Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Кредитлаш /

Ўзбекистон Республикасининг 20.09.2006 й. ЎРҚ-53-сон "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 28.06.2006 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 25.08.2006 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

20.09.2006 й.

N ЎРҚ-53



МИКРОКРЕДИТ ТАШКИЛОТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 28 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 25 августда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади микрокредит ташкилотларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик

Микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Микрокредит ташкилоти


Микрокредит, микроқарз, микролизинг бериш соҳасида хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва ушбу Қонунга мувофиқ бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатувчи юридик шахс микрокредит ташкилотидир.

Микрокредит ташкилоти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк ҳисобварақларини белгиланган тартибда очишга ҳақли.

Микрокредит ташкилоти ишлаб чиқариш, суғурта, савдо-воситачилик ва ушбу Қонунда назарда тутилмаган бошқа фаолият билан бевосита шуғулланишга ҳақли эмас.



4-модда. Микрокредит ташкилотларини ташкил этиш


Микрокредит ташкилотлари юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши мумкин.

Микрокредит ташкилотлари давлат органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари диний ташкилотлар, бошқа микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.


5-модда. Микрокредит ташкилотининг таъсис ҳужжатлари


Микрокредит ташкилоти таъсис ҳужжатлари асосида фаолият кўрсатади.

Микрокредит ташкилотининг таъсис ҳужжатларида муайян ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги юридик шахслар учун қонунчиликда белгиланган маълумотларга қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

микрокредитлар, микроқарзлар, микролизинг бериш ва бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатиш бўйича фаолият тўғрисидаги;

бошқарув органларининг тузилиши ва ваколатлари тўғрисидаги;

микрокредитлар, микроқарзлар, микролизинг бериш ва бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатиш учун маблағларни шакллантириш манбалари тўғрисидаги;

микрокредит ташкилотида аудит ўтказиш тартиби тўғрисидаги.


6-модда. Микрокредит ташкилотининг устав фонди


Микрокредит ташкилотининг устав фонди пул маблағларидан, шунингдек мазкур ташкилот устав фонди миқдорининг йигирма фоизидан ошмайдиган бошқа мол-мулкдан шакллантирилади.

Микрокредит ташкилотининг устав фондини шакллантиришда кредитга, гаровга олинган маблағлардан ва бошқа жалб қилинган маблағлардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Микрокредит ташкилоти устав фондининг энг кам миқдори лицензия олиш учун мурожаат қилинган кунга қадар фақат пул маблағларидан шакллантирилган бўлиши керак.


7-модда. Микрокредит ташкилотининг

фирма номи ва муҳри


Микрокредит ташкилотининг фирма номида "микрокредит ташкилоти" сўз бирикмаси ифодаланиши ва мазкур ном бошқа микрокредит ташкилотларининг фирма номига ўхшаш бўлмаслиги керак. Ушбу Қонун талабларига жавоб бермайдиган юридик шахс ўз номида "микрокредит ташкилоти" сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Микрокредит ташкилоти ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган ери кўрсатилган муҳрига эга бўлиши керак. Муҳрда айни вақтнинг ўзида фирма номи бошқа тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

Микрокредит ташкилоти ўз номи ёзилган штампларга, бланкаларга ва ўз эмблемасига эга бўлишга ҳақлидир.



8-модда. Микрокредит ташкилотларини

давлат рўйхатидан ўтказиш

Микрокредит ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.


9-модда. Микрокредит ташкилоти

фаолиятини лицензиялаш


Микрокредит ташкилоти микромолиявий хизматлар кўрсатиш фаолиятини лицензия олганидан кейин амалга оширади.

Микрокредит ташкилотига лицензия бериш тўғрисидаги ёки лицензия беришни асослантирилган ҳолда рад этиш тўғрисидаги қарор лицензия бериш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилинган ва лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида қабул қилинади.


10-модда. Лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар


Микрокредит ташкилоти лицензия олиш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ёки унинг ҳудудий бошқармаларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

лицензия бериш ҳақидаги ариза;

микрокредит ташкилоти бошқарув органларининг таркиби тўғрисидаги маълумотлар;

микрокредит ташкилотининг устав фонди шаклланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати.


11-модда. Лицензия беришни рад этиш

Тақдим этилган ҳужжатлар қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган ва уларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлган ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки микрокредит ташкилотига лицензия беришни рад этиши мумкин.

Микрокредит ташкилотига лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор буюртма берувчига рад этиш сабаблари ҳамда буюртма берувчи мазкур сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади. Бунда лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Микрокредит ташкилотига лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади. Микрокредит ташкилотига лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган ариза янгидан берилган деб ҳисобланади.

Микрокредит ташкилотига лицензия бериш тўғрисидаги ариза такроран кўриб чиқилаётганда лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Микрокредит ташкилотига лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


12-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб

туриш ёки тугатиш, шунингдек уни қайта

расмийлаштириш ва бекор қилиш

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

микрокредит ташкилоти томонидан микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик талаблари, шу жумладан, лицензия талаблари ва шартлари бузилганда;

микрокредит ташкилоти томонидан унинг фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар бажарилмаганда.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қуйидаги ҳолларда қабул қилинади:

микрокредит ташкилоти тўловга қобилиятсиз бўлиб қолганда;

микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликнинг, белгиланган иқтисодий нормативларнинг талаблари мунтазам равишда бузилганда ва ҳисобот маълумотлари бузиб кўрсатилганда;

микромолиявий хизматлар кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш лицензия берилган пайтдан эътиборан олти ойдан ортиқ кечикканда.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қонунга мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам қабул қилиниши мумкин.

Лицензияни қайта расмийлаштириш қонунчиликда назарда тутилган тартибда микрокредит ташкилоти қайта тузилган, унинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган ҳолларда амалга оширилади.

Лицензияни қайта расмийлаштиришга янгидан вужудга келган микрокредит ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш санасида лицензияси мавжуд бўлган микрокредит ташкилотлари қўшиб юборилган тақдирда йўл қўйилади.

Лицензиянинг сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланган тақдирда, лицензия бекор қилинади.

Лицензиянинг бекор қилиниши микрокредит ташкилотининг илгари амалга оширган операциялари ҳақиқий эмас деб топилишига олиб келмайди.


12-1-модда. Микрокредит ташкилотининг ҳуқуқлари

Микрокредит ташкилоти:

қарз олувчи томонидан шартномага мувофиқ мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш шарти билан ёки бундай шартсиз микромолиявий хизматлар кўрсатишга;

буюртма берувчига микромолиявий хизмат кўрсатишни асослантирилган ҳолда рад этишга;

микромолиявий хизмат кўрсатиш ва шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатларни буюртма берувчидан сўраб олишга;

мақсадли микрокредит ўз вақтида тўланмаган ёки белгиланган мақсадда фойдаланилмаган ҳолда қарз олувчидан мажбуриятлар муддатидан илгари бажарилишини талаб қилишга;

маслаҳат ва ахборот хизматлари кўрсатишга;

микрокредит ташкилотининг қарз олувчилари томонидан мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги учун шартномага мувофиқ неустойка (жарима, пеня) миқдорини белгилашга;

микромолиявий хизматлар кўрсатиш учун ушбу Қонунга мувофиқ маблағлар жалб этишга ҳақли.

Микрокредит ташкилоти қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12-2-модда. Микрокредит ташкилотининг мажбуриятлари

Микрокредит ташкилоти:

буюртма берувчига унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида, шу жумладан, шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ёки лозим даражада бажарилмаслиги оқибатлари, микромолиявий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ барча харажатлар тўғрисида, шунингдек кўрсатиладиган микромолиявий хизмат бўйича фоиз ставкаси ҳақида тўғри ҳамда тўлиқ ахборотни ёзма шаклда хабар қилиши;

шартномада белгиланган тартибда ва муддатларда микромолиявий хизматлар кўрсатиши;

шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги натижасида қарз олувчига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши;

белгиланган энг кам миқдордан паст бўлмаган устав фондига эга бўлиши;

молиявий ва касса операциялари ўтказиш қоидаларига, шунингдек белгиланган иқтисодий нормативларга риоя қилиши;

қонунчиликка мувофиқ бухгалтерия ҳисоби, ҳисоботини ва бошқа ҳужжатларни юритиши;

ҳисоботни белгиланган тартибда ўз вақтида тақдим этиши;

текшириш ўтказиш учун юборилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вакилларига ҳужжатлар ва микрокредит ташкилоти фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаши шарт.

Микрокредит ташкилотининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


13-модда. Микрокредит ташкилоти томонидан

кўрсатиладиган хизматлар


Микрокредит ташкилоти қуйидаги турлардаги микромолиявий хизматлар кўрсатиши мумкин:

микрокредитлар ёки микроқарзлар бериш;

қарз мажбуриятларини сотиб олиш ва сотиш (факторинг);

микрокредит ташкилоти лизинг берувчи сифатида иштирок этадиган микролизинг (молия ижараси);

қонунчиликка мувофиқ бошқа турдаги микромолиявий хизматлар кўрсатиш, шу жумладан истеъмол кредитлари бериш.

Микрокредит ташкилоти микрокредитлар, микроқарзлар, микролизинг бериш ва бошқа микромолиявий хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ маслаҳат ва ахборот хизматлари кўрсатиши мумкин.

Микрокредит ташкилоти:

қарз мажбуриятларини чиқаришга ҳамда юридик ва жисмоний шахслардан омонатлар (депозитлар) қабул қилишга;

жисмоний шахслардан қарз маблағларини жалб қилишга, бундан ўз муассислари (иштирокчилари, мулкдорлари) мустасно;

микромолиявий хизматлар кўрсатиш шартномалари бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблашга, воситачилик ҳақлари ва неустойка (жарима, пеня) ундиришга, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллашга;

ўз муассисларининг (иштирокчиларининг, мулкдорларининг) мажбуриятлари бўйича кафил бўлишга ёки кафолат берувчи бўлишга, шунингдек уларга ўз мажбуриятлари бажарилишини таъминлашнинг бошқа усулларини тақдим этишга ҳақли эмас.


14-модда. Микромолиявий хизматлар кўрсатиш

учун маблағларнинг манбалари


Микрокредит ташкилоти қуйидагилар ҳисобидан микромолиявий хизматлар кўрсатади:

ўз маблағлари, шу жумладан олган даромадлари;

инвесторлар, шу жумладан чет эллик инвесторлар томонидан инвестиция шартномалари асосида берилган маблағлар;

банкларнинг кредитлари ва давлат мақсадли жамғармаларининг маблағлари;

халқаро молия институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шу жумладан чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг грантлари ва қарз маблағлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


15-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг

микрокредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солиш

ва назорат қилишга доир ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки молиявий тизимнинг барқарорлигини сақлаш, қарз олувчилар ва кредиторларнинг манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ микрокредит ташкилотлари фаолиятини тартибга солади ва назорат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қонунчиликда назарда тутилган тартибда:

микрокредит ташкилотлари устав фондининг энг кам миқдорини, молиявий ва касса операциялари ўтказиш, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш қоидаларини, шунингдек иқтисодий нормативларни белгилайди;

кўрсатилаётган микромолиявий хизматлар учун фоизларни ҳисоблаш тартибини тасдиқлайди;

микрокредит ташкилотларининг фаолиятини текширади ва уларнинг фаолиятида аниқланган микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бузилишларини бартараф этишга оид бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

микрокредит ташкилотининг фаолиятини аудитдан ўтказишга доир талабларни белгилайди;

микрокредит ташкилоти ижро этувчи органи раҳбарининг малакасига доир талабларни белгилайди;

микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонунчилик ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик талаблари, шунингдек белгиланган иқтисодий нормативлар бузилган тақдирда, ўз капиталининг беш фоизигача миқдорда жарима ундиради;

микрокредит ташкилоти томонидан айрим молиявий операциялар ўтказишни уч ойгача бўлган муддатга чеклайди;

микрокредит ташкилоти лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туради ёки тугатади ёхуд лицензияни қайта расмийлаштиради ва бекор қилади.


15-1-модда. Ички аудит хизмати

Активларининг баланс қиймати бир миллиард сўмдан ортиқ бўлган микрокредит ташкилотида микрокредит ташкилоти юқори бошқарув органининг қарори билан ички аудит хизмати ташкил этилади.

Ички аудит хизмати микрокредит ташкилотининг фақат юқори бошқарув органига ҳисобдордир. Ички аудит хизматининг раҳбари ва бошқа ходимлари микрокредит ташкилотининг юқори бошқарув органи томонидан тайинланади.

Ички аудит хизмати микрокредит ташкилотининг ижро этувчи органи ва филиаллари ишини улар томонидан қонунчиликка, таъсис ҳужжатларига ҳамда бошқа ҳужжатларга риоя этилишини, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботида маълумотлар тўлиқ ҳамда тўғри акс эттирилиши таъминланишини, молия-хўжалик операцияларини амалга оширишга доир белгиланган қоидалар ва тартиб-таомилларни, шунингдек активлар бут сақланишини текшириш ва мониторинг қилиш йўли билан назорат қилишни ҳамда баҳолашни амалга оширади.

Ички аудит хизмати ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширади.


16-модда. Микрокредит ташкилотининг филиаллари


Микрокредит ташкилоти Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган тартибда филиаллар ташкил этишга ҳақли.

Микрокредит ташкилотининг филиали ўз фаолиятини микрокредит ташкилоти учун берилган лицензия асосида амалга оширади.


16-1-модда. Микрокредит ташкилотларида

ахборотнинг маҳфийлиги

Микрокредит ташкилотлари ўз қарз олувчилари ва кредиторларининг молиявий операциялари ҳамда ҳисобварақлари бўйича ахборотнинг маҳфийлигини кафолатлайди. Микрокредит ташкилотининг бошқарув органлари аъзолари, ички аудит хизмати ва ижро этувчи органи ходимлари микрокредит ташкилотининг, унинг қарз олувчиларининг операциялари ва ҳисобварақлари бўйича, шунингдек кредиторлар билан операциялар бўйича сирни сақлаши шарт.

Маҳфий ахборот ўзига ишониб топширилган ёки хизмат вазифасини бажариши муносабати билан бу ахборот ўзига маълум бўлиб қолган шахслар уни ошкор этганлик учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Микрокредит ташкилотларига нисбатан банк сири тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган қоидалар қўлланилади.


17-модда. Микрокредит ташкилотини қайта

ташкил этиш ва тугатиш

Микрокредит ташкилотини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


18-модда. Низоларни ҳал этиш

Микрокредит ташкилотларининг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


19-модда. Микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Микрокредит ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


20-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



21-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                      И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2006 йил 21 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 37-38-сон, 372-модда.








































Время: 0.1551
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск