Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 11.04.1996 й. 143-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1996 йил 11 апрелдаги

143-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (кейинги ўринларда - ФВВ) фуқаро муҳофазаси, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар туфайли вужудга келган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги ишларга раҳбарликни ҳамда уларни мувофиқлаштириб бориш ишларини амалга оширувчи марказий давлат бошқаруви органи ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, қонунларига ва Олий Мажлиснинг бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикасининг Фавқулодда вазиятлар вазирлигига тааллуқли масалаларга доир халқаро шартномаларига, шунингдек, мазкур Низомга амал қилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз фаолиятини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши. вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, табиатни муҳофаза қилиш ва махсус ваколатли давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


4. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг асосий вазифалари ҳисобланади:

фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, аҳоли ҳаёти ва саломатлигини, моддий ва маънавий қадриятларни муҳофаза қилиш, шунингдек, тинчлик ва уруш вақтида фавқулодда вазиятлар вужудга келганда уларнинг оқибатларини тугатиш ҳамда зарарларини камайтириш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бундан ҳоллардаги хатти-ҳаракатларни бошқаришнинг давлат тизими (ФВДТ)ни ташкил этиш ва фаолиятини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг фуқаро муҳофазасига раҳбарлик қилиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида аҳолини, мамлакат ҳудудини, республиканинг миллий бойлиги бўлган объектларни муҳофаза қилиш, шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш соҳасидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ташкил қилиш ҳамда амалга ошириш;

вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг аҳолини ва миллий бойликларни муҳофаза қилиш, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар туфайли вужудга келган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир фаолиятини мувофиқлаштириб бориш шунингдек, террорчилар ҳаракат қилаётган зонада жойлашган алоҳида муҳим, категорияланган ва бошқа объектларнинг барқарор ишлашини, террорчилик ҳаракатлари оқибатларининг тугатилишини;

йирик фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларига раҳбарлик қилиш, ушбу мақсад учун зарур бўлган куч ва воситаларни ташкил этиш ва уларнинг тайёрлигини таъминлаш;

фавқулодда вазиятларни бартараф этишга, аҳолини, мамлакат ҳудудини муҳофаза қилишга ҳамда фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда халқ хўжалиги объектлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини оширишга қаратилган мақсадли ва илмий-техник дастурларни ишлаб чиқишни ташкил этиш ва амалга ошириш;

молия, озиқ-овқат, тиббиёт ва моддий-техника ресурсларининг давлат фавқулодда заҳира фондларини ташкил этишга доир ишларни мувофиқлаштириб бориш;

аҳолини, ФВДТ мансабдор шахсларини ва тузилмаларини фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатларга тайёрлашни ташкил этиш;

Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этиш.


5. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирларини ишлаб чиқишни ва амалга оширишни ташкил этади;

ФВДТ фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси фуқаро муҳофазаси режалари лойиҳаларини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига белгиланган тартибда тақдим этади;

Вазирликнинг фаолият соҳаси масалалари бўйича давлат мақсадли дастурларининг давлат буюртмачиси вазифасини белгиланган тартибда амалга оширади;

фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг, шу жумладан, ҳалокатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш, аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш масалаларига оид норматив ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилишини ташкил этади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ваколатига кирувчи масалалар бўйича йўриқномалар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив-услубий ҳужжатларни тасдиқлайди;

фуқаролар муҳофазаси бўйича белгиланган норматив талабларнинг бажарилиши, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, бошқарув органларининг, ФВДТ кучлари ва воситяларининг фавқулодда вазиятлар вужудга келган тақдирда қидирув-қутқарув, авария-қутқарув ва бошқа долзарб ишларни бажаришга тайёрлигининг аҳволи устидан давлат назоратини амалга оширади;

шаҳарсозлик ҳужжатларининг ҳамда объектларни қуриш лойиҳаларининг фуқаро муҳофазаси талабларига риоя қилиш ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга оид қисмини давлат экспертизасидан ўтказишда қатнашади;

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларнинг вужудга келиши мумкинлигини олдиндан аниқлаш, уларни моделлаштириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудларини хавфли ишлаб чиқаришлар, объектлар ҳамда табиий офатлар хавфи мавжудлиги бўйича районлаштириш, халқ хўжалиги объектларида ва ҳудудларда таваккалчилик даражасининг норматив кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш бўйича ишларни ташкил қилади ва мувофиқлаштириб боради;

зилзила, кўчки, сел, тошқин ва бошқа табиий офатларни, шунингдек техноген тусдаги авария ва ҳалокатларни кузатиш ҳамда олдиндан аниқлаш тизимининг фаолият кўрсатилиши ва ривожланишини мувофиқлаштириб боради;

вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлар билан биргаликда фавқулодда вазиятларни бартараф этиш учун мўлжалланган куч ва воситалар таркибини, уларни жойлаштириш ва жиҳозлашни аниқлайди, ўқув ва соғломлаштириш марказларини ташкил қилади;

фавқулодда вазиятларни тезкорлик билан чеклаш ва бартараф этишга доир ишларни бажариш учун доимий тайёр бўлиб турувчи авария-қутқарув бўлинмаларини тузиш, тайёрлаш ва улардан фойдаланишни ташкил қилади;

аҳолини фавқулодда вазиятлар тўғрисида хабардор қилишни ташкил этади, хабардор қилишнинг тегишли ҳудудий ва маҳаллий тизимларининг ташкил этилишини ва ишлашини назорат қилади;

фуқаро муҳофазаси чора-тадбирларининг фавқулодда вазиятлар бўйича ҳудудий бошқарув органлари ва бўлинмалари томонидан бажарилишига бевосита раҳбарлик қилади, уларнинг сафарбарлик тайёргарлигини режалаштиради ва ташкил этади;

вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг одамларни қидириш ва қутқариш, авария-қутқарув ишларини ўтказиш, нефть, нефть маҳсулотлари, зарарли кимёвий, радиоактив ва бошқа моддаларнинг тўкилишини бартараф этиш, табиий офатлар ва ҳалокатлар оқибатларини тугатиш бўйича фаолиятларини мувофиқлаштириб боради;

республика раҳбариятининг топшириғига биноан вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши. вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан аҳолини сел, тошқин, кўчки, сув босиши хавфи бўлган жойлардан кўчириш, янги турар жойларда улар учун зарур ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, шунингдек, ушбу жойлардан кўчирилган фуқаролар учун уй-жойлар, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфраструктураси объектлари қуриш бўйича топшириқларнинг бажарилишини назорат қилади;

жамоат бирлашмаларини ҳамда тегишли билим ва тажрибага эга бўлган алоҳида фуқароларни, шу жумладан, хорижий фуқароларни фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини ўтказишга белгиланган тартибда жалб қилиш ишларини уюштиради;

ижро этувчи ҳокимиятнинг манфаатдор органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг ва хорижий мамлакатларнинг фавқулодда вазиятлардан зарар кўрган аҳолисига мурувват ёрдамчи шакллантириш ва етказиб беришни белгиланган тартибда ташкил этади;

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, бошқа вазирликлар ва идораларнинг фавқулодда вазиятлар жойларидаги ишларни бажаришга жалб этиладиган ходимларининг хавфсизлигини, офатлар рўй берган жойларга Вазирлик кучи билан етказиб бериладиган юкларнинг, шу жумладан, мурувват ёрдами юкларининг сақланишини таъминлайди;

тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда вужудга келган фавқулодда вазиятлардаги кўрилган моддий ва атроф-муҳитга етказилган зарарни аниқлаш усулларини ишлаб чиқишни ташкил этади;

вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳалокатлардан зарар кўрган ёки уларнинг оқибатларини бартараф этишда қатнашган фуқароларни ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ва тиббий муҳофаза қилиш масалалари бўйича фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарликни ва уни мувофиқлаштириб боришни ҳамда ушбу соҳадаги тадбирларнинг бажарилишини назорат қилишни амалга оширади;

фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, авария ва ҳалокатлар оқибатларини тугатиш, одамлар ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, авариялар, ҳалокатлар ва табиий офатлар рўй берган ҳолларда халқ хўжалиги объектлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини ошириш масалалари бўйича жамоатчилик, фуқаролар ва оммавий ахборот воситалари билан алоқани белгиланган тартибда амалга оширади;

фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ваколатига киритилган масалалар бўйича қабул қилишни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли бошқарув органларининг, авария-қутқарув ва бошқа тузилмаларнинг молиявий, моддий ва техник таъминотини ташкил этади, фавқулодда вазиятларни бартараф этиш тадбирларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг заҳира фондидан белгиланган тартибда маблағ билан таъминлайди, ажратилган моддий ва молиявий ресурслардан фойдаланишни назорат қилади;

белгиланган тартибда тасдиқланган танитувчи белгилар, махсус сигналлар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган махсус транспорт воситаларига эга бўлади;

белгиланган ходимлар сони ва иш ҳақи фонди доирасида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қарашли корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ҳарбий қисмлар ва бўлинмаларни, ўқув юртларини белгиланган тартибда ташкил этади ва қайта ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марказий аппарати ва ўзига қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ходимларини, авария-қутқарув ва бошқа тузилмаларнинг ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлашга оид чора-тадбирларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш прогнозлари ҳамда дастурларини тайёрлайди ва белгиланган тартибда Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлигига тақдим этади;

фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга аҳолини ўқитиш, фуқаро муҳофазаси бошқарув органлари ва тузилмаларининг, ФВДТ бўлинмаларининг мансабдор шахсларини тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштириб боради, тасдиқлайди ёки келишиб олади, қутқарувчиларни ва авария-қутқарув тузилмаларини аттестациядан ўтказишни ташкил этади ва амалга оширади;

фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлаши, қутқарувчиларни махсус тайёрлаш масалалари бўйича ўқув ва махсус ўқув юртларининг ўқув дастурларини кўриб чиқади ва келишиб олади;

қутқарувчиларни фавқулодда вазиятларда ва шошилинч шароитларда ҳаракат қилишга тайёрлашни ташкил этади;

фавқулодда вазиятларда аҳолини ва ҳудудларни муҳофаза қилиш, авария-қутқарувнинг мавжуд воситаларини такомиллаштириш ва юқори самарали янги воситаларини яратиш, уларни бажариш учун махсус техник воситаларни яратиш, фавқулодда вазиятларда халқ хўжалиги объектларининг фаолият кўрсатиши барқарорлигини ошириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини ўтказишни ташкил қилади ҳамда маблағ билан таъминлайди;

фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шу жумладан, авария ва ҳалокатлар оқибатларини тугатиш, зарар кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ваколатига тааллуқли бошқа масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни, шунингдек, ушбу соҳалардаги чет эл тажрибасини ўрганиш, умумлаштириш ва оммалаштиришни белгиланган тартибда амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро шартномалар лойиҳаларини ишлаб чиқишда белгиланган тартибда қатнашади, шу жумладан, фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятларда ўзаро хабардор қилиш ва ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича ташқи иқтисодий ҳамкорликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорига биноан БМТ тизимининг ихтисослашган халқаро ташкилотларининг ва бошқа ихтисослашган халқаро ташкилотларнинг марказий органларида ва минтақавий бўлинмаларида ишлаш учун, ушбу ташкилотлар билан келишилган шартларда, белгиланган тартибда вакиллар юборади;

давлат статистика ҳисоботида назарда тутилган статистика маълумотларини давлат статистика органларига тақдим этади;

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ваколатига тааллуқли масалалар бўйича, давлат сирини, хизмат ахборотларини муҳофаза қилишга, махсус алоқани ривожлантиришга доир тадбирларни ўтказишни таъминлайди;

хавфли юклар, қурол-яроғлар, ҳарбий техника, ҳарбий мол-мулклар, портловчи моддалар ва буюмлар, шунингдек ҳарбий таркиблар транзити чоғида қонунчиликка мувофиқ хулосалар беради ва назоратни амалга оширади.

6. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

вазирликлар, идоралар, уюшмалар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар бажариши мажбурий бўлган фуқаро муҳофазаси, фавқулодда вазиятлар, авариялар ва ҳалокатлар, террорчилик ҳаракатларининг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириб бориш учун зарур бўлган қарорларни белгиланган тартибда, ўз ваколати доирасида қабул қилиш ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш;

вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликлардан, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан Вазирликка юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган ахборот ва маълумотларни белгиланган тартибда талаб қилиш ва олти;

вазирликлар, идоралар, корхоналар, ташкилотлар ва объектларни ўз ваколатига тааллуқли масалалар бўйича текширишларни белгиланган тартибда ўтказиш;

мамлакатимиз ва чет эл мутахассисларини ҳудудларни, хавф-хатар мавжуд бўлган объектлар ва ишлаб чиқаришларни давлат зкспертизасидан ўтказишга жалб этиш;

авария-қутқарув техникасини яратиш, авария ва ҳалокатлардан зарар кўрган аҳолини ва ҳудудларни соғломлаштириш ва тиклашга доир ишларни амалга ошириш юзасидан иш бажарувчилар (фирмалар) билан, шу жумладан, хорижлик иш бажарувчилар (фирмалар) билан белгиланган тартибда контракт (шартнома)лар тузиш;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар билан келишилган ҳолда, бошқа соҳалардаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш ишларини амалга ошириш учун доимий тайёргарликнинг зарур ҳудудий кучлари ва воситаларини жалб этиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш.


7. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марказий аппарати ҳамда унга қарашли ташкилотларнинг ҳарбий хизматчилари ҳарбий хизматда турадилар.

Улар Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги нормалари бўйича ҳарбий хизматчиларга, шу жумладан, уларнинг оила аъзолари ҳам, қонун ҳужжатлари билан белгиланган таъминотнинг барча турларидан, ҳуқуқлар ва имтиёзлардан фойдаланадилар.


8. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бошқарув органларини. тузилмалари ва муассасаларини ҳарбий хизматчилар билан бутлаш Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг буюртманомасига биноан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг зобитларини, прапорщикларини ва муддатли хизмат ҳарбий хизматчиларини тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг олий ҳарбий ва махсус ўқув юртларида ҳамда бошқа давлатларнинг ўқув юртларида амалга оширилади.


9.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган уч нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


10. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири ўзига юкланган фаолият соҳасига раҳбарликни яккабошчилик асосида амалга оширади ва Вазирликка юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради. У лавозимига кўра Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси бошлиғи ҳисобланади .


11. Фавқулодда вазиятлар вазири:

Вазирлик ҳамда унга қарашли корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва тузилмалар фаолиятига раҳбарлик қилади, Ўзбекистон Республинкасининг давлат ва бошқа органлари ҳамда ташкилотларида, шунингдек, халқаро ташкилотларда Вазирлик номидан вакиллик қилади;

Вазир ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди, уларнинг жавобгарлик даражаларини ҳамда Вазирлик таркибий бўлинмалари раҳбарларининг жавобгарлик даражаларини белгилайди, белгиланган ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Вазирлик марказий аппаратининг тузилмасини ва штатлар рўйхатини, шунингдек, тегишли давр учун тасдиқланган бюджет ажратмалари доирасида уларни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини тасдиқлайди;

буйруқлар, директивалар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Вазирликнинг олий офицерлар таркиби ишлайдиган лавозимлари рўйхати тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги марказий аппаратида ва унга қарашли ташкилотларда олий офицерлар таркиби ишлайдиган лавозимларга тайинлашлар тўғрисида ҳамда хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларни лавозимдан озод қилиш тўғрисида. уларга олий офицерлар таркиби ҳарбий унвонлари бериш тўғрисида, уларни ҳарбий хизматдан бўшатиш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади;

Мудофаа вазирлигининг офицерлар таркиби учун белгиланган тартибда ва муддатларда офицерларга полковник (уни ҳам қўшган ҳолда) даражасигача ҳарбий унвонлар беради;

фавқулодда вазиятлар ҳудудий бошқармалари (бўлимлари) бошлиқларини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари билан келишган ҳолда лавозимга тайинлайди;

Вазирлик тизимининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларини давлат мукофотлари билан тақдирлаш ҳамда уларга фахрий унвонлар бериш, шунингдек, идоравий мукофотлар таъсис этиш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади;

ходимларни, шунингдек ҳарбий хизматчиларни хизмат сафарларига, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги хизмат сафарларига, белгиланган тартибда юборади;

Фавқулодда вазиятлар вазирлигини маблағ билан таъминлаш учун ажратиладиган кредитларнинг бош тасарруфчиси ҳисобланади;

давлат бюджети ҳисобидан ажратилган моддий маблағларни ҳамда хизмат ресурслари учун белгиланган муддатни ўтаб бўлган моддий-техник воситаларни рўйхатдан чиқаришга оид ҳужжатларни белгиланган тартибда тасдиқлайди, объектлар, техник воситалар, асбоб-ускуналар ва қурол-яроғларга доир ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича лойиҳалаш ва техник хулосалар бериш юзасидан топшириқларни тасдиқлайди;

авария-қутқарув тузилмалари учун қурол-яроғларнинг, техника ва техник воситаларнинг янги турларини лойиҳалаш юзасидан топшириқларни, шунингдек, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари учун тактик-техник топшириқларни тасдиқлайди.


12. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигида таркибида Вазир (ҳайъат раиси), лавозими бўйича вазир ўринбосарлари, Вазирликнинг ҳамда унга қарашли корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг, шунингдек, бошқа вазирликлар ва идораларнинг раҳбар) ходимлари бўлган 9 кишидан иборат ҳайъат тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳайъати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади, лавозимига кўра ҳайъат таркибига кирувчилар бундан мустаснодир.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан ҳаётга татбиқ этилади.


13. Қорақалпоғистон Республикасида, вилоятларда ва Тошкент шаҳрида белгиланган тартибда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармалари, тоифаланган шаҳар ва туманларда эса фавқулодда вазиятлар бўлимлари ташкил этилади ва фаолият кўрсатади.


14. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимини маблағ билан таъминлаш харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


15. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ваколатига киритилган муҳим муаммоларга оид тавсияномаларни кўриб чиқиш ва тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида илмий-техника Кенгаши ташкил этилади. Унинг таркибига манфаатдор давлат ижро этувчи ҳокимият органлари, илмий ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларининг вакиллари кириши мумкин.

Илмий-техника Кенгаши таркиби ва унинг тўғрисидаги Низом Вазир томонидан тасдиқланади.


16. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган махсус кийим-бош формасига, эмблемага ва фарқловчи белгиларга эга бўлади. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг техника ва транспорт воситалари унинг эмблемаси туширилган ҳолда махсус рангга бўялади.

17. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, банкларда ва бошқа кредит муассасаларида ҳисоб-китоб счётига ҳамда бошқа счётларга эга бўлади.













































Время: 0.1812
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск