ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Қурилиш ва архитектура / Умумий қоидалар /

Шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш ҳамда шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари чегараларини белгилаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 02.02.2007 й. 25-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 2 февралдаги

25-сон қарорига

ИЛОВА



Шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга

солинадиган объектларини умумдавлат ва маҳаллий

аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш ҳамда

шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган

объектлари чегараларини белгилаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда:

шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш;

шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари чегараларини белгилаш тартибини белгилайди.


2. Шаҳарсозлик фаолияти объектларини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари жумласига киритиш ушбу объектлар ҳудудларига шаҳарсозлик соҳасида жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахслар манфаатларини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда уларсиз ушбу ҳудудлардан фойдаланиш мумкин бўлмаган ёки қийин бўлган махсус қоидаларни жорий этиш мақсадида амалга оширилади.


3. Шаҳарсозлик фаолияти:

табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар таъсирига учраган ҳудудларда;

кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан йўл қўйиладиган чекланган концентрациялардан ортиқча, радиоактив моддалар билан йўл қўйиладиган чекланган даражалардан ортиқча миқдорда ифлосланган ҳудудларда;

қўриқланадиган табиий ҳудудларда алоҳида тартибга солинади.

Шаҳарсозлик фаолияти:

Тошкент шаҳри ҳудудларида;

Нукус шаҳри ҳудудларида;

вилоятларнинг маъмурий марказлари бўлган шаҳарлар ҳудудларида;

маданий мерос объектлари мавжуд бўлган шаҳарлар ҳудудларида;

курорт шаҳарлар ҳудудларида;

қўриқхона шаҳарлар ҳудудларида;

ҳаёт фаолиятининг алоҳида режимидаги аҳоли пунктлари (ҳарбий шаҳарчалар, бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналаридаги ва қўриқланадиган бошқа табиий ҳудудлардаги аҳоли пунктлари) ҳудудларида ҳам алоҳида тартибга солиниши мумкин.


4. Шаҳарсозлик фаолияти объектларини алоҳида тартибга солинадиган тоифалар жумласига киритиш ва уларнинг чегараларини белгилаш ушбу Низомда назарда тутилган тартибда тегишли давлат органлари томонидан амалга оширилади. Бунда:

республика вазирликлари (идоралари)га келишиш учун юборилаётган шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш бўйича материаллар икки ой муддатда кўриб чиқилади;

республика вазирликлари (идоралари)га, бошқа манфаатдор ташкилотларга келишиш учун юборилаётган умумдавлат ва маҳаллий аҳамиятга молик шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари чегараларини белгилаш бўйича материаллар бир ой муддатда кўриб чиқилади.


5. Шаҳарсозлик фаолияти ҳудудлари ва объектларида, шунингдек аҳоли пунктларида алоҳида тартибга солишни жорий этиш муддатлари манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.


6. Алоҳида тартибга солиш даврида объектлар ҳудудларида шаҳарсозлик фаолияти махсус шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига, шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлашнинг алоҳида тартибига мувофиқ ҳамда объектлар қурилишига махсус рухсатномалар бериш орқали амалга оширилади.



II. ШАҲАРСОЗЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ АЛОҲИДА

ТАРТИБГА СОЛИНАДИГАН ОБЪЕКТЛАРИНИ

УМУМДАВЛАТ АҲАМИЯТИГА МОЛИК

ОБЪЕКТЛАР ЖУМЛАСИГА КИРИТИШ


7. Табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар таъсирига учраган ҳудудларда жойлашган шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг манфаатдор вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маълумотларига асосланган тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


8. Кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан йўл қўйиладиган чекланган концентрациялардан ортиқча, радиоактив моддалар билан йўл қўйиладиган даражалардан ортиқча ифлосланган ҳудудларда жойлашган шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


9. Қўриқланадиган табиий ҳудудларда жойлашган шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш манфаатдор вазирликлар ва идоралар тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


10. Тошкент шаҳар ҳудудини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш Қурилиш вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

11. Маданий мерос объектлари давлат кадастрига белгиланган тартибда киритилган маданий мерос объектлари мавжуд бўлган шаҳарлар ҳудудларини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш Маданият вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

12. Курорт шаҳарлар ҳудудларини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Қурилиш вазирлиги тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

13. Қўриқхона шаҳарлар ҳудудларини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш Маданият вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлиги тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

14. Ҳаёт фаолиятининг алоҳида режимидаги аҳоли пунктлари (ҳарбий шаҳарчалар, бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналаридаги ва бошқа алоҳида қўриқланадиган табиий ҳудудлардаги аҳоли пунктлари) ҳудудларини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритиш манфаатдор вазирликлар (идоралар) ҳамда Қурилиш вазирлиги тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.


III. ШАҲАРСОЗЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ АЛОҲИДА

ТАРТИБГА СОЛИНАДИГАН ОБЪЕКТЛАРИНИ

МАҲАЛЛИЙ АҲАМИЯТГА МОЛИК ОБЪЕКТЛАР

ЖУМЛАСИГА КИРИТИШ


15. Табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар таъсирига учраган ҳудудларда жойлашган, шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган (умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган) объектларини маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тақдимномасига кўра, Қурилиш вазирлиги билан келишган ҳолда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

16. Кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан йўл қўйиладиган чекланган концентрациялардан ортиқча, радиоактив моддалар билан йўл қўйиладиган чекланган даражалардан ортиқча ифлосланган ҳудудларда жойлашган (умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган) шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тақдимномасига кўра ҳамда Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишган ҳолда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан амалга оширилади.

17. Қўриқланадиган табиий ҳудудларда жойлашган шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектларини маҳаллий аҳамиятга молик объектлар жумласига киритиш Қурилиш вазирлиги, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирликлар (идоралар) билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилади.

18. Нукус шаҳри ҳамда вилоятларнинг маъмурий марказлари бўлган шаҳарлар ҳудудларини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган, маҳаллий аҳамиятга молик объектлари жумласига киритиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари тақдимномасига кўра Қурилиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

19. Маданий мерос объектлари мавжуд бўлган (умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган) шаҳарлар ҳудудларини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган, маҳаллий аҳамиятга молик объектлари жумласига киритиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари тақдимномасига кўра, Маданият вазирлиги билан келишган ҳолда Қурилиш вазирлиги томонидан амалга оширилади.

20. Ҳаёт фаолиятининг алоҳида режимидаги аҳоли пунктлари (ҳарбий шаҳарчалар, бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналаридаги ва қўриқланадиган бошқа табиий ҳудудлардаги ҳамда умумдавлат аҳамиятига молик объектлар жумласига киритилмаган аҳоли пунктлари) ҳудудларини шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган, маҳаллий аҳамиятга молик объектлари жумласига киритиш Қурилиш вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар (идоралар) билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.


IV. ШАҲАРСОЗЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ

АЛОҲИДА ТАРТИБГА СОЛИНАДИГАН

ОБЪЕКТЛАРИ ЧЕГАРАЛАРИНИ БЕЛГИЛАШ


21. Табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятлар таъсирига учраган ҳудудларда жойлашган шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари чегаралари тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар асосида:

умумдавлат аҳамиятига молик объектлар учун - Қурилиш вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг манфаатдор вазирликлар (идоралар), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари маълумотларига асосланган тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

маҳаллий аҳамиятга молик объектлар учун - Қурилиш вазирлиги ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

22. Кимёвий ва (ёки) биологик моддалар, зарарли микроорганизмлар билан йўл қўйиладиган чекланган концентрациядан ортиқча, радиоактив моддалар билан йўл қўйиладиган чекланган даражалардан ортиқча ифлосланган ҳудудларда жойлашган шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари чегаралари ихтисослаштирилган ташкилотларнинг маълумотлари асосида:

умумдавлат аҳамиятига молик объектлар учун - Қурилиш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

маҳаллий аҳамиятга молик объектлар учун - Қурилиш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

23. Қўриқланадиган табиий ҳудудларда жойлашган шаҳарсозлик фаолиятининг алоҳида тартибга солинадиган объектлари чегаралари тасдиқланган шаҳарсозлик, ер тузиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар, ихтисослаштирилган ташкилотлар маълумотлари асосида:

умумдавлат аҳамиятига молик объектлар учун - Қурилиш вазирлиги, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирликлар (идоралар) тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

маҳаллий аҳамиятга молик объектлар учун - Қурилиш вазирлиги, Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда манфаатдор вазирликлар (идоралар) билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади.

24. Тошкент шаҳри, вилоятларнинг маъмурий марказлари бўлган шаҳарлар, маданий мерос объектлари мавжуд бўлган шаҳарлар, курорт шаҳарлар, шунингдек қўриқхона шаҳарлар чегаралари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси таклифига кўра, Тошкент шаҳри ва тегишли вилоятлар ҳокимларининг илтимосномалари асосида Олий Мажлис томонидан белгиланади.


25. Нукус шаҳри чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукумати таклифига кўра, шаҳар ҳокимининг илтимосномаси асосида Жўқорғи Кенгес томонидан белгиланади.


26. Ҳаёт фаолиятининг алоҳида режимидаги аҳоли пунктлари (ҳарбий шаҳарчалар, бошқа режимли ҳудудлар, давлат қўриқхоналаридаги ва қўриқланадиган бошқа табиий ҳудудлардаги аҳоли пунктлари) ҳудудлари чегаралари тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари ёки бошқа ҳужжатлар асосида:

умумдавлат аҳамиятига молик объектлар учун - Қурилиш вазирлиги, манфаатдор вазирликлар (идоралар) тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан;

маҳаллий аҳамиятга молик объектлар учун - Қурилиш вазирлиги ҳамда манфаатдор вазирликлар (идоралар) билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан белгиланади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 4-6-сон, 46-модда.
































Время: 0.1975
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск