ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Инвестициялар / Умумий қоидалар /

Киото Протоколининг Мусаффо ривожланиш механизми доирасида инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.01.2007 й. 9-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 10 январдаги

9-сон қарорига

ИЛОВА


Киото Протоколининг Мусаффо ривожланиш

механизми доирасида инвестиция лойиҳаларини

тайёрлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, юридик шахслар томонидан, хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда Киото Протоколининг Мусаффо ривожланиш механизми доирасида жаҳон бозорида чиқиндилар чиқаришнинг сертификатланган қисқартиришларини сотиб олишни назарда тутувчи инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилган:


Киото Протоколи - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли Конвенциясига 1997 йил 11 декабрда қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси томонидан 1999 йил 20 августда ратификация қилинган ва 2005 йил 16 февралдан бошлаб кучга кирган, парник газларини атмосферага чиқаришни қисқартириш механизмларини белгиловчи ҳужжат;


Киото Протоколининг Мусаффо ривожланиш механизми (кейинги ўринларда МРМ деб аталади) - унга кўра Киото Протоколига 1-иловага кирмаган мамлакатлар ўз ҳудудида парник газларини атмосферага чиқаришни қисқартириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириши ва бундай лойиҳалар натижасида олинган чиқиндилар чиқариш қисқартиришларини Киото Протоколи 1-иловасига кирган мамлакатлар ҳукуматларига ёки компанияларига ёхуд чиқиндилар чиқаришнинг сертификатланган қисқартиришларини сотиб олишдан манфаатдор бўлган ҳар қандай ташкилотларга сотиш мумкин бўлган механизм;


Мусаффо ривожланиш механизми тартиботлари (кейинги ўринларда МРМ тартиботлари деб аталади) - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг МРМ бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли Конвенцияси тегишли ҳужжатлари билан белгиланган тартиботлар, мезонлар ва талаблар;

Киото Протоколининг Мусаффо ривожланиш механизми бўйича Миллий орган (кейинги ўринларда МРМ Миллий органи деб аталади) - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг МРМ бўйича иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли Конвенциясининг Ижро этувчи кенгаши (кейинги ўринларда ИЎҲКнинг Ижро этувчи кенгаши деб аталади) - Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг иқлим ўзгариши тўғрисидаги Ҳадли Конвенцияси ҳузуридаги МРМ лойиҳаларини рўйхатдан ўтказиш ва чиқиндилар чиқаришни қисқартиришни сертификатлаш органи;


Ваколатли оператив орган - ИЎҲК Ижро этувчи кенгашида рўйхатдан ўтган, тавсия этилаётган лойиҳаларнинг МРМ тартиботларига мувофиқлигини тасдиқлашга, лойиҳаларни рўйхатдан ўтказиш учун ИЎҲК Ижро этувчи кенгашига тақдим этишга, лойиҳани амалга ошириш вақтида чиқиндилар чиқаришнинг ҳақиқатдан ўзгарганини тасдиқлашга ҳамда қисқартирилган чиқиндиларни сертификатлаш учун ИЎҲК Ижро этувчи кенгашига буюртманомалар беришга вакил қилинган аккредитация этилган мустақил ташкилот;


Карбон жамғармалари - МРМ лойиҳаларини тайёрлашда ва амалга оширишда, шунингдек чиқиндиларнинг сертификатланган қисқартиришларини сотишда хизматлар кўрсатишга вакил қилинган халқаро ва хусусий ташкилотлар;


парник гази - Киото Протоколи билан назорат қилинадиган газлар гуруҳларидан бири - CO2, CH4, N2O, HFC5, PFC5, ва SF6;


чиқиндиларни сертификатланган қисқартириш - (кейинги ўринларда ЧСҚ деб аталади) - МРМ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида олинган ва ИЎҲКнинг Ижро этувчи кенгашида сертификатлашдан ўтган, углерод икки оксиди эквивалентининг бир метр тоннасига тенг бўлган бирликларда ўлчанадиган чиқиндиларнинг миқдорий қисқартирилиши;


лойиҳа-техник ҳужжатлар - (кейинги ўринларда ЛТҲ деб аталади) - МРМ шартлари ва мезонларига, шунингдек ушбу Низомга мувофиқ ишлаб чиқиладиган, МРМ бўйича инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг техник, ташкилий, табиатни муҳофаза қилиш ва молия-иқтисодий ечимларини белгилайдиган ҳужжат.


3. МРМ бўйича лойиҳаларни амалга оширишга доир таклифларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш икки босқичда амалга оширилади.



II. ЛОЙИҲА БЎЙИЧА БУЮРТМАНОМАНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА МАЪҚУЛЛАШ ТАРТИБИ


4. Биринчи босқичда лойиҳа ташаббускори томонидан МРМ Миллий органига ёзма ариза киритилади, аризага МРМ бўйича назарда тутилаётган инвестиция лойиҳаси тўғрисидаги умумий ахборот илова қилинади (кейинги ўринларда лойиҳа бўйича буюртманома деб аталади).


5. Лойиҳа бўйича буюртманома Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишилади ва у (бироқ шу билан чекланмаган ҳолда) ушбу Низомга 1-иловада кўрсатилган ахборотдан иборат бўлиши керак.

Зарурат бўлганда, лойиҳа бўйича буюртманомага киритиш учун МРМ Миллий органи томонидан лойиҳа бўйича қўшимча ахборот ва ҳужжатлар сўраб олиниши мумкин.


6. МРМ Миллий органи ўз ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузади.

Ишчи гуруҳ буюртманома тақдим этилган вақтдан бошлаб икки ҳафта муддатда лойиҳани МРМ доирасида ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ Барқарор ривожланиш миллий мезонларига мувофиқ амалга ошириш мумкинлигини кўриб чиқади.

7. Лойиҳани МРМ доирасида амалга ошириш мумкинлиги тўғрисидаги масала ижобий кўриб чиқилган тақдирда ишчи гуруҳ МРМ Миллий органига лойиҳа бўйича буюртманомани маъқуллаш учун лойиҳани амалга ошириш механизми бўйича хулоса ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун инвестор танлаш бўйича танлов ҳужжатларига асосий талаблар билан бирга киритади.

8. МРМ Миллий органи таклифни тақдим этилган ҳужжатлар асосида кўриб чиқади ва лойиҳани амалга ошириш мумкинлиги тўғрисида ёхуд лойиҳани пухталаштириш зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

Лойиҳани амалга ошириш мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда МРМ Миллий органи томонидан, зарурат бўлганда, айни бир вақтда инвестор танлаш бўйича танлов комиссияси таркиби, танловни ўтказиш муддатлари ва лойиҳани амалга ошириш учун инвестор танлаш бўйича танлов ҳужжатларига талаблар тасдиқланади.

9. МРМ Миллий органи томонидан лойиҳани амалга ошириш тўғрисида ижобий қарор қабул қилинган тақдирда ишчи гуруҳ уч кун муддатда лойиҳа ташаббускорини расмий равишда хабардор қилади, хабарномада лойиҳани амалга оширишнинг тавсия этилаётган механизмини ҳамда лойиҳани амалга ошириш учун инвестор танлаш бўйича танлов ҳужжатларига асосий талабларни кўрсатади.

10. Лойиҳани Карбон жамғармалари ёки Халқаро молия институтлари орқали амалга ошириш механизмини танлашда лойиҳа-техник ҳужжатларни тайёрлаш, инвесторларни, ваколатли оператив органларни ва чиқиндиларнинг сертификатланган қисқартиришлари харидорларини танлаш тегишли Карбон жамғармалари ёки Халқаро молия институтлари томонидан белгиланган тартиботларга мувофиқ амалга оширилади. Бундан қатъи назар, МРМ лойиҳалари ушбу Низомнинг 13-18-бандларига мувофиқ келишиб олиниши ва маъқулланиши керак, инвесторни танлов асосида танлаб олиш тўғрисидаги шартлар бундан мустасно.


11. МРМ Миллий органи томонидан танлов асосида танлаб олиш зарурлиги кўрсатилган тақдирда лойиҳа ташаббускори лойиҳани амалга ошириш учун Идоралараро кенгаш томонидан белгиланадиган муддатлар ва талабларга мувофиқ инвестор танлаш бўйича танлов эълон қилади.


12. Инвесторларни танлаш бўйича танловлар қатнашчилари сонига нисбатан чеклашлар белгиланмайди.



III. ЛОЙИҲА-ТЕХНИК ҲУЖЖАТЛАРНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА МАЪҚУЛЛАШ ТАРТИБИ


13. Иккинчи босқичда ташаббускор томонидан МРМ Миллий органига ёзма ариза киритилади, унга қуйидагилар илова қилинади:

музокаралар давомида эришилган дастлабки ва якуний қиёсий жадваллар, лойиҳа ташаббускори томонидан танланган таклиф кўрсатилган ҳолдаги танлов қатнашчилари таклифлари. Қиёсий жадвалда кўрсатилган маълумотларнинг ишончлилиги учун лойиҳа ташаббускори жавоб беради;

МРМ тартиботларига мувофиқ ишлаб чиқилган рус ва инглиз тилларидаги лойиҳа-техник ҳужжатлар;

лойиҳани амалга оширишнинг ойлар бўйича жадвали;

Гидрометеорология хизмати марказининг лойиҳа бўйича ижобий хулосаси;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг лойиҳа бўйича ижобий экологик хулосаси.

Зарурат бўлганда, МРМ Миллий органи томонидан лойиҳа ташаббускоридан ва танлов қатнашчиларидан қўшимча равишда маълумотлар ва ҳужжатлар сўраб олиниши мумкин.


14. Ташаббускор томонидан ушбу Низомнинг 13-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган вақтдан бошлаб икки ҳафта муддатда ишчи гуруҳ тақдим этилган ЛТҲнинг МРМ мезонларига ва тартиботларига мувофиқлигини кўриб чиқади ҳамда МРМ Миллий органига тегишли хулосани кўриб чиқиш учун киритади.

15. Қуйидагилар МРМ Миллий органи томонидан лойиҳани баҳолашнинг асосий мезонлари ҳисобланади:

лойиҳани амалга оширишнинг умумий иқтисодий мақсадга мувофиқлиги ва самарадорлиги;

лойиҳанинг экология талабларига мувофиқлиги;

технологик асбоб-ускуналарнинг замонавий сифат стандартларига мувофиқлиги.


16. МРМ Миллий органи икки ҳафта муддатда таклифларни тақдим этилган ҳужжатлар асосида кўриб чиқади ва лойиҳани амалга оширишнинг мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилади.

17. МРМ бўйича лойиҳа амалга оширилиши мўлжалланаётган инвестиция лойиҳасига қўшимча деб ҳисобланган тақдирда асосий инвестиция лойиҳасини тайёрлаш ва экспертизадан ўтказиш тартиби ана шундай лойиҳалар учун татбиқ этиладиган амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Асосий инвестиция лойиҳаси бўйича дастлабки техник-иқтисодий асослаш тасдиқлангунгача ёхуд Ўзбекистон Республикаси ва Халқаро молия институтлари ўртасида ўзаро ҳамфикрлик тўғрисидаги меморандум имзолангунгача лойиҳа бўйича буюртманома бериш босқичида МРМ бўйича лойиҳа компонентини амалга ошириш юзасидан МРМ Миллий органининг ижобий қарорини олиш зарур.

Асосий лойиҳа бўйича техник-иқтисодий асослаш узил-кесил тасдиқлангунгача лойиҳа-техник ҳужжатлар босқичида МРМ бўйича лойиҳа компонентини амалга ошириш юзасидан МРМ Миллий органининг ижобий қарори олиниши зарур.

Асосий инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори МРМ бўйича лойиҳа ИЎҲК Ижро этувчи кенгашида маъқуллангандан кейин қабул қилинади. Бунда, истисно ҳолларда, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Котибияти билан келишган ҳолда асосий инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги Ҳукумат қарорининг МРМ лойиҳаси бўйича ЛТҲ Ваколатли оператив орган томонидан тасдиқлангандан кейин қабул қилинишига йўл қўйилади.


IV. МРМ ЛОЙИҲАЛАРИНИ

ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБОТИ


18. МРМ Миллий органининг лойиҳани амалга ошириш тўғрисида ижобий қарори қабул қилинган тақдирда ишчи гуруҳ лойиҳа ташаббускорини расмий равишда хабардор қилади ва ИЎҲК Ижро этувчи кенгашига лойиҳа бўйича маъқуллаш хати жўнатади.

19. МРМ Миллий органидан маъқуллаш хати олингандан кейин МРМ лойиҳаси ташаббускори валидация (лойиҳани тасдиқлаш тўғрисидаги қарор) қилиш ва кейинчалик лойиҳани ИЎҲК Ижро этувчи кенгашида МРМ тартиботларига мувофиқ рўйхатдан ўтказиш учун тегишли Ваколатли органни танлаш бўйича масъул ҳисобланади.


20. Лойиҳа-техник ҳужжатлар экспертизадан ижобий ўтказилганда ва Ваколатли оператив орган томонидан тасдиқланганда лойиҳа ташаббускори Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Котибиятига МРМ лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида Ҳукумат қарори лойиҳасини киритади.

21. МРМ лойиҳаси ташаббускори шунингдек чиқиндилар чиқаришнинг камайиши мониторинги, МРМ талабларига мувофиқ чиқиндилар чиқаришнинг қисқаришини тасдиқлаш ва сертификатлаш бўйича тадбирларнинг бажарилиши учун жавоб беради. Лойиҳа ташаббускори МРМ Милий органига лойиҳани амалга оширишнинг бориши тўғрисида ҳар чоракда ахборот тақдим этади.





Низомга

1-ИЛОВА



Мусаффо ривожланиш механизми

бўйича мўлжалланаётган инвестиция лойиҳаси

тўғрисидаги лойиҳа бўйича буюртманомадаги

АХБОРОТЛАР


1. Лойиҳанинг мақсади, фаолият соҳаси ва тури.


2. Мулкчилик шакллари кўрсатилган ҳолда, лойиҳа қатнашчилари тўғрисидаги муфассал ахборот.


3. Объектнинг жойлашган жойи.


4. Мавжуд фаолият тўғрисида ахборот.


5. Лойиҳанинг муфассал тавсифи.


6. Бошланғич шароитларда (МРМ лойиҳаси амалга оширилмасдан) парник газлари чиқиндиларининг ҳар йилги қадимги ва ҳисобланган ҳажми.


7. Фойдаланиш учун режалаштирилаётган технологиялар ва асбоб-ускуналар тўғрисида ахборот.


8. Лойиҳанинг, асбоб-ускуналарнинг ва қўшимча инвестицияларга бўлган эҳтиёжнинг мўлжалланаётган умумий қиймати тўғрисида ахборот.


9. Лойиҳани амалга оширишнинг дастлабки режа-жадвали.


10. Парник газлари чиқиндиларини қисқартиришнинг кутилаётган ҳажми.


11. Лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар, лойиҳани амалга оширишнинг экологик ва ижтимоий самаралари.


12. Лойиҳани амалга оширишнинг тавсия этилаётган манбалари ва механизми.


13. Лойиҳанинг Барқарор ривожланиш миллий мезонларига мувофиқлиги.






Низомга

2-ИЛОВА



Мусаффо ривожланиш механизми

бўйича инвестиция лойиҳаларига нисбатан

қўлланадиган Барқарор ривожланиш миллий

МЕЗОНЛАРИ


Иқтисодий мезонлар:

тайёр маҳсулот бирлиги ҳисобига энергия ва хом ашё сарфини камайтириш;

замонавий технологияларни жорий этиш йўли билан ишлаб чиқариш самарадорлигини ёки табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш;

Ўзбекистон Республикасида бозорнинг хусусий секторини ривожлантиришга кўмаклашиш.


Экологик мезонлар:

Атроф-муҳитнинг сақланишига ва ёмонлашишининг олдини олишга кўмаклашиш;

табиий хом ашё сарфини ва ишлаб чиқариш чиқитларини камайтириш;

хом ашёдан такрорий фойдаланишга ва/ёки тикланаётган табиий ресурслардан фойдаланишга йўналтирилган технологияларни жорий этиш;

атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш.


Ижтимоий мезонлар:

аҳолининг иш билан бандлигининг ўсишига ва ҳақиқий даромадларининг ошишига кўмаклашиш;

лойиҳани амалга оширишга жалб этилган ходимларнинг ва лойиҳа амалга оширилаётган ҳудудда яшайдиган аҳолининг соғлиғини яхшилаш;

аҳолининг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларидан хабардорлигини ошириш.

Тавсия этилаётган инвестиция лойиҳаси барча Барқарор ривожланиш миллий мезонларини қондириши шарт эмас, лекин кўрсатиб ўтилган мезонларга мувофиқ мамлакатнинг барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатмаслиги керак.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 1-2-сон, 15-модда.




































Время: 0.0033
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск