Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги / Кишлок хужаликнинг бошка сохалари /

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 20.10.1992 й. 482-сон "Қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиб-териб олиш ва тайёрлашнинг, мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошкани қишга сақлашга қўйишнинг бориши тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

20.10.1992 й.

N 482




ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ ЭКИНЛАРИНИ ЙИҒИБ-ТЕРИБ

ОЛИШ ВА ТАЙЁРЛАШНИНГ, МЕВА-САБЗАВОТ

МАҲСУЛОТЛАРИ ВА КАРТОШКАНИ ҚИШГА

САҚЛАШГА ҚЎЙИШНИНГ БОРИШИ

ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси шуни ташвиш билан билдирадики, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва ноҳиялар ҳокимликлари қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини ўз вақтида йиғиб-териб олиш ва тайёрлаш юзасидан чора-тадбирлар кўришнинг муҳимлигини етарлича баҳолай олмаяптилар, бу ишда йўл қўйиб бўлмайдиган сусткашлик ва назоратсизлик кўрсатяптилар.

Бухоро, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида 40 фоиздан кўпроқ майдонлардаги сабзавотларнинг йиғиштириб олинмаганлигини фақат ишга ана шундай муносабатда бўлинаётганлиги билан изоҳлаш мумкин. Ушбу вилоятларда ва Тошкент вилоятининг хўжаликларида сабзавот ва картошка тайёрлаш асоссиз равишда чўзиб юборилмоқда, улар тегишли равишда белгиланганининг 70 ва 50 фоизи миқдорида харид қилиб олинган, бу ноқулай об-ҳавода ҳосилнинг нобуд бўлиш хавфини туғдиради.

Давлат ресурсларига дон топширишга етарли эътибор берилмаяпти, Сурхондарё вилоятининг хўжаликлари ҳокимликнинг йўл қўйиб бериши туфайли бошоқли экинлар донини тайёрлаш топшириғини бажаришни таъминламадилар. Етарлича маккажўхори дони ресурслари мавжуд бўлгани ҳолда Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг колхозлари ва совхозлари уни тайёрлашда сусткашлик кўрсатяптилар, бу билан чорвачиликни аралаш озуқалар билан таъминлаш ишларининг аҳволини оғирлаштирмоқдалар. Шолини ўриб олиш муддатлари ўтказиб юбориляпти, уни давлат ресурсларига топшириш суръатлари пастлигича қолмоқда.

Чорвачиликка раҳбарлик даражаси кескин тушиб кетди, кўп ҳолларда тармоқ ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Жиззах (ўртоқ Олимов), Самарқанд (ўртоқ Қиличов), Сурхондарё (ўртоқ Холбоев) ва Фарғона (ўртоқ Аҳмадқулов) вилоятларида гўшт етиштиришни камайтириб юборишга йўл қўйилди, уларда ушбу кўрсаткич ўтган йилларга нисбатан 26-30 фоизга пасайди. Қорақалпоғистон Республикаси (ўртоқ Йўлдошев), Андижон (ўртоқ Олимжонов) ва Самарқанд вилоятларида гўшт харид қилиш 29-33 фоизга қисқарди.

Ҳамма жойда соғин сигирлар маҳсулдорлигининг пасайиши кузатилмоқда, бу сут етиштириш ва харид қилиш ҳажмларининг камайишига олиб келди.

Тошкент вилоятида сут ўтган йилдагидан 22 фоиз, Самарқанд вилоятида 15 фоиз кам тайёрланди. Хоразм вилоятидан ташқари барча вилоятларда тухум етиштириш ва харид қилишнинг кескин камайишига йўл қўйилди.

Андижон, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида дағал озуқа тайёрлаш муддатлари ўтказиб юборилмоқда. Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятларида ўтган йилдагига қараганда силос анча кам тайёрланди, бу чорва қишловини ўтказишда қийинчиликлар туғдиради.

Мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошкани қишга сақлашга қўйиш жуда суст суръатларда олиб борилмоқда. Ресурслар билан таъминланганига қарамасдан Бухоро, Жиззах, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида пиёзни сақлашга қўйиш чўзиб юборилмоқда. Кўп ҳолларда картошка, сабзи ва бошқа сабзавотлар ўтган йилдагидан кам сақлашга қўйилган.

Тошкент шаҳри, республиканинг бошқа шаҳарлари ва саноат марказлари ҳокимликлари томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари захираларини яратиш бўйича ишларни жиддий яхшилаш тақозо этилади. "Ўзбексавдо" ва Ўзбекбирлашув уюшмаларининг бўлинмалари ушбу масалага ўта кам эътибор беряптилар.

Кузги дон экинларини экишни тезроқ тугаллаш учун қулай имкониятлардан қониқарсиз фойдаланилмоқда. Ўтган йилнинг шу давридагига қараганда барча вилоятларда кузги экинлар кам экилган.

Таъкидланган ва бошқа нуқсонлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида технологияларни ташкил этиш ва уларга риоя қилиш учун маҳаллий қишлоқ хўжалиги органларига, мутахассислари ва раҳбарларига нисбатан талабчанликни бўшаштириб юборган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзмевасабзавотузумсаноат", "Ўзкооптайёрловсавдо", Ўзбекистон Республикаси Давлат сув хўжалиги қурилиши қўмитаси, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси томонидан қишлоқ хўжалигига раҳбарлик қилиш ишидаги жиддий камчиликлар борлигидан далолат беради.

Ҳокимликлар, вазирликлар ва идораларнинг қишлоқ хўжалигига раҳбарлик ишидаги энг яққол нуқсонлар Сурхондарё вилоятининг Олтинсой (ўртоқ Абдураҳмонов) ва Қумқўрғон (ўртоқ Менглибоев) ноҳиялари мисолида кўринади, уларда барча асосий кўрсаткичлар бўйича ишлаб чиқаришда кескин пасайишга йўл қўйилган: ўтган йилдагидан картошка, полиз маҳсулотлари, узум кам тайёрланган, чорва моллари ва паррандалар бош сони камайган, гўшт, сут ва тухум етиштириш ва харид қилиш қисқарган, молларнинг маҳсулдорлиги пасайган.

Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва ноҳиялар ҳокимликлари, деҳқончилик саноати комплекси вазирликлари ва идораларининг қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиб-териб олиш ва тайёрлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини ва картошкани қишга сақлашга қўйиш, қишлоқ хўжалиги йилини якунлаш юзасидан бошқа юмушларни амалга ошириш бўйича иши қониқарсиз деб топилсин.

Улардан йўл қўйилган нуқсонларни бартараф этиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини йиғиб-териб олишни ва тайёрлашни тезроқ тугаллаш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 11 сентябрдаги 426-сон қарори билан белгиланган миқдорларда озиқ-овқат ресурсларини вужудга келтириш бўйича топшириқларни сўзсиз бажариш юзасидан кескин чоралар кўриш талаб қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва ноҳиялар ҳокимликлари ўз диққат-эътиборларини қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни ҳал этишга қаратсинлар:

совуққа чидамсиз экинлар ҳосилини йиғиштириб олишни тезда тугаллаш, уларни сақлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш;

шоли ҳосилини йиғиштириб олишни шу йил 5 ноябргача ва уни давлат ресурсларига топширишни шу йил 10 ноябргача тугаллаш. Мана шу мақсадларда ҳар бир хўжалик бўйича шоли ҳосилини йиғиштириб олиш ва уни тайёрлашнинг қандай бораётганлигини аниқлаб чиқиш, унинг нобуд бўлиши ва республикадан ташқарига ташиб кетилишини истисно қилувчи чора-тадбирларни белгилаш;

шу йил 1 ноябргача Ҳукумат томонидан белгиланган ҳажмларда маккажўхори дони топшириш топшириқларини бажариш. Бухоро (ўртоқ Раҳмонов) ва Самарқанд (ўртоқ Қиличов) вилоятлари ҳокимликларига маккажўхори дони топшириш топшириқларининг бажарилишидаги интизомсизлик кўрсатиб ўтилсин.

Ишлаб чиқаришнинг сурункали равишда пасайишига, далалар ва фермалар маҳсулдорлигининг пасайишига йўл қўяётган колхозлар, совхозлар ва ноҳиялар раҳбарларининг жавобгарлиги кўриб чиқилсин, уларга принципиал баҳо берилсин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва ноҳиялар ҳокимлари юқорида қайд қилинган ишларнинг айтиб ўтилган муддатларда бажарилишини ташкил этиш учун шахсан жавобгар эканликлари тўғрисида огоҳлантирилсин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимлари, "Ўзмевасабзавотузумсаноат", "Ўзкооптайёрловсавдо", Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекбирлашув, "Ўзбексавдо" уюшмаси мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошкани қишда сақлашга қўйиш бўйича Ҳукумат томонидан белгиланган топшириқларнинг шак-шубҳасиз бажарилишини таъминласинлар, республика шаҳарлари ва саноат марказларида бу маҳсулотларнинг, энг аввало, картошка, пиёз, сабзи ва карамнинг захираларини яратишга алоҳида эътибор берсинлар.

Тошкент вилояти (ўртоқ Ибобеков), Тошкент шаҳри (ўртоқ Фозилбеков) ҳокимликлари, "Ўзмевасабзавотузумсаноат" ва "Ўзкооптайёрловсавдо" қўшма мажлисда Тошкент шаҳри, шунингдек Олмалиқ, Ангрен, Чирчиқ ва бошқа саноат марказлари учун қишга сақлаш учун маҳсулотлар қўйиш бўйича ишларнинг аҳволини муҳокама қилсинлар. Фарғона вилояти ҳокимлиги (ўртоқ Аҳмадқулов) ушбу масалани вилоят таркибига кирувчи шаҳарлар бўйича кўрибчиқсин.


4. Мўлжалланган ҳажмларда картошка тайёрлаш, ташиб келтириш ва уни сақлашга қўйиш учун жавобгарлик "Ўзмевасабзавотузумсаноат" (ўртоқ Тошкенбоев), "Ўзкооптайёрловсавдо" (ўртоқ Қурбонов), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (ўртоқ Қаюмов), "Ўзбексавдо" уюшмаси (ўртоқ Усмонов), Ўзбекбирлашув (ўртоқ Волков), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимларига юклатилсин, уларга бу ишни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш топширилсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг вилоятлар ва ноҳиялар ҳокимликларининг эътибори чорвачиликдаги аҳволнинг қониқарсизлигига, маҳсулот ишлаб чиқаришнинг пасайиб кетишига йўл қўймасликка қаратилсин. Улардан тармоқ ишларини барқарорлаштириш, молларни озиқлантириш ва сақлаш қоидалари ҳамда нормаларига риоя қилишни назорат қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш, ҳар бир хўжаликда чорва қишловини беталофат ўтказиш учун шароитлар яратиш талаб қилинсин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари кузги дон экинлари экишни шу йил 1 ноябргача тугаллаш ишини ташкил этсинлар, аҳоли томорқа участкаларида дон экинлари экишни кенгайтирсинлар.


7. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги (ўртоқ Султонов), "Ўзбексавдо" уюшмаси (ўртоқ Усмонов), "Ўзозиқовқатсаноат" концерни (ўртоқ Ҳамидов), "Ўзмевасабзавотузумсаноат" (ўртоқ Тошкенбоев), "Ўздонмаҳсулот" (ўртоқ Мирёқубов), "Ўзкооптайёрловсавдо" (ўртоқ Қурбонов), Ўрта Осиё темир йўллар бошқармаси (ўртоқ Желтоухов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 11 сентябрдаги 426-сон қарори билан белгиланган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари турларини етиштириш, ташиб келтириш ва давлат эҳтиёжлари учун етказиб бериш топшириқлари қандай бажарилаётганлигининг боришини кўриб чиқсинлар, қолоқликка йўл қўйилишини истисно қилувчи чора-тадбирлар кўрсинлар.


8. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига раҳбарлик қилишдаги жиддий хатолари, хотиржамлик кайфиятига берилганлиги ва фаолиятсизлиги учун Олтинсой ноҳияси ҳокими Т. Абдураҳмоновга ва Қумқўрғон ноҳияси ҳокими А. Менглибоевга қаттиқ хайфсан эълон қилинсин. Сурхондарё вилояти ҳокимлигига уларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш тавсия қилинсин.


9. Колхоз бозорларини мева-сабзавот маҳсулотлари ва картошка билан тўлдиришда "Ўзкооптайёрловсавдо" (ўртоқ Қурбонов)нинг етарли иш олиб бормаётганлиги қайд қилинсин, бу эса маҳсулотлар нархининг ҳаддан ташқари ошиб кетишига олиб келмоқда. Бозорларга мева-сабзавот маҳсулотлари келтиришни кўпайтириш, ана шунинг ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг барқарорлашиши ва тўхтатилиши юзасидан чора-тадбирлар кўрилсин. Ушбу масала бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда хабардор қилинсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси (ўртоқ Абдуғаниев), Ички ишлар вазирлиги (ўртоқ Алматов) мева-сабзавот маҳсулотларини қишда сақлашга қўйиш юзасидан топшириқларнинг бажарилишини таъминлаш учун республика ичида транспорт воситаларининг мева-сабзавот маҳсулотлари билан тўсиқсиз қатнови учун шарт-шароитлар яратсинлар.


11. Мазкур қарор Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, барча вилоятлар ва ноҳиялар ҳокимликларининг мажлисларида, тегишли вазирликлар ва идораларнинг ҳайъатларида муҳокама қилинсин.


12. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг деҳқончилик саноати комплекси зиммасига юклатилсин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Муталов












Время: 0.1587
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск