Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Биржалар ва биржа фаолияти. Биржадан ташқари савдолар /

Ўзбекистон Республикаси Мол-хом ашё биржасида ўтказиладиган биржа савдоларида пахта момигини сотиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 19.05.2007 й. 1681-сон билан рўйхатга олинган ИВ 09.04.2007 й. 9-сон, МВ 106-сон ва ДМБДК 01/УзРТСБ-18/02-сон Қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 19 майда

1681-сон билан рўйхатга олинган

Иқтисодиёт вазирлиги,

Молия вазирлиги,

Давлат мулки қўмитасининг

2007 йил 9 апрелдаги

9, 106, 01/УзРТСБ-18/02-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикаси Мол-хом ашё биржасида

ўтказиладиган биржа савдоларида пахта

момиғини сотиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида"ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Маҳсулотлар, хом ашё ва материалларнинг юқори ликвидли турларини сотишнинг бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш тўғрисида" 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 йил, 5-сон, 57-модда) мувофиқ пахта момиғини сотиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом пахта момиғини етказиб берувчи ва ундан фойдаланувчи Ўзбекистон Республикаси корхона ва ташкилотларига татбиқ этилади.


2. Ушбу Низомга мувофиқ сотиб олинган пахта момиғи фақат Ўзбекистон Республикаси ичида қайта ишлаш учун ишлатилиши мумкин.


3. Пахта момиғини сотиш Ўзбекистон Республикаси Мол-хом ашё биржасида (кейинги ўринларда Биржа деб юритилади) электрон биржа савдолари тизимидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида амалга оширилади.



II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилган:


маҳсулот - ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича тасдиқланган кўрсаткичларга мувофиқ биржа савдоларида истеъмолчиларга сотиладиган пахта момиғи;


биржа савдолари электрон тизими - биржа аъзоларига республиканинг ҳар бир географик нуқтасидан аниқ вақт режимида узоқ масофадан туриб биржа савдоларида иштирок этиш имконини берадиган дастурий аппарат воситалари мажмуидан иборат глобал тақсимланган ахборот тизими;


ҳисоб китоб-клиринг палатаси (кейинги ўринларда ҲККП деб юритилади) - биржа битишувлари бўйича клиринг, ҳисоб-китоблар ва ўзаро ҳисоб-китоблар ўтказилишини таъминловчи Биржанинг тузилмавий бўлинмаси;


сотувчи - биржа савдоларида маҳсулот сотувчи "Пахтасаноат" уюшмасининг ҳудудий акциядорлик бирлашмалари ("Пахтасаноат" ҲАБ) ва бошқа юридик шахслар;


харидор - белгиланган тартибда пахта момиғини қайта ишлаш учун зарур қувватларга эга бўлган ва пахта момиғидан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқарувчи Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари;


"Ўзпахтасаноат" уюшмаси - таъсис шартномаси ҳамда тасдиқланган пахта момиғини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш баланси доирасида биржа савдоларининг ўтказилиши устидан мониторинг олиб борувчи ташкилот;


битишув баённомаси - харидор ва сотувчига биржа савдоларини ўтказиш якунлари бўйича бериладиган, сотувчи, харидор ва биржа брокери томонидан имзоланган, тарафларни белгиланган муддатда талаб ва таклиф нархи бўйича биржа савдолари натижаларига кўра харид қилинган ҳажмда маҳсулотнинг олди-сотди шартномасини тузиш мажбуриятини юклайдиган ҳужжат;


закалат - Биржада амалга ошириладиган битишувларни бажарилиши кафолатини таъминлаш учун харидорлар ва сотувчилар томонидан Биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи депозит ҳисобварағига топшириладиган битишувларни кафолатли таъминлаш маблағи;


нархлар котировкаси - биржа савдоларининг бир куни учун Биржада ўтказиладиган савдо сессиялари натижалари бўйича аниқланган маҳсулотга ўртача нарх;


тўланган битишувлар реестри - тузилган олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ қопланишини таъминлайдиган миқдордаги маблағларнинг харидорнинг ҲККПдаги шахсий ҳисобварағига келиб тушганлигини тасдиқловчи ҳужжат.



III. ПАХТА МОМИҒИ ҲАЖМЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ, БИРЖА САВДОЛАРИНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


5. Пахта момиғини сотиш ҳажмлари ҳар йили тасдиқланадиган пахта момиғи ишлаб чиқариш ва етказиб бериш кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда шакллантирилади.


6. Сотувчилар навбатдаги йил учун тасдиқланган пахта момиғи ишлаб чиқариш ва етказиб бериш кўрсаткичларидан келиб чиқиб, ҳар ойда, кейинги ой бошланишидан ўн кун олдин Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси билан келишилган, биржа савдолари орқали ҳар ойда сотилиш учун мўлжалланган маҳсулот ҳажми кўрсатилган жадвалларни Биржага тақдим этади.


7. Сотувчилар йилига бир марта Биржа билан биргаликдаги фаолият тўғрисида сотувчиларнинг биржа савдоларида иштирок этиш шартлари, шартнома тузган томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарликлари кўрсатилган шартномалар тузади.

Савдолар мунтазам равишда иш кунларида ўтказиб борилади.


8. Сотувчилар Биржа билан тузилган биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномаларга мувофиқ маҳсулотнинг бутун ассортиментини эълон қилинган ҳажмларга мувофиқ биржа савдоларига мунтазам равишда қўйиб борилишини кафолатлайди.


9. Биржа биржа савдоларида мустақил равишда иштирок этиш истагини билдирган сотувчи ва харидорларга брокерлик ўринларини тақдим этади.


10. Биржа савдоларида мустақил равишда иштирок этиш учун сотувчи ва харидорнинг вакиллари биржа фаолиятини тартибга солувчи тегишли давлат органидан биржа савдосининг малакали иштирокчиси шаҳодатномасини ўрнатилган тартибда олишлари ва биржа савдоларининг электрон тизимидаги компьютер терминалида ишлаш кўникмаларига эга бўлишлари лозим.


11. Биржа харидор ва сотувчи вакилларига биржа савдолари электрон тизимига уланган компьютер терминалида ишлаш кўникмаларига эга бўлиш борасида ёрдам беради.


12. Биржа савдоларида брокер орқали иштирок этиш учун харидор брокерга давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинган ариза тақдим этади.


13. Брокерлик хизмати кўрсатиш:

сотувчи ва брокерлар ўртасида - маҳсулот сотиш учун;

харидор ва брокер ўртасида - маҳсулот харид қилиш учун тузилган топшириқ шартномаси асосида амалга оширилади

Харидор ва сотувчи брокерни танлашда эркиндир.


14. Брокернинг комиссия ҳақи миқдори Молия вазирлиги, Давлат мулки қўмитаси ва ЎзРМХБ томонидан тасдиқлаган брокернинг комиссия ҳақи тариф жадвалини инобатга олган ҳолда, брокер ва харидор ўртасидаги эришилган келишув асосида белгиланади.


15. Биржа савдоларининг ўтказилиши, биржа сессияларининг давомийлиги, сотувга қўйиладиган маҳсулотлар ҳажми тўғрисидаги ахборот Биржа томонидан харидорларга мажбурий тартибда брокерлар, оммавий ахборот воситалари ҳамда бошқа ахборот каналлари, шу жумладан Интернет тармоғи орқали етказилади.

Ахборотга сотувчининг маҳсулоти жойлашган жойи, шунингдек бошланғич нархи тўғрисидаги маълумотлар киритилиши шарт.


16. Маҳсулотнинг бошланғич нархи "Пахтасаноат" ҲАБ билан келишилган тарзда "Ўзпахтасаноат" уюшмаси томонидан сертификатлаш харажатлари, шунингдек етказиб берувчиларнинг комиссия ҳақларини ҳисобга олган ҳолда улгуржи-прейскурант нархидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.


17. Биржа барча савдо иштирокчиларига, уларнинг ҳудудий жойлашишидан қатъи назар, электрон савдоларда бир вақтда иштирок этиш имконини таъминлаб бериши шарт.


18. Савдоларни ўтказиш, электрон биржа савдолари ғолибларини аниқлаш ва битишувни рўйхатга олиш ишлари биржа савдолари электрон тизими орқали амалга оширилади.


19. Битишувни рўйхатдан ўтказиш куни Биржа брокерга битишув баённомаси ва намунавий олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун тақдим этади.


20. Олди-сотди шартномаси битишув баённомасида назарда тутилган шартларда у олинган кунда расмийлаштирилади. Битишув баённомаси шартларининг бажарилиши томонлар учун мажбурий ҳисобланади.


21. Савдода сотилмай қолган маҳсулот ҳажми кейинги савдоларга кўчирилади.


22. Биржа томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳақи сотувчи ва харидорлар учун битишув суммасининг 0,05 фоизи миқдорида ўрнатилади.


23. Маҳсулотни тузилган олди-сотди шартномалар бўйича сотиш олдиндан тўловни тўлиқ тўлаш ёки етказиб бериладиган маҳсулотнинг ҳар бир партияси учун чақириб олинмайдиган аккредитив қўйиш шарти билан амалга оширилади.


24. Олдинги йиллардаги ҳосилга талаб мавжуд бўлмаганда, брокер (Сотувчи) "Ўзпахтасаноат" уюшмаси билан келишган ҳолда, бошланғич нарх қадамини ҳар савдо сессиясида 4 фоизи миқдорида, лекин бошланғич нархнинг 20 фоизидан ортмаган ҳолда камайтириб бориши, талаб юқори бўлганда эса - нархни чекланмаган миқдорда кўтариши мумкин.

Биржа савдоларида маҳсулотни сотишдан тушган тушум ва бошланғич нарх ўртасида ҳосил бўлган фарқ сотувчилар ихтиёрида қолади.



IV. БИРЖА САВДОСИ ИШТИРОКЧИЛАРИ

ЎРТАСИДА ЎЗАРО ҲИСОБ- КИТОБЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ, БИТИШУВЛАР БАЖАРИЛИШИ

КАФОЛАТИНИ ТАЪМИНЛАШ


25. Биржа савдоларида тузилган битишувлар бажарилишининг молиявий кафолатини таъминлаш учун биржа савдоларида тузилган битишувлар бўйича ҳисоб-китоблар Биржа ҲККП орқали амалга оширилади.


26. Ҳисоб-китобларни амалга ошириш мақсадида, ҲККП Биржага хизмат кўрсатувчи банкда харидорлар ва сотувчиларнинг маблағларини сақлаш ва биржа битишувлари бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун хизмат қиладиган иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағини очади. Иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағи Биржага хизмат кўрсатувчи банкда иккиламчи депозит ҳисобварағини очиш тўғрисидаги аризага мувофиқ очилади.


27. Сотувчи ва харидорларнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидаги маблағлари ҳаракатини назорат қилиш учун ҲККП ҳар бир сотувчи ва харидорга фойдаланувчининг шахсий рақамига (бундан кейин ФШР деб юритилади) мос келувчи алоҳида шахсий ҳисобварақ очади.

Сотувчилар ва харидорларнинг маблағлари ушбу шахсий ҳисобварақларда ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча ҳисобварағи доирасида ҳисобга олинади.

ҲККП биржа савдолари иштирокчиларини уларга хизмат кўрсатиш шартлари, уларнинг маблағлари ҳолати тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиб туриши шарт.

ҲККП томонидан мижознинг шахсий ҳисобварағи ҳолати тўғрисидаги маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этилиши ман этилади.


28. Биржа мижозларнинг сўровларига кўра уларни биржа клиринги натижалари, улар маблағларининг ҳолати ва жорий кунида белгиланган савдолар лимитлари тўғрисида хабардор қилиб туриши шарт.


29. Сотувчилар ва харидорлар Биржага хизмат қилувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига биржа савдоларига қўйилган маҳсулот умумий қийматининг ва мўлжалланаётган битишув ҳажмининг 2 фоизигача бўлган миқдоридаги закалатни депозитга қўяди.

Харидорлар Биржада депонентга қўйилган закалат ҳисобга олинган ҳолда тўлаш мўлжалланаётган маблағ ҳажмида битишувлар тузишга ҳақлидир.


30. Биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағидаги сотувчилар ва харидорларнинг маблағларидан:

битишувлар бўйича мажбуриятлар бажарилиши ва улар ўртасида тузилган шартномалар билан боғлиқ бўлган ўзаро ҳисоб-китобларини амалга ошириш учун;

битишув амалга оширилмаган ёки бекор қилинган тақдирда, ҲККПдаги ҳисобварақнинг эгаси - мижознинг банкдаги асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига қайтариш учун;

депонентга қўйилган маблағлар ҳисобидан Биржа хизматларига ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун фойдаланилади.


31. Биржа битишуви рўйхатга олинганидан кейин беш банк иш кунида харидор тузилган олди-сотди шартномаси бўйича молиявий мажбуриятларни тўлиқ қоплаш учун Биржага хизмат кўрсатувчи банкдаги ҲККПнинг иккиламчи талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига қўшимча маблағларни ўтказиши шарт. Бунда, маблағни ўтказиш учун тўлов топшириқномасининг "тўлов мақсади" устунида харидорнинг ФШРи мажбурий тартибда кўрсатилиши шарт.

ҲККП харидордан маблағ келиб тушган вақтдан бошлаб бир банк иш кунида сотувчига тўланган битишувлар реестрини тақдим этиши шарт.

ҲККП томонидан тақдим этилган тўланган битишувлар реестри сотувчининг маҳсулотни харидорга юклаб жўнатишига асос бўлади.


32. Агар харидор ушбу Низомнинг 31-бандида белгиланган муддатда биржа шартномасига мувофиқ маблағларни тўлиқ ҳажмда ўтказилишини таъминламаса, ҲККП кўрсатилган муддат ўтганидан кейин сотувчи ҳамда Биржага битишув бекор қилинганлиги тўғрисида дарҳол маълум қилади ва Биржанинг воситачилик ҳақини чегириб қолган ҳолда шартнома мажбуриятлари бажарилмаганлиги учун сотувчининг ҳисобварағига жарима чораси сифатида закалат миқдоридан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни киритади.

Сотувчи томонидан маҳсулотни харидорга олди-сотди шартномасида белгиланган муддатларда юклаб жўнатиш бўйича мажбуриятлар бажарилмаса, ҲККП шартномада белгиланган муддат ўтганидан кейин Биржанинг воситачилик ҳақини чегириб қолган ҳолда маҳсулотни етказиб бериш учун белгиланган қийматдан 2 фоиз миқдордаги маблағни жарима чораси сифатида харидор ҳисобига киритади ва харидор, сотувчи ва Биржага битишув бекор қилинганлиги тўғрисида хабар қилади.

Битишув бўйича бекор қилинган маҳсулот ҳажми сотувчи томонидан қайта савдога қўйилади.


33. Маҳсулот сотувчи томонидан харидор ўзининг мажбуриятларини бажарганлиги фактини ҲККП томонидан тасдиқланмасдан жўнатилган тақдирда, Биржа рўйхатдан ўтказилган биржа шартномаси бўйича харидор томонидан мажбуриятлар виждонсизларча бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмайди.


34. Маҳсулот жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини товарни танлаб олиш акти ва харидор ва сотувчи (ёки уларнинг ваколатли вакиллари) имзолари билан тасдиқланган юк хатининг нусхаси тасдиқлайди.

Юк хати нусхасининг тақдим этилиши ҲККП томонидан бир банк иш кунида харидорнинг шахсий ҳисобварағидаги маблағларни сотувчининг унга хизмат кўрсатувчи банкдаги асосий талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварағига ўтказиш ва битишувни ёпиш учун асос бўлади.


35. Биржа аъзолари, биржа савдолари иштирокчилари ва уларнинг мижозлари ўртасидаги биржа савдо қоидаларида назарда тутилган масалалар бўйича юзага келадиган низолар Биржа арбитраж комиссияси ёки суд орқали ҳал қилинади. Арбитраж комиссияси томонидан низоларни кўриб чиқиш учун йиғимлар ундирилиши ман этилади.


36. Шартномавий мажбуриятларнинг бажарилмаслиги ёки тўлиқ ҳажмда бажарилмаслиги учун томонлар шартномага мувофиқ жавобгар бўлади.



V. УШБУ НИЗОМ БАЖАРИЛИШИ ЮЗАСИДАН

АХБОРОТ ТАЪМИНОТИ ВА БАЖАРИЛИШИ

УСТИДАН МОНИТОРИНГ ОЛИБ БОРИШ


37. Биржанинг котировка ҳайъати ўтказилган биржа савдолари натижалари бўйича биржада сотилган маҳсулотнинг биржа нархлари котировкасини аниқлайди ва ҳар ҳафта оммавий ахборот воситалари ва Интернет тизими саҳифаларида эълон қилиб боради.


38. "Ўзпахтасаноат" уюшмаси ва Биржа пахта момиғини ишлаб чиқариш ва Ўзбекистон Республикаси Мол-хом ашё биржаси орқали етказиб беришнинг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишининг доимий мониторингини амалга оширади.


39. Сотувчилар ва Биржа ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 5-кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига биржа савдосига қўйилган ва сотилган маҳсулот ҳажмлари, ушбу Низомга мувофиқ сотилган маҳсулотнинг ҳақиқатда етказиб берилиши, шу жумладан аниқ сотувчилар ва харидорлар кўрсатилган ахборотни тақдим этади.

Биржа томонидан бошқа ахборотларнинг тақдим этилиши Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДА


40. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси, "Ўзпахтасаноат" уюшмаси ва "ЎзРМХБ" ОАЖ билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 21-сон, 219-модда.















































Время: 0.1987
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск