Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Коммунал хўжалик /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 31.03.1994 й. 175-сон "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида" 1994 йил 5 мартдаги 774-сон Фармонини амалда рўёбга чиқариш масалалари ҳақида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

31.03.1994 й.

N 175



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ "РЕСПУБЛИКАДА УЙ-

ЖОЙ ҚУРИЛИШИНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ ВА

РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА" 1994 ЙИЛ 5 МАРТДАГИ 774-СОН

ФАРМОНИНИ АМАЛДА РЎЁБГА ЧИҚАРИШ

МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Республикада уй-жой қурилишини рағбатлантириш ва ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармонини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

икки ой муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг бўш ва самарасиз фойдаланилаётган ер майдонлари ҳисобига якка тартибда ва кооператив асосида уй-жой қурилиши ер фондини шакллантиришни назарда тутган ҳолда аҳоли яшайдиган жойларда, шунингдек, йирик шаҳарларга туташиб кетган ҳудудларда ер майдонларини қайта рўйхатдан ўтказсинлар. Ушбу масала юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига 1994 йил 1 июнгача киритсинлар. Бош вазирнинг ўринбосари К.Н. Тўлаганов бу таклифларни умумлаштирсин ва республика Ҳукуматининг кўриб чиқиши учун тақдим этсин;

уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда якка тартибдаги уй-жой қурилиши даҳаларини жойлаштиришни ҳисобга олган ҳолда аҳоли яшайдиган жойларнинг бош режаларига, муҳандислик инфраструктураси схемаларига тузатиш киритсинлар;

якка тартибдаги қурилиш устидан архитектура-қурилиш назоратини таъминлаш архитектура ва шаҳарсозлик ҳудудий бошқармаларига юклатилсин;

давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан ҳамда уй-жой қурилиши учун ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи берилганлиги учун тўловдан тушадиган маблағларнинг камида 50 фоизини аҳолининг ижтимоий таъминланмаган қатламлари учун уй-жой қуришни ва якка тартибдаги ҳамда кооператив уй-жой қурилиши даҳалари муҳандислик коммуникацияларини маблағ билан таъминлаш бўйича махсус счётга ўтказсинлар. Маблағ билан таъминловчи банклар қайд этиб ўтилган мақсадлар учун махсус счётлар очсинлар ҳамда маблағлардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат ўрнатсинлар;

пайдо бўладиган масалаларни тезда ҳал этиш мақсадида якка тартибда ва кооператив уй-жой қурилишининг қандай бораётганлигини йилнинг ҳар чорагида кўриб чиқсинлар ҳамда уларни ҳал этишда тўрачилик ва сансалорлик ҳолларига йўл қўяётган шахсларга нисбатан қаттиқ жазо чораларини кўрсинлар.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳокимликлар, маблағ билан таъминловчи банклар билан биргаликда 15 кун муддатда, якка тартибдаги уй-жой қурилишининг бошланиши билан боғлиқ ташкилий масалаларнинг бутун мажмуини ҳал этиш бир ой муддатда таъминланиши кераклигини эътиборда тутган ҳолда, якка тартибдаги уй-жой қурувчиларнинг аризаларини кўриб чиқиш, ер ажратиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишни, банк кредитлари олиш тартиби тўғрисидаги Йўриқномани тайёрласин ва тасдиқласин.


3. "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили марказлаштирилган сармоя маблағлари ва республика бюджети истиқболларини белгилашда аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини, кам таъминланган ва кўп болали оилаларни, пенсионерларни, уруш ва меҳнат фахрийларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш учун уй-жой қурилишига лимитлар ва маблағларни назарда тутсинлар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси тақсимотини ҳисобга олган ҳолда 1994 йилда ана шу мақсадлар учун республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига 90 млрд "Сўм-Купон" ажратсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳокимликларнинг буюртманомалари бўйича:

1994 йилда хусусий уй-жойлар қуриш бўйича энг яхши лойиҳалар, каталоглар асосида табиий-иқлим шароитлари ва миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда лойиҳалар ишлаб чиқилишини;

кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларида савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини уйнинг умумий майдонининг 10 фоизигача бўлган ҳажмда жойлаштиришни ҳисобга олган ҳолда намунавий лойиҳаларга тузатиш киритишни ёки янгиларини ишлаб чиқишни таъминласин.


5. Марказий банк, "Ўздеҳқончиликсаноатбанк", "Ўзсаноат-қурилишбанк", "Ўзжамғармабанк", "Ўзтадбиркорбанк"ка бир ой муддатда якка тартибдаги ва кооператив уй-жой қурилишини амалга ошираётган фуқароларга кредит беришнинг амалдаги қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 5 мартдаги Фармонига мувофиқлаштириш тавсия қилинсин.


6. "Ўзжамғармабанк" Молия вазирлиги, Марказий банк ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа банклари билан биргаликда бир ой муддатда махсус ссуда-жамғарма счётларини жорий этиш тартибини ишлаб чиқсин.


7. Бирлашмалар, корхоналар, ташкилотлар ва бошқа юридик шахсларга, мулкчилик шаклидан қатъи назар, меҳнат фаоллигини ошириш ва кадрларнинг муҳим ишлашини таъминлашнинг самарали чора-тадбири сифатида якка тартибда ва кооператив уй-жой қурилишини амалга ошираётган ходимларга пай бадалларини тўлашда ва кредитни қайтаришда ўз маблағлари ҳисобидан молиявий ёрдам кўрсатиш бўйича улар билан шартнома-контрактлар тузиш тавсия қилинсин.


8. Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси 10 кун муддатда корхоналар ва ташкилотларнинг якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жой сотиб олиш учун ўз ходимларига, шунингдек, кам таъминланган, кўп болали оилаларга молиявий ёрдам кўрсатишга йўналтирилаётган даромадларига солиқ имтиёзлари бериш тартибини ишлаб чиқсинлар ва солиқ тўловчиларга етказсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ҳар йили жамоат ишларини ташкил этиш, уй-жой қурилиши ва уларни тузатиш, шунингдек, инфраструктура қурилиши ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ қўшимча иш ўринлари ташкил этиш ёки мавжуд иш ўринларини сақлаб қолиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар меҳнат, аҳолини иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармалари тасарруфида қолдириладиган иш билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларининг кўпи билан 5 фоизини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг махсус счётига ўтказсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ижтимоий таъминот вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда кам таъминланган ва кўп болали оилалар ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимоя қилинмаган қатламлари мақомини аниқлаш тартиби тўғрисидаги таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда "Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотлардан олинадиган солиқ тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин, унда республикада ишлаб чиқариладиган ва якка тартибда уй-жой қурувчиларга ҳамда уй-жой-қурилиш кооперативларига сотиладиган бинокорлик материалларини, шунингдек, уй-жой қурилишида амалга ошириладиган қурилиш ва махсус монтаж ишларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилишни назарда тутсин.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг тегишли бўлимларига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов








































Время: 0.1891
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск