ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 29.08.1996 й. 265-I-сон "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.1996 й.

N 265-I



ФУҚАРОЛАР СОҒЛИҒИНИ САҚЛАШ ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик

Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборат.

Қорақалпоғистон Республикасида фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонунчилиги билан ҳам тартибга солинади.

Башарти халқаро шартномада фуқароларнинг соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликдагидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома қоидалари қўлланади.


2-модда. Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги

қонунчиликнинг асосий вазифалари

Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

фуқароларнинг соғлиқни сақлашга доир ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланишини таъминлаш;

фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмаларининг фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш.



3-модда. Фуқаролар соғлиғини сақлашнинг

асосий принциплари

Фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиниши;

аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўла олиши;

профилактика чора-тадбирларининг устунлиги;

соғлиғини йўқотган тақдирда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилиниши;

тиббиёт фанининг амалиёт билан бирлиги.



4-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг фуқаролар соғлиғини

сақлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини;

фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги давлат сиёсатини;

соғлиқни сақлаш ва тиббиёт фанини ривожлантириш дастурлари тасдиқланиши ва маблағ билан таъминланишини;

соғлиқни сақлаш давлат тизимини бошқаришни;

санитария-эпидемиология хотиржамлигини таъминлаш устидан назоратни;

фавқулодда вазиятларда одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг соғлиғини муҳофаза этиш чора-тадбирлари кўрилишини, фуқароларни фавқулодда вазият зонасидаги аҳвол ва кўрилаётган чора-тадбирлардан хабардор қилишни;

фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида статистика ҳисоби ва ҳисоботнинг ягона тизими ўрнатилишини;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тиббий суғуртасининг таянч дастурларини тасдиқлашни;

фуқароларнинг айрим гуруҳларига тиббий ёрдам кўрсатишда ва уларни дори воситалари билан таъминлашда имтиёзлар белгилашни;

давлат бошқарув органлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги, оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасидаги фаолиятларини мувофиқлаштириб боришни ва назорат қилиб туришни;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни

сақлаш вазирлигининг ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

соғлиқни сақлаш ва тиббий суғуртанинг норматив базасини, тиббий ёрдам сифати ва ҳажми миллий стандартларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

барча тиббий муассасаларнинг фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши устидан назоратни амалга оширади;

фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида мақсадли давлат дастурларини амалга оширади;

давлат томонидан кафолатланган ҳажм доирасида аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини ташкил этади;

тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини лицензиялашни (фармацевтика фаолиятининг йўналишини - дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялаш бундан мустасно) белгиланган тартибда амалга оширади;

давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида тиббий хизматлар тарифлари даражасини тартибга солади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилишига рухсат этилган дори воситаларини, тиббий буюмларни ва тиббий техникани стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштиришни амалга оширади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўз ваколатлари доирасида даволаш-профилактика, санитария, эпидемияга қарши, радиация, экология масалалари юзасидан чиқарадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ҳамда жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурийдир.


6-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тасарруфига қуйидагилар киради:

соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги қонунчилик бажарилишини таъминлаш;

соғлиқни сақлаш тизимининг бошқарув органларини шакллантириш, унинг муассасалари тармоғини ривожлантириш;

бирламчи тиббий-санитария ва тиббий-ижтимоий ёрдамни ташкил этиш, улардан ҳамманинг баҳраманд бўла олишини таъминлаш, тасарруфдаги ҳудудда фуқароларни дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш;

фармацевтика фаолиятининг йўналишини - дори воситаларини ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишни лицензиялашни белгиланган тартибда амалга ошириш;

соғлиқни сақлаш харажатларини молиявий таъминлашнинг ўз манбаларини шакллантириш;

фуқароларнинг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлигини таъминлаш, профилактика, санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш;

атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш;

фавқулодда вазиятларда одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва уларнинг соғлиғини муҳофаза этиш чора-тадбирларини кўриш, фуқароларни фавқулодда вазият зонасидаги аҳвол ва кўрилаётган чора-тадбирлардан хабардор қилиш;

соғлиқни сақлаш тизими органлари, муассасалари ва корхоналари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш, соғлиқни сақлаш муассасаларида кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ёрдам сифатини назорат қилиб бориш;

ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг куч-қувватини тиклайдиган муассасалар ташкил этиш ва улар фаолиятини таъминлаш;

оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

фуқароларга санитария-гигиена ва экология таълими беришни ташкил этиш;

соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларини ривожлантиришни рағбатлантирувчи шароитлар яратиш;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга ошириш.


7-модда. Соғлиқни сақлаш тизими

Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашнинг давлат, хусусий ва бошқа тизимлари йиғиндисидан иборат ягона соғлиқни сақлаш тизими амал қилади.


8-модда. Давлат соғлиқни сақлаш тизими

Давлат соғлиқни сақлаш тизимига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар соғлиқни сақлашни бошқариш органлари, уларнинг шаҳар ва туман бўлинмалари киради. Давлат соғлиқни сақлаш тизимига давлат мулки бўлган ва давлат соғлиқни сақлаш тизимининг бошқарув органларига бўйсунувчи даволаш-профилактика ва илмий-тадқиқот муассасалари, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари тайёрлайдиган ҳамда уларни қайта тайёргарликдан ўтказадиган ўқув юртлари, фармацевтика корхоналари ва ташкилотлари, санитария-профилактика муассасалари, суд-тиббий экспертиза муассасалари, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳамда асосий фаолияти фуқаролар соғлиғини сақлаш билан боғлиқ бошқа корхона, муассаса ва ташкилотлар киради.

Илмий-тадқиқот институтларининг клиникалари, вазирликлар, идоралар, давлат корхоналари, муассаса ва ташкилотлари барпо этадиган даволаш-профилактика муассасалари ва дорихоналар давлат соғлиқни сақлаш тизимига киради.

Давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасалари аҳолига давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам кўрсатади. Бепул тиббий ёрдам кўрсатиш ҳажми ва тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам ҳажмининг белгиланганидан ортиқча тиббий ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш қўшимча хизматлар бўлиб, аҳоли томонидан белгиланган тартибда ҳақ тўланади.


9-модда. Давлат соғлиқни сақлаш тизимини

маблағ билан таъминлаш

Давлат соғлиқни сақлаш тизимини маблағ билан таъминлаш манбалари қуйидагилардан иборат:

давлат бюджети маблағлари;

тиббий суғурта маблағлари;

фуқароларнинг соғлиғини сақлашга мўлжалланган мақсадли фондларнинг маблағлари;

даволаш-профилактика муассасаларининг давлат томонидан кафолатланган ҳажмдан ортиқча тиббий ёрдам кўрсатганлик учун ва пуллик хизматлар кўрсатганлик учун олинган маблағлари;

корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ҳамда жисмоний шахсларнинг соғлиқни сақлаш муассасаларига ихтиёрий ва ҳайрия бадаллари;

банкларнинг кредитлари;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар.


10-модда. Соғлиқни сақлашнинг

хусусий ва бошқа хил тизимлари

Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари жумласига ўз маблағлари, жалб этилган маблағлар ва қонунчиликка мувофиқ бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган даволаш-профилактика муассасалари, дорихоналар, дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника ишлаб чиқарадиган корхоналар, шунингдек фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар киради.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларига тааллуқли даволаш-профилактика муассасалари фуқароларнинг айрим гуруҳларига бепул тиббий хизмат кўрсатадилар. Бундай хизматларнинг ҳажми, рўйхати, уларни кўрсатиш тартиби ҳамда компенсацияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларида фақат қонунчиликда белгиланган тартибда қўлланилишига рухсат этилган профилактика, ташхис қўйиш ҳамда даволаш воситаларидан фойдаланилади.

Соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимлари белгиланган тартибда тиббий ҳужжатларни юритиши ҳамда статистика маълумотларини тақдим этиши шарт.


11-модда. Тиббиёт ва фармацевтика

фаолиятини лицензиялаш

Тиббий фаолият тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан, фармацевтика фаолияти эса тегишли лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини амалга ошириш учун лицензиялар бериш тартиби ҳамда шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


12-модда. Аҳолининг санитария-эпидемиология

жиҳатидан хотиржамлиги

Аҳолининг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги қонунчиликка мувофиқ давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари ва фуқаролар томонидан санитария-гигиена йўсинидаги ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилиши орқали таъминланади.


II. ФУҚАРОЛАРНИНГ СОҒЛИҒИНИ ҲУҚУҚИЙ

ЖИҲАТДАН МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

13-модда. Фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари соғлиқни сақлаш борасида дахлсиз ҳуқуққа эгадирлар.

Давлат ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, фуқароларнинг соғлиғи сақланишини таъминлайди.

Давлат фуқароларда касалликларнинг ҳар қандай шакллари борлигидан қатъи назар, уларнинг камситишлардан ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Ушбу қоидани бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



14-модда. Ажнабий фуқаролар, фуқаролиги

бўлмаган шахсларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ажнабий фуқароларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кафолатланади.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, соғлиқни сақлашда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг ҳуқуқдан фойдаланадилар.

Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатиб ўтилган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди.



15-модда. Фуқароларнинг соғлиққа таъсир этувчи

омиллар ҳақида ахборот олиш ҳуқуқи

Фуқаролар соғлиққа таъсир этувчи омиллар ҳақида, шу жумладан, яшаш ҳудудининг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлиги тўғрисида, овқатланишнинг оқилона нормалари хусусида, товарлар, ишлар, хизматлар, уларнинг хавфсизлиги, санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги тўғрисида ўз вақтида ва аниқ ахборот олиш ҳуқуқига эга.


16-модда. Фуқароларнинг тиббий-ижтимоий

ёрдам олиш ҳуқуқи

Касал бўлиб қолганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда ва бошқа ҳолларда фуқаролар профилактик, ташхис қўйиш-даволаш, куч-қувватни тиклаш, санаторий-курорт, протез-ортопедия ёрдами ва бошқа хил ёрдамни, шунингдек беморларни, меҳнатга лаёқатсиз ва ногиронлиги бўлган шахсларни боқиш-парваришлаш юзасидан ижтимоий чора-тадбирларни, шу жумладан, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўлашни ўз ичига оладиган тиббий-ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Тиббий-ижтимоий ёрдам тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассислар томонидан кўрсатилади.

Фуқаролар ўзларини ихтиёрий равишда тиббий суғурта қилдириш асосида, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари, ўз шахсий маблағлари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қўшимча тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларнинг айрим тоифалари протезлар, ортопедик ва мослама буюмлар, эшитиш аппаратлари, ҳаракатланиш воситалари ва бошқа махсус воситалар билан имтиёзли тарзда таъминланиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳуқуққа эга бўлган фуқароларнинг тоифаларини, шунингдек уларни таъминлаш шартлари ва тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Фуқаролар ихтисослашган соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий экспертизадан ўтиш ҳуқуқига эга.


17-модда. Айрим турдаги касб-кор билан шуғулланувчи

фуқароларнинг соғлиғини сақлаш

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш, юқумли ва касб касалликларининг олдини олиш мақсадида рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлайдиган ишлаб чиқаришлар ҳамда айрим касбларнинг ходимлари ишга кириш вақтида дастлабки мажбурий тиббий кўрикдан ҳамда кейинчалик вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтадилар.

Соғлиғининг ҳолатига кўра фуқаро айрим турдаги касб-кор ҳамда юқори даражали хавф манбаи бўлган фаолият билан шуғулланишга вақтинча ёки доимий лаёқатсиз деб топилиши мумкин. Бундай қарор тиббиёт нуқтаи назаридан шуғулланиш номақбул деб топилган фаолиятлар рўйхатига мувофиқ ҳолда тиббий комиссиялар чиқарган хулоса асосида қабул қилинади ва унинг устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Тиббиёт нуқтаи назаридан шуғулланиш номақбул деб топилган айрим турдаги касб-кор ва юқори даражада хавфли манба билан боғлиқ фаолиятлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан биргаликда белгиланади ҳамда беш йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади.

Иш берувчилар ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўладилар.


18-модда. Оила соғлиғини сақлаш

Ҳар бир фуқаро давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида оилага тааллуқли масалалар, ўзида ижтимоий аҳамиятли касалликлар ва атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликлар бор-йўқлиги юзасидан, никоҳ ва оила муносабатларининг тиббий-руҳий жиҳатлари юзасидан бепул маслаҳатлар олиш, шунингдек тиббий-ирсий ҳамда бошқа масалалар юзасидан маслаҳатлар олиш ва текширувдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир оила ўзига оилавий шифокор танлаш ҳуқуқига эга.

Болали оилалар фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида қонунчиликда белгилаган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Уч ёшга тўлмаган болалар, шунингдек шифокорларнинг хулосасига кўра қўшимча қаровга муҳтож бўлган катта ёшдаги касали оғир болалар стационар шифохонада даволанаётганида уларнинг отаси ёки онасига ёхуд оиланинг болани бевосита парваришлаётган бошқа аъзосига даволаш муассасасида унинг ёнида бирга бўлиши учун имконият яратилади ва меҳнатга лаёқатсизлик варақаси берилади.


19-модда. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари

Давлат вояга етмаганларнинг соғлиқни сақлаш ҳуқуқларини уларнинг жисмоний, маънавий ривожланиши учун, касалликларнинг олдини олиш учун энг қулай шароит яратиш, шунингдек мактабгача таълим ташкилотларида, мактабларда ва бошқа муассасаларда тиббий хизматни йўлга қўйиш орқали таъминлайди.

Вояга етмаганлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда диспансер назоратида бўлиш ҳамда болалар ва ўсмирларнинг даволаш-профилактика муассасаларида даволаниш;

санитария-гигиена таълими олиш, ўқиш ҳамда ўзларининг физиологик хусусиятлари ва соғлиғига мос шароитларда меҳнат қилиш;

касбга яроқлилигини аниқлаш чоғида бюджет маблағлари ҳисобидан бепул тиббий маслаҳатлар олиш;

соғлиқлари тўғрисида ўзлари учун қулай тарзда зарур ахборот олиш.

Ўн тўрт ёшдан ошган вояга етмаганлар маълумотларни билган ҳолда тиббий аралашувга ихтиёрий равишда розилик бериш ёки уни рад этиш ҳуқуқига эга.

Жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бор вояга етмаганлар ота-оналарининг ёки улар ўрнини босувчи шахсларнинг аризасига кўра бюджет маблағлари, ҳайрия жамғармалари ва бошқа фондларнинг маблағлари, шунингдек ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимоя тизими муассасаларида яшашлари мумкин.

Ота-оналар ёки бошқа шахсларнинг ўз тарбиясидаги вояга етмаганларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини бузишлари, уларни тарбиялашдан бўйин товлашлари, вояга етмаганлар билан уларнинг соғлиғига зарар етказадиган даражада шафқатсиз муносабатда бўлишлари қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.


20-модда. Ҳарбий хизматчилар, ҳарбий ва муқобил хизматга

чақириладиган ҳамда ҳарбий хизматга контракт бўйича

кирадиган фуқароларнинг ҳуқуқлари

Ҳарбий хизматчилар ҳарбий хизматга яроқли ёки яроқсиз эканликларини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтиш ҳамда ҳарбий-тиббий комиссиянинг хулосаси асосида ҳарбий хизматдан муддатидан илгари бўшатилиш ҳуқуқига эга.

Ҳарбий ва муқобил хизматга чақириладиган ёки ҳарбий хизматга контракт бўйича кирадиган фуқаролар тиббий текширувдан ўтади ҳамда соғлиғига кўра ҳарбий хизматга чақирувни кечиктириш ёки чақирувдан озод этилиш ҳуқуқини берадиган тиббий маълумотлар тўғрисида тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқига эга.


21-модда. Пенсия ёшидаги фуқароларнинг ҳуқуқлари

Пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини берадиган ёшга етган фуқароларга давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ўз ичига стационар-амбулатория йўли билан даволашни, санаторий ва дам олиш уйларида соғломлаштиришни, ёлғиз кексаларга уларнинг ўз уйида ҳамда интернат-уйларда хизмат кўрсатишни қамраб олади.

Пенсия ёшидаги фуқаролар тиббий хулоса асосида қонунчиликка мувофиқ ижтимоий суғурта маблағлари, соғлиқни сақлаш органларининг маблағлари ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағлари ҳисобидан куч-қувватни тиклаш ҳуқуқига эга.


22-модда. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари

Ногиронлиги бўлган шахслар, шу жумладан ногиронлиги бўлган болалар ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар тиббий-ижтимоий ёрдам олиш, куч-қувватни тиклашнинг барча турларидан фойдаланиш, дори воситалари, протез-ортопедия мосламалари, ҳаракатланиш воситалари билан имтиёзли асосларда таъминланиш, шунингдек касбий тайёргарликдан ва қайта тайёргарликдан ўтиш ҳуқуқига эга.

Ногиронлиги бўлган шахслар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида бепул тиббий-санитария ёрдамини олиш, уйда парвариш қилиниш ҳуқуқига, ўзгаларнинг парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган ёлғиз шахслар, сурункали руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахслар эса ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун мўлжалланган интернат уйларида яшаш ҳуқуқига эга.

Ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тартиби ва уларга бериладиган имтиёзлар рўйхати қонунчиликда белгиланади.



23-модда. Фавқулодда вазиятлар туфайли

жабр кўрган фуқароларнинг ҳуқуқлари

Фавқулодда вазият туфайли жабр кўрган фуқаролар бепул тиббий ёрдам олиш ва соғлиқни тиклаш тарзида даволаниш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ҳамда ҳаёти ва соғлиқларига таҳдид солаётган хавфни камайтиришга қаратилган гигиена чора-тадбирлари ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказиш ҳуқуқига эга.

Фавқулодда вазият шароитида одамларни қутқариш ва тиббий ёрдам кўрсатиш чоғида жабр кўрган фуқароларга бепул даволаниш, шу жумладан, санаторий ва курортларда даволаниш, куч-қувватни тиклашнинг барча турларидан фойдаланиш, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда моддий компенсация олиш кафолатланади.


24-модда. Беморнинг ҳуқуқлари

Бемор тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва тиббий ёрдам олаётган пайтда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимларнинг ҳурмат ва меҳр-мурувват кўрсатишлари;

шифокорни ва даволаш-профилактика муассасасини танлаш;

санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган шароитда текширувдан ўтиш, даволаниш ва парвариш қилиниш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўйган тартибда ўз илтимосига кўра бошқа мутахассисларнинг консилиум қилиши ва улардан маслаҳатлар олиш;

тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши;

тиббий аралашувга ўз ихтиёри билан розилик бериш ёки уни рад этиш;

ўз ҳуқуқ ва бурчлари хусусида ҳамда соғлиғининг ҳолати ҳақида маълумот олиш, шунингдек соғлиғининг ҳолатига доир маълумотларни унинг манфаатини кўзлаган ҳолда берса бўладиган шахсларни танлаш;

ихтиёрий тиббий суғурта доирасида тиббий ва бошқа хил хизматлардан фойдаланиш;

тиббий ёрдам кўрсатиш вақтида соғлиғига зарар етказилган тақдирда кўрилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланиши;

ҳуқуқини ҳимоя қилиши учун ҳузурига адвокат ёки бошқа қонуний вакил қўйилиши.

Ҳуқуқлари бузилган тақдирда бемор ёки унинг қонуний вакили бевосита даволаш-профилактика муассасасининг раҳбари ёки бошқа мансабдор шахсига, юқори бошқарув органига ёки судга шикоят билан мурожаат қилиши мумкин.


25-модда. Фуқароларнинг ўз соғлиғининг ҳолати

тўғрисида маълумот олиш ҳуқуқи

Ҳар бир фуқаро ўз соғлиғининг ҳолати тўғрисида маълумот, шу жумладан текшириш натижалари, қандай касали борлиги, қандай ташхис қўйилганлиги, касалликнинг бундан буён қандай кечишига оид тахминлар, даволаш усуллари ва бу усуллар билан боғлиқ хавф-хатар, тиббий аралашувнинг эҳтимол тутилган турлари ва уларнинг оқибатлари, амалга оширилган даволашнинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни олиш ҳуқуқига эга.

Фуқаронинг соғлиғи ҳақидаги маълумотни унинг ўзига, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахслар ҳамда қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар соғлиғи тўғрисидаги маълумотларни эса уларнинг қонуний вакилларига даволаш-профилактика муассасасининг даволовчи шифокори, бўлим мудири ёки текшириш ва даволашда бевосита қатнашаётган бошқа мутахассислар беради.

Касалликнинг кечиши номақбул деб тахмин қилинган ҳолларда бу ҳақда фуқарога ва башарти унинг ўзи оила аъзоларига хабар қилишни тақиқламаган ва (ёки) бундай маълумот берилиши учун бирор шахсни тайинламаган бўлса, беморнинг оила аъзоларига тиббий-одоб меъёрларига риоя қилган ҳолда хабар қилиниши керак.

Фуқаронинг талабига мувофиқ унга соғлиғининг ҳолатини акс эттирувчи тиббий ҳужжатлардан кўчирмалар берилади.

Фуқаронинг тиббий ҳужжатларида акс этган маълумотлар шифокорлик сири бўлиб, у фақат ушбу Қонун 45-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган асослардагина фуқаронинг розилигисиз тақдим этилиши мумкин.



26-модда. Тиббий аралашувга розилик бериш

Фуқаронинг ўз касалига доир маълумотларни билган ҳолда ўз ихтиёри билан розилик бериши тиббий аралашувнинг дастлабки зарур шартидир.

Фуқаронинг аҳволи ўз хоҳиш-иродасини изҳор этишга имкон бермайдиган, тиббий аралашувни эса кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда фуқаронинг манфаатини кўзлаб тиббий аралашувни амалга ошириш масаласини консилиум ҳал қилади, башарти консилиумга йиғилишнинг иложи бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик даволаш-профилактика муассасасининг мансабдор шахсларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор ҳал этади.

Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсларга ва қонунда белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларга нисбатан тиббий аралашувга уларнинг қонуний вакиллари розилик беради. Ота-она ёки бошқа қонуний вакиллар йўқлигида тиббий аралашув тўғрисидаги қарорни консилиум қабул қилади, башарти консилиумга йиғилишнинг иложи бўлмаган тақдирда эса, кейинчалик даволаш-профилактика муассасасининг мансабдор шахслари ва беморнинг қонуний вакилларини хабардор қилиш шарти билан бевосита даволовчи (навбатчи) шифокор қабул қилади.


27-модда. Тиббий аралашувни рад этиш

Фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга, ушбу Қонуннинг 28-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолларда шифокор ёзма тасдиқнома олишга, агар тасдиқнома олишнинг иложи бўлмаса - тиббий аралашувни рад этишни гувоҳлар иштирокида тегишли далолатнома билан гувоҳлантириб олишга ҳақлидир.

Башарти тиббий аралашувни беморнинг қонуний вакили рад этса ва бу ҳол бемор учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлса, шифокор бу ҳақда васийлик ва ҳомийлик органларини хабардор қилиши шарт.


28-модда. Фуқароларнинг розилигисиз тиббий

ёрдам кўрсатиш, профилактик эмлаш

Атрофдагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга фуқаролар ёки улар қонуний вакилларининг розилигисиз тиббий ёрдам кўрсатилишига (тиббий кўрикдан ўтказиш, касалхонага ётқизиш, кузатиш ва яккалаб қўйишга) қонунчиликда белгиланган асосларда ва тартибда йўл қўйилади.

Карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкин.


III. ФУҚАРОЛАРГА ТИББИЙ-ИЖТИМОИЙ

ЁРДАМ КЎРСАТИШ

29-модда. Бирламчи тиббий-санитария ёрдами

Давлат соғлиқни сақлаш тизими жамоат бирлашмаларининг муассасалари кўрсатадиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами тиббий хизмат кўрсатишнинг асосий, қулай ва бепул тури бўлиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

энг кўп тарқалган касалликлар, шикастланиш, заҳарланиш ва шошилинч ёрдам талаб этиладиган бошқа ҳолатларни даволашни;

санитария-гигиенага доир ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар, энг муҳим касалликларнинг тиббий профилактикасини ўтказишни;

оилани, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тадбирларини, турар жойларда фуқароларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш билан боғлиқ бошқа чора-тадбирлар кўришни.

Хусусий ва бошқа хил соғлиқни сақлаш тизимларининг муассасалари томонидан кўрсатиладиган бирламчи тиббий-санитария ёрдами шартнома асосида амалга оширилади, ушбу Қонун 10-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ шундай ёрдам кўрсатиладиган фуқароларнинг айрим гуруҳлари бундан мустасно.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг ҳажми ва тартибини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди.



30-модда. Шошилинч ва тез тиббий ёрдам

Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар қандай даволаш-профилактика муассасасида шошилинч тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишлари шарт. Улар шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишдан бўйин товлаганлик, шунингдек фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарар учун қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.

Тез тиббий ёрдам соғлиқни сақлаш тизимининг махсус тез тиббий ёрдам хизмати томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаган тартибда кўрсатилади.

Фуқаронинг ҳаёти хавф остида бўлган тақдирда тиббиёт ходимлари уни даволаш-профилактика муассасасига олиб бориш учун ҳар қандай транспорт туридан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Ички ишлар органлари, ёнғиндан сақлаш, авария хизматлари, транспорт ташкилотлари ходимлари, шунингдек бошқа касб-кор вакиллари тиббиёт ходимлари етиб келгунга қадар воқеа содир бўлган жойда қонунчиликка биноан зиммаларига юклатилган бирламчи шошилинч ёрдамни кўрсатишлари шарт.


31-модда. Ихтисослашган тиббий ёрдам

Ихтисослашган тиббий ёрдам профилактика, ташхис қўйиш, даволашнинг ва мураккаб тиббий технологиялардан фойдаланишнинг махсус усулларини тақозо этувчи касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатилади.

Ихтисослашган тиббий ёрдам даволаш-профилактика муассасаларида мутахассис шифокорлар томонидан кўрсатилади.

Соғлиқни сақлаш муассасаларида кўрсатиладиган ихтисослашган тиббий ёрдамнинг турлари, ҳажми ва сифат стандартлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


32-модда. Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга

чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тегишли даволаш-профилактика муассасаларида тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилади ва доимий тиббий кузатув таъминланади.

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликлар рўйхати ва бундай касалликларга чалинган шахслар учун имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ижтимоий аҳамиятга молик касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам турлари ва ҳажмини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгилайди.


33-модда. Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга

чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш

Атрофдагилар учун хавфли бўлган, рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган касалликларга чалинган фуқароларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш давлат соғлиқни сақлаш тизимининг ана шундай мақсадга мўлжалланган муассасаларида бепул амалга оширилади.

Атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларга чалинган фуқароларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг турлари ва ҳажми Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда белгиланади.



34-модда. Профилактика, ташхис қўйиш,

даволашнинг янги усулларини, дори воситалари,

дезинфекция воситаларини қўллаш ҳамда

биологик-тиббий тадқиқотлар ўтказиш тартиби

Соғлиқни сақлаш амалиётида фақат қонунчиликда белгиланган тартибда қўллашга рухсат этилган профилактика, ташхис қўйиш, даволаш усулларидан, тиббиёт технологиялари, дори воситалари ва дезинфекция воситаларидан фойдаланилади.

Қўллашга рухсат этилмаган, лекин белгиланган тартибда кўриб чиқилаётган ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори воситаларидан беморни даволаш манфаатини кўзлаб фақат унинг ихтиёрий равишдаги ёзма розилиги олинганидан кейин, ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсларни даволашда эса фақат уларнинг ҳаёти бевосита хавф остида қолган тақдирда ва қонуний вакилларининг ёзма розилиги билангина фойдаланиш мумкин.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори воситаларини, дезинфекция воситаларини, шу жумладан, чет элда фойдаланиладиганларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Инсонни объект сифатида жалб этиб, биологик-тиббий тадқиқот ўтказишга фақат лаборатория тажрибалари ўтказилганидан ва фуқаронинг ёзма розилиги олинганидан кейингина давлат соғлиқни сақлаш тизими муассасаларида йўл қўйилади. Фуқарони биологик-тиббий тадқиқотларда қатнашишга мажбурлаш мумкин эмас.

Биологик-тиббий тадқиқот ўтказишга фуқародан розилик олинаётганда унга тадқиқотнинг мақсади, усуллари, қўшимча оқибатлари, эҳтимол тутилган хавфи, тадқиқотнинг қанча давом этиши ва кутилаётган натижаларига оид маълумотлар берилиши лозим. Фуқаро тадқиқотнинг исталган босқичида унда қатнашишдан бош тортиш ҳуқуқига эга.

Белгиланган тартибда текширув синовларидан ўтмаган профилактика, ташхис қўйиш, даволаш усуллари ва дори воситаларини тарғиб қилиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилиш тақиқланади. Ушбу нормани бузиш қонунда белгиланганидек жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.


35-модда. Фуқароларни дори воситалари

ва тиббий буюмлар билан таъминлаш

Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Дори воситалари ва якка тартибда фойдаланиладиган тиббий буюмлар билан имтиёзли асосларда таъминланадиган фуқароларнинг тоифалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади. Давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволовчи шифокорлари фуқароларнинг дори воситалари билан имтиёзли асосларда таъминланиши учун рецепт ёзиб бериш ҳуқуқига эга


IV. ТИББИЙ ЭКСПЕРТИЗА

36-модда. Меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертизалаш

Фуқароларнинг касаллик, шикастланганлик, ҳомиладорлик, туққанлик, оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлик, протез қўйдирганлик, санаторий-курортда даволанганлик муносабати билан ва бошқа ҳоллардаги меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини экспертизалаш қонунчиликда белгиланган тартибда ўтказилади.

Меҳнатга вақтинча лаёқатсизликни экспертизалаш давлат соғлиқни сақлаш тизимининг даволовчи шифокорлари томонидан ўтказилади ва улар фуқароларга меҳнатга лаёқатсизлик варақасини беради. Хусусий ва бошқа хил соғлиқни сақлаш тизимларида даволанган фуқароларга меҳнатга лаёқатсизлик варақалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилаб қўядиган тартибда берилади.

Меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик экспертизаланганида ходимни соғлиғининг ҳолатига қараб вақтинча ёки доимий равишда бошқа ишга ўтказиш зарурати ва муддати аниқланади, шунингдек фуқарони белгиланган тартибда, шу жумладан, унда ногиронлик белгилари мавжуд бўлган тақдирда тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига йўллаш тўғрисида қарор қабул қилинади.


37-модда. Тиббий-ижтимоий экспертиза

Текширувдан ўтказилаётган шахснинг клиник-функционал, ижтимоий, касбий-меҳнат ва психологик маълумотларини комплекс баҳолаш асосида унинг соғлиғи йўқолганлиги даражасини ҳамда организмининг функциялари турғун бузилганлиги сабабли ҳаёт фаолияти чекланганлиги даражасини, ногиронлик гуруҳини, ногиронликнинг бошланиши сабаби ҳамда вақтини аниқлаш, шунингдек шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва зарур меҳнат шароитлари, ўзгаларнинг парваришига, санаторий-курортда даволанишнинг тегишли турларига ҳамда ижтимоий ҳимояга бўлган эҳтиёжи тўғрисида тавсиялар бериш тиббий-ижтимоий экспертизадир.

Тиббий-ижтимоий экспертизани ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби қонунчиликда белгилаб қўйилади.

Тиббий-ижтимоий экспертизани ўтказган муассасанинг хулосаси устидан фуқаронинг ўзи ёки унинг қонуний вакили судга шикоят қилиши мумкин.


38-модда. Ҳарбий-тиббий экспертиза

Ҳарбий-тиббий экспертиза ҳарбий ёки муқобил хизматга чақириладиган, ҳарбий хизматга контракт бўйича кирадиган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати органларининг захирасида (резервида) турган фуқароларнинг ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг саломатлиги жиҳатидан ҳарбий хизматга яроқли ёки яроқсиз эканлигини, касаллик, ярадорлик, шикастланганлик ҳарбий хизмат (ҳарбий йиғинларни ўташ) билан боғлиқлигини аниқлайди, ҳарбий хизматчиларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва уларнинг соғлиғини тиклашнинг турлари, ҳажми ва муддатини белгилайди.

Ҳарбий-тиббий экспертизани ташкил этиш ва ўтказиш тартибини, шунингдек ҳарбий ёки муқобил хизматга чақириладиган, ҳарбий хизматга контракт бўйича кирадиган фуқаролар ва ҳарбий хизматчилар соғлиғининг ҳолатига нисбатан қўйиладиган талабларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

Ҳарбий-тиббий экспертизанинг хулосалари мансабдор шахслар ижро этиши учун мажбурийдир. Ҳарбий-тиббий экспертизани ўтказган муассасанинг хулосаси устидан фуқаронинг ўзи ёки унинг қонуний вакили судга шикоят қилиши мумкин.



39-модда. Суд-тиббиёт ва суд-психиатрия экспертизалари

Суд-тиббиёт экспертизаси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг тиббий муассасаларида эксперт томонидан, унинг йўқлигида эса - экспертиза ўтказишга жалб этилган шифокор томонидан терговга қадар текширувни амалга оширувчи органнинг мансабдор шахси, суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори ёки суднинг ажрими асосида ўтказилади.

Суд-психиатрия экспертизаси давлат соғлиқни сақлаш тизимининг шу мақсадга мўлжалланган муассасаларида ўтказилади.

Суд-тиббиёт ва суд-психиатрия экспертизаларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби қонунчиликда белгилаб қўйилади.

Суд-тиббиёт ва суд-психиатрия экспертизаларини ўтказган муассасаларнинг хулосалари устидан фуқаронинг ўзи ёки унинг қонуний вакили судга шикоят қилиши мумкин.


40-модда. Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш

ва одамнинг ўлган вақтини аниқлаш

Патологик-анатомик тадқиқотлар соғлиқни сақлаш муассасаларида одам ҳаётлигида ҳамда ўлганидан сўнг ташхис қўйиш (биопсия ва аутопсия), шунингдек клиник шароитда ташхис қўйиш ва касалликни даволаш ишларининг тўғри олиб борилганлигини назорат қилиш, ўлим сабаблари ҳақида аниқ маълумотлар олиш мақсадида ўтказилади.

Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш ва одамнинг ўлган вақтини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


V. ТИББИЁТ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ХОДИМЛАРИ

41-модда. Тиббиёт ва фармацевтика фаолияти

билан шуғулланиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикасида тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига олий ёки ўрта махсус тиббиёт ўқув юртини тамомлаганлик тўғрисида диплом олган шахслар эга бўладилар.

Тиббий маълумотга эга бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий хизмат кўрсатиш фаолиятини лицензиялаш бўйича махсус комиссиянинг хулосаси асосида халқ табобати усулларидан фойдаланган ҳолда тиббий фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Тиббиёт ва фармацевтика маълумоти тўғрисидаги дипломни хорижий давлатларда олган шахсларнинг тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда йўл қўйилади.

Ўз касби бўйича уч йилдан кўп ишламаган тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг тегишли фаолият билан шуғулланишига тегишли ўқув юртларида қайта тайёргарликдан ўтганларидан кейин ёки Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аттестация комиссиялари ўтказадиган аттестация асосида йўл қўйилади.

Тиббиёт ёки фармацевтика соҳасида тугалланмаган олий маълумоти бўлган шахсларнинг тиббиёт соҳасида ўрта маълумоти бўлган ходимлар ишлайдиган лавозимларда тиббиёт ёки фармацевтика фаолияти билан шуғулланишига Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда йўл қўйилади.

Олий ва ўрта махсус тиббиёт ўқув юртлари талабаларининг фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишда таълим дастурларига мувофиқ қатнашишига тиббиёт ходимлари назорати остида, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда йўл қўйилади.

Ғайриқонуний равишда тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан шуғулланувчи шахслар қонунга мувофиқ жавобгар бўладилар.


Қаранг: МЖтКнинг 165-моддаси; ЖК 114-модданинг иккинчи қисми, 190-моддаси


43-модда. Профессионал тиббиёт

ва фармацевтика уюшмалари

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тиббиёт ва фармацевтика амалиётини ривожлантириш, илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг касб фаолияти билан боғлиқ бошқа масалаларни ҳал этиш мақсадида ихтиёрий асосда таркиб топадиган профессионал уюшмалар ҳамда бошқа жамоат бирлашмалари тузиш ҳуқуқига эга.

Профессионал тиббиёт, фармацевтика уюшмалари ва бошқа жамоат бирлашмалари ўз фаолиятларини уставлар асосида ва қонунчиликка мувофиқ амалга оширадилар.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

44-модда. Ўзбекистон Республикаси

шифокорининг қасамёди

Шифокор дипломини олаётган шахслар қуйидаги мазмунда қасамёд қабул қилади:

"Шифокор деган юксак унвонни олиб, тиббиёт фаолиятига киришар эканман:

ўзимнинг бор билим ва маҳоратимни беморни даволашга ҳамда инсон соғлиғини сақлашга бағишлашга;

ёши, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир беморга куч-ғайратим ва вақтимни аямай тиббий ёрдам кўрсатишга;

беморнинг соғлиғини шахсий манфаатларимдан юқори қўйишга, камтар ва ҳалол бўлишга, ўз билим ва маҳоратимни доимо ошириб боришга;

шифокор сирини сақлашга;

кишиларга ҳамиша меҳр-мурувват ва шифо топишларига ишонч ҳадя этишга;

Буқрот, Абу Али ибн Сино сингари улуғ табибларнинг шонли анъаналарини давом эттиришга тантанали қасамёд қиламан.

Ушбу қасамёдга умримнинг охиригача содиқ қолишга қасамёд қиламан".

Шифокорлар қасамёдни бузганлик учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортиладилар.



45-модда. Шифокор сири

Фуқаронинг тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, унинг соғлиғининг ҳолати, касаллигига қўйилган ташхис хусусидаги ҳамда уни текшириш ва даволаш давомида олинган бошқа маълумотлар шифокор сирини ташкил этади.

Шифокор сири ҳисобланган маълумотлардан ўқиш ҳамда касб-корга, хизматга доир ва бошқа хил вазифаларни бажариш пайтида хабардор бўлиб қолган шахсларнинг бу маълумотларни фуқаро ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз ошкор қилишига йўл қўйилмайди, ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Шифокор сири ҳисобланган маълумотларни фуқаро ёки унинг қонуний вакилининг розилигисиз беришга қуйидаги сабабларга кўра йўл қўйилади:

аҳволи оғирлиги сабабли ўз хоҳиш-иродасини билдира олмайдиган фуқарони текшириш ва даволаш мақсадида;

юқумли касалликлар тарқалиши, ялпи заҳарланиш ва зарарланиш хавфи таҳдид солганида;

терговга қадар текширувни амалга оширувчи органларнинг, суриштирув, тергов органларининг, прокуратуранинг ва суднинг ишни судга қадар юритиш ёки суд текшируви ўтказилиши муносабати билан сўрови бўйича;

ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаган шахсга ёрдам кўрсатилаётганда унинг ота-онаси ёки қонуний вакилларини хабардор қилиш учун;

фуқаронинг соғлиғига ғайриқонуний хатти-ҳаракатлар ёки бахтсиз тасодиф натижасида зарар етказилган деб гумон қилишга асослар мавжуд бўлганида.

Шифокор сири ҳисобланган маълумотлар қонунда белгиланган тартибда берилган шахслар шифокор сирини ошкор қилганлик учун қонунчиликка мувофиқ тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан баб-баравар жавобгар бўладилар.


46-модда. Фуқароларнинг соғлиғига

етказилган зарарни қоплаш

Фуқароларнинг соғлиғига зарар етказилган ҳолларда айбдорлар жабрланганлар кўрган зарар ўрнини қонунчиликда белгиланган ҳажм ва тартибда қоплашлари шарт.

Ғайриқонуний хатти-ҳаракатлардан жабр кўрган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатишга сарфланган маблағлар уларнинг соғлиғига етказилган зарар учун жавобгар бўлган жисмоний ва юридик шахслардан ундирилади.

Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ўз касб-кор вазифаларини малакали бажармаганликлари оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етган ҳолларда етказилган зарар ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланади.

Зарарнинг ўрнини қоплаш тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қонунга мувофиқ интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликдан озод этмайди.



47-модда. Соғлиқни сақлаш соҳасида фуқаролар ҳуқуқ

ва эркинликларини камситувчи давлат органлари

ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари

устидан фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқи

Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ушбу Қонунда белгиланган фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини камситувчи хатти-ҳаракатлари устидан юқори давлат органларига ёки судга шикоят қилиш мумкин.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1996 йил, 9-сон, 128-модда













































Время: 0.1847
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск