ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Турли соҳалар бўйича ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида ҳужжатлар / Қонунлар ва Олий Мажлис палаталари қарорлари / 2007 й. /

Ўзбекистон Республикасининг 11.04.2007 й. ЎРҚ-90-сон "Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 28.02.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.03.2007 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

11.04.2007 й.

N ЎРҚ-90



"ДАВЛАТ БОШҚАРУВИНИ ЯНГИЛАШ ВА ЯНАДА

ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ҲАМДА МАМЛАКАТНИ

МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИШДА СИЁСИЙ ПАРТИЯЛАРНИНГ

РОЛИНИ КУЧАЙТИРИШ ТЎҒРИСИДА"ГИ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИНГАНЛИГИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИНИНГ АЙРИМ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИГА

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 28 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 29 мартда маъқулланган



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 6 майда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида"ги 818-XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган 524-II-сонли Қонуни билан тасдиқланган таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 9-10, 138-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 4-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Вазирлар Маҳкамаси таркибига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири (бундан буён матнда Бош вазир деб юритилади), унинг ўринбосарлари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раислари киради. Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг бошлиғи ўз лавозими бўйича Вазирлар Маҳкамаси таркибига киради.

Вазирлар Маҳкамасининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади. Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайланганидан ва органлари шакллантирилганидан кейин бир ой ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг ҳар бири билан ҳамда сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати кўриб чиқиши ҳамда тасдиқлаши учун тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган Бош вазир номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш вақтида Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ёки Сенатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ёки Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти сиёсий партиялар фракциялари ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг Бош вазир лавозимига номзодларни яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ёки Сенати тақдим этилган Бош вазир номзодини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини ёки унинг палаталаридан бирини тарқатиб юборади.

Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Бош вазир тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва лавозимидан озод этилади.

Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади";


2) қуйидаги мазмундаги 4-1-модда билан тўлдирилсин:


"4-1-модда. Бош вазирни лавозимидан озод этиш


Бош вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қуйидаги ҳолларда лавозимидан озод этилади:

а) Бош вазирнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасига биноан;

б) Бош вазир ўз ваколатларини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда;

в) Вазирлар Маҳкамаси таркибида унинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси бир неча марта Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид қарорлар қабул қилган тақдирда;

г) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун тақдим этган ташаббусига биноан. Агар зарур асосларга эга бўлган бундай ташаббусни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар етакчи фракциялари қўллаб-қувватласа ҳамда мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенатида овозга қўйилганда тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари умумий сони учдан икки қисмидан кўпроғининг овозини олса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Бош вазирнинг лавозимидан озод этилиши бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг истеъфога чиқишига сабаб бўлади".


2-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги 913-XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, N 9, 320-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 9, 241-модда; 1999 йил, N 1, 20-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, N 12, 418-модда) 2-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.

Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш вақтида вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли халқ депутатлари Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига мувофиқ ҳоким номзоди бўйича фармон қабул қилади.

Туман, шаҳар ҳокимлари вилоят ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан тайинланади ва тасдиқланади.

Шаҳардаги туман, туманга бўйсунувчи шаҳар ҳокимлари тегишинча шаҳар, туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда шаҳар ҳокимини туман (шаҳар таркибига кирувчи туманлар бундан мустасно) ҳокимига бўйсундириш ва ягона бошқарув органларини тузиш ваколатига эга бўлиб, бу хусусдаги қарор кейинчалик халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимларнинг ваколат муддати - беш йил".


3-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1996 йил 26 декабрда қабул қилинган "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги 337-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, N 2, 36-модда; 1999 йил, N 2, 229-модда; 2004 йил, N 1-2, 18-модда, N 5, 90-модда; 2005 йил, N 1, 18-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:


1) 13-модданинг иккинчи қисми:

қуйидаги мазмундаги учинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Бош вазирини лавозимидан озод этиш тўғрисидаги ташаббус билан Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш";

учинчи - еттинчи хатбошилари тегишинча тўртинчи - саккизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

олтинчи хатбошиси "палатасининг" деган сўздан кейин "Спикер ўринбосарлигига" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


2) қуйидаги мазмундаги 13-1-модда билан тўлдирилсин:


"13-1-модда. Парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат.

Сиёсий партиялар фракцияларининг блокка бирлашиши


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган сиёсий партия фракцияси парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта сиёсий партиялар фракциялари ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиёсий партиялар фракциялари, шунингдек сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Сиёсий партиялар фракцияларининг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган сиёсий партия фракцияси қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас";


3) 14-модданинг иккинчи қисми:

қуйидаги мазмундаги еттинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси";

еттинчи хатбошиси саккизинчи хатбоши деб ҳисоблансин.


4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида"ги 434-II-сонли Конституциявий Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, N 12, 215-модда; 2003 йил, N 5, 67-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 15-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколати муддатига сайланади. Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлигига номзодлар кўрсатиш ва сайлаш тартиби қонунда ҳамда Қонунчилик палатаси Регламентида белгиланади.

Қонунчилик палатасида тузилган фракция ўз вакили Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимларидан бирини эгаллашида кафолатли ҳуқуққа эга.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарини сайлаш учун фракция, қоида тариқасида, ўз фракцияси раҳбарининг номзодини киритади.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Қонунчилик палатаси қўмиталаридан бирининг таркибига сайланиши мумкин.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари Қонунчилик палатаси Спикерининг топшириғига биноан унинг айрим вазифаларини бажаради ва Қонунчилик палатаси Спикери йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифасини бажариб туради";


2) 23-модданинг олтинчи қисмидаги "ёки ҳеч бир фракция ёхуд депутатлар гуруҳига кирмасликка ҳақли" деган сўзлар чиқариб ташлансин;


3) қуйидаги мазмундаги 25-1-модда билан тўлдирилсин:


"25-1-модда. Парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши


Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта фракциялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар, шунингдек сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас".


5-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида"ги 522-II-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 9-10, 136-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:


1) 4-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қонунчилик палатасининг биринчи мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерини сайлашдан бошланади.

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарларини сайлаш учун депутатлар орасидан кўпи билан ўн беш кишидан иборат Оксоқоллар кенгаши тузилади, мазкур кенгаш ваколатлари Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари сайлангач тугайди.

Оқсоқоллар кенгашининг таркиби тўғрисидаги таклифни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси киритади.

Оқсоқоллар кенгаши таркибига: Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси; депутатлик фаолиятида катта тажрибага эга бўлган, ёши энг улуғ депутатлар; номзодлари Қонунчилик палатасига сайланган сиёсий партиялар депутатларининг вакиллари; Қонунчилик палатасига сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатларнинг вакиллари киритилади.

Оқсоқоллар кенгашининг таркиби тўғрисидаги қарор Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Оқсоқоллар кенгаши Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни сиёсий партиялар ёки сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар орасидан кўрсатади.

Номзод, агар у яширин овоз бериш натижасида Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг ярмидан кўп овозини олган бўлса, Қонунчилик палатасининг Спикери этиб сайланган ҳисобланади.

Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосарларининг сони Оксоқоллар кенгашининг тавсияси бўйича Қонунчилик палатаси томонидан белгиланади. Бунда, Қонунчилик палатасида тузилган фракция ўз вакили Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимларидан бирини эгаллашида кафолатли ҳуқуққа эга эканлиги инобатга олинади.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарлари яширин овоз бериш орқали депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Қонунчилик палатасининг ваколати муддатига сайланади.

Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосарини сайлаш учун фракция, қоида тариқасида, ўз фракцияси раҳбарининг номзодини киритади.

Фракциядан тақдим этилган номзод Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари лавозимига сайланмаган тақдирда, фракция ўз фракцияси аъзолари орасидан бошқа номзодни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Қонунчилик палатаси Спикери ва унинг ўринбосарлари сайланганлиги тўғрисида қарорлар қабул қилинади, қарорларни палата мажлисида раислик қилувчи имзолайди";


2) 7-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қонунчилик палатаси Спикери Қонунчилик палатаси қўмиталарининг таркибига сайланиши мумкин эмас";


3) 9-модданинг:

бешинчи қисмидаги "ёки ҳеч бир фракция ёхуд депутатлар гуруҳига кирмасликка ҳақли" деган сўзлар чиқариб ташлансин;

олтинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Қонунчилик палатаси Спикери ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради ва фракция ёки депутатлар гуруҳи таркибига кириши мумкин эмас";

4) қуйидаги мазмундаги 9-1-модда билан тўлдирилсин:


"9-1-модда. Парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши


Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган фракция парламентдаги кўпчиликни ташкил этади.

Ўз дастурий мақсадли вазифаларининг яқинлигидан ёки мослигидан келиб чиққан ҳолда блок тузадиган бир нечта фракциялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ҳам парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши мумкин.

Янгитдан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дастурига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган фракциялар, шунингдек сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкин.

Фракцияларнинг блокка бирлашиши қонунда назарда тутилган ҳуқуқларни амалга оширишда уларнинг мустақиллигини чеклаб қўймайди.

Ўзини парламентдаги мухолифат деб эълон қилган фракция қонунда фракциялар учун назарда тутилган ваколатлар билан бир қаторда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг тегишли масала бўйича маърузаси билан бир вақтда қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни киритиш;

муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўзининг алоҳида фикрини Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси баённомасига киритиш;

Сенат томонидан рад этилган қонун бўйича келишув комиссиясида ўз вакилларининг кафолатли иштирок этиши.

Парламентдаги мухолифатнинг қонун билан кафолатланган ҳуқуқлари парламентдаги кўпчилик томонидан камситилиши мумкин эмас";


5) 22-модданинг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мансабдор шахслари сайланганидан ва органлари шакллантирилганидан кейин бир ой ичида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонунчилик палатасидаги фракцияларнинг ҳар бири билан ҳамда сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг Қонунчилик палатаси ва Сенат кўриб чиқиши ҳамда тасдиқлаши учун тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномаси мазкур тақдимнома киритилган кундан эътиборан етти кун ичида Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилади.

Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш вақтида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Қонунчилик палатасида Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти фракциялар ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан сайланган депутатлар билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири лавозимига номзодларни яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Қонунчилик палатаси тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчини тайинлайди, Қонунчилик палатасини тарқатиб юборади ва янги сайлов тайинлайди.

Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган тақдирда, янги сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади".


6-модда. Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 29 августда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида"ги 523-II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, N 9-10, 137-модда) 18-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимномаси Сенат томонидан унинг яқин орадаги мажлисида кўриб чиқилади.

Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзоди Сенат томонидан тасдиқланган ҳисобланади.

Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини тасдиқлаш масаласи юзасидан қарори мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Сенат тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Бош вазири вазифасини бажарувчини тайинлайди, Сенатни тарқатиб юборади ва янги сайлов тайинлайди.

Сенат тарқатиб юборилган тақдирда, янги сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади".


7-модда. Ушбу Қонун 2008 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



"Халқ сўзи" 2007 йил 12 апрель.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 15-сон, 153-модда.















































Время: 0.1420
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск