Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 18.11.1991 й. 422-XII-сон "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

18.11.1991 й.

N 422-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

НОГИРОНЛАРНИ ИЖТИМОИЙ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


Ушбу Қонун ногиронларга ҳуқуқ ва эркинликларни рўёбга чиқаришда Ўзбекистон Республикасининг бошқа барча фуқаролари билан тенг имкониятларни таъминлаш, уларнинг турмуш фаолиятидаги чеклашларни бартараф этиш, ногиронларни тўлақонли ҳаёт кечиришларига, жамиятнинг иқтисодий ва сиёсий турмушида фаол қатнашишларига, шунингдек ўзларининг фуқаролик бурчларини бажаришларига имкон берадиган қулай шарт-шароит яратиш мақсадида давлатнинг ногиронларга оид сиёсатини белгилайди.

Ўзбекистон Республикасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга, ногиронликнинг олдини олишга ва ногиронларнинг жамият билан уйғунлашиб кетиши учун шарт-шароит яратишга қаратилган тадбирлар амалга оширилади.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. "Ногирон" тушунчасининг таърифи

Жисмоний ёки ақлий нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан ижтимоий ёрдам ва ҳимояга муҳтож бўлган шахс ногирон ҳисобланади.

Шахснинг турмуш фаолияти чекланганлиги унинг ўз-ўзига хизмат қилиш, юриш, йўлни топа олиш, мулоқот қилиш, ўз хатти-ҳаракатини назорат этиш, шунингдек меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қобилияти ёки имкониятини тўла ёхуд қисман йўқотганлигида ифодаланади.

Шахснинг ногирон деб топиш тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) томонидан Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


2-модда. Ногиронлар ҳуқуқий мавқеини асослари

Ногиронлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан мустаҳкамлаб қўйилган барча ижтимоий-иқтисодий ҳамда шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга эгадирлар. Ногиронларни камситиш тақиқланади ва қонунга мувофиқ жазоланади.



3-модда. Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш

Давлат ногиронларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаб, тегишли давлат дастурларида ногиронларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олиш, саломатлигини сақлаш, меҳнат қилиш, билим олиш ва касб ўрганиш, уй-жойли бўлиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларни рўёбга чиқаришда тўсиқларни бартараф этиш мақсадида қонунларда кўзда тутилган шаклларда уларга ижтимоий ёрдам бериш йўли билан уларнинг хос камол топишлари, ижодий ва ишлаб чиқариш имкониятларини ҳамда қобилиятларини рўёбга чиқаришлари учун зарур шарт-шароит яратиб беради. Давлат ногирон болалар тўғрисида алоҳида ғамхўрлик қилади.

Ногиронларга ёрдам кўрсатиш мақсадида республикада ва вилоятларда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш жамғармалари ташкил этилиб, улардан солиқ олинмайди. Бу жамғармаларни ташкил этиш, уларнинг фаолият тартибини ҳамда ташкил топиш манбаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб беради.

Болаликдан ногирон бўлганларнинг ҳамда бошқа I ва II гуруҳ ногиронларининг уй-жой шароитини яхшилаш чоғида уйлар уларнинг иш жойларига ҳамда даволаш-профилактика муассасаларига ва транспорт йўлларига яқин бўлиши зарурлигини ҳисобга олган ҳолда берилади.

Ногиронларга ва аъзоларидан бири ногирон бўлган оилаларга уй-жой бериш, уй-жой сотиб олиш, қуриш ва улардан фойдаланиш юзасидан енгилликлар Ўзбекистон Республикасининг уй-жой тўғрисидаги қонунларида белгилаб берилади.



4-модда. Ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари

ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш

Ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат томонидан суд йўли билан ёки қонунда белгиланган бошқа тартибда таъминланади.

Фуқаро ваколатли давлат идораси (ТМЭК)нинг уни ногирон деб топган ёки ногирон деб топмаганлиги хусусидаги қарорига норозилик билдириб ТМЭКнинг юқори идорасига мурожаат қилишга ҳақлидир. Агар шу қарор ҳам ногиронни қониқтирмаса, унда у суд йўли билан эътироз билдиришга ҳақлидир.

Ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузишга айбдор бўлган мансабдор шахслар ва бошқа фуқаролар қонунда белгиланган моддий, интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар.



5-модда. Ногиронлар муаммоларига доир қарорларни

ишлаб чиқиш ва қабул қилишда жамоат бирлашмалари

ва фуқароларнинг иштирок этиши

Жамоат бирлашмалари ўз уставларига мувофиқ ҳамда фуқаролар ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда, шунингдек тегишли тадбирларни пул билан таъминлашда иштирок этишлари мумкин. Халқ депутатлари Кенгашлари уларга бу борада ҳар томонлама кўмаклашишлари шарт.


6-модда. Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш

тўғрисидаги қонунлар

Ўзбекистон Республикаси қонунларида:

даромадларни индексациялашни ҳисобга олиб, республика бюджети, маҳаллий бюджетлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан ногиронларга ижтимоий ёрдам бериш тартиби ва шартлари;

ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг республика ва минтақа дастурларини тасдиқлаш ва пул билан таъминлаш тартиби;

ногиронларни тарбиялашни, уларнинг умумий таълим олишини ва ҳунар ўрганишини, уларни ишга жойлаштиришни ва меҳнати муҳофаза этилишини таъминлашга оид умумий қоидалар белгилаб берилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солинади.



7-модда. Ўзбекистон Республикасининг ногиронларни

ижтимоий ҳимоя қилишга оид халқаро шартномалари

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Қонунда кўзда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



II. НОГИРОНЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ ИНФРАСТРУКТУРАДАН

ТЎСҚИНЛИКСИЗ ФОЙДАЛАНИШИ УЧУН ШАРТ-ШАРОИТ

ЯРАТИШ

8-модда. Ногиронларнинг уй-жойлардан ва ижтимоий

инфраструктуранинг бошқа объектларидан

фойдаланишини таъминлаш

Давлат идоралари, корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар ногиронларга (шу жумладан ўриндиқли аравача ва етакловчи итлардан фойдаланувчи ногиронларга) уй-жойлардан, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларидан, иншоотлар ва хоналардан фойдаланишлари, жамоат транспорти ва транспорт коммуникациялари, умумий фойдаланишдаги алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланишлари, бемалол йўл танлаш ва юришлари учун шарт-шароит яратиб беришга мажбурдирлар.



9-модда. Ижтимоий инфраструктура объектларини

лойиҳалаш ва қуриш чоғида ногиронларнинг

эҳтиёжларини ҳисобга олиш

Аҳоли пунктларини лойиҳалаш ва қуриш, турар жой даҳаларини барпо этиш, бинолар, иншоотлар, шу жумладан аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автостанциялар, дарё портлари, спорт комплекслари, маориф ва маданият объектларининг, коммуникацияларнинг лойиҳа ечимларини ишлаб чиқиш, уларни қуриш ва реконструкциялаш, шунингдек транспорт воситаларини, шу жумладан хусусий транспорт воситаларини, алоқа ва ахборот воситаларини уларга ногиронлар кириши ва улардан фойдаланиши учун мослаштирмай туриб яратиш ва ишлаб чиқаришга йўл қўйилмайди. Тегишли объектларнинг лойиҳалари ногиронларнинг жамоат ташкилотлари билан келишиб олиниши керак.

Ногиронларга шарт-шароит яратиш лойиҳаларининг ажралмас қисми ҳисобланади. Ногиронлар учун мўлжалланган объектларни лойиҳалаш ва қуриш устунлик тартибида амалга оширилади.



10-модда. Ижтимоий инфраструктуранинг ишлатилаётган

объектларини ногиронлар фойдаланиши учун мослаштириш

Умумий фойдаланишдаги транспорт, алоқанинг, ахборотнинг ишлатилаётган воситалари ҳамда ижтимоий инфраструктуранинг бошқа объектлари (8 ва 9-моддалар) давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари томонидан ногиронларнинг жамоат бирлашмалари иштирокида белгилаб қўйиладиган тартибда ва шартларда ногиронлар кириши ва фойдаланиши учун мослаштирилиши зарур.

Мазкур объектларни ногиронлар кириши учун мослаштириш мумкин бўлмаган ҳолларда тегишли корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан ногиронларнинг эҳтиёжлари қондирилишини таъминлайдиган зарур чоралари ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши керак.



11-модда. Турар жой биноларини ногиронларнинг киришига

ва фойдаланишига мослаштириш

Ногиронлар ёки аъзоларидан бири ногирон бўлган оилалар яшаётган турар жой бинолари, шунингдек ногиронлар учун қурилаётган уй-жойлар ногиронлар саломатлигини тиклашнинг якка тарздаги дастурига мувофиқ махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланиши лозим.

Мазкур турар жой биноларини уй-жой фондининг эгаси бўлган халқ депутатлари Кенгашлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар жиҳозлайдилар. Якка тартибда қурилган уйларни жиҳозлаш халқ депутатлари тегишли Кенгашлари томонидан белгилаб қўйилган тартибда ногиронларнинг жамоат бирлашмалари албатта иштирок этган ҳолда амалга оширилади.

Мазкур тадбирларни пул билан таъминлаш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.


12-модда. Ногиронларнинг транспорт ҳамда ижтимоий

инфраструктуранинг бошқа объектларидан фойдалана олишини

таъминлаш вазифаларини бажармаганлик учун иқтисодий жавобгарлик

Ишлаб турган транспорт, алоқа ва ахборот воситаларини ҳамда ижтимоий инфраструктуранинг бошқа объектларини ногиронлар кира оладиган ва фойдалана оладиган қилиб мослаштириш юзасидан ушбу Қонунда кўзда тутилган чора-тадбирларни бажармаган корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлар ногиронларнинг эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган маблағни Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгилаб қўйилган тартибда тегишли бюджетларга ўтказадилар.

Мазкур маблағлардан фақат ижтимоий инфраструктура объектларини ногиронларнинг эҳтиёжларига мослаштириш тадбирларини амалга ошириш учунгина фойдаланиш мумкин.



13-модда. Ногиронларнинг маданий-томошагоҳ муассасаларига

ва спорт иншоотларига киришини таъминлаш

Халқ депутатлари Кенгашлари, уларнинг бошқармалари ва бўлимлари, бошқа тармоқ бўлинмалари ногиронлар маданий-томошагоҳ муассасаларига ва спорт иншоотларига бемалол кириши ва маданий камол топиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш мақсадида улардан бемалол фойдаланиши учун зарур шароитларни яратиб беришга, шунингдек уларга махсус спорт анжомлари берилишини таъминлашга мажбурдирлар. Ногиронлар мазкур хизматлардан бепул ёки енгил шартлар билан фойдаланадилар.


14-модда. Ногиронлар учун ижтимоий-маданий объектлар

ҳамда спорт иншоотлари қуришни пул билан таъминлашда,

уларни жиҳозлашда ва таъминлашда корхоналар,

бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларнинг иштироки

Корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар ногиронлар учун ижтимоий-маданий объектлар ҳамда спорт иншоотлари қуришни пул билан таъминлашга, жиҳозлар сотиб олишга ва уларни таъминлашга маблағ ажратишга ҳақлидир. Мазкур мақсадларга ажратилган маблағдан солиқ олинмайди.



15-модда. Ногиронлар учун моллар ва техника воситалари ишлаб

чиқарувчи корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотларга

бериладиган енгилликлар

Ногиронлар учун саноат моллари, махсус техника ва ўзга воситалар ишлаб чиқарадиган ҳамда ногиронларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотларга, шунингдек ақлий ва жисмоний ривожланишда камчилиги бўлган болалар ва ўсмирларга мўлжалланган махсус таълим-тарбия муассасаларига Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан, шунингдек халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари билан белгилаб қўйиладиган тартибда ва шартларда енгилликлар берилади.


III. НОГИРОНЛАРНИ ТИББИЙ,

КАСБ ВА ИЖТИМОИЙ ЖИҲАТДАН ТИКЛАШ

16-модда. Ногиронларни тиббий, касб ва ижтимоий

жиҳатдан тиклаш вазифалари

Ўзбекистон Республикаси ногиронларни тиббий, касб ва ижтимоий жиҳатдан тиклаш тизимини ташкил этади ва бу тизим қарор топиши ҳамда ривожланишига кўмаклашади. Мазкур тизим организмнинг издан чиққан ёки йўқолган қобилиятларини, ўзига ўзи хизмат қилиш қобилиятини, касб фаолиятининг хилма-хил турларидаги қобилиятини, шунингдек ногиронларга тўлақонли турмуш тарзини давом эттириш имконини берадиган ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда мавжуд имкониятларини ишга солишни таъминлайдиган қобилиятларини қайта тиклашга ҳамда уларнинг ўрнини қоплашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ногиронларни тиббий, касб ва ижтимоий жиҳатдан тиклаш, шунингдек ногиронликнинг олдини олиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш ва мутахассислар тайёрлашни пул билан таъминлайди ҳамда бу ишни ташкил этади.



17-модда. Ногиронларни тиклашнинг якка тартибдаги дастури

Ногиронларни тиббий, касб ва ижтимоий жиҳатдан тиклаш ногиронларни тиклашнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ бирлашмалари вакиллари иштирокида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ваколат берган давлат идоралари томонидан тиббий-ижтимоий экспертиза асосида белгиланади.

Ногиронга тавсия этиладиган тиклашнинг якка тартибдаги дастурида тиклаш чораларининг аниқ ҳажми, турлари ва амалга ошириш муддатлари, шунингдек ижтимоий ёрдам турлари кўрсатилади.

Ногирон тақдим этадиган тиклашнинг якка тартибдаги дастури тегишли давлат идоралари, шунингдек корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар ижро этиши мажбурий бўлган ҳужжатдир.



18-модда. Ногиронларни тиклаш ишларини

амалга оширувчи муассасалар

Республика идоралари ва маҳаллий идоралар ногиронларнинг саломатликни тиклашга қаратилган ёрдамга бўлган эҳтиёжларини ва маҳаллий шароитларни ҳисобга олиб, ногиронларнинг саломатлигини тиклаш тармоқларини, шу жумладан илмий-ишлаб чиқариш марказларини, амбулаториялар ҳамда доимий даволаш-профилактика муассасаларида тиклаш бўлимларини, махсус ўқув-тарбия муассасаларини, ихтисослаштирилган санаторий-курорт муассасаларини, ногиронларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатадиган корхоналар ва муассасалар барпо этадилар.



IV. НОГИРОНЛАРНИНГ ИЛМ ОЛИШИ

ВА КАСБ ТАЙЁРГАРЛИГИ

19-модда. Ногиронларнинг илм олиши ва

касб тайёргарлиги учун шароит яратиш

Давлат ногиронларнинг илм олиши ва касб тайёргарлиги учун зарур шарт-шароит яратишга кафолат беради.

Халқ таълими идоралари соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот идоралари билан биргаликда ногирон болаларнинг мактабгача ва мактабдан ташқари тарбиясини, ногиронларнинг касб тайёргарлигини, ногиронларни тиклашнинг якка тартибдаги режасига мувофиқ улар умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим олишини таъминлашга мажбурдирлар.



20-модда. Ногирон болаларнинг мактабгача тарбияси

Саломатлиги туфайли умумий йўсиндаги мактабгача тарбия муассасаларига қатнай олмайдиган ногирон болаларни тарбиялаш ҳамда саломатлигини тиклаш учун энг қулай имкониятларни яратиш мақсадида халқ депутатлари Кенгашлари корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларни жалб этган ҳолда махсус мактабгача тарбия муассасаларини, шу жумладан интернат-уйларни ташкил этадилар.


21-модда. Ногиронларнинг умумий ўрта,

ўрта махсус ва олий таълим олиши

Ногиронларга умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим бериш барча ўқув юртларида, зарур бўлган ҳолларда эса махсус билим юртларида амалга оширилади.

Доимий ишлайдиган даволаш профилактика ёки саломатликни тиклаш муассасаларида даволанаётган ногирон болалар учун ҳам ўқув машғулотлари ташкил этилади.



22-модда. Ногирон болаларга уйда тарбия ва таълим бериш

Ногирон болаларга умумий ёки махсус мактабгача тарбия муассасаларида ва ўқув юртларида тарбия ва таълим бериш имкони бўлмаган тақдирда, ота-оналарининг истаклари ҳисобга олиниб, бундай болаларга уйида тарбия ва таълим берилади. Бунда ота-оналардан бирига ёки уларнинг ўрнини босувчи кишига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйиладиган тартибда ва шартлар асосида моддий таъминот ва имтиёзлар берилади.

Тегишли ўқув-тарбия муассасалари ногирон болаларни уйда ўқитишда ота-оналарга ёрдам бериши шарт.



23-модда. Ногирон болаларнинг мактабдан ташқари тарбияси

Ногирон болаларни ҳар томонлама уйғун ривожлантириш, уларда ижтимоий фаолликни, меҳнатга қизиқишни тарбиялаш, уларни фан, техника, санъат ва спортга жалб этиш мақсадида халқ таълими идоралари, бошқа давлат идоралари ногирон болаларнинг мактабдан ташқари тарбиядан баҳраманд бўлишларини таъминлашга, бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратишга мажбурдир.



24-модда. Ногирон болаларга доимий

муассасаларда тарбия ва таълим

Доимий ишлайдиган муассасаларда яшайдиган ногирон болаларга ана шу муассасалар ижтимоий-маиший ҳамда меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш билан узвий боғланган ҳолда тарбия ва таълимнинг узлуксизлигини таъминлайди.



25-модда. Ногиронларнинг касб тайёргарлигини

ва уларнинг малакасини ошириш

Ногиронларнинг касб тайёргарлиги ва уларнинг малакасини ошириш ўқув юртларида, корхоналарда ва ташкилотларда (ихтисослашган ёки умумий йўсиндаги), шунингдек ногирон жамоат ташкилотларининг корхоналари ва бирлашмаларида ижтимоий ёрдам муассасалари билан биргаликда тиклашнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ равишда таъминланади.

Касб тайёргарлиги ва малака ошириш даврида ногиронлар Ўзбекистон республикаси қонунларида белгилаб қўйиладиган тартиб ва шартлар асосида моддий жиҳатдан таъминланади.



26-модда. Ногиронларни илм олиш, касб тайёргарлиги

ва малака ошириш шакллари

Ногиронларнинг илм олиши, касб тайёргарлиги ва малакасини ошириш турли шаклларда, шу жумладан, кундузги ҳамда кундузги-сиртқи шаклларда, ўзича мустақил тайёрланиш йўли билан, махсус гуруҳларда, синфларда ҳамда якка тартибдаги ўқув дастурлари асосида, шу жумладан уйда ўқиш йўли билан рўёбга чиқарилади.



27-модда. Имо-ишора тили

Ўзбекистон Республикаси имо-ишора тилини шахслараро мулоқот воситаси сифатида тан олади. Имо-ишоралар тилининг ҳуқуқий мақоми ва қўлланиш соҳаси Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб берилади.



V. НОГИРОНЛАР МЕҲНАТИ

28-модда. Ногиронларнинг меҳнат

қилиш ҳуқуқини амалга ошириши

Ногиронларнинг ижодий ва ишлаб чиқариш қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида ҳамда тикланишнинг якка тартибдаги дастурларини ҳисобга олиб, уларга меҳнат шароити одатдагича бўлган корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларда, ногиронлар меҳнати қўлланиладиган ихтисослаштирилган корхоналарда, цехларда ва участкаларда ишлаш ҳуқуқи, шунингдек якка тартибдаги меҳнат фаолияти билан ҳамда қонун билан тақиқланадиган ўзгача меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи таъминланади.

Ногирон билан меҳнат шартномаси тузишдан ёки хизмат юзасидан уни юқори лавозимга кўтаришдан бош тортишга, маъмурият ташаббуси билан ишдан бўшатишга, ногиронлиги учун уни ўз розилигисиз бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди. Тиббий-ижтимоий экспертизанинг хулосасига кўра ногироннинг саломатлиги бу касб вазифаларини бажаришга монелик қилган ёки ногироннинг ёхуд бошқа кишиларнинг саломатлиги ва меҳнат хавфсизлигига таҳдид қилган ҳоллар бундан мустаснодир.

Ногирон ўз меҳнат қобилиятини тиклаганидан кейин аввалги ишига ёки шунга тенг ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.



29-модда. Ногиронларни иш билан таъминлаш

Ногиронларни иш билан таъминлаш мақсадида давлат идоралари ногиронларнинг касаба уюшмалари ва жамоат бирлашмалари иштирокида корхоналарда, бирлашмалар, муассасаларда ва ташкилотларда ишловчилар сонининг камида 3 фоизи миқдорида ногиронлар учун иш жойларини банд қилиб қўйиш нормаларини белгилайди (камида 34 киши).

Ногиронлар учун иш жойларини банд қилиб қўйишни таъминламаган ёки уларни ишга жойлаштиришдан бўйин товлаган корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар давлат ҳокимияти маҳаллий идораларига Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгилаб қўйиладиган тартибда ногиронларни ишга жойлаштириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини қоплаш учун пул тўлайди.

Ногиронларнинг меҳнатидан фойдаланиш учун ногиронларнинг эҳтиёжларини ва маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиб, махсус корхоналар, цехлар ва участкалар барпо этилади. Кўзи ожиз ногиронлар шароити ўзларининг имкониятларига мос келадиган ишлаб чиқаришларда қатнашишда устунлик ҳуқуқига эга.

Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув идоралари, корхоналар ва бирлашмалар уйда ишловчи ногиронларга, шунингдек якка тартибдаги меҳнат фаолияти банд бўлган ногиронларга мазкур фаолият учун одам турмайдиган бино ёки хоналар ажратиб бериш, хом ашё сотиб олиш ва маҳсулотни сотишда зарур ёрдам беради.



30-модда. Ногиронларни меҳнат шароити

Корхоналарда, бирлашмаларда, муассасаларда ва ташкилотларда ишлаётган ногиронларга тиклашнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ равишда зарур меҳнат шароити яратилади.

Меҳнат шароити, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш, иш вақти, тартиби ва дам олиш вақти, жамоа ёки якка тартибдаги меҳнат шартномасида белгилаб қўйиладиган йиллик ва қўшимча отпускаларнинг муддати амалдаги норматив ҳужжатларда кўзда тутилганидан кам бўлмаслиги ва бошқа ходимларга нисбатан ногиронларнинг аҳволини ёмонлаштирмаслиги ёки уларнинг ҳуқуқларини чекламаслиги керак.



31-модда. Ногиронлар меҳнати қўлланиладиган

корхоналар учун имтиёзлар

Ногиронлар меҳнати қўлланиладиган корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар имтиёзли асосларда солиқ тўлаш, молиялаштирилиш ҳамда моддий-техника билан таъминланиш ҳуқуқидан фойдаланади.

Ногиронлар меҳнати қўлланиладиган корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларга имтиёзли асосларда солиқ солиш, уларни молиялаштириш ҳамда моддий-техника билан таъминлаш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



VI. НОГИРОНЛАРГА ИЖТИМОИЙ ЁРДАМ

32-модда. Ижтимоий ёрдам турлари

Ногиронларга ижтимоий ёрдам пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар) шаклида, техника воситалари ҳамда бошқа воситалар, шу жумладан автомобиллар, ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтиргич аппаратлар ва сигнализаторлар билан таъминлаш шаклида, шунингдек тиббий, ижтимоий ва касб жиҳатидан тиклаш ҳамда маиший хизмат, транспорт хизмати кўрсатиш йўли билан берилади.

Ногиронларни пенсиялар ва нафақалар билан таъминлаш тартиби пенсия ва ижтимоий таъминот тўғрисидаги қонунларда белгилаб қўйилади.

Ногиронларга бепул махсус тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонунларида белгилаб қўйилади. Ногиронларни дори-дармонлар билан таъминлаш, уларга техник воситалар ва ўзга воситаларни бериш, шунингдек, маиший хизмат ва транспорт хизмати кўрсатиш бепул ёки Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда енгил шартлар асосида амалга оширилади.



33-модда. Ногиронга техника воситаси ёки ўзга воситани бериш

Ногиронга техника воситаси ёки ўзга восита саломатликни тиклашнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ бепул ёки имтиёзли шартлар билан берилади.

Саломатликни тиклашнинг якка тартибдаги дастурида кўзда тутилган техника воситаси ёки ўзга воситани давлат идораси ногиронга бериши мумкин бўлмаса ёки ногирон тегишли воситани ўз ҳисобидан сотиб олган бўлса, унга Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда товон тўланади.



34-модда. Уйга бориб хизмат кўрсатиш.

Ногиронларга ижтимоий ёрдам берадиган

доимий ишловчи муассасалар

Бошқаларнинг парваришига ва ёрдамига муҳтож бўлган ногиронларга ижтимоий ёрдам идоралари уйга бориб ёки доимий ишлайдиган муассасаларда тиббий ёки маиший хизмат кўрсатади.

Давлат бошқаларнинг парваришига муҳтож бўлган ногиронларга ижтимоий ёрдам берувчи доимий муассасалар тармоғини ривожлантиришга кўмаклашади.

Агар ишчи ёки хизматчи корхона, бирлашма, муассаса, ташкилотнинг айби билан ногирон бўлиб қолган ҳамда бошқаларнинг парваришига муҳтож бўлса, шу корхона, бирлашма, муассаса, ташкилот соғлиқни сақлаш органлари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг хулосасига мувофиқ меҳнатга яроқсиз бўлиб қолган даврда беморни парваришлаш учун ўз ҳисобидан уйда қараб турадиган бир кишини ёллаши шарт ва ногиронга етказилган моддий ва маънавий зарарнинг ўрнини қоплайди.


35-модда. Интернат-уйлардаги ва бошқа доимий

ишлайдиган ижтимоий ёрдам муассасаларидаги

ногиронларнинг ҳуқуқлари

Ногиронларнинг интернат уйларда ёки бошқа доимий ишлайдиган ижтимоий ёрдам муассасаларида бўлиш шароити ногиронлар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишлари учун имкониятни таъминлаши ҳамда шахснинг эҳтиёжлари мумкин қадар тўла-тўкис қаноатлантирилишига кўмаклашиши лозим.

Саломатлигини сақлаш чоралари ёрдамида ногироннинг интернат уйда ёки бошқа доимий ишлайдиган ижтимоий муассасада бўлишига зарурат қолмаган тақдирда давлат ҳокимияти маҳаллий идораси унга ушбу Қонуннинг 11-моддаси талабларига мувофиқ равишда қулай турар жой майдони бериши керак.

Доимий ишлайдиган муассасаларда яшаётган етим ёки ота-оналарининг васийлигидан маҳрум этилган ногирон болалар балоғатга етгач, агар саломатликни тиклашнинг якка тартибдаги дастурида ўзига ўзи хизмат кўрсатиш ва мустақил турмуш кечириш имконияти кўзда тутилган бўлса, шу дастурга мувофиқ халқ депутатлари Кенгашлари томонидан навбатдан ташқари турар жой майдони билан таъминланади.

36-модда. Ногиронларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш

Ногиронларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш, шу жумладан уларни озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа халқ истеъмоли моллари билан таъминлаш, уларга коммунал ва бошқа хизматлар кўрсатиш халқ депутатлари Кенгашлари томонидан ногиронларнинг касаба уюшмалари ҳамда жамоат бирлашмалари, ижтимоий ёрдам муассасалари иштирокида белгиланадиган енгил шартлар асосида амалга оширилади.

Халқ депутатлари Кенгашлари ҳар йили камида бир марта ногиронларнинг ижтимоий-турмуш шароитларини ўрганиб чиқишни ташкил этадилар ҳамда бу шароитларни яхшилаш учун зарур чоралар кўрадилар.


37-модда. Ногиронларга ижтимоий ёрдам берувчи давлат идоралари

Ногиронларга ижтимоий ёрдамни халқ депутатлари Кенгашлари, уларнинг ижроия ва бошқарув идоралари, ижтимоий таъминот бўлимлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият, жисмоний тарбия ва спорт идоралари ҳамда бошқа давлат идоралари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ тиббий-ижтимоий экспертиза (тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг, ихтисослаштирилган эксперт хизматларининг, тиббий маслаҳат комиссияларининг) хулосалари асосида кўрсатадилар.


38-модда. Ижтимоий ёрдамни пул билан таъминлаш манбалари

Ижтимоий ёрдам республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш жамғармалари маблағлари ҳисобидан, шунингдек корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан берилади.

Ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ тадбирларни пул билан таъминловчи корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйиладиган тартибда ва шартларда солиқ солишда енгилликлар берилади.



VII. НОГИРОНЛАРНИНГ ЖАМОАТ БИРЛАШМАЛАРИ

39-модда. Ногиронларнинг жамоат

бирлашмаларини тузиш ҳуқуқи

Ногиронлар ва уларнинг номидан иш олиб борувчи шахслар ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва хизмат кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгилаб қўйилган тартибда жамоат бирлашмаларини, шу жумладан турли жамғармаларни ташкил этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Давлат идоралари ногиронларнинг жамоат бирлашмаларига ҳамда уларнинг манфаатларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга ҳар томонлама мадад, моддий ва гуманитар ёрдам беради.

Давлат идоралари, шунингдек мулкнинг ўз хўжалик юритишнинг шаклидан қатъи назар, корхоналар, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотлар ногиронлар манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал этиш чоғида бу масалаларни ногиронларнинг жамоат бирлашмалари билан биргаликда ҳал этишлари шарт.

Ногиронлар ва уларнинг қонуний вакиллари ўз манфаатларига бевосита дахлдор бўлган масалалар муҳокама қилинаётганда ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилинаётганда қатнашиш, шунингдек зарур ахборот олиш ҳуқуқига эгадирлар.



40-модда. Ногиронларнинг жамоат бирлашмаларига

бериладиган имтиёзлар ва енгилликлар

Ногиронларнинг жамоат бирлашмалари ҳамда уларнинг корхоналари, бирлашмалари, муассасалари ва ташкилотлари солиқ тўлашда Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда имтиёзлар ва енгилликлардан фойдаланадилар.

Ногиронларнинг жамоат ташкилотлари, уларнинг таркибий бўлимлари ва бўлинмалари бинолар олишда, хом ашё ресурслари, ишлаб чиқариш-техника ускуналарини сотиб олишда биринчи навбат ҳуқуқидан фойдаланадилар ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ имтиёзли суратда пул ва кредит билан таъминланиш ҳуқуқига эгадирлар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов




























Время: 0.1565
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск