ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Норматив-ҳуқуқий актларни тайёрлаш, қабул қилиш ва тизимлаштириш /

Ўзбекистон Республикасининг 11.10.2006 й. ЎРҚ-60-сон "Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 21.08.2006 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 25.08.2006 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.10.2006 й.

N ЎРҚ-60



ҚОНУНЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ

ВА УЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

МАЖЛИСИНИНГ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА

КИРИТИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 21 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2006 йил 25 августда маъқулланган


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) киритиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.


2-модда. Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва

Қонунчилик палатасига киритиш тартиби

тўғрисидаги қонунчилик

Қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Қонунчилик палатасига киритиш тартиби тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси эга. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Бош прокурори ҳам ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгадир.



4-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини амалга ошириш

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.



5-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Қонунчилик палатасида ўзи киритган қонун лойиҳаси кўриб чиқилаётганда иштирок этиш учун, шу жумладан қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида, қоида тариқасида, маъруза билан сўзга чиқиш учун ўз вакилини тайинлайди. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқининг бошқа субъектлари ҳам (Қонунчилик палатаси депутатларидан ташқари) қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётганда иштирок этиш, шу жумладан қонун лойиҳасини Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида, қоида тариқасида, маъруза билан сўзга чиқиш учун ўз вакилини тайинлаши мумкин.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг қонунлар лойиҳаларини

тайёрлаш борасидаги фаолияти

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

1) ўз ташаббуси билан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига биноан, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмиталарининг таклифлари ва тавсиялари асосида қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритади;

2) республика ижро этувчи ҳокимият органларига ва хўжалик бошқаруви органларига қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш тўғрисида топшириқлар беради, қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ишини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади;

3) қонунлар лойиҳаларини давлат органларига, нодавлат ташкилотларга ва илмий муассасаларга тақриз учун юборади;

4) республика ижро этувчи ҳокимият органларининг амалдаги қонунчиликнинг қўлланилиш амалиёти ҳамда уларнинг самарадорлигини ўрганиш натижалари тўғрисидаги ахборотларини эшитади;

5) қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш борасида бошқа фаолиятни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили қонун лойиҳаларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири котибияти таркибий бўлинмаларининг, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг яқин ҳамкорлигини таъминлайди, қонун ижодкорлиги фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан ҳамкорлигини ташкил этади.


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия

вазирлигининг қонунлар лойиҳаларини

тайёрлаш соҳасидаги ваколати

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколати доирасида:

1) қонун ижодкорлиги масалаларида республика ижро этувчи ҳокимият органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради ҳамда мазкур фаолиятга услубий жиҳатдан раҳбарлик қилади;

2) қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсати олиб борилишини таъминлайди;

3) қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқади, уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириқларига биноан ва ўз ташаббуси билан қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда киритади;

5) республика ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш масалалари бўйича таклифларини кўриб чиқади ва умумлаштиради;

6) қонунлар лойиҳаларини уларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлигини аниқлаш нуқтаи назаридан, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказади;

6-1) қонунлар лойиҳаларининг улардаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида коррупция, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароитлар яратадиган, шунингдек тадбиркорлик субъектлари учун уларнинг асоссиз харажатлар қилишига олиб келувчи ортиқча маъмурий ҳамда бошқа чекловларни жорий этадиган қоидалар ва нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлилини амалга оширади;

7) қонунчиликни Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқлаштириш тўғрисида, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва яхлитлилигини таъминлаш тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади, қонунчиликни такомиллаштиришга оид таклифларни таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда уларни Ўзбекистон Республикасининг Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритади, қонунчиликни кодификациялаш ишларини амалга оширади;

8) республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш заруриятига оид масалаларнинг олдиндан келишиб олинишини амалга оширади.


8-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга

бўлмаган давлат органларининг, нодавлат

ташкилотлар ва фуқароларнинг қонунлар

лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиши

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар қонунлар лойиҳаларини ёки янги қонун қабул қилиниши, қонунга ўзгартишлар, қўшимчалар киритилиши, шунингдек амалдаги қонунни ёки унинг бир қисмини ўз кучини йўқотган деб топиш зарурлиги тўғрисидаги таклифларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти кўриб чиқиши учун киритиши мумкин.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга бўлмаган давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ёки фуқаролар томонидан киритилган қонунлар лойиҳаларини ёки таклифларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ўзи ишлаб чиқаётган қонунлар лойиҳалари учун асос сифатида қабул қилиши мумкин.



II. ҚОНУН ЛОЙИҲАСИНИ ТАЙЁРЛАШ

9-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлаш тартиби

Қонун лойиҳасини тайёрлаш:

қонун лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш ва уни тайёрлаш тўғрисида қарор қабул қилишни;

қонун лойиҳасини тайёрлашни ташкилий-техникавий ва молиявий жиҳатдан таъминлашни;

зарур материаллар ва ахборот тўплашни;

қонун лойиҳасининг концепциясини ишлаб чиқишни;

қонун лойиҳасини тузишни;

ҳуқуқий ва бошқа зарур экспертиза ўтказишни ўз ичига олади.


10-модда. Қонун лойиҳасини бир нечта

қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари

билан биргаликда тайёрлаш

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини биргаликда тайёрлаш тўғрисидаги таклиф билан бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига мурожаат қилиши мумкин.



11-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашни ташкил этиш

Қонун лойиҳасини тайёрлаш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан ишчи гуруҳи (комиссияси) тузилиши мумкин.

Ишчи гуруҳи (комиссияси) таркибига қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти тегишли бўлинмаларининг вакиллари, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг тегишли тармоқларнинг ҳолати ва ривожланиши учун масъул бўлган вакиллари, бошқа манфаатдор давлат органларининг, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек фуқаролар киритилиши мумкин. Бунда нодавлат ташкилотлар вакиллари, шунингдек фуқаролар ишчи гуруҳи (комиссияси) таркибига ўз розилигига кўра киритилади.

Ишчи гуруҳи (комиссияси) аъзолари қонун лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган тегишли билим ва тажрибага эга бўлишлари керак.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти ишчи гуруҳининг (комиссиясининг) фаолиятини таъминлаш учун давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан қонун лойиҳасини тайёрлаш учун зарур бўлган материалларни, статистика маълумотларини ва ўзга маълумотларни олишга, қонун лойиҳаси юзасидан илмий ва бошқа ташкилотларнинг, олимлар ҳамда мутахассисларнинг маслаҳатлари ва тавсияларини, шунингдек экспертларнинг хулосаларини олишга ҳақлидир.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти, зарур бўлган ҳолларда, қонун лойиҳасини тайёрлашни давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга белгиланган тартибда ўз ваколати доирасида топшириши ёки уларга шартнома асосида буюртма бериши мумкин.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти, зарур бўлган ҳолларда, қонунларнинг муқобил лойиҳаларини тайёрлашни бир нечта давлат органлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотларга, айрим фуқароларга ўз ваколати доирасида топширишга ёки улар билан шартномалар тузишга, шунингдек энг яхши қонун лойиҳаси учун танловлар эълон қилишга ҳақлидир.


12-модда. Қонун лойиҳасининг концепцияси

Қонун лойиҳасини тайёрлаш унинг концепциясини ишлаб чиқишдан бошланади. Концепцияда қуйидагилар белгиланиши керак:

ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг асосий ғояси, мақсади ва предмети;

тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг мазкур соҳада амалда бўлган қонунлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлили илова қилинган ҳолдаги умумий тавсифи ва ҳолатига берилган баҳо;

қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти асослари;

қонун лойиҳасининг асосий қоидалари;

бўлғуси қонуннинг ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа оқибатлари тахмини.


13-модда. Қонунлар лойиҳаларига

қўйиладиган асосий талаблар

Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг принциплари ва нормалари ҳисобга олинади. Қонунлар лойиҳалари қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.


14-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашда

қонунчиликнинг ҳолатини ва ҳуқуқнинг

қўлланилиш амалиётини ўрганиш

Қонун лойиҳасини тайёрлаш қонунчиликнинг ҳолатини чуқур ўрганишга, ижтимоий муносабатларнинг муайян соҳасини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятларни аниқлашга, шунингдек амалдаги қонунчиликнинг қўлланилиш амалиётини таҳлил этишга асосланади.


15-модда. Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда

халқаро тажрибани ҳисобга олиш

Қонунлар лойиҳаларини тайёрлашда халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва нормалари ҳисобга олинади, шунингдек қонун билан тартибга солиш борасида бошқа давлатлар тажрибаси ўрганилади.


16-модда. Қонун лойиҳасини тайёрлашда

жамоатчилик фикрини ўрганиш

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритгунига қадар жамоатчилик фикрини ўрганишни, шу жумладан фуқаролик жамияти институтларининг ва илмий-тадқиқот муассасаларининг вакиллари иштирокида ўрганишни ташкил этишга ҳақлидир. Қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш тартиби ва шакли қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан белгиланади.

Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомилларининг янги турларини жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилади.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган қонун лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш улар ҳуқуқий экспертизадан ўтказилгунига қадар амалга оширилади.


17-модда. Қонун лойиҳасини тақриз учун юбориш

Қонун лойиҳаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан бошқа қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларига, шунингдек манфаатдор давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, илмий муассасаларга тақриз учун юборилиши мумкин.

Қонун лойиҳаси фақат қонун лойиҳаси борасидаги ишлар тугалланганидан ва у бўйича экспертиза ўтказилганидан кейин қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан тақриз учун юборилади.


III. ҚОНУНЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ

МАЗМУНИГА ҚЎЙИЛАДИГАН АСОСИЙ

ТАЛАБЛАР. ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИНИНГ

ЭКСПЕРТИЗАСИ

18-модда. Қонунлар лойиҳаларининг шакли

Тартибга солинадиган муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ ҳолда қонунлар лойиҳалари қуйидаги шаклда ишлаб чиқилади:

1) Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунлари ва қонунлари лойиҳалари;

2) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларига ҳамда қонунларига ўзгартиш, қўшимча ва тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари;

3) Ўзбекистон Республикаси қонунларини ёки уларнинг айрим нормаларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонунлар лойиҳалари.


19-модда. Қонун лойиҳасининг тузилиши

Қонун лойиҳаси, қоида тариқасида, бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфларга ажратилади.

Қонун лойиҳаси унинг қабул қилиниши зарурияти, сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган, шунингдек унинг моҳиятини ва аҳамиятини очиб берадиган муқаддимага эга бўлиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларига ҳамда қонунларига ўзгартишлар, қўшимчалар ва тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларини ёки уларнинг айрим нормаларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари, қоида тариқасида, уларнинг қабул қилиниши зарурияти, сабаблари ва мақсадларига оид тушунтиришни қамраб олган, шунингдек уларнинг моҳиятини ва аҳамиятини очиб берувчи муқаддимага эга бўлади.

Ҳуқуқий нормалар муқаддимага киритилмайди.

Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар ва параграфлар сарлавҳага эга бўлади ҳамда рақамланади.

Қонун лойиҳасида ҳуқуқий нормалар тартиб рақамига эга бўлган моддалар кўринишида баён этилади. Моддалар қисмларга ажратилиши мумкин. Моддаларнинг қисмлари бандлар, кичик бандлар ва хатбошиларни қамраб олиши мумкин. Кодекслар ва бошқа қонунлар лойиҳаларининг моддаларига, қоида тариқасида, сарлавҳа қўйилади.

Бўлимлар, кичик бўлимлар, боблар, параграфлар, моддалар, шунингдек моддаларнинг қисмлари, бандлари ва кичик бандлари лойиҳа мавзуи мантиқан ривожланиб боришини таъминлайдиган тарзда кетма-кет жойлаштирилади.

Қонун лойиҳасининг матнига:

қонун лойиҳасининг ёки унинг айрим қоидаларининг кучга кириш муддати ва тартиби тўғрисидаги;

илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларини ёки уларнинг айрим қоидаларини мазкур Қонун қабул қилиниши муносабати билан ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қоидалар киритилиши мумкин.

Қонунлар лойиҳаларининг матнларида тегишли қонунлар қабул қилинганидан кейин уларнинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини ташкил этиш учун масъул бўлган аниқ давлат органлари кўрсатилади.


20-модда. Қонун лойиҳаси баёнига тааллуқли талаблар

Қонун лойиҳаси лўнда, аниқ, оддий ва равон тилда, нормаларни турлича изоҳлашни истисно этадиган тарзда юридик атамашуносликка риоя қилинган ҳолда баён қилинади. Эскирган ҳамда кўп маънони англатадиган сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар, киноялар қўлланилишига йўл қўйилмайди.


21-модда. Қонун лойиҳаси матнида тушунчалар

ва атамалардан фойдаланиш

Қонун лойиҳасида фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар турлича изоҳлаш имкониятини истисно этадиган, уларнинг қонунчиликда қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда қўлланилади.

Зарур бўлган ҳолларда, қонунлар лойиҳаларида юридик, техник ва бошқа махсус атамалар ҳамда тушунчаларнинг қисқача таърифи берилади, умум қабул қилинган қисқартмалар қўлланилади ва бошқа қисқартмаларга тушунчалар берилади.


22-модда. Қонун лойиҳасида ҳаволалардан фойдаланиш

Қонун лойиҳасининг моддаларида (қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларида) унинг бошқа моддаларига (қисмлари, бандлари, кичик бандлари, хатбошиларига), бўлимлари, кичик бўлимлари, боблари, параграфларига, шунингдек бошқа қонунларга ва уларнинг айрим қоидаларига ҳаволалар ҳуқуқий нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш зарурати бўлган ҳолларда ёхуд такрорлашларга йўл қўймаслик учун қўлланилади.


23-модда. Қонун лойиҳасини экспертизадан ўтказиш

Қонун лойиҳаси устидаги иш тугалланганидан сўнг унинг сифатига баҳо бериш учун қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қарорига биноан лойиҳа ҳуқуқий ва бошқа хил (иқтисодий, молиявий, илмий, экология, коррупцияга қарши ва ўзга) экспертизадан ҳам ўтказилиши мумкин. Экспертлар қонун лойиҳасининг экспертизаси натижалари бўйича тегишли хулоса тақдим этадилар.

Экспертлар сифатида қонун лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва (ёки) шахслар жалб қилинади. Экспертиза ўтказиш учун олимлар ва мутахассислар, шу жумладан бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлардан олимлар ва мутахассислар жалб этилиши мумкин.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси жараёнида билдирилган ёки экспертларнинг хулосаларида баён этилган таклифлар ва мулоҳазалар тавсия хусусиятига эгадир. Инобатга олинмаган таклифлар ва мулоҳазалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган ҳолда маълумотнома тузилади.


24-модда. Қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси

Қонун лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши шарт. Ҳуқуқий экспертиза ўтказилаётганда қонун лойиҳаси нормаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, қонунчилик техникаси қоидаларига мувофиқлиги, шунингдек ҳавола қилувчи нормалар қўлланилишининг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги текширилади.

Қонун лойиҳасининг ҳуқуқий экспертизаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг юридик хизмати, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан қонунчиликка мувофиқ ўтказилиши мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунлар лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизасини бошқа турдаги экспертизалар ўтказилганидан кейин амалга оширади.


25-модда. Қонун лойиҳасининг молиявий-иқтисодий асослари

Моддий харажатлар талаб қилинадиган қонун лойиҳасини тайёрлашда унга молиявий-иқтисодий асослар илова қилинади, мазкур асосларни қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига келишув учун мажбурий тартибда юборади. Жавоб Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тегишли ёзма мурожаат келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилиши керак.

Давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси бўлиши зарур. Хулоса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тегишли ёзма мурожаат келиб тушган санадан эътиборан ўттиз кундан кечиктирмай қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектига юборилиши керак.


IV. ҚОНУНЛАР ЛОЙИҲАЛАРИНИ ҚОНУНЧИЛИК

ТАШАББУСИ ҲУҚУҚИ СУБЪЕКТЛАРИ

ТОМОНИДАН ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИГА

КИРИТИШ ТАРТИБИ

26-модда. Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи

субъектининг қонун лойиҳасини Қонунчилик

палатасига киритиш тўғрисидаги қарори

Қонун лойиҳаси тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленумида муҳокама этилади ва уни Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутати ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан якка тартибда қабул қилинади.

Бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан тайёрланган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарор ҳар бир қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан алоҳида қабул қилинади.

Қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг вакили кўрсатилади, у қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш чоғида иштирок этади. Қарорда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектининг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш чоғида маъруза билан сўзга чиқадиган вакили ҳам кўрсатилади (бундан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти шахсан сўзга чиқадиган ҳоллар мустасно).

Қонун лойиҳаси ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Қонунчилик палатасига давлат тилида киритилади. Бир вақтнинг ўзида уларнинг бошқа тиллардаги таржимаси тақдим этилиши мумкин.


27-модда. Қонунчилик палатасига киритилаётган

қонун лойиҳасига илова қилинадиган ҳужжатлар

Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилаётганда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши керак:

1) қонун лойиҳасининг концепцияси баён қилинган тушунтириш хати;

2) ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги, шунингдек қонун лойиҳаси киритилиши билан боғлиқ қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;

3) ўзгартирилиши, қўшимчалар киритилиши, ўз кучини йўқотган деб топилиши ёки қабул қилиниши керак бўлган қонуности ҳужжатларининг рўйхати;

3-1) халқаро ҳужжатларнинг ва чет эл мамлакатлари қонунчилигининг, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигининг тегишли қоидалари, Ўзбекистон Республикаси шароитида тегишли халқаро тажриба қўлланилишининг мақбуллиги тўғрисидаги асосли таклифлар кетма-кет тартибда кўрсатилган таҳлилий қиёсий жадвал;

4) моддий харажатлар талаб қилинадиган қонунлар лойиҳалари учун молиявий-иқтисодий асослар;

5) давлат даромадларини камайтириш ёки давлат харажатларини кўпайтиришни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети моддалари бўйича ўзгартиришларни назарда тутувчи қонунларнинг лойиҳалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хулосаси.

Қонун лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Қонунчилик палатасига киритилаётганда мазкур органларнинг қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига киритиш тўғрисидаги тегишли қарори тақдим этилиши керак.

Қонун лойиҳаси матнининг ҳамда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган материалларнинг нусхалари электрон шаклда тақдим этилиши керак.


28-модда. Қонунчилик палатасига киритилган

қонун лойиҳаси матнини қонунчилик ташаббуси

ҳуқуқи субъекти томонидан ўзгартириш

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Қонунчилик палатасига ўзи киритган қонун лойиҳаси матнини қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар ўзгартиришга ҳақли.


29-модда. Қонунчилик палатасига киритилган

қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи

субъекти томонидан чақириб олиш

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъекти Қонунчилик палатасига ўзи киритган қонун лойиҳасини мазкур лойиҳа биринчи ўқишда қабул қилингунига қадар чақириб олишга ҳақлидир. Агар қонун лойиҳаси бир нечта қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан киритилган ва мазкур субъектларнинг барчаси лойиҳани чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилган бўлса, қонун лойиҳаси чақириб олинган деб ҳисобланади.


30-модда. Қонун лойиҳасини Қонунчилик

палатасига қайта киритиш

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари Қонунчилик палатасининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда маромига етказилган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасига қайта киритишга ҳақли.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

31-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


32-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



"Халқ сўзи", 2006 йил 13 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 41-сон, 406-модда.


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2006 йил, 10-сон, 537-модда

















































Время: 0.2227
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск