Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати /

Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш ва Текширишларни рўйхатга олиш китобини юритиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 29.12.2006 й. 1650-сон билан рўйхатга олинган АВ 29.12.2006 й. 213-мх-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2006 йил 29 декабрда 1650-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирининг

2006 йил 29 декабрдаги

213-мҳ-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини

текшириш ва Текширишларни рўйхатга

олиш китобини юритиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 8 августдаги ПФ-1503-сон "Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида"ги ва 1998 йил 19 ноябрдаги ПФ-2114-сон "Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида"ги фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 17 февралдаги 57-сон "Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши фаолиятини фаоллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар ва уларнинг таърифлари қўлланилади:


Текширишларни рўйхатга олиш китоби - назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъект фаолиятини текширишлар тўғрисидаги ахборот киритиладиган расмий ҳужжат ҳисобланувчи текширишларни ҳисобга олиш махсус китоби;


хўжалик юритувчи субъект - белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган юридик ва жисмоний шахс;


назорат қилувчи органлар - хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилишга қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган вазирликлар ва идоралар;


текшириш - хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қонунлар ҳамда улар фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатлари қандай бажарилаётганлигини назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бир марта назорат қилиши;


комплекс текшириш - бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ назорат қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган текшириш;


молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) - солиқ ва валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида хўжалик юритувчи субъектларнинг бухгалтерия, молия, статистика, банк ҳамда бошқа ҳужжатларини ўрганиш ва таққослаш;


режадан ташқари текшириш - назорат қилувчи органлар томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва ҳолларда амалга ошириладиган йиллик (чораклик) текширишлар режасига киритилмаган текшириш (шу жумладан, қисқа муддатли текшириш);


қисқа муддатли текшириш - назорат қилувчи органлар томонидан бир иш куни давомида ўтказиладиган ва хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш билан боғлиқ бўлмаган текширув (кечки ва (ёки) тунги вақтларда фаолият кўрсатувчи (текшириш кунининг соат 18-00 дан эртаси куннинг соат 6-00 гача) хўжалик юритувчи субъектларда қисқа муддатли текширишлар текшириш бошланган пайтдан бошлаб саккиз соат давомида амалга оширилади);


муқобил текшириш - операциялар бирлиги туфайли ўзаро боғлиқ бўлган ва турли хўжалик юритувчи субъектлардаги ёки бир хўжалик юритувчи субъектнинг турли бўлинмаларидаги ҳужжатларни таққослашдан иборат текширув;


назорат тартибида текшириш - хўжалик юритувчи субъектларнинг илгариги текширишда кўрсатилган қоидабузарликларни бартараф этиши устидан назорат қилувчи органлар амалга оширадиган текшириш.


2. Мазкур Низом назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар (кейинги ўринларда - текширувчи органлар)нинг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини барча текширишлари (молия-хўжалик фаолиятини текшириш, комплекс текшириш, тафтиш қилиш, режадан ташқари текшириш, муқобил текшириш, назорат тартибида текшириш ва ҳ.к.), шу жумладан ёнғин, санитария-эпидемиология, ветеринария хавфсизлиги, касса операцияларини юритиш тартиби ва товарлар билан савдо қилиш қоидаларига риоя қилишни текшириш, шунингдек энергия назорати, карантин ва ўсимликлар ҳимояси хизматлари, табиатни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказиладиган текширишлар ва бошқа текширишлар бўйича хатти-ҳаракатларига нисбатан татбиқ этилади.


3. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

текширувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкоралик;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;

хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига аралашмаслик.


4. Текшириш билан хўжалик юритувчи субъектнинг бевосита текшириш ўтказиш йилидан олдинги тўрт календарь йилдан кўп бўлмаган фаолияти қамраб олиниши мумкин. Бунда:

текшириш ўтказилаётган календарь йил даврларини текширишга рухсат этилади;

илгари текширилган масалалар бўйича текшириш ўтказиш ман этилади.

Мазкур банднинг қоидалари қўзғатилган жиноят ишлари доирасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларга татбиқ этилмайди.


5. Давлат бюджети ва мақсадли давлат жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган муассасалар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Прокурор назорати тартибида амалга ошириладиган давлат назорати ҳам тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.


6. Мазкур Низом билан тартибга солинмаган муносабатлар бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



II. ТЕКШИРИШ ЎТКАЗИШ УЧУН АСОСЛАР


7. Режали текширишлар ўтказиш учун қуйидагилар асос бўлади:

назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) ёки унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича тегишли ҳудудий комиссиялари (кейинги ўринларда - вилоят комиссиялари) томонидан белгиланган тартибда берилган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишнинг мувофиқлаштириш режасидан кўчирма;

назорат қилувчи органнинг текширишлар амалга оширишни мувофиқлаштириш режаси асосида текшириш мақсади, текширувчи мансабдор шахслар таркиби ва текшириш ўтказиш муддатлари кўрсатилган ҳолда чиқарган буйруғи.


8. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини режадан ташқари текшириш учун Кенгаш, вилоят комиссиялари ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, Кенгашнинг туман ва шаҳарлар бўйича ҳудудий комиссиялари томонидан текширилаётган объект номи, текшириш ўтказиш мақсади, муддатлари ва унинг сабаблари асослилиги кўрсатилган ҳолда режадан ташқари текшириш ўтказиш тўғрисида белгиланган тартибда қабул қилинган қарор, шунингдек текширишни амалга оширувчи тегишли назорат қилувчи органнинг мансабдор шахслари таркиби ва текшириш ўтказиш муддати кўрсатилган буйруғи асос бўлади.


9. Режадан ташқари текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

агар текширувни ўтказиш зарурати Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг қарорларидан келиб чиққанда. Бунда агар Президент ва Ҳукумат қарорларида текшириш ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъект номи аниқ кўрсатилган бўлса, Кенгаш ёки унинг вилоят комиссиясининг розилигини олиш талаб қилинмайди;

назорат қилувчи органга хўжалик юритувчи субъект томонидан қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатларининг бузилганлиги тўғрисида қўшимча маълумотлар келиб тушганда. Қўшимча маълумотлар сифатида корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларнинг аниқ исботланган ва ҳужжатлар билан тасдиқланган қонунбузилиш фактлари хизмат қилиши мумкин;

фавқулодда вазиятлар юзага келишининг олди олинаётганда;

санитария-эпидемиология вазияти мураккаблашганда, шунингдек қўшни давлатлардан юқумли касалликлар кириб келиши ва тарқалиши эҳтимоли вужудга келганда.

Юқори турувчи назорат қилувчи органлар ўзларининг ҳудудий бўлинмаларига хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятида режадан ташқари текшириш ўтказиш учун топшириқларни фақатгина Кенгаш, вилоят комиссиялари ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, Кенгашнинг туман ва шаҳарлар бўйича ҳудудий комиссияларининг уларни ўтказиш тўғрисидаги қарори бўлганида юборади.


10. "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддаси ва "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига мувофиқ прокуратура, ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш учун қўзғатилган жиноий иш мавжудлиги асос бўлади.


11. Хўжалик юритувчи субъект Кенгаш ёки вилоят комиссияси ишчи органларидан унинг фаолиятини текширишга тааллуқли (режалаштирилган текшириш санаси, тури, назорат қилувчи органнинг номи ва ҳ.к.) ахборотни (бунда ушбу ахборот хўжалик юритувчи субъектга бепул тақдим этилади) олишга ҳақли. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ушбу ахборотни олиши, шунингдек Кенгаш томонидан тасдиқланадиган текширишлар режаларига киритилган текширувлар тўғрисидаги маълумотларни матбуотда эълон қилиш йўли билан ҳам таъминланиши мумкин.


12. Хўжалик юритувчи субъектларни уларнинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда текширишлар тегишли назорат қилувчи (ёнғинга қарши, санитария, ветеринария, энергетика назорати ва бошқа) органлар томонидан, қоида тариқасида, бир марта ўтказиладиган комплекс текширув давомида амалга оширилади.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш (тафтиш қилиш) белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари, улар томонидан текшириш давомида солиқ ва валютага оид жиноят аломатлари аниқланган тақдирда эса - Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ ва валютага оид жиноятларга ҳамда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти томонидан амалга оширилади.

Бунда ҳудудий солиқ органлари томонидан бошқа туманлар (шаҳарлар)да рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектларнинг ишлаб чиқариш бинолари, савдо шохобчалари қаерда жойлашганидан ва хизматлар кўрсатиладиган (ишлар бажариладиган) жойдан қатъи назар уларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш такрорланишига йўл қўйилмаган ҳолда, хўжалик юритувчи субъект рўйхатга олинган жойдаги тегишли солиқ органлари билан бир вақтда амалга оширилади.


13. Режали текширувлар Кенгаш томонидан тасдиқланган режалар асосида ўтказилади.

Бир кундан ортиқ давом этадиган режадан ташқари текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан Кенгаш қарори бўйича амалга оширилади. Бир кунлик режадан ташқари текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан Кенгаш ёки унинг вилоят комиссияси, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, Кенгашнинг туман ва шаҳарлар бўйича ҳудудий комиссияларининг қарори бўйича амалга оширилади.

Хўжалик юритувчи субъектларда муқобил текширишлар жиноят ишлари юзасидан тергов олиб бориш жараёнида текшириш тайинлаш тўғрисидаги қарор асосида ёки назорат қилувчи органлар томонидан Кенгаш ёки вилоят комиссияси қарорига биноан ўтказилиши мумкин.

Назорат тартибидаги текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан ушбу Низомнинг 23-банди талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда Кенгаш ёки унинг вилоят комиссиясининг қўшимча қарорисиз амалга оширилади.

Якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текшириш учун асослар Кенгаш томонидан тасдиқланадиган норматив ҳужжатлар билан тартибга солинади.


14. Текшириш ўтказишга фақат тегишли назорат органлари томонидан амалга ошириладиган аттестация натижалари бўйича ва текшириш ҳуқуқини берувчи белгиланган намунадаги махсус гувоҳномаларга эга бўлган мансабдор шахсларга рухсат этилади.



III. ТЕКШИРИШЛАР ЎТКАЗИШ ШАРТЛАРИ


15. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текшириш муддатлари 30 календарь кундан ошмаслиги лозим. Алоҳида ҳолларда Кенгаш қарорига биноан бу муддат узайтирилиши мумкин.


16. "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 39-моддасига мувофиқ хўжалик юритувчи субъектлар - Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси аъзолари фаолиятини текшириш унинг вакиллари иштирокида амалга оширилиши мумкин.

Бухгалтерия ҳисобини юритиш ва ҳисобот тузиш аудиторлик ташкилоти томонидан амалга ошириладиган хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолияти тегишли аудиторлик ташкилоти мажбурий жалб қилинган ҳолда текширилади. Бунда молиявий ҳисоботнинг тўғрилиги учун аудиторлик ташкилоти жавоб беради.


17. Текшириш ўтказиш учун аудиторлик ташкилотлари ва/ёки экспертлар жалб қилинган тақдирда аудиторлик текширишлари (экспертизалар) ўтказиш бўйича сарф-харажатлар фақат ушбу текширишларни тайинлаган текширувчи органлар ҳисобидан амалга оширилади.


18. Аудиторлик ташкилотлари ва/ёки экспертлар жалб қилинганда текширувчи орган ҳамда аудиторлик ташкилоти ва/ёки эксперт ўртасида тузилган шартнома нусхаси албатта хўжалик юритувчи субъектга тақдим этилади. Шартномада аудитор ва/ёки экспертнинг фамилияси, исми, отасининг исми, иш жойи ва мансаби кўрсатилган бўлиши лозим.

Аудиторлик ва/ёки эксперт хулосасининг тўғрилиги ҳамда унинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқлиги юзасидан аудиторлик ташкилоти ва/ёки экспертнинг жавобгарлиги тузиладиган шартноманинг зарурий шарти ҳисобланади.


19. Хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишлар Кенгашнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан йилига бир марта амалга оширилиши мумкин, хусусий корхоналар ва ушбу Низомнинг 20-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Белгиланган нормалар ва қоидаларга ўз вақтида ҳамда тўла ҳажмда риоя этувчи хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта амалга оширилади, ушбу Низомнинг 20-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий корхоналар фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан кўпи билан икки йилда бир марта, белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


20. Микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолиятини ҳар тўрт йилда кўпи билан бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларини эса ҳар уч йилда кўпи билан бир марта режа асосида текшириш ўтказилади.

Янги ташкил қилинган микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолиятини улар давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб икки йил мобайнида режа асосида текшириш ўтказилмайди.


21. Прокуратура, ички ишлар ва миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан ўтказиладиган текширишда хўжалик юритувчи субъектнинг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятигина қамраб олиниши мумкин, бу ҳақда текшириш тайинлаш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши лозим.


22. Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини муқобил текшириш хўжалик юритувчи субъектларга бормасдан амалга оширилади ва фақат уларнинг текширилаётган хўжалик юритувчи субъект билан ўзаро муносабатлари доирасидагина йўл қўйилади.

Хўжалик юритувчи субъектнинг текшириш объекти билан ўзаро муносабати деганда шахсларнинг ҳужжатлар (жиноят иши материаллари, ашёвий далиллар) билан тасдиқланган аниқ муносабатини тушуниш лозим.

Кенгаш ёки вилоят комиссиясининг қарори ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг тегишли мансабдор шахсининг қарори билан белгиланган муддатда муқобил текшириш ўтказиш имконияти бўлмаганида, у фақатгина муқобил текширишни бошқа муддатга кўчириш тўғрисидаги Кенгаш ёки вилоят комиссиясининг қўшимча қарори ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг тегишли мансабдор шахсининг қўшимча қарори асосида ўтказилиши мумкин.

Хўжалик юритувчи субъектлардан муқобил текширишга тааллуқли бўлмаган молия-бухгалтерия ёки бошқа ҳужжатларни талаб қилиш ман этилади.


23. Назорат тартибидаги текширишларни ўтказиш назорат қилувчи органлар томонидан фақат илгари ўзлари ўтказган текшириш натижаларига доир далолатномада (маълумотномада) белгиланган ҳолатлар ва муддатлар бўйича Кенгаш ёки унинг вилоят комиссияларининг қўшимча розилигисиз амалга оширилади.

Тадбиркорлик субъекти текшириш натижалари бўйича далолатномада (маълумотномада) белгиланган муддатларда назорат тартибида текширишлар ўтказишга рози бўлмаса, уларни ўтказиш муддатлари Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисидаги Низомда (2006 йил 6 май, рўйхат рақами 1573) кўрсатилган тартибга мувофиқ вилоят комиссияларининг қарорлари билан белгиланади. Бунда ўтказилган текшириш натижалари бўйича далолатнома (маълумотнома) назорат тартибида текшириш ўтказиш зарурлигига асос бўлади.


24. Хўжалик юритувчи субъектлар текширувчи органларнинг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ҳамда текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан уларни таништирмасликка ҳақлидир.


25. Ҳужжатларни олиб қўйиш ва уларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг талаби бўйича тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади, прокуратура органлари эса, бу ҳолда "Прокуратура тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ҳам асосланади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар асл нусхаси олиб қўйилган ҳужжатларнинг сақланиши учун жавобгардирлар. Ҳужжатларнинг асл нусхасини олиб қўйишда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ваколатли шахслари, хўжалик юритувчи субъектларга бош бухгалтер ёки хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа мансабдор шахси томонидан тасдиқланадиган ҳужжатларнинг асл нусхасидан кўчирмалар олиш имкониятини беришлари лозим.


26. Текширувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахслари, аудиторлик ташкилотлари ва/ёки экспертлар уларга хўжалик юритувчи субъектни текшириш билан боғлиқ ҳолда маълум бўлган тижорат сирини ташкил қилувчи маълумотларни тарқатганликлари учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.


27. Текширувчи мансабдор шахслар текшириш бошланишидан олдин хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарини (якка тартибдаги тадбиркорни, хўжалик юритувчи субъект раҳбари бўлмаган тақдирда - унинг вазифасини бажарувчи шахсни) текшириш мақсади ва шартлари билан таништириши, қонунчиликда белгиланган ҳужжатларни тақдим этиши, Текширишларни рўйхатга олиш китобига (1-сонли илова) тегишли ёзувлар киритиши лозим.

Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдириш 2-сонли иловада кўрсатилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.


28. Текширишларни рўйхатга олиш китоби белгиланган намунага мувофиқ бўлиши, қаттиқ муқова билан қопланган ва рақамланган, тикилган, варақлар сони ва Китобни юритиш санаси кўрсатилган ҳолда хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг имзоси ва муҳри (якка тартибдаги тадбиркор учун - агар у мавжуд бўлса) билан тасдиқланган бўлиши керак.

Адлия органлари томонидан ҳисоби юритиладиган Текширишларни рўйхатга олиш китобида хўжалик юритувчи субъектнинг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи (почта манзили), унга берилган солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) тўғрисида маълумотлар бўлиши лозим.


29. Текширишларни рўйхатга олиш китоби мулкчилик шаклидан қатъи назар, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан юритилади. Текшириш бошланишидан олдин хўжалик юритувчи субъект раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор, хўжалик юритувчи субъект раҳбари бўлмаган тақдирда - унинг вазифасини бажарувчи шахс) текширувчи мансабдор шахсга Текширишларни рўйхатга олиш китобини тегишли устунларини тўлдириш учун тақдим этади.

Текширувчи мансабдор шахс Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдиришдан бош тортса, у текширишга қўйилмайди.


30. Назорат қилувчи органлар текширишни назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш ўтказиш режасига мувофиқ амалга оширади. Текшириш текширишни ўтказиш режаси ва назорат қилувчи органнинг ваколатлари доирасидан четга чиқмаслиги лозим.


31. Текширишлар натижалари далолатнома (маълумотнома) билан, зарур ҳолларда эса - аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатма билан ҳам расмийлаштирилади.


32. Кенгаш ёки унинг вилоят комиссияси томонидан белгиланган тартибда берилган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишнинг мувофиқлаштириш режасидан кўчирма (кўчирманинг ҳақиқийлиги кўрсатилган ҳолда тегишли имзо ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим), назорат қилувчи орган раҳбари томонидан тасдиқланган текшириш ўтказиш буйруғи ва режаси, қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарор нусхалари хўжалик юритувчи субъект раҳбарига (якка тартибдаги тадбиркорга, хўжалик юритувчи субъект раҳбари бўлмаган тақдирда - унинг вазифасини бажарувчи шахсга) уларни олганлиги ҳақидаги тилхат асосида топширилади. Бунда текшириш натижаларини акс эттирувчи ҳужжатнинг бир нусхаси текшириш тугаганидан кейин ўн кунлик муддат ичида топширилади. Текшириш ўтказиш учун аудиторлик ташкилоти ва/ёки эксперт жалб қилинган тақдирда, текширувчи орган ва аудиторлик ташкилоти ва/ёки эксперт ўртасида тузилган шартнома нусхаси ҳам топширилади.


33. Текширишларни рўйхатга олиш китоби тўлдирилгандан ва текшириш тугагандан сўнг мансабдор шахс - текшириш раҳбари ва хўжалик юритувчи субъект раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор, хўжалик юритувчи субъект раҳбари бўлмаган тақдирда - унинг вазифасини бажарувчи шахс) унда қайд қилинган ёзувларни тўғрилигини ўзларининг имзолари билан сана ва вақтни кўрсатган ҳолда тасдиқлайдилар.



IV. ТЕКШИРИЛАЁТГАН ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ

СУБЪЕКТЛАР ВА ТЕКШИРУВЧИ ОРГАНЛАР ҲАМДА

УЛАРНИНГ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


34. Текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлар қўйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолиятлари текширилиши тўғрисидаги тегишли ахборотга эга бўлиш;

текширувчи мансабдор шахслардан Кенгаш, вилоят комиссиялари ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, Кенгашнинг туман ва шаҳарлар бўйича ҳудудий комиссиялари қарорини ва қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ бўлган текширишни тайинлаш тўғрисидаги қарорни, текшириш ўтказиш учун асос ҳисобланувчи бошқа ҳужжатларни талаб қилиш, текширувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиш;

текшириш ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;

текширувчи мансабдор шахсларнинг ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик;

текширувчи мансабдор шахслардан текшириш тугаганидан сўнг ўн кун муддат ичида текшириш натижаларини акс эттирувчи ҳужжатнинг бир нусхасини олиш;

қонунда белгиланган тартибда текшириш натижалари устидан шикоят қилиш.


35. Хўжалик юритувчи субъектлар текширувчи мансабдор шахсларнинг қонуний талабига биноан текшириш ўтказиш учун зарур бўлган материаллар ва ҳужжатларни тақдим этишга, уларни текшириш объектларига киритишга, текширувчи мансабдор шахсларга ўз вазифаларини бажаришлари учун кўмаклашишга мажбурдирлар.


36. Текширишни амалга ошираётган текширувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

текширилаёттан хўжалик юритувчи субъектлардан текшириш ўтказиш билан бевосита боғлиқ бўлган зарур ҳужжатлар ва бошқа ахборотларни талаб қилиш;

текширилаётган хўжалик юритувчи субъектларга аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш;

тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектлар мулкдорлари олдига айбдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалани қўйиш;

текширувга аудиторлик ташкилотлари ва/ёки экспертларни белгиланган тартибда шартнома асосида жалб этиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда молиявий ва (ёки) маъмурий жазо чораларини қўллаш;

режали текширишлар ўтказиш муддатини кўчириш тўғрисида башарти, бунга объектив асослар бўлса, Кенгашга тақдимнома киритиш.

Текширувчи мансабдор шахсларнинг қонуний талаблари текширилаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажариш учун мажбурийдир.


37. Текширувчи мансабдор шахслар ўз ваколатлари доирасида қуйидагиларни бажаришга мажбурдирлар:

текширилаётган хўжалик юритувчи субъектларга текшириш ўтказиш ҳуқуқини берувчи зарур ҳужжатларни кўрсатиш;

хўжалик юритувчи субъектлар ишлашига ҳалал бермаслик;

Текширишларни рўйхатга олиш китобига ушбу Низомда белгиланган тартибда ёзув киритиш;

давлат сири, тижорат ёки бошқа сирлар сақланишини таъминлаш;

текширув натижаларини далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштириб, унинг бир нусхасини текширилаётган хўжалик юритувчи субъект ихтиёрида қолдириш;

ҳуқуқбузарлик ҳоллари аниқланган тақдирда қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш.


38. Текширувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралишишга ҳақли эмас.

Агар текширувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахслари хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятида қонунчилик бузилганлигини аниқласалар, улар ўзларига берилган ваколат доирасида ва муайян қоидабузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чора-тадбирларни кўришлари мумкин. Текширувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик ҳолати мавжудлигидан хўжалик юритувчи субъектларнинг бошқа қонуний фаолиятига аралашиш ёки уни чеклаш учун асос сифатида фойдаланишга ҳақли эмас.



V. ЖАВОБГАРЛИК


39. Хўжалик юритувчи субъект фаолиятини текширишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши бўйича жиноий жавобгарликкача бўлган шахсан жавобгарлик текширувчи органларнинг раҳбарлари ва ваколатли шахслари зиммасига юклатилади.


40. Ҳуқуқи бузилган хўжалик юритувчи субъект унга келтирилган зарарни тўлиқ ундирилишини талаб қилиши мумкин.

давлат органларининг ноқонуний қарорлари ёки шу органлар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида тадбиркорлик субъектига етказилган зарарнинг ўрни суд қарори асосида тўла ҳажмда бевосита ана шу давлат органлари томонидан, биринчи навбатда, уларнинг бюджетдан ташқари жамғарма маблағлари ҳисобига қопланиши лозим.

Зарарларнинг ўрнини қоплаш суд қарори билан ана шу етказилган зарар учун айбдор бўлган давлат органларининг мансабдор шахсларига, қонунчиликда белгиланган тартиб ва миқдорларда юкланиши мумкин.

Хўжалик юритувчи субъект айбдор мансабдор шахснинг ноқонуний аралашуви натижасидаги етказилган реал зарарни, бой берилган фойдани, шунингдек маънавий зарарни қоплашни суд орқали талаб қилишга ҳақли.


41. Текширувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан бевосита судга ёки бўйсуниш тартибида юқори турувчи органга ёхуд мансабдор шахсга шикоят қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 17 февралдаги 57-сон "Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгаши фаолиятини фаоллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ текширувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоятлар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларига берилиши мумкин.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


42. Ушбу Низом Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан келишилди.





Низомга

1-ИЛОВА


ТЕКШИРИШЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ КИТОБИ

________________________________________________________________

(хўжалик юритувчи субъектнинг тўлиқ номи)

________________________________________________________________

(хўжалик юритувчи субъектнинг жойлашган ери (почта манзили)

________________________________________________________________

(солиқ тўловчининг идентификация рақами)

Т/р

Назорат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг номи

Текширувчининг

исми, фамилияси, отасининг исми ва гувоҳнома рақами

Аудиторлик ташкилотининг номи (лицензия берилган сана, рақами ва амал қилиш муддати), аудитор, экспертнинг Ф.И.О. (шахсини тасдиқловчи ҳужжат)

Текшириш

ўтказиш учун

асос; жиноий

иш рақами

Текшириш тури

ва мақсади

1

2

3

4

5

6

Текшириш

ўтказиш учун

белгиланган

муддатлар

Текширишни

бошлаш ва

тугатиш санаси

ва вақти

Текширишнинг

аниқ давом

этган вақти

Талаб

қилинган

ҳужжатлар

Текшириш

жараёнида

кўрилган

чоралар

Хўжалик

юритувчи субъект раҳбарининг (якка тадбиркорнинг) фикри

7

8

9

10

11

12




Низомга

2-ИЛОВА


Хўжалик юритувчи субъектнинг Текширишларни

рўйхатга олиш китобини тўлдириш

ҚОИДАЛАРИ


1. Текширувчи орган 2-7, текширилувчи хўжалик юритувчи субъект 8-12 устунларни тўлдириши шарт.


2. Иккинчи устунда текширувчи органнинг тўлиқ расмий номи, унинг почта манзили, раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, у бўлмаган тақдирда - унинг вазифасини бажарувчи шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.


3. Учинчи устунда текширувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, гувоҳнома (шу жумладан махсус гувоҳнома) рақами, гувоҳномани берган идора номи, гувоҳноманинг амал қилиш муддати кўрсатилади. Текширишларни рўйхатга олиш китоби тўлдирилгандан ва текшириш тугагандан сўнг мансабдор шахс - текшириш раҳбари ушбу устунга Китобга қайд қилинган ёзувларни тўғрилиги тўғрисида ёзув киритади ва сана ва вақтни кўрсатган ҳолда унинг имзоси билан тасдиқланади.


4. Тўртинчи устунда аудиторлик ташкилоти ва/ёки эксперт жалб этилган тақдирда, аудиторлик ташкилотининг номи, лицензия берилган сана, рақами ва амал қилиш муддати, аудитор ва/ёки экспертнинг фамилияси, исми, отасининг исми, шахсини тасдиқловчи гувоҳнома рақами кўрсатилади.


5. Бешинчи устунда текшириш ўтказиш режа-жадвалини тасдиқлаган орган номи ва уни тасдиқлаш санаси; буйруқни чиқарган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, буйруқни тасдиқлаш рақами ва санаси; қўзғатилган жиноят иши иш билан боғлиқ текширишни тайинлаш тўғрисида қарор чиқарган мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, қарорнинг санаси, шунингдек жиноят ишининг рақами кўрсатилади.


6. Олтинчи устунда текшириш турининг тўлиқ номи (режали текшириш, режадан ташқари текшириш, қисқа муддатли текшириш, муқобил текшириш, назорат тартибида текшириш) ва мақсади кўрсатилади. Текшириш турининг номи текшириш ўтказиш режа-жадвали ва буйруқда кўрсатилган номга, мақсади эса - буйруқда кўрсатилганига мувофиқ бўлиши лозим.


7. Еттинчи устунда текшириш ўтказиш муддати кўрсатилади. У текшириш ўтказиш режа-жадвалида кўрсатилган муддатдан ошмаслиги лозим.


8. Саккизинчи устунда ҳар куни текшириш ўтказишни бошлаш ва тугатиш вақти, санаси кўрсатилади. Ушбу устунда зарур ҳолларда текширувчи мансабдор шахсларнинг хўжалик юритувчи субъектнинг ички тартибида белгиланган иш вақти тугаганидан кейинги фаолияти ҳақида махсус белгилар қўйилади.


9. Тўққизинчи устунда текширишнинг ҳақиқатан давом этган календарь муддати кўрсатилади.


10. Ўнинчи устунда талаб қилинган ҳужжатларнинг тўлиқ номи кўрсатилади. Ушбу устунда талаб қилинган ҳужжатлар тавсифи текшириш ўтказиш режа-жадвали ҳамда буйруқда кўрсатилган текшириш тури ва мақсадларига мос келмаган ҳолда махсус белгилар қўйилади.


11. Ўн биринчи устунда хўжалик юритувчи субъектга нисбатан белгиланган тартибда кўрилган чоралар (ишлаб чиқаришни тўхтатиш, омборни ёки бутунлай корхонани муҳрлаш, пул маблағларидан ва/ёки хом-ашёдан фойдаланишни таъқиқлаш, молия ва бошқа ҳужжатларни олиб қўйиш ва ҳ.к.) кўрсатилади.


12. Ўн иккинчи устунда хўжалик юритувчи субъект раҳбарининг (якка тартибдаги тадбиркорнинг) "Розиман", "Рози эмасман", "Эътирозлар билан розиман" шаклларидаги фикри кўрсатилади. "Рози эмасман" шаклидаги фикр кўрсатилган ҳолда хўжалик юритувчи субъект раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор) бунинг асосланган сабабларини кўрсатади. "Эътирозлар билан розиман" шаклидаги фикр кўрсатилган ҳолда асосланган эътирозлар келтиради. Текширишларни рўйхатга олиш китоби тўлдирилгандан ва текшириш тугагандан сўнг хўжалик юритувчи субъект раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор, хўжалик юритувчи субъект раҳбари бўлмаган тақдирда - унинг вазифасини бажарувчи шахс) ушбу устунга Китобга қайд қилинган ёзувларни тўғрилиги ҳақида сана ва вақтни кўрсатган ҳолда ўзининг имзоси билан тасдиқлайди.

Текширишларни рўйхатга олиш китобида ўчириб ёзиш ва бўяш тақиқланади. Тўғрилашлар хато ёзувлар ўчирилиб, керакли маълумотларни устидан қайта ёзиш ёки қўлда устидан ёзиш йўли билан амалга оширилиши лозим. Ҳар бир бундай тўғрилаш мансабдор шахс-текшириш раҳбарининг ва хўжалик юритувчи субъект раҳбари (якка тартибдаги тадбиркор)нинг имзоси билан тасдиқланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 51-52-сон, 525-модда.



































Время: 0.2175
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск