Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Аудит / Ўзбекистон Республикаси аудит Миллий стандартлари / 12. 12-сон АФМС "Аудиторлик текширувлари жараёнида бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини баҳолаш" /

12-сон АФМС "Аудиторлик текширувлари жараёнида бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини баҳолаш"

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 12 апрелда 1673-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирининг

2006 йил 29 декабрдаги

108-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси аудиторлик фаолиятининг

МИЛЛИЙ СТАНДАРТИ


(12-СОН АФМС)


Аудиторлик текширувлари жараёнида бухгалтерия

ҳисоби ва ички назорат тизимини баҳолаш


Мазкур Аудиторлик фаолиятининг миллий стандарти (12-сон АФМС) (кейинги ўринларда - Стандарт), Ўзбекистон Рeспубликасининг "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Рeспубликаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 149-модда), Ўзбекистон Рeспубликаси Вазирлар Маҳкамасининг "Аудиторлик фаолиятини такомиллаштириш ва аудиторлик текширишларининг аҳамиятини ошириш тўғрисида" 2000 йил 22 сентябрдаги 365-сон қарорига (Ўзбекистон Рeспубликаси ҚТ, 2000 й., 9-сон, 62-модда) мувофиқ, Ўзбекистон Рeспубликасида аудиторлик фаолиятини меъёрий тартибга солиш тизимининг элементи ҳисобланади.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Стандартнинг мақсади аудиторлик ташкилотининг хўжалик юритувчи субъектда аудиторлик текширувлари жараёнида бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини баҳолаш бўйича амалларини аниқлашдан иборат.


2. Ушбу Стандартнинг вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

а) хўжалик юритувчи субъектда аудиторлик текширувлари жараёнида аудитор (аудиторлар) томонидан бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини баҳолашга қўйиладиган асосий талабларни ишлаб чиқиш;

б) хўжалик юритувчи субъектда аудиторлик текширувлари жараёнида бухгалтерия ҳисоби тизимини баҳолаш тартибини баён қилиш;

в) хўжалик юритувчи субъектда аудиторлик текширувлари жараёнида ички назорат тизимини баҳолаш тартибини баён қилиш.


3. Мазкур Стандартнинг талаблари расмий аудиторлик хулосасини тайёрлашни назарда тутувчи аудиторлик текширувларини ўтказишда барча аудиторлик ташкилотлари учун мажбурий ҳисобланади.


4. Мазкур стандартда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бухгалтерия ҳисоби тизими - барча хўжалик операцияларини яхлит, узлуксиз, ҳужжатлар асосида ҳисобга олиш йўли билан бухгалтерия ахборотини йиғиш, қайд этиш ва умумлаштиришнинг тартибга солинган тизими, шунингдек унинг асосида молиявий ва бошқа ҳисоботни тузиш;


ички назорат тизими - бухгалтерия ҳисобини юритишда, молиявий ва бошқа ҳисоботларни тузишда хўжалик операцияларини амалга оширишнинг қонунийлигини, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини, активларнинг бут сақланишини таъминлаш, талон-торож қилиш ҳоллари ва хатоликларнинг олдини олиш ҳамда аниқлаш мақсадида бухгалтерия ҳисоби субъектининг раҳбари томонидан қабул қилинган ҳисоб сиёсати асосида ташкил этилган чора-тадбирлар тизими.


II. АУДИТОРЛИК ТЕКШИРУВЛАРИ ЖАРАЁНИДА

БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ ВА ИЧКИ НАЗОРАТ

ТИЗИМИНИ БАҲОЛАШГА ҚЎЙИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТАЛАБЛАР


5. Аудиторлик текшируви жараёнида аудитор(лар) текширилаётган хўжалик юритувчи субъектда қўлланилаётган бухгалтерия ҳисоби тизимини текшириш(лар)и шарт ва бунда режалаштирилаётган аудиторлик амалларининг моҳияти, ҳажми ва вақтинчалик харажатларини аниқлашга асос бўладиган назорат воситаларини ўрганиш(лар)и ва баҳолаш(лар)и лозим.


6. Ички назорат тизими хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг ҳажми ва хусусиятларига мувофиқ бўлиши лозим. Аудитор аудиторлик текшируви жараёнида бухгалтерия ҳисоби тизими текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг хўжалик фаолиятини ҳаққоний акс эттириши тўғрисида етарли даражада ишончга эга бўлиши лозим.


7. Агар аудитор тегишли назорат воситасига таяниши мумкинлиги тўғрисида ишонч ҳосил қилса, бундай ҳолда у аудиторлик амалларини чуқурлашмаган тарзда ўтказиш имкониятига эга бўлади, акс ҳолда у кўпроқ (кенг) танлов асосида ўтказган бўлар эди, шунингдек қўлланилаётган аудиторлик амаллари моҳиятига ва уларни амалга ошириш учун мўлжалланаётган вақт сарфига ўзгартиришлар киритиши мумкин.


8. Аудиторлик ташкилоти ички назорат тизимининг ишончлилиги ва самарадорлигини умумий ва алоҳида баҳолашда қуйидаги даражалардан фойдаланади:

а) юқори;

б) ўрта;

в) паст.


9. Аудиторлик ташкилоти ўзининг фаолиятида ишончлилик ва самарадорликни баҳолашда кўп миқдордаги даражаларни қўллаш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


10. Бухгалтерия ҳисоби тизими ва ички назорат тизимини ўрганиш ва баҳолаш аудиторлик ташкилотининг иш ҳужжатларида албатта (мажбурий тартибда) акс эттирилиши лозим. Бунда қуйидагилардан фойдаланиш тавсия этилади:

а) махсус ишлаб чиқилган тест амалларидан;

б) раҳбарият ходимлари ва бухгалтерия ишчиларининг фикрларини аниқлаш мақсадида намунавий саволлар рўйхатидан;

в) текширув варақалари ва махсус бланкалардан;

г) эътирозлар рўйхати, баённома ёки далолатномалардан.


11. Аудиторлик ташкилоти мазкур ва бошқа аудиторлик фаолиятининг миллий стандартлари талаблари асосида бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини ўрганишнинг ва баҳолашнинг тартибини, ҳамда услубини мустақил ишлаб чиқади, шунингдек баҳолаш ва ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, аудиторлик текшируви амалларини режалаштиради. Хўжалик юритувчи субъектнинг назорат тизимини баҳолаш натижасида алоҳида аудиторлик амалларининг тўлиқлиги ва ҳажмининг камайтирилиши ва бошқа айнан шундай ҳолларда атрофлича асосланган бўлиши лозим.


12. Аудиторнинг бухгалтерия ҳисоби тизимининг ташкил қилиниши ва ички назорат тизимининг самарадорлиги тўғрисидаги фикри аудиторлик амалларини ўтказишни режалаштириш учун асос бўлиб хизмат қилади. Текширилаётган хўжалик юритувчи субъект бухгалтерия ҳисоби тизимининг хусусиятлари, шунингдек ушбу хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизимини ўрганиш ва баҳолаш натижаларининг ҳужжатлаштирилмаганлиги ёки етарли даражада ҳужжатлаштирилмаганлиги аудиторлик текширувининг лозим даражада ўтказилмаганлигига далил бўлиб хизмат қилиши мумкин.


13. Аудиторлик текширувлари жараёнида аниқланган бухгалтерия ҳисоби тизими ва ички назорат тизимининг камчиликлари, шунингдек уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар аудиторлик ҳисоботида акс эттирилиши лозим.



III. БУХГАЛТЕРИЯ ҲИСОБИ

ТИЗИМИНИ БАҲОЛАШ ТАРТИБИ


14. Аудитор аудиторлик текширувини режалаштириш ва уни бевосита ўтказиш жараёнида текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби тизимини ўрганиши ва баҳолаши шарт.


15. Бухгалтерия ҳисоби тизимини ўрганиш текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятининг қуйидаги томонлари тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилиш ва баҳолашни ўз ичига олади:

а) бухгалтерия ҳисобини ташкил қилиш ва юритишнинг асосий қоидалари ва ҳисоб сиёсатини;

б) бухгалтерия ҳисоби хизмати ва унинг таркибий тузилмасини;

в) бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисоботни тайёрлашда иштирок этадиган ходимлар ўртасида мажбуриятлар ва ваколатларнинг тақсимланишини;

г) хўжалик операцияларини акс эттирувчи ҳужжатларнинг тайёрланиши, айланиши ва сақланишининг ташкил этилганлигини;

д) хўжалик операцияларининг бухгалтерия ҳисоби регистрларида акс эттириш тартибини, ушбу регистрлар маълумотларининг умумлаштириш шакли ва усулларини;

е) бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида даврий молиявий ҳисоботни тайёрлаш тартибини;

ж) бухгалтерия ҳисобини ташкил қилиш ва юритишда ҳамда молиявий ҳисоботни тайёрлашда техника воситалари, ахборот тизимлари ва ахборот технологияларининг роли ва ўрнини;

з) молиявий ҳисоботнинг бузилиши ва хатоликларини вужудга келтириш имкони юқори бўлган бухгалтерия ҳисоби объектларини;

и) ҳисоб тизимининг алоҳида соҳаларида кўзда тутилган назорат воситаларини.


16. Аудитор, аудиторлик текширувлари жараёнида хўжалик юритувчи субъектнинг бухгалтерия ҳисоби тизимининг ташкил қилиниши қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириши ва натижаларини иш ҳужжатларда акс эттириши лозим. Агар хўжалик операцияларини акс эттиришда қуйидаги талаблар бажарилса, у ҳолда хўжалик субъектининг бухгалтерия ҳисоби тизими самарали ҳисобланади:

а) хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобида уларнинг амалга оширилган вақтини тўғри акс эттирса;

б) хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобида тўғри суммада қайд этилса;

в) хўжалик операциялари бухгалтерия ҳисобининг счётларида қонунчилик ва ҳисоб сиёсати талаблари асосида тўғри акс эттирилган бўлса;

г) бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот учун муҳим аҳамиятга эга бўлган хўжалик операцияларининг тафсилотлари акс эттирилган бўлса.


17. Аудиторлик текширувлари жараёнида текширилаётган хўжалик субъекти бухгалтерия ҳисобининг ташкил қилиниши, йўлга қўйилиши ва юритилишига тааллуқли ички ҳужжатлар билан танишиш зарур ва унинг ҳақиқий ҳолати мазкур Стандартнинг 16-банди талабларига қанчалик мувофиқлигини аниқлаш лозим. Зарур ҳолларда бундай солиштириш учун ҳисобда алоҳида суммаларнинг бирламчи ҳужжатлардан уларнинг ҳисобот ҳужжатларида акс эттиришгача бўлган ҳаракатини кузатиш тавсия этилади.



IV. ИЧКИ НАЗОРАТ ТИЗИМИНИ

БАҲОЛАШ ТАРТИБИ


18. Аудитор аудиторлик текширувлари жараёнида хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизими қуйидагиларни ўз ичига олишини инобатга олиши лозим:

а) бухгалтерия ҳисоби тизимини;

б) назорат муҳитини;

в) алоҳида назорат воситаларини.


19. Назорат муҳити деганда, хўжалик юритувчи субъект раҳбариятининг ички назорат тизимини белгилаш ва ушлаб туришга йўналтирилган амалий ҳаракатлари ва хабардорлиги тушунилиб, қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) мазкур хўжалик юритувчи субъектни бошқаришнинг асосий тамойилларини;

б) хўжалик юритувчи субъектнинг ташкилий тузилмасини;

в) ишчиларнинг ваколати ва жавобгарлигининг тақсимланишини;

г) амалга оширилаётган ходимлар сиёсатини;

д) ташқи фойдаланувчилар учун молиявий ҳисоботларни тайёрлаш тартибини;

е) ҳисоб сиёсати, ички ҳисоб ва ҳисобот тизими ишлаб чиқилишини;

ж) хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий-хўжалик фаолиятининг умуман қонунчиликка мослигини.


20. Хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарияти ички назорат тизимининг ишлаб чиқилиши ва қўлланиши учун масъул ҳисобланади. Ички назорат тизимининг хўжалик юритувчи субъектнинг хусусияти ва кўлами талабига жавоб бериши, доимий ва самарали амал қилиши унга боғлиқ бўлади. Хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятини назорат қилиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда тафтиш комиссияси (тафтишчи) сайланади, ички аудит хизмати ташкил этилади.

21. Хўжалик юритувчи субъектнинг самарали таркибий тузилиши ишчиларнинг ваколати ва мажбуриятларининг тақсимланишини назарда тутади. У алоҳида шахслар томонидан назорат талабларининг бузилишининг олдини олиши ва ўзаро боғлиқ бўлмаган вазифаларнинг бўлинишини таъминлаши лозим. Ишчининг функциялари, агарда уларнинг битта шахсда мужассамлашганлиги тасодифий ёки қасддан хатоликка йўл қўйилишига олиб келса, ҳамда шундай хато ва камчиликларни аниқлашга қийинчилик туғдирса, у ўзаро боғлиқ бўлмаган ҳисобланади. Одатда қуйидаги функциялар турли шахслар ўртасида тақсимланиши лозим:

а) хўжалик юритувчи субъектнинг мулкига (активига) бевосита киришга йўл қўйиш;

б) хўжалик операцияларини амалга оширишга рухсат бериш;

в) хўжалик операцияларини бухгалтерия ҳисобида акс эттириш.


22. Ички назорат тизимининг самарали амал қилиши, шунингдек тегишли фаолиятни юритиш юклатилган ишчиларга ҳам боғлиқ. Ходимларни танлаш, ёллаш, лавозимини кўтариш, ўқитиш ва қайта тайёрлаш тизими тегишли ходимларнинг малакасининг юқорилигини таъминлаши лозим.


23. Аудитор, ички назорат тизими абсолют аниқ даражада эмас, балки маълум даражадаги эҳтимол билан тасдиқлаши мумкинлигини, ҳамда уни ташкил қилишдан кўзланган мақсад ички назорат тизимининг қуйидаги чекловлари натижасида эришганлигини назарда тутиши лозим:

а) хўжалик юритувчи субъект раҳбариятининг назорат тадбирларини амалга ошириш харажатлари ана шундай тадбирларни қўллаш натижасида олинадиган иқтисодий нафдан кам бўлишини талаб қилиши;

б) хўжалик юритувчи субъект ходимларининг ушбу хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа ходимлари ва учинчи шахслар билан ўзаро келишув натижасида назорат тизимини қасддан бузиш;

в) назоратнинг маълум қисмининг амал қилиши учун масъул бўлган раҳбарият вакиллари томонидан суиистеъмол қилиниши натижасида назорат тизимининг бузилиши;

г) молиявий-хўжалик фаолиятининг ёки бухгалтерия ҳисобини юритиш қоидаларининг жиддий ўзгаришлари натижасида қабул қилинган назорат амалларининг самарали бўлмай қолиши мумкинлиги.


24. Аудитор текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг назорат воситалари қуйидаги мақсадларга эришаётганлигига ишонч ҳосил қилиши лозим:

а) хўжалик операциялари барча ва алоҳида ҳолларда раҳбариятнинг розилиги билан амалга оширилаётганлигига;

б) бухгалтерия ҳисобида барча операциялар хўжалик юритувчи субъектда қабул қилинган ҳисоб сиёсатига мувофиқ тўғри суммаларда, бухгалтерия ҳисобининг тегишли счётларида, тўғри вақт даврида акс эттирилаётганлигига ва ишончли молиявий ҳисобот тайёрлаш имкониятини таъминлаётганлигига;

в) активларга кириш фақат тегишли раҳбариятнинг рухсати билан йўл қўйилаётганлигига;

г) бухгалтерия ҳисобида қайд қилинган ва ҳақиқатда мавжуд бўлган активлар мувофиқлиги белгиланган даврларда ваколатли шахслар томонидан аниқланаётганлигига ва фарқлар аниқланган ҳолларда эса раҳбарият томонидан тегишли чоралар кўрилаётганлигига.


25. Аудитор у томонидан текширилаётган хўжалик юритувчи субъектда ички назоратнинг қуйидаги амалларининг қўлланилаётганлигига ишонч ҳосил қилиши лозим:

а) бухгалтерия ёзувларининг тўғрилигини арифметик текшириш;

б) ҳисоб-китобларни таққослашни ўтказиш;

в) ҳужжатлар айланишининг тўғрилигини ва раҳбарият ходимларининг розилик ёзувлари мавжудлигини текшириш;

г) бухгалтерия ҳисобида маълумотларнинг амалдаги ҳолатига мувофиқлигини аниқлаш мақсадида, товар-моддий қийматликлари, қимматли қоғозлар, қатъий ҳисобот бланкалари ва кассадаги нақд пулларни белгиланган тартибга мувофиқ даврий режали ва тўсатдан инвентаризация қилиш;

д) назорат мақсадида хўжалик юритувчи субъектдан ташқарида жойлашган манбалар маълумотларидан фойдаланиш;

е) бухгалтерия счётлари бўйича ёзувлар ва ҳужжатларни юритиш тизимига, корхонанинг активларига ваколати бўлмаган шахсларни йўл қўймасликка қаратилган чеклов тадбирларини амалга ошириш;

ж) кўрсаткичлар динамикасини тадқиқ қилиш, режа ва смета кўрсаткичларини ҳақиқатдаги ҳолат билан таққослаш ва салмоқли фарқларнинг сабабларини аниқлаш.


26. Аудитор хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизимини қуйидаги йўналишлар бўйича баҳолайди:

а) ички назорат тизими билан умумий танишиш;

б) ички назорат тизимининг ишончлилигини дастлабки баҳолаш;

в) ички назорат тизимини баҳолашнинг ишончлилигини тасдиқлаш.

Аудиторлик ташкилотлари ўзларининг фаолиятида ички назорат тизимини баҳолашнинг кўпроқ сонли босқичларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилишлари мумкин.


27. Аудиторлик ташкилотлари ишнинг бошланишида хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг хусусияти ва кўлами ва унинг бухгалтерия ҳисоби тизими тўғрисида тасаввурга эга бўлиши лозим. Аудиторлик ташкилоти дастлабки ўрганишлар натижаси бўйича текширилаётган хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизимига ўзининг иш фаолияти давомида таяниши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилиши лозим.


28. Агар аудиторлик ташкилоти ўзининг иш фаолияти давомида хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизимига таяна олмаслиги тўғрисида қарор қабул қилса, у аудиторлик текширувини шундай режалаштириши керакки, унда аудиторнинг фикри ушбу тизимга ишонишга асосланмаслиги лозим. Бу ички назорат тизими ишончлилиги "паст" деб баҳоланса ёки аудитор ушбу тизимга ишонмаслик тўғрисида қарор қабул қилганда амалга оширилиши мумкин.


29. Агар аудиторлик ташкилоти хўжалик юритувчи субъектнинг ички назорат тизимини умумий ўрганиш натижалари бўйича ўзининг иш фаолиятида ички назорат тизимига таяниши мумкинлиги тўғрисида қарор қабул қилса, бу ҳолда у ички назорат тизимининг ишончлилигини дастлабки баҳолашни амалга ошириши лозим.


30. Ички назорат тизимининг ишончлилигини дастлабки баҳолаш амаллари аудиторлик ташкилоти томонидан мазкур Стандарт талабларини ҳисобга олган ҳолда мустақил ишлаб чиқилган усуллар ва ёндашувлар асосида амалга оширилади.


31. Аудитор ички назорат тизимининг ишончлилигини дастлабки баҳолаш жараёнида қуйидагиларни инобатга олиши лозим:

а) хўжалик юритувчи субъектнинг фақат танлаб олинган вақтдаги даврини эмас, балки барча ҳисобот давридаги бухгалтерия ҳужжатларини назорат воситаси сифатида ишончлилигини текшириш лозим;

б) текшириш жараёнида фаолият учун хусусиятли ёки бутун бошқа даврлар учун одатий ҳол бўлган фаолият билан таққослаганда фарқ қиладиган фаолият даврларига катта эътибор қаратиш лозим;

в) бутун ички назорат тизимининг ва (ёки) назоратнинг алоҳида воситаларининг ишончлилигининг "паст" баҳоланиши, бошқа алоҳида назорат воситаларининг ишончлилигини "ўрта" ёки "юқори" даражада баҳолашни инкор этмайди.


32. Аудиторлик ташкилоти ишончлиликни дастлабки баҳолаш жараёнлари натижаси бўйича бутун ички назорат тизимини ва (ёки) назоратнинг алоҳида воситаларининг ишончлилигини "ўрта" ёки "юқори" даражада баҳолаши мумкин. Бундай ҳолда аудиторлик ташкилоти аудиторлик амалларини ушбу хулосадан келиб чиқиб режалаштириши лозим, аммо мазкур тизимга мутлақ ишонмаслиги лозим.


33. Аудиторлик ташкилоти дастлабки баҳолаш жараёнлари натижаси бўйича бутун ички назорат тизимини ва (ёки) назоратнинг алоҳида воситаларини "паст" деб баҳолаган тақдирда, у буни қайд қилиб ўтиши ва кейинчалик аудиторлик амалларини шунга мос равишда режалаштириши лозим.


34. Дастлабки баҳолаш натижалари бўйича ички назорат тизимига ва (ёки) назоратнинг алоҳида воситаларига ишонч билдириш тўғрисида қарор қабул қилган аудиторлик ташкилоти аудиторлик текширувлари жараёнида ушбу тизимнинг ишончлилигини тасдиқлаш амалларини бажариши лозим.


35. Ички назорат тизимининг ишончлилигини тасдиқлаш амаллари аудиторлик ташкилоти томонидан мазкур ва бошқа аудиторлик фаолиятининг миллий стандартлари талабларини ҳисобга олган ҳолда мустақил ишлаб чиқилган усуллар ва ёндашувлар асосида амалга оширилади.


36. Агар аудиторлик ташкилоти ишончлиликни тасдиқлаш жараёнида ички назорат тизими умуман ва (ёки) ички назоратнинг алоҳида бир воситаси дастлабки баҳолаш жараёнида олинган баҳодан паст деган хулосага келса, бундай ҳолда у ўтказиладиган аудиторлик текширувлари натижалари бўйича ўз хулосасининг ишончлилигини ошириш мақсадида бошқа аудиторлик амалларини амалга ошириш тартибини шунга мос равишда тузатиши лозим.


37. Ички назорат тизимини баҳолашнинг барча босқичлари бутун тизим ёки алоҳида назорат воситаси ишончлилигининг баҳосини кўрсатган ҳолда тегишли тартибда батафсил ҳужжатлаштирилиши лозим.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


38. Мазкур Стандарт Ўзбекистон Республикаси монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 15-сон, 162-модда.











































Время: 0.1967
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск