ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Ўрта таълим. Мактабдан ташқари таълим /

Мактабдан ташқари муассаса тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.02.1995 й. 59-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 18 февралдаги

59-сон қарорига

2-ИЛОВА


Мактабдан ташқари муассаса тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мактабдан ташқари муассасалар халқ таълими тизимининг таркибий қисми ҳисобланадилар ва улар таълим-тарбия беришга мўлжаллангандир.


2. Мактабдан ташқари муассасалар ўз фаолиятларини Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, "Таълим тўғрисида"ги Қонунга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ амалга оширадилар.

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда "Баркамол авлод" болалар мактаблари фаолиятининг хусусиятлари Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида белгиланади.

3. Мазкур Низом асосида маҳаллий хусусиятларни, ўзининг йўналишини, ривожланиш истиқболларини, жамоа нормалари, қоидалари ва анъаналарини, моддий-техника аҳволини, молиявий таъминотини, фаолият дастурини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир мактабдан ташқари муассасада ўз устави ишлаб чиқилади. Устав халқ таълимининг юқори органи томонидан тасдиқланади. Уставда мактабдан ташқари муассасаларнинг мақсади ва асосий вазифалари ўзгартирилиши, ўқувчилар ва педагог ходимларнинг ҳуқуқлари чегараланиши мумкин эмас.



II. МАКТАБДАН ТАШҚАРИ МУАССАСАНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


1. Қуйидагилар мактабдан ташқари муассасанинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ҳар томонлама ривожланган ижодий шахсни шакллантириш мақсадида мактабдан ташқари таълим-тарбия соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш;

ўқувчилар ва аҳолининг турли ёшдаги гуруҳларининг эҳтиёжларига жавоб берувчи мактабдан ташқари таълим-тарбиянинг мазмунини мунтазам равишда янгилаб бориш;

қўшимча таълим ва тарбия бериш ҳамда ҳозирги ижтимоий-иқтисодий шароитдаги фаолиятга тайёрлаш учун синфдан ва мактабдан ташқари тарбиявий ишлар концепциясини амалга ошириш;

ўқувчиларни умуминсоний ва халқ қадриятларини акс эттирувчи маданият билан таништириш;

қўшимча билимлар, малакалар эгаллашга бўлган эҳтиёжларни шакллантириш ва уларни янада бойитиш;

ҳар бир ўсмирнинг табиий билимдонлик даражаси ва ижодий имкониятларини аниқлаш ва ривожлантириш;

ҳаётнинг олий қадрияти бўлган меҳнатга муносабатни тарбиялаш;

фаолиятнинг ҳар қандай шаклига ижодий ёндошиш эҳтиёжини тарбиялаш;

халқ таълимининг бошқа муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик муносабатлари механизмни такомиллаштириш;

тўгарак аъзоларини ўқитиш ва тарбиялаш сифатини яхшилаш мақсадида ўқув-тарбия ва услубий ишларни такомиллаштириш.


2. Мактабдан ташқари муассасалар ўзларига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширадилар:

6 ёшдан 18 ёшгача бўлган барча ўқувчиларга уларнинг ҳар томонлама камол топишлари ва бўш вақтларини ўзлари белгилашлари учун имконият яратадилар;

ўқувчилар шахсининг ривожланишига, уларнинг қизиқишларига, иқтидорига, мустақил билим олишларига ва ижодий меҳнат қилишларига шарт-шароитлар яратадилар;

маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда мактабдан ташқари муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга оид чора-тадбирларни амалга оширадилар;

эҳтиёжларни ўрганиш ва шунга мувофиқ болаларнинг қизиқишларига кўра шахснинг ижодий имкониятларини ривожлантиришга қаратилган тўгараклар очадилар;

фан асослари бўйича қўшимча таълим берадилар;

болаларга санъат ва ҳунармандчиликнинг анъанавий миллий турларини ўргатадилар;

ўқувчилар ўртасида қобилиятли, иқтидорли ёшларни аниқлаш, шахсни ривожлантиришга қаратилган мусобақаларни, сайёҳлик слётларини, техника ва бадиий ижодкорлик ҳамда бошқа тадбирларни уюштирадилар ва ўтказадилар.



III. ИШ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА УНИНГ АСОСЛАРИ


1. Болалар ва ўсмирларнинг шахсий эҳтиёжларини тўлароқ қондириш, уларнинг бўш вақтлари дам олишларини тўғри ташкил этиш мақсадида давлат органлари, мулкчиликнинг турли шаклларидаги корхоналар, жамоатчилик бирлашмалари ва фуқаролар маданий-эстетик, табиий-илмий, техник, тажриба-натуралистик, сайёҳлик-ўлкашунослик ва бошқа йўналишлардаги мактабдан ташқари муассасалар очишлари мумкин.


2. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ барча ҳудуд (шаҳарчалар, туман, шаҳар, вилоятлар ва республика)ларда мактабдан ташқари муассасалар тегишли ҳокимликнинг қарорига мувофиқ очилади. Мактабдан ташқари муассасалар мустақил равишда ёки илмий-ишлаб чиқариш, ўқув-тарбия комплекси (маркази) таркибида фаолият кўрсатиши мумкин.


3. Мактабдан ташқари муассаса жамоаси ўз фаолияти дастурини минтақани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўзига хослигини, мавжуд мактабдан ташқари муассасалар тармоғини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона фонди доирасида тузилмани ва штат жадвалини тасдиқлайди.


4. Мактабдан ташқари муассасаларда ўқувчиларнинг асосий фаолияти бир хил ёшдаги ва турли ёшдаги болалар гуруҳларида уларнинг қизиқишларига кўра (тўгарак, секция, студия, клуб, ансамбль, театр) амалга оширилади.

Машғулотлар бир ёки икки йўналишли дастурлар бўйича, шунингдек, комплекс, тўғридан-тўғри эстетика, театр, санъат, мусиқа, спорт йўналишлари бўйича ўтказилиши мумкин. Ногиронлиги бўлган болалар билан якка тартибда ишлар турар жойларда олиб борилади.

5. Бирлашманинг мақсади, вазифалари ва мазмуни Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган, педагогик жиҳатдан асосланган ҳолда раҳбарларни, ўқув режалари ва дастурлари, иш услублари, шакллари, воситаларини танлашга таянган ҳолда тузилади. Педагогик ходимлар Республика ўқув-методика марказининг ўқув-методика кенгаши томонидан тасдиқланадиган муаллифлик дастурларини ишлаб чиқишлари мумкин.


6. Маъмуриятнинг рухсати билан бирлашмалар ишда ўқувчилар билан бирга (асосий таркибдан ташқари) бўш жой бўлган тақдирда ва тўгарак раҳбарининг розилиги билан ота-оналар ҳам қатнашишлари мумкин.


7. Тўгараклар, дастурлар талабларига кўра, бутун ўқув йили учун ҳам, қисқароқ муддатларга ҳам ташкил этилади.

Тўгаракларни тўлдириш май ойида бошланади ва асосан мазкур йилнинг 10 сентябрида тамомланади. Тўгаракларнинг машғулотлари мазкур йилнинг 15 сентябридан кечикмай бошланади ва одатда кейинги йилнинг 25 майида тугалланади.

Бирлашмалар машғулотларининг жадвали ўқувчиларнинг меҳнат қилишлари ва дам олишлари учун қулайроқ кун тартибида, улар ёшининг ўзига хослигини, санитария-гигиена нормаларини ҳисобга олган ҳолда педагогик ходимларнинг тақдимномасига кўра маъмурият томонидан тузилади.

Тўгарак машғулотлари учун ҳамма ихтисосликларни ўқитишнинг биринчи йилида ҳафтада 4 академик соат, иккинчи ва кейинги йилларида ҳафтада 6 академик соат ажратилади. 6 ёшдаги болалар учун тўгарак машғулотлари 35 минут давомида ўтказилади ва у ҳафтада 2 академик соатдан ошмаслиги лозим.

Сайёҳлик-ўлкашунослик тўгараклари дастурининг ўзига хослиги сабабли, ўқувнинг биринчи, иккинчи йилида ва кейинги йилларида ҳафтада 6 академик соат кўзда тутилади.

Ўқувнинг биринчи йилида ҳар бир тўгаракдаги таркиб 10 нафар ўқувчидан кам бўлмаслиги лозим, ўқувнинг иккинчи ва кейинги йилларида эса ўқувчилар 8 нафардан кам бўлмаслиги керак.

Гуруҳдаги ўқувчиларнинг ушбу кўрсатилган сони минимал ҳисобланади. Мактабдан ташқари муассасалар тўгарак ихтисосининг ўзига хослигига кўра (вокал-чолғу ансамбли, хор, рақс ва бошқалар) тўгарак аъзолари сонини кўпайтириш, шунингдек, чуқурлаштирилган муаллифлик дастурлари мавжуд бўлганда, алоҳида истеъдодга эга бўлган болалар якка тартибда машғулотлар олиб бориши мумкин.


8. Таътил пайтларида мактабдан ташқари муассасалар ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари билан уларнинг бўш пайтларини мазмунли ўтказиш, дам олишларини тўлақонли амалга ошириш имкониятини туғдирган ҳолда болалар ва ўсмирларнинг турар жойларида, концерт сафарлари, походлар, экскурсиялар, саёҳатлар, мусобақалар (шу жумладан, ўқувчиларнинг Янги ўзгарувчан гуруҳлари билан тўгараклар, секциялар ва студияларда, шаҳардан ташқаридаги оромгоҳларга кунлик борган ҳолда), турли-туман оммавий ишларни ташкил қиладилар. Ёзги таътил пайтида мактабдан ташқари муассасалар ўқувчилар учун йўналишли (профилли) болалар оромгоҳлари ҳамда туристик базалар очишлари мумкин.


9. Мактабдан ташқари муассасалар бошқа ўқув-тарбия муассасалари негизида, корхоналар, ташкилотларда, болалар турар жойларида ўз шохобчаларини очишлари мумкин.


10. Ўқувчиларнинг қатъий қизиқишларини, иқтидорини, бўлажак касбларини ўзлари белгилашларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун мактабдан ташқари муассасалар илмий, тадқиқот, ижодий ташкилотлар билан биргаликда иш олиб боради. Бунинг учун тажриба, синов, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш мақсадида ўзларида ва уларнинг негизларида лабораториялар очадилар, ўқувчиларнинг илмий бирлашмаларини тузадилар.


11. Моддий-техника ва кадрлар билан таъминланган мактабдан ташқари муассасалар халқ таълими органлари билан келишган ҳолда шу муассасада ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини амалга оширишлари мумкин.


12. Халқ таълими муассасаларини аттестация ва аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ мактабдан ташқари муассаса сертификат олгандан кейин ўқувчиларга қўшимча таълим ёки касб даражаси берилганлиги ҳақида ҳужжат бериш ҳуқуқига эга бўлади.


13. Мактабдан ташқари муассаса минтақа, шаҳар, туман ва қишлоқларда бевосита ёки сиртқи оммавий тадбирлар: байрамлар, мусобақалар ва олимпиадаларни ташкил қилади. Ишлашнинг замонавий шаклларини излайди; ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ташаббус ва ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.


14. Республика, вилоят, шаҳар (туманларга бўлинган) мактабдан ташқари муассасалари мактабдан ташқари муассасаларнинг барча тоифадаги ходимларига методик ёрдам берадилар, ўқитувчилар малакасини ошириш институти билан биргаликда улар ходимларининг малакасини ошириш институти билан биргаликда улар ходимларининг малакасини оширишни таъминлайдилар, илғор тажриба асосида мактаблар ва мактабдан ташқари муассасаларнинг тўгараклари ва клубларининг дастурларини тузиш ва такомиллаштиришга оид ишларни олиб борадилар, услубий тавсияномалар ишлаб чиқадилар.



IV. МАКТАБДАН ТАШҚАРИ МУАССАСАЛАРНИНГ

ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАРИ


1. Мактабдан ташқари муассасаларнинг тарбияланувчилари шу жамоанинг аъзолари ҳисобланадилар ва ўқув-тарбиявий вазифаларни ҳал этишда, ўз бўш вақтларини ва дам олишларини тўғри ташкил этишда иштирок этадилар.

Мактабдан ташқари муассасаларнинг тарбияланувчилари қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

бир неча тўгаракларда (бирлашмаларда) қатнашиш, йил давомида бошқа тўгаракларга ўтиш;

мактабдан ташқари муассасанинг ўқув-ишлаб чиқариш ва маданий-спорт базаларидан фойдаланиш;

мактабдан ташқари муассасанинг жамоатчилик-бошқарув органларига сайлаш ва сайланиш;

меҳнат бирлашмаларининг, шу жумладан, хўжалик ҳисоби асосида ишловчи, хўжалик юритишнинг кооператив шаклларидаги гуруҳлар ишида иштирок этиш;

мактабдан ташқари муассасанинг иш фаолиятини яхшилашга оид таклифлар киритиш.


2. Мактабдан ташқари муассаса ўқувчиларининг бурчлари:

мактабдан ташқари муассасада ўрнатилган интизом ва тартибга риоя қилиш;

ўз ижодий қобилиятларини ривожлантириш, билимларни мустақил эгаллаш кўникмасини ҳосил қилиш ва уни амалда қўллаш.



V. ОТА-ОНАЛАР ЁКИ УЛАРНИНГ ЎРНИНИ БОСУВЧИ

ШАХСЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА БУРЧЛАРИ


Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

ўзларининг вояга етмаган болалари учун мактабдан ташқари муассасаларнинг турини ва қайси тилда ўқитилишини танлаш;

мактабдан ташқари муассаса маъмуриятидан мактабдан ташқари муассаса Уставига мувофиқ келувчи шарт-шароитлар яратишни, бола шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш;

мактабдан ташқари муассасани бошқаришда қатнашиш.

Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг бурчлари:

болаларнинг жисмоний ва руҳий соғлом бўлишлари ҳақида ғамхўрлик қилиш;

болаларнинг шахсига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларда меҳнатсеварлик, эзгулик, меҳр-шафқат каби фазилатларни, Ватанга, ўзидан катталарга ва она тилига, оилага, миллий, тарихий ва маданий қадриятларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни тарбиялаш;

қонунларга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялаш;

мактабдан ташқари муассасаларда болаларнинг машғулот ўтказишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

Ота-оналарга ўз фарзандларининг тарбияси ва баркамол ривожланишларида мактабдан ташқари муассаса маъмурияти билан тенг даражада жавобгарлик юкланади.



VI. МАКТАБДАН ТАШҚАРИ МУАССАСАЛАРНИНГ

ПЕДАГОГИК ХОДИМЛАРИ


1. Мактабдан ташқари муассасалар ходимларининг фаолиятлари ўқувчилар шахсини, уларнинг умумий маданий савиясини, фаоллигини, мустақиллигини, масъулиятлилигини, онгли, интизомли, уюшқоқ ва тартибли бўлишини ривожлантиришга йўналтирилгандир.


2. Мактабдан ташқари муассасаларда лавозимларни эгаллаш Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг 1994 йил 6 январдаги 1/1 (30-22)-сон қарорига мувофиқ ёзма ҳолда меҳнат шартномаси тузиш йўли билан амалга оширилади. Амалдаги меҳнат қонунчилигига мувофиқ тўгарак раҳбарларини даврий аттестациядан ўтказиб турадилар.

Мактабдан ташқари муассасаларнинг педагогик ходимлари қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

мактабдан ташқари муассасалар фаолиятининг муҳим масалалари муҳокамасида ва қарорлар қабул қилишда қатнашиш;

машғулотларни ўтказиш шаклларини, ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялашнинг воситалари ва усулларини мустақил белгилаш;

тўгарак машғулотларининг ўзига хос, ижодий дастурларини ишлаб чиқиш;

ўқув-тарбиявий ва услубий ишларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;

мактабдан ташқари муассасани бошқариш органларига сайлаш ва сайланиш.

Мактабдан ташқари муассасалар педагогик ходимларининг бурчлари:

ўқув-тарбиявий ишларни юқори малакада олиб бориш, таълим мазмунини такомиллаштириш, ўқитиш воситаларини яратишда фаол қатнашиш;

ўқувчилар билан ўзаро муносабат ўрнатиш, уларни давлатга садоқат руҳида тарбиялаш;

ўзининг назарий билим даражасини, педагогик маҳорати ва касб малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш;

ўқувчиларнинг ота-оналари ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан мунтазам равишда иш олиб бориш.



VII. МАКТАБДАН ТАШҚАРИ МУАССАСАЛАРНИ БОШҚАРИШ


1. Мактабдан ташқари муассасага халқ таълимининг юқори органи томонидан тайинланадиган директор раҳбарлик қилади.

Директор ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тегишли фуқаролар йиғинига тақдим этади.

2. Давлат мактабдан ташқари муассасаларини бошқариш ўқувчилар, педагогик жамоалар, ходимлар, ота-оналар ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари иштирокида амалга оширилади.


3. Мактабдан ташқари муассасада ўзини ўзи бошқаришнинг юқори органи жамоа йиғилиши (конференцияси) ҳисобланади.

Ҳал қилувчи овозга эга бўлган делегатлар педагогик ходимларнинг, ўрта ва юқори ёшдаги ўқувчиларнинг, шунингдек, ота-оналарнинг йиғилишларида сайланадилар.


4. Жамоанинг умумий йиғилиши:

тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан мактабдан ташқари муассаса Кенгашини, унинг раисини сайлайди, уларнинг ваколатлари муддатини белгилайди;

мактабдан ташқари муассасанинг Уставини қабул қилади ва унга зарур ўзгартиришлар киритади;

мактабдан ташқари муассасани такомиллаштириш ва ривожлантиришнинг, унинг фаолиятининг сифати ва самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишларини тасдиқлайди;

лозим бўлган тақдирда мактабдан ташқари муассаса ишининг турли йўналишлари бўйича вақтинчалик ёки доимий комиссияларни, кенгашларни тузади ва уларнинг ваколатларини белгилайди.

Жамоа умумий йиғилиши йилига камида бир марта ўтказилади.


5. Ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш ва такомиллаштириш, педагогик ходимларнинг касб маҳоратларини ва ижодий ўсишларини кучайтириш мақсадида мактабдан ташқари муассасада педагогик ходимларни бирлаштирувчи коллегиал орган - услубий Кенгаш тузилади.

Услубий Кенгаш фаолият мазмунининг турли намуналари (ўқув режалари, дастурлари, ўқув қўлланмалари) ни, унинг шакл ва усулларини, амалга ошириш йўлларини муҳокама қилади, педагогик ходимларнинг малакасини ошириш, уларнинг ижодий ташаббускорликларини ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ишларини ташкил этади, педагогик ходимлар касб фаолиятларининг барча бошқа масалаларини ҳал этиш юзасидан қарорлар қабул қилади.

Услубий Кенгаш ҳузурида иш йўналишлари бўйича шўъбалар, гуруҳлар тузилиши мумкин.

Услубий Кенгаш раиси педагогик ходимлар жамоаси томонидан сайланади.



VIII. МОЛИЯ ВА ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ,

МОДДИЙ-ТЕХНИКА БАЗАСИ


1. Мактабдан ташқари муассасаларни маблағ билан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, корхоналар, бирлашмалар, ташкилотлар, айрим шахслар ва қўшимча манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Мактабдан ташқари муассасалар аҳолига, корхоналарга ва ташкилотларга пулли хизматлар кўрсатишга, шунингдек, амалдаги қонунлар билан тақиқланмаган тижоратчилик фаолиятининг бошқа турлари билан шуғулланишга ҳақлидирлар.


2. Қуйидагилар мактабдан ташқари муассасалар маблағларининг қўшимча манбалари ҳисобланади:

ўқувчилар ва педагогик ходимлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар, буюмларни сотишдан тушган тушум;

асосий машғулотлардан ташқари пайтда бўш бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналарни ижарага беришдан тушган тушум;

ортиқча, эскирган ва яроқсиз ҳолга келган ускуналарни сотишдан тушган маблағлар;

мактабдан ташқари муассасалар ва бошқа идоралар педагогик ходимларининг малакасини оширишга оид хизматлар учун вазирликлар, корхоналар, муассасалардан, жамоат ташкилотларидан тушган маблағлар;

давлат, кооператив ва бошқа жамоатчилик корхоналари, муассасалари, ташкилотлари, шунингдек, алоҳида фуқаролар томонидан берилган ихтиёрий бадаллар, қимматбаҳо ашёлар;

бошқа тушумлар.

Турли манбалардан тушган барча маблағлар, меҳнат шартномасига биноан маълум ижрочиларга мўлжалланган пул маблағлари бундан мустасно, мактабдан ташқари муассаса даромадларини ташкил этади.


3. Қўшимча ишлар сираси (пулли хизматлар)га мактабдан ташқари муассаса фаолиятининг асосий дастурларидан ташқари кўрсатилган хизматлар ва ишлар киради.

Шартнома ишлари (пули хизматлар) асосан муайян мактабдан ташқари муассасанинг йўналиши (профили) бўйича бажарилади.

Пулли хизматлар болалар, ўсмирлар ва ёшлар билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағ билан таъминланадиган асосий бепул фаолияти ўрнига амалга оширилиши мумкин эмас (бу бепул хизмат кўрсатиш даражасини пасайтириш ҳисобига ҳам амалга оширилиши мумкин эмас). Бунда, агар асосий фаолиятнинг кўрсаткичлари пасайиб кетса, пулли хизматларни амалга ошириш мумкин эмас.

Бепул хизмат кўрсатиш даражасини назорат қилиш тегишли халқ таълими органи томонидан амалга оширилади.

Мактабдан ташқари муассаса, имкониятига, бўш турган бинолар, иш ўринлари, ускуналар ва бошқалар мавжудлигига қараб, йўналиши (профили) бўйича пулли хизматларни амалга ошириши мумкин.

Ўқувчилар билан асосий фаолиятдан бўш вақтларда шартномавий ишлар (пулли хизматлар кўрсатиш, маҳсулотларни сотиш, бинолар, иншоотлар, ускуналарни ижарага бериш) ни бажариш белгиланган тартибда прейскурант билан тасдиқланган тарифлар ва нархлар бўйича, улар бўлмаган тақдирда шартнома тарифлари ва нархлари бўйича амалга оширилади.

Юқори ташкилотлар томонидан ишлар (қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) га ва пулли хизматларга режаланган топшириқлар берилишига йўл қўйилмайди.

Мактабдан ташқари муассасага бюджетдан ажратиладиган маблағлар муассаса томонидан қўшимча ишлар (пулли хизматлар) амалга оширилган тақдирда ҳам камайтирилмайди, турли манбалардан тушаётган маблағлар эса муассасанинг умумий даромадига қўшилади ва унинг маблағлари фондини ташкил этади.


4. Мактабдан ташқари муассаса банк кредитидан фойдаланиши мумкин.

Қисқа муддатли кредит мактабдан ташқари муассасанинг моддий-техника базасини ривожлантиришга ва мустаҳкамлашга берилади. Узоқ муддатли кредит эса кейинчалик ишлаб чиқариш ва ижтимоий ривожлантириш фонди маблағлари ҳисобидан қопланган ҳолда ишлаб чиқариш (илмий-техника) ва ижтимоий ривожлантириш мақсадлари учун берилади.


5. Мактабдан ташқари муассасага меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлашда қуйидаги масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқи берилади:

ходимларга бирлашмаларда ўқувчиларнинг асосий таркибини сақлаб қолганлиги, ижодий ютуқларга эришганлиги, ўтказиладиган тадбирларнинг юқори савияда бўлганлиги, алоҳида муҳим ишларни бажарганлиги учун қўшимча ҳақлар белгилаш. Қўшимча иш ҳақларининг миқдори ҳар бир ходимнинг ўтказиладиган тадбирларнинг, бажариладиган ишлар (хизматлар) нинг юқори савияда бўлишига, даромаднинг кўпайишига қўшган шахсий ҳиссаси ҳисобга олинган ҳолда белгиланади;

кўрсатиб ўтилган устамалар иш сифати пасайганда, бирлашмалардаги ўқувчилар сони камайиб кетганда, ўқув режалари ва дастурлар бажарилмаган тақдирда камайтирилади ёки бутунлай бекор қилинади;

ходимларга ўриндошлик вазифасини бажарганликлари, хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтирганликлари ёки бажариладиган иш ҳажмини кўпайтирганликлари, шунингдек, ўзларининг асосий вазифалари билан бирга вақтинча ишламаётган ходимнинг ҳам вазифасини бажарганликлари учун ўриндошлик касблари (лавозимлари) рўйхатига мувофиқ қўшимча ҳақ тўлашни чегараламай иш ҳақи фонди (меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона фонди) доирасида ва шу фонд ҳисобидан қўшимча ҳақ белгилаш;

бўлинмаларнинг хўжалик фаолиятида меҳнатни ташкил этиш ва унга ҳақ тўлашнинг бригада, оила, ижара пудрати, жамоа, шартнома ва бошқа шаклларини, шунингдек, мосланувчи иш тартибларини қўллаш.

Педагогик ва бошқа ходимларни мукофотлаш шартлари ва тартиби уюшмаси ташкилоти билан келишилган ҳолда меҳнат жамоаси Кенгаши томонидан белгиланади.

Мактабдан ташқари муассаса раҳбарининг меҳнатдаги юқори ижодий ва ишлаб чиқариш муваффақиятларига эришганлиги учун устама ҳақ тўлаш ва мукофотларнинг миқдорлари юқори бошқарув органининг қарори билан тасдиқланади.


6. Муассаса ходимларини мукофотлашга, шунингдек, уларга турли қўшимча (устама) лар белгилашга ўқувчилар меҳнатига тўлаш учун ҳисоботларини юритиш тартиби амалдаги қонунчиликка биноан белгиланади.

Бухгалтерлик ҳисоби мактабдан ташқари муассаса кенгашининг хоҳишига кўра мустақил равишда ёки бошқа мактабдан ташқари муассасалар, ўқув юртлари, ташкилотлар ва корхоналар билан биргаликда, шунингдек, марказлаштирилган бухгалтерия орқали юритилиши мумкин.


7. Мактабдан ташқари муассасанинг ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган намунавий йўриқномага мувофиқ юритилади.


8. Мактабдан ташқари муассасанинг моддий-техника базаси ерларни, биноларни, лабораторияларни, кутубхоналарни, спорт иншоотларини, коммуникация, машина ва ускуналарни, транспорт воситаларини ҳамда таълим ва тарбияда фойдаланиладиган бошқа анжомларни ўз ичига олади.

Мактабдан ташқари муассасаларнинг моддий-техника базаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, шунингдек, маблағлар билан таъминлашнинг қўшимча манбалари ҳисобига ривожланади.


IX. ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИКДА ҚАТНАШИШ


Мактабдан ташқари муассасалар, қонунчилик билан белгиланган тартибда, мактабдан ташқари тарбия ва таълим муаммолари бўйича халқаро ҳамкорлик ишларида иштирок этадилар, халқ таълимининг юқори органлари билан келишган ҳолда чет мамлакатларнинг ўқув юртлари ва илмий муассасалари билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишга ҳақлидирлар.

Мактабдан ташқари муассасалар, Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган доирада, халқаро ташқи иқтисодий фаолиятда қатнашишлари мумкин ва валюта маблағларига эга бўлишга ҳақлидирлар.



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 2-сон, 5-модда















































Время: 0.1988
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск