Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.02.2007 й. 26-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 5 февралдаги

26-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат геология

ва минерал ресурслар қўмитаси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (кейинги ўринларда Давлат геология қўмитаси деб юритилади) давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Давлат геология қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


2. Давлат геология қўмитаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ва мазкур Низомга амал қилади.


3. Давлат геология қўмитаси ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


4. Давлат геология қўмитаси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ҳамда бланкаларга, шунингдек банкларда қонун ҳужжатларига мувофиқ очиладиган ҳисоб рақамларига эга бўлади.



II. ДАВЛАТ ГЕОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Давлат геология қўмитасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал-хом ашё базасини такрорий ишлаб чиқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини рўёбга чиқариш, кон муносабатлари соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш;

ноёб, рангли, камёб ер металлари ва уран конларини, шунингдек ерости чучук ва минерал сувларини ҳамда фойдали қазилмаларнинг бошқа турларини қидириш ва разведка қилиш самарадорлигини оширишни таъминловчи геология-қидирув ишларини сифатли прогноз қилиш;

прогноз қилишнинг илғор методларидан фойдаланган ҳолда ерости бойликлари тўғрисидаги технологик ва бошқа ахборотларни чуқур илмий таҳлил қилиш, фойдали қазилмалар конларини (углеводородлардан ташқари) қидириш ва баҳолаш натижалари асосида геология-қидирув ишларининг узоқ муддатли (3 йилдан ортиқ даврга), ўрта муддатли (3 йилгача даврга) ҳамда ҳар йилги дастурларини шакллантириш, шунингдек уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

геология-қидирув ишлари самарадорлигини баҳолаш ва тармоқнинг пировард натижаларига - фойдали қазилмалар саноат захираларининг ўсишига қараб рағбатлантириш асосида ушбу ишларни молиялаштиришнинг замонавий методларини жорий этиш;

ерости бойликларини геологик ўрганиш, уларни молиялаштириш ва мониторингини олиб бориш ишларини ташкил этиш ва амалга оширишнинг замонавий методлари ва механизмларини жорий этиш;

ушбу тармоқдаги илғор тажрибадан фойдаланган ҳолда геология тармоғи учун кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни тизимли асосда амалга ошириш, шунингдек республиканинг олий ва ўрта ўқув юртларида кадрлар тайёрлаш йўналишлари бўйича таклифлар киритиш;

ўз ваколати доирасида ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, геология-қидирув ишлари дастурларининг бажарилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш.


6. Давлат геология қўмитаси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Ўзбекистон ҳудудининг геологик жиҳатдан ўрганилганлигини, иқтисодиётнинг фойдали қазилмалар захиралари билан таъминланганлигини таҳлил қилади ва шунинг асосида вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда минерал-хом ашё базасидан фойдаланиш, уларни такрорий ишлаб чиқариш суръатлари, янада кенгайтириш, мустаҳкамлаш ва сифат жиҳатидан яхшилаш, улардан оқилона ва комплекс фойдаланиш стратегияси ва ушбу мақсадлар учун зарур бўлган давлат инвестициялари ва бошқа инвестициялар ҳажмлари ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;

республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш прогнозларини ишлаб чиқишда, республиканинг минерал-хом ашё базасини ривожлантириш ва такрорий ишлаб чиқариш, ерости бойликларини муҳофаза қилиш давлат дастурларини, ерости бойликларини геологик ўрганиш ва муҳофаза қилиш халқаро дастурларини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда узоқ муддатли (3 йилдан ортиқ даврга) ва ўрта муддатли (3 йилгача даврга) геология-қидирув ишлари дастурларини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда геология-қидирув ишларининг ўрта ва узоқ муддатли дастурларини амалга ошириш доирасида геология-қидирув ишларининг ҳар йилги дастурларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

геология-қидирув ишларининг узоқ муддатли, ўрта муддатли ва ҳар йилги дастурларини ишлаб чиқишда фойдали қазилмаларнинг асосий турлари захираларини ўстириш бўйича давлат буюртмаси лойиҳалари шакллантирилишини таъминлайди;

тизимли асосда замонавий илмталаб технологиялар ва асбоб-ускуналарни жорий этишни амалга оширади, шунингдек Давлат геология қўмитаси тасарруфидаги корхоналар ва ташкилотларни модернизация қилиш ҳамда техника билан қайта жиҳозлаш бўйича ўз вақтида чора-тадбирлар кўради;

фундаментал ва амалий илм-фан илғор ютуқлари асосида ерости бойликларини геологик ўрганиш ва минерал ресурслардан фойдаланиш соҳасида мавзули, тажриба-конструкторлик ишлари, конлар ва кон жинсларининг технологик тадқиқотлари, шунингдек бошқа ишларнинг устувор йўналишларини илмий асослайди;

ноёб, рангли металлар, уран, камёб ва ер камёб элементлари конларининг, ерости чучук ва минерал сувлари истиқболли конларини аниқлаш ҳудудларини белгилайди ҳамда ушбу ҳудудларда геология-қидирув ишларини устувор ривожлантиришни таъминлайди;

геология-қидирув ишларини ўтказиш амалиётига янги методлар ва технологияларни, шу жумладан масофадан амалга ошириладиган методлар ва технологияларни амалиётга жорий этишни таъминлайди;

тасарруфидаги корхоналар ва ташкилотлар ўртасида геология-қидирув, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказишга давлат буюртмаларини жойлаштиради, уларни давлат бюджети маблағлари ва бошқа маблағлар ҳисобига бажаришни молиялаштиради;

давлат бюджети маблағлари ҳисобига ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини лойиҳалаш ва юритиш соҳасидаги норма ва қоидаларни ўз ваколатлари доирасида ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

геология-қидирув ишларининг тасдиқланган дастурларига мувофиқ ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини мувофиқлаштиради ва амалга оширади;

ерости бойликларини геологик ўрганиш ишлари олиб борилишини, фойдали қазилмаларнинг асосий турлари захиралари ўсиши ва республика моддий-хом ашё базаси шакллантирилиши, мустаҳкамланиши ва кенгайтирилиши бўйича (углеводород хом ашёдан ташқари) ҳамда республика ҳудудини геологик ўрганиш соҳасидаги бошқа ишлар бўйича давлат буюртмалари бажарилишини таъминлайди;

геология-қидирув ишларининг ҳар йилги дастурлари бажарилиши, фойдали қазилмалар асосий турларини ўстириш бўйича давлат буюртмалари бажарилишининг ҳар чораклик мониторингини амалга оширади;

Ўзбекистон ҳудудининг геологик-экологик тадқиқотлари дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

ўз ваколати доирасида ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига берилган лицензияларда белгиланган шартларга, ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини лойиҳалаш ва юритиш соҳасидаги норма ва қоидаларга ерости бойликларидан фойдаланувчилар томонидан риоя этилишини назорат қилади;

идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотларга ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини амалга ошириш учун ажратиладиган давлат маблағларидан фойдаланилишини назорат қилади;

тадбиркорлик таваккалчилиги шароитларида геологик ўрганиш, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш, техноген минерал ҳосилалардан фойдаланиш, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш билан боғлиқ бўлмаган ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш (чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш мақсадида ер ости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш учун лицензиялардан ташқари), алоҳида қўриқланадиган геологик объектлар ҳосилаларидан фойдаланиш ҳамда товланадиган тош хом ашё, палеонтологик қолдиқлар намуналарини тўплаш ҳуқуқини берувчи лицензияларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда беради;

давлат бюджети маблағлари ҳисобига геологик ўрганиш учун ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи пайдо бўлишининг асоси ҳисобланган ерости бойликларини геологик ўрганишга лойиҳа-смета ҳужжатларини ўз ваколатлари доирасида тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланиш учун берилган ерости бойликлари участкаларининг давлат ҳисобини юритади, ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини ва ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларининг давлат ҳисобини юритиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси экспертларининг шахсий таркибини тасдиқлайди;

геология материалларини кўриб чиқади ва саноат учун аҳамиятини йўқотган ёхуд кейинчалик олиб борилган геология-қидирув ишларида ёки конни қазишда тасдиқланмаган фойдали қазилмалар захираларини ерости бойликларидан фойдаланувчилар балансидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссиясига киритади;

давлат маблағлари ҳисобига олинган ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ахборотга ва бошқа ахборотга мулкдорнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширади (углеводород хом ашё бўйича ахборотдан ташқари);

ерости бойликларини геологик ўрганиш ишларини олиб бориш юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизасини ташкил этади ва унинг амалга оширилишини таъминлайди, белгиланган тартибда лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва Саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг кенг тарқалган фойдали қазилмалари рўйхатини аниқлайди ва уни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ахборотлар ва бошқа ахборотларнинг давлат фондини, тош геологик материаллари давлат фондини юритади;

фойдали қазилмаларнинг истиқболли конларини аниқлаш мумкин бўлган конлар ва ерости бойликлари участкалари давлат реестрини (ўз ваколатлари доирасида), фойдали қазилмалар захиралари давлат балансини, шу жумладан углеводородлар давлат балансини, конларнинг, фойдали қазилмалар ва техноген минерал ҳосилалар намоён бўлиши давлат кадастрини, давлат сув кадастрини (ерости сувлари), алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар (чучук ерости сувлари шаклланиши зоналари) давлат кадастрини, юқори табиий хавфли зоналар (хавфли геологик жараёнлар пайдо бўлиш зоналари) давлат кадастрини юритади, шунингдек муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар давлат кадастрига биноан чучук ерости сувлар конларининг шаклланиш зоналари бўйича маълумотларни тузади ва тақдим этади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликда ерости бойликлари давлат мониторинги, шу жумладан ерости сувлари мониторинги амалга оширилишини таъминлайди;

тоғли ҳудудларда хавфли геологик жараёнлар (кўчки, ўпирилиш, чўкиш, суффозийлар, карстлар)ни ўрганиш, шунингдек уларнинг ҳосил бўлиши ва ривожланишини кузатиш ишларини амалга оширади;

қўшни давлатларнинг геология хизматлари билан биргаликда трансчегара ҳудудлар доирасида радиоактив ва токсик элементлар билан ифлосланиш ўчоқларини аниқлаш ва ўрганиш ишларини амалга оширади, қўшни ҳудудларнинг экологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган алоҳида хавфли зоналар ва участкаларни акс эттирган ҳолда геология хариталари ва атласларини тузади ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига, манфаатдор вазирликлар ва идораларга тақдим этади;

вазирликлар ва идоралар билан биргаликда сув ресурсларидан (ерости сувларидан) фойдаланиш ҳамда ҳудудларни техноген ва хавфли геологик жараёнлар таъсиридан ҳимоя қилиш схемаларини ишлаб чиқади;

геология муҳити объектлари қўриқланиши, шу жумладан ерости сувларининг ифлосланиш ва қуриб қолишдан қўриқланиши устидан назоратни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширади;

сувдан фойдаланиш учун қудуқларни бурғулашга рухсатнома ва сувдан (ерости сувларидан) махсус фойдаланишга рухсатнома берилишини келишади;

республика ҳудудининг шўрланишига ва чўлга айланишига таъсир кўрсатувчи минтақавий экзоген геологик жараёнларни ўрганади;

келгусида саноат ва хўжалик қурилиши объектларини жойлаштириш учун муҳандислик-геология, гидрогеология ва экология-геология асослашларини тайёрлайди;

қурилаётган ва реконструкция қилинаётган йирик саноат ва қишлоқ хўжалиги объектларининг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ишларида ўз ваколатлари доирасида иштирок этади;

ерости бойликлари участкаларидан фойдали қазилмаларни қазиш билан боғлиқ бўлмаган, шу жумладан чиқиндиларни сақлаш ва кўмиш учун ерости иншоотлари қуриш ва улардан фойдаланиш учун фойдаланиш имконияти ўрганиб чиқилишини таъминлайди ва хулосалар беради;

бўлажак қурилиш участкалари остида фойдали қазилмалар йўқлиги, саноат мақсади учун ўзлаштиришга берилмаган фойдали қазилмалар конлари майдонларида иморат қуриш имконияти тўғрисида (кенг тарқалган фойдали қазилмалар конларидан ташқари) хулосалар, шунингдек хавфли геологик жараёнлар пайдо бўлиши мумкин бўлган зоналарда саноат объектлари ва бошқа объектлар қуриш учун участкалар танлаш юзасидан хулосалар берилишини таъминлайди;

ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш юзасидан очиқ савдолар ташкил этилиши ва ўтказилишига вазирликлар ва идоралар билан биргаликда материаллар тайёрлайди ва уларда қатнашади, ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асослашлари ишлаб чиқилишида иштирок этади;

вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида ташқи иқтисодий алоқаларни ривожлантириш стратегияси тўғрисида таклифлар ишлаб чиқади;

хорижий инвестицияларни жалб этиш ишларини олиб боради, хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказади ва уларга ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида (ўз ваколатлари доирасида) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

Давлат геология қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни амалга оширади, конференциялар, симпозиумлар, кўргазмалар ташкил қилади, халқаро ташкилотлар, бошқа мамлакатларнинг геология хизматлари билан белгиланган тартибда алоқалар ўрнатади;

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташкилотлардаги аъзолигидан ҳамда геологик ўрганиш, ерости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал-хом ашё потенциалини такрорий ишлаб чиқариш ва ривожлантириш соҳасида халқаро шартномаларда иштирок этишидан келиб чиқувчи мажбуриятлар бажарилишини ташкил этишда ва уларнинг мувофиқлаштирилишида иштирок этади;

республика минерал-хом ашё базасининг ҳолати тўғрисидаги ахборот тизимлари фаолият кўрсатиши ва ривожланишини таъминлайди, ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида ноширлик фаолиятини белгиланган тартибда амалга оширади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда геология-қидирув ишларига (минерал-хом ашё базасини такрорий ишлаб чиқаришга) харажатларни қоплаш ставкалари миқдорларини, геология-қидирув ишларини молиялаштириш ва уларга кредитлар ажратиш бўйича норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

экстремал шароитларда (сувсизлик, баланд тоғли, ерости ва бошқа шароитларда) ишларни олиб бориш учун қўшимча ҳақ миқдорларини белгилаш юзасидан таклифларни асослайди ва ишлаб чиқади;

тармоқда меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини мувофиқлаштиради;

геология соҳаси учун кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мунтазам амалга оширади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа функцияларни бажаради.


7. Давлат геология қўмитаси ўзига юкланган вазифаларни ва ўз функцияларини бевосита, шунингдек ўзига қарашли илмий-ишлаб чиқариш марказлари, корхоналар ва ташкилотлар орқали ҳал этади.



III. ДАВЛАТ ГЕОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


8. Давлат геология қўмитаси ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, корхоналар ва ташкилотлардан ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган материаллар ва маълумотларни бегиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўз ваколатлари доирасида ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотлар билан келишув бўйича геология материаллари экспертизасини ўтказиш учун уларнинг мутахассисларини жалб этиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ерости бойликлари участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалалари бўйича идоралараро тусдаги халқаро шартномаларни белгиланган тартибда тузиш;

зарурият бўлганда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун олимлар, тармоқ мутахассисларидан вақтинчалик ишчи гуруҳлар ташкил этиш, шартнома асосида ушбу ишга бошқа вазирликлар ва идораларнинг мутахассислари ва экспертларини жалб этиш;

Давлат бюджети маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобига олинган ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ахборотлар ва бошқа ахборотларни белгиланган тартибда шартнома асосида реализация қилиш (бериш, алмаштириш, сотиш);

Давлат геология қўмитаси Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлади.


9. Давлат геология қўмитаси ўз ваколатлари доирасида вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлашга ҳақлидир.

Давлат геология қўмитаси, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


10. Давлат геология қўмитаси ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. ДАВЛАТ ГЕОЛОГИЯ ҚЎМИТАСИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Давлат геология қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.

Раиснинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосарлари бўлади.

Давлат геология қўмитаси раиси моддий, маиший, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш шарт-шароитлари бўйича вазирга, унинг ўринбосарлари эса вазирнинг ўринбосарига тенглаштирилади.


12. Давлат геология қўмитаси раиси:

Давлат геология қўмитаси фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда Давлат геология қўмитасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

зарурият бўлганда ходимларнинг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Давлат геология қўмитаси марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритади;

Давлат геология қўмитасининг марказий аппарати штат жадвалини тасдиқлайди;

Давлат геология қўмитаси марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, Давлат геология қўмитаси тизимига кирувчи давлат корхоналари ва ташкилотларининг уставларини тасдиқлайди;

Давлат геология қўмитаси тасарруфидаги давлат корхоналарини қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Давлат геология қўмитаси марказий аппарати ходимларини, Давлат геология қўмитаси тизимига кирувчи илмий-ишлаб чиқариш марказлари, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси аъзоларининг шахсий таркибини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


13. Давлат геология қўмитасида раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Давлат геология қўмитаси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби раиснинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Давлат геология қўмитаси фаолиятининг ерости бойликларини геологик ўрганиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, минерал-хом ашё базасини такрорий ишлаб чиқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, кон муносабатлари соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш, фойдали қазилмалар конларини қидириш ва разведка қилиш самарадорлигини оширишни таъминловчи геология-қидирув ишларини сифатли прогноз қилиш, шунингдек прогнозлаштиришнинг илғор усуллардан фойдаланган ҳолда ерости бойликлари тўғрисидаги геологик ва бошқа ахборотларни чуқур илмий таҳлил қилиш асосида геология-қидирув ишларининг узоқ муддатли, ўрта муддатли ҳамда ҳар йилги дастурларини шакллантириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат геология қўмитаси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Давлат геология қўмитаси раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Давлат геология қўмитаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Давлат геология қўмитаси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Қўмитанинг қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

14. Ер ости бойликларини геологик ўрганиш билан боғлиқ энг муҳим йўналишларни, ишлар натижаларини ва бошқа масалаларни кўриб чиқиш учун Давлат геология қўмитаси ҳузурида юқори малакали мутахассислардан иборат таркибда илмий-техник кенгаш ташкил этилади. Илмий-техник кенгашнинг таркиби ва унинг тўғрисидаги низом ҳайъат томонидан тасдиқланади.


15. Қидирув ва фойдаланиш кондицияларини, фойдали қазилмалар захираларини тасдиқлаш ва геология материалларининг давлат экспертизасини ўтказиш учун Давлат геология қўмитаси ҳузурида Давлат геология қўмитаси раиси бошчилик қиладиган Фойдали қазилмалар захиралари бўйича давлат комиссияси фаолият кўрсатади.


16. Давлат геология қўмитасини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


17. Давлат геология қўмитаси аппарати таъминоти давлат бюджети маблағлари, тасарруфидаги давлат корхоналари ва ташкилотларининг ажратмалари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 4-6-сон, 47-модда.







































Время: 0.2086
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск