язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Адвокатура/ Ўзбекистон Республикасининг 27.12.1996 й. 349-I-сон "Адвокатура тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

27.12.1996 й.

N 349-I



АДВОКАТУРА ТЎҒРИСИДА


1-модда. Адвокатура ва унинг вазифалари


Адвокатура - ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Адвокатура Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг адвокатура

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Ўзбекистон Республикасида адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.


3-модда. Адвокат

Олий юридик маълумотга эга бўлган ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) белгиланган тартибда олган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Ўзбекистон Республикасида адвокат бўлиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларнинг адвокатлик фаолияти билан шуғулланишига йўл қўйилмайди.

Адвокат қуйидагилардан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмас:

илмий ва педагогик фаолият;

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги (бундан буён матнда Адвокатлар палатаси деб юритилади) ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолият;

патент вакили ва медиатор сифатидаги фаолият;

шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатидаги фаолият;

ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида (судларида) судья сифатидаги фаолият.


3-1-модда. Адвокат мақомига эга бўлиш

Лицензия Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия органлари деб юритилади) томонидан тегишли малака комиссияларининг қарорлари асосида берилади.

Лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс (бундан буён матнда талабгор деб юритилади) юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши, шу жумладан адвокатлик тузилмасида (адвокатлик бюросида, адвокатлик фирмасида, адвокатлар ҳайъатида, юридик маслаҳатхонада) камида уч ой муддат стажировка ўтаган бўлиши керак ҳамда малака имтиҳонини топшириши шарт.

Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида, судья, терговчи, суриштирувчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлган шахс адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этишга ҳақли.

Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгор уни такроран топширишга камида олти ойдан кейин қўйилади.

Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун тегишли адлия органига уч ой ичида мурожаат қилиши керак. Бу муддатни ўтказиб юборган талабгор лицензия олиш учун адлия органига малака имтиҳонини такроран топширганидан кейингина мурожаат қилиши мумкин.

Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Белгиланган тартибда лицензия олган талабгор уч ой ичида адвокат қасамёдини қабул қилиши ва якка тартибда ёки лицензияга эга бўлган бошқа шахслар билан биргаликда адвокатлик тузилмасини тузиши ёхуд фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмаларидан бирига кириши шарт.

Талабгорга адвокатлик гувоҳномаси адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган ёки талабгорнинг фаолият кўрсатаётган адвокатлик тузилмасига кирганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар адлия органи томонидан олинган пайтдан эътиборан уч иш куни ичида берилади.

Талабгор адвокатлик гувоҳномаси берилган кундан эътиборан адвокат мақомини олади, Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси адлия органи томонидан бу ҳақда уч кунлик муддатда хабардор қилинади. Шундай хабарнома олинган пайтдан эътиборан адвокат Адвокатлар палатасининг аъзоси бўлади.



4-модда. Адвокатура фаолиятининг принциплари

ва ташкилий шакллари

Адвокатура ўз фаолиятини қонун устуворлиги, мустақиллик ва бошқа демократик принциплар асосида амалга оширади.

Белгиланган тартибда лицензия олган шахс адвокатлик фаолиятини ўз адвокатлик бюросини очиб, якка тартибда амалга оширишга ёхуд бошқа адвокатлар (шериклар) билан адвокатлик фирмасини ёки аъзоликка асосланган адвокатлар ҳайъатини тузишга ёхуд фаолият кўрсатаётган шундай адвокатлик тузилмаларидан бирига киришга ёки юридик маслаҳатхонада ишлаган ҳолда адвокатлик фаолиятини амалга оширишга ҳақли. Адвокат ўз фаолиятини фақат битта адвокатлик тузилмасида амалга оширишга ҳақли.

Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини рўйхатдан ўтказиш, шунингдек юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда адлия органлари томонидан амалга оширилади.

Адвокатлик тузилмаларининг ташкил этилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши, тузилмаси, штатлари, вазифалари, маблағларни сарфлаш тартиби, раҳбар органларининг ваколатлари, уларни сайлаш тартиби ҳамда адвокатлик тузилмалари фаолиятига тааллуқли бошқа масалалар уларнинг уставлари (низомлари), таъсис шартномалари билан тартибга солинади.

Адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатлари улар рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан юридик шахс мақомини олади. Юридик маслаҳатхона ҳисобга олинган кундан эътиборан ўз фаолиятини амалга оширишга ҳақли.

Адвокатлик фирмасининг ёки адвокатлар ҳайъатининг жойлашган ери яшаш учун мўлжалланмаган жойда бўлиши керак.

Адвокатлик бюроларини таъсис этган адвокатлар ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзларига тегишли бўлган турар жойларда амалга ошириши мумкин, бунда адвокатга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган турар жойларни адвокатлик бюроси фаолиятида фойдаланиш мақсадида яшаш учун мўлжалланмаган жойлар тоифасига ўтказиш талаб қилинмайди.

Адвокатлик тузилмалари фуқаролар ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатганлик учун улардан тушадиган пул маблағлари (даромадлар) ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан таъминот олади.

Адвокатлар адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузиши мумкин.

Адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамда чет давлатларда ушбу давлатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзининг алоҳида бўлинмаларини (ваколатхоналари ва филиалларини) ташкил этишга ҳақли. Бунда адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати алоҳида бўлинмани очиш тўғрисидаги қарори ҳақида рўйхатдан ўтказувчи органни олдиндан хабардор қилади.



4-1-модда. Адвокатлик бюроси

Адвокатлик бюроси адвокатлик фаолиятини якка тартибда амалга ошириш учун адвокат томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлик бюросининг таъсис ҳужжати муассис томонидан тасдиқланадиган уставидир.


4-2-модда. Адвокатлик фирмаси

Адвокатлик фирмаси шерикликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлик фирмасининг таъсис ҳужжати унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган уставдир.

Адвокатлик фирмасини таъсис этган адвокатлар оддий ёзма шаклда ўзаро шериклик шартномасини тузади. Шериклик шартномасига кўра адвокатлар - шериклар барча шериклар номидан юридик ёрдам кўрсатиш учун ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириш мажбуриятини олади.

Шериклик шартномасида унинг амал қилиш муддати, шериклар томонидан қарорлар қабул қилиш тартиби, бошқарувчи шерикни сайлаш тартиби, унинг ваколатлари ва бошқа муҳим шартлар кўрсатилади.

Адвокатлик фирмасининг умумий ишларини юритиш, агар шериклик шартномасида бошқача қоида белгиланган бўлмаса, бошқарувчи шерик томонидан амалга оширилади. Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан юридик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги битим (шартнома) бошқарувчи шерик ёки барча шериклар номидан улар берган ишончномалар асосида бошқа шерик томонидан тузилади. Ишончномаларда ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар билан битимлар (шартномалар) ҳамда келишувлар тузаётган шерик ваколатларининг барча чекловлари кўрсатилади. Мазкур чекловлар ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар эътиборига етказилади.

Шериклик шартномаси қуйидаги ҳолларда тугатилади:

шериклик шартномасининг амал қилиш муддати тугаганда;

шериклардан бири бўлган адвокатнинг мақоми тугатилганда ёки тўхтатиб турилганда, агар шериклик шартномасида бошқа шериклар ўртасидаги муносабатларда ушбу шартноманинг кучда қолиши назарда тутилмаган бўлса;

шериклардан бирининг талабига кўра шериклик шартномаси бекор қилинганда, агар шериклик шартномасида бошқа шериклар ўртасидаги муносабатларда ушбу шартноманинг кучда қолиши назарда тутилмаган бўлса.

Шериклик шартномаси тугатилган пайтдан эътиборан унинг иштирокчилари ишонч билдирувчи шахсларга (ҳимоя остидаги шахсларга) ва учинчи шахсларга нисбатан ижро этилмаган умумий мажбуриятлар бўйича солидар тартибда жавобгар бўладилар.

Шериклардан бири шериклик шартномасидан чиққанда у ўзи юридик ёрдам кўрсатган барча ишлар бўйича иш юритишни бошқарувчи шерикка топшириши шарт.

Шериклик шартномасидан чиққан адвокат шериклик шартномасида ўзи иштирок этган даврда юзага келган умумий мажбуриятлар бўйича ишонч билдирувчи шахслар (ҳимоя остидаги шахслар) ва учинчи шахслар олдида жавобгар бўлади.

Шериклик шартномаси тугатилганидан кейин адвокатлар янги шериклик шартномасини тузишлари шарт. Агар янги шериклик шартномаси аввалги шериклик шартномасининг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан бир ой ичида тузилмаса, адвокатлик фирмаси адвокатлик тузилмасининг бошқа шаклига ўзгартирилиши ёки тугатилиши керак.

Шериклик шартномаси тугатилган пайтдан эътиборан ва адвокатлик фирмаси адвокатлик тузилмасининг бошқа шаклига ўзгартирилгунига қадар ёхуд янги шериклик шартномаси тузилгунига қадар адвокатлар юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида битимлар (шартномалар) тузишга ҳақли эмас.



4-3-модда. Адвокатлар ҳайъати

Адвокатлар ҳайъати аъзоликка асосланган ва адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун адвокатлар томонидан таъсис этилган, нотижорат ташкилоти бўлган адвокатлик тузилмасидир.

Адвокатлар ҳайъатининг таъсис ҳужжатлари унинг муассислари томонидан тасдиқланадиган устав ҳамда улар томонидан тузиладиган таъсис шартномасидир.

Таъсис шартномасида муассислар адвокатлар ҳайъатига ўз мол-мулкини ўтказиш шартларини, ушбу ҳайъат фаолиятида иштирок этиш тартибини, адвокатлар ҳайъатига янги аъзоларни қабул қилиш, муассисларнинг (аъзоларнинг) унинг таркибидан чиқиш тартиби ва шартларини, шунингдек адвокатлар ҳайъати муассисларининг (аъзоларининг) ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

Адвокатлар ҳайъатлари таркибидаги аъзолар сони ўнтадан кам бўлмаслиги керак.

Адвокатлар ҳайъатида юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимлар (шартномалар) адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузилади ҳамда адвокатлар ҳайъатининг ҳужжатларида рўйхатдан ўтказилади.

Адвокатлар ҳайъати юридик ёрдам кўрсатиш учун ўзи турган ердан ташқарида жойлашган филиаллар тузишга ҳақли.



4-4-модда. Юридик маслаҳатхона

Юридик маслаҳатхона - адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этиладиган ва юридик шахс мақомига эга бўлмаган адвокатлик тузилмаси.

Юридик маслаҳатхона тегишли ҳудудда юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжларни қаноатлантириш учун адвокатлик тузилмаларининг сони етарли бўлмаган ҳолларда Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилади.

Тегишли ҳудудлардаги юридик ёрдамга бўлган эҳтиёж Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Адвокатлар палатаси томонидан тасдиқланадиган нормативларга мувофиқ аниқланади.

Юридик маслаҳатхонанинг моддий-техника таъминоти тартиби ва шартлари, юридик маслаҳатхоналарга ишлаш учун юборилган адвокатлар учун хизмат хоналари ва зарурат бўлганда, тураржойлар ажратиш билан боғлиқ масалалар Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан туман, шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда ҳал қилинади.

Юридик маслаҳатхона Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан тасдиқланадиган низомга асосан иш олиб боради


5-модда. Адвокатлик фаолиятининг турлари


Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокат:

ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар ва тушунтиришлар, қонун ҳужжатлари юзасидан оғзаки ва ёзма маълумотномалар беради;

ҳуқуқий хусусиятдаги аризалар, шикоятлар ва бошқа ҳужжатларни тузади;

фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлари ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича судда, бошқа давлат органларида, жисмоний ва юридик шахслар олдида вакилликни амалга оширади;

жиноят ишлари бўйича суриштирув, дастлабки тергов босқичида ва судда ҳимоячи, жабрланувчининг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар сифатида иштирок этади;

тадбиркорлик фаолиятига юридик хизмат кўрсатади;

ҳакамлик судида ва халқаро тижорат арбитражида (судида) вакилликни амалга оширади.

Адвокат қонун ҳужжатларида ман этилмаган бошқа турдаги юридик ёрдам ҳам кўрсатиши мумкин.



6-модда. Адвокатнинг ҳуқуқлари


Адвокат касбий фаолиятини амалга ошириш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эгадир:

тегишли масалаларни ҳал этишга ваколатли бўлган барча органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг топшириғига мувофиқ уларнинг манфаатларини ифода этиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни ўтказиш ва ишни судда кўриб чиқиш чоғидаёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқаётган органларда ва бошқа ваколатли органларда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги иш ёки жиноят иши материалларига қўшиб қўйилиши, шунингдек албатта баҳоланиши лозим бўлган далилларни тўплаш ва тақдим этиш;

юридик ёрдам кўрсатилиши муносабати билан адвокат томонидан сўралган ҳужжатларни ёки уларнинг тасдиқланган кўчирма нусхаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериши шарт бўлган давлат органлари ва бошқа органлардан, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ҳамда бошқа ҳужжатларни сўраш ва олиш;

юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган масалалар юзасидан экспертларнинг ёзма хулосаларини, мутахассисларнинг маълумотнома-маслаҳатларини ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) розилиги билан сўраш ва олиш;

ишга тааллуқли ахборотдан хабардор бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш ва уларнинг розилиги билан ёзма тушунтириш олиш;

тўпланган материалларни ўз ишонч билдирувчи шахсининг (ҳимоя остидаги шахснинг) иши юзасидан иш юритаётган судларга ва бошқа давлат органларига тақдим этиш;

адвокат юридик ёрдам кўрсатаётган ишдаги зарур маълумотларни ёзиб олиш, материаллар ва ҳужжатлардан техника воситалари ёрдамида ўз ҳисобидан нусхалар олиш ёки уларда кўрсатилган маълумотларни ўзга шаклда қайд этиш, бунда давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сирни ўз ичига олган ахборотни ошкор қилмаслик;

ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан махфийлик таъминланадиган шароитларда (шу жумладан уни қамоқда сақлаб туриш даврида) учрашувларнинг сони, давомийлиги чекланмаган ҳолда ҳамда ишни юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг рухсатисиз холи учрашиш;

мансабдор шахсларга илтимосномалар билдириш ва шикоятлар бериш ҳамда улардан ёзма шаклда асослантирилган жавоблар олиш;

ўзининг касбга оид мулкий жавобгарлик хавфини суғурта қилиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳаракатларни бажариш.

Адвокат ёрдамчига ва стажёрга эга бўлиши мумкин.


7-модда. Адвокатнинг вазифалари

Адвокат ўз профессионал фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига, Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этиши, ўзига юридик ёрдам сўраб мурожаат этган жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунда назарда тутилган воситалари ҳамда усулларидан фойдаланиши шарт.

Адвокат муайян иш бўйича юридик ёрдам кўрсатаётган ёки илгари юридик ёрдам кўрсатган шахсларнинг манфаатлари ишни олиб боришни сўраб мурожаат этган шахснинг манфаатларига зид келган ёки у судья, прокурор, терговчи, суриштирув ўтказувчи шахс, жамоат айбловчиси, суд мажлиси котиби, эксперт, мутахассис, жабрланувчининг, фуқаровий даъвогарнинг, фуқаровий жавобгарнинг вакили, гувоҳ, холис, таржимон сифатида иштирок этган ҳолларда, шунингдек агар ишни дастлабки тергов қилишда ёхуд судда адвокатнинг қариндоши бўлган мансабдор шахс иштирок этган ёки иштирок этаётган бўлса, худди шунингдек агар адвокат бевосита ёки билвосита шу ишдан шахсан манфаатдор бўлса бу ҳол унга ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) манфаатларига зид келса, юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги топшириқни қабул қилишга ҳақли эмас.

Адвокат қайси шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш топшириғини олган бўлса, ўз ваколатларидан шу шахснинг зарарига фойдаланишга ҳамда гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини ҳимоя қилишдан бош тортишга, агар уни бундан ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзи озод этмаса, ҳақли эмас.

Адвокат ўз билимларини доимий равишда такомиллаштириб бориши, Адвокатлар палатаси томонидан белгиланган тартибда уч йилда камида бир марта касбий малакасини ошириши шарт.

Жиноят ишида иштирок этишга тайинланган адвокат фуқаронинг тўловга қобилиятсизлигини важ қилиб, унга юридик ёрдам кўрсатишдан бош тортишга ҳақли эмас.

Адвокат давлат хизматида туриши мумкин эмас.

Жисмоний ва юридик шахслар номидан пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан боғлиқ битимлар тайёрланганда ҳамда амалга оширилганда адвокатлар жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ ахборотни қонун хужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда махсус ваколатли давлат органига тақдим этади.


7-1-модда. Адвокат сўрови

Адвокат давлат органларига ва бошқа органларга, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мазкур органлар ҳамда ташкилотларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан адвокат томонидан малакали юридик ёрдам кўрсатилиши учун зарур бўлган маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатларни (бундан буён матнда ахборот (ҳужжатлар) деб юритилади) тақдим этиш масалалари юзасидан адвокат сўровини (бундан буён матнда адвокат сўрови деб юритилади) юборишга ҳақли.

Ахборот (ҳужжатлар), шунингдек уларнинг кўчирма нусхалари адвокат сўрови олинган санадан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай тақдим этилади.

Агар давлат органи ёки бошқа орган, шунингдек корхона, муассаса, ташкилот сўралаётган ахборотга (ҳужжатларга) эга бўлмаса, улар ўзларига мурожаат этган адвокатга сўров олинган санадан эътиборан беш кундан кечиктирмай бу ҳақда хабар қилиши шарт.

Адвокат томонидан иш бўйича суриштирув, дастлабки тергов ёки суд муҳокамаси бошланганлиги тўғрисида далолат берадиган ҳужжат тақдим этилган тақдирда, сўровда кўрсатилган ахборот (ҳужжатлар) уч иш кунидан кечиктирмай тақдим этилиши керак.

Адвокат сўровида қуйидагилар кўрсатилиши керак:

сўров юборилаётган давлат органи ёки бошқа органнинг, шунингдек корхона, муассаса, ташкилотнинг номи ва почта манзили;

адвокатнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

адвокат ўз фаолиятини амалга ошираётган адвокатлик тузилмасининг номи, почта манзили, электрон почта манзили, телефон рақами;

адвокат сўровини қайд этиш дафтаридаги адвокат сўровининг рўйхатдан ўтказилганлик рақами ва санаси;

адвокат кимнинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган бўлса, ўша жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ёки юридик шахснинг номи;

юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган ахборот (ҳужжатлар);

сўралаётган ахборотни (ҳужжатларни) бериш усули (почта жўнатмаси, факсимиль алоқа, электрон почта, бевосита топшириш);

адвокатнинг имзоси.

Адвокат сўровига ордернинг кўчирма нусхаси илова қилинади.

Агар адвокатлик сўровини олган субъект сўралаётган ахборотга (ҳужжатларга) эга бўлмаса ёки маълумотларда давлат сирлари ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир мавжуд бўлса, шунингдек адвокат сўровида ушбу модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида назарда тутилган ахборот (ҳужжатлар) кўрсатилмаган бўлса, сўралаётган ахборотни (ҳужжатларни)адвокатга тақдим этиш рад этилиши мумкин.

Адвокат сўрови адвокатлик сирига риоя этилган ҳолда ахборот тизими орқали электрон шаклда ҳам берилиши мумкин.

Адвокат сўровига ахборотни (ҳужжатларни) тақдим этмаслик,

ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд била туриб ёлғон ёки нотўғри ахборот (ҳужжатлар) тақдим этганлик қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.



8-модда. Адвокатнинг ёрдамчиси


Ўзбекистон Республикасининг юридик маълумотга эга бўлган фуқароси адвокат ёрдамчиси бўлиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлиги бекор қилинмаган ёки олиб ташланмаган шахс адвокат ёрдамчиси бўлиши мумкин эмас.

Адвокат ёрдамчиси адвокат ҳуқуқларига эга бўлмайди ҳамда унинг суриштирув, дастлабки тергов органларида, судларда ва бошқа давлат органларида ишларни олиб боришига йўл қўйилмайди.

Адвокат ёрдамчиси адвокат кўрсатмасига биноан адвокатнинг юритувидаги ишлар бўйича топшириқларни бажаради, адвокатнинг процессуал ваколатларига тааллуқли ишлар бундан мустасно.

Адвокат ёрдамчисининг меҳнат шароитлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган меҳнат шартномаси билан белгиланади.

Адвокат ёрдамчисининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда белгиланади.


8-1-модда. Адвокатнинг стажёри

Камида уч йиллик иш стажига эга бўлган адвокат стажёрга эга бўлишга ҳақли.

Олий юридик маълумотга эга бўлган шахс адвокатнинг стажёри бўлиши мумкин.

Белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс адвокатнинг стажёри бўлиши мумкин эмас.

Стажировка адвокатлик тузилмасида ўталади. Адвокатнинг стажёри ўз фаолиятини адвокат раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади. Стажёр адвокатлик фаолияти билан мустақил равишда шуғулланишга ҳақли эмас.

Адвокат стажёрининг меҳнат шароитлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган меҳнат шартномаси билан белгиланади.

Адвокат стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда белгиланади.


9-модда. Адвокатлик сири

Адвокат адвокатлик сирини сақлаши шарт. Адвокатлик сири жумласига ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) адвокатдан ёрдам сўраб мурожаат этганлигининг ўзи, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ёрдам сўраб мурожаат этган масалалар, адвокатдан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) олган маслаҳатлар, насиҳатлар ва тушунтиришларнинг моҳияти, адвокатнинг ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан ўтказган суҳбатида тўхтаб ўтилган барча масалалар киради.

Адвокат, адвокат ёрдамчиси, адвокат стажёри, адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари мансабдор шахслари ва техник ходимларининг адвокатлик сири бўлмиш маълумотларни ошкор этиши ва бу маълумотлардан ўз манфаатлари ёки учинчи шахслар манфаатлари йўлида фойдаланиши ман этилади.


9-1-модда. Юридик ёрдам кўрсатиш

тўғрисидаги битим (шартнома)

Адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилади.

Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан адвокат ўртасида ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзига ёки у тайинлаган шахсга юридик ёрдам кўрсатиш учун оддий ёзма шаклда тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномадан иборатдир.

Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани) бекор қилиш масалалари, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

Адвокат, унга қайси адлия органи томонидан гувоҳнома берилганлигидан қатъи назар, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани), унинг яшаш жойи ёки жойлашган еридан қатъи назар, тузишга ҳақли.

Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимнинг (шартноманинг) муҳим шартлари қуйидагилардан иборат:

топшириқни бажаришни ишончли вакил сифатида ўз зиммасига олган адвокат ҳақидаги, унинг гувоҳномаси реквизитлари кўрсатилган ҳолдаги маълумотлар;

топшириқнинг предмети;

кўрсатилаётган юридик ёрдам учун ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан ҳақ тўлаш шартлари;

адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш тартиби ва миқдори;

топшириқни бажаришни ўз зиммасига олган адвокат жавобгарлигининг миқдори ва хусусияти.

Адвокатнинг ҳақ олиши ҳамда топшириқни бажариши билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш ҳуқуқи ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) махсус рухсатисиз учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.

Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан адвокатга тўланадиган ҳақ ва адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимда (шартномада) назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тегишли адвокатлик тузилмасининг кассасига кирим қилиниши ёки адвокатлик тузилмасининг банкдаги ҳисобварағига ўтказилиши шарт.



10-модда. Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари


Адвокатнинг касбга оид ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати қонун билан қўриқланади. Адвокатларнинг касбий фаолиятига у ёки бу тарзда, бевосита ёки билвосита аралашиш, улар ўз касбий вазифаларини бажараётганда олган муайян маълумотларни ошкор этишни талаб қилиш, шунингдек адвокатлар бирлашмаларининг мансабдор шахсларидан ва техник ходимларидан худди шундай маълумотларни талаб қилиш тақиқланади. Адвокат ўз касбий вазифаларини бажараётганида унга бирор-бир шаклда таъсир ўтказишга йўл қўйилмайди.

Адвокат ҳимоячилик ёки вакиллик вазифасини бажараётганда ўзига маълум бўлиб қолган тафсилотлар юзасидан гувоҳ сифатида сўроқ қилиниши мумкин эмас. Адвокат касбий вазифаларини бажариши муносабати билан қўлга киритган адвокатлик далиллари (ашёлари), ҳужжатлари ундан олиб қўйилиши ёки кўздан кечирилиши мумкин эмас, шунингдек унинг ўзи юридик ёрдам кўрсатаётган шахслар билан учрашиш ҳуқуқи чекланиши мумкин эмас.

Адвокатнинг иш юзасидан ҳуқуқий нуқтаи назари хусусида суриштирув органи, терговчи, прокурор тақдимнома киритиши, шунингдек суд хусусий ажрим чиқариши мумкин эмас.

Адвокат қонунга мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатаётганлиги муносабати билан уни жиноий, моддий ва бошқа жавобгарликка тортиш ёки бундай жавобгарликни қўллаш билан қўрқитиш мумкин эмас.

Адвокатга нисбатан жиноий иш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори, вилоятлар, Тошкент шаҳар прокурорлари ва уларга тенглаштирилган прокурорлар томонидан қўзғатилиши мумкин.

Суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш тўғрисидаги айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда, судья бир сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини ва Адвокатлар палатасини ёзма шаклда хабардор қилади.


11-модда. Адвокатлар меҳнатига ҳақ тўлаш


Адвокатларнинг меҳнатига жисмоний ва юридик шахслардан уларга юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун адвокатлик тузилмаларига келиб тушган маблағлар ҳисобидан ҳақ тўланади. Маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, Адвокатлар палатасининг юридик маслаҳатхонани ташкил этган ҳудудий бошқармаси ушбу юридик маслаҳатхонанинг таъминоти учун қўшимча маблағлар ажратади.

Юридик хизмат учун ҳақ тўлаш адвокат билан ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида ихтиёрий равишда тузиладиган битим (шартнома) асосида амалга оширилади.

Шахс тўловга қобилиятсизлиги сабабли кўрсатилган юридик ёрдам ҳақини тўлашдан озод этилганда, жиноий ишни кўриб чиқишда қатнашишга тайинланган адвокатнинг юридик ёрдами учун ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда давлат ҳисобидан амалга оширилади.


12-модда. Адвокатнинг ижтимоий ҳуқуқлари


Адвокат давлат ижтимоий суғуртаси бўйича барча нафақа турларини олиш ҳуқуқидан фойдаланади. Давлат ижтимоий суғуртасига бадаллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган миқдорларда тўланади.

Адвокатга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар белгилаш ва тўлаш унинг давлат пенсия таъминоти ва жамғариб бориладиган пенсия таъминоти қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Адвокатлар бюролари, ҳайъатлари ва фирмалари маблағлари адвокатларнинг ижтимоий эҳтиёжларига ишлатиладиган фондлар тузишга ҳақлидирлар.



12-1-модда. Адвокатлар палатаси

Адвокатлар палатаси Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир.

Адвокатлар палатаси ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида тузиладиган ҳудудий бошқармалари билан биргаликда адвокатуранинг ягона ўзини ўзи бошқариш тизимини ташкил этади.

Адвокатлар палатаси адвокатларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида фаолият кўрсатади.

Адвокатлар палатасининг вазифалари ва ваколатларига ўхшаш вазифалар ва ваколатларга эга бўлган бошқа ташкилотларни ташкил этишга йўл қўйилмайди.

Адвокатлар Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, адвокатларнинг мажбуриятлари бўйича эса, Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари жавоб бермайди.

Адвокатлар палатаси ва унинг ҳудудий бошқармаларининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар учун мажбурийдир.

Адвокатлар палатаси фаолиятини молиялаштириш Адвокатлар палатаси Конференцияси томонидан миқдори белгиланадиган кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.


12-2-модда. Адвокатлар палатасининг

асосий вазифалари

Адвокатлар палатасининг асосий вазифалари қуйидагилардир:

адвокатлик тузилмаларининг фаолиятини марказлаштирилган ҳолда мувофиқлаштириб бориш;

адвокатурани янада ривожлантиришга, унинг обрў-эътиборини оширишга, адвокатуранинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ролини кучайтиришга кўмаклашиш;

аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот чора-тадбирларини амалга ошириш;

қонун ҳужжатларини ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, ҳуқуқий тартибга солишнинг яхлитлигини ҳамда қонун ҳужжатлари нормаларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар киритиш;

адвокатура фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, улар юзасидан таклифлар тайёрлаш;

адвокатларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

адвокатларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ таъқиблардан, чеклашлар ва тажовузлардан ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўриш;

адвокатларнинг касбий тайёргарлиги ва малака оширишини ташкил этиш;

аҳолининг юридик ёрдамдан фойдалана олиш имкониятини туманлар ва шаҳарларда юридик маслаҳатхоналар ташкил этиш орқали таъминлаш;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, адвокатларнинг ижобий иш тажрибасини оммалаштириш, адвокатлик тузилмаларига услубий ёрдам кўрсатиш;

адвокатлар томонидан қонун ҳужжатларига, Адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш.

Адвокатлар палатаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.



12-3-модда. Адвокатлар палатасининг

органлари ва мансабдор шахслари

Адвокатлар палатасининг Конференцияси палатанинг юқори органи бўлиб, камида беш йилда бир марта чақирилади.

Адвокатлар палатаси Бошқаруви Адвокатлар палатасининг адвокатлар орасидан сайланадиган ижро этувчи органи бўлиб, палатанинг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади.

Адвокатлар палатасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Адвокатлар палатасининг Конференцияси томонидан ушбу Конференция сайлаган Адвокатлар палатаси Бошқаруви аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланади. Айни бир шахс кетма-кет икки муддатдан ортиқ Адвокатлар палатасининг раиси бўлиши мумкин эмас.

Адвокатлар палатасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича мажлисларида иштирок этишга ва улар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришга ҳақлидир.

Адвокатлар палатасининг раисини лавозимидан муддатидан олдин чақириб олиш Адвокатлар палатасининг уставида белгиланган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Адвокатлар палатасининг Конференцияси томонидан амалга оширилади.

Адвокатлар палатасининг тафтиш комиссияси Адвокатлар палатасининг молиявий назорат органи ҳисобланади ва адвокатлар орасидан сайланади.



12-4-модда. Адвокатлар палатасининг

ҳудудий бошқармалари

Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари юридик шахс бўлиб, Адвокатлар палатаси томонидан тасдиқланадиган низомлар асосида фаолият кўрсатади.

Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари Адвокатлар палатасининг раиси томонидан лавозимга (тегишли ҳудудда фаолият кўрсатаётган адвокатлар орасидан) тайинланади ва лавозимдан озод қилинади.


13-модда. Малака комиссиялари

Зарур билимлар ва касбий малакаларга эга бўлган шахсларга лицензиялар бериш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, адвокат қасамёдини қабул қилиш мақсадида, шунингдек адвокатларга нисбатан интизомий иш юритишни олиб бориш учун Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида малака комиссиялари тузилади.

Малака комиссиялари ҳамкасблари орасида ҳурматга сазовор бўлган адвокатлар, шунингдек ҳуқуқ соҳасидаги тажрибали мутахассислар орасидан тоқ миқдорда Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг ва адлия органларининг қўшма қарорлари билан тузилади.

Малака комиссияларининг қарорлари устидан келтирилган апелляцияларни кўриб чиқиш, малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун Адвокатлар палатаси ҳузурида Олий малака комиссияси тузилади. Олий малака комиссиясининг таркиби ҳамкасблари орасида ҳурматга сазовор бўлган адвокатлар, шунингдек ҳуқуқ соҳасидаги тажрибали мутахассислар орасидан тоқ миқдорда Адвокатлар палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг қўшма қарори билан тасдиқланади.

Малака комиссияларининг ваколатлари ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Адвокатлар палатаси билан келишилган ҳолда белгиланади.


13-1-модда. Адвокат мақомини тўхтатиб туриш

Адвокат мақомини тўхтатиб туриш малака комиссияларининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат адвокатлик фаолияти билан бирга олиб бориб бўлмайдиган доимий лавозимга сайланганда ёки тайинланганда - иш даврига;

таълим муассасаларига, шу жумладан кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш курсларига ўқишга кирганда - ўқиш даврига, бироқ кўпи билан уч йилга;

ҳомиладорлик ва туғиш, уч ёшгача бўлган болани парвариш қилиш бўйича таътиллар берилганда - таътил вақтига;

адвокат ёки унинг яқин қариндоши оғир касаллиги сабабли вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик туфайли тиббий хулоса тақдим этилганда - соғайгунча, бироқ кўпи билан бир йилга;

адвокат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бедарак йўқолган деб топилганда - бедарак йўқолган деб топиш ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилингунига қадар бўлган даврга;

адвокат ҳарбий хизматга чақирилганда - ҳарбий хизматни ўташ даврига;

суд томонидан адвокатга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинганда, агар суднинг мазкур қарори ушбу Қонуннинг 16-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлмаса - тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари суд томонидан бекор қилингунига қадар ёки ўзгартирилгунига қадар бўлган даврга;

ушбу Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилганда - лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган даврга;

адвокатлик тузилмаси тугатилганда ёки адвокат ундан чиққанида - адвокат томонидан уч ойдан ошмайдиган муддатда амалга ошириладиган бошқа адвокатлик тузилмаси ташкил этилгунига қадар ёхуд мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига киргунига қадар бўлган даврга.

Адвокатда адвокатлик фаолияти билан бир ойдан ортиқ муддатга шуғулланишдан озод қилинишига қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асослар мавжуд бўлганда, адвокатнинг мақоми унинг аризасига биноан бундай озод қилиниш муддатига тўхтатиб турилиши мумкин.

Адвокатлик мақомини тўхтатиб туриш ҳақидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан адвокат мақоми тўхтатилади.

Адлия органи уч кунлик муддат ичида адвокатнинг гувоҳномасини олиб қўяди, бундан адвокат бедарак йўқолган деб топилган ҳол мустасно ва Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасига адвокат мақоми тўхтатилганлиги ҳақида хабар беради. Адвокат мақомининг тўхтатиб турилиши адвокатнинг Адвокатлар палатасига аъзолиги тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.

Адвокат мақомининг тўхтатиб турилиши мазкур адвокатга нисбатан қонунда назарда тутилган кафолатларнинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келади, ушбу Қонун 10-моддасининг учинчи-бешинчи қисмларида ҳамда "Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддаси тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган кафолатлар бундан мустасно.

Адвокат мақоми тўхтатиб турилган шахс адвокат мақомини тўхтатиб туриш учун асос бўлган ҳоллар тугатилганидан кейин уч ой ичида адвокатлик фаолиятига киришиши керак. Мазкур талабни бажармаслик лицензиянинг амал қилиши ушбу Қонуннинг 16-моддасида белгиланган тартибда тугатилишига сабаб бўлади.



14-модда. Адвокатнинг интизомий жавобгарлиги

Адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги унга нисбатан интизомий чоралар қўлланилишига сабаб бўлади.

Интизомий иш юритиш малака комиссияларининг ёки Олий малака комиссиясининг қарори билан қўзғатилади.

Интизомий иш юритишни кўзғатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сирининг ва адвокат қасамёдининг адвокат томонидан бузилиши Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ёки адлия органи томонидан аниқланганлиги;

адвокатнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан жисмоний ёки юридик шахсларнинг мурожаатлари;

суднинг адвокатга нисбатан чиқарган хусусий ажрими.

Интизомий иш юритишни кўриб чиқиш натижалари бўйича адвокатга нисбатан қуйидаги интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин:

огоҳлантириш (малака комиссиясининг қарорига асосан);

лицензиянинг амал қилишини олти ойгача муддатга тўхтатиб туриш (ушбу Қонун 15-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларига мувофиқ);

лицензиянинг амал қилишини тугатиш (ушбу Қонун 16-моддаси иккинчи қисмининг иккинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошиларига мувофиқ).

Малака комиссияси томонидан қарор қабул қилингунига қадар адвокат интизомий иш қўзғатилишига сабаб бўлган шикоятни берган шахс билан ярашув чораларини кўришга ҳақли.

Адвокатлик тузилмалари меҳнат интизомини бузганлик учун адвокатга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли.

Адвокатга нисбатан интизомий жазо ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижалари бўйича эса, адвокат томонидан ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан эътиборан икки йил ўтганидан кейин қўлланилиши мумкин эмас.


15-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокат жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда у айбланувчи тариқасида жалб этилган пайтдан бошлаб ва суд ҳукми қонуний кучга киргунига қадар ёхуд реабилитация қилувчи асосларга биноан уни жиноий жавобгарликдан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан амалга оширилади.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг ёки Адвокатлар палатасининг мурожаатига кўра маъмурий суднинг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармасининг ёки адлия органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган, шу жумладан адвокатнинг зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юклайдиган қарорлари адвокат томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда;

адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди бузилганлиги аниқланганда.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш муддати олти ойдан ошиши мумкин эмас, бундан адвокат жиноят ишида иштирок этишга айбланувчи тариқасида жалб қилинган ҳол мустасно. Лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни, агар улар бартараф этиб бўлмайдиган хусусиятга эга бўлмаса, кўрсатилган муддатда бартараф этиши шарт.

Адлия органининг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш адвокат мақомининг тўхтатиб турилишига сабаб бўлади.



16-модда. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш адвокатга гувоҳнома берган адлия органининг қарори билан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этганда, агар ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) буни талаб қилса, илгари қабул қилинган топшириқни бажариб бўлганидан сўнг;

агар лицензия бериш учун қарор қабул қилинганлиги тўғрисида билдиришнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида талабгор лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни адлия органига тақдим этмаган бўлса;

ушбу Қонун 3-1-моддасининг еттинчи қис мида ва 13-1-моддасининг олти нчи қисмида назарда тутилган талаблар бажарилмаганда;

адвокатнинг муомала лаёқати чекланганда ёки у белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш ҳақидаги айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

адвокат Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

адвокат вафот этганда ёки суднинг уни вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги қарори қонуний кучга кирганда.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш маъмурий суд томонидан Олий малака комиссиясининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаатига кўра қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

адвокат касбига доир вазифаларини олти ой мобайнида узрсиз сабабларга кўра бажармаганда;

лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда;

лицензия бериш тўғрисидаги қарорнинг ғайриқонуний эканлиги аниқланганда;

лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилган шахс лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилишига олиб келган ҳолатларни суд томонидан белгиланган муддатда бартараф этмаганда;

адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, Адвокатнинг касб этикаси қоидалари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам маъмурий суд томонидан амалга оширилиши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан амалга оширилади.

Адлия органининг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш адвокат мақомининг тугатилишига сабаб бўлади.

Адлия органи уч кунлик муддатда Адвокатлар палатасининг тегишли ҳудудий бошқармасини адвокатнинг мақоми тугатилганлиги ҳақида хабардор қилади, шунингдек тегишли хабарни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади. Адвокат мақомининг тугатилиши адвокатнинг Адвокатлар палатасига аъзолиги тугатилишига сабаб бўлади.

Ушбу модда иккинчи қисмининг бешинчи ва олтинчи хатбошиларида назарда тутилган асосларга кўра лицензиясининг амал қилиши тугатилган шахс уч йил мобайнида талабгор бўлишга ҳақли эмас.



17-модда. Адвокатура ва Ўзбекистон

Республикаси Адлия вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида:

адвокатлик тузилмалари ва Адвокатлар палатасининг фаолиятига кўмаклашади;

адвокатура фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни ўрганади;

адвокатларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

адвокатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек адвокатлик тузилмалари томонидан таъсис ҳужжатларига, уставда белгиланган фаолиятига, қайта рўйхатдан ўтиш ва тугатиш тартибига риоя этилишини назорат қилади;

адвокатлик гувоҳномасининг шаклини ва уни бериш тартибини тасдиқлайди;

ордер шаклини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамманинг фойдаланиши учун очиқ бўлган Адвокатларнинг йиғма давлат реестрини юритади. Адлия органлари адвокатларнинг тегишли давлат реестрларини юритади. Адвокатларнинг йиғма давлат реестрини ҳамда адвокатларнинг давлат реестрини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1997 йил, 2-сон, 48-модда