язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Суғурта/ Давлат томонидан тартибга солиш ва назорат/ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.07.1998 й. 286-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 8 июлдаги

286-сон қарорига

2-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги

ҳузуридаги Суғурта назорати давлат

инспекцияси тўғрисида

НИЗОМ


1. Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта назорати давлат инспекцияси (кейинги ўринларда Давлат инспекцияси деб аталади) суғурта муносабатлари барча қатнашчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта ташкилотлари фаолияти устидан назоратни амалга оширувчи давлат органи ҳисобланади.


2. Давлат инспекцияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг қарорларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


3. Қуйидагилар Давлат инспекциясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

бажарилиши мажбурий бўлган тўлов лаёқати нормаларини ва уларни аниқлаш тартибини, алоҳида таваккалчиликлар бўйича суғурталовчиларнинг мажбуриятлари чекланган йўл қўйиладиган миқдорини ҳисоблаб чиқиш методикасини ҳамда мажбуриятларнинг жами миқдорини, суғурталовчиларнинг тўловга лаёқатлилиги бўйича ахборот бериш тартиби ва муддатларини белгилаш;

суғурта бозорининг профессионал қатнашчилари томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, тўловга лаёқатлиликнинг белгиланган нормативларини ва уларнинг молиявий барқарорлигига қўйиладиган бошқа талабларни таъминлаш;

суғурталовчилар томонидан суғурта заҳиралари маблағлари шакллантирилиши ва жойлаштирилиши бўйича ҳисобот юритиш тартибини, ҳисоботлар тузишни белгилаш;

суғурталовчининг ижро этувчи органи раҳбарига ва бош бухгалтерга қўйиладиган бажарилиши мажбурий бўлган малака талабларини белгилаш;

суғурталовчилар томонидан молиявий ҳисобот берилиши шакллари, тартиби ва муддатларини белгилаш;

суғурталовчилар томонидан суғурта заҳиралари ҳосил қилиш ва жойлаштириш тартиби ва шартларини белгилаш;

суғурталовчилар томонидан суғурта ҳодисалари бошланишининг олдини олиш ва огоҳлантириш бўйича тадбирлар маблағ билан таъминланиши тартиби ва шартларини белгилаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ суғурта бозори профессионал қатнашчиларининг фаолиятини текшириш ва аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суғурталовчилар ва суғурта брокерлари лицензиялари амал қилишини тўлиқ ёхуд суғуртанинг айрим турлари (даражалари)га нисбатан тўхтатиб туриш, шунингдек уларнинг амал қилишини тўхтатиш;

ҳар бир молиявий йил тамом бўлгандан кейин олти ой ўтгач суғурта фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича фаолият тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни, шунингдек молиявий йил мобайнида суғурта бозорининг фаолияти тўғрисидаги статистика маълумотларини эълон қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.

4. Давлат инспекцияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

суғурталовчилар томонидан суғурта фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига риоя қилинишини ва уларнинг ҳисоботлари ишончлилигини, шунингдек улар учун белгиланган тўловга лаёқатлилик кўрсаткичлари ва молиявий барқарорликнинг бошқа талаблари таъминланишини текшириш;

суғурталовчилар ва суғурта брокерларининг суғурта фаолиятини лицензиялаш;

ўз ваколатлари доирасида суғурталовчилар ишини методик таъминлаш;

суғуртанинг мажбурий турлари бўйича суғурта қилиш қоидалари (шартлари) ва суғурта тарифлари белгилаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

Давлат инспекцияси томонидан тасдиқланган пайтдан бошлаб суғурта муносабатларининг барча қатнашчилари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган суғурта фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича норматив ҳужжатлар ва методик материалларни ишлаб чиқиш;

суғурта фаолияти масалалари бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларни кўриб чиқиш учун вазирлик раҳбариятига киритиш;

суғурталовчилар тугатилган ва қайта ташкил этилган тақдирда суғурта қилдирувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш;

республикада суғурта фаолияти ривожланишининг ҳолати ва тенденцияларини таҳлил қилиш;

суғурта фаолияти бўйича мутахассисларни касбга тайёрлаш ва уларни қайта тайёрлашга доир тадбирларни амалга ошириш, суғурта фаолияти масалалари бўйича семинарлар ва конференциялар ташкил этиш;

оммавий ахборот воситалари орқали суғурта фаолияти масалалари бўйича ахборот-тушунтириш ишлари олиб бориш;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича фуқароларнинг таклифлари ва сўровларини кўриб чиқиш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш.

5. Давлат инспекцияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

суғурталовчилардан суғурта фаолияти тўғрисида белгиланган ҳисобот ва уларнинг молиявий аҳволи ҳақидаги ахборотни, шунингдек, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, банклардан (кичик ва ўрта корхоналар, микрофирмалар бундан мустасно), фуқаролардан ўзига юкланган функцияларини бажариш учун зарур бўлган ахборотни олиш;

суғурталовчилар томонидан суғурта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида суғурталовчилар фаолиятини текшириш, зарурат бўлса бунинг учун комиссиялар ва ишчи гуруҳлар ташкил этиш;

давлат ижро этувчи органларидан ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот ва статистика ҳисоботини текин олиш.


6. Давлат инспекциясига Ўзбекистон Республикаси Молия вазири томонидан тайинланадиган бошлиқ бошчилик қилади.

Давлат инспекцияси бошлиғи Давлат инспекциясига юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва инспекция толлонидан ўз функциялари амалга оширилиши учун шахсан жавоб беради.


7. Суғурта назоратини амалга ошириш бўйича ишларни ташкил этишнинг асосий масалалари ва Давлат инспекцияси фаолиятининг бошқа масалалари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.


8. Давлат инспекцияси ўз ишини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган режага мувофиқ ташкил этади.


9. Давлат инспекцияси ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.