Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қимматли қоғозлар бозори /

Ўзбекистон Республикасининг 02.09.1993 й. 918-XII-сон "Қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.09.1993 й.

N 918-XII



ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР ВА

ФОНД БИРЖАСИ ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун қимматли қоғозлар чиқариш ва уларни муомалада юритиш, қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари фаолиятини бошқариб бориш шартлари ҳамда тартибини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришга кўмаклашиш мақсадида фонд биржалари ташкил этиш ва уларнинг фаолият юритиш принципларини белгилаб беради.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Қимматли қоғозлар тушунчаси

Қимматли қоғозлар - бу уларни чиқарган шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки заём муносабатларини тасдиқловчи, дивиденд ёки фоизлар кўринишида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш имкониятини назарда тутувчи пул ҳужжатларидир.

Қимматли қоғозлар - бланкалар, сертификатлар шаклида ёки счётлардаги ёзув шаклида бўлиши ва ҳисоб-китоб қилишда, шунингдек кредитлар бўйича гаров сифатида фойдаланилиши мумкин. Қимматли қоғозлар юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ихтиёрийлик асосида тарқатилади.

Қимматли қоғозларнинг қиймати, киритилган улуш шаклидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси пул бирлигида ифодаланади ҳамда тўланади, уларни чиқариш шартларида назарда тутилган ҳолларда эса, чет эл валютасида (акциялар бўйича-мулкни ўтказиб бериш йўли билан ҳам) тўланади.


2-модда. Қимматли қоғозлар ва

фонд биржаси тўғрисидаги қонунлар

Қимматли қоғозлар чиқариш ва уларни муомалада юритиш билан, қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб турилади.



3-модда. Қимматли қоғозларнинг турлари

Ушбу Қонун қимматли қоғозларнинг қуйидаги турларига амал қилади:

акциялар;

облигациялар;

хазина мажбуриятлари;

қимматли қоғозларнинг ҳосилалари;

депозит сертификатлари;

векселлар.

Акциялар, облигациялар ва хазина мажбуриятлари ва қимматли қоғозлар ҳосилаларининг реквизитлари - Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази томонидан, депозит сертификатлари ва векселларнинг реквизитлари эса Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.

Қимматли қоғозлар эгаси ёзилган ва тақдим этувчига тегишли бўлиши мумкин.

Қимматли қоғозлар, башарти мулкий ҳуқуқларни уларга эгалик қилиш билан боғлиқ ҳолда рўёбга чиқариш учун эмитент (қимматли қоғозни чиқарувчи) томонидан ёки унинг топшириғига биноан қимматли қоғозлар борасида касб фаолиятини амалга ошираётган ташкилот томонидан эгасининг номини қайд этиш зарур бўлсагина, эгаси ёзилган бўлади. Эгаси ёзилган қимматли қоғозни бир мулкдордан иккинчисига бериш ҳисоб-китобдаги тегишли ёзувларни ўзгартиришда акс этади.

Қимматли қоғозлар, башарти мулкий ҳуқуқларни уларга эгалик қилиш билан боғлиқ ҳолда рўёбга чиқариш учун қимматли қоғозни тақдим этишнинг ўзи етарли бўлса, тақдим этувчига тегишли ҳужжатлар деб ҳисобланади. Тақдим этувчига тегишли қимматли қоғозлар эркин муомалада бўлади.



4-модда. Акциялар

Акциялар-акциядорлик жамиятининг устав фондига юридик ёки жисмоний шахс муайян ҳисса қўшганидан гувоҳлик берувчи, акция эгасининг мазкур жамият мулкидаги иштирокини тасдиқловчи ҳамда унга дивиденд олиш ва, қоида тариқасида, ушбу жамиятни бошқаришда қатнашиш ҳуқуқини берувчи, амал қилиш муддати белгиланмаган қимматли қоғозлардир.

Акциялар чиқариш тўғрисидаги қарор акциядорлик жамияти муассислари томонидан ёки акциядорларнинг умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади. Сотиб олинган акция уни чиқарган акциядорлик жамиятига, башарти бу нарса жамият уставида назарда тутилмаган бўлса, сотилиши мумкин эмас.

Давлат корхонаси очиқ турдаги акциядорлик жамиятига айлантирилганда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси эмиссия рисоласини тасдиқлаши акциялар чиқариш тўғрисидаги қарор ҳисобланади.


5-модда. Облигациялар

Облигациялар уларнинг эгаси пул маблағлари берганлигини тасдиқ этувчи ва қимматли қоғозларнинг белгиланган қийматини уларда кўрсатилган муддатда, қайд этилган фоиз тўланган ҳолда, башарти облигацияларни чиқариш шартларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, қоплаш мажбуриятини тасдиқловчи қимматли қоғозлардир.

Қуйидаги турлардаги облигациялар чиқарилади:

республика ички заёмларининг ва маҳаллий заёмларнинг облигациялари;

корпоратив облигациялар.

Облигациялар оддий ва ютуқли, фоизли ва фоизсиз (мақсадли), эркин муомалада юритиладиган ёки муомала доираси чекланган қилиб чиқарилиши мумкин. Мақсадли облигацияларнинг реквизити облигациялар қайси моллар (хизматлар) учун чиқарилган бўлса, шу молларни (хизматларни) акс эттириши шарт.

Республика ички заёмларининг ва маҳаллий заёмларнинг облигациялари тақдим этувчига тегишли қилиб чиқарилади. Республика ички заёмларининг ва маҳаллий заёмларнинг облигацияларини чиқариш тўғрисидаги қарор тегишинча Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан қабул қилинади. Қарорда эмитент, облигацияларни чиқариш шартлари ва уларни тарқатиш тартиби белгилаб қўйилиши лозим.

Корпоратив облигацияларни фақат очиқ акциядорлик жамиятлари:

аудиторлик ташкилотининг хулосаси билан тасдиқланган ўз капиталининг облигациялар чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги миқдори доирасида;

кейинги уч йил мобайнида рентабеллик, тўлов қобилияти, молиявий барқарорлик ва ликвидликнинг аудиторлик ташкилоти хулосалари билан тасдиқланган ижобий кўрсаткичларига эга бўлса, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил рейтинг баҳосини олган бўлса;

инвесторларга тегишли маблағларнинг эмитентлар томонидан тўланиши бўйича тўлов агентлари вазифаларини бажарувчи тижорат банклари иштирокида чиқариши мумкин.

Корпоратив облигациялар ўз эгаларига очиқ акциядорлик жамиятини бошқаришда қатнашиш ҳуқуқини бермайди.

Корпоратив облигациялар чиқариш тўғрисидаги қарор очиқ акциядорлик жамиятининг бошқарув органи томонидан ушбу Қонунга ва жамият уставига мувофиқ қабул қилинади ҳамда баённома билан расмийлаштирилади.

Корпоратив облигацияларни эмитентларнинг устав фондини шакллантириш ва тўлдириш учун, шунингдек эмитентларнинг хўжалик фаолияти билан боғлиқ зарарларнинг ўрнини қоплаш учун чиқаришга йўл қўйилмайди.

Корпоратив облигациялар чиқаришга фақат очиқ акциядорлик жамиятининг устав фонди тўлиқ тўланганидан кейин йўл қўйилади.


6-модда. Хазина мажбуриятлари

Ўзбекистон Республикасининг хазина мажбуриятлари-уларнинг эгалари бюджетга пул маблағлари берганликларини тасдиқловчи ҳамда бу қимматли қоғозларга эгалик қилишнинг бутун муддати давомида қайд этилган даромадни олиш ҳуқуқини берувчи, тақдим этувчига тегишли қимматли қоғозлар туридир.

Хазина мажбуриятларининг қуйидаги турлари чиқарилади:

узоқ муддатли-беш йил ва ундан кўпроқ муддатга мўлжалланган хазина мажбуриятлари;

ўртача муддатли-бир йилдан беш йилгача муддатга мўлжалланган хазина мажбуриятлари;

қисқа муддатли-бир йилгача бўлган муддатга мўлжалланган хазина мажбуриятлари.

Узоқ муддатли ва ўртача муддатли хазина мажбуриятларини чиқариш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинади. Қисқа муддатли хазина мажбуриятларини чиқариш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан қабул қилинади. Хазина мажбуриятларини чиқариш тўғрисидаги қарорларда даромадларни ҳамда мажбурият қарзларини тўлаш шартлари белгилаб қўйилади.



7-модда. Депозит сертификатлари

Депозит сертификатлари-бу пул маблағлари-омонат қўйилгани тўғрисидаги, омонатчи ёки унинг ҳуқуқий ворисининг белгиланган муддат тугаганидан кейин омонат суммасини ва унга тегишли фоизларини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи банк-эмитент гувоҳномасидир.

Депозит сертификатларини чиқариш ва рўйхатдан ўтказиш қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Марказий банки белгилайди.



8-модда. Вексель

Вексель берувчининг ёхуд векселда кўрсатилган бошқа тўловчининг векселда назарда тутилган муддат келганда вексель эгасига муайян суммани тўлаш юзасидан қатъий мажбуриятини тасдиқловчи қимматли қоғоз вексель ҳисобланади.

Векселлар оддий ва юбориладиган векселларга бўлинади.

Вексель берувчининг муайян суммадаги пулни вексель олувчига ёхуд унинг буйруғига биноан белгиланган муддатда ёки унинг талабига кўра тўлашдан иборат қатъий мажбуриятини ўз ичига олган ҳужжат оддий вексель ҳисобланади.

Вексель олувчининг муайян суммадаги пулни олувчига ёхуд унинг буйруғига биноан бошқа шахсга белгиланган муддатда ёки унинг талабига кўра тўлаш тўғрисидаги қатъий буйруғидан иборат тўловчига қаратилган ҳужжат юбориладиган вексель ҳисобланади. Бунда тўловчи вексель бўйича белгиланган муддатда тўловларни амалга оширишга (акцептни бажаришга) розилигини ёзма равишда тасдиқлаши шарт.

Векселларни (хазина векселларидан ташқари) чиқариш, рўйхатдан ўтказиш қоидалари, уларни чиқариш ва муомалада юритиш шартларини Марказий банк Молия вазирлиги билан биргаликда белгилайди. Хазина векселларини чиқариш ва муомалада юритиш қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги белгилайди.

Вексель олувчининг солиқлар бўйича ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича бюджетдан қарзи мавжуд бўлса, у фақат пул маблағларини олиш тарзида векселнинг ҳақини тўлашга киришади ва бюджет билан ҳисоб-китоб қилиб бўлгач, қолган суммани бошқа ҳисоб-китобларга сарфлаши мумкин.


8-1-модда. Қимматли қоғозларнинг ҳосиллари

Қимматли қоғозларнинг ҳосиллари-даромади (зарари) бир ёки бир неча бозор кўрсаткичлари (индекслари) мазмунига боғлиқ бўлган қимматли қоғозлардир.

Қимматли қоғозларнинг ҳосиллари опционлар, фьючерслар ва бошқа молиявий воситалар тарзида чиқарилиши мумкин.

Опцион-шартнома бўлиб, унинг эгасига қимматли қоғозларни ёки товарларни битимда қайд этилган нархда белгиланган муддатда харид қилиш ҳуқуқини беради.

Фьючерс-қимматли қоғоз (шартнома) бўлиб, муайян қимматли қоғозлар ва бошқа молиявий воситаларни ёки товарларни шартномаларда белгилаб қўйилган нархда белгиланган келгуси санада харид қилиш ёки сотишдан иборат сўзсиз мажбуриятини тасдиқлайди.

Қимматли қоғозларнинг ҳосилаларини чиқариш ва уларни муомалада юритиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази белгилайди.


8-2-модда. Қимматли қоғозлар бўйича даъво муддатлари

Векселларга нисбатан қуйидаги махсус даъво муддатлари қўлланилади:

вексель сақловчининг индоссантларга қарши ва вексель берувчига қарши даъво талаблари бўйича-белгиланган муддатда амалга оширилган протест кунидан бошлаб ёки харажатсиз айлантириш олдиндан шарт қилиб қўйилган бўлса, тўлов муддати кунидан бошлаб бир йил;

индоссантларнинг бир-бирига ва вексель берувчига даъво талаблари бўйича-индоссант векселни тўлаган кундан бошлаб ёки унга даъво тақдим этилган кундан бошлаб олти ой.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилмаган ўзга ҳолларда, шунингдек бошқа қимматли қоғозлар бўйича даъво муддатлари қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади";



II БОБ. ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАРНИ ДАВЛАТ

РЎЙХАТИГА ОЛИШ, МУОМАЛАГА ЧИҚАРИШ

9-модда. Қимматли қоғозлар муомаласи

Қимматли қоғозлар муомаласи деганда уларни сотиб олиш ва сотиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган, қимматли қоғозлар эгаси алмашинувига олиб келадиган бошқа харажатлар тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қимматли қоғозларни (депозит сертификатлари ва векселлардан ташқари) муомалага чиқариш ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш қоидаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари давлат корхоналарини қайта тузиш орқали ташкил этилган очиқ турдаги акциядорлик жамиятлари акцияларининг бирламчи чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказадилар, шунингдек акцияларнинг белгиланган тартибда жойлаштирилишини таъминлайдилар.

Давлат рўйхатидан ўтказилган ҳамда белгиланган тартибда рўйхат рақамини олган қимматли қоғозларнигина Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилишига ва муомалада бўлишига йўл қўйилади. Давлат рўйхатидан ўтказилмаган қимматли қоғозларни чиқариш ғайриқонуний ҳисобланади ва бу ҳол эгасидан уларнинг ҳамда мазкур қимматли қоғозларни сотишдан тушган пулнинг олиб қўйилишига ва бой берилган наф қопланишини ҳисобга олган ҳолда инвесторларга қайтариб берилишига сабаб бўлади.

Бир ёки ўзаро шартномалар билан боғланган бир неча шахслар, шунингдек шуъба ёки бир-бирига қарам бўлган юридик шахслар гуруҳи банк акцияларининг йигирма фоизидан ортиғини сотиб олиши учун олдиндан Марказий банкнинг розилигини олиш талаб қилинади. Акция сотиб олувчиларнинг молиявий аҳволи қониқарсизлиги аниқланган тақдирда Марказий банк банк акцияларининг йигирма фоизидан ортиғи харид қилиниши ва сотилишига розилик бермаслик ҳуқуқига эга. Марказий банк илтимоснома олинган кундан бошлаб ўттиз кундан кечиктирмай ариза берувчига ўз қарори тўғрисида ёзма равишда хабар беради.

Шахс, бир гуруҳ шахслар томонидан акцияларнинг акциядорлик жамияти устав капиталида овоз бериш ҳуқуқи билан сотиб олиниши, бунда ана шу шахс, бир гуруҳ шахслар мазкур акцияларнинг ўттиз беш фоиздан кўпроғини тасарруф этиш ҳуқуқини оладиган бўлса, монополияга қарши давлат органининг олдиндан розилигини олиш талаб этилади. Бундай талаб акциядорлик жамиятини тузиш вақтида акциядорлик жамияти муассисларига татбиқ этилмайди, молия-саноат гуруҳлари, холдинг компанияларни ташкил этиш ҳоллари бундан мустасно.

Қимматли қоғозларнинг эгалари сақлаб туриш мақсадида уларни пул ўтказиш йўли билан ҳисобга олиш ва сотиш учун компьютерли телекоммуникацион тизими бор ихтисослашган муассасаларга (депозитарийларга) ишониб қўйишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси республика сарҳадларидан ташқаридаги эмитентлар чиқарган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага киришнинг умумий қоидалари, ҳар йилги меъёрлари ва тартибини белгилаб қўяди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро шартномалар бўйича мажбуриятларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқий тасарруфидаги эмитентлар томонидан чиқарилган ёки чиқарилиши мўлжалланган қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида муомалага чиқаришнинг ҳар йилги меъёрлари ва рухсат тартибини белгилаб қўйишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази республикада рўйхатга олинган қимматли қоғозлар Ягона давлат реестрини юритади ҳамда уларнинг рўйхатини мунтазам эълон қилиб боради.


10-модда. Қимматли қоғозлар эмиссияси

Қимматли қоғозлар эмиссияси уларнинг дастлабки эгалар (инвесторлар)-юридик ва жисмоний шахсларга сотиш йўли билан қимматли қоғозларни муомалага чиқаришдир.

Эмиссия:

акциядорлик жамияти таъсис этилиб, акциялар унинг муассислари ўртасида тарқатилган тақдирда;

акциядорлик жамиятининг дастлабки устав сармояси (фонди) миқдори акциялар чиқариш йўли билан кўпайтирилган тақдирда;

юридик шахслар, давлат томонидан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан заём сармояси облигациялар ва бошқа қарз мажбуриятлари чиқариш йўли билан жалб этилган тақдирда;

корхоналарнинг қарз мажбуриятлари ўзаро умумреспублика кўламида тўланган тақдирда амалга оширилади.


11-модда. Эмиссия тўғрисидаги ахборот

Қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитент, шунингдек у билан келишиб туриб қимматли қоғозларни дастлабки эгаларига сотувчи инвестиция муассасалари ҳар бир харидорга мазкур қоғозларни харид этиш пайтига қадар сотиш шартлари ва эмиссия рисоласи билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлашлари шарт. Эмиссия рисоласи эмитент тўғрисидаги, сотишга ҳавола этилаётган қимматли қоғозлар ҳақидаги, қимматли қоғозларни чиқариш таомили ва тартиби тўғрисидаги маълумотларни ҳамда харидорнинг мазкур қимматли қоғозларни сотиб олиш ёки бундай хариддан воз кечишга қарор қилишига таъсир этиши мумкин бўлган бошқа хил ахборотларни акс эттиради.

Эмиссия рисоласини чиқариш, уни рўйхатга олиш тартибини, шунингдек эмиссия рисоласида эълон қилиниши шарт бўлган маълумотлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази белгилайди. Банклар учун уларнинг эмиссия рисолаларида кўрсатилиши лозим бўлган маълумотлар рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган ҳолда белгилайди. Давлат корхоналари очиқ турдаги акциядорлик жамиятларига айлантирилганда эмиссия рисоласини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Очиқ ёзилиш учун ҳавола этилаётган қимматли қоғозларнинг эмиссия рисоласини эмитент қимматли қоғозларни Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказига тақдим этади ва у рўйхатга олинганидан сўнг, мазкур қимматли қоғозларга ёзилиш бошланишидан камида ўн кун олдин матбуотда, шунингдек фонд биржасининг махсус нашрида албатта эълон қилиниши керак. Очиқ сотувга ҳавола этилаётган акцияларни, корпоратив облигацияларни чиқаришга оид ахборотларда бирон бир ўзгаришлар юзага келган ҳолларда қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитент содир бўлган ўзгаришлар тўғрисидаги хабарни мазкур қимматли қоғозларга ёзилиш бошлангунга қадар эълон қилмоғи керак.

Акциялар, корпоратив облигацияларни чиқаришга оид эълон қилинган ахборотдаги маълумотлар нотўғрилиги аниқланган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бу қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитент мазкур ахборотга тегишли ўзгартишлар киритмагунига қадар уларнинг тарқатилишини тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга. Эмиссияни рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган эмиссия рисоласидаги маълумотларнинг тўғрилиги юзасидан жавобгарлик эмитентнинг зиммасида бўлади.

Қимматли қоғозларни чиқариш тўғрисидаги эмиссия рисолалари рўйхатга олинмагунга қадар қимматли қоғозларни оммавий ахборот воситаларида реклама қилиш тақиқланади.



12-модда. Эмитент фаолияти тўғрисидаги ахборот

Эмитент ўзининг молия-хўжалик аҳволи ва фаолиятининг натижалари тўғрисида жамоатчиликка ҳар йили камида бир марта ахборот бериши (матнда бундан кейин йиллик ҳисобот деб юритилади) шарт. Йиллик ҳисобот ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечикмай эълон қилинади ҳамда эгаси ёзилган акциядорларга ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказига юборилади. Йиллик ҳисоботда эмитент тўғрисида қуйидаги маълумотлар келтирилиши лозим:

унинг олдинги йилги хўжалик фаолияти натижалари тўғрисидаги ахборот;

молиявий аҳвол тўғрисидаги аудитор тасдиқлаган маълумотлар, шунингдек олдинги йилги баланслар ва аудиторлар ҳисоботи;

қўшимча чиқарилган қимматли қоғозлар тўғрисидаги асосий маълумотлар;

мансабдор шахслар шахсий таркибидаги ўзгартишларга доир асослар.

Эмитент ўз хўжалик фаолиятида содир бўлган ҳамда қимматли қоғозларнинг қийматига ёки улар юзасидан олинадиган даромадлар миқдорига таъсир этувчи ўзгаришлар, хусусан:

қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар ўзгарганлиги;

мансабдор шахслар шахсий таркибида ўзгаришлар рўй берганлиги;

эмитент банкдаги счётлар хатланганлиги;

соғломлаштириш (эмитентнинг молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган тадбирлар мажмуини амалга ошириш) ҳаракатлари бошланганлиги;

эмитент фаолияти қайта ташкил этилганлиги, тўхтатиб қўйилганлиги ёки тугатилганлиги;

фавқулодда ҳолатлар оқибатида эмитент мол-мулкининг камида 10 фоизи нобуд бўлганлиги;

эмитент мол-мулкининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда эмитентга нисбатан даъво қўзғатилганлиги;

устав фонди ёки эмитент асосий ва муомаладаги маблағлари қийматининг 50 фоизидан ортиқ миқдорида қарз олинганлиги ёки қимматли қоғозлар эмиссия қилинганлиги тўғрисидаги ахборотларни икки кун ичида Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказига юбориши, шунингдек мазкур ўзгаришларга оид ахборотларни эълон қилиши шарт.

Башарти эмитент акциялари фонд биржасида муомалада юрса, у мазкур ахборотларни биржага кўрсатилган муддатда тақдим этиши шарт.

Эмитент ўзи ҳақида қимматли қоғозлар қийматига ёки улар юзасидан олинадиган даромад миқдорига таъсир этиши мумкин бўлган нотўғри маълумотлар эълон қилинган тақдирда беш иш куни мобайнида бу маълумотларни тузатиш чораларини кўриши шарт.



13-модда. Эмиссия турлари

Қимматли қоғозларни муомалага чиқариш (эмиссия) қуйидаги кўринишларда амалга оширилиши мумкин:

оммавий эълон бермай, реклама кампанияси ўтказмай, эмиссия рисоласини эълон қилмай ва рўйхатдан ўтказмай олдиндан маълум чекланган миқдордаги инвесторлар орасида хусусий йўсинда тарқатиш;

эмиссия рисоласини эълон қилиб ва рўйхатдан ўтказиб, чекланмаган миқдордаги инвесторлар орасида очиқ савдо ўтказиш.

Юқорида айтиб ўтилган ҳолларнинг ҳар бирида Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази эмиссияларнинг энг кам ва энг кўп миқдорларини белгилаб беради.


14-модда. Эмиссия рисоласини рўйхатдан

ўтказганлик учун олинадиган йиғим

Қимматли қоғозлар эмиссия рисоласини рўйхатдан ўтказиш чоғида эмитент эмиссия номинал қийматининг 0,1 фоизи миқдорида республика бюджетига йиғим тўлайди.

Давлат корхоналари акциядорлар жамиятларига айлантирилганида бирламчи эмиссия рисоласини рўйхатдан ўтказганлик учун йиғим олинмайди.


15-модда. Қимматли қоғозларни тарқатиш

Эмитентлар ўзи чиқарган қимматли қоғозларни мустақил равишда, комиссион ҳақ эвазига банклар, инвестиция компаниялари, молия брокерлари орқали сотиш ҳуқуқига эга.

Инвестиция компаниялари эмитент билан келишиб туриб қимматли қоғозларни қуйидаги шартлар асосида чиқаришга кафил ва ташкилотчи бўлишлари мумкин:

кейинчалик бошқа инвесторларга сотиб юбориш мақсадида барча чиқарилган қимматли қоғозларни қайд этилган баҳосида ўз ҳисобларидан сотиб олишлари;

чиқарилган қимматли қоғозларнинг белгиланган муддат давомида чет инвесторлар ўртасида жойлаштиролмай қолган қисмларини ўз ҳисобларидан сотиб олишлари.

Инвестиция компаниялари ва молия брокерлари тарқатолмай қолган қисмларини сотиб олиш мажбуриятини зиммаларига олмай туриб қимматли қоғозларни эмитент номидан чет инвесторларга сотиш тўғрисида эмитент дистрибьютор шартномалари тузишлари мумкин.



16-модда. Қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари

Қимматли қоғозларнинг эмитентлари, инвесторлар ва инвестиция институтлари, шунингдек уларнинг бирлашмалари (уюшмалари), фонд биржалари (биржаларнинг фонд бўлимлари), қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ва мувофиқлаштириш бўйича давлат томонидан ваколат берилган органлар ва бошқалар) қимматли қоғозлар бозори қатнашчилари ҳисобланадилар.

Қимматли қоғозлар эмитенти-қимматли қоғозлар чиқарувчи ва улар юзасидан қимматли қоғозларнинг эгалари олдида ўз номидан мажбуриятли бўлган юридик шахс ёки давлат органидир.

Инвестор-қимматли қоғозларни ўз номидан ва ўз ҳисобидан сотиб олувчи жисмоний ёки юридик шахсдир. Ажнабий фуқаролар ва юридик шахслар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасидаги қимматли қоғозлар бозорида инвесторлар сифатида иштирок этишлари мумкин.

Инвестиция муассасаси Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ юзага келтирилган юридик шахс бўлиб, у қимматли қоғозлар билан боғлиқ фаолиятини асосий фаолияти тариқасида амалга оширади.



III. БОБ. ФОНД БИРЖАСИ

17-модда. Фонд биржаси тушунчаси

Фонд биржаси-қимматли қоғозлар бир маромда муомалада бўлишининг зарур шарт-шароитини таъминлаш, уларнинг бозор баҳосини (қимматли қоғозлар талаб ва таклифи ўртасидаги мувозанатни акс эттирувчи нархларни) белгилаш ва уларга доир маълумотларни керагича тарқатиш, қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг касб маҳоратини юқори даражада сақлаб бориш фаолиятининг алоҳида соҳаси бўлган ташкилотдир.

Фонд биржаси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, биржа уставига ҳамда қимматли қоғозлар билан боғлиқ юмушларни амалга оширишнинг ички қоидаларига амал қилади.



18-модда. Фонд биржаларини рўйхатга олиш

Фонд биржаси (мол-фонд биржасининг ёки валюта биржасининг фонд бўлими) Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади ва у қимматли қоғозларга доир биржа фаолияти юритиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасидан лицензия олади. Қимматли қоғозларга доир биржа фаолияти юритиш учун лицензия олмаган ташкилот бундай фаолият юритишга ҳақли эмас.

Мол-фонд биржалари ва валюта биржаларида мустақил таркибий бўлинма ва мустақил бўлмаган таркибий бўлинма сифатида фонд бўлимлари ташкил этилиши мумкин. Фонд бўлимлари ўз фаолиятларида фонд биржаларига қўйиладиган барча талабларга амал қилишлари лозим.



19-модда. Фонд биржасининг муассислари ва аъзолари

Қимматли қоғозлар муомаласини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи рухсатномаси (лицензияси) бўлган юридик ва жисмоний шахслар фонд биржаси муассислари бўлишлари мумкин.

Биржада брокерлик ўрнини сотиб олган юридик шахслар, шу жумладан, ажнабий юридик шахслар фонд биржасининг (мол-фонд биржаси ёки валюта биржаси фонд бўлимининг) аъзолари бўлишлари мумкин. Фонд биржаси аъзоларининг миқдорини биржанинг бошқарув органлари тартибга солиб туради. Давлат ҳокимияти ва бошқарув, прокуратура ва суд органлари, уларнинг мансабдор шахслари ва мутахассислари фонд биржаси аъзолари бўлишга ҳақли эмаслар.

Фонд биржаси аъзолари қимматли қоғозлар муомаласини амалга ошириш учун рухсатномаларга эга бўлган ҳамда инвестиция муассасаси мақомини олган тақдирдагина олди-сотдига қўйилади.

Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассислари қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи малака аттестатига эга бўлишлари шарт. Малака аттестатининг амал қилиш муддати-уч йил.


20-модда. Биржа амаллари қоидалари

Қимматли қоғозларга доир биржа амаллари қоидаларини биржанинг юқори бошқарув органи тасдиқлайди.

Қоидаларда қуйидагилар назарда тутилмоғи лозим:

мазкур биржада қимматли қоғозлар олди-сотдиси принциплари;

биржа олди-сотдиси қатнашчиларининг таркиби ҳамда уларга қўйиладиган талаблар мажмуи;

биржа йиғилишлари ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисидаги ахборот;

қимматли қоғозларни биржа олди-сотдисига чиқариш тартиби;

биржа битимларининг тавсифи;

мижозлар брокерларга берадиган топшириқ (буйруқ) турлари;

олди-сотдини ташкил этиш;

битимларни рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби;

қимматли қоғозлар муомаласини амалга оширишда фойдаланиладиган шартнома, ҳисобот, буюртма ва хабарномалар ҳамда биржага оид бошқа ҳужжатлар намуналари.



21-модда. Битимлар тузиш тартиби

Фонд биржаси биржа олди-сотдиси вақтида битимлар тузиш, битимларни текшириб кўриш ва улар юзасидан ҳисоб-китоб қилиш тартибини мустақил равишда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. Фонд биржалари ва фонд бўлимлари Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази билан келишиб олинган қимматли қоғозлар муомаласи битимларини амалга ошириш низомлари ва ички қоидалари, фонд биржаси устави (фонд бўлими тўғрисидаги Низом) асосида иш тутадилар. Фонд биржасида амалларни унинг аъзоларигина амалга ошира оладилар.


22-модда. Фонд биржасининг ҳуқуқлари

Фонд биржаси:

инвестиция муассасаларининг биржа аъзолигига киришида уларга қўйиладиган энг кам мажбурий талабларни белгилаш;

биржа олди-сотдиларида биржа аъзолари вакилларининг малакасига қўйиладиган талабларни белгилаш;

биржа йиғилишларини чақириш ва ўтказиш;

эксперт, малака ба баҳолаш комиссиялари, маслаҳат ва маълумотнома берувчи шўъбалар ҳамда уларнинг ишлаши учун керакли бошқа муассасалар, шунингдек қимматли қоғозлар муомаласини амалга оширишдаги низоларни ҳал қиладиган комиссиялар таъсис этиш;

ўз уставига мувофиқ биржа аъзолари тўлайдиган кириш ва жорий бадалларни белгилаб, ундириб олиш, битимларни рўйхатга олганлик, техник хизмат кўрсатганлик учун, доимий ва бир галги мижозлардан биржада бўлганлик учун ҳақ белгилаб, ундириб олиш, шунингдек биржа уставини, биржа йиғилишлари қоидаларини бузганлик, рўйхатдан ўтказиш йиғимини вақтида тўламаганлик учун жарима ва пенялар ундириб олиш;

биржа буклетлари, маълумотномалари, тўпламларини чоп этиш;

назорат қилувчи органларнинг қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақлидир.



23-модда. Фонд биржаси фаолиятини пул билан таъминлаш

Фонд биржаси фаолиятининг пул таъминоти:

фонд биржаси акциялари ва пайларини сотиш;

фонд биржасидаги брокерлик ўринларини сотиш;

фонд биржаси аъзолари мунтазам тўлаб борадиган аъзолик бадаллари;

биржа битимларини рўйхатдан ўтказишда олинадиган йиғимлар;

қимматли қоғозлар муомаласида воситачилик қилишда олинадиган комиссион ҳақ;

биржа уставида назарда тутилган ахборот хизмати ва бошқа хил хизматлар кўрсатишдан келадиган даромадлар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.



24-модда. Фонд биржаси фаолиятини тўхтатиш

Фонд биржаси фаолияти:

муассислар умумий йиғилишининг қарорига биноан;

суд органларининг қарорлари асосида;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда тўхтатилади.


IV БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

25-модда. Қимматли қоғозлар муомаласи

устидан назоратни йўлга қўйиш

Қимматли қоғозларни чиқарувчи эмитентларнинг мажбуриятлари юзасидан жавобгарлик уларнинг ўз зиммасида бўлади.

Инвестиция институтларига рухсатномани (лицензияни), қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларига малака аттестатини Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бериб, у фонд биржасидаги биржа фаолияти давомида қонун ҳужжатлари ва биржа устави талабларига риоя этилишини назорат қилиб боришга ваколатли бўлган ҳамда биржанинг бошқарув органлари мажлисларида (йиғилишларида) ва олди-сотдиларда ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга ўз вакилини тайинлайди. Қонун ҳужжатлари бузилган ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори ишлашини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази тартиббузарларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ санкциялар қўллаши мумкин.


26-модда. Давлат бошқарув органи ва ўзга органнинг

ғайриқонуний хатти-ҳаракат ва қарорлари устидан шикоят қилиш

Давлат бошқарув органи ва ўзга органнинг қимматли қоғозларни чиқариш ва муомалада юритишга тааллуқли ғайриқонуний хатти-ҳаракат ва қарорлари устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.



27-модда. Халқаро шартномалар

Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида қимматли қоғозлар ва фонд биржаси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларидагидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов




































Время: 0.1470
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск