ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 22.12.2006 й. 16-сон "Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

22.12.2006 й.

N 16


СУДЛАР ТОМОНИДАН АМНИСТИЯ

АКТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Суд амалиётини ўрганиш шуни кўрсатадики, жиноят ишларини кўришда судлар томонидан жиноят, жиноят-процессуал, бошқа қонунчиликнинг амнистия актини қўллаш шартлари ва тартибига доир нормалари асосан тўғри қўлланилмоқда.

Шу билан бирга, амнистия актларининг айрим бандларини муайян ишлар бўйича қўллашда судлар баъзи қийинчиликка учраётганлиги бу масалада қўшимча тушунтириш берилишини тақозо этмоқда.

Юқоридагиларга кўра, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми


ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, амнистия акти маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этган муайян тоифа шахсларга нисбатан давлат томонидан кўрсатиладиган инсонпарварлик ифодаси бўлиб, бундан кўзланган мақсад мазкур шахсларга нисбатан маъмурий ёки жиноят-ҳуқуқий таъсир чоралари қўлламаган ҳолда уларнинг ахлоқан тузалиши учун имконият бериш ёхуд бундай чоралар қўлланилган шахслар ҳолатини енгиллаштиришдир.


2. Амнистия акти маъмурий ва жиноят қонуни нормаларидан фарқ қилиб, амал қилиш даврида содир этилган қилмишга нисбатан эмас, балки кучга киргунга қадар содир этилган қилмишга нисбатан қўлланилади.

Амнистия акти Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилаётган (тортилган) шахсларга нисбатан қўлланилади.


3. Жиноят кодекси 68, 76 ва 79-моддаларига мувофиқ, амнистия акти қўлланилиши натижасида қуйидаги ҳуқуқий оқибатлар келиб чиқиши мумкин:

шахс жиноий жавобгарликдан озод этилиши;

маҳкум асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазодан озод этилиши;

маҳкумга тайинланган асосий ва ижро этилмаган қўшимча жазонинг қисқартирилиши (камайтирилиши);

маҳкум жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилиши;

маҳкумга тайинланган жазонинг ўталмаган қисми енгилроғи билан алмаштирилиши;

жиноят содир этган шахсдан судланганлик муддатидан илгари олиб ташланиши.

4. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, амнистия акти юридик моҳиятига кўра, номуайян шахслар доирасига қаратилган ҳужжат бўлса-да, бироқ уни қўллаш тўғрисидаги қарор ҳар бир шахсга нисбатан алоҳида қабул қилинади.


5. Жиноят-процессуал қонунига мувофиқ амнистия актини қўллаш масаласи, жиноят процесси босқичидан қатъи назар, фақат суд томонидан ҳал этилади.

Судга, жумладан, қуйидагиларни кўриб чиқиш тегишлидир:

ишни судга қадар юритиш босқичида - амнистия актига асосан муайян шахсга нисбатан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги прокурор илтимосномасини;

дастлабки эшитув босқичида  тарафларнинг жиноят иши бўйича иш юритишни тугатиш тўғрисидаги илтимосномасини;

суд муҳокамаси босқичида - амнистия актига асосан судланувчига нисбатан жиноят ишини тугатиш ёки жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқариш ёхуд маҳкумни жазодан озод қилиш ёинки муддатидан илгари шартли равишда озод этиш, жазони қисқартириш (камайтириш) тўғрисидаги масалани;

ҳукмни ижро этиш босқичида - амнистия актига асосан маҳкумни жазодан озод қилиш ёки муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёхуд жазони қисқартириш (камайтириш) тўғрисидаги прокурор илтимосномасини.

6. Амнистия актини қўллаш ҳар доим жиноят содир этган шахснинг ҳуқуқий ҳолати билан боғлиқ бўлиши туфайли, судлар ҳар бир ҳолда у қонунга кўра судланган ёки судланмаган ҳисобланишини аниқлашлари шарт.

Жиноят кодекси 77-моддасига мувофиқ, агар айблов ҳукми чиқарилган ва унда шахсга нисбатан жазо тайинланган бўлса, шахс судланган ҳисобланади. Бироқ қонунга кўра, шахсга нисбатан жазо тайинланган ҳолларда ҳам, агар суд ЖК 69-71-моддаларига асосан, шунингдек амнистия актини қўллаган ҳолда ҳукмда уни ушбу жазони ўташдан озод қилиш тўғрисида қарор қилган бўлса, шахс судланмаган ҳисобланади.

Шахсга нисбатан амнистия актига асосан жазо тайинланмасдан айблов ҳукми чиқарилган ҳолда ҳам у судланмаган ҳисобланади.


7. Қонунга кўра, судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташланган пайтдан бошлаб у билан боғлиқ бўлган барча ҳуқуқий оқибатлар барҳам топади. Шунинг учун ҳам амнистия актини қўллаш чоғида қонунда белгиланган тартибда тугалланган ёки олиб ташланган судланганлик инобатга олиниши мумкин эмас.

Бироқ шуни назарда тутиш лозимки, жиноят қонуни ўзгариши натижасида жиноят ҳисобланмай қолган (ЖК 13-моддаси иккинчи қисми) қилмиш учун судланган шахс ушбу судланганлик учун белгиланган тугалланиш ёки олиб ташланиш муддатлари ўтган-ўтмаганлигидан қатъи назар, судланмаган ҳисобланади.


8. Агар амнистия актида ёки уни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомда бошқача ҳолат назарда тутилган бўлмаса, амнистия акти муқаддам амнистия актига мувофиқ жиноят иши кўзғатилиши рад этилган ёки амнистия актига асосан жиноий жавобгарликдан ёхуд жазодан озод этилган ва амнистия акти қўлланилгандан сўнг қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан қўлланилмайди.

Жиноят кодекси Умумий қисми нормаларига мувофиқ, амнистия акти шахс муқаддам амнистия актига асосан жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этилган-этилмаганлигидан қатъи назар, қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин, агар:

жиноят қонуни ўзгариши натижасида шахс муқаддам жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этилган қилмиш жиноят деб ҳисобланмай қолган бўлса;

амнистия акти қўлланилган пайтдан бошлаб шахс амнистия актига асосан жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этилган жиноят учун қонунда белгиланган жиноий жавобгарликка тортиш муддатларига тенг вақт ўтган бўлса (агар амнистия актида бошқача ҳолат назарда тутилган бўлмаса);

шахс муқаддам бошқа давлат (шу жумладан, собиқ СССР)нинг амнистия актига асосан жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ва амнистия актида бошқа ҳолат назарда тутилмаган бўлса.

Жиноят-процессуал кодекси 23-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, агар текшириш натижалари бўйича шахсга нисбатан ўтмишда амнистия акти қўлланилганлиги тўғрисида маълумот тўплаш имкони бўлмаса, амнистия акти қўлланилиши шарт.


9. Давомли ва узоққа чўзилган жиноятларга хос хусусият жиноий ҳаракат (ҳаракатсизлик)нинг узоқ вақт мобайнида содир этилиши бўлиб, бундай жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан амнистия актини қўллашда жиноят бошланган ва тугалланган вақт аниқланиши зарур.

Давомли жиноятнинг бошланиши деб, умумий қасд билан қамраб олинган бир неча бир-бирига айнан ўхшаш ҳаракатлардан биринчиси содир этилган пайт, тугаши деб - охирги жиноий ҳаракат содир этилган пайт ҳисобланиши керак.

Узоққа чўзилган жиноят жиноий ҳаракат (ҳаракатсизлик) бошланган пайтдан бошланиб, айбдорнинг жиноятни тугатишга қаратилган ҳаракати ёки жиноят содир этилишига тўсқинлик қилган воқеа бошланган пайтда тугайди.

Давомли ва узоққа чўзилган жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан амнистия акти, фақат бу жиноятлар амнистия акти кучга киргунга қадар тамомланган бўлса, қўлланилади.

12. Агар шахснинг ҳаракатлари бир хил ҳуқуқий оқибат туғдирувчи, яъни шахсни фақат жиноий жавобгарликдан ёки жазодан озод этишни ёхуд жазо қўлланилиши истисно этилишини назарда тутувчи бир неча амнистия акти таъсири доирасига тушса, суд шахс содир этган охирги жиноятдан кейин кучга кирган амнистия актини қўллаши керак. Бироқ, агар амнистия актларида фақат жазо муддатлари камайтирилиши назарда тутилган бўлса, барча амнистия актлари хронологик кетма-кетликда қўлланилиши лозим.

Шахснинг ҳаракатлари турлича ҳуқуқий оқибат турдирувчи, яъни айримлари шахсни жиноий жавобгарликдан, бошқалари эса жазодан озод этишни ёки жазо муддатлари камайтирилишини назарда тутувчи бир неча амнистия акти таъсири доирасига тушган ҳолларда шахснинг аҳволини кўпроқ яхшилайдиган амнистия акти қўлланилиши керак.


13. Ишни судга қадар юритиш босқичида амнистия актини қўллаш учун асослар мавжуд бўлган тақдирда суриштирувчи, терговчи амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритиш тўғрисида ЖПК 587-моддасига мувофиқ прокурорга тақдимнома билан мурожаат қилади.

Қонун бундай тақдимномага амнистия актини қўллаш масаласи қўйилаётган шахс аризаси ҳам илова қилинишини талаб этиши туфайли, суриштирувчи, терговчи дастлаб унга ариза бериш ҳуқуқи ва келиб чиқиши мумкин бўлган процессуал оқибатларни тушунтириши шарт бўлиб, бу ҳақда баённома тузилади.

14. Прокурор суриштирувчи, терговчининг тақдимномасига рози бўлган тақдирда, амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида судга илтимоснома киритади ва у суд томонидан ЖПК 63-бобида назарда тутилган тартиб ва қоидаларга биноан кўриб чиқилади.

Илтимоснома киритиш учун асослар бўлмаган тақдирда, прокурор терговга қадар ўтказилган материалларни ёки жиноят ишини умумий асосларда юритиш учун суриштирувчига, терговчига қайтариш тўғрисида асослантирилган қарор чиқаради.

Агар амнистия актини қўллаш учун асослар мавжуд эмаслиги суд мажлиси давомида аниқланса, терговга қадар ўтказилган материаллар ёки жиноят иши суд ажрими билан прокурорга юборилади.

15. Агар шахс ишни судга қадар юритиш босқичида қандайдир сабабга кўра ариза беришдан (ЖПК 588-моддаси) бош тортса ва бундай ариза билан иш судга айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси билан келиб тушгандан сўнг мурожаат этса, амнистия актига асосан жиноят ишини тугатиш масаласи суд томонидан ЖПК 84-моддасининг иккинчи қисми, 405-10 ёки 421-моддаларига мувофиқ ҳал этилади. Мазкур масала амнистия акти иш айблов далолатномаси ёки айблов хулосаси билан судга келиб тушгандан кейин қабул қилинган ҳолларда ҳам шу тариқа ҳал этилади.

Агар айбланувчи, судланувчи (у вафот этган ҳолда - яқин қариндошларидан бири) эътироз билдирса, жиноят ишини амнистия актига мувофиқ тугатишга йўл қўйилмайди. Бундай ҳолда жиноят ишини юритиш умумий тартибда олиб борилади ва етарли асослар мавжуд бўлганда, суд айбдорни жазодан озод қилишни назарда тутувчи ёки жазо тайинламаган ҳолда айблов ҳукми (ЖПК 463-моддасининг иккинчи ва учинчи қисмлари) ёхуд оқлов ҳукми чиқаради.

Жазодан озод қилишни, муддатидан илгари шартли равишда озод қилишни, жазони енгилроқ жазо билан алмаштириш ёки қисқартириш (камайтириш)ни назарда тутувчи амнистия актини қўллаш учун судланувчи(маҳкум)нинг розилиги талаб этилмайди .

Шуни назарда тутиш лозимки, ишни судга қадар юритиш босқичида, биринчи инстанция судида дастлабки эшитув ёки муҳокама чоғида (суд маслаҳатхонага киргунга қадар) амнистия актини қўллаш масаласини ҳал этиш учун гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ўз айбини бўйнига олган-олмаганлиги аҳамият касб этмайди.

16. Қонунга кўра амнистия актини қўллаш учун жабрланувчининг розилиги талаб этилмайди. Суриштирувчи, терговчи тақдимномаси, прокурорнинг илтимосномаси, суднинг амнистия актини қўллаш тўғрисидаги қароридан норози бўлган жабрланувчи улар устидан умумий асосларда шикоят бериши мумкин.

17. Амнистия акти қўлланилишига эътироз билдирган шахс томонидан айблов ҳукми чиқарилгандан сўнг жиноят ишини амнистия актига мувофиқ тугатиш тўғрисида ариза берилиши, агар ҳукмни бекор қилиш учун бошқа асослар бўлмаса, унинг апелляция, кассация тартибида бекор қилинишига олиб келмайди.

Биринчи босқич судида амнистия актига асосан жиноят иши тугатилишига розилик берган шахснинг ишни айб мазмуни бўйича кўриб чиқишни талаб этган шикояти ҳам суд қарорининг бекор қилинишига, агар бунинг учун бошқа асослар бўлмаса, сабаб бўлмайди.


18. Шуни назарда тутиш лозимки, ўзига нисбатан амнистия актини қўллаш тўғрисидаги масала қўйилган шахс, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг унга нисбатан амнистия актини қўллаш чоғида иштироки масаласи суд томонидан ЖПК 410-моддаси, 590-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ ҳал этилади.

19. Агар биринчи босқич суди судланувчининг эътирози бўлмаган ҳолда шахсни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутувчи амнистия актига хилоф равишда айблов ҳукми чиқарган бўлса, гарчи унда маҳкумни жазодан озод қилиш назарда тутилган ёки жазо тайинланмаган бўлса-да, бекор қилиниб, иш ЖПК 84-моддаси биринчи қисмининг 2-бандига асосан тугатилиши шарт.

20. Жиноят ишининг амнистия актига асосан тугатилиши жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплаш тўғрисидаги масаланинг жиноят процессида ҳал этилиши имкониятини истисно этади.

Жиноят ишида фуқаровий даъво мавжуд бўлганда суд амнистия акти асосида жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ажримда даъво кўрилмасдан қолдирилганлигини кўрсатади. Айни пайтда, ЖПК 276-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, манфаатдор шахсларга бундай даъвони фуқаролик судида ишларни юритиш тартибида тақдим этиш ҳуқуқи тушунтирилади.

21. Жиноят кодексининг 76-моддаси, ЖПК 463-моддаси иккинчи ва учинчи қисмлари биринчи бандларига асосан суд:

агар амнистия актида ушбу ҳукм бўйича тайинланган жазодан озод қилишни назарда тутса - шахсни жазодан озод қилиб;

агар амнистия акти жазо тайинланишини истисно этса - жазо тайинламасдан, айблов ҳукми чиқаради.

Агар амнистия актида ёки уни қўллаш тартиби тўғрисидаги Низомда шахс қайси жазо туридан (асосий ёки кўшимча) озод қилиниши аниқ кўрсатилмаган бўлса, суд уни ҳам асосий, ҳам қўшимча жазодан озод қилади.

Агар амнистия актида бошқача ҳолат назарда тутилган бўлмаса, шахсга нисбатан такроран амнистия акти қўлланилган пайтда ҳам шундай қоидага амал қилиш лозим.

22. Амнистия акти қўлланилиши мумкинлиги тўғрисидаги суд хулосаси жиноят ишини кўзғатишни рад қилиш ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисида ажримнинг, шунингдек ҳукмнинг тавсиф қисмида, уни қўллаш тўғрисидаги қарори - қарор қисмида баён этилади.

23. Биринчи, апелляция, кассация инстанцияси суди томонидан амнистия актининг жазо муддатини қисқартиришни назарда тутувчи бандини қўллаш чоғида жазонинг амнистия акти чиққан кунга қадар амалда ўталган муддати чегириб ташлангандан сўнг қолган қисми қисқартирилади.

амнистия акти кассация ёки назорат инстанцияси суди томонидан қўлланилганда - жазонинг амнистия акти чиққан кунга қадар амалда ўталган вақт чегириб ташлангандан сўнг қолган муддати қисқартирилади.

Шартли ҳукм қилинганда амнистия актига асосан жазо муддати қисқартирилиб, сўнгра ЖК 72-моддаси қўлланилади.

Бир неча амнистия акти қўлланилган ҳолларда илгариги амнистия акти қўлланилгандан кейин қолган ва кейинги амнистия акти чиққан кунга қадар ўталмаган жазо муддати қисқартирилади.


24. Амнистия акти татбиқ этилмайдиган шахслар доираси амнистия актида белгиланади ва у қатъий бўлиб, кенгайтирилган ҳолда шарҳланиши мумкин эмас.

Шахсни жазони ўташ тартибини муттасил бузувчи деб топиш масаласини ҳал этишда судлар Жиноят-ижроия кодексининг ушбу масалани алоҳида жазо турлари бўйича тартибга солувчи нормаларига риоя этишлари керак.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 77-моддаси, ЖИК 5-моддасига мувофиқ қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс жазо ўтовчи ҳисобланмайди. Шунинг учун ҳам унинг ҳукм қонуний кучга киргунга қадар намоён этган хулқ-атвори уни жазони ўташ тартибини муттасил бузувчи деб топиш масаласи ҳал этилаётган пайтда инобатга олиниши мумкин эмас. Ушбу қоида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича озодликдан маҳрум этиш тариқасидаги жазони ўтаётган вақтда янги жиноят содир этганлиги учун эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсга нисбатан татбиқ этилмайди.

25. Амнистия актини маҳкумнинг шахсини белгиловчи маълумотларни аниқламай туриб қўллаш мумкин бўлмаганлиги туфайли, судлар тегишли органлардан зарур маълумотларни (унинг судланганлиги, унга нисбатан интизомий чора, амнистия акти қўлланилганлиги ҳақида) талаб қилиб олишлари шарт.


26. Шуни эътиборга олиш лозимки, амнистия акти қўлланилишини истисно этувчи муайян шартлар белгиланган ҳолларда амнистия актини, агар унда бошқача ҳолат назарда тутилган бўлмаса, бундай шартлар (масалан, жазо ўташ тартибини муттасил бузиш, шахсни ўта хавфли рецидивист деб топиш) амнистия акти кучга киргунга қадар юзага келгандагина қўлламаслик мумкин.


27. Жиноят ишининг амнистия акти асосида тугатилиши шахсни жиноий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ барча ҳуқуқий оқибатларни истисно этиши туфайли алкоголизм, гиёҳвандлик ёки заҳарвандликка йўлиққан шахсга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари (ЖК 96-моддаси) қўлланилишига йўл қўйилмайди.

Жиноят содир этилгандан сўнг руҳий касалликка йўлиққан ва мажбурий даволанишга юборилган шахсга нисбатан амнистия актини қўллаш масаласи суд томонидан шахс тузалгандан кейин ЖПК 579-моддасида белгиланган тартибда кўриб чиқилиши мумкин.


28. Судларга тушунтирилсинки ЖПК 590-моддасининг тўртинчи қисми талабларига мувофиқ, судланувчига нисбатан амнистия актини қўллаш масаласи ҳал қилинаётган пайтда суд мажлисида прокурор, судланувчи, унинг қонуний вакили ва ҳимоячисининг (ҳимоячидан воз кечилган ҳоллар бундан мустасно) иштироки мажбурийдир.

29. Апелляция, кассация инстанцияси маҳкумнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг бошқа моддасига қайта квалификация қилиш кераклиги тўғрисида хулосага келганда ва бу модда шахсни жиноий жавобгарликдан, жазодан озод этишни ёки жазо қўлланилишини истисно этишни назарда тутувчи амнистия акти таъсири доирасига тушган ҳолларда, тегишли инстанция суди биринчи инстанция суди қилмишни тўғри квалификация қилганда қабул қилиши шарт бўлган қарор чиқариши керак.

Кассация инстанцияси судида айблов ҳукми ўзгартирилган ҳолларда амнистия акти қўлланилганлиги тўғрисидаги қарор, муқаддам у суд томонидан ЖПК 536-1-моддасида назарда тутилган тартибда қўлланилганлигидан қатъи назар, ажримнинг қарор қисмида кўрсатилиши шарт.

30. Агар суд амнистия актини қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумга нисбатан қўллаган бўлса, апелляция, кассация инстанцияси жабрланувчининг шикояти ёки прокурор протести бўлган тақдирда, ҳукмнинг жазо тайинлаш қисмини бекор қилиб, қонунга мувофиқ қарор қабул қилади.

Бироқ, агар апелляция, кассация инстанцияси амнистия акти қўлланилган ҳолда ҳукмда тайинланган жазо амнистия акти қўлланилмаган ҳолда ҳам маҳкум учун етарли деб топса, ҳукмни ўзгартиришга - ундан амнистия актини қўллаш ҳақидаги хулоса ва қарорни чиқариб, амнистия акти қўлланилган ҳолда ҳукмда белгиланган муддат (миқдор) доирасида жазо тайинлашга ҳақли.

Шуни эътиборга олиш лозимки, ЖПК 500-моддасида белгиланган бир йиллик муддат амнистия акти қўлланилиши мумкин бўлмаган маҳкумга нисбатан асоссиз қўлланилган ҳолларга ҳам тааллуқлидир. Бундай ҳолларда юқори инстанция суди ҳукмни ўзгартиришга - ундан амнистия актини қўллаш ҳақидаги хулоса ва қарорни чиқариб, ҳукмда амнистия акти қўлланилган ҳолда тайинланган жазони қолдиришга ҳақли.

31. Амнистия актига асосан жиноят ишини қўзғатиш рад қилинган ёки тугатилган ҳолларда фуқаровий даъвони таъминлаш чоралари, ашёвий далиллар тақдири тўғрисидаги масалалар суд томонидан ЖПК 405-10-моддасининг иккинчи қисми, 211-моддаси 1-4, 6-бандларида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ ҳал этилади.


Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси                                                                        Б.Мустафаев


Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                                       М.Ҳасанов



Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборотномаси N 4, 2006 й.















































Время: 0.1452
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск