Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Адлия органлари /

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти тўғрисидаги Низом (ЎзР Президентининг 31.08.2006 й. ПҚ-458-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2006 йил 31 августдаги

ПҚ-458-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар

фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий

таъминлаш департаменти тўғрисидаги

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг (кейинги ўринларда - Суд департаменти) асосий вазифалари ва ваколатларини белгилаб беради.

Суд департаменти Адлия вазирлигининг идоравий бўйсунувида бўлиб, ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирига ҳисобот беради.

2. Суд департаменти суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича махсус ваколатли орган ҳисобланади.

Суд департаменти тизимига жойлардаги (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар) ҳудудий бошқармалар ҳамда суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари киради.


3. Суд департаменти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, бошқа қонун ҳужжатларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Суд департаменти юридик шахс ҳисобланади, Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган банк ҳисоб рақамларига эга.

5. Суд департаменти ўз фаолиятини бевосита ва ҳудудий бўлинмалар орқали амалга оширади.

Суд департаменти ўз фаолиятини судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат идоралари ҳамда ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга оширади.

Суд департаменти одил судловни амалга ошириш жараёнига аралашишга ҳақли эмас.

Суд департаменти фаолиятига аралашиш, шунингдек ижро ҳужжатининг қонуний ижро этилишига тўсқинлик қилиш мақсадида Суд департаменти органига ёки суд ижрочисига ҳар қандай шаклда таъсир кўрсатиш тақиқланади ва қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Суд департаментининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва меъёрий-услубий таъминлаш йўли билан Суд департаменти фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда Суд департаменти фаолияти устидан назоратни амалга оширади.

6. Судларни молиялаштириш республика бюджети ҳамда Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади. Давлат бюджетидан судлар таъминотига ажратиладиган маблағлар алоҳида сатрда кўрсатилади.

Суд департаменти Судлар ва адлия органларини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан ўрнатилган бошқарув ходимлари сонининг 10 фоизигача бўлган доирада қўшимча бошқарув ходимларини таъминлашга ҳақли.


II. СУД ДЕПАРТАМЕНТИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ, ФУНКЦИЯЛАРИ,

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


7. Қуйидагилар Суд департаментининг асосий вазифалари ҳисобланади:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижро этилишини таъминлаш;

судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш ҳамда уни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

суд ижрочилари кадрларини танлаш ва жой-жойига қўйиш ҳамда уларнинг малакасини ошириш;

суд ижрочиларининг самарали фаолият кўрсатишини ташкил этиш;

судлар биноларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган капитал маблағларни самарали ўзлаштириш ҳамда судлар фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирларини кўриш;

судьялар ва судлар аппарати ходимларининг меҳнат шарт-шароитлари, моддий ва ижтимоий таъминотини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни тегишли органларга киритиш;

судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида ва Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган ваколат доирасида ва тартибда суриштирув ва маъмурий амалиётни юритади.

8. Суд департаменти унга юклатилган вазифаларига мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижро этилишини таъминлайди, мажбурий ижро этиш қонун билан бошқа давлат бошқаруви органларига юклатилган ҳужжатлар бундан мустасно;

ваколатли органларнинг мол-мулкни, шу жумладан ҳуқуқбузарлик буюмлари ва қуроллари ҳамда ашёвий далилларни давлат даромадига ўтказиш ёки йўқ қилиб ташлашни назарда тутувчи қарорларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижро қилади;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижросини таъминлашда, шу жумладан қарздорларнинг пул маблағлари ва бошқа мол-мулкини қидиришда давлат органлари, кредит ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади, ушбу мақсадларда кўрсатилган давлат органларининг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланади;

қонунга мувофиқ Суд департаменти органлари ваколатига тааллуқли ишлар бўйича суриштирувни амалга оширади;

Суд департаменти органларига тааллуқли маъмурий ишларни кўради ва маъмурий жазолар қўллайди;

Қорақалпоғистон Республикаси судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда уларни навбатдаги молия йилида маблағ билан таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади;

бюджетдан ажратиладиган молиявий маблағларни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда тегишли банк муассасалари орқали судларга етказади;

судлар фаолиятини зарур даражада таъминлаш масалалари бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

судьялар ва суд процессларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди, бунинг учун ички ишлар идоралари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ташкилотларнинг куч ва воситаларини белгиланган тартибда жалб қилади;

хатланган ва олиб қўйилган мол-мулкларнинг баҳоланиши, сақланиши ва сотилишини ташкил қилади;

суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимларида ижро иши, ҳужжат айлануви ва статистика ишларининг юритилишини ташкил этади, суд ижрочилари ишини ташкил этишнинг самарали усулларини ишлаб чиқади ва татбиқ этади;

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги қонун ҳужжатларининг қўлланилиши амалиётини таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уни такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Републикаси Адлия вазирлигига таклифлар киритади;

Суд департаменти ва унинг органлари фаолияти натижалари тўғрисида статистик ва таҳлилий маълумотларни шакллантиради ва юритади, ижро ишлари ва ундирилган маблағлар бўйича маълумотлар банкини белгиланган тартибда юритади;

ҳудудий бўлинмалар фаолиятини бошқаради ва назорат қилади;

марказий аппарат, ҳудудий бошқармалар кадрларини, суд ижрочиларини танлаш ва жой-жойига қўйишни амалга оширади, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан белгиланган тартибда кадрлар устидан ички назоратни олиб боради;

ўз ваколатлари доирасида фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини кўриб чиқади;

Суд департаментининг ваколатига тааллуқли масалалар бўйича хорижий давлатларнинг давлат ҳокимияти органлари ва халқаро ташкилотлари билан белгиланган тартибда ўзаро ҳамкорлик қилади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни амалга оширади.


9. Суд департаменти ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларга ҳақли:

ўзига юклатилган вазифаларни бажариш учун илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда жалб қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ, судлар ва Суд департаментининг идораларини моддий-техник таъминлаш бўйича буюртмачи сифатида иштирок этиш;

фуқаролик-ҳуқуқий битимларни тузиш.


10. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг мажбурий ижросини амалга ошириш жараёнида Суд департаментининг мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органларидан ва бошқа органлардан, ташкилотлардан ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотлар олиш;

давлат органларига ва бошқа органларга, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига, шунингдек фуқароларга бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

ишлаётган қарздорларга нисбатан корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижро этилишини ҳамда молиявий ҳужжатларнинг юритилишини ижро иши юритишга мувофиқ текширувдан ўтказиш;

ижро иши юритишда иштирок этаётган шахсларга муайян ижро ҳаракатларини амалга ошириш масалалари юзасидан топшириқлар бериш;

қарздорлар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойларга, шу жумладан турар жойларга ва омборларга кириш, зарур бўлган ҳолларда жойлар ҳамда омборларни мажбуран очиш, холислар иштирокида кўздан кечириш;

ўзга шахсларда қарздорга тегишли бўлган мол-мулк борлигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар мавжуд бўлганда, ўзга шахслар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойларга ва омборларга кириш, зарур бўлган ҳолларда ушбу жойлар ва омборларни мажбуран очиш ҳамда холислар иштирокида кўздан кечириш;

ўзга шахсларда қарздорга тегишли бўлган мол-мулк борлигини тасдиқловчи ҳужжатли маълумотлар мавжуд бўлмаганда, суд ажрими асосида ўзга шахслар эгаллаб турган ёки уларга қарашли бўлган жойларга ва омборларга кириш, зарур бўлган ҳолларда ушбу жойлар ва омборларни мажбуран очиш ҳамда холислар иштирокида кўздан кечириш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ мол-мулкни хатлаш, хатланган мол-мулкни олиб қўйиш, сақлашга топшириш ва реализация қилиш;

қарздорнинг банклардаги ва бошқа кредит ташкилотларидаги ҳисобварақларида, омонатларида турган ёки сақлаш учун қўйилган пул маблағлари ҳамда ўзга қимматликларини хатлаш;

қарздор ва унинг дебиторларининг ҳисобварақларига ижро ҳужжатлари бўйича қарз суммаларни ундириш ҳақида инкассо топшириқномаларини қўйиш;

олиб қўйилган мол-мулкни вақтинча сақлаш учун давлат мулкидаги яшаш учун мўлжалланмаган жойлардан, мулкдорнинг розилиги билан эса, хусусий мулкдаги жойлардан фойдаланиш, бундай мол-мулкни сақлаш мажбуриятини тегишли шахслар зиммасига юклаш, ундирувчининг ёки қарздорнинг транспортидан мол-мулкни ташиш учун харажатларни қарздорнинг ҳисобига киритган ҳолда фойдаланиш;

ижро ҳаракатлари амалга оширилаётганда асос бўлган ижро ҳужжатидаги талабларда ноаниқлик бўлган тақдирда, ижро ҳужжатини берган суд ёки бошқа органга уни ижро этиш тартибини тушунтириб беришни сўраб мурожаат этиш;

ижро иши юритишда иштирок этувчи шахсларни чақириш;

ижро йиғимларини, жарималарни ва ижро харажатларини ундириш;

қарздор жисмоний шахсга, унинг мол-мулкига ёки олиб қўйилиши лозим бўлган болага нисбатан қидирув эълон қилиш;

ижро ҳаракатларини амалга оширишда юзага келган масалалар бўйича, шу жумладан ижро усули ва тартибини ўзгартириш масаласида судга ёки бошқа органга ариза билан мурожаат қилиш;

ижро ҳаракатларини амалга ошириш давомида, зарур ҳолларда, ички ишлар органларининг ходимларига ёрдам сўраб мурожаат қилиш;

ижро ҳужжатлари талабларини узрсиз сабабларга кўра ихтиёрий равишда бажармаган, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган қарздорларни маъмурий жавобгарликка тортиш, шунингдек суд ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаган ёки суд ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда мол-мулкни баҳолаш;

мол-мулкни баҳолаш учун баҳолаш фаолиятини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган шахсни жалб этиш;

қарздор жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетишига вақтинча чеклаш белгилаш.

Суд ижрочиси ижро ҳаракатларини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

11. Суд департаментининг мансабдор шахслари ўзига берилган ҳуқуқлардан қонунга мувофиқ фойдаланиши ҳамда ўз фаолиятида давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига йўл қўймаслиги, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа мажбуриятларни бажариши шарт.



III. СУД ДЕПАРТАМЕНТИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Суд департаментига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Адлия вазирининг ўринбосари - Департамент директори бошчилик қилади.

Суд департаментининг директори лавозимига кўра Ўзбекистон Республикасининг Бош суд ижрочиси ҳисобланади.

13. Суд департаментининг директори Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган ўринбосарларга эга бўлади.


14. Суд департаментининг Ички хавфсизлик инспекцияси ўз фаолиятини тезкорлик, холислик ва мустақиллик тамойиллари асосида амалга оширади. Ички хавфсизлик инспекциясининг ходимлари, шу жумладан ҳудудий бошқармаларда фаолият юритувчи ходимлари бевосита Суд департаментининг директорига бўйсунадилар.

Ички хавфсизлик инспекцияси:

Суд департаменти ходимлари томонидан ҳуқуққа хилоф харакатлар содир этилишини олдини олиш бўйича иш олиб боради;

ходимлар томонидан қонун ҳужжатлари талаблари, ижро интизоми ва хизмат этикаси бузилганлиги бўйича ҳар бир ҳолатни ҳар томонлама ва холисона ўрганиб чиқади, хизмат текширувларини ўтказади, шу жумладан молиявий-хўжалик соҳасидаги қонунбузарликларни ўрганиш учун иқтисодиёт ва молия соҳасидаги мутахассисларни жалб этади;

ходимларни лавозимдан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида Суд департаменти директорига таклифлар киритади;

Суд департаменти органларини пок, виждонли ва касбий тайёрланган кадрлар билан таъминлаш учун номзодларни ўрганади;

Суд департаменти ходимларини улар фаолиятига ноқонуний аралашувлардан, уларнинг ва оила аъзоларининг шахсий ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига тажовузлардан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кўради;

Ички хавфсизлик инспекцияси тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан тасдиқланади.

15. Суд департаментининг ҳудудий бошқармалари суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари ижро этилиши ишларини ташкил этадилар, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш ишларини амалга оширадилар.

Суд департаментининг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланади, бевосита Суд департаменти томонидан шакллантирилади ва маблағ билан таъминланади ҳамда ўз фаолияти тўғрисида Суд департаменти директорига ҳисоб беради.

Ҳудудий бошқармаларнинг бошлиқлари тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош суд ижрочилари ҳисобланади.

Суд ижрочиларининг туман (шаҳар) бўлинмаларига бўлим бошлиғи - катта суд ижрочиси раҳбарлик қилади.

Ижро ишини юритиш ва суд ижрочилари фаолиятини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

16. Суд департаментининг марказий аппарати бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари, ички хавфсизлик инспекцияси ходимлари, ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарлари Суд департаменти директорининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади. Марказий аппаратнинг бошқа ходимлари Суд департаменти директори томонидан лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Ҳудудий бошқармаларнинг ходимлари (техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари) ҳудудий бошқарма бошлиғининг тақдимномасига кўра Суд департаментининг директори томонидан белгиланган тартибда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Катта суд ижрочилари ва суд ижрочилари ҳудудий бошқарма бошлиғи томонидан Суд департаменти директори билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод қилинади.

Суд ижрочиси лавозимига тайинлаш учун кадрларни танлаш танлов асосида Ўзбекистон Републикаси Адлия вазири томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

17. Суд департаменти директори:

1) Суд департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари, шунингдек суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятига раҳбарлик қилади;

2) Суд департаменти ходимларини белгиланган тартибда лавозимига тайинлайди ва лавозимидан озод қилади;

3) Суд департаменти ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг ҳисоботларини тинглайди;

4) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирига қуйидагиларни киритади (тақдим қилади):

Суд департаменти ҳудудий бошқармалари ва суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимлари тўғрисидаги низомлар лойиҳаларини;

Суд департаменти ваколатига тааллуқли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини;

Суд департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари тузилмасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифларни;

Суд департаменти марказий аппарати бошқарма ва бўлим бошлиқлари, ички хавфсизлик инспекцияси ходимлари ҳамда ҳудудий бошқармалар бошлиқлари ва бошлиқ ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисида тақдимномаларни;

Суд департаменти ходимларига мартаба даражаси бериш тўғрисида таклифларни;

Суд департаменти ходимларини Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тавсия этиш тўғрисидаги таклифларни;

Суд департаменти фаолияти натижалари тўғрисидаги маърузани (ҳисоботларни);

5) белгиланган тартибда қуйидагиларни тасдиқлайди:

Суд департаменти, унинг ҳудудий бошқармалари ва суд ижрочилари туман (шаҳар) бўлимларининг штат жадвалини;

Суд департаменти марказий аппаратининг бошқарма ва бўлимлари тўғрисидаги низомларни, ички хавфсизлик инспекцияси бундан мустасно;

6) ўз ваколати доирасида Суд департаменти фаолиятини ташкил этиш масалалари бўйича барча ходимлар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, кўрсатмалар ва фармойишлар чиқаради;

7) ажратилган маблағлар доирасида Суд департаменти ходимларига устама ҳақи, мукофотлар ва бошқа рағбатлантиришлар тўлаш тартиби ва шартларини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилайди;

7-1) зарурат бўлганда, Суд департаменти фаолиятининг айрим соҳалари бўйича ҳамда Суд департаменти фаолиятини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича Суд департаменти директори ҳузуридаги муваққат ёки доимий маслаҳат, илмий-маслаҳат, ишчи кенгашлар ва бошқа коллегиал органларни ташкил этади;

7-2) Ўзбекистон Республикасининг Бош суд ижрочиси сифатида процессуал ваколатларни амалга оширади;

8) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Суд департаментининг директори Суд департаментига юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради.


18. Суд департаментининг директори жойида бўлмаган тақдирда унинг ваколатларини ўринбосарлардан бири амалга оширади.


19. Суд департаменти директорининг ўринбосарлари, бошқарма бошлиқлари, бўлим бошлиқлари ва бошқа ходимлари ўз фаолиятини Суд департаменти директори томонидан тасдиқланадиган функционал вазифаларга мувофиқ амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикасининг Бош суд ижрочиси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг бош суд ижрочилари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек Суд департаменти марказий аппарати суриштирув бўлинмасининг раҳбари Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига мувофиқ Суд департаменти органлари раҳбарлари сифатида функционал мажбуриятларига кўра суриштирув органининг бошлиғи вазифасини бажарадилар.

20. Суд департаменти ходимларига эгаллаб турган лавозимига ва иш стажига мувофиқ махсус даражали унвонлар ҳамда мартаба даражалари берилади ва белгиланган хизмат муддати учун устама ҳақи тўлаб борилади.

Суд департаменти ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган хизматни ўташ, рағбатлантириш ва интизомий жавобгарликка тортиш тартиби ўрнатилади.

Суд департаментининг мартаба даражасига эга бўлган ходимлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган намунадаги формали кийим-бош ва фарқлаш белгиларини киядилар.

Формали кийим-бош буюмлари билан таъминлаш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

21. Суд департаменти оператив бошқарув ҳуқуқи асосида республика мулки ҳисобланадиган алоҳида мулкка эга.

Суд департаменти органлари махсус автотранспорт воситалари, шу жумладан Суд департаментига мансублигини англатувчи махсус чироқли сигналларга, бўёқларнинг рангли график схемаларига эга бўлган автотранспорт воситалари, шунингдек бошқа махсус воситалар билан таъминланади. Хизмат автотранспорти, шу жумладан махсус автотранспорт, шунингдек бошқа махсус воситалар билан таъминлаш меъёрлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

22. Суд департаментини тугатиш ёки қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига кўра амалга оширилади.

Суд департаменти тугатилган ёки қайта ташкил этилган тақдирда ишдан бўшатилаётган ходимларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ кафолатланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 36-сон, 360-модда.




























Время: 0.1935
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск