ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Конституциялар ва кодекслар / Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси /

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодекси (ЎзР 25.04.1997 й. 409-I-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ЖИНОЯТ-ИЖРОИЯ КОДЕКСИ

УМУМИЙ ҚИСМ


I БЎЛИМ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Жиноят-ижроия қонунчилиги

Жиноят-ижроия қонунчилиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланади ҳамда ушбу Кодексдан, шунингдек унга мувофиқ қабул қилинадиган бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат бўлади.

Жиноят-ижроия қонун ҳужжатлари:

жиноий жазони, бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этиш принциплари, тартиби ва шартларини;

маҳкумларнинг ҳуқуқий мақомини;

маҳкумларни ахлоқан тузатиш воситалари ҳамда уларни қўллаш тартибини;

маҳкумларни жазони ўташдан озод қилиш тартибини;

жазони ижро этувчи муассаса ва органлар фаолияти тартибини;

маҳкумларни ахлоқан тузатишда давлат ҳокимияти ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхона, муассаса, ташкилотларнинг, жамоат бирлашмалари ва фуқароларнинг иштирокини белгилайди.



2-модда. Жиноят-ижроия қонунчилигининг вазифаси

Жиноят-ижроия қонунчилигининг вазифаси жазо ижросини таъминлаш, маҳкумларни ахлоқан тузатиш, жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.



3-модда. Жиноят-ижроия қонунчилигининг амал қилиши

Жиноят-ижроия қонунчилиги Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида қўлланилади.

Жазони ижро этиш ва маҳкумларни ахлоқан тузатиш воситалари амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ қўлланилади.


4-модда. Жиноят-ижроия қонунчилиги

ва халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар

Жиноят-ижроия қонунчилиги халқаро ҳуқуқнинг жазони ижро этиш ва маҳкумлар билан муомалада бўлишга тааллуқли принциплари ва нормаларини инобатга олади.

Жиноят-ижроия қонунчилигининг нормалари маҳкумларни қийноққа солиш ва бошқа ғайриинсоний ёки камситувчи муомала турларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги халқаро ҳужжатларга зид бўлиши мумкин эмас.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида жиноят-ижроия қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартноманинг қоидалари қўлланилади.


5-модда. Жазони ижро этиш асоси

Жазони ижро этиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими ёки қарори, шунингдек амнистия ёки авф акти асос бўлади.


6-модда. Жиноят-ижроия қонунчилининг принциплари

Жиноят-ижроия қонунчилиги қонунийлик, адолат, инсонпарварлик, демократизм, жазони ижро этишда дифференциация ва индивидуаллаштиришга риоя этиш, мажбурлов воситаларини оқилона қўллаш ва маҳкумларнинг қонунга итоаткор хулқ-атворини рағбатлантириш принципларига асосланади.



7-модда. Маҳкумни ахлоқан тузатиш.

Ахлоқан тузатишнинг асосий воситалари.

Маҳкумни ахлоқан тузатиш - унда қонунга итоаткор хулқ-атворни, инсонга, жамиятга, меҳнатга, жамият турмуши қоидалари ва анъаналарига ҳурмат муносабатини шакллантиришдан иборат.

Маҳкумни ахлоқан тузатишнинг асосий воситаларига жазони ижро этиш ва ўташнинг белгиланган тартиби (режими), ижтимоий-фойдали меҳнат, тарбиявий иш, умумий ва ҳунар таълими, касб тайёргарлиги ва жамоат таъсири киради.

Ахлоқан тузатиш воситалари жазо турини, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, шунингдек маҳкумнинг шахси ва хулқ-атворини инобатга олган ҳолда қўлланилади



2-БОБ. МАҲКУМЛАРНИНГ

ҲУҚУҚИЙ ҲОЛАТИ


8-модда. Маҳкумлар

ҳуқуқий ҳолатининг асослари

Маҳкумлар, ушбу Кодекс ва бошқа қонунларда белгиланган истисно ҳамда чеклашлар инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун назарда тутилган ҳуқуқлар, эркинликларга эга бўладилар ва мажбуриятларни бажарадилар. Маҳкум ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган ҳуқуқлар, эркинликларга эга бўлишлари ва мажбуриятларни бажаришлари мумкин.

Маҳкумларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ёхуд жазо турларининг қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари муайян жазо турини ижро этиш тартиби ва шартларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.


9-модда. Маҳкумларнинг

асосий ҳуқуқлари

Маҳкумлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида, ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ахборот олиш;

жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятига, бошқа давлат органлари ва жамоат бирлашмаларига ўз она тилида ёки бошқа тилда таклиф, ариза ва шикоятлар билан мурожаат этиш;

ўз таклиф, ариза ва шикоятларига мурожаат этилган тилда жавоб олиш. Мурожаат этилган тилда жавоб беришнинг иложи бўлмаган тақдирда жавоб Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида берилади. Жавобни интизомий қисмга жўнатиш ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс мурожаат этган тилга таржима қилиб бериш жазони ижро этувчи муассаса ёки орган томонидан таъминланади;

тушунтириш бериш ҳамда ёзишмалар олиб бориш, зарур ҳолларда таржимоннинг, шу жумладан сурдотаржимоннинг хизматидан фойдаланиш;

ўқув, бадиий ва бошқа хил ахборот материалларидан фойдаланиш;

соғлиғини сақлаш, шу жумладан, тиббий хулосага кўра амбулатория-поликлиника ва стационар шароитда тиббий ёрдам олиш;

об-ҳаво шароити йўл қўйса, ишдан бўш вақтида тоза ҳавода жисмоний машқлар билан шуғулланиш;

жазони ижро этиш муассасасининг психологик хизмат кўрсатиш ходимлари томонидан кўрсатиладиган психологик ёрдамни олиш. Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг психологик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиши фақат уларнинг розилиги билан амалга оширилади;

меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ хавфсиз меҳнат шароитига эга бўлиш, дам олиш, таътилга чиқиш, шунингдек меҳнатига ҳақ тўланиши;

ижтимоий таъминот, шу жумладан, қонунчиликка мувофиқ пенсия олиш.

Маҳкум ажнабий фуқаролар шунингдек ўз давлатларининг дипломатия ваколатхоналари ва консуллик муассасалари билан, Ўзбекистон Республикасида дипломатия ва консуллик муассасалари бўлмаган мамлакатларнинг фуқаролари эса, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган давлатнинг дипломатия ваколатхоналари билан алоқа қилиб туриш ҳуқуқига эга.

Ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловларида ҳамда референдумда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Маҳкумларнинг ҳуқуқларини рўёбга чиқариш тартиби ушбу Кодекс, бошқа қонунчилик билан белгиланади.


10-модда. Юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминлаш

Маҳкумлар адвокатлардан малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Жазони ва жиноят-ҳуқуқий таъсир кўрсатишнинг бошқа чораларини ижро этувчи муассасалар ҳамда органларнинг ваколатли мансабдор шахси суднинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорларини қайта кўриб чиқишда, шунингдек уларни ижро этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ иштирок этишини давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган маҳкумнинг илтимосига кўра таъминлаш чораларини кўриши шарт. Бошқа ҳолларда маҳкум давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш учун "Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида кўрсатилган махсус ваколатли давлат органига мурожаат қилиши мумкин.

Юридик ёрдам олиш учун адвокатлар билан холи учрашувлар маҳкумларга уларнинг аризасига ёки адвокатнинг илтимосномасига кўра берилади.

Адвокат билан учрашувни маҳкумнинг ўзи рад этганлиги сабабли адвокатнинг маҳкум юридик ёрдам олиши учун у билан учрашув берилиши тўғрисидаги илтимосномасини қаноатлантириш рад этилганлиги адвокат маҳкум билан холи суҳбатлашганидан кейин тасдиқланиши керак, бу ҳақда баённома тузилиб, у маҳкум, адвокат ва жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг вакили томонидан имзоланади.

Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлари ушбу Кодексда белгиланган учрашувлар сони ҳисобига кирмайди, бундай учрашувлар сони ва муддати чекланмайди.

Юридик ёрдам кўрсатилаётганда адвокат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг, прокурорнинг, суднинг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят бериш;

жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятидан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни сўраб олиш.

Маҳкумларнинг адвокатлар билан учрашувлар ўтказиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


11-модда. Маҳкумларнинг шахсий хавфсизлик ҳуқуқи

Маҳкум шахсий хавфсизлик ҳуқуқига эга.

Интизомий қисмга жўнатишга ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг шахсий хавфсизлигига таҳдид юзага келган тақдирда, у ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги ариза (хабар) билан жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг ҳар қандай ходимига оғзаки ёки ёзма равишда мурожаат қилишга ҳақли. Маҳкумнинг аризасини (хабарини) қабул қилган ходим зудлик билан уни жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг бошлиғига тақдим этади.

Маҳкумнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги аризаси (хабари) маҳкумларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш тўғрисидаги аризаларини (хабарларини) қайд этиш китобида жазони ижро этиш муассасасининг ёки органининг масъул шахси томонидан рўйхатдан ўтказилади.

Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи шахсий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги аризани (хабарни) олгандан сўнг маҳкумни хавфсиз жойга вақтинчалик жойлаштириши шарт.

Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи шахсий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги аризани (хабарни) кўриб чиқади ва маҳкумга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисида ёхуд уларни қўллашни рад этиш ҳақида уч сутка ичида қарор қабул қилади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда маҳкумга нисбатан хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор дарҳол қабул қилинади.

Маҳкум қабул қилинган қарор билан имзо қўйдириб таништирилади.

Хавфсизлик чораларини қўллаш тўғрисидаги ёки уларни қўллашни рад этиш ҳақидаги қарор устидан юқори турувчи органга, прокурорга ёки судга шикоят қилиниши мумкин. Шикоят берилган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида кўриб чиқилиши лозим.

Жазони ижро этиш муассасаси ёки органи бошлиғи маҳкумнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида "Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган хавфсизлик чораларини қўллайди.

Хавфсиз жойга ўтказилган маҳкум жазони бу ерга ўтказилгунига қадар белгиланган сақлаш шароитларида ўтайди.    




12-модда. Маҳкумларнинг виждон

эркинлигини таъминлаш

Маҳкумларга виждон эркинлиги кафолатланади. Улар ҳар қандай динга эътиқод қилишга ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликка ҳақли.

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган шахслар ҳузурига, уларнинг илтимосига кўра, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган диний бирлашмаларнинг руҳонийлари таклиф этилади. Маҳкумларга диний расм-русумларни адо этишга, ибодат учун керакли нарсалардан ва диний адабиётлардан фойдаланишга рухсат этилади.

Диний расм-русумларни адо этиш ихтиёрий бўлиб, бу нарса жазони ижро этувчи муассасанинг ички тартиб қоидаларини бузмаслиги, шунингдек бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситмаслиги лозим.


13-модда. Маҳкумларнинг

асосий мажбуриятлари

Маҳкумлар:

жазони ўташ тартиби ва шартларига риоя этишга;

жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмуриятининг қонунга асосланган талабларини бажаришга мажбурдирлар.

Маҳкумларнинг ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажармаслиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.


3-БОБ. ЖАЗОЛАРНИ ВА БОШҚА ЖИНОЯТ-ҲУҚУҚИЙ

ТАЪСИР ЧОРАЛАРИНИ ИЖРО ЭТУВЧИ

МУАССАСАЛАР ВА ОРГАНЛАР


14-модда. Жазоларни ижро

этувчи муассасалар ва органлар

Жарима тариқасидаги жазо Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан ижро этилади.

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, мажбурий жамоат ишлари, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш, озодликдан маҳрум қилиш ва умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси ички ишлар органлари томонидан ёки суд белгилайдиган бошқа орган томонидан ижро этилади. Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тўғрисидаги ҳукм талаби маҳкумнинг иш жойидаги маъмурият томонидан, шунингдек тегишли фаолият турлари билан шуғулланишга берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли органлар томонидан ижро этилади.

Ҳарбий хизматчиларга нисбатан:

хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазо - ҳарбий хизматчи хизматни ўтаётган жойдаги ҳарбий қисмларнинг (муассасаларнинг) қўмондонлиги томонидан;

интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазо - махсус ташкил этилган ҳарбий қисмлар томонидан ижро этилади.

Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тариқасидаги қўшимча жазо мазкур унвонни берган орган томонидан ижро этилади.


15-модда. Бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир

чораларини ижро этувчи муассасалар ва органлар

Шартли ҳукм қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат ички ишлар органлари, ҳарбий хизматчиларга нисбатан эса - улар хизматни ўтаётган жойдаги ҳарбий қисмлар (муассасалар) қўмондонлиги томонидан амалга оширилади.

Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари:

ижтимоий хавфли қилмиш содир этган руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан - соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан;

алкоголизмга, гиёҳвандликка ёки заҳарвандликка йўлиққан ёхуд руҳий ҳолати ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда бузилган маҳкумларга нисбатан - соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганда эса, жазони ижро этиш муассасаларининг даволаш-профилактика ёрдами кўрсатиш бўлимларида ҳамда маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган шифохонада.

Вояга етмаганларга нисбатан мажбурлов чоралари:

жабрланувчидан узр сўраш, етказилган зарарни тўлаш ёки бартараф этиш мажбуриятини юклаш - суд томонидан;

махсус ўқув-тарбия муассасасига жойлаштириш - халқ таълими органлари томонидан ижро этилади.


4-БОБ. ЖАЗОЛАРНИ ВА БОШҚА ЖИНОЯТ-ҲУҚУҚИЙ

ТАЪСИР ЧОРАЛАРИНИ ИЖРО ЭТУВЧИ МУАССАСАЛАР

ВА ОРГАНЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТЕКШИРИШ ҲАМДА

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


16-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув

органлари томонидан текшириш

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари жазоларни ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этувчи муассасалар ва органлар фаолиятини қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда текширадилар.    



17-модда. Прокурор назорати

Жазоларни ва бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этиш чоғида қонунларга риоя этилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар қонунда белгиланган тартибда амалга оширадилар.


18-модда. Жазони ўташ

жойларига кириш

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахслари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва бошқа шахслар жазони ижро этувчи муассасалар ва органларга кириш ҳуқуқига эга.

Шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшириш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ходимлари ўз ваколатлари доирасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганиш ҳамда таҳлил қилиш мақсадида жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз киришга, зарур ҳужжатлар билан танишишга ҳақли.

Жазони ижро этувчи муассасалар ва органларга кириш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Маҳкумларни кино-, фото-, видеотасвирга туширишга ва улардан интервью олишга уларнинг ёзма розилиги билан, шунингдек жазони ижро этувчи органнинг рухсатига асосан йўл қўйилади. Маҳкумларнинг хавфсизлигини ва қўриқланишини таъминловчи объектларни тасвирга олишга жазони ижро этувчи муассасанинг ёки органнинг рухсати билан йўл қўйилади.


МАХСУС ҚИСМ


II БЎЛИМ. ЖАРИМА, МУАЙЯН ҲУҚУҚДАН МАҲРУМ

ҚИЛИШ, МАЖБУРИЙ ЖАМОАТ ИШЛАРИ ВА АХЛОҚ

ТУЗАТИШ ИШЛАРИ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОЛАРНИ

ИЖРО ЭТИШ


5-БОБ. ЖАРИМА ТАРИҚАСИДАГИ

ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ


19-модда. Жазони ижро этиш тартиби

Жарима тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс жаримани ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ойлик муддат ичида ихтиёрий равишда тўлаши шарт. Маҳкум белгиланган муддатда жаримани ихтиёрий равишда тўламаган тақдирда, жарима давлат ижрочиси томонидан мажбурий тартибда ундириб олинади. Жаримани мажбурий ундириш ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган маҳкумга нисбатан қўлланилмайди.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган жиноят содир этган ва жарима тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс ҳукм қонуний кучга кирган кундан бошлаб олти ойлик муддат ичида жаримани ихтиёрий равишда тўлаши шарт.

Агар белгиланган муддатда жаримани тўлиқ миқдорда тўлашга маҳкумнинг имкони бўлмаса, суд унинг илтимосномасига кўра ҳукмнинг ижросини Жиноят-процессуал кодексининг 533-моддасида белгиланган тартибда кечиктириши ёки жаримани бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этиши мумкин.


20-модда. Жаримани тўлашдан

бўйин товлаш оқибатлари

Маҳкумнинг жаримани тўлашдан бўйин товлаши бу жазони Жиноят кодексининг 44 ва 82-моддаларида назарда тутилган тартибда ва доирада бошқа жазо билан алмаштиришга сабаб бўлади.


6-БОБ. МУАЙЯН ҲУҚУҚДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ


21-модда. Жазони ижро этиш тартиби

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ижроси маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога қўшимча равишда тайинланган муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг ижроси асосий жазони ижро этувчи орган томонидан амалга оширилади.


22-модда. Жазоларни ижро этиш

инспекциясининг мажбуриятлари

Ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси:

муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган маҳкумларни рўйхатга олади;

маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятига ва (ёки) муайян фаолият тури билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли органга ҳукм талабларини ижро этиш тўғрисида хабарнома юборади;

маҳкумнинг ҳукмда кўрсатилган тақиқларга риоя этишини текширади;

маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти, шунингдек муайян фаолият тури билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли органлар томонидан ҳукм талаблари қандай бажарилаётганлигини текширади.

Маҳкум ҳарбий ёки муқобил хизматга чақирилган ёхуд кирган тақдирда инспекция ҳукмнинг нусхасини мудофаа ишлари бўлимига ёки маҳкум хизматни ўтаётган жойга юборади.


23-модда. Корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятининг

ҳукмни ижро этиш борасидаги мажбуриятлари

Маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти жазоларни ижро этиш инспекциясидан хабарнома олган кундан бошлаб уч кун ичида қуйидагиларни амалга оширишга мажбур:

маҳкум эгаллаш ва шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган лавозимдан ёки меҳнат фаолияти туридан уни озод қилиш;

жазоларни ижро этиш инспекциясига ҳукм талаблари ижро этилганлиги тўғрисида, тегишли ҳужжатларни илова этган ҳолда, хабар йўллаш;

маҳкум бошқа ишга ўтказилган ёки у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, бу ҳақда жазоларни ижро этиш инспекциясига хабар қилиш.


24-модда. Муайян фаолият тури билан шуғулланиш

учун берилган рухсатномани бекор қилишга

ваколатли органнинг мажбуриятлари

Муайян фаолият тури билан шуғулланиш учун берилган рухсатномани бекор қилишга ваколатли орган жазоларни ижро этиш инспекциясидан хабарнома олган кундан бошлаб уч кун ичида маҳкум шуғулланиши тақиқланган фаолият тури учун берилган рухсатномани бекор қилиб, тегишли ҳужжатни олиб қўйишга ва бу ҳақда инспекцияга хабар йўллашга мажбур.


25-модда. Маҳкумнинг мажбуриятлари

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс ҳукм талабларини бажаришга, жазоларни ижро этиш инспекциясига мазкур жазони ўташ билан боғлиқ ҳужжатларни тақдим этишга, яшаш ва иш жойидаги ўзгаришлар ёки меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида инспекцияни хабардор қилишга, чақирувга биноан инспекцияда ҳозир бўлишга мажбур. Маҳкум ҳозир бўлмаган тақдирда у белгиланган тартибда мажбуран келтирилиши мумкин.

6-1-БОБ. МАЖБУРИЙ ЖАМОАТ ИШЛАРИ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ ВА ЎТАШ

25-1-модда. Жазони ижро этиш тартиби ва шартлари

Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазони ижро этиш маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади. Маҳкум мажбурий жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойлар (объектлар) ва мажбурий жамоат ишларининг турлари жазоларни ижро этиш инспекциялари томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг таклифига кўра белгиланади.

Мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахс жазони ўташга суднинг ҳукм қонуний кучга кирганлиги ҳақидаги хабарномаси жазоларни ижро этиш инспекциясига келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жалб қилинади.

Маҳкумга асосий иш жойидан навбатдаги ҳар йилги меҳнат таътилининг берилиши мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазонинг ижросини тўхтатиб турмайди.

Маҳкум мажбурий жамоат ишларини ўташи даврида Жиноят кодекси 75-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар юзага келган тақдирда, жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан судга маҳкумни жазони ўташдан озод қилиш тўғрисида тақдимнома юборилади.

Мажбурий жамоат ишлари бепул асосда бажарилади.

Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазонинг ижросини ташкил этиш тартиби ва мажбурий жамоат ишлари турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

25-2-модда. Жазоларни ижро этиш

инспекциясининг мажбуриятлари

Жазоларни ижро этиш инспекцияси:

маҳкумларнинг ҳисобини юритиши;

маҳкумларга жазони ўташ тартиби ва шартларини тушунтириши;

маҳкум томонидан жазони ўташ шартларига риоя этилишини назорат қилиши;

мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахслар жазони ўтайдиган жойда (объектда) ташкилотлар (органлар) томонидан ҳукм талабларининг бажарилишини назорат қилиши;

маҳкумлар ишлаган вақт ҳисобини юритиши ва ташкилотларнинг (органларнинг) мажбурий жамоат ишлари ўталадиган жойлар (объектлар) бўйича маҳкумлар ишлаган вақт ҳисобга олиниши тўғрисидаги маълумотларни солиштириб чиқишни вақти-вақти билан амалга ошириши шарт.

25-3-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият

органларининг мажбуриятлари

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари:

жазоларни ижро этиш инспекциясига маҳкумлар мажбурий жамоат ишларини ўташи мумкин бўлган жойларнинг (объектларнинг) рўйхатини ва мажбурий жамоат ишларининг турларини келишув учун тақдим этади;

маҳкумлар томонидан мажбурий жамоат ишларини ўташ учун зарур шароитлар ташкил этилишини таъминлайди;

мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахсларнинг меҳнатини қўллаш самарадорлигини ўрганади.

25-4-модда. Ташкилот (орган) маъмуриятининг

ҳукмни ижро этиш борасидаги мажбуриятлари

Маҳкумлар томонидан мажбурий жамоат ишлари ўталадиган жойдаги (объектдаги) ташкилотнинг (органнинг) маъмурияти:

мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахслар томонидан бажариладиган ишларни ташкил этиши;

ишларни бажариш учун тегишли шароитларни таъминлаши;

маҳкумларни жазони ўташ соатларига мос бўлган иш ҳажми билан таъминлаши;

маҳкумлар томонидан ўзлари учун белгиланган ишларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириши;

жазоларни ижро этиш инспекциясига маҳкумлар томонидан ишлаб берилган соатлар миқдори, улар бажарган ишларнинг сифати ва маҳкумларнинг хулқ-атвори ҳақида маълумотлар тақдим этиши;

маҳкумлар мажбурий жамоат ишларини бажариш билан боғлиқ ҳолда майиб бўлган тақдирда, уларга қонунчиликда белгиланган тартибда зарарнинг ўрнини қоплаш чораларини кўриши шарт.

25-5-модда. Мажбурий жамоат ишларига ҳукм

қилинган шахснинг мажбуриятлари

Мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахс:

суднинг ҳукми, ажрими ёки қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўн кун ичида яшаш жойидаги жазоларни ижро этиш инспекциясида ҳисобга туриши;

мажбурий жамоат ишларини бажариш ва ўташ шартларига риоя этиши;

ўзи учун белгиланган жойда (объектда) ишлаши ҳамда мажбурий жамоат ишларининг белгиланган муддатлари ва ҳажмларини ишлаб бериши;

мажбурий жамоат ишларини ўташ жойидаги (объектидаги) ташкилотнинг (органнинг) ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиши, меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши;

яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида жазоларни ижро этиш инспекциясини хабардор қилиши, шунингдек унинг чақирувига биноан етиб келиши шарт.

25-6-модда. Жазо муддатини ҳисоблаш

Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазо муддати маҳкум мажбурий жамоат ишларини ўташи мобайнидаги соатлар билан ҳисобланади.

Мажбурий жамоат ишлари вақти дам олиш кунлари ва маҳкум ўқишда ёки асосий ишда банд бўлмаган кунлари тўрт соатдан, иш кунлари, ўқув дарслари (машғулотлар) ўтказиладиган кунлари эса, иш ёки ўқишдан олдин ёки кейин икки соатдан, маҳкумнинг илтимосига кўра эса, тўрт соатдан ошмаслиги лозим. Маҳкум ўтайдиган мажбурий жамоат ишларининг вақти, қоида тариқасида, ҳафтасига ўн икки соатдан кам бўлмаслиги лозим.

Вояга етмаган маҳкум томонидан ўталадиган мажбурий жамоат ишлари вақти дам олиш кунлари ва маҳкум ўқишда ёхуд асосий ишда банд бўлмаган кунлари уч соатдан, иш кунлари, ўқув дарслари (машғулотлар) ўтказиладиган кунлари эса, икки соатдан, бироқ ҳафтасига уч кундан ошмаслиги лозим.

Маҳкумга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар юзага келган тақдирда, жазоларни ижро этиш инспекцияси маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда маҳкумга ҳафта ёки ой мобайнида мажбурий жамоат ишлари соатларининг камроқ миқдорини ишлаб бериш учун рухсат этишга ҳақли.

25-7-модда. Жазони ўташ тартиби ва шартларини

бузиш оқибатлари

Мажбурий жамоат ишларига ҳукм қилинган шахс жазони ўташ тартиби ва шартларини бузганлиги учун жазоларни ижро этиш инспекцияси уни қоидабузарлик оқибатлари ҳақида қонунчиликка мувофиқ ёзма шаклда огоҳлантиради.

Мажбурий жамоат ишларини ўташдан бўйин товлаган маҳкумга нисбатан жазоларни ижро этиш инспекцияси Жиноят кодексининг 45-1 ёки 82-1-моддаларига мувофиқ мажбурий жамоат ишларини жазонинг бошқа тури билан алмаштириш тўғрисида судга тақдимнома юборади.

25-8-модда. Мажбурий жамоат ишларини

ўташдан бўйин товлаш

Қуйидагилар мажбурий жамоат ишларини ўташдан бўйин товловчилар деб эътироф этилади:

ўн кун ичида ҳисобга турмаган, шунингдек жазони ўташдан бўйин товлаш мақсадида яширинган маҳкум;

ёзма огоҳлантириш олганидан сўнг, ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлмаса-да, мажбурий жамоат ишларида бир ой давомида икки мартадан кўп иштирок этмаган маҳкум;

ёзма огоҳлантириш олганидан сўнг мажбурий жамоат ишларини ўташ жойидаги (объектидаги) ташкилотнинг ички меҳнат тартиби қоидаларини бир ой давомида уч мартадан кўп бузган маҳкум.

Жазони ўташдан бўйин товлаётган маҳкумнинг турган жойи номаълум бўлган тақдирда, унга нисбатан қидирув эълон қилинади.



7-БОБ. АХЛОҚ ТУЗАТИШ ИШЛАРИ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ


26-модда. Жазони ижро этиш тартиби

Ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо ижроси маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Маҳкум доимий яшаш жойига эга бўлмаган тақдирда ҳукмнинг ижроси ҳукм чиқарилган жойдаги жазоларни ижро этиш инспекцияси зиммасига юкланади.

Ахлоқ тузатиш ишлари корхоналарда, муассасаларда ва ташкилотларда ўталади.

Жазони ўз иш жойида ўташ шарти билан ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар судлангунга қадар ўзлари ишлаган корхона, муассаса ёки ташкилотда меҳнат фаолиятини давом эттираверадилар.

Жазони бошқа жойларда ўташ шарти билан ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар жазоларни ижро этиш инспекцияси белгилаб берадиган корхона, муассаса ва ташкилотларга юборилади. Вояга етмаган маҳкумлар яшаш жойидаги корхона, муассаса ва ташкилотларга юборилади.


27-модда. Жазоларни ижро этиш

инспекциясининг мажбуриятлари

Ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси:

ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларни рўйхатга олади;

маҳкумга жазони ўташнинг тартиби ва шартларини тушунтиради;

бошқа жойларда ўталадиган ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларни ишга жўнатади;

маҳкумлар томонидан жазони ўташ шартларига риоя этилишини текширади;

маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса ва ташкилот маъмурияти томонидан ҳукм талаблари ижро этилишини текширади;

маҳкумни қидириб топиш юзасидан дастлабки тадбирларни ўтказади, зарур материалларни тайёрлайди ва тегишли хизматга оширади;

ахлоқ тузатиш ишларини бошқа жойларда ўтаётган шахслар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш учун рухсатнома бериш масаласини кўриб чиқади.


28-модда. Корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятининг

ҳукмни ижро этиш борасидаги мажбуриятлари

Маҳкум ишлайдиган корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти қуйидагиларга мажбур:

маҳкумнинг иш ҳақидан тўғри ва ўз вақтида чегириб қолинишини ҳамда чегириб қолинган сумма давлат фойдасига ўтказилишини таъминлаш;

маҳкумга нисбатан қўлланилган рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари ҳақида, унинг жазони ўташдан бўйин товлаётгани, бошқа ишга ўтказилганлиги ёки у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида жазоларни ижро этиш инспекциясини хабардор этиш.



29-модда. Маҳкумнинг мажбуриятлари

Ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс ҳукм талабларини бажаришга, жазоларни ижро этиш инспекциясига мазкур жазони ўташ билан боғлиқ ҳужжатларни тақдим этишга, яшаш ва иш жойидаги ўзгаришлар ёки меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақида инспекцияни хабардор қилишга, чақирувга биноан инспекцияда ҳозир бўлишга мажбур. Маҳкум ҳозир бўлмаган тақдирда у белгиланган тартибда мажбуран келтирилиши мумкин.

Жазоларни ижро этиш инспекцияси белгилайдиган жойларда жазони ўташ муддати мобайнида инспекциянинг ёзма рухсатисиз меҳнат шартномасини маҳкумнинг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади. Инспекция рухсатнома беришни рад этган тақдирда юқори мансабдор шахсга ёки судга шикоят қилиш мумкин.



30-модда. Жазо муддатини ҳисоблаш

Ахлоқ тузатиш ишлари муддати маҳкум ишлаган ва унинг иш ҳақидан ушлаб қолинган давр мобайнидаги йиллар, ойлар ва кунлар билан ҳисобланади. Маҳкум ишлаб берган кунлар миқдори суд томонидан белгиланган жазо муддатининг ҳар ойига тўғри келадиган иш кунлари миқдоридан кам бўлмаслиги керак. Агар маҳкум ана шу миқдордаги иш кунларини ишлаб бермаган бўлса ва ишланмаган кунларни жазо муддатига қўшиб ҳисоблаш учун ушбу Кодексда белгилаб қўйилган асослар бўлмаса, ахлоқ тузатиш ишларини ўташ маҳкум белгиланган иш кунлари миқдорини тўлиқ ишлаб бергунига қадар давом этади.

Иш вақти жамлаб ҳисобга олинадиган корхона, муассаса ва ташкилотларда ишлаётган маҳкумларнинг жазони ўташ муддати иш соатларининг нормал миқдорига амал қилинган ҳолда, ҳисобга олинадиган даврдаги иш вақти муддатидан келиб чиқиб ҳисобланади.

Жазони ўташ муддати корхона, муассаса, ташкилот маъмурияти жазоларни ижро этиш инспекциясидан хабарнома олган кундан, бошқа жойларда ўталадиган ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахслар учун эса - улар жазони ўташ учун юборилган корхона, муассаса, ташкилотда иш бошлаган кундан бошланади.

Маҳкум ишламаган, аммо қонунга мувофиқ унинг иш ҳақи сақланиб турган вақт, шунингдек маҳкум ишсиз деб топилган вақт ахлоқ тузатиш ишларини ўташ муддатига қўшиб ҳисобланади.

Жазони ўташ муддатига қуйидагилар қўшиб ҳисобланмайди:

қонунчиликка мувофиқ вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланмайдиган касаллик вақти;

қамоқ тариқасидаги маъмурий жазони ўташ вақти, бошқа жиноят содир этганлиги муносабати билан қамоқда сақланган вақт.


31-модда. Маҳкумнинг иш ҳақидан

чегириб қолиш тартиби

Ҳукмда назарда тутилган чегирма маҳкумнинг асосий иш жойидаги иш ҳақининг барча туридан, ҳар бир ишланган ой учун маош тўлаш чоғида, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.    


32-модда. Ахлоқ тузатиш ишларини ўташдан

бўйин товлаш оқибатлари

Маҳкум ахлоқ тузатиш ишларини ўташдан бўйин товлаган тақдирда жазоларни ижро этиш инспекцияси ўталмаган муддатни озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан алмаштириш ҳақида Жиноят кодексининг 46 ва 83-моддаларида назарда тутилган тартибда судга тақдимнома киритади.


III БЎЛИМ. ОЗОДЛИКНИ ЧЕКЛАШ ТАРИҚАСИДАГИ

ЖАЗОЛАРНИ ИЖРО ЭТИШ


8-1-БОБ. ОЗОДЛИКНИ ЧЕКЛАШ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ

44-1-модда. Жазони ижро этиш тартиби

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ижро этиш маҳкумнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан ёки суд белгилайдиган, маҳкумларнинг суд белгилаган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши устидан назоратни амалга оширадиган бошқа орган томонидан амалга оширилади.

44-2-модда. Озодликни чеклаш муддатини ҳисоблаш

Озодликни чеклаш муддати маҳкум жазоларни ижро этиш инспекцияларида ҳисобга қўйилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Маҳкум узрли сабабларсиз ўзбошимчалик билан яшаш жойида бўлмаган вақти озодликни чеклаш муддатига қўшиб ҳисобланмайди.

44-3-модда. Озодликни чеклаш тариқасидаги

жазони ўташ тартиби

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс суд томонидан белгиланган тақиқларга (чеклашларга) риоя этиши, шунингдек ўзининг жазони ўташи билан боғлиқ масалалар бўйича оғзаки ёки ёзма тушунтиришлар бериш учун чақирув бўйича жазоларни ижро этиш инспекциясига келиши шарт.

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахсга нисбатан электрон кузатув воситалари қўлланилиши мумкин.

Муайян вақтда яшаш жойидан кетишга, тегишли маъмурий ҳудуд доирасида жойлашган маълум жойларга боришга ёхуд тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиш учун рухсатнома, шунингдек яшаш жойини ўзгартириш учун рухсатнома жазоларни ижро этиш инспекцияси томонидан берилади. Қарор тақиқларнинг (чеклашларнинг) хусусиятидан, маҳкумнинг шахсидан, унинг хулқ-атворидан, тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигидан келиб чиқиб, алоҳида ҳолларда қабул қилинади.

Уй-жойидан чиқиб кетишига бутунлай тақиқ белгиланган маҳкумнинг доимий яшаш жойидан кетиши учун рухсат номага, маҳкумнинг тегишли маъмурий ҳудуд доирасидан чиқиши учун рухсатномага, шунингдек маҳкумнинг яшаш жойини ўзгартириши учун рухсатномага прокурор томонидан санкция берилади.

Агар озодликни чеклаш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахс жазони ўташ даврида ўзининг жиноий қилмишларини англаб етган, тузалиш йўлига қатъий ўтган, етказган моддий ва маънавий зарарининг ўрнини қоплаган бўлса, жазоларни ижро этиш инспекцияси илгари маҳкумга белгиланган тақиқларни (чеклашларни) тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисида судга тақдимнома киритади.

44-4-модда. Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташ

тартиби ва шартларини бузганлик учун жавобгарлик

Озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташ тартиби ва шартлари маҳкум томонидан бузилганлиги учун жазоларни ижро этиш инспекцияси унга нисбатан огоҳлантириш тарзидаги интизомий жазо чорасини қўллайди.

Маҳкум озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, шунингдек суд томонидан ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаган тақдирда, жазоларни ижро этиш инспекцияси судга маҳкум учун озодликни чеклашнинг ўталмаган муддатини жазонинг бошқа турига алмаштириш ҳақида тақдимнома киритади.

Қуйидагилар озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товловчилар деб эътироф этилади:

а) ўзига нисбатан суд томонидан белгиланган тақиқларни (чеклашларни) бузишга йўл қўйиб бўлмаслиги тўғрисида огоҳлантириш тарзида интизомий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида жазони ўташ тартиби ва шартларини бузишга йўл қўйган маҳкум;

б) ўзига нисбатан техник назорат воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузган маҳкум;

в) яшаш жойидан яширинган, қаерда эканлиги уч суткадан ортиқ вақт ичида аниқланмаган маҳкум;

г) яшаш жойидаги жазоларни ижро этиш инспекциясига белгиланган муддатдан уч суткадан ортиқ вақт мобайнида келмаган маҳкум.

IV БЎЛИМ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ


I КИЧИК БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


9-БОБ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО

ЭТИШ МУАССАСАЛАРИ


45-модда. Жазони ижро этиш

муассасаларининг турлари

Озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо ижросини жазони ижро этиш муассасалари амалга оширади.

Жазони ижро этиш муассасалари жумласига қуйидагилар киради:

жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан даволаш ҳуқуқи асосидаги колониялар;

тарбия колониялари;

турмалар;

маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар.

Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари вазифасини бажаради.

Жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларга бўлинади ҳамда вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Тарбия колониялари вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Турмалар вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.


46-модда. Манзил-колониялар

Манзил-колониялар қуйидагиларга бўлинади:

ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган унча оғир бўлмаган жиноятлар учун, шунингдек қасддан унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақланадиган манзил-колониялар;

умумий, қаттиқ тартибли колониялардан, шунингдек тарбия колонияларидан ўтказилган маҳкумлар сақланадиган манзил-колониялар.


47-модда. Умумий тартибли колониялар

Умумий тартибли колониялар қуйидагиларга бўлинади:

оғир жиноят содир этганлик учун биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган эркаклар сақланадиган колониялар;

ўта оғир жиноят содир этганлик учун биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган эркаклар сақланадиган колониялар;

оғир ёки ўта оғир жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган аёллар сақланадиган колониялар, ушбу Кодекснинг 48-моддасида кўрсатилган аёллар бундан мустасно.


48-модда. Қаттиқ тартибли колониялар

Қаттиқ тартибли колониялар қуйидагиларга бўлинади:

илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган ва қасддан жиноят содир этганлик учун яна судланган эркаклар сақланадиган колониялар;

илгари қасддан содир этилган жиноят учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаган ва ўта оғир жиноят содир этганлик учун яна судланган аёллар, шунингдек ўта хавфли рецидивист деб топилган аёллар сақланадиган колониялар.


49-модда. Махсус тартибли колониялар

Махсус тартибли колониялар озодликдан маҳрум қилиниб, ўта хавфли рецидивист деб топилган эркакларни, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Махсус тартибли колонияларда умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган эркаклар ҳам сақланади.


50-модда. Тарбия колониялари

Тарбия колониялари вояга етмай туриб жиноят содир этган маҳкумларни сақлашга мўлжалланган.



52-модда. Турмалар

Турмалар турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахсларни, шунингдек умумий ва қаттиқ тартибли колониялардан жазони ўташ тартибини ашаддий бузганлиги учун ўтказилган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган.


52-1-модда. Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар

Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналар бемор маҳкумларни сақлаш ва уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун мўлжаллангандир.

53-модда. Маҳкумларни тергов

ҳибсхонасида ёки турмада қолдириш

Қасддан содир этилган оғир жинояти учун биринчи марта саккиз йилгача ва саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар алоҳида ҳолларда, маҳкумнинг ёзма розилиги бўлган тақдирда, муассаса бошлиғининг қарорига биноан хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун тергов ҳибсхонаси ёки турмада қолдирилиши мумкин.

Хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун тергов ҳибсхонасида ёки турмада қолдирилган маҳкумлар жазони қулфлаб қўйилмайдиган умумий камераларда, бошқа шахслардан батамом ажратилган ҳолда, ушбу Кодекснинг 18-бобида назарда тутилган шароитларда ўтайдилар. Маҳкумларга узоқ муддатли учрашувга рухсат бериш имконияти бўлмаса, уларга битта узоқ муддатли учрашув ўрнига иккита қисқа муддатли учрашувга рухсат берилади.

Вояга етмаган шахслар, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек судлар ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органларининг собиқ ходимларига мансуб маҳкумлар хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилмайдилар.



10-БОБ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗО ИЖРОСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


54-модда. Маҳкумларни

жазони ўташ учун жўнатиш

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар тергов ҳибсхонасининг маъмурияти ҳукм қонуний кучга кирганлиги тўғрисида суд хабарномасини олган кундан бошлаб ўн кунлик муддат ичида жазони ўташ учун жўнатилади.

Ушбу муддат давомида маҳкум:

қариндошлари ёки бошқа шахслар билан бир марта қисқа муддатли учрашиш;

ўз шахсий маблағлари ҳисобидан тўланадиган, ўн беш дақиқа давом этадиган бир марта телефон орқали сўзлашиш ҳуқуқига эга.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар суд ҳукми билан белгиланган режимнинг турига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларига жўнатилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жўнатиш ушбу Кодекснинг 58-моддаси талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасасига жўнатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



55-модда. Маҳкумлар жазони ўташ учун жўнатилганлиги

ва етиб келганлиги тўғрисида хабар

Тергов ҳибсхонасининг маъмурияти маҳкум жазони ўташ учун жўнаб кетганлиги тўғрисида унинг оиласига уч кунлик муддат ичида хабар юбориши шарт.

Жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкум етиб келган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида бу ҳақда ҳукм чиқарган судни хабардор қилиши, шунингдек маҳкумнинг оиласига муассаса манзилини кўрсатиб ҳамда маҳкумнинг ёзишма олиб бориш, учрашув, посилка, йўқлов ва бандероллар олиш, телефон орқали сўзлашув ҳуқуқларини тушунтириб, хабарнома юбориши шарт.


56-модда. Маҳкумларни жазони ижро этиш

муассасаларига қабул қилиш тартиби

Маҳкумларни жазони ижро этиш муассасаларига қабул қилиш муассаса маъмурияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширилади.

Муассасага етиб келган маҳкумлар уларнинг шахсини ўрганиш ва шароитга мослашиб олишлари учун ўн беш суткагача муддатга, одатда, қабул бўлимига жойлаштирилади, манзил-колонияга келган ҳамда хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун тергов ҳибсхоналари ва турмаларда қолдирилган шахслар бундан мустасно.

Муассасага етиб келганларидан сўнг маҳкумларга жазони ўташ тартиби ва шартлари тўғрисида керакли ахборот берилади, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилади.



57-модда. Жазони битта муассасада ўташ

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс бутун жазо муддатини, одатда, битта муассасада ўтайди.

Маҳкумни бир колониядан айни шу турдаги бошқа колонияга жазони ўташни давом эттириш учун ўтказишга унинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида унинг розилигини олган ҳолда, шунингдек маҳкумнинг мазкур муассасада қолишига тўсқинлик қилувчи бошқа ҳолларда йўл қўйилади.

Маҳкум касал бўлиб қолган тақдирда уни колониядан ёки турмадан ихтисослашган даволаш муассасасига ўтказишга тиббий хулоса асосида йўл қўйилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ижро этувчи бир муассасадан бошқасига ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


58-модда. Маҳкумларни

ажратилган ҳолда сақлаш

Жазони ижро этиш муассасаларида эркаклар ва аёллар, вояга етмаганлар ва катта ёшлилар, озодликдан маҳрум этишга биринчи марта ҳукм қилинган шахслар ва илгари бу жазо турини ўтаган маҳкумлар алоҳида-алоҳида сақланади.

Қуйидагилар бошқа маҳкумлардан батамом ажратилиб, шунингдек алоҳида-алоҳида сақланади:

ўта хавфли рецидивистлар;

умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган маҳкумлар;

маҳкум ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

суд ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ ходимларига мансуб маҳкумлар;

турли юқумли касалликларга чалинган маҳкумлар.



59-модда. Турли тоифадаги

маҳкумларни бирга сақлаш ҳоллари

Даволаш ҳуқуқи асосидаги колонияларда ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда ҳар хил турдаги жазони ижро этиш муассасаларидан келган маҳкумларни бирга сақлашга рухсат этилади.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда муайян бир турдаги колонияларда озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони бошқа турдаги колонияда ўташи лозим бўлган маҳкумларни сақлаш учун батамом ажратиб қўйилган участка ташкил этишга йўл қўйилади.

Ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда маҳкумлар жазони суд белгилаган тартиб тури шароитида ўтайдилар.



60-модда. Маҳкумларни кўчириш

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни жазони ижро этувчи бир муассасадан бошқасига кўчириш ушбу Кодекснинг 58-моддаси талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар тергов қилинаётган шахслардан алоҳида кўчирилади.

Ҳомиласи йигирма тўрт ҳафталикдан ошган ёки уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар бошқа маҳкумлардан алоҳида кўчирилади.

Маҳкум беморлар, ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёллар, зарурат бўлганда, тиббий ходимлар кузатувида кўчирилади.

Маҳкумларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларни бошқа ҳолларда ҳам ажратилган тарзда кўчиришга йўл қўйилади.

Кўчириш чоғида маҳкумлар зарур моддий-маиший ва санитария-гигиена шароитлари билан таъминланади, уларга мавсумий кийим ва пойабзал, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари берилади.

Маҳкумларни кўчириш давлат ҳисобидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланган тартибда соқчи кузатувида амалга оширилади.

Жазони ўташ жойига бораётган ёки бир жазони ижро этиш муассасасидан бошқа жазони ижро этиш муассасасига кўчирилаётган маҳкумларни вақтинча сақлаш учун жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналари ҳузурида транзит-жўнатиш участкалари ташкил этилиши мумкин. Маҳкумлар транзит-жўнатиш участкаларида режимининг тури суд ҳукми билан белгиланган жазони ижро этиш муассасасида ўзининг жазони ўташига оид шартлар асосида, ушбу Кодекснинг 58-моддаси талабларига риоя этган ҳолда сақланади. Маҳкумларни транзит-жўнатиш участкаларида сақлашнинг энг кўп муддати кўпи билан 20 суткани ташкил этади.


61-модда. Маҳкумларни сақлаш

шароитининг ўзгартирилиши

Жазони ўташ даврида озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг сақлаш шароити бир муассаса доирасида ёки бошқа турдаги муассасага ўтказиш йўли билан енгиллаштирилиши ёхуд оғирлаштирилиши мумкин.

Маҳкумларни сақлаш шароити рағбатлантириш тарзида қуйидагича енгиллаштирилиши мумкин:

муассаса бошлиғининг қарорига биноан - ушбу Кодекснинг 102, 104-моддаларига мувофиқ;

суд томонидан - Жиноят-процессуал кодексининг 537-моддасига мувофиқ.

Маҳкумларни сақлаш шароити интизомий жазо тарзида қуйидагича оғирлаштирилиши мумкин:

муассаса бошлиғининг қарорига биноан - ушбу Кодекснинг 105, 106-моддаларига мувофиқ;

суд томонидан - Жиноят-процессуал Кодексининг 537-моддаси ва 542-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ.


11-БОБ. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ

МУАССАСАЛАРИДАГИ РЕЖИМ


62-модда. Режимнинг асосий талаблари

Жазони ижро этиш муассасаларида режим жазодан кўзланган мақсадга эришиш учун белгиланади.

Режим қуйидагиларни таъминлайди:

маҳкумларни батамом ажратиб қўйиш, уларни қўриқлаш ва назорат қилиб туришни;

маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш, шунингдек уларнинг ўз мажбуриятларини адо этишини;

муайян тоифадаги маҳкумларни алоҳида-алоҳида сақлашни;

муассаса турига қараб маҳкумларни ҳар хил шароитда сақлашни;

маҳкумларнинг ва муассаса ходимларининг хавфсизлигини.

Жазони ижро этиш муассасаларида режим Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган Ички тартиб қоидалари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.


63-модда. Маҳкумлар кийими

Жазони ижро этиш муассасаларида, манзил-колонияларни истисно этганда, маҳкумлар белгиланган намунада кийим киядилар. Кийимнинг кўриниши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Ички тартиб қоидаларида назарда тутилган ҳолларда маҳкумларга фуқаролик намунасидаги кийимдан фойдаланишга рухсат этилади.


64-модда. Маҳкумларни батамом

ажратиб қўйиш ва қўриқлаш

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни батамом ажратиб қўйиш ва қўриқлаш, шунингдек улар сақланадиган ва меҳнат қиладиган объектларни қўриқлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.    



65-модда. Назорат ва текширишнинг

техникавий воситалари

Озодликдан маҳрум этиш жойларидан қочиш ва бошқа жиноятларнинг, жазони ўташнинг белгиланган тартибини бузишларнинг олдини олиш, маҳкумлар хулқ-атвори тўғрисида зарур ахборот олиш учун жазони ижро этиш муассасаларида назорат ва текширишнинг аудиовизуал, электрон ва бошқа техникавий воситаларидан фойдаланилади.

Муассаса маъмурияти маҳкумларни назорат ва текширишнинг техникавий воситалари қўлланилаётганлигидан хабардор этиши шарт.

Назорат ва текширишнинг техникавий воситалари рўйхати, улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



66-модда. Маҳкумнинг

нарсалари ва буюмлари

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга ўз ёнида сақлашга рухсат этилган нарсалар ва буюмлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Маҳкумларнинг ёнидан топилган, фойдаланишга рухсат этилмаган нарсалар ва буюмлар муассаса бошлиғининг қарорига биноан олиб қўйилади ҳамда маҳкум озод бўлгунга қадар сақлаш учун топширилади ёки йўқ қилиб ташланади ёхуд давлат фойдасига ўтказилади ва бу ҳақда тегишли ҳужжат тузилади.

Нарсалар ва буюмларни давлат фойдасига ўтказиш тўғрисидаги қарор прокурор томонидан тасдиқланади.


67-модда. Тинтув ва кўздан кечириш

Озодлиқдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар, уларнинг буюмлари ва кийимлари, шунингдек жазони ижро этиш муассасаларининг объектлари ва хоналари тинтув қилиниши ҳамда кўздан кечирилиши мумкин. Шахсий тинтув маҳкум билан бир жинсда бўлган шахслар томонидан амалга оширилади.

Тайёрланаётган ёки содир этилаётган жиноятлар, тақиқланган нарсалар ва буюмлар сақланаётганлиги ҳақида ахборот келиб тушган ҳолларда, жазони ижро этиш муассасаларининг турар жойларини уларда маҳкумлар бўлганда тинтув қилишга йўл қўйилади.

Тинтув ўтказиш чоғида маҳкумларга нисбатан жисмоний куч ва махсус воситалар қўлланилиши тақиқланади, бундан маҳкумларнинг тинтувни амалга ошираётган ходимга, бошқа маҳкумларга ёки ўзга шахсларга нисбатан ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларининг, шунингдек маҳкумлар томонидан ўзига ўзи зарар етказишининг олдини олиш ҳоллари мустасно.   

Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ушбу муассасага ҳамда маҳкумлар ишлаётган объектларга кираётган ва чиқаётган шахсларнинг транспорт воситаларини, буюмлари ва кийимини кўздан кечиришга ҳақли, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тинтув қилиш ва кўздан кечириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


68-модда. Жазони ижро этиш

муассасаларида тезкор-қидирув фаолияти

Жазони ижро этиш муассасаларида тезкор-қидирув фаолияти: маҳкумлар, муассаса ходимлари ва бошқа шахслар хавфсизлигини таъминлаш; маҳкумлар мазкур муассасага етиб келгунга қадар содир этган жиноятларни аниқлаш ва фош этиш; жиноятларни ҳамда белгиланган сақлаш режимини бузиш ҳолларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш; жазони ижро этиш муассасаларида содир этилган жиноятларни фош этиш; озодликдан маҳрум этиш жойларидан қочган маҳкумларни қидириш; бошқа жиноятларни фош этишда ёрдам бериш мақсадида амалга оширилади.

Тезкор-қидирув фаолиятини жазони ижро этиш муассасаларининг тезкор хизматлар ходимлари, шунингдек бошқа ваколатли органлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширадилар.


69-модда. Маҳкумларга

нисбатан жисмоний куч ишлатиш

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар томонидан содир этилаётган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларни тўхтатиб қолиш мақсадида, шунингдек уларни ушлаш чоғида, агар бошқа усуллар билан муассаса маъмуриятининг қонуний талабларини таъминлашнинг иложи бўлмаса, маҳкумларга нисбатан жисмоний куч ишлатилиши мумкин.

Жисмоний куч ишлатилиши натижасида маҳкумнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган ҳар бир ҳолат тўғрисида прокурорга дарҳол хабар берилади.


69-1-модда. Маҳкум овқат ейишни рад

этганда қўлланиладиган чоралар

Маҳкумнинг овқат ейишни рад этганлиги факти аниқланганда муассаса бошлиғи ёхуд унинг ўрнини босувчи шахс бу ҳақда зудлик билан прокурорни хабардор қилади.

Овқат ейишни рад этадиган маҳкум имкон қадар бошқа маҳкумлардан алоҳида сақланади ва тиббиёт ходимининг кузатуви остида бўлади.

Овқат ейишни рад этган маҳкумнинг соғлиғини сақлаб туришга қаратилган мажбурлов йўсинидаги (сунъий ва мажбурий овқатлантириш тарзидаги) чоралар, агар унинг ҳаётига ёки соғлиғига хавф таҳдид солса, шифокорнинг ёзма хулосаси асосида ҳамда тиббиёт ходими ҳозирлигида амалга оширилади.

Маҳкумнинг овқат ейишни рад этганлиги уни бошқа жазони ижро этиш муассасаларига ўтказишга ёхуд тергов ҳаракатларида ва суд мажлисларида иштирок этиш учун бошқа ерга кўчиришга тўсқинлик қилмайди. Зарур ҳолларда, маҳкумни бошқа ерга кўчириш тиббиёт ходими кузатувида амалга оширилади.

Маҳкумлар овқат ейишни рад этганда қўлланиладиган мажбурлов йўсинидаги чораларни қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишган ҳолда белгиланади.

71-модда. Махсус воситаларни ишлатиш

Маҳкумларнинг ғайриҳуқуқий хатти-ҳаракатларини тўхтатиш, шунингдек ўзига ўзи зарар етказишининг олдини олиш мақсадида уларга нисбатан махсус воситалар ишлатилиши мумкин.

Махсус воситалар жумласига резина таёқлар, қўлкишанлар ёки бошқача боғлаш воситалари, хизмат итлари, кўздан ёш чиқарувчи моддалар, чалғитма таъсир кўрсатувчи нур-товуш мосламалари, тўсиқ-ғовларни бартараф этувчи воситалар, сув билан зарба берувчи ва зирҳли машиналар, иншоотларни очиш, транспортни мажбурий тўхтатиш мосламалари ҳамда қонунда назарда тутилган бошқа воситалар киради.

Махсус воситалар қуйидаги ҳолларда қўлланилади:

маҳкумларнинг муассаса маъмурияти вакилларига, бошқа маҳкумларга ва ўзга шахсларга ҳужумини даф этиш чоғида;

маҳкумлар томонидан содир этилган оммавий тартибсизликларни, жамоат тартибини гуруҳ бўлиб бузишларни тўхтатиш, муассаса маъмуриятига ашаддий бўйсунмаётган ёки қаршилик кўрсатаётган ҳуқуқбузарларни ушлаш чоғида;

гаровга олинганларни, маҳкумлар эгаллаб олган биноларни, иншоотларни, хоналарни ва транспорт воситаларини озод қилиш чоғида;

маҳкумларни қўриқлаб бориш ва қўриқлаб туриш чоғида - қочишнинг олдини олиш учун;

жазони ижро этиш муассасасидан қочган маҳкумларни ушлаш чоғида.

Махсус воситалар қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам қўлланилиши мумкин.

Махсус воситалар турлари, уларни ишлатиш интенсивлиги юзага келган вазият, ҳуқуқбузарлик хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг шахсини инобатга олган ҳолда белгиланади. Махсус воситаларни қўллаш маҳкумларга ва бошқа шахсларга мумкин қадар кам зарар келтириши лозим.

Ҳомиладорлик белгилари сезилиб турган аёлларга, ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахсларга ҳамда ёши аниқ кўриниб турган ёки маълум бўлган вояга етмаган шахсларга нисбатан махсус воситалар ишлатиш тақиқланади, улар томонидан қуролли қаршилик кўрсатилган ёки фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига таҳдид этиб, гуруҳ бўлиб ҳужум қилинган ҳоллар бундан мустасно.

Махсус воситаларни қўллаш натижасида маҳкумлар ва бошқа шахслар ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилган ҳар бир ҳодиса ҳақида дарҳол прокурорга хабар қилинади.


72-модда. Ўқотар қурол қўллаш асослари

Алоҳида ҳолларда, агар жиноятни бошқа воситалар билан тўхтатишнинг иложи бўлмаса, энг сўнгги чора сифатида ўқотар қурол қўллашга йўл қўйилади.

Ўқотар қурол қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

муассаса маъмурияти вакилларини, бошқа маҳкумларни ва ўзга шахсларни уларнинг ҳаёти ва соғлиғига аниқ таҳдид этувчи ҳужумдан ҳимоя қилиш, шунингдек қуролни қўлга киритиш мақсадида қилинган ҳужумни даф этиш чоғида;

гаровга олинганларни, маҳкумлар эгаллаб олган биноларни, иншоотларни, хоналарни ва транспорт воситаларини озод қилиш чоғида;

жазони ижро этиш муассасасининг қўриқланадиган объектларига, транспорт воситаларига гуруҳ бўлиб қилинган ёки қуролли ҳужумни даф этиш ёхуд маҳкумларни зўрлик билан озод қилишга уринишларни тўхтатиш чоғида;

озодликдан маҳрум этиш жойларидан қочаётган ёки қуролли қаршилик кўрсатаётган маҳкумни ушлаш чоғида;

маҳкумлар қочишда фойдаланаётган транспорт воситасини тўхтатиш чоғида.

Ўқотар қурол қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам қўлланилиши мумкин.


73-модда. Ўқотар қурол қўллаш тартиби

Ўқотар қуролни қўллашдан олдин қурол қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириш ва юқорига қараб огоҳлантирувчи ўқ отиш керак. Қуйидаги ҳолларда ўқотар қурол огоҳлантиришсиз қўлланилиши мумкин:

қўққисдан ҳужум қилинганда, қуролли ҳужумни ёки жанговар техника, транспорт воситалари, учиш аппаратлари, денгиз ва дарё кемаларидан фойдаланган ҳолда қилинган ҳужумни даф этишда, гаровга олинганларни озод қилишда, озодликдан маҳрум этиш жойларидан қурол билан, транспорт воситалари ёрдамида ёки юриб кетаётган транспорт воситаларида, тунда ёки кўриш чекланган шароитда қочилганда.

Ўқотар қурол қўлланилганда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун иложи борича барча чоралар кўрилиши зарур.

Ўқотар қурол қўлланилган ҳар бир ҳодиса ҳақида рапорт тузилади ва дарҳол прокурорга хабар қилинади.


74-модда. Жазони ижро этиш муассасаларида

алоҳида ҳолат жорий этиш

Табиий офат рўй берган, жазони ижро этиш муассасаси жойлашган ерда фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат жорий этилган тақдирда, уруш даври мобайнида, маҳкумлар томонидан гуруҳ бўлиб бўйсунмаслик, шунингдек оммавий тартибсизлик содир этилганда муассасаларда алоҳида ҳолат жорий этилиши мумкин.

Алоҳида ҳолат Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори билан келишилган ҳолда ўттиз суткагача бўлган муддатга жорий этилади. Алоҳида ҳолатнинг амал қилиш вақти алоҳида ҳолларда қўшимча равишда яна ўттиз суткагача узайтирилиши мумкин.

Алоҳида ҳолат амал қилиб турган даврда муассасаларда қўриқлаш ва назоратнинг кучайтирилган тури, объектларга киришнинг алоҳида тартиби жорий этилади, кун тартиби ўзгартирилиши, айрим хизматларнинг фаолияти чекланиши мумкин. Айни вақтда маҳкумларнинг айрим ҳуқуқлари чекланишига йўл қўйилади.



75-модда. Маҳкумларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари

ва энг зарур нарсаларни сотиб олиши

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ўз шахсий ҳисобварағидаги пул ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни пул ўтказиш йўли билан сотиб олишлари мумкин.

Сарфлашга рухсат этиладиган пул миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади.

Маҳкумлар енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказилганда, меҳнат нормаси ва меҳнат вазифаларини бажарганда, шунингдек байрам кунлари рағбатлантириш тарзида, маҳкумларга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3,6 фоизигача бўлган миқдорда қўшимча пул сарфлашга рухсат этилади.

Бир ой давомида сарфлашга рухсат этилган пулнинг умумий суммаси қуйидаги миқдорлардан ошмаслиги керак:

умумий тартибли колонияларда - белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,06 бараваридан;

қаттиқ тартибли колонияларда - белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 87,9 фоизидан;

махсус тартибли колонияларда - белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 70,3 фоизидан;

турмаларда - белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 52,7 фоизидан;

тарбия колонияларида, ихтисослаштирилган даволаш муассасаларида, шунингдек маҳкум биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ҳомиладор аёллар ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидаги болалар уйларида болалари бўлган аёллар учун - белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 120 фоизидан.

Ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган миқдордан ортиқча пулга маҳкумлар тиббий хулоса асосида қўшимча равишда озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек кийим ва пойабзал сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Муассаса бошлиғи янги келган маҳкумга озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 17,6 фоизигача, манзил-колонияларда эса 35,2 фоизигача бўлган суммада аванс беришга ҳақли.


76-модда. Маҳкумларнинг учрашувлари

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув ҳуқуқи берилади.

Маҳкумлар қариндошлари билан ёки муассаса бошлиғининг рухсатига асосан бошқа шахслар билан муддати тўрт соатгача бўлган қисқа муддатли учрашув олиши мумкин.

Маҳкумларга яқин қариндошлари (эр, хотин, ота-оналар, болалар, ўғил (қиз) қилиб олган шахслар, ўғил (қиз) қилиб олинган шахслар, ака-укалар, опа-сингиллар, бувалар, бувилар, неваралар) билан узоқ муддатли учрашув муассаса ҳудудида ёки ушбу Кодекснинг 114 ва 130-моддаларида назарда тутилган ҳолларда, муассаса ҳудудидан ташқарида улар билан бирга яшаш ҳуқуқи билан берилади.

Узоқ муддатли учрашув муддати қуйидагича белгиланади: муассаса ҳудудида - бир суткадан уч суткагача, муассаса ҳудудидан ташқарида эса - уч суткадан беш суткагача.

Қисқа муддатли ва узоқ муддатли учрашув миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади.

Юқумли касалликларга чалинган ва стационар даволанишда бўлган маҳкумларга учрашувлар шифокор рухсати билан берилади.

Учрашув учун берилган вақт мобайнида маҳкумлар ишдан озод этиб қўйилади, ана шу кунлар учун уларга иш ҳақи ёзилмайди.

Маҳкумнинг илтимосига кўра узоқ муддатли учрашув қисқа муддатли учрашувга ёки масофали видео-учрашувга ёхуд телефон орқали сўзлашувга, қисқа муддатли учрашув эса масофали видео-учрашувга ёки телефон орқали сўзлашувга алмаштирилади.

Маҳкумлар учун масофали видео-учрашувлар жазони ижро этиш муассасаси ва органи томонидан ташкил этилади. Масофали видео-учрашув ҳимояланган алоқа каналлари орқали видеоконференция тизими воситасида амалга оширилади.

Учрашувларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


77-модда. Маҳкумларнинг

телефон орқали сўзлашувлари

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинганларга телефон орқали сўзлашувлар ҳуқуқи берилади.

Умумий, қаттиқ, махсус тартибли колонияларда, тарбия колонияларида, турмаларда ва маҳкумлар учун ихтисослашган касалхоналарда жазони ўтаётган маҳкумларнинг телефон орқали сўзлашувлари муассаса маъмурияти назорати остида ўтказилади ҳамда уларнинг ҳақи маҳкумнинг шахсий ҳисобварағидан тўланади.

Телефон орқали сўзлашувлар миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади. Маҳкумнинг илтимосига кўра, маҳкум жазони ижро этиш муассасасига етиб келгандан кейин, шунингдек алоҳида ҳолларда унга қўшимча равишда телефон орқали сўзлашувга рухсат этилиши мумкин.

Интизомий бўлинмаларда сақланаётган маҳкумларга фақат алоҳида ҳолларда телефон орқали сўзлашувга рухсат этилиши мумкин.

Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумларнинг телефон орқали ўзаро сўзлашувлари тақиқланади.

Маҳкумларга телефон орқали сўзлашувга рухсат этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


78-модда. Маҳкумларнинг посилкалар, йўқловлар,

бандероллар ва пул жўнатмалари олиши ва юбориши

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазони ижро этиш муассасасига етиб келган кундан бошлаб посилка, йўқлов ва бандерол олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин. Посилка, йўқлов ва бандероллар кўздан кечирилади.

Битта посилка ёки бандеролнинг оғирлиги почта қоидаларида белгилаб қўйилган нормадан, йўқловнинг оғирлиги эса посилканинг белгиланган вазнидан ошиб кетиши мумкин эмас.

Олинадиган посилка, йўқлов ва бандеролларнинг миқдори жазони ижро этиш муассасасининг тартиб турига ҳамда маҳкум сақланаётган шароитга қараб белгиланади.

Ҳукм қилинган ҳомиладор аёлларнинг ва жазони ижро этиш муассасасидаги болалар уйида болалари бўлган аёлларнинг, шунингдек врач хулосасига кўра даволаниш ва кучли таомга муҳтож деб эътироф этилган беморларнинг, биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг тиббий хулосада белгиланадиган миқдорда ва хилларда қўшимча посилкалар, йўқловлар ва бандероллар олишига рухсат этилади.

Маҳкумлар чекланмаган миқдорда пул жўнатмалари олишлари ва юборишлари мумкин. Пул жўнатмалари маҳкумнинг шахсий ҳисобварағига келиб тушади. Маҳкумлар ўзларига яқин қариндош бўлмаган шахсларга, шунингдек корхона, муассаса ва ташкилотларга фақат жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг рухсати билан пул жўнатмалари юборишлари мумкин.

Маҳкумларнинг посилкалар, йўқловлар, бандероллар ва пул жўнатмаларини олиши ҳамда юбориши тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


79-модда. Маҳкумларнинг ёзишмалари

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар чекланмаган миқдорда хат ва телеграммалар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин.

Маҳкумларнинг хатлари ва бошқа жўнатмалари цензурадан ўтказилади, жазони манзил-колонияларда ўтаётган шахсларнинг хатлари ва бошқа жўнатмалари бундан мустасно.

Маҳкумларга хатларни топшириш ва уларнинг хатларини кўрсатилган манзилга жўнатиш муассаса маъмурияти томонидан хат келиб тушган ёки жўнатиш учун топширилган кундан бошлаб уч кунлик муддат ичида амалга оширилади. Телеграммалар эгаларига дарҳол топширилади ва жўнатилади.

Хатлар ва бошқа жўнатмалар олиш ҳамда юбориш, шунингдек уларни цензурадан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

Маҳкумларнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг номига юборилган мурожаатлари муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда йигирма тўрт соатдан кечиктирмай тегишли вакилга юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ҳамда аризачига дарҳол етказиб берилади.

Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган маҳкумлар ўртасида хат ёзишмалари фақат ўзаро қариндошлар ўртасида ва муассаса маъмуриятининг рухсати билан амалга оширилиши мумкин.

Прокурор ёки суд номига йўлланган таклиф, ариза ва шикоятлар кўздан кечирилмайди ҳамда бир суткалик муддат ичида тегишлилиги бўйича жўнатилади. Хавфсизлик чораларини қўллаш ҳақидаги ёки уларни қўллашни рад этиш тўғрисидаги қарорлар устидан шикоятлар тегишлилиги бўйича дарҳол жўнатилади.

79-1-модда. Озодликдан маҳрум этилган

маҳкумларнинг сайр қилиши

Жазони умумий, қаттиқ тартибли колониялар, тарбия колониялари қабул бўлинмаларининг камераларида, шунингдек махсус тартибли колонияларнинг камераларида ўтаётган озодликдан маҳрум этилган маҳкумлар, агар улар очиқ ҳавода ишлаётган бўлмаса, ҳар куни муддати икки соатлик сайр қилиш ҳуқуқига эга.

Сайр қилишнинг муддати жазони ижро этиш колонияларининг, тергов ҳибсхоналари ва турмаларнинг интизомий бўлинмаларида сақланаётган маҳкумлар учун ушбу Кодекснинг 109 ва 127-моддалари билан, жазони турмаларда ўтаётган маҳкумлар учун эса 123-моддаси билан белгиланади.

Маҳкумларнинг сайр қилиши махсус жиҳозланган сайр қилиш ҳовлиларида кундузги вақтда ўтказилади. Сайр қилиш, маҳкум жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларини бузган тақдирда, муддатидан илгари тугатилиши мумкин.


80-модда. Маҳкумларнинг адабиёт ва

ёзув ашёларини сотиб олиши ҳамда сақлаши

Маҳкумлар посилка, йўқлов ва бандеролларда ёзув ашёлари, адабиётлар олишлари, шунингдек уларни савдо шохобчалари орқали сотиб олишлари, чекланмаган миқдорда газета ва журналларга обуна бўлишлари мумкин.

Маҳкумларга урушни, миллий ва диний адоватни, зўрлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи нашрларни, шунингдек беҳаё нашрларни олиш, сотиб олиш, сақлаш ва тарқатиш тақиқланади.

Маҳкум савдо шохобчалари орқали сотиб олган адабиёт у олишга ҳақли бўлган посилка ва бандероллар сонига кирмайди.

Маҳкум ўз ёнида кўпи билан ўн нусха китоб ва журнал сақлаши мумкин. Мазкур миқдордан ортиқча адабиёт маҳкумнинг розилиги билан сақлаш учун топширилади, фойдаланиш учун кутубхонага берилади ёки унинг қариндошлари ва бошқа шахсларга жўнатилади.


81-модда. Маҳкумларнинг кинофильмлар ва

телекўрсатувлар кўриши, радиоэшиттиришлар эшитиши

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ишдан бўш соатларда, тунги дам олиш учун ажратилган вақтдан ташқари, кинофильмлар ва телекўрсатувлар кўриш, радио эшиттиришлар эшитиш ҳуқуқига эга.


82-модда. Маҳкумларнинг алоҳида ҳолларда

муассаса доирасидан четга чиқиши

Маҳкумларга алоҳида ҳоллар (яқин қариндошининг вафоти ёки ҳаёти учун хавфли бўлган оғир касаллиги, маҳкумга ёки унинг оиласига жиддий моддий зарар етказган воқеа) муносабати билан бориш-келиш учун кетадиган вақтни (тўрт суткагача) ҳисобга олмаган ҳолда, етти суткагача бўлган муддатга жазони ижро этиш муассасаси доирасидан четга чиқишга рухсат этилиши мумкин. Маҳкумларга Ўзбекистон Республикаси доирасида четга чиқишга рухсат этилади.

Маҳкумнинг четга чиқишга рухсат сўраб ёзган аризасини муассаса маъмурияти бир сутка ичида кўриб чиқади. Бу ҳақда маҳкумнинг шахси, хулқ-атвори, тасдиқловчи ҳужжатлар бор-йўқлигидан келиб чиқиб қарор қабул қилинади. Четга чиқишга бериладиган рухсатнома прокурор томонидан тасдиқланади.

Қуйидагиларга:

ўта хавфли рецидивистлар;

умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар;

ўта оғир жиноятлар учун ҳукм қилинган шахслар;

мажбурий даволанишдан ўтаётган ва юқумли касалликка чалинган маҳкумларга четга чиқишга рухсат берилмайди.

Четга чиқиш вақти жазони ўташ муддати ҳисобига қўшилади.

Четга чиқиш билан боғлиқ харажатлар маҳкум маблағлари ҳисобидан ёки бошқа шахслар томонидан тўланади.

Маҳкумнинг белгиланган муддатда жойига қайтиб келишини қийинлаштирувчи кутилмаган ҳоллар юз берган тақдирда у борган жойдаги ички ишлар органи бошлиғининг қарорига биноан қайтиш муддати, жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятини албатта огоҳлантирган ҳолда, беш суткагача узайтирилиши мумкин.

Маҳкум белгиланган муддатда жойига қайтишдан бўйин товлаган тақдирда у ички ишлар органи томонидан ушланади ва жазони ўташ жойига жўнатилади.

Маҳкумларнинг муассаса доирасидан четга чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.

12-БОБ. МАҲКУМЛАРНИНГ МОДДИЙ-МАИШИЙ

ТАЪМИНОТИ ВА УЛАРГА ТИББИЙ

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ


84-модда. Маҳкумларнинг яшаш жойи

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар сақлаш шароитига қараб умумий турар жойларда, хоналарда ёки камераларда яшайди, ушбу турар жойлар, хоналар ёки камералар белгиланган тартибда тасдиқланган санитария-гигиена ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келиши керак.

Бир маҳкумга тўғри келадиган яшаш майдони нормаси қуйидаги миқдордан кам бўлиши мумкин эмас:

умумий турар жойларда - икки квадрат метр;

тергов ҳибсхоналари ва турмаларнинг умумий камераларида - икки ярим квадрат метр;

аёллар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар вояга етмаганлар сақланадиган колониялардаги умумий турар жойларда - уч квадрат метр;

бемор маҳкумлар сақланадиган палаталарда - тўрт квадрат метр;

интизомий бўлинмаларнинг камераларида ҳамда соқчисиз ёки кузатувчисиз юриш ҳуқуқидан фойдаланаётган маҳкумлар яшаши учун, шунингдек жазони манзил-колонияларда ўтаётган шахслар учун мўлжалланган хона типидаги турар жойларда - тўрт ярим квадрат метр.

Маҳкумларга ётиш учун алоҳида жой, кўрпа-тўшак, чойшаб ва керакли инвентар берилади.

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланган бўлиши керак.


85-модда. Маҳкумларнинг овқати

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга организмнинг энергияга ва озуқавий моддаларга бўлган физиологик эҳтиёжини таъминлайдиган овқат қонунчиликда белгиланган тартибда республика бюджети ҳисобидан берилади, бундан манзил-колонияларда жазони ўтаётганлар мустасно.

Овқат нормаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан маҳкумларнинг соғлиғи ҳолатига, уларнинг ёши, бажараётган ишининг хусусияти ва оғирлигига қараб белгиланади. Маҳкумларга уларни ишга жалб этган корхона, муассаса ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан қўшимча овқат берилиши мумкин.

Маҳкум ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, вояга етмаганларга, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган овқат оширилган нормаларда белгиланади. Тиббий хулоса асосида уларга қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари олишга рухсат этилиши мумкин.

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган ҳомиладор аёлларга ва эмизикли оналарга ишдан озод этилган даврида республика бюджети ҳисобидан овқат берилади.

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, касаллиги туфайли ёки интизомий бўлинмага киритилиб ишдан озод қилинган маҳкумларга манзил-колонияларнинг корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳисобидан овқат берилиб, овқатнинг қиймати кейинчалик маҳкумларнинг ойлик иш ҳақидан ушлаб қолинади.


86-модда. Маҳкумларни

уст-бош билан таъминлаш

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм этилган шахслар, жазони манзил-колонияларда ўтаётган шахслар бундан мустасно, республика бюджети ҳисобидан белгиланган намунада кийим, мавсумга қараб, маҳкумнинг жинси ва иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда ички кийим ва пойабзал билан таъминланадилар.


87-модда. Маҳкумларнинг

тиббий-санитария таъминоти

Озодликдан маҳрум этиш жойларида даволаш-профилактика ёрдами ва санитария иши ҳамда эпидемияга қарши ишлар қонунчиликка мувофиқ ташкил этилади ва ўтказилади.

Маҳкумларга тиббий-санитария хизмати кўрсатиш учун стационарлари бор тиббий бўлимлар, сил касаллигига чалинган беморларни даволаш ва сақлаб туриш учун даволаш муассасаси ҳуқуқига эга бўлган колониялар, малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхоналар ташкил этилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс жазони ижро этиш муассасасига қабул қилиш чоғида, жазони ўташ пайтида вақти-вақти билан, бироқ олти ойда камида бир марта, шунингдек мурожаатларга кўра тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий текширувдан ўтказиш махфийлик шартлари асосида амалга оширилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс жазони ижро этиш муассасасига қабул қилинган пайтдан эътиборан ўн беш кун ичида у билан суҳбат ўтказилади, маҳкум жазони ижро этиш муассасасининг карантин хоналарида тиббий кўрикдан ва санитария-гигиена тадбирларидан ўтади.

Жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазони ижро этиш муассасасига қабул қилинаётганда ҳам, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлганда ҳам тиббиёт ходимлари ушбу шахсларнинг ёнига зудлик билан киришини таъминлаши керак.

Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлганда озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштирилади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, ихтисослаштирилган тиббий ёрдамга муҳтож бўлган шахслар даволаш муассасаси ҳуқуқига эга бўлган колонияларга ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган касалхоналарга юборилади, шунингдек улар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳудудий муассасаларига жойлаштирилиши мумкин.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс оғир касалликка чалинган тақдирда, жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкумнинг розилиги билан унинг яқин қариндошларига ёки озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг ўзи кўрсатган бошқа шахсларга бу ҳақда дарҳол хабар беради.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс оғир касалликка чалинган тақдирда, телефон орқали қўшимча сўзлашишга, шунингдек шифокорнинг рухсати билан қўшимча учрашувга рухсат берилади.

Маҳкумларга тиббий ёрдам кўрсатиш, уларга дори-дармон воситалари бериш, санитария назоратини ташкил этиш ва олиб бориш, даволаш-профилактика муассасаларидан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш органларининг тиббий ходимларини жалб этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг тиббий-санитария таъминоти республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Маҳкумлар шахсий ва умумий гигиена қоидаларига, санитария талабларига риоя этишлари шарт.


13-БОБ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШГА

ҲУКМ ҚИЛИНГАН ШАХСЛАР МЕҲНАТИ


88-модда. Маҳкумларни меҳнатга жалб этиш

Маҳкумларни меҳнатга жалб этишдан асосий мақсад уларда ижтимоий-фойдали фаолият билан шуғулланиш эҳтиёжини шакллантиришдан иборат.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жинси, ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат қобилияти ва иложи борича, ихтисослиги ҳисобга олинган ҳолда ишлаши керак. Маҳкумларнинг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан, ушбу Кодексда назарда тутилган истисно ва чеклашларни ҳисобга олган ҳолда, тартибга солинади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар, одатда, жазони ижро этиш муассасалари ва улар ташкилотларининг корхоналарида, айрим ҳолларда эса, керакли тарзда қўриқлаш ва батамом ажратиб қўйиш таъминланган тақдирда, бошқа корхоналарда меҳнатга жалб этилади. Маҳкумларнинг хусусий шахслар фойдасига меҳнат қилишига йўл қўйилмайди.

Олтмиш ёшдан ошган эркаклар, эллик беш ёшдан ошган аёллар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатга ўз хоҳишларига кўра жалб этиладилар.

Маҳкума аёллар ҳомиладорлик ва туғиш муносабати билан қонунчиликда белгиланган муддатга ишдан озод қилинадилар.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда бажариш тақиқланган ишларда аёл ва вояга етмаган маҳкумлар меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Маҳкумлардан фойдаланиш тақиқланган ишлар ва лавозимлар рўйхати қонунчилик ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

Маҳкумлар топширилган ишни ҳалол, виждонан бажаришга, меҳнат ва технология интизомига, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талабларга риоя этишлари шарт. Уларнинг меҳнатга оид ва бошқа низоларни ҳал этиш мақсадида ишни тўхтатиб қўйиши тақиқланади.



89-модда. Маҳкумларни иш билан таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

жазони ижро этиш муассасаларида ишлаб чиқариладиган муайян маҳсулот турлари учун буюртмаларни тақсимлайди;

ишлаб чиқариш корхоналарини моддий-техника билан таъминлаш чораларини кўради;

ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантиришни, ишлаб турган корхоналарни техника билан қайта жиҳозлаш ва реконструкция қилишни молиявий таъминлайди;

корхона, муассаса ва ташкилотларни маҳкумлар меҳнатидан фойдаланишга жалб этишга имкон яратиб беради;

корхона, муассаса ва ташкилотларда меҳнат қилаётган маҳкумларга ёзиладиган иш ҳақи миқдорини белгилаб беради.

Маҳкумларни иш билан таъминлаш жазони ижро этиш муассасаларида ёки улардан ташқарида иш ўринларини ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.



90-модда. Маҳкумларнинг иш вақти

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар учун меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб қўйилган иш вақтининг энг кўп нормасига риоя этган ҳолда, одатда, олти кунлик иш ҳафтаси белгиланади.

Маҳкумлар иш вақти режимини жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ишлаб чиқариш хусусиятига қараб белгилайди.

Маҳкумларни иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларида ишга жалб этишга ишлаб чиқариш зарурати бўлган тақдирда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб қўйилган иш вақтидан ташқари ишларнинг энг кўп муддатига риоя этган ҳолда йўл қўйилади.

Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилганда, маҳкумлар иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларида ёки тунги ишларга жалб этилган тақдирда меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда вояга етмаган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан белгиланган чеклашларга риоя этиш шарт.

Маҳкума ҳомиладор аёллар, шунингдек жазони ижро этиш муассасалари қошидаги болалар уйларида боласи бор аёллар иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларида ишга ёки иш вақти жамлаб ҳисобга олинадиган режимда ишлашга ўзларининг розилиги билан жалб этилиши мумкин. Мазкур шахслар тунги ишларга, уларнинг розилигини олган ҳолда ва тегишли тиббий хулоса бўлган тақдирда, жалб қилиниши мумкин.

Маҳкумларнинг иш вақтидан ташқари, дам олиш ва байрам (ишланмайдиган) кунларидаги ишлари учун икки ҳисса ҳақ тўланади.



91-модда. Маҳкумларнинг дам олиш вақти

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, меҳнатга жалб этилган маҳкумларга ҳар ҳафтада камида бир дам олиш куни берилади. Улар байрам (ишланмайдиган) кунларида ишдан озод қилинади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга ҳар йилги меҳнат таътили берилмайди, жазони манзил-колонияларда ўтаётганлар бундан мустасно.

Манзил-колониялардаги маҳкумлар муддати ўн беш иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга. Таътил ушбу Кодекснинг 82-моддасида белгиланган тартибда манзил-колония доирасидан четга чиқиш ҳуқуқи билан берилади. Маҳкум жазони ижро этиш колониясининг интизомий бўлинмаси турар жойларида сақланган вақт ҳақ тўланадиган ҳар йилги меҳнат таътили бериш учун зарур муддатга қўшиб ҳисобланмайди.


92-модда. Маҳкумлар

меҳнатига ҳақ тўлаш

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар меҳнатига меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ҳақ тўланади.

Меҳнат нормаларини ва меҳнат вазифаларини бажарган маҳкумлар меҳнатига тўланадиган ойлик ҳақ қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас.

Барча чегирмалардан қатъи назар, маҳкумлар шахсий ҳисобварағига уларга ёзилган иш ҳақининг камида йигирма беш фоизи, олтмиш ёшдан ошган эркакларнинг, эллик беш ёшдан ошган аёлларнинг, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг, ҳомиладор аёлларнинг ҳамда жазони ижро этиш муассасалари қошидаги болалар уйида боласи бор аёлларнинг, шунингдек манзил-колониялар ва тарбия колонияларидаги маҳкумларнинг ҳисобварағига эса, камида эллик фоизи ўтказиб қўйилади.


93-модда. Маҳкумларни меҳнат

ҳақи тўламай ишга жалб этиш

Маҳкумлар жазони ижро этиш муассасаларини ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, шунингдек маданий-маиший шароитни яхшилаш ишларигагина меҳнат ҳақи тўламай жалб этилиши мумкин.

Маҳкумлар меҳнат ҳақи тўланмайдиган ишга, одатда, навбатма-навбат, ишдан ташқари вақтда, ҳафтасига кўпи билан икки соатга жалб этилади.



94-модда. Маҳкумларнинг иш

ҳақидан чегириб қолиш

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг иш ҳақидан чегирмалар меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда, ушбу Кодексда назарда тутилган истисно ва чеклашлар билан, амалга оширилади.    


95-модда. Маҳкумларнинг

моддий жавобгарлиги

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар:

меҳнат вазифаларини адо этиш чоғида етказилган зарар учун - меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган миқдорда ва тартибда;

бошқа хатти-ҳаракатлар оқибатида етказилган зарар учун - фуқаролик қонунчиликда назарда тутилган миқдорда ва тартибда моддий жавобгар бўладилар.

Нотўғри чегирилган сумма маҳкумга қайтарилиб, унинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.



96-модда. Ижтимоий солиқни тўлаш

ва маҳкумларнинг пенсия таъминоти

Жазони ижро этиш муассасаларининг озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатлари ижтимоий солиқ бўйича солиқ солиш объектидир.

Ижтимоий солиқ тўланган давр озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади.

Муассаса маъмурияти маҳкумнинг жазони ўташи даврида солиқ тўланганлиги ҳақидаги маълумотномани:

маҳкум жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинишидан камида уч иш куни олдин Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига электрон тарзда юборади;

жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинаётганида маҳкумга қоғоз шаклида беради.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга тайинланган пенсияни тўлаш озодликдан маҳрум қилинган вақтда тўхтатиб турилади, бундан манзил-колонияларда жазони ўтаётган маҳкумлар мустасно.

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар пенсияни қонунчиликда белгиланган тартибда олиши мумкин.

Манзил-колонияларда жазони ўтаётган озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга пенсия тайинлаш ва тўлаш манзил-колония жойлашган ердаги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан тегишли пенсия суммаларини маҳкумларнинг шахсий ҳисобварақларига ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахслар қонунчиликка мувофиқ давлат пенсия таъминоти ҳуқуқига эга бўлади.


14-БОБ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШГА

ҲУКМ ҚИЛИНГАН ШАХСЛАРГА

ТАРБИЯВИЙ ТАЪСИР КЎРСАТИШ


97-модда. Маҳкумлар билан

тарбиявий иш олиб бориш

Тарбиявий иш озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни ахлоқан тузатишнинг асосий воситаларидан бири бўлиб, маҳкумларда қонун талабларига ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор қоидаларига риоя этишга, шунингдек билим ва маданий савиясини оширишга интилишни шакллантиришга қаратилган.

Жазони ижро этиш муассасаларида маънавий, ҳуқуқий, жисмоний ва бошқа тарбия олиб борилади.

Тарбиявий иш якка тартибда, гуруҳ билан ва оммавий шаклда олиб борилади.

Тарбиявий иш дифференциация асосида, муассаса турини, жазо муддатини ва сақлаш шароитини, шунингдек маҳкум шахсининг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади.

Маҳкумлар билан тарбиявий иш олиб боришда матбуот, радио, телевидение, кинофильмлардан, кутубхона ва бошқа воситалардан фойдаланилади.

Тарбиявий ишлар босқичма-босқич равишда қуйидагича амалга оширилади:

озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс жазони ижро этиш муассасасига келган вақтда унинг психологик қиёфасини, тузалиш йўлига ўтишга мойиллигини аниқлаган ҳолда уни дастлабки тарзда ўрганиш;

озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг онгини ўзгартириш бўйича тадбирлар ўтказиш, уларда содир этган жиноятидан пушаймон бўлиш ҳиссини уйғотиш;

озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг талаб мавжуд бўлган касблар ва мутахассисликларга оид касбий таълимини ташкил этиш, ўқишни тугаллаганидан сўнг тегишли ҳужжат бериш ҳамда уларни кейинчалик ишга жойлаштириш.


97-1-модда. Маҳкумларнинг тузалиш йўлига

ўтганлигини аниқлаш мезонлари

Жазони ижро этиш муассасаларида жазони ўтаётган маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганлиги ушбу Кодекснинг 102-1-моддасида назарда тутилган комиссия томонидан ҳар чорак якунларига кўра қуйидаги мезонлардан бири асосида белгиланади:

маҳкумнинг меҳнатга виждонан муносабатда бўлиши, белгиланган меҳнат нормаларини бажариши, онгли равишда мустақил ишлаш кўникмаларининг шаклланганлиги, ўқишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқиши;

маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаларида ташкил этиладиган маданий-маърифий тадбирлардаги иштироки, унинг ташаббуси, бошқа маҳкумларга ибрат бўлишга интилиши;

маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасасида ўрнатилган ички тартиб-қоидаларига риоя этиши, маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чоралари қўлланилганлиги, унга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилмаганлиги.

Маҳкумни тузалиш йўлига ўтган ёки ўтмаган деб топиш тўғрисидаги хулоса комиссия томонидан расмийлаштирилади ва маҳкумнинг шахсий йиғмажилдига қўшиб қўйилади.

Комиссия томонидан тузалиш йўлига ўтмаган деб топилган маҳкумлар билан тарбиявий-профилактика ишлари муассаса психологини жалб этган ҳолда алоҳида режа асосида амалга оширилади.

Тузалиш йўлига ўтмаган деб топилган маҳкум комиссиянинг хулосаси устидан ушбу Кодекснинг 107-моддасида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.

98-модда. Маҳкумларнинг тарбия

жараёнидаги иштироки

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг фойдали ташаббусини кучайтириш, уларнинг меҳнати, маиший ҳаёти ва бўш вақтини ташкил этиш масалаларини ҳал этишда қатнашиш, интизомни ва ички тартибни сақлаб туришда муассаса маъмуриятига кўмаклашиш мақсадида маҳкумларнинг турли ташкилотлари тузилиши мумкин.

Маҳкумлар ташкилотларини тузиш ва уларнинг ишлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.



99-модда. Жамоатчилик ва фуқароларнинг

маҳкумларни тарбиялашдаги иштироки

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларни тарбиялашда қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда иштирок этадилар.    



15-БОБ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШГА

ҲУКМ ҚИЛИНГАН ШАХСЛАР

ТАЪЛИМИ ВА КАСБ ТАЙЁРГАРЛИГИ


100-модда. Маҳкумларнинг умумий ўрта таълими

Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларнинг умумий ўрта таълими ташкил этилади. Муассаса маъмурияти маҳкумларга улар таълим олиши ва мустақил таълим олиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда шароитлар яратади ҳамда зарур кўмак кўрсатади.

Ёши ўттиздан ошган маҳкумлар, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар хоҳишларига кўра таълим олишга жалб этиладилар.

Маҳкумларнинг олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таълим олишига йўл қўйилмайди, манзил-колониялардаги маҳкумлар бундан мустасно бўлиб, улар ўқув юртларининг сиртқи бўлимларида таълим олишлари мумкин.

Ўқув юртларида таълим олаётган маҳкумлар имтиҳонларни топшириш учун қонунчиликка мувофиқ ишдан озод қилинади.

Маҳкумларнинг умумий ўрта таълимини ташкил этиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


101-модда. Маҳкумларнинг ўрта махсус,

касб-ҳунар таълими ва касб тайёргарлиги

Жазони ижро этиш муассасаларида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими берилади ва (ёки) маҳкумлар ишлаб чиқаришда касбга ўргатилади.

Маҳкумларга ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бериш ва уларни касбга ўргатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


16-БОБ. ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТИШГА ҲУКМ

ҚИЛИНГАН ШАХСЛАРГА НИСБАТАН ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН

РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА ИНТИЗОМИЙ ЖАЗО ЧОРАЛАРИ


102-модда. Рағбатлантириш чоралари

Озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан ушбу Кодекс 97-1-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган мезонлар асосида рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

Озодликдан маҳрум этилган шахсларга нисбатан қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:

ташаккур эълон қилиш;

илгари қўлланилган интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш;

ёрлиқ, қимматли совға ёки пул мукофоти билан тақдирлаш;

қўшимча посилка, йўқлов ёки бандерол олишга рухсат этиш;

қўшимча учрашув ёки телефон орқали сўзлашув ҳуқуқини бериш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш учун пул суммасини кўпайтириш;

енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказиш, манзил-колонияларда сақланаётган шахслар бундан мустасно.

Енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказиш тариқасидаги рағбатлантириш маҳкумларга ушбу Кодекс 75-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ қўшимча пул сарфлаш ҳуқуқини, шунингдек:

умумий, қаттиқ тартибли колонияларда ва тарбия колонияларида - йил мобайнида қўшимча равишда бир марта учрашув, бир марта телефон орқали сўзлашув, битта посилка ёки йўқлов олиш;

махсус тартибли колонияларда - камералардан умумий турар жойларга ўтказиш ҳамда йил мобайнида қўшимча равишда бир марта қисқа муддатли учрашув, бир марта телефон орқали сўзлашув, битта бандерол олиш;

турмаларда - йил мобайнида қўшимча равишда бир марта қисқа муддатли учрашув, битта посилка ёки йўқлов олиш ҳуқуқини беради.    



102-1-модда. Рағбатлантириш чораларини қўллаш тартиби

Маҳкумларга нисбатан рағбатлантириш чораларини қўллаш ҳар йили камида икки марта, шунингдек байрам кунлари муносабати билан кўриб чиқилади.

Маҳкумларни рағбатлантириш масалалари, шу жумладан қўлланилаётган рағбатлантириш чораларининг ушбу Кодекс 97-1-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган мезонларга мувофиқлиги жазони ижро этиш муассасасида тузилган комиссия томонидан кўриб чиқилади ва улар бўйича хулоса қабул қилинади.

Комиссия жазони ижро этиш муассасасининг ходимлари, шунингдек жамоатчилик вакиллари орасидан камида саккиз нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

Комиссия таркибига жамоатчилик вакилларидан, қоида тариқасида, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вақилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат ташкилотларининг ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган вакиллари киради.

Жамоатчилик вакиллари комиссия аъзолари умумий сонининг ярмини ташкил этиши керак. Жазони ижро этиш муассасаси бошлиғи комиссиянинг раиси ҳисобланади.

Маҳкумни рағбатлантириш учун тавсия этиш, зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва комиссия аъзоларига тақдим этиш отряд бошлиғи томонидан амалга оширилади.

Комиссия мажлиси ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган муддатлардан бир ҳафта илгари ўтказилади.

Комиссия аъзолари рағбатлантириш учун тавсия этилган маҳкум билан унинг хулқ-атвори белгиланган мезонларга мувофиқлиги юзасидан суҳбат ўтказади.

Комиссия қарори мажлисда иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан, очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлган тақдирда, маҳкумни рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Комиссия қарори мажлисда ҳозир бўлган комиссия аъзолари томонидан имзоланадиган баённома билан расмийлаштирилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Комиссиянинг маҳкумга нисбатан рағбатлантириш чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни ўз ичига олган баённомасига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаси бошлиғининг буйруғи уч иш куни ичида чиқарилади ва унинг мазмуни маҳкумга эълон қилинади.

Комиссияни тузиш ва фаолиятини амалга ошириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.

103-модда. Маҳкумларнинг сақлаш шароитини

ўзгартириш билан боғлиқ бўлмаган рағбатлантириш

чораларини қўллаш тартиби

Маҳкумга нисбатан ташаккур тариқасидаги рағбатлантириш оғзаки ёки ёзма, бошқа рағбатлантириш чоралари эса, ёзма равишда қўлланилади.

Рағбатлантириш чоралари ушбу Кодекс талабларига риоя этилган ҳолда қўлланилади.

Маҳкумга нисбатан қўлланилган рағбатлантириш чоралари ҳақида унинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига тегишли ёзув киритилади.

Маҳкумга рағбатлантириш тарзида йил мобайнида кўпи билан иккита посилка, йўқлов ёки бандерол олишга, икки марта учрашувга рухсат берилиши мумкин.

Рағбатлантириш тарзида маҳкумдан илгари қўлланилган битта интизомий жазо муддатидан олдин олиб ташланиши мумкин.



104-модда. Маҳкумларнинг сақлаш шароитини

ўзгартириш билан боғлиқ рағбатлантириш

чораларини қўллаш тартиби

Енгиллаштирилган сақлаш шароитларига интизомий жазоси йўқ маҳкумлар:

қасддан содир этилган унча оғир бўлмаган жиноят учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида олти ойини ўтаганидан кейин;

содир этилган оғир жиноят учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида чорак қисмини ўтаганидан кейин;

содир этилган ўта оғир жиноят учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаганидан кейин ўтказилади.

Маҳкумлар турмадан жазони ижро этиш колониясига ва махсус тартибли колониядан қаттиқ тартибли колонияга суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини ўтаганларидан кейин, Жиноят-процессуал кодексининг 537-моддасида назарда тутилган тартибда ўтказилади.

Маҳкумлар қаттиқ ва умумий тартибли колониядан манзил-колонияга ушбу Кодекс 113-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ўтказилади.



105-модда. Интизомий жазо чоралари

Жазони ўташ тартибини бузганлик учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

огоҳлантириш;

ҳайфсан;

енгиллаштирилган сақлаш шароитларини бекор қилиш;

навбатдаги учрашувдан маҳрум қилиш;

интизомий бўлинмага киритиб қўйиш.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар қуйидаги ҳолларда интизомий жавобгарликка тортилмайди:

меҳнат нормаларини бажармаганлиги учун, агар бу маҳкумнинг меҳнатдан бўйин товлаш оқибати бўлмаса;

озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахс руҳий ҳолати бузилишининг бевосита оқибати ҳисобланган бирор-бир қоидабузарлиги учун.

Маҳкумлар меҳнат нормаларини бажармаганлиги учун, агар бу ишни рад этиш ёки ишдан бўйин товлашнинг оқибати бўлмаса, интизомий жавобгарликка тортилмайди.

Агар маҳкум қуйидаги ҳаракатлардан бирини содир этса, меҳнатдан бўйин товлаган деб ҳисобланади:

узрли сабабларсиз ишга чиқмасликни ёки ишга бир ой ичида икки ва ундан ортиқ марта кечикишни;

иш вақти давомида иш жойини узрли сабабларсиз ўзбошимчалик билан тарк этишни ёки ишлаб чиқариш вазифаларини қасддан бажармасликни ёхуд бажаришни рад этишни.


106-модда. Интизомий жазо

чораларини қўллаш тартиби

Интизомий жазо ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва хусусиятига мос бўлиши керак.

Бир вақтнинг ўзида содир этилган бир нечта ҳуқуқбузарлик учун битта интизомий жазо қўлланилади. Битта ҳуқуқбузарлик учун бир нечта интизомий жазо қўллаш тақиқланади.

Интизомий жазо ёзма равишда, ҳуқуқбузарлик содир этилган кундан бошлаб бир ой ичида берилади.

Ҳуқуқбузарлик содир этилган ҳолат, маҳкумнинг хулқ-атвори ва шахсий хислатлари, унинг хулқ-атворига ва қоидабузарлик ёки қилмиш содир этишга таъсир қилиши мумкин бўлган, интизомий чоралар қўллаш учун сабаб бўлган руҳий ҳолати бузилишининг мавжудлиги, шунингдек олиб ташланмаган ва бекор бўлмаган интизомий жазолари бор-йўқлиги интизомий жазони қўллаш чоғида инобатга олинади.

Интизомий жазо дарҳол ижро этилади. Агар интизомий жазо қўлланилган кундан бошлаб бир ой ичида ижро этилмаган бўлса, у ижрога қаратилмайди.



107-модда. Интизомий жазо

устидан шикоят бериш

Маҳкум ўзига нисбатан қўлланилган интизомий жазо устидан хоҳишига кўра юқори турувчи мансабдор шахсга, прокурорга ёки судга шикоят қилишга ҳақли. Шикоят берилиши интизомий жазо ижросини тўхтатиб қўймайди. Юқори мансабдор шахс, прокурор ёки суд интизомий жазони юмшатиш ёки бекор қилиш ҳуқуқига эга.



108-модда. Интизомий

жазонинг амал қилиш муддати

Интизомий жазонинг амал қилиш муддати жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак.

Агар интизомий жазо қўлланилган кундан бошлаб бир йил мобайнида маҳкум янги интизомий жазога тортилмаса, у интизомий жазо олмаган деб ҳисобланади.



109-модда. Маҳкумларни интизомий бўлинмага

киритиб қўйиш тариқасидаги жазони қўллаш хусусиятлари

Жазони ижро этиш муассасаларининг интизомий бўлинмаларига қуйидагилар киради:

манзил-колониялар ва тарбия колонияларининг ҳибсхоналари;

умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларнинг ҳибсхоналари ва карцерлари;

тергов ҳибсхоналарининг ва турмаларнинг карцерлари.

Маҳкумлар ҳибсхоналар ва карцерларга ўн беш суткагача, тарбия колонияларининг ҳибсхоналарига эса, ўн суткагача бўлган муддатга киритиб қўйилади.

Жазони ўташ тартибини ашаддий бузувчи маҳкумлар умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларнинг карцерларига олти ойгача, аёллар сақланадиган колонияларда эса - уч ойгача бўлган муддатга ўтказиб қўйилади.

Ҳибсхоналарга киритиб қўйилган маҳкумларга учрашув, телефон орқали сўзлашув, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, посилка, йўқлов ва бандероллар олиш ҳамда жўнатиш, хатлар ва бошқа жўнатмалар юбориш тақиқланади. Уларга чекиш, столда ўйналадиган ўйинлардан фойдаланишга рухсат этилмайди. Маҳкумлар ҳар куни муддати бир ярим соатлик сайрдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Карцерларда маҳкумларга учрашув, телефон орқали сўзлашув, посилка, йўқлов ва бандероллар олиш ҳамда жўнатиш, столда ўйналадиган ўйинлардан фойдаланиш тақиқланади.

Умумий, қаттиқ ва махсус тартибли колонияларнинг карцерларига ўтказилган маҳкумлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизигача пул сарфлаш;

ҳар куни муддати икки соатлик сайрдан фойдаланиш.

Махсус тартибли колонияларнинг, тергов ҳибсхоналари ва турмаларнинг карцерларида маҳкумларни якка сақлаш белгиланади.

Маҳкумларни интизомий бўлинмага киритиб қўйиш ва ўтказиш муассаса бошлиғининг жазо муддати кўрсатилган қарори асосида ҳамда тиббий рухсатнома бўлган тақдирда амалга оширилади.

Маҳкумлар интизомий бўлинмалардан даволаш-профилактика муассасаларига ўтказилган тақдирда улар даволаш-профилактика муассасаларида бўлган вақт жазони ўташ муддатига қўшиб ҳисобланади.

Интизомий бўлинмаларга:

I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;

ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ишдан озод этилган, шунингдек ёнида эмизикли боласи бор аёллар киритилмайди.

Интизомий бўлинмаларда сақланаётган маҳкумлар меҳнатга жалб этилмайди.



110-модда. Рағбатлантириш ва интизомий жазо

чораларини қўлловчи мансабдор шахслар

Рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар эга.



111-модда. Жазони ўташ

тартибини қўпол тарзда бузиш

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида назарда тутилган қилмишни содир этиш, йил мобайнида камида икки марта меҳнатдан бўйин товлаш, шунингдек ички тартиб-қоидалар билан тақиқланган буюмлар ва нарсаларни сақлаш, тарқатиш, истеъмол қилиш ҳамда улардан фойдаланиш жазони ўташ тартибини қўпол тарзда бузиш деб ҳисобланади.

Маҳкумнинг жазони ижро этиш муассасаси ҳудудини ёки маъмурият йўлланмаси билан бўлиши керак бўлган бошқа жойни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиши ҳам манзил-колонияда жазони ўташ тартибини қўпол тарзда бузиш деб ҳисобланади.


112-модда. Сақлаш режимини

ашаддий бузувчи

Жазони ўташ тартибини камида икки марта қўпол тарзда бузган ва бунинг учун интизомий бўлинмага киритиб қўйиш тариқасидаги жазога тортилган маҳкум, агар ҳар бир интизомий жазо белгиланган тартибда олиб ташланмаган ёки бекор бўлмаган бўлса, сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб ҳисобланади.

Жазони ижро этиш муассасаси ҳудудини ёки маъмурият йўлланмаси билан бўлиши керак бўлган бошқа жойни ўзбошимчалик билан ўн икки соатдан кўпроқ муҳлат мобайнида ташлаб кетган маҳкум ҳам манзил-колонияда сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топилади.

Сақлаш режимини ашаддий бузувчи енгиллаштирилган сақлаш шароитига, манзил-колонияга ўтказилмайди, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштиришга тақдим этилмайди.


112-1-модда. Сақлаш режимини ашаддий бузганлик оқибатлари

Сақлаш режимини ашаддий бузувчи деб топилган маҳкумларга нисбатан судга қуйидагилар тўғрисида тақдимнома киритилади:

манзил-колониядан умумий тартибли колонияга, умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колониялардан - турмага ўтказиш тўғрисида;

манзил-колониядан умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга, қаттиқ тартибли колониядан - махсус тартибли колонияга, колониядан - турмага қайтариш ҳақида.

Тақдимнома Жиноят-процессуал кодексининг 537-моддасида назарда тутилган тартибда суд томонидан кўриб чиқилади.

II КИЧИК БЎЛИМ. КОЛОНИЯЛАР

ВА ТУРМАЛАРДА ЖАЗОНИ ЎТАШ


17-БОБ. МАНЗИЛ-КОЛОНИЯЛАРДА

ЖАЗОНИ ЎТАШ


113-модда. Манзил-колонияларда

жазони ўташ тартиби

Манзил-колонияларда:

мазкур муассасаларга суд ҳукмига биноан келган вояга етган маҳкумлар;

умумий, қаттиқ тартибли колониялардан ва тарбия колонияларидан суднинг ажрими асосида ўтказилган вояга етган маҳкумлар;

ижтимоий хавфи катта бўлмаган жинояти, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган жинояти учун ва қасддан содир этган унча оғир бўлмаган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш тарзида суднинг ажрими асосида юборилган вояга етган маҳкумлар жазони ўтайди.

Манзил-колонияларга тузалиш йўлига ўтган ва:

оғир жинояти учун, шунингдек қасддан содир этган жинояти учун, агар у илгари қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган бўлса, суд тайинлаган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаган маҳкумлар;

ўта оғир жинояти учун, шунингдек жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қўлланилган ва жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан содир этган янги жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида ярмини ўтаган маҳкумлар ўтказилади.

Манзил-колонияларга қуйидагилар ўтказилмайди:

ўта хавфли рецидивистлар;

узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум килиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар;

жазони ўташ даврида ушбу Кодекснинг 112-1-моддасида назарда тутилган тартибда манзил-колониядан умумий тартибли колонияга ўтказилган, шунингдек умумий ёки қаттиқ тартибли колонияга қайтарилган маҳкумлар суд томонидан бу ҳақда ажрим чиқарилган кундан эътиборан камида икки йил мобайнида;

манзил-колонияда жазони ўташ вақтида жиноят содир этган ва суд томонидан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган маҳкумлар;

ёпиқ турдаги тиббиёт муассасаларида махсус даволаниш талаб этиладиган юқумли касалликларга чалинган беморлар;

мажбурий даволанишдан ўтаётган маҳкумлар;

меҳнатга қобилиятсиз маҳкумлар.

Битта манзил-колонияда маҳкум эркаклар ва аёллар сақланиши мумкин.



114-модда. Манзил-колонияларда

жазони ўташ шартлари

Манзил-колонияларда маҳкумлар:

соқчисиз, аммо назорат остида сақланадилар;

эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида колония ҳудуди доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар;

агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин;

фуқаролар киядиган кийимда юрадилар;

пул ва қимматли буюмларни сақлаши, улардан чекланмаган миқдорда фойдаланиши мумкин;

ишдан бўш вақтда чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин;

ўз шахсий маблағлари ҳисобига харид қилинган озиқ-овқат маҳсулотларидан ва йўқловлардаги маҳсулотлардан мустақил равишда овқат тайёрлашни амалга оширади.

Маҳкумлар чекланмаган миқдорда қисқа муддатли учрашувлар, йил мобайнида йигирма тўрт марта узоқ муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга. Учрашувлар, қоида тариқасида, ишдан бўш вақтда берилади. Манзил-колония ҳудудида узоқ муддатли учрашув ўтказиш имконияти бўлмаса, учрашув маҳкумнинг аризасига биноан манзил-колония ҳудудидан ташқарида, ушбу колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида ўтказилиши мумкин.

Маҳкумлар хоналарга бўлинган ётоқхоналарда яшайдилар. Сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил-колония ҳудудида ёки манзил-колония жойлашган туман (шаҳар) ҳудудида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилиши мумкин. Бундай шахслар ички тартиб қоидаларида белгилаб қўйилган тартибда рўйхатдан ўтиш учун ҳозир бўлишлари шарт. Манзил-колония маъмуриятининг вакили маҳкумлар яшаётган жойга сутканинг исталган вақтида кириши мумкин.

Манзил-колония ҳудудидан ташқарида яшаш ҳуқуқи Жиноят кодекси 73-моддаси тўртинчи қисмининг "в" ва "г" бандларида кўрсатилган маҳкумларга берилмайди.


115-модда. Манзил-колонияларда

маҳкумлар меҳнати ва таълими

Манзил-колонияларда маҳкумлар меҳнати ушбу Кодексда белгилаб қўйилган истисно ва чеклашларни ҳисобга олган ҳолда меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинади.

Маҳкумларни бошқа ишга ўтказишни корхона, муассаса ёки ташкилот манзил-колония маъмурияти билан келишган ҳолда амалга оширади.

Маҳкумларга муассаса жойлашган ердаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларида сиртдан ўқишга рухсат этилади.



18-БОБ. УМУМИЙ ТАРТИБЛИ

КОЛОНИЯЛАРДА ЖАЗОНИ ЎТАШ


116-модда. Умумий тартибли

колонияларда жазони ўташ тартиби

Умумий тартибли колонияларда жазони:

мазкур муассасага суд ҳукмига биноан келган маҳкумлар;

ушбу Кодекснинг 129-моддасида назарда тутилган ҳолларда тарбия колонияларидан ўтказилган маҳкумлар;

суд томонидан манзил-колониялардан интизомий жазо тарзида ўтказилган маҳкумлар;

қасддан оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш тартибида суднинг ажрими асосида юборилган маҳкумлар;

рағбатлантириш тарзида ёки суд томонидан тайинланган турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш муддатини ўтаганидан кейин турмалардан ўтказилган маҳкумлар ўтайди.

Тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар ушбу Кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган тартибда енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказилади.

Умумий тартибли бир колониядан иккинчисига ўтказилган маҳкумлар жазони бу ерга ўтказилгунга қадар белгиланган сақлаш шароитида ўтайдилар.

Тарбия колониясидан ўтказилган маҳкумлар жазони енгиллаштирилган сақлаш шароитида ўтайдилар.



117-модда. Умумий тартибли

колонияларда жазони ўташ шартлари

Умумий тартибли колонияларда маҳкумлар умумий турар жойларда яшайдилар.

Маҳкумлар белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 70,3 фоизигача бўлган суммага озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин.

Маҳкумлар йил мобайнида:

олти марта қисқа муддатли ва олти марта узоқ муддатли учрашув;

ўн икки марта телефон орқали сўзлашув;

ўн иккита посилка ёки йўқлов;

ўн иккита бандерол олиш ҳуқуқига эга.


19-БОБ. ҚАТТИҚ ТАРТИБЛИ

КОЛОНИЯЛАРДА ЖАЗОНИ ЎТАШ


118-модда. Қаттиқ тартибли

колонияларда жазони ўташ тартиби

Қаттиқ тартибли колонияларда жазони:

мазкур муассасага суд ҳукмига биноан келган маҳкумлар;

турмалар ва махсус тартибли колониялардан рағбатлантириш тарзида ўтказилган маҳкумлар;

суд томонидан тайинланган турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш муддатини ўтаганидан сўнг турмалардан ўтказилган маҳкумлар;

суд томонидан манзил-колониялардан интизомий жазо тарзида қайтарилган маҳкумлар;

қасддан содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони илгари ўтаган ва қасддан жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога қайта ҳукм қилиниб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазони озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш тартибида суднинг ажрими асосида юборилган маҳкумлар ўтайди.

Тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар ушбу Кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган тартибда енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказилади.

Қаттиқ тартибли бир колониядан иккинчисига ўтказилган маҳкумлар жазони бу ерга ўтказилгунга қадар белгиланган сақлаш шароитида ўтайдилар.



119-модда. Қаттиқ тартибли

колонияларда жазони ўташ шартлари

Қаттиқ тартибли колонияларда маҳкумлар умумий турар жойларда яшайдилар.

Маҳкумлар белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 52,7 фоизигача бўлган суммага озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин.

Маҳкумлар йил мобайнида:

беш марта қисқа муддатли ва беш марта узоқ муддатли учрашув;

саккиз марта телефон орқали сўзлашув;

саккизта посилка ёки йўқлов;

саккизта бандерол олиш ҳуқуқига эга.


20-БОБ. МАХСУС ТАРТИБЛИ

КОЛОНИЯЛАРДА ЖАЗОНИ ЎТАШ


120-модда. Махсус тартибли

колонияларда жазони ўташ тартиби

Махсус тартибли колонияларда жазони:

мазкур муассасага суд ҳукмига биноан келган маҳкумлар;

умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар, шунингдек умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган шахслар;

суд томонидан қаттиқ тартибли колониялардан интизомий жазо тарзида қайтарилган маҳкумлар ўтайдилар.

Тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар ушбу Кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган тартибда енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказилади.

Махсус тартибли бир колониядан иккинчисига ўтказилган маҳкумлар жазони бу ерга ўтказилгунга қадар белгиланган сақлаш шароитида ўтайдилар.



121-модда. Махсус тартибли

колонияларда жазони ўташ шартлари

Махсус тартибли колонияларда маҳкумлар камераларда ёки умумий яшаш биноларида яшайдилар.

Маҳкумлар белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизи бўлган суммасигача озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин.

Маҳкумлар йил мобайнида:

тўрт марта қисқа муддатли ва тўрт марта узоқ муддатли учрашув;

олти марта телефон орқали сўзлашув;

олтита посилка ёки йўқлов;

олтита бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Камераларда сақланадиган маҳкумларнинг кинофильмлар ва телекўрсатувлар кўриши тақиқланади.



21-БОБ. ТУРМАЛАРДА ЖАЗОНИ ЎТАШ


122-модда. Турмаларда жазони ўташ тартиби

Турмаларда жазони:

мазкур муассасага суд ҳукмига биноан келган маҳкумлар;

суд томонидан жазони ижро этиш колонияларидан ўтказилган жазо ўташ тартибини ашаддий бузувчилар ўтайдилар.

Турмаларда енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказиш ушбу Кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Турмаларда маҳкумларни енгиллаштирилган сақлаш шароитига муддатидан олдин ўтказишга йўл қўйилмайди, маҳкумни соғлиғига кўра тегишли тиббий хулоса асосида ўтказиш ҳоллари бундан мустасно.

Ҳомиладор аёллар ва ёнида эмизикли боласи бор аёллар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар турмаларда жазони енгиллаштирилган сақлаш шароитида ўтайдилар.


123-модда. Турмаларда жазони ўташ шартлари

Турмаларда маҳкумлар умумий камераларда сақланадилар. Алоҳида ҳолларда маҳкумнинг батамом ажратиб қўйилишини таъминлаш мақсадида муассаса бошлиғининг прокурор томонидан тасдиқланган қарори асосида уни бир кишилик камерада сақлашга йўл қўйилади.

Турмада маҳкумлар белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизигача бўлган суммага озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин.

Турмаларда маҳкумлар ҳар куни муддати бир соатлик сайр қилиш ҳамда йил мобайнида:

тўрт марта қисқа муддатли ва бир марта узоқ муддатли учрашув;

тўрт марта телефон орқали сўзлашув;

тўртта посилка ёки йўқлов;

тўртта бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Турмаларда енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказилган маҳкумларга рағбатлантириш тарзида ҳар кунлик сайр муддати бир соатга узайтирилиши мумкин.



22-БОБ. ТАРБИЯ КОЛОНИЯЛАРИДА ЖАЗОНИ ЎТАШ


124-модда. Тарбия колонияларида

жазони ўташ тартиби

Тарбия колонияларида:

ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаган маҳкумлар каттароқ ёшдаги маҳкумлардан;

биринчи марта озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган маҳкумлар илгари озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ўтаган маҳкумлардан алоҳида сақланадилар.

Тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар ушбу Кодекснинг 104-моддасида назарда тутилган тартибда енгиллаштирилган сақлаш шароитига ўтказилади.


125-модда. Тарбия колонияларида

жазони ўташ шартлари

Тарбия колонияларида маҳкумлар умумий турар жойларда яшайдилар.

Маҳкумлар белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 87,9 фоизигача бўлган суммага озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олишлари мумкин.

Тарбия колонияларида маҳкумлар йил мобайнида:

йигирма тўрт марта қисқа муддатли ва саккиз марта узоқ муддатли учрашув;

йигирма тўрт марта телефон орқали сўзлашув;

ўн иккита посилка ёки йўқлов;

ўн иккита бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Вояга етмаган маҳкумларга ота-онаси ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан учрашувлар чекланмаган миқдорда берилади.

Ўн саккиз ёшга тўлган ва тарбия колонияларида қолдирилган маҳкумларга вояга етмаган маҳкумлар учун белгиланган нормаларда овқат, уст-бош, моддий-маиший таъминот ва бошқа жазо ўташ шароитлари татбиқ этилади. Бу шахсларнинг меҳнат шароитлари меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ белгиланади.


126-модда. Тарбия колонияларида қўлланиладиган

қўшимча рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари

Тарбия колонияларида маҳкумлар ушбу Кодекснинг 102-моддасида назарда тутилган рағбатлантириш чораларидан ташқари:

муассаса ҳудудидан ташқарида ўтказиладиган маданий-томоша ва спорт тадбирларини кўришга юбориш;

қисқа муддатли учрашув ўрнига ота-онаси, уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки яқин қариндошлари кузатувида саккиз соатгача бўлган муддатга эркинликка чиқариш;

ҳибсхонада бўлиш муддатини қисқартириш ва ундан муддатидан илгари озод қилиш тариқасида рағбатлантирилишлари мумкин.

Жазони ўташ тартибини бузганлиги учун тарбия колонияларида маҳкумларга ушбу Кодекснинг 105-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораларидан ташқари томошага боришдан бир марта маҳрум этиш тариқасидаги жазо қўлланилиши мумкин.



127-модда. Ҳибсхонага киритиб қўйиш тариқасидаги

интизомий жазо чорасини қўллаш хусусиятлари

Тарбия колониясида ҳибсхонага киритиб қўйиш тариқасидаги интизомий жазо ўн тўрт ёшдан ўн олтигача бўлган маҳкумларга етти суткагача, ўн олти ва ундан катта ёшдаги маҳкумларга эса ўн суткагача бўлган муддатга қўлланилади.

Тарбия колониясининг ҳибсхонасига киритиб қўйилган маҳкумларнинг сайр қилиш муддати суткасига икки соат қилиб белгиланади.


128-модда. Маҳкумларни тарбия

колонияларида қолдириш

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган ўн саккиз ёшга тўлган маҳкумлар, одатда, йигирма бир ёшга тўлгунга қадар, тарбия колонияларида қолдирилади.

Маҳкумларни тарбия колонияларида қолдириш муассаса бошлиғининг прокурор томонидан тасдиқланган қарори билан амалга оширилади.



129-модда. Маҳкумларни тарбия колонияларидан

жазони ижро этиш колонияларига ўтказиш

Маҳкумлар йигирма бир ёшга тўлганидан, салбий тавсифга эга маҳкумлар эса ўн саккиз ёшга тўлганидан кейин жазо ўташни давом эттириш учун тарбия колониясидан умумий тартибли колонияга ўтказилади.  

Жазо ўташни давом эттириш учун маҳкумларни жазони ижро этиш колониясига ўтказиш масалалари суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 537-моддасида назарда тутилган тартибда ҳал этилади.



23-БОБ. АЙРИМ ТОИФАДАГИ МАҲКУМЛАР

ТОМОНИДАН ЖАЗОНИ ЎТАШ ХУСУСИЯТЛАРИ


130-модда. Маҳкума ҳомиладор аёллар ва боласи

бор аёллар учун қўшимча ҳуқуқлар

Маҳкума ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ушбу Кодексда маҳкумлар учун назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари:

муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида яшаш;

болаларини жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштириш;

болаларини жойлаштириб келиш ва улар билан учрашиш учун муассаса доирасидан четга чиқиш ҳуқуқига ҳам эга.

Маҳкума аёлларга вояга етмаган болалари билан бир йил ичида тўрт марта, муддати беш суткагача бўлган узоқ муддатли учрашув, манзил-колонияда сақланаётганларга эса, ишдан бўш вақтда муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш имконияти билан узоқ муддатли учрашувлар чекланмаган миқдорда берилади.

Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган болалари билан учрашишига ўзининг шахсини, қариндошлигини ёки васийлигини (ҳомийлигини) тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим этган тақдирда битта яқин қариндоши ёки васий (ҳомий) кузатувида йўл қўйилади.

Маҳкума аёлларнинг вояга етмаган болалари билан учрашувлари ушбу Кодексда белгиланган учрашувларга қўшиб ҳисобланмайди.

Маҳкума аёлларнинг муассасадан ташқаридаги болалар уйларидаги вояга етмаган болалар билан учрашувлари маҳкума аёлларнинг илтимосига кўра амалга оширилади.    



131-модда. Маҳкума аёлларнинг муассаса

доирасидан ташқарида яшаши

Тузалиш йўлига ўтган маҳкума аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ишдан озод этилган вақт мобайнида, шунингдек боласи уч ёшга тўлгунга қадар муассаса бошлиғининг прокурор тасдиқлаган қарори билан колония ҳудудидан ташқарида яшашга рухсат этилиши мумкин.

Муассаса ҳудудидан ташқарида яшаш ҳуқуқи Жиноят кодекси 73-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган маҳкумларга берилмайди.

Колония ҳудуди доирасидан ташқарида яшайдиган маҳкумлар:

хона типидаги турар жойларда жойлашадилар ва муассаса маъмуриятининг назорати остида бўладилар;

эрталаб ўриндан туришдан кечки ётишгача бўлган вақт мобайнида белгиланган йўналишлар доирасида эркин юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар;

фуқаролар киядиган кийимда юришлари, ёнларида пул ва қимматли буюмлар сақлашлари, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланишлари мумкин;

чекланмаган миқдорда бандерол, посилка ва йўқловлар олиш ҳамда жўнатиш, қисқа муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга. Қисқа муддатли учрашувлар, одатда, ишдан бўш вақтда берилади.

Муассаса ҳудуди доирасидан ташқарида яшаш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

жазони ўташ тартиби мунтазам равишда ёки бир марта қўпол тарзда бузилганда;

ҳомиладорлик ва туғиш бўйича ишдан озод қилиш даври тугаганда;

бола уч ёшга тўлганда.



132-модда. Болаларни жазони ижро этиш колониялари

қошидаги болалар уйига жойлаштириш

Маҳкума аёлларни сақлашга мўлжалланган колониялар қошида болалар уйи ташкил этилади, унда болалар нормал яшаши ва камол топиши учун зарур шароитлар таъминланади.

Маҳкума аёллар уч ёшга тўлмаган болаларини жазони ижро этиш колониялари қошидаги болалар уйига жойлаштиришга ва ишдан бўш вақтида улар билан чекланмаган миқдорда мулоқотда бўлишга ҳақли.

Болалар уйидаги бола уч ёшга тўлганидан кейин онасининг розилиги билан унинг қариндошларига ёки ҳомийлик ва васийлик органининг қарорига биноан, бошқа шахсларга берилиши ёхуд тегишли болалар муассасаларига юборилиши мумкин.

Агар маҳкуманинг жазони ўташ муддати тугашига кўпи билан бир йил қолган ва у оналик бурчларини лозим даражада бажариб келган бўлса, муассаса маъмурияти боланинг болалар уйида бўлиш вақтини узайтириши мумкин.



133-модда. Маҳкума аёлларнинг муассаса

доирасидан четга қисқа муддатли чиқиши

Мактабгача ёшдаги болалари бор маҳкума аёлларга болаларини қариндошлариникига, васийлариникига ёки болалар муассасаларига жойлаштириб келиш учун бориш-келиш вақтини (тўрт суткагача) ҳисобга олмаган ҳолда ўн беш суткагача муддатга четга чиқишга рухсат этилиши мумкин.

Вояга етмаган ногиронлиги бўлган болалари бор аёлларга бир йилда бир марта улар билан учрашиш учун йўлга кетадиган вақтни ҳисобга олмаганда етти суткагача бўлган муддатга четга чиқишга рухсат этилади.


V БЎЛИМ. УМРБОД ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ

ҚИЛИШ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ


24-БОБ. УМРБОД ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ

ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


136-модда. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш

тариқасидаги жазони ўташ тартиби

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар махсус сақлаш шароитларига эга бўлган махсус тартибли колонияларда сақланадилар. Уларга нисбатан ушбу бобда назарда тутилган хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда махсус тартибли колониялар тартиби татбиқ этилади.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар камераларга кўпи билан икки кишидан жойлаштириладилар. Маҳкумларнинг илтимосига кўра ёки зарурат тақозо этганда улар бир кишилик камераларда сақланишлари мумкин.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар жазони қаттиқ, одатдаги ва енгиллаштирилган сақлаш шароитларида ўтайдилар.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар жазонинг дастлабки ўн йилини қаттиқ сақлаш шароитларида ўтайдилар.

Жазонинг камида ўн йилини ўтаган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар қаттиқ сақлаш шароитларидан одатдаги сақлаш шароитларига ўтказилишлари мумкин.

Жазонинг камида ўн беш йилини ўтаган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар одатдаги сақлаш шароитларидан енгиллаштирилган сақлаш шароитларига ўтказилишлари мумкин.



137-модда. Умрбод озодликдан маҳрум қилиш

тариқасидаги жазони ўташ шартлари

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган битта маҳкумга тўғри келадиган яшаш майдони нормаси тўрт квадрат метрдан кам бўлиши мумкин эмас.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони қаттиқ сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизигача бўлган суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта қисқа муддатли учрашув, бир марта телефон орқали сўзлашув, битта посилка ёки йўқлов, битта бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони одатдаги сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизигача миқдордаги суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта узоқ муддатли ва бир марта қисқа муддатли учрашув, икки марта телефон орқали сўзлашув, иккита посилка ёки йўқлов, иккита бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, жазони енгиллаштирилган сақлаш шароитларида ўтаётган маҳкумлар ўз шахсий ҳисобварағида мавжуд бўлган маблағлардан белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 52,7 фоизигача миқдордаги суммага ҳар ойда озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсалар сотиб олиш, йил мобайнида бир марта узоқ муддатли ва икки марта қисқа муддатли учрашув, уч марта телефон орқали сўзлашув, учта посилка ёки йўқлов, учта бандерол олиш ҳуқуқига эга.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумлар, сақлаш шароитларидан қатъи назар, ҳар куни бир ярим соатгача сайр қилиш ҳуқуқига эга.



138-модда. Умрбод озодликдан маҳрум қилинган

маҳкумларнинг меҳнатини ташкил этиш

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларнинг меҳнати одатдаги ва енгиллаштирилган сақлаш шароитларида сақланаётган шахслар учун иш камераларида ташкил этилади.



139-модда. Рағбатлантириш ва интизомий жазо чоралари

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан ушбу Кодекс 102-моддаси биринчи қисмининг иккинчи - бешинчи хатбошиларида назарда тутилган рағбатлантириш чоралари қўлланилади. Жазони ўташнинг енгиллаштирилган шароитларига белгиланган тартибда ўтказилган маҳкумларга нисбатан рағбатлантириш тартибида қўшимча учрашиш ёки телефон орқали сўзлашиш имконияти ҳам берилиши мумкин.

Умрбод озодликдан маҳрум қилинган маҳкумларга нисбатан ушбу Кодекс 105-моддаси биринчи қисмининг иккинчи, учинчи ва бешинчи хатбошиларида назарда тутилган интизомий жазо чоралари қўлланилади. Умрбод озодликдан маҳрум қилиниб, одатдаги ва енгиллаштирилган сақлаш шароитларида белгиланган тартибни ашаддий бузувчи деб топилган маҳкумлар қуйидаги тартибда:

енгиллаштирилган сақлаш шароитларидан одатдаги ёки қаттиқ сақлаш шароитларига;

одатдаги сақлаш шароитларидан қаттиқ сақлаш шароитларига ўтказилишлари мумкин.



140-модда. Афв этиш тўғрисида илтимоснома бериш

Афв этиш тўғрисида илтимоснома бериш ва уни кўриб чиқиш тартиби қонунчиликда белгиланади.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома умрбод озодликдан маҳрум қилинган шахс томонидан у тайинланган жазонинг йигирма беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин берилиши мумкин.

Афв этиш тўғрисидаги илтимоснома узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинган шахс томонидан у тайинланган жазо муддатининг йигирма йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин, агар жазони ўташ даврида маҳкум қатъий тузалиш йўлига ўтган, белгиланган тартибни бузганлик учун интизомий жазо олмаган, меҳнат ва ўқишга нисбатан виждонан муносабатда бўлаётган, тарбиявий тадбирлар ўтказишда фаол иштирок этаётган тақдирда эса, тайинланган жазонинг ўн беш йилини ҳақиқатда ўтаб бўлганидан кейин берилиши мумкин.



VI БЎЛИМ. ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАРГА НИСБАТАН

ХИЗМАТ БЎЙИЧА ЧЕКЛАШ ВА ИНТИЗОМИЙ ҚИСМГА

ЖЎНАТИШ ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОЛАРНИ ИЖРО ЭТИШ


25-БОБ. ХИЗМАТ БЎЙИЧА ЧЕКЛАШ ВА ҚАМОҚ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОЛАРНИ ИЖРО ЭТИШ


141-модда. Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги

жазони ижро этиш тартиби

Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазо ижросини маҳкум ҳарбий хизмат ўтаётган жойдаги, ушбу Кодекс 14-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган командир (бошлиқ) амалга оширади.

Командир (бошлиқ) ҳукм нусхасини ва суд фармойишини олганидан кейин уч кун ичида қуйидагиларни кўрсатган ҳолда буйруқ чиқаради:

маҳкум ҳарбий хизматчини лавозим ва ҳарбий унвонда кўтаришга тақдим этмаслик асоси ва муддати;

ҳарбий хизматчига навбатдаги ҳарбий унвон бериш ҳамда пенсия тайинлаш учун унинг хизмат муддатига қўшиб ҳисобланмайдиган вақт;

маҳкумнинг пул таъминотидан давлат фойдасига ўтказиладиган чегирма миқдори.

Командир (бошлиқ) Буйруғи маҳкум ҳарбий хизматчи эътиборига етказилади ва унинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилдига ҳукм нусхаси билан биргаликда қўшиб қўйилади.

Командир (бошлиқ) ҳукм ижро этилганлиги ҳақида ҳукм чиқарган судга уч кунлик муддат ичида хабар беради.



142-модда. Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги

жазони ўташ муддатини ҳисоблаш

Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўташ муддати ҳукмни ижро этиш тўғрисида буйруқ чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.

Бошқа жиноят содир этганлиги муносабати билан маҳкум ҳарбий хизматчи ҳибсда ушлаб турилган вақт жазони ўташ муддатига қўшилмайди.



143-модда. Хизмат бўйича чеклаш

вақтида пул таъминотидан чегириб қолиш

Суд ҳукми билан хизмат бўйича чекланган ҳарбий хизматчининг пул таъминотидан чегирма лавозим ва ҳарбий унвонга доир маошдан ҳисоблаб чиқарилади.



144-модда. Тарбиявий иш

Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўтаётган ҳарбий хизматчилар билан улар содир этган жиноятнинг хусусиятини, ижтимоий хавфлилик даражасини ва маҳкумнинг шахси, шунингдек хулқ-атвори ҳамда ҳарбий хизматга муносабатини инобатга олган ҳолда тарбиявий иш олиб борилади.



145-модда. Маҳкумнинг хизмат

вазифасини ўзгартириш

Хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазо муддати мобайнида маҳкум ҳарбий хизматчининг лавозими ва ҳарбий унвони оширилиши мумкин эмас.

Командир (бошлиқ) қарорига биноан маҳкум ҳарбий қисм доирасида ёки бошқа қисмга кўчирилган ҳолда бошқа тенг лавозимга ўтказилиши мумкин.



146-модда. Хизмат бўйича чеклаш

тариқасидаги жазо ижросини тугатиш

Хизмат бўйича чеклаш муддати тугашидан камида уч кун олдин командир (бошлиқ) жазо ижроси тугатиладиган санани кўрсатиб буйруқ чиқаради.

Буйруқ нусхаси ҳукм чиқарган судга юборилади.



147-модда. Ҳарбий хизматдан

бўшатилганда жазони алмаштириш

Хизмат бўйича чеклашга ҳукм қилинган шахс ҳукмда белгиланган жазо муддати тугагунига қадар қонунчиликда назарда тутилган асосларда ҳарбий хизматдан бўшатилиши мумкин. Бундай ҳолда командир (бошлиқ) жазо муддатининг ўталмай қолган қисмини бошқа жазо билан алмаштириш ёки жазодан озод қилиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун материалларни судга тақдим этади.    


26-БОБ. ИНТИЗОМИЙ ҚИСМГА ЖЎНАТИШ

ТАРИҚАСИДАГИ ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ


149-модда. Жазони ижро этиш тартиби

Интизомий қисмга жўнатиш тариқасидаги жазо Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг шунга махсус мўлжалланган ҳарбий қисмлари (интизомий қисм) томонидан ижро этилади.

Маҳкумларни интизомий қисмга жўнатиш ва бу қисмларда қабул қилиб олиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жазони интизомий қисмда ўташ даврида барча маҳкумлар, ҳарбий унвонлари, лавозимлари ва аввалги хизматлари хусусиятидан қатъи назар, солдатлар (матрослар) ҳолатида бўладилар ҳамда белгиланган кўринишдаги кийимда юрадилар ва тафовут белгиларини тақадилар.

Интизомий қисмда жазони ўтаётган ҳарбий хизматчилар маҳкумлар учун ушбу Кодекс ва бошқа қонунчиликда белгилаб қўйилган режим талабларига риоя этишлари шарт.


150-модда. Моддий-маиший таъминот

ва тиббий хизмат кўрсатиш

Маҳкумларга интизомий қисмда ҳарбий уставлар талабларига мувофиқ маиший-яшаш шароити яратиб берилади.

Маҳкумларни озиқ-овқат, уст-бош ва бошқа нарсалар билан таъминлаш, шунингдек уларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳарбий уставлар талабларига мувофиқ муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари учун белгиланган норма асосида амалга оширилади.

Касалхона шароитида тиббий ёрдам олишга муҳтож маҳкумлар, даволаниш учун соқчи назорати остида госпиталга жўнатилади ва махсус жиҳозланган палаталарда сақланади.

Маҳкумларнинг шахсий ҳисобварағига ҳар ойда муддатли ҳарбий хизмат солдатлари ва матрослари учун белгиланган таъминот пули ўтказиб борилади.

Маҳкумлар ўз ёнида сақлаши, пул ўтказиш йўли билан сотиб олиши ёки посилка, йўқлов ва бандероллар ичида олиши мумкин бўлган энг зарур нарсалар ва озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати қонунчилик билан белгиланади.


151-модда. Маҳкумларнинг учрашувлари

Интизомий қисмда маҳкумлар қисқа ва узоқ муддатли учрашувлар олиш ҳуқуқига эга.

Маҳкумларнинг қариндошлари ва бошқа шахслар билан қисқа муддатли учрашуви ойда бир марта тўрт соатгача бўлган муддатда берилади. Бундай учрашувлар ишдан ва машғулотлардан бўш вақтда, махсус жиҳозланган хонада, интизомий қисм вакили кузатуви остида ўтказилади.

Маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан узоқ муддатли учрашувлари йилига уч марта уч суткагача бўлган муддатда берилади. Бундай учрашувлар интизомий қисмнинг махсус жиҳозланган биносида ёки қисм командирининг рухсати билан интизомий қисм ҳудудидан ташқарида ўтказилади. Узоқ муддатли учрашув вақтида маҳкумлар ишдан ва машғулотлардан озод қилинади.

Маҳкумнинг илтимосига кўра учрашув телефон орқали сўзлашув билан алмаштирилиши мумкин.

Учрашувлар ва телефон орқали сўзлашувлар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.



152-модда. Маҳкумларнинг посилкалар, йўқловлар,

бандероллар ва пул жўнатмалари олиши ҳамда юбориши

Интизомий қисмда маҳкумлар ҳар ойда битта посилка ёки йўқлов ва чекланмаган миқдорда бандероллар олиш ҳуқуқига эга.

Ўз номига келган посилка, йўқлов ва бандеролларни маҳкумларнинг ўзи интизомий қисм вакили назорати остида очади. Фойдаланиш тақиқланган нарсалар ва буюмлар белгиланган тартибда олиб қўйилади.

Маҳкумлар номига келган пуллар уларнинг шахсий ҳисобварағига ўтказилиб, бу ҳақда уларга хабар қилинади.

Маҳкумлар посилка, йўқлов, бандероллар ва пул жўнатмаларини чекланмаган миқдорда юборишлари мумкин.

Посилка, йўқлов, бандероллар ва пул жўнатмаларини олиш ҳамда юбориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан белгиланади.



153-модда. Маҳкумларнинг ёзишмалари

Интизомий қисмда маҳкумлар чекланмаган миқдорда хат ва телеграммалар олиши ҳамда жўнатиши мумкин.

Ўз номига келган хатларни маҳкумларнинг ўзи интизомий қисм вакили назорати остида очади. Хат ичидаги тақиқланган нарсалар олиб қўйилади ва улар юзасидан белгиланган тартибда чора кўрилади. Хатлар ва телеграммаларнинг мазмуни текширилмайди.

Маҳкумлар жўнатадиган хатларни очиш тақиқланади.


154-модда. Маҳкумларнинг таътиллари

Интизомий қисмда маҳкумларга муддатли ҳарбий хизмат ҳарбий хизматчилари учун қонунчиликда  назарда тутилган таътиллар берилмайди.

Ҳарбий хизматчиларга алоҳида ҳоллар (яқин қариндошининг вафоти ёки ҳаётига таҳдид солувчи оғир касаллиги, маҳкумга ёки унинг оиласига жиддий моддий зарар етказган воқеалар) муносабати билан бориш-келиш учун кетадиган вақтни ҳисобга олмаганда, интизомий қисм доирасидан четга чиқиш ҳуқуқини берадиган қисқа муддатли - етти суткагача таътил берилиши мумкин. Маҳкумнинг қисқа муддатли таътилда бўлиш вақти жазони ўташ муддатига қўшилади.


155-модда. Маҳкумларнинг меҳнати

Интизомий қисмда маҳкумлар қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнатга жалб этиладилар.    


156-модда. Маҳкумларнинг тарбияси ва таълими

Интизомий қисмда маҳкумлар тарбияси ва таълими Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган махсус дастур асосида ташкил этилади ва ўтказилади.


157-модда. Рағбатлантириш чоралари

Интизомий қисмда маҳкумларга қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:

ташаккур эълон қилиш;

илгари қўлланилган интизомий жазо чорасини олиб ташлаш;

қўшимча равишда бир марта учрашув ёки телефон орқали сўзлашув ҳуқуқини бериш.

Яхши хулқ-атвори ҳамда меҳнатга ва ҳарбий хизматга виждонан муносабати учун маҳкумлар, суд томонидан тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаганларидан сўнг, интизомий қисм командирининг Буйруғи билан ахлоқан тузалаётганлар қаторига қўшилади.

Ахлоқан тузалаётганлар қаторига қўшилган маҳкумлар жазо муддатининг камида ярмини ўтаганларидан кейин қонунда белгиланган тартибда жазодан муддатидан олдин шартли озод қилишга тақдим этилади.


158-модда. Интизомий жазо чоралари

Интизомий қисмда маҳкумларга қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилади:

ҳайфсан;

қаттиқ ҳайфсан;

навбатдан ташқари бештагача нарядга тайинлаш;

ўн беш суткага қадар гауптвахтага жойлаштириш;

ахлоқан тузалаётганлар қаторидан чиқариш.


159-модда. Рағбатлантириш ва интизомий

жазо чораларини қўллаш тартиби

Интизомий қисмда маҳкумларга нисбатан рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартиби қонунчилик билан белгилаб қўйилади.


160-модда. Жазони ўташ вақтини

ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисоблаш

Интизомий қисмда маҳкумларнинг жазони ўташ вақти ҳарбий хизмат муддатига қўшилмайди.

Интизомий қисмда сақлаш вақтини ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисоблаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 546-моддасига мувофиқ кўриб чиқилади.



VII БЎЛИМ. ҚЎШИМЧА

ЖАЗОЛАРНИ ИЖРО ЭТИШ


27-БОБ. ҚЎШИМЧА ЖАЗОЛАРНИ ИЖРО

ЭТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


161-модда. Ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум

қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш тартиби

Маҳкумни ҳарбий ёки махсус унвондан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган суд ҳукмнинг нусхасини шу унвонни берган органга юборади. Захирадаги ҳарбий хизматчига тааллуқли ҳукм нусхаси унинг яшаш жойидаги мудофаа ишлари бўлимига юборилади.

Унвон берган органнинг мансабдор шахси маҳкумни унвондан маҳрум қилиш тўғрисидаги ёзувни белгиланган тартибда тегишли ҳужжатларга киритади, бу унвон билан боғлиқ ҳуқуқ ва имтиёзларни тугатиш чораларини кўради ҳамда ҳукм чиқарган судга ҳукмнинг нусхаси олинган кундан бошлаб бир ойлик муддат ичида унинг ижро этилганлиги ҳақида хабар қилади.


VIII БЎЛИМ. ЖАЗОНИ

ЎТАШДАН ОЗОД ҚИЛИШ


28-БОБ. ЖАЗОНИ ЎТАШДАН МУДДАТИДАН

ИЛГАРИ ОЗОД ҚИЛИШ


163-модда. Жазони ўташдан муддатидан

илгари озод қилиш ҳоллари

Суд томонидан тайинланган жазо муддати тугагунга қадар маҳкум қуйидаги ҳолларда жазони ўташдан озод қилиниши мумкин:

муддатидан илгари шартли озод қилинганда;

жазо енгилроғи билан алмаштирилганда;

касаллиги ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлиги туфайли;

амнистия ёки авф этилганлиги туфайли.


164-модда. Маҳкумларни муддатидан илгари шартли

озод қилишга, шунингдек жазони енгилроғи билан

алмаштиришга тақдим этиш тартиби

Жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, шунингдек жазони енгилроғи билан алмаштириш суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 536-моддасида белгиланган тартибда қўлланилади.

Маҳкум жазо муддатининг Жиноят кодекси 73, 74, 89 ва 90-моддаларида белгиланган қисмини ўтаб бўлганидан сўнг бир ойлик муддат ичида жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмурияти уни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазонинг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштиришга тақдим этиш масаласини агар маҳкум ёки унинг адвокати тегишли илтимоснома билан судга бевосита мурожаат этмаган бўлса кўриб чиқиши ҳамда тақдим қилиш ёки рад этиш ҳақида қарор чиқариши шарт.

Маъмурият маҳкумни жазодан муддатидан илгари шартли озод қилишга ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга тақдим этишни рад этган тақдирда маҳкум ёки унинг адвокати судга тегишли илтимоснома билан мурожаат этишга ҳақли.

Маҳкумни жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишга ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга тақдим этиш масаласини маъмурият томонидан қайта кўриб чиқиш жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг ёки жазони ижро этувчи органнинг жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни рад этиш ҳақидаги қарори чиқарилган кундан эътиборан уч ой ўтгач, башарти маҳкум тузалиш йўлига ўтган бўлса, амалга оширилади.

Муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш тариқасидаги жазодан озод қилиш жамоат бирлашмаси, жамоа, маҳкумнинг ўзи ёки унинг ҳимоячиси илтимосномасига биноан суд томонидан амалга оширилади.

Суд жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришни рад этган тақдирда, бу ҳақда ажрим чиққан кундан бошлаб камида олти ой ўтганидан кейин тақдимнома такроран киритилиши ёки илтимоснома такроран берилиши мумкин.



165-модда. Касаллик туфайли ёки меҳнат

қобилиятини йўқотганлик оқибатида жазодан

озод қилишга тақдим этиш тартиби

Жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмурияти Жиноят кодексининг 75-моддасида назарда тутилган ҳолларда маҳкумни жазони ўташни давом эттиришдан озод қилиш тўғрисида судга тақдимнома киритади. Айни бир вақтда судга тиббий комиссия хулосаси ва маҳкумнинг шахсий ҳужжатлар йиғмажилди юборилади.

Маҳкумни озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазодан касаллиги туфайли озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг махсус тиббий комиссияси хулосаси асосида киритилади. Бундай касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Маҳкумни ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазодан меҳнат қобилиятини йўқотганлиги оқибатида озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома тиббий-меҳнат эксперт комиссияси хулосаси асосида киритилади.

Жазони ўташ даврида ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилган аёлларни жазодан озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома бундай таътил ҳуқуқини берувчи тиббий ҳужжат асосида киритилади.

Ҳарбий хизматчиларни интизомий қисмга жўнатиш ёки хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан озод қилиш тўғрисидаги тақдимнома тегишли ҳарбий-тиббий комиссиянинг уларни ҳарбий хизматга яроқсиз деб топиш ҳақидаги хулосаси асосида киритилади. Аёл ҳарбий хизматчилар хизмат бўйича чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан ҳомиладорлик ва туғиш таътили берилиши муносабати билан ҳам озод қилинадилар.



166-модда. Жазодан амнистия ёки

авф акти асосида озод қилиш тартиби

Жазодан амнистия ёки авф акти асосида озод қилиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Жазони ижро этиш муассасасининг ёки жазони ижро этувчи бошқа органнинг маъмурияти тегишли асос бўлган тақдирда, маҳкумга нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани судга киритиш ҳақида прокурорга тақдимнома юбориши шарт. Маҳкумларга нисбатан амнистия актини қўллаш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


29-БОБ. ЖАЗО ИЖРОСИНИ ТУГАТИШ


167-модда. Жазо ижросини тугатиш асослари

Қуйидагилар жазо ижросини тугатиш учун асос бўлади:

маҳкумнинг суд тайинлаган жазо муддатини ўтаб бўлиши;

ушбу Кодекснинг 163-моддасида назарда тутилган ҳолларда маҳкумнинг жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиниши;

суд ҳукмининг бекор бўлиши ва иш юритишнинг тугатилиши;

ҳукмнинг кассация тартибида ўзгартирилиши ва жазонинг шартли ҳукм билан алмаштирилиши;

маҳкумнинг вафоти.



168-модда. Жазо ижросини тугатиш вақти

Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, хизмат бўйича чеклаш, озодликни чеклаш, интизомий қисмга жўнатиш, озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазонинг ижроси мазкур жазо муддатига қонунчиликка мувофиқ киритилиши мумкин бўлган ўзгартиришларни ҳисобга олган ҳолда бу муддатнинг охирги куни тугатилади.

Агар жазо муддати дам олиш ёки байрам куни тугайдиган бўлса, маҳкум ушбу дам олиш ёки байрам кунидан бир кун олдин озод қилинади. Муддат ойлар билан ҳисобланган тақдирда бу муддат кейинги ойнинг тегишли куни, агар мазкур ойда шундай кун бўлмаса - шу ойнинг охирги куни тугайди.

Жазони ижро этувчи муассаса ёки орган маъмурияти маҳкумни муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги ҳужжатларни иш куни тугагунига қадар олган бўлса, шу заҳоти, иш куни тугаганидан кейин олган бўлса, эртаси куни эрталаб ижро этади.



169-модда. Ҳисоб-китоб тартиби,

ҳужжатларни ва шахсий буюмларни бериш

Ахлоқ тузатиш ишлари муддати тугаётган куни жазоларни ижро этиш инспекцияси жазони ўтаган шахсни ва у ишлаётган корхона, муассаса ёки ташкилот маъмуриятини иш ҳақидан чегириб қолишни тугатиш ва бошқа чеклашларни олиб ташлаш тўғрисида хабардор қилади.

Жазони ижро этиш муассасаси озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар озод этилаётганда улар билан тўла ҳисоб-китоб қилади, уларнинг шахсий ҳужжатлари, буюмлари ва бошқа қимматли нарсаларини, шунингдек шахсий ҳисобварақларида турган пулларини қайтариб беради ҳамда жазони ўтаб бўлганлик ёки жазодан озод қилинганлик тўғрисида белгиланган намунада маълумотнома беради.

Сил касаллигига дучор бўлган шахсларнинг озод қилинганлиги тўғрисидаги маълумотномаларга белгиланган намунадаги штамп қўйилади. 


170-модда. Маҳкум вафот этганлиги муносабати

билан жазо ижросини тугатиш тартиби

Маҳкум вафот этган тақдирда жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти бу ҳақда зудлик билан марҳумнинг яқин қариндошларидан бирига телеграф орқали хабар қилади.

Марҳумнинг жасади қариндошларига қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда берилади.

Маҳкумнинг қариндошларидан жасадни бериш тўғрисида ариза тушмаган тақдирда, муассаса маъмурияти марҳумни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан белгилаб қўйилган тартибда дафн этади.



30-БОБ. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ

МУАССАСАЛАРИДАН ОЗОД ҚИЛИШ ТАРТИБИ


171-модда. Маҳкумларни

озод қилишга тайёрлаш

Жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахснинг жазони ўташ муддати тугашига узоғи билан уч ой қолганда уни озодликка чиқаришга тайёрлаш, меҳнат ва турмушда ўрнашишга бўлган эҳтиёжини аниқлаш, унинг муассасадан озод бўлганидан кейинги ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тушунтириш мақсадида маҳкум билан тарбиявий иш олиб боради.

Ишда ва турмушда ўрнашишга муҳтож шахслар аниқланган тақдирда муассаса маъмурияти олдиндан маҳкум яшашни мўлжаллаётган жойдаги озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод бўлган шахсларнинг ижтимоий мослашуви марказини унинг озод қилиниши, турар жойи бор-йўқлиги, меҳнат қобилияти ва ихтисоси тўғрисида хабардор этади.

Муассаса маъмурияти айни бир вақтда устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати ўрнатилиши зарур бўлган шахсларни аниқлайди ва қонунчиликда белгиланган тартибда судга тегишли тақдимнома киритади.


172-модда. Жазони ижро этиш муассасаларидан

озод қилинаётган шахсларга моддий ёрдам кўрсатиш

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинаётган шахслар яшашни мўлжаллаётган жойга етиб олиши учун йўл ҳужжатлари, белгиланган норма бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари ёки пул компенсацияси билан таъминланадилар.

Озод қилинаётган шахсларда мавсумий кийим ва пойабзал, шунингдек уларни сотиб олишга пул бўлмаса, улар кийим ва пойабзал билан бепул таъминланадилар. Шу мақсадлар учун озод қилинаётган шахсларга бир йўла тўланадиган пул нафақаси берилиши мумкин.



173-модда. Маҳкумларнинг озод қилиниши тўғрисида

хабар бериш ва озод бўлган шахсларни кузатиб бориш

Жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкумларнинг озод этилганлиги тўғрисида:

биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга, ҳомиладор аёллар ва ёш боласи (болалари) бор аёлларга, шунингдек вояга етмаганларга нисбатан - уларнинг қариндошлари ёки қариндошларининг ўрнини босувчи бошқа шахсларни;

ишга кириш ва турмушини йўлга қўйишга муҳтож бўлган шахсларга нисбатан - вилоятлар (туманлар, шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги ижтимоий мослашув марказларини;

сил ёки таносил касалликларига дучор бўлган, шунингдек алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликдан мажбурий даволаш курсини тугалламаган шахсларга нисбатан - вилоят, шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари (бўлимлари) ёки соғлиқни сақлаш органларининг даволаш муассасаларини;

маъмурий назорат остига олиниши лозим бўлган шахсларга нисбатан - ички ишлар ҳудудий органларини олдиндан хабардор этади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган маҳкумлар касаллиги ёки меҳнат қобилиятини йўқотганлиги оқибатида, амнистия акти ёки афв асосида озод этилган ҳолларда, шунингдек маҳкумлар жазодан шартли равишда муддатидан илгари озод этилган тақдирда, билдириш қоғози улар озод этилган куни жўнатилади.

Ҳукм қилинган чет эл фуқароларининг озод этилганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ёки консуллик муассасалари қонунчиликда белгиланган тартибда хабардор қилинади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бирор-бир давлатнинг дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасаси мавжуд бўлмаган тақдирда, бундай давлатнинг ваколатли органини қонунчиликда белгиланган тартибда хабардор қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига озод этилганлик тўғрисидаги билдириш қоғози жўнатилади.

Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси бўйича яшаган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахс озод қилинаётганда жазони ижро этиш муассасасининг маъмурияти маҳкум қамоққа олингунига қадар рўйхатга олинган жойдаги ички ишлар ҳудудий органининг мамлакатга кириш, ундан чиқиш ва рўйхатга олиш билан шуғулланувчи тегишли хизматини хабардор қилади.

Соғлиғи ҳолатига кўра доимий парваришга муҳтож шахслар, шунингдек ўн олти ёшгача бўлган вояга етмаган шахслар қариндошлари ёки бошқа шахслар ёхуд муассаса маъмурияти вакилининг кузатувида яшаш жойига жўнатилади.

Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар ўз илтимосига кўра, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун интернат уйларига (пансионатларга) юборилади.

Вояга етмаган маҳкумлар ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ихтиёрига жўнатилади. Ота-онаси йўқ вояга етмаган шахслар, зарур ҳолларда, интернатларга жўнатилади ёки ҳомийлар қарамоғига берилади.



IX БЎЛИМ. БОШҚА ЖИНОЯТ-ҲУҚУҚИЙ

ТАЪСИР ЧОРАЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ


31-БОБ. БОШҚА ЖИНОЯТ-ҲУҚУҚИЙ ТАЪСИР

ЧОРАЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ ВА УЛАРНИ

ИЖРО ЭТИШ АСОСИ


174-модда. Бошқа жиноят-ҳуқуқий

таъсир чораларининг турлари

Бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чоралари жумласига:

шартли ҳукм қилиш;

тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари;

вояга етмаганларга нисбатан мажбурлов чоралари киради.


175-модда. Бошқа жиноят-ҳуқуқий

таъсир чораларини ижро этиш асоси

Бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чораларини ижро этиш учун суднинг қонуний кучга кирган ҳукми ёки ажрими асос бўлади.

Бошқа жиноят-ҳуқуқий таъсир чоралари Жиноят кодексининг 72, 87, 94-96-моддаларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда суд томонидан тайинланади.



32-БОБ. ШАРТЛИ ҲУКМ ҚИЛИНГАН

ШАХСЛАР УСТИДАН НАЗОРАТ


176-модда. Шартли ҳукм қилинган шахслар

хулқ-атвори устидан назоратни амалга ошириш тартиби

Жазоларни ижро этиш инспекцияси шартли ҳукм қилинган шахсларни рўйхатга олади ва суд белгилаган синов муддати мобайнида уларнинг зиммасига юкланган мажбуриятлар бажарилишини текшириб боради.

Шартли ҳукм қилинган шахс ҳарбий хизматга чақирилган тақдирда жазоларни ижро этиш инспекцияси суд ҳукми (ажрими) нусхасини ҳамда ҳарбий хизмат ўташ жойида унинг хулқ-атвори устидан назорат қилиш учун керакли бошқа ҳужжатларни мудофаа ишлари бўйича тегишли бўлимга юборади. Ҳарбий қисм (муассаса) қўмондонлиги ўн кунлик муддат ичида маҳкум рўйхатга олинганлиги тўғрисида, хизматни тугатганидан кейин эса, жўнаб кетганлиги тўғрисида жазоларни ижро этиш инспекциясига хабар қилиши шарт.


177-модда. Шартли ҳукм қилинган

шахсларнинг мажбуриятлари

Шартли ҳукм қилинган шахслар суд томонидан зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажариши, шунингдек чақирувга биноан жазоларни ижро этиш инспекциясида ҳозир бўлиши шарт. Узрли сабабсиз ҳозир бўлмаган маҳкум белгиланган тартибда мажбуран келтирилиши мумкин.


178-модда. Судга тақдимнома киритиш

Шартли ҳукм қилинган шахс хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи орган синов муддати мобайнида белгиланган чеклашларни тўлиқ ёки қисман бекор қилиш тўғрисида судга тақдимнома киритишга ҳақлидир.

Маҳкум зиммасига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаган ёки маъмурий ёхуд интизомий жавобгарликка тортилган ҳолларда маҳкум хулқ-атвори устидан назоратни амалга оширувчи орган жиноят-ҳуқуқий таъсир чорасини бекор қилиш ҳамда ҳукмда тайинланган жазони ижро этиш тўғрисида судга тақдимнома киритади.


179-модда. Синов муддатини ҳисоблаш

Синов муддати ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланади.



180-модда. Шартли ҳукм қилинган шахс

хулқ-атвори устидан назоратни тугатиш

Шартли ҳукм қилинган шахс хулқ-атвори устидан назорат синов муддати тамом бўлиши билан тугатилади ва маҳкум жазоларни ижро этиш инспекцияси ёки ҳарбий қисм (муассаса) қўмондонлиги рўйхатидан чиқарилади.


33-БОБ. ТИББИЙ ЙЎСИНДАГИ

МАЖБУРЛОВ ЧОРАЛАРИНИ ИЖРО ЭТИШ


181-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий

йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тартиби

Руҳий ҳолати бузилган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари соғлиқни сақлаш органлари томонидан суд-психиатрия экспертизаси хулосасига мувофиқ қуйидаги тартибда қўлланилади:

мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва даволаниш руҳий ҳолати бузилган шахснинг яшаш жойи бўйича руҳий-асаб касалликлари диспансерида (туман (шаҳар) психиатрининг хонасида) амалга оширилади;

руҳий ҳолати бузилган шахсни жамиятдан батамом ажратиб мажбурий даволаш, унинг руҳий ҳолатига қараб, умумий тартибли психиатрия муассасасининг умумий кузатиладиган бўлимида ёки умумий тартибли психиатрия муассасасининг махсус реабилитация бўлимида ёхуд кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида амалга оширилади.



182-модда. Жазо билан бирга тайинланган тиббий

йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тартиби

Алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан маҳкумларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қуйидаги тартибда қўлланилади:

жамиятдан батамом ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган шахсларга - соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан умумий асосларда;

озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахсларга - жазони ўташ жойида, озод этилганларидан сўнг даволашни давом эттириш зарурати бўлганда эса - соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан умумий асосларда.

Руҳий ҳолати ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда бузилган маҳкумларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қуйидагиларга нисбатан қўлланилади:

жамиятдан батамом ажратиб қўйиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чораларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан - соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан;

озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазога ҳукм қилинган шахсларга нисбатан - жазони ўташ жойида, озод этилганидан кейин даволашни давом эттириш зарур бўлганда эса, соғлиқни сақлаш органларининг тиббий муассасалари томонидан умумий асосларда.


183-модда. Суд-психиатрия

экспертизасини тайинлаш асослари

Ҳибсда ушлаб турилган шахсларнинг суд-психиатрия экспертизаси суриштирув органининг, терговчининг, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими асосида, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан эса, жазони ижро этиш муассасаси бошлиғининг қарори асосида тайинланади.


184-модда. Руҳий ҳолати бузилган шахсларни кўчириш

Руҳий ҳолати бузилган шахсларни руҳий касалликлар шифохонасига кўчириш, шунингдек уларни бир касалхонадан иккинчисига ўтказиш қонунчиликда белгилаб қўйилган тартибда давлат ҳисобидан амалга оширилади.


185-модда. Руҳий касалликлар шифохоналарида

беморларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Руҳий касалликлар шифохоналарида мажбурий даволанаётган беморлар:

ҳар куни сайр қилиш;

хатлар, посилка, йўқлов ва бандероллар, шунингдек пул жўнатмалари олиш ва юбориш;

қариндошлари ва бошқа шахслар билан учрашиш;

диний расм-русумларни адо этиш;

озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш ҳамда уларни ўз ёнида сақлаш;

касалхона кутубхонасидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Беморлар адвокат хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Даволаш самарадорлигини ва касаллар ёки бошқа шахслар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда беморларнинг ҳуқуқлари чекланиши мумкин.

Беморлар тайинланган муолажани қабул қилиши ва ички тартиб қоидаларига риоя этиши шарт.



186-модда. Руҳий касалликлар шифохоналарида

беморларни сақлаш шароитлари

Руҳий касалликлар шифохоналарида беморлар касаллик тури, хулқ-атворининг хусусияти, руҳий ва жисмоний ҳолатини инобатга олиб, уларни батамом ажратиб қўйишни таъминловчи ҳамда улар томонидан янги ижтимоий-хавфли қилмиш содир этиш, қочиш, сақлаш режимини бузиш эҳтимолининг олдини олишни таъминлайдиган шароити бор палаталарга жойлаштирилади.

Эркаклар ва аёллар, катталар ва вояга етмаган шахслар алоҳида-алоҳида сақланади.

Бир беморга тўғри келадиган фойдали майдон нормаси беш квадрат метрдан кам бўлиши мумкин эмас.

Беморларга овқат ва касалхона кийими бепул берилади.

Беморларни овқат ва уст-бош билан таъминлаш нормалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Посилка, йўқлов, бандерол ва пул жўнатмалари олиш ҳамда юбориш, учрашувлар ўтказиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни сотиб олиш, сақлаш, шунингдек беморларга ҳар куни бериладиган сайр тартиби ички тартиб қоидалари билан белгиланади.

Руҳий касалликлар шифохоналарида беморларга узоқ муддатли учрашув берилмайди.

Бемор номига келиб тушган пуллар унинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади.

Озиқ-овқат маҳсулотлари ва энг зарур нарсаларни беморлар пул ўтказиш йўли билан сотиб оладилар.



187-модда. Руҳий касалликлар шифохоналарида

беморларни даволашни ташкил этиш

Руҳий ҳолати бузилган шахсларни мажбурий даволаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган ташхис қўйиш, даволаш ва соғлиқни тиклаш усуллари қўлланган ҳолда ўтказилади.



188-модда. Бемор қочиб кетган ёки вафот этган

тақдирда шифохона маъмуриятининг ҳаракати

Мажбурий даволанишда бўлган бемор қочиб кетган тақдирда руҳий касалликлар шифохонаси маъмурияти зудлик билан уни қидириб топиш чораларини кўриши ҳамда бу ҳақда шифохона жойлашган ердаги ва бемор, унинг қариндошлари ёки васийлари яшайдиган жойдаги прокурорни, ички ишлар органларини, психоневрология диспансерини, шунингдек мажбурий даволаш чорасини тайинлаган судни хабардор қилиши шарт.

Мажбурий даволанишда бўлган бемор вафот этганлиги тўғрисида руҳий касалликлар шифохонаси маъмурияти унинг қариндошлари ёки васийларини, прокурор ва судни, шунингдек бемор яшаган жойдаги психоневрология диспансерини хабардор қилади.

Вафот этган бемор жасадини бериш шартлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.



189-модда. Беморни руҳий касалликлар

шифохонасидан чиқариш тўғрисида хабар

Беморни шифохонадан чиқаришдан ўн кун олдин руҳий касалликлар шифохонаси маъмурияти бу ҳақда унинг яшаш жойидаги ички ишлар органларига, шунингдек унинг қариндошлари ёки васийларига хабар қилади.

Мажбурий даволаниш суд томонидан бекор қилинганидан кейин ўн сутка ичида даволаш муассасаси маъмурияти беморнинг яшаш жойидаги психоневрология диспансерига амбулатория картасидан кўчирма юборади ҳамда унинг қариндошлари ёки васийларини, шунингдек беморнинг яшаш жойидаги ички ишлар органларини воқеадан хабардор қилади.



190-модда. Беморларни руҳий касалликлар

шифохонасидан чиқариш тартиби

Беморларни руҳий касалликлар шифохонасидан чиқариш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Руҳий касалликлар шифохонасидан чиқарилган шахсларга даволанишда бўлган вақти тўғрисида маълумотнома берилади.



191-модда. Беморларни яшаш жойига юбориш

Беморлар яшаш жойига қариндошлари ёки васийлари ёхуд тиббий ходимлар кузатувида юборилади.

Беморнинг яшаш жойигача етиб бориш, кузатувчи шахснинг эса, бориш-келиш харажатлари давлат ҳисобидан тўланади.



192-модда. Беморлар ва руҳий касалликлар

шифохонаси ходимлари хавфсизлигини таъминлаш

Беморлар ва ходимлар хавфсизлигини таъминлаш, беморларнинг руҳий касалликлар шифохонаси (бўлинмаси) доирасидан ташқарига ўзбошимчалик билан чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида назорат-рухсатнома тизими жорий этилади.

Умумий тартибли руҳий касалликлар шифохоналарини қўриқлаш тиббий ходимлар томонидан, суд-психиатрия экспертизаси бўлинмалари ва кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохоналарида - ички ишлар органлари томонидан амалга оширилади.

Бемор жазавага тушган, шунингдек тиббий ходимларга итоат этмаган ва уларга жисмоний қаршилик кўрсатган тақдирда унга нисбатан қўлкишан, боғлаш воситалари ва бошқа махсус воситалар қонунчиликда назарда тутилган тартибда қўлланилиши мумкин.


193-модда. Руҳий касалликлар шифохоналарида

мажбурий даволаш ўтказилиши устидан назорат

Руҳий касалликлар шифохоналарида (бўлинмаларида) мажбурий даволаш ўтказилиши устидан назорат соғлиқни сақлаш органлари томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.    



194-модда. Озодликдан маҳрум этишга

ҳукм қилинган шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги

мажбурлов чораларини қўллаш тартиби

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, алкоголизм, гиёҳвандлик ва заҳарвандликка йўлиққан шахсларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


34-БОБ. ВОЯГА ЕТМАГАН ШАХСЛАРГА

НИСБАТАН МАЖБУРЛОВ ЧОРАЛАРИНИ ҚЎЛЛАШ


195-модда. Жабрланувчидан узр сўраш

Вояга етмаган шахс жабрланувчидан оғзаки ёки ёзма равишда, кўпчиликнинг олдида ёки якка тартибда узр сўрайди.

Узр сўраш жойи, вақти ва тартибини суд белгилайди.

Узр сўраш мажбуриятини юклаш тариқасидаги мажбурлов чораси ижро этилганлиги тўғрисида тегишли ҳужжат тузилади.



196-модда. Етказилган зарарни

тўлаш ёки бартараф этиш

Вояга етмаган шахснинг етказилган зарарни ўз маблағлари ҳисобидан ёки ўз меҳнати билан тўлаши ёхуд бартараф этиши суд томонидан белгиланган тартибда ва муддатларда амалга оширилади.

Етказилган зарарни ўз маблағлари ҳисобидан ёки ўз меҳнати билан тўлаш ёхуд бартараф этиш мажбуриятини юклаш тариқасидаги мажбурлов чораси ижро этилганлиги тўғрисида тегишли ҳужжат тузилади.



197-модда. Махсус ўқув-тарбия

муассасасига жойлаштириш

Вояга етмаган шахслар халқ таълими органларининг махсус ўқув-тарбия муассасаларига қонунчиликда белгиланган тартибда жойлаштирилади.

Вояга етмаган шахсларнинг махсус ўқув-тарбия муассасаларида бўлиши тартиби ва шароити, ўқув жараёни ва тарбиявий таъсирга оид ишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланади.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”,

1997 йил, 6-сон, 175-модда

Время: 0.1406
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск