир ёки кабель орқали кўрсатув

ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ҳуқуқлари

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишда ушбу Қонунга мувофиқ мутлақ ҳуқуқларга эга.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқлари қуйидаги ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларга рухсат бериш ҳуқуқини англатади:

кўрсатув ёки эшиттириш ёзувини такрорлаш (такрорлаш ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттириш ёзувининг асл нусхаси ёхуд нусхаларини сотиш ёки мулк ҳуқуқини ўзгача тарзда бошқа шахсга ўтказиш йўли билан тарқатиш (тарқатиш ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттириш ёзувини барчанинг эътиборига етказиш (барчанинг эътиборига етказиш ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттиришни ёзиб олиш (ёзиб олиш ҳуқуқи);

кириш пулли жойларда кўрсатув ёки эшиттиришни барчанинг эътибори учун юбориш (кириш пулли жойларда барчанинг эътибори учун юбориш ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттиришни ретрансляция қилиш (ретрансляция ҳуқуқи);

кўрсатув ёки эшиттиришни кабель орқали барчанинг эътибори учун юбориш ёхуд кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш (кўрсатув ёки эшиттиришни кабель орқали юбориш ёки эфирга узатиш ҳуқуқи).

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот ўз кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишнинг ҳар бир тури учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттириши ёзувини такрорлашга бўлган мутлақ ҳуқуқи қуйидаги ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди:

кўрсатув ёки эшиттиришни ёзиб олиш эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг розилиги билан амалга оширилганда;

кўрсатув ёки эшиттириш ёзувини такрорлаш ушбу Қонуннинг 53-моддаси қоидаларига мувофиқ тайёрланган ёзув мақсадида амалга оширилганда.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган мутлақ ҳуқуқлари шартнома бўйича бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин. Бундай шартномага нисбатан тегишинча ушбу Қонуннинг 38, 39 ва 42-моддалари қоидалари қўлланилади.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар ўз ҳуқуқларини фойдаланиладиган асарларнинг муаллифлари ҳамда ижроларнинг ижрочилари ҳуқуқларига, тегишли ҳолларда эса фонограммаларни тайёрловчилар ҳамда эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотлар ҳуқуқларига риоя этган ҳолда амалга оширишлари керак.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришидан даромад олиш мақсадида фойдаланилганлигидан ёки ундан фойдаланиш бундай мақсадга қаратилмаганлигидан қатъи назар, кўрсатув ёки эшиттиришдан фойдаланилган деб ҳисобланади.


53-модда. Ижрочи, фонограммани тайёрловчи,

эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш

берувчи ташкилот ҳуқуқларининг чекланиши

Ижрочининг, фонограммани тайёрловчининг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ва ҳақ тўламаган ҳолда ижродан, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришидан ҳамда уларнинг ёзувларидан фойдаланишга, шунингдек фонограммани такрорлашга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

кундалик воқеалар шарҳига ижродан, фонограммадан, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришидан унчалик катта бўлмаган парчалар киритиш йўли билан;

фақат ўқув ёки илмий-тадқиқот мақсадларида;

илмий, тадқиқий, мунозаравий, танқидий ёхуд ахборот мақсадларида иқтибос олиниши шарти билан ижродан, фонограммадан, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришидан унча катта бўлмаган парчаларни иқтибос шаклида келтириш. Бунда тижорат мақсадида чоп этилган фонограммани эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш ёхуд барчанинг эътиборига етказиш учун ҳар қандай такрорлаш ушбу Қонуннинг 51-моддаси қоидаларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади;

ушбу Қонунда фан, адабиёт ва санъат асарлари муаллифларининг мулкий ҳуқуқларини чеклашга нисбатан назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Жисмоний шахс томонидан ижрочининг, фонограммани тайёрловчининг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг розилигисиз ҳамда ҳақ тўламаган ҳолда ижронинг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришининг, шунингдек фонограмманинг ёзувини фақат ўз шахсий мақсадлари учун ва даромад олишни кўзламаган ҳолда тайёрлашга йўл қўйилади.

Агар қисқа муддат фойдаланиш учун ёзув ёки такрорлаш эфир орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот томонидан ўз асбоб-ускуналари ёрдамида ҳамда унинг ўз кўрсатуви ёки эшиттириши учун амалга оширилаётган бўлса, ижронинг ёхуд кўрсатув ёки эшиттиришнинг қисқа муддат фойдаланиладиган ёзувларини амалга ошириш, бундай ёзувларни такрорлаш ва тижорат мақсадида чоп этилган фонограммани такрорлаш учун ижрочининг, фонограммани тайёрловчининг ҳамда эфир орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг рухсатини олишга нисбатан ушбу Қонуннинг 47, 50 ва 52-моддаларининг қоидалари қуйидаги шартлар билан қўлланилмайди:

эфир орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот ушбу қисм қоидаларига мувофиқ қисқа муддат фойдаланиладиган ёзув ёки бундай ёзувни такрорлаш амалга оширилаётган ижронинг ўзини ёхуд кўрсатув ёки эшиттиришни эфирга узатиш учун олдиндан рухсат олган тақдирда;

қисқа муддат фойдаланиладиган ёзув фан, адабиёт ва санъат асарларининг ушбу Қонуннинг 31-моддаси қоидаларига мувофиқ эфир орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилот томонидан бажариладиган қисқа муддат фойдаланиладиган ёзувга нисбатан белгиланадиган муддат доирасида йўқ қилиб юборилган тақдирда, ўзининг алоҳида ҳужжат хусусиятига эгалиги сабабли архивларда ва идоравий архивларда сақланиши мумкин бўлган ягона нусха бундан мустасно.

Ушбу моддада муаллифнинг, ижрочининг, фонограммаларни тайёрловчининг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқларига нисбатан назарда тутилган чеклашлар ижродан, фонограммадан, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришидан, шунингдек уларга киритилган фан, адабиёт ва санъат асарларидан нормал фойдаланишга зарар етказмаган ҳолда ҳамда ижрочининг, фонограммани тайёрловчининг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг, мазкур асарлар муаллифлари ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг қонуний манфаатларини чеклаб қўймаган ҳолда қўлланилади.


54-модда. Турдош ҳуқуқларнинг

амал қилиш муддати

Ушбу Қонунда ижрочига нисбатан назарда тутилган ҳуқуқлар ижро биринчи марта ижро этилгандан кейин эллик йил мобайнида амал қилади.

Ижрочининг исм-шарифга бўлган ҳамда ижрони ижрочининг шаъни ва қадр-қимматига зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз этилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқлари муддатсиз муҳофаза қилинади.

Фонограммани тайёрловчига нисбатан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлар фонограмма биринчи марта чоп этилганидан кейин эллик йил мобайнида ёхуд агар фонограмма унинг биринчи ёзувидан кейин эллик йил ичида чоп этилмаган бўлса, шу муддат мобайнида амал қилади.

Эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг ўз кўрсатуви ёки эшиттиришига нисбатан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлари бундай кўрсатув ёки эшиттириш биринчи марта эфирга узатилганидан ёки биринчи марта кабель орқали юборилганидан кейин эллик йил мобайнида амал қилади.

Турдош ҳуқуқлар объектларига Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ муҳофаза берилганда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турдош ҳуқуқларнинг амал қилиш муддати ушбу моддага биноан белгиланади. Лекин бу муддат турдош ҳуқуқлар объектлари келиб чиққан мамлакатда белгиланган турдош ҳуқуқларнинг амал қилиш муддатидан ошиб кетмаслиги керак.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатларни ҳисоблаш муддатнинг ўта бошлаши учун асос бўладиган юридик факт рўй берган йилдан кейинги йилнинг биринчи январидан эътиборан бошланади.

Ушбу моддада назарда тутилган муддатларнинг қолган қисми доирасида ижродан, фонограммадан, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришидан фойдаланишни амалга ошириш ёхуд фойдаланишга рухсат бериш ва ҳақ олишга бўлган ҳуқуқ ижрочининг, фонограммани тайёрловчининг, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг меросхўрларига (юридик шахсларга нисбатан - ҳуқуқий ворисларига) ўтади.


55-модда. Турдош ҳуқуқлар объектларининг

ижтимоий мулкка айланиши

Ижро, фонограмма, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатуви ёки эшиттиришига бўлган турдош ҳуқуқларнинг амал қилиш муддатининг тугаши уларнинг ижтимоий мулкка айланишини билдиради.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳеч қачон муҳофаза берилмаган ижролар, фонограммалар ва эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришлари ижтимоий мулк ҳисобланади.

Ижтимоий мулк бўлган ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларидан ҳар қандай шахс ҳақ тўламаган ҳолда эркин фойдаланиши мумкин.



4-БОБ. МУЛКИЙ ҲУҚУҚЛАРНИ

ЖАМОАВИЙ БОШҚАРИШ

56-модда. Мулкий ҳуқуқларни жамоавий

асосда бошқарувчи ташкилотлар

Фан, адабиёт ва санъат асарларининг муаллифлари, ижрочилар, фонограммаларни тайёрловчилар ёки бошқа ҳуқуқ эгалари ўз мулкий ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида ўз мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган ташкилотлар тузишга ҳақлидир.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилотлар нотижорат ташкилотлари ҳисобланади ва ўз устави асосида фаолият кўрсатади.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларнинг уставлари ушбу Қонун талабларига жавоб берадиган қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларнинг фаолиятига нисбатан рақобат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган чеклашлар қўлланилмайди.

Ҳуқуқ эгаларининг турли ҳуқуқлари ва турли тоифалари бўйича алоҳида ташкилотларни ёки бир тоифадаги ҳуқуқ эгаларининг манфаатларини кўзлаб турли ҳуқуқларни бошқарувчи ташкилотларни ёхуд турли тоифадаги ҳуқуқ эгаларининг манфаатларини кўзлаб, ҳуқуқларнинг бир турини бошқарувчи ташкилотларни тузишга йўл қўйилади.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



57-модда. Мулкий ҳуқуқларни жамоавий

асосда бошқарувчи ташкилотларнинг фаолияти

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқариш учун ваколатлар бевосита ҳуқуқ эгалари томонидан ихтиёрий равишда ёзма шартномалар асосида, шунингдек мулкий ҳуқуқларни бошқаришни амалга оширувчи бошқа ташкилотлар (шу жумладан, чет эл ташкилотлари) билан тузилган тегишли шартномалар бўйича берилади. Бундай шартномалар муаллифлик шартномаси ҳисобланмайди ва ушбу Қонуннинг 38-42-моддалари қоидалари уларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгаси мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотга шартнома бўйича ўз мулкий ҳуқуқларини амалга ошириш учун ваколатлар беришга ҳақлидир, ташкилот эса, агар бундай ҳуқуқларни бошқариш шу ташкилотнинг уставида кўрсатилган фаолиятига тааллуқли бўлса, бу ҳуқуқларни жамоавий асосда амалга оширишни ўз зиммасига олиши шарт. Муаллиф ёки бошқа ҳуқуқ эгаси ўз мулкий ҳуқуқлари ёки ҳуқуқини амалга ошириш ваколатларини тегишли тоифадаги ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарувчи фақат битта ташкилотга беришга ҳақлидир.

Ҳақ миқдори ва фойдаланувчилар билан асарлардан ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш учун шартнома тузиш шартлари, йиғилган ҳақни тақсимлаш ва тўлаш усули ҳамда мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот фаолиятининг бошқа муҳим масалалари хусусидаги қарорларни қабул қилиш фақат муаллифлар ёки бошқа ҳуқуқ эгалари томонидан умумий йиғилишда коллегиал тарзда амалга оширилади.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот ҳуқуқ эгаларидан олинган ваколатлар асосида фойдаланувчилар билан асарлардан ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш учун шартномалар тузади. Шартномаларнинг шартлари фойдаланиладиган асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг тури ва ҳажмига қараб аниқланадиган битта тоифадаги барча фойдаланувчилар учун бир хил бўлиши керак. Мазкур ташкилотлар фойдаланувчилар билан шартномалар тузишни етарлича асосларсиз рад этишга ҳақли эмас. Бундай шартномалар уларда назарда тутилган усуллар билан барча асарлардан ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланишга рухсат беради ҳамда барча ҳуқуқ эгаларининг, шу жумладан ушбу модданинг биринчи, иккинчи ва олтинчи қисмларига мувофиқ ташкилотга ваколатларини бермаган ҳуқуқ эгаларининг номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб тақдим этилади. Ҳуқуқ эгаларининг фойдаланувчиларга нисбатан бундай шартномалар асосида уларнинг асарларидан ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ барча эҳтимол тутилган мулкий эътирозлари шартномалар тузган мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот томонидан тартибга солиниши керак.

Фойдаланувчилар мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотларга асарлардан ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ҳақни йиғиш, тақсимлаш ва тўлаш учун зарур бўладиган бошқа маълумотлар ҳамда ҳужжатларни тақдим этишлари шарт. Маълумотлар ва ҳужжатларнинг рўйхати мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар фойдаланувчилар билан тузадиган шартномаларда белгиланади.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар жамоавий асосда бошқариш учун олинган асарлардан ва турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланишни амалга оширишга ҳақли эмас.



58-модда. Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда

бошқарувчи ташкилотларнинг ҳуқуқлари

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот ўзи қайси ҳуқуқ эгаларининг номидан иш кўраётган бўлса, шу ҳуқуқ эгаларининг номидан ва улардан олинган ваколатлар асосида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

тўланадиган ҳақ миқдорини ва шартномаларнинг тузилишига доир бошқа шартларни фойдаланувчилар билан келишиб олиш;

бундай ташкилот бошқараётган ҳуқуқлардан фойдаланиш учун фойдаланувчилар билан шартномалар тузиш;

ташкилот тўланадиган ҳақни йиғиш билан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда шартнома тузмасдан шуғулланган тақдирда, бундай ҳақ миқдорини фойдаланувчилар билан келишиб олиш;

шартномаларда назарда тутилган ҳақни ва (ёки) ушбу қисмнинг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳақни йиғиш, тақсимлаш ва тўлаш;

бундай ташкилот ўзи бошқараётган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш учун зарур бўладиган ҳар қандай юридик ҳаракатларни бажариш;

шундай ташкилот томонидан белгиланган тартибда асарларни ва (ёки) турдош ҳуқуқлар объектларини, шунингдек асарларга ва (ёки) турдош ҳуқуқлар объектларига бўлган ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатга олишни ва (ёки) сақлашга топширишни амалга ошириш.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот ҳуқуқ эгалари билан тузилган шартномалар асосида ва қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


59-модда. Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда

бошқарувчи ташкилотларнинг мажбуриятлари

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқараётган ташкилот:

ҳақ тўлаш билан бир вақтда ҳуқуқ эгаларига уларнинг ҳуқуқларидан фойдаланилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳисоботларни тақдим этиши;

ушбу Қонун 58-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошиси қоидаларига мувофиқ йиғилган ҳақдан фақат ҳуқуқ эгаларига тақсимлаш ва тўлаш учун фойдаланиши. Бунда ташкилот йиғилган ҳақдан бундай ҳақни йиғиш, тақсимлаш ва тўлаш бўйича ўзининг ҳақиқий харажатларини қоплаш суммаларини, шунингдек шу ташкилот томонидан ўзи қайси ҳуқуқ эгаларининг номидан иш кўраётган бўлса, шу ҳуқуқ эгаларининг розилиги билан ва уларнинг манфаатларини кўзлаб ташкил этиладиган махсус фондларга йўналтириладиган суммаларни чегириб ташлашга ҳақлидир;

йиғилган ҳақ суммаларини, ушбу қисмнинг учинчи хатбошисида назарда тутилган суммаларни чегириб ташлаган ҳолда, асарлардан ва турдош ҳуқуқлар объектларидан амалда фойдаланилишига мутаносиб равишда тақсимлаши ва мунтазам тўлаб бориши;

йиғилган ҳақни бевосита ҳуқуқ эгаларига тақсимлаши ҳамда тўлаши ва (ёки) уни ҳуқуқ эгаларига тақсимлаш ва тўлаш учун тегишли тоифадаги ҳуқуқ эгаларининг манфаатларини ифодаловчи бошқа ташкилотларга шу ташкилотлар билан тузилган келишувлар асосида ўтказиши;

талаб қилиб олинмаган ҳақни ҳуқуқ эгаларини қидириш чораларини кўрган ҳолда, у ташкилот ҳисобига тушган санадан эътиборан уч йил мобайнида сақлаб туриши шарт. Кўрсатилган муддат тугагач, ташкилот талаб қилиб олинмаган ҳақни тақсимланадиган суммаларга қўшиб юборишга ёки уни ташкилот ўзи қайси ҳуқуқ эгаларининг номидан иш кўраётган бўлса, фақат шу ҳуқуқ эгаларининг розилиги билан ва уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа мақсадларга қаратишга ҳақлидир.

Ташкилотга ушбу Қонун 58-моддаси биринчи қисмининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган ҳақни йиғишга нисбатан ваколатлар бермаган ҳуқуқ эгалари амалга оширилган тақсимлашга мувофиқ уларга тегишли ҳақнинг тўланишини, шунингдек ўз асарларини ёки турдош ҳуқуқлар объектларини бу ташкилот томонидан фойдаланувчиларга тақдим этилган шартномалардан чиқариб ташлашни ташкилотдан талаб қилишга ҳақлидир.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот зиммасида ҳуқуқ эгалари билан тузилган шартномалар асосида ва қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


60-модда. Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда

бошқарувчи ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар фаолиятини назорат қилиш махсус ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот махсус ваколатли давлат органига қуйидаги ахборотни тақдим этиши шарт:

ташкилотнинг уставига киритилган ўзгартишлар тўғрисида;

ташкилот шунга ўхшаш ҳуқуқларни бошқарувчи чет эл ташкилотлари билан тузадиган икки томонлама ва кўп томонлама битимлар тўғрисида;

умумий йиғилиш қарорлари тўғрисида;

йиллик баланс, йиллик ҳисобот, шу жумладан талаб қилиб олинмаган ҳақлар ҳақидаги маълумотлар ва ташкилот фаолиятининг аудиторлик текшируви тўғрисида;

ташкилот номидан иш кўришга ваколатли шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми тўғрисида.

Махсус ваколатли давлат органи мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотдан унинг фаолияти ўз уставига ва қонунчиликка мувофиқлигини текшириш учун зарур бўлган қўшимча ахборот талаб қилиб олишга ҳақлидир.


5-БОБ. МУАЛЛИФЛИК ҲУҚУҚИ ВА

ТУРДОШ ҲУҚУҚЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

61-модда. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош

ҳуқуқлар тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


62-модда. Муаллифлик ҳуқуқи ва

турдош ҳуқуқларни бузиш

Қуйидагилар:

муаллифларнинг шахсий номулкий ҳуқуқларини бузиш;

ижрочининг исм-шарифга бўлган ва ижрони ҳар қандай тарзда бузиб кўрсатилишидан ёки ҳар қандай бошқача тарзда тажовуз қилинишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқларини бузиш;

ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан шартнома тузмасдан асарлар ёки турдош ҳуқуқлар объектини такрорлаш, тарқатиш ёки ундан бошқача тарзда фойдаланиш, ушбу Қонунга мувофиқ шундай фойдаланишга шартнома тузмасдан йўл қўйиладиган ҳоллар бундан мустасно;

ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳақ тўлаш тўғрисидаги талабларни бузиш;

асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан ҳуқуқ эгаси ёки мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот билан тузилган шартнома бўйича олинган ҳуқуқларни ошириб юборган ҳолда фойдаланиш;

ҳуқуқ эгаларининг мулкий ҳуқуқларини бошқача тарзда бузиш муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузишдир.

Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг такрорланиши ёки тарқатилиши муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган ҳолда амалга ошириладиган нусхалари контрафакт нусхалардир. Ушбу Қонунга мувофиқ муҳофаза қилинадиган асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг бундай асарларни ва турдош ҳуқуқлар объектларини муҳофаза қилиш тўхтатилган ёки ҳеч қачон муҳофаза қилинмаган давлатлардан ҳуқуқ эгаларининг розилигисиз импорт қилинадиган нусхалари ҳам контрафакт нусхалардир.


63-модда. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош

ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи техника воситалари

Асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланишни назорат қилувчи, муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёхуд асарларга ёки турдош ҳуқуқлар объектларига нисбатан мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси томонидан рухсат этилмаган ҳаракатлар амалга оширилишининг олдини олувчи ёки уларни чекловчи ҳар қандай техник қурилмалар ёхуд уларнинг таркибий қисмлари муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи техника воситалари деб эътироф этилади.

Асарларга ёки турдош ҳуқуқлар объектларига нисбатан:

асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан фойдаланишга доир муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи техника воситаларининг қўлланилиши йўли билан белгиланган чеклашларни олиб ташлашга қаратилган ҳаракатларни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг рухсатисиз амалга оширишга;

ҳар қандай қурилмани ёки унинг таркибий қисмларини тайёрлашга, тарқатишга, прокатга беришга, вақтинчалик текин фойдаланиш учун беришга, импорт қилишга, реклама қилишга, улардан тижорат мақсадида фойдаланишга ёхуд хизматлар кўрсатишга, агар бундай ҳаракатлар натижасида муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилувчи техника воситаларидан фойдаланиш мумкин бўлмай қолса ёки бундай техника воситалари кўрсатилган ҳуқуқларнинг лозим даражада ҳимоя қилинишини таъминламаса, йўл қўйилмайди.


64-модда. Муаллифлик ҳуқуқи ва

турдош ҳуқуқлар тўғрисида ахборот

Асарни ёки турдош ҳуқуқлар объектини, муаллифни, турдош ҳуқуқлар эгасини ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгасини идентификацияловчи ҳар қандай ахборот ёхуд асардан ёки турдош ҳуқуқлар объектидан фойдаланиш шартлари ҳақидаги, асарнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектининг нусхасида мавжуд бўлган, уларга илова қилинган ёхуд бундай асарни ёки турдош ҳуқуқлар объектини барчанинг эътибори учун юбориш ёхуд барчанинг эътиборига етказиш муносабати билан пайдо бўладиган ахборот, шунингдек шундай ахборотни ўз ичига олган ҳар қандай рақамлар ва кодлар муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги ахборот деб эътироф этилади.

Қуйидагиларга:

муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги ахборотни ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг рухсатисиз чиқариб ташлаш ёки ўзгартиришга;

муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги ахбороти ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахсларнинг рухсатисиз чиқариб ташланган асарларни ёки турдош ҳуқуқлар объектларини такрорлаш, тарқатиш, тарқатиш мақсадида импорт қилиш, омма олдида ижро этиш, барчанинг эътибори учун юборишга, барчанинг эътиборига етказишга йўл қўйилмайди.



65-модда. Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош

ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари

Муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан қуйидагиларни талаб қилишга ҳақли:

ҳуқуқларнинг тан олишини;

ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаши ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини юзага келтирадиган ҳаракатларни тўхтатишини;

ҳуқуқ эгасининг ҳуқуқи бузилмаган тақдирда, у фуқаролик муомаласининг одатдаги шароитларида олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромади миқдоридаги зарарларнинг ўрнини қоплашини. Агар ҳуқуқбузар муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқларни бузиш оқибатида даромадлар олган бўлса, ҳуқуқ эгалари бошқа зарарлар билан бир қаторда бой берилган фойдани бундай даромадлардан кам бўлмаган миқдорда қоплашини;

зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини;

ушбу Қонунда белгиланган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ бўлган, қонунчиликда назарда тутилган бошқа чоралар кўришини.

Муаллиф ва ижрочи ўз ҳуқуқлари бузилган тақдирда, ҳуқуқбузардан маънавий зиён қопланишини талаб қилишга ҳақлидир.

Мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилот мулкий ҳуқуқларини бошқариш шундай ташкилот томонидан амалга оширилаётган шахсларнинг бузилган муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқларини ҳимоя қилиб қонунда белгиланган тартибда ўз номидан ариза билан судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Муаллифлик ҳуқуқи ёки турдош ҳуқуқлар бузилишининг олдини олиш ёки уни тўхтатиш учун зарур чоралар кўриш натижасида учинчи шахсларга етказилган зарарлар, шунингдек бундай чораларни амалга оширган шахс кўрган зарарлар ҳуқуқбузар ҳисобидан ундириб олиниши керак.


66-модда. Асарларнинг ва турдош

ҳуқуқлар объектларининг контрафакт

нусхаларини мусодара қилиш

Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари, шунингдек уларни тайёрлаш ва такрорлашда фойдаланиладиган материаллар ва асбоб-ускуналар ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарликнинг бошқа воситалари қонунчиликка мувофиқ суд тартибида мусодара қилинади.

Асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг мусодара қилинган контрафакт нусхалари йўқ қилиниши керак, уларни ҳуқуқ эгасига унинг илтимосига биноан топшириш ҳоллари бундан мустасно.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

67-модда. Низоларни ҳал қилиш

Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.


68-модда. Айрим қонун ҳужжатларини

ўз кучини йўқотган деб топиш

Қуйидаги қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилсин:

Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги 272-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 135-модда);

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 30 августда қабул қилинган "Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида"ги 273-I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, N 9, 136-модда);

Ўзбекистон Республикасининг 2000 йил 15 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айримларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида"ги 175-II-сонли Қонунининг 15-банди (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2001 йил, N 1-2, 23-модда).



69-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин, давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



70-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши тартиби

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ушбу Қонуннинг аудиовизуал асарлар прокати учун ҳақ олиш ҳуқуқини назарда тутувчи 21-моддасининг иккинчи қисми ва 49-моддасининг иккинчи қисми қоидалари ушбу Қонун кучга кирганидан кейин бир йил ўтгач, амалга киритилади.

Асарлар, ижролар, фонограммалар, эфир ёки кабель орқали кўрсатув ёхуд эшиттириш берувчи ташкилотнинг кўрсатувлари ёки эшиттиришларидан фойдаланиш учун ушбу Қонун кучга киргунига қадар тузилган шартномалар бундай шартномаларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ўз кучида қолади ҳамда уларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонунчиликнинг улар тузилган пайтда амалда бўлган қоидалари қўлланилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 28-29-сон, 260-модда.






































Время: 0.2022
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск