Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш /

Давлат томонидан акциядорлик жамиятларини бошқаришда иштирок этиш махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.07.2007 й. 151-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 24 июлдаги

151-сон қарорига

ИЛОВА



Давлат томонидан акциядорлик

жамиятларини бошқаришда иштирок

этиш махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иқтисодиётнинг стратегик тармоқлари корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларини чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2007 йил 20 июлдаги ПФ-3897-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда давлат томонидан акциядорлик жамиятларини бошқаришда иштирок этиш махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланиш тартибини белгилайди.


2. Мамлакат иқтисодиёти учун устувор аҳамиятга эга бўлган стратегик тармоқларнинг хусусийлаштириладиган айрим акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи (кейинги ўринларда "олтин акция" деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарори асосига кўра жорий этилади.


3. "Олтин акция" устав капиталида давлат улуши бўлмаган ёки бу улуш 25 фоиздан ортиқ бўлмаган акциядорлик жамиятларида Давлат мулкини сотиш бўйича тендер савдолари ўтказувчи давлат комиссиясининг (кейинги ўринларда "Давлат тендер комиссияси" деб аталади) қарори билан белгиланадиган муддатга жорий этилади.

4. "Олтин акция" қийматга эга эмас, бировнинг ихтиёрига ўтказилмайди ва гаровга қўйилмайди, устав фонди миқдорини белгилашда ва дивидендларни қўшишда ҳисобга олинмайди.


5. "Олтин акция" акциядорлик жамияти кузатув кенгаши таркибига давлат вакилини (кейинги ўринларда давлат вакили деб аталади) тайинлаш йўли билан амалга оширилади.

Давлат вакили акциядорлик жамиятининг уставида белгиланган кузатув кенгаши таркибига лавозимига кўра киради.


6. Унга нисбатан "олтин акция" жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинган акциядорлик жамияти:

жамиятнинг уставига тегишли маълумотларни киритган ҳолда уни қайта рўйхатдан ўтказади, "олтин акция"дан фойдаланишни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда эса жамият уставидан ушбу маълумотларни чиқариб ташлайди;

илгари жамият уставида белгиланган кузатув кенгаши таркиби аъзолари сонини кўпайтиради.

7. Давлат айни бир пайтда "олтин акция"га ҳамда акциядорлик жамиятининг 25 фоиздан ортиқ бўлмаган оддий акцияларига эгалик қилган тақдирда давлат вакили "олтин акция" эгаси бўлган давлат ваколатларини амалга ошириш билан бир қаторда давлат активларининг ишончли бошқарувчиси ваколатларини ҳам бажаради.

Бунда давлат вакили акциядорлар реестрига икки марта - "олтин акция"дан фойдаланиш бўйича давлат вакили ҳамда тегишли давлат активларининг ишончли бошқарувчиси сифатида киритилади.

Давлат вакили давлат активларининг ишончли бошқарувчиси ваколатларини давлат активларини ишончли бошқариш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бажаради.



II. ДАВЛАТ ВАКИЛИНИ

ТАЙИНЛАШ ТАРТИБИ


8. Давлат вакили Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссияси томонидан тайинланади.


9. Давлат вакилини тайинлаш учун номзодлар бўйича таклиф Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмаси билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан киритилади.

10. Давлат вакили уч йил муддатга тайинланади.



III. ДАВЛАТ ВАКИЛИНИНГ

ВАКОЛАТЛАРИ ВА УЛАРНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


11. Давлат вакилига акциядорлик жамияти уставида белгиланган тартиб-қоидага мувофиқ акциядорлар умумий йиғилишлари ва кузатув кенгаши мажлислари ўтказилиши тўғрисида ёзма хабарнома, уларда кўриб чиқиш учун киритилаётган материаллар нусхалари, акциядорлик жамияти фаолияти тўғрисидаги бошқа ахборотлар, шу жумладан акциядорлик жамиятининг тижорат сири бўлган ахборотлар мажбурий тартибда тақдим этилади.


12. Давлат вакили:

акциядорлик жамиятининг уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки акциядорлик жамиятининг янги таҳрирдаги уставини тасдиқлаш;

акциядорлик жамиятининг устав фонди миқдорини ўзгартириш;

акциядорлик жамияти фаолиятининг асосий йўналишларини ўзгартириш;

акциядорлик жамияти томонидан йирик битимлар тузиш ҳамда аффилланган шахслар билан битимлар тузиш;

акциядорлик жамиятининг тижорат ва нотижорат ташкилотларида иштирок этиши;

акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш ва тугатиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш ҳамда оралиқ ва узил-кесил тугатиш балансларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар бўйича "вето" қўйиш ҳуқуқи билан, акциядорлар умумий йиғилишида ва кузатув кенгаши мажлисларида мажбурий тартибда иштирок этади.

Акциядорлик жамияти акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгашининг давлат вакили иштирокисиз қабул қилинган қарорлари, шунингдек давлат вакили томонидан "вето" қўйилган қарорлари ижро этилмайди.


13. Акциядорлар умумий йиғилиши ва кузатув кенгаши томонидан мазкур Низомнинг 12-бандида кўрсатилганлардан ташқари бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилинишида давлат вакили овоз беришда қатнашмайди, у айни бир вақтда акциядорлик жамиятининг оддий акциялари давлат пакетини бошқарган ҳоллар бундан мустасно.


14. Давлат вакили ўз ваколатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги таклифлари ҳисобга олинган ҳолда тайёрланган ёзма кўрсатмалари асосида амалга оширади.

15. Давлат вакили кузатув кенгаши мажлиси ёки акциядорлар умумий йиғилиши ўтказилиши санасигача камида 15 кундан кечикмай Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига кузатув кенгаши мажлиси ва акциядорлар умумий йиғилиши кун тартиби тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан зарурат бўлганда "вето" қўйиш ҳуқуқидан фойдаланишга доир таклифни юборади.

Ахборотга кўриб чиқилаётган масалалар бўйича давлат вакилининг нуқтаи назари асосли баён қилинган тушунтириш хати илова қилинади.


16. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат вакилидан тегишли ҳужжатлар олинган санадан бошлаб икки кун муддатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлигининг "вето" қўйиш ҳуқуқидан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосасини сўрайди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлиги Давлат активларини бошқариш агентлигидан тегишли ҳужжатлар олинган санадан бошлаб 3 кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига "вето" қўйиш ҳуқуқидан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги бўйича ўзининг аниқ нуқтаи назарини ёзма шаклда тақдим этади.

17. "Вето" қўйиш ҳуқуқидан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ёки Молия вазирлиги ўртасида келишмовчиликлар мавжуд бўлган тақдирда, Давлат активларини бошқариш агентлиги келишилган қарор қабул қилиниши учун кўрсатиб ўтилган вазирликларнинг вакиллари ва давлат вакили иштирокида келишув кенгаши ўтказади.

Агар келишув қарори ишлаб чиқилмаган бўлса Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги зарур материалларни, шу жумладан келишмовчиликлар рўйхати ва томонларнинг нуқтаи назарлари асосномаси билан биргаликда келишув кенгаши протоколини Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссиясига тақдим этади. Комиссия белгиланган тартибда узил-кесил қарор қабул қилади.

18. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат вакилидан тегишли ҳужжатлар олинган санадан бошлаб 15 кундан кечикмай қабул қилинган қарор тўғрисида давлат вакилига "вето" қўйиш ҳуқуқидан фойдаланишга нисбатан аниқ ёзма кўрсатмаларни юборади.


IV. ДАВЛАТ ВАКИЛИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Давлат вакили қуйидагиларга мажбур:

ўз ваколатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигидан олинган кўрсатмаларга қатъий мувофиқ равишда амалга ошириш;

ўзига юкланган ваколатларни амалга ошириш пайтида ўзига маълум бўлган маълумотларни учинчи шахсларга ошкор қилмаслик ва улардан давлатнинг, акциядорлик жамиятининг ва унинг акциядорларининг манфаатларига зид бўлган мақсадларда фойдаланмаслик;

Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўз ваколатларини амалга ошириш бўйича ўзи олган ҳар бир кўрсатманинг бажарилиши натижалари тўғрисида ёзма ахборот тақдим этиш.

20. Давлат активларини ишончли бошқариш ваколатлари айни бир вақтда бажарилган тақдирда давлат вакили Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу ваколатларнинг бажарилиши тўғрисида алоҳида ҳисоботлар тақдим этади.


V. ДАВЛАТ ВАКИЛИНИ ТАҚДИРЛАШ

ВА УНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


21. Давлат вакили Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ давлат маблағлари ҳисобига ҳар йиллик тақдирлаш пули олади.

22. Давлат вакили акциядорлик жамиятидан қўшимча тақдирлаш пули олишга ҳақли эмас, давлат активларини ишончли бошқариш ваколатлари айни бир вақтда бажарилган ҳолат бундан мустасно.


23. Давлат вакилининг фаолиятини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари корхоналари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан тайёрланган умумлаштирувчи материаллар асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмаси томонидан амалга оширилади.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


24. Давлат вакили ўзига юкланган ваколатлардан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли таркибий бўлинмаси билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан:

ўз вазифаларини бажармаганда ёки зарур тарзда бажармаганда;

узоқ вақт касал бўлиш, яшаш жойининг ўзгариши ёки бошқа сабаблар натижасида у ўз вазифаларини бундан кейин бажариши мумкин бўлмаганда озод қилинади.


25. Мазкур Низомда белгиланган талаблар бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 29-30-сон, 307-модда.














































Время: 0.1546
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск