ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 03.05.2007 й. ЎРҚ-97-сон "Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 27.12.2006 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 29.03.2007 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.05.2007 й.

N ЎРҚ-97



ЙОД ЕТИШМАСЛИГИ КАСАЛЛИКЛАРИ

ПРОФИЛАКТИКАСИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2006 йил 27 декабрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 29 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Йод етишмаслиги касалликлари

профилактикаси тўғрисидаги

қонунчилик

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


йод етишмаслиги касалликлари - организмда йоднинг етишмаслиги оқибатида қалқонсимон без касалликлари кўринишида намоён бўладиган касалликлар;


йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси - йод етишмаслиги касалликларининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар тизими;


йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари - ишлаб чиқариш жараёнида йод билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотлари;


йодланган туз - ишлаб чиқариш жараёнида йод билан бойитилган ош тузи.



2-БОБ. ЙОД ЕТИШМАСЛИГИ КАСАЛЛИКЛАРИ

ПРОФИЛАКТИКАСИ СОҲАСИНИНГ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ТАРТИБГА СОЛИНИШИ

4-модда. Йод етишмаслиги касалликлари

профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсати

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсати йод етишмаслиги касалликлари келиб чиқишининг олдини олишга қаратилган бўлиб, қуйидагилар орқали рўёбга чиқарилади:

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш;

истеъмол бозорини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга қаратилган иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назоратини амалга ошириш;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

болаларни ва туғиш ёшидаги аёлларни таркибида йод бўлган препаратлар билан профилактик таъминлаш тадбирларини амалга ошириш;

йодланган туз, йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси ҳамда уларни даволаш учун фойдаланиладиган дори воситалари ва препаратларни ишлаб чиқаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари ишлаб чиқариш соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этиш;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикасига доир тадбирлар самарадорлигининг мониторинги;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида ҳисобга олишнинг ахборот-таҳлил ва статистик тизимларини такомиллаштириш;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, чет эл юридик ва жисмоний шахсларининг маблағларини йод етишмаслиги касалликлари муаммоларига, мазкур касалликларнинг профилактикаси ҳамда даволаш усулларига жалб этиш;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.



5-модда. Йод етишмаслиги касалликлари

профилактикаси соҳасида давлат бошқаруви

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари амалга оширади.

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида давлат бошқаруви:

профилактика ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказишни, йод етишмаслиги касалликларига ташхис қўйиш ва уларни даволашни ташкил этишни;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси ва уларни даволаш учун дори воситалари ҳамда препаратларни, йодланган туз ва йодланган озиқ-овкат маҳсулотларини стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштиришни;

туз ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлашни давлат томонидан нормалаштиришни;

давлат бошқаруви органларининг, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боришни;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг муомаласи устидан давлат назоратини ўз ичига олади.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг йод етишмаслиги касалликлари

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва рўёбга чиқарилишини таъминлайди;

давлат бошқаруви органларининг йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси масалаларига доир фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг йод етишмаслиги касалликлари

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонунчилик талабларининг бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларини рўёбга чиқаради;

тузни ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш бўйича санитария-эпидемиология талабларини белгилайди;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати, ишлаб чиқарилиши, сақланиши, олиб кирилиши ҳамда реализация қилиниши мониторингини олиб боради;

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва қайта тайёрлашни ташкил этади;

аҳоли ўртасида йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси бўйича тушунтириш ишларини олиб боради;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


8-модда. Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва

сертификатлаштириш агентлигининг йод етишмаслиги

касалликлари профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги:

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашга тааллуқли давлат стандартларини тасдиқлайди;

йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси

соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва рўёбга чиқарилишини таъминлайди;

тегишли давлат органларининг аҳолини йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


3-БОБ. ЙОД ЕТИШМАСЛИГИ КАСАЛЛИКЛАРИ

ПРОФИЛАКТИКАСИГА ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР

10-модда. Йод етишмаслиги касалликлари

профилактикаси турлари

Инсон организмининг йодга бўлган зарурий эҳтиёжини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йод етишмаслиги касалликларининг оммавий ва якка тартибдаги профилактикаси амалга оширилади.


11-модда. Йод етишмаслиги касалликларининг

оммавий профилактикаси

Йод етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси озиқ-овқатга йодланган туз ишлатиш ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиш орқали амалга оширилади.


12-модда. Йод етишмаслиги касалликларининг

якка тартибдаги профилактикаси

Йод етишмаслиги касалликларининг якка тартибдаги профилактикаси профилактика ва санитария-эпидемиология тадбирлари, тиббий кўриклар ўтказиш, ташхис қўйиш ва даволаш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги йод етишмаслиги касалликларининг якка тартибдаги профилактикасини таъминлаш мақсадида профилактика ва санитария-эпидемиология тадбирлари, тиббий кўриклар ўтказиш, йод етишмаслиги касалликларига ташхис қўйиш ва уларни даволаш тартибини ишлаб чиқади ҳамда тасдиқлайди.



13-модда. Аҳолини йод етишмаслиги

касалликлари профилактикаси масалаларига

доир ахборот билан таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аҳолига йод етишмаслиги касалликларининг келиб чиқиши ва тарқалиши омиллари, бундай касалликларнинг профилактикасига доир чоралар тўғрисида ишончли ва ўз вақтида ахборот берилишини таъминлайди.


14-модда. Йод етишмаслиги касалликлари

профилактикасига доир тадбирларни молиялаштириш

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикасига доир тадбирларни молиялаштириш бюджет маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар ва қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


4-БОБ. ЙОДЛАНГАН ТУЗГА ВА ЙОДЛАНГАН

ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИГА ДОИР ТАЛАБЛАР

15-модда. Туз ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва реализация қилинадиган ош тузи албатта йодланиши керак.

Озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.



16-модда. Йодланган туз ва йодланган

озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда

хавфсизлигига доир талаблар

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари миллий стандартлар, қоидалар ҳамда нормалар талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Туз ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган, таркибида йод бўлган препаратлардан фойдаланилади. Туз ва озиқ-овқат маҳсулотларини йодлаш, йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назорати қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


17-модда. Йодланган туз ва йодланган

озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш миллий стандартлар, қоидалар ҳамда нормалар талабларига мувофиқ юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Белгиланган яроқлилик муддати ўтган йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари утилизация қилиниши, саноат йўли билан қайта ишланиши ёки қайта йодланиши керак.


18-модда. Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат

маҳсулотларини сертификатлаштириш

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлаштириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


19-модда. Йодланган туз ва йодланган

озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш,

ўраш ва тамғалаш

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари қадоқланган, ўралган ҳамда тамғаланган ҳолда ишлаб чиқарилиши керак.

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, ўраш ҳамда тамғалашга нисбатан қонунчиликда озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлаш, ўраш ва тамғалаш борасида назарда тутилган қоидалар қўлланилади.


20-модда. Йодланган туз ва йодланган

озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилувчи юридик ва жисмоний шахслар уларни ташиш, сақлаш ҳамда реализация қилишни қонунчиликда белгиланган қоидалар ва нормаларга риоя этган ҳолда амалга оширишлари шарт.

Мувофиқлик сертификати бўлмаган ва яроқлилик муддати ўтган йодланган туз ҳамда йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини реализация қилиш тақиқланади.


21-модда. Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат

маҳсулотларини олиб кириш шартлари

Йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига фақат ўралган тарзда ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа талабларга риоя этилган ҳолда олиб кирилиши мумкин.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

22-модда. Низоларни ҳал этиш

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


23-модда. Йод етишмаслиги касалликлари

профилактикаси тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


24-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



"Халқ сўзи", 2007 йил 4 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 17-18-сон, 175-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2007 й. 5-сон, 219-модда







































Время: 0.1624
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск