Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Саноат /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.02.1995 й. 61-сон "Қора ва рангли металлар парчалари ва чиқитларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда топширишнинг алоҳида шарт-шароитлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.02.1995 й.

N 61



ҚОРА ВА РАНГЛИ МЕТАЛЛАР ПАРЧАЛАРИ

ВА ЧИҚИТЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ, САҚЛАШ

ҲАМДА ТОПШИРИШНИНГ АЛОҲИДА

ШАРТ-ШАРОИТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Қора ва рангли металлар парчалари ва чиқитларини қайта ишловчи қувватларни иш билан тўлиқ таъминлаш, шунингдек, республика хом ашё ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қора ва рангли металлар парчалари ва чиқитларини тайёрлаш, сақлаш ҳамда топширишнинг алоҳида шарт-шароитлари тўғрисидаги илова қилинаётган Низом тасдиқлансин.


2. Вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар ва уюшмалар "Ўзметкомбинат" акционерлик ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда "Ўзиккиламчиранглиметалл" акционерлик бирлашмаси билан шартнома тузишда мазкур Низомга қатъий амал қилсинлар.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Муталов



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 2-сон, 6-модда






Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 21 февралдаги

61-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Қора ва рангли металлар парчалари ва чиқитларини

тайёрлаш, сақлаш ҳамда топширишнинг

алоҳида шарт-шароитлари тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом қора ва рангли металлар парчалари ва чиқитларини* тайёрлаш (топшириш), сақлаш ҳамда етказиб беришнинг ҳусусиятларини тартибга солади ва барча вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, бирлашмалар, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.



I. ТЕМИР-ТЕРСАК ТАЙЁРЛАШ (ТОПШИРИШ)

ТОПШИРИҚЛАРИНИ ТАЙЁРЛАШ, ТАСДИҚЛАШ,

ТАҚСИМЛАШ ВА ШАРТНОМАЛАР ТУЗИШ


1. Темир-терсак тайёрлаш (топшириш) топшириқлари "Ўзметалкомбинат" акционерлик ишлаб чиқариш бирлашмаси ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" акционерлик бирлашмаси томонидан "Ўзистиқболстат" давлат қўмитаси билан биргаликда вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмаларнинг таклифлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.


2. Тасарруфида, мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ишлаб чиқариш бирлашмаси, корхоналар ва ташкилотлар**-темир-терсак топширувчилар бўлган вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар темир-терсак тайёрлаш (топшириш) топшириғи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқлангандан кейин икки ҳафта муддатда темир-терсак турларини кўрсатган ҳолда темир-терсак тайёрлаш (топшириш)нинг бир йиллик белгиланган топшириқларини ўзларига қарашли темир-терсак топширувчиларга етказадилар, топшириқ берилмаган ҳолларда тўпланиб қолган барча темир-терсак "Ўзметкомбинат" акционерлик ишлаб чиқариш бирлашмаси ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" акционерлик бирлашмасига*** топширилиши керак.


3. Ана шу муддатда вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар тасдиқланган топшириқлар асосида ўзларига қарашли темир-терсак топширувчиларга, тайёрловчиларнинг реквизитларини кўрсатган ҳолда, темир-терсак топширишга шартномалар тузиш ва шаҳарлар, туманлар, вилоятлар (Қорақалпоғистон Республикаси) бўйича умумлаштириш учун темир-терсак тайёрлаш (топшириш) топшириқларини етказадилар.


4. Темир-терсак тайёрлаш (топшириш) ҳажмлари бўйича тасдиқланган топшириқларга ўзгартиришлар киритишга йўл қўйилмайди. Қора, рангли металлар парчалари ва чиқитларини тайёрлаш ва қайта ишлашга топшириш масалаларини назорат қилувчи ҳамда мувофиқлаштирувчи Республика комиссияси топшириққа истисно ҳолларда темир-терсак топшириш ва етказиб бериш назарда тутилган йил чораги (ойи) бошланишидан камида 30 кун олдин тузатишлар киритиши мумкин.


5. Темир-терсакдан ўз қуйиш ишлаб чиқаришларида фойдаланиш тўғрисидаги таклифлар темир-терсак топширувчилар томонидан тайёрловчилари билан биргаликда киритилади ва қора, рангли металлар парчалари ва чиқитларини тайёрлаш ва қайта ишлашга топшириш масалаларини назорат қилувчи ҳамда мувофиқлаштирувчи Республика комиссиясининг розилигига кўра амалга оширилади. бунда ўз қуйиш ишлаб чиқаришида фойдаланилган темир-терсак тайёрлаш (топшириш) топшириғи бажарилиши ҳисоботга киритилади.



II. ТЕМИР-ТЕРСАК ТОПШИРИШ ВА ЕТКАЗИБ

БЕРИШ МИҚДОРИ, СИФАТИ ВА ТАРТИБИ


6. Тайёрловчиларнинг вакиллари истисносиз барча темир-терсак топширувчиларда ва уларни ишлатувчиларда темир-терсакни йиғиш, сақлаш, фойдаланиш ҳамда юклаб жўнатишнинг тўғрилигини текширишга ҳақлидирлар.


7. Темир-терсак топширувчида тўпланиб қолган барча темир-терсак тайёрловчига албатта топширилиши керак. Топшириқлардан ортиқча топширилиши ва етказиб берилиши лозим бўлган темир-терсак турларини ва юклаб жўнатиш муддатларини томонлар шартномаларда белгилайдилар.


8. Темир-терсак топширувчилар темир-терсакни тўплаш, сақлаш ва юклаб жўнатишни ўз кучлари ҳамда воситалари билан амалга оширишга мажбурдирлар. Темир-терсакни юклаб жўнатиш муддатлари ҳар ойда, тенг улушларда белгиланади. Темир-терсакни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига юклаб жўнатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқланган бир марталик квоталар бўйича амалга оширилади.


9. Темир-терсак топширувчи корхоналар ҳамда ташкилотларда шартнома шартларининг бузилиши ҳоллари, шунингдек, темир-терсакни йўқ қилиш ва ишдан чиқариш, темир-терсакни ахлатхонага чиқариб ташлаш ва бу мақсадлар учун бириктирилмаган корхоналар ҳамда ташкилотлар ҳудудларига олиб чиқиб кетиш ҳоллари аниқланганда тайёрловчининг вакили темир-терсак топширувчининг вакили билан биргаликда далолатнома тузади. Бу далолатнома мазкур Низомда назарда тутилган иқтисодий санкцияларни қўллаш учун асос бўлади.


10. Темир-терсакнинг жўнатиш вақтида белгиланадиган миқдори (оғирлиги) ва сортаментига темир-терсак тайёрловчи томонидан қабул қилгандан сўнг қабул қилиш-топшириш далолатномалари ҳисоб-китоблар ва тайёрлов топшириғининг бажарилишини ҳисобга олиш учун асос бўлади.



III. ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


11. Тайёрловчига автомобиль транспортида етказиб бериладиган темир-терсак қабул қилиш-топшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилган ҳолда қабул қилиш-топшириш жойида темир-терсакнинг миқдори ва сифати бўйича қабул қилинади. Бунда тайёрловчига етказиб берилаётган темир-терсакка уч нусхада қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилади, улардан иккитаси тайёрловчида қолади, учинчиси темир-терсак топширувчига берилади.


12. Темир-терсак тайёрловчининг цехлари ва участкаларидан машинасозликдаги қуюв ишлаб чиқариши учун бошқа истеъмолчига юклаб жўнатилганда қабул қилиш-топшириш далолатномаси темир-терсакни қабул қилиб олиш жойида икки нусхада (тайёрловчига ва истеъмолчига бир нусхадан) тузилади.


13. Темир-терсак темир йўл транспорти билан жўнатилганда қабул қилиш-топшириш далолатномаси ҳар бир темир йўл вагонига, контейнерга вагон, контейнер олувчига етиб келган вақтдан бошлаб икки суткадан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида уч нусхада тузилади, бунда вагон, контейнер етиб келган кун ҳисоботга олинмайди. Агар тайёрловчида келиб тушган темир-терсакнинг сифати бўйича эътироз пайдо бўлса, у мазкур темир-терсак топширувчининг вакилини чақиради.


14. Портловчи ва радиоактив темир-терсакнинг хавфсиз ҳолати учун жавобгарлик қабул қилиш-топшириш далолатномаси ёки уни жавобгарли сақлашга қабул қилиш тўғрисидаги далолатнома тузилгунга қадар темир-терсакни топширувчи зиммасида, далолатнома тузилгандан кейин тайёрловчи зиммасида бўлади.



IV. ҲИСОБ-КИТОБЛАР ТАРТИБИ


15. Тайёрловчилар темир-терсакни қабул қиладилар ва темир-терсак топширувчиларга топширилган темир-терсакнинг 10 фоизи миқдорида металл прокат берадилар. Бунда темир-терсак топширувчилар билан, улар рози бўлсалар, тайёрловчи ишлаб чиқарадиган бошқа ассортиментдаги маҳсулот билан ҳисоб-китоб қилишга рухсат этилади, бу ҳақда шартноманинг таркибий қисми ҳисобланадиган қўшимча битим расмийлаштирилади.



V. ТОМОНЛАРНИНГ МУЛКИЙ ЖАВОБГАРЛИГИ


16. Мазкур Низомнинг 7, 8, 9-бандларида назарда тутилган талаблар бузилганлиги учун темир-терсак топширувчидан далолатномада кўрсатилган темир-терсак қийматининг 100 фоизи миқдорида жарима ундирилади. Жарима суммаси бир ой муддатда темир-терсак топшируви фаолият кўрсатаётган тумандаги банк томонидан тайёрловчининг фаолияти амалга оширилаётган тумандаги ҳисоб-китоб счётига ўтказилади. Бу сумманинг 60 фоизи маҳаллий бюджетга ўтказилади, 40 фоизи эса тайёрловчининг ихтиёрида қолади. Бу суммалар ўз вақтида ўтказилмаган ҳолда уларни банк тайёрловчининг далолатномага илова қилинадиган счёти асосида айбдорлардан сўзсиз ундириб олади.


17. Иқтисодий санкцияларнинг қўлланилиши топшириқда назарда тутилган темир-терсакни мажбурий топширишдан озод қилмайди.


18. Темир-терсак йўқ қилинганлиги, ахлатхонага чиқариб ташланганлиги, темир-терсак топширувчига бириктирилмаган ҳудудларга олиб чиқиб кетилганлиги учун темир-терсак топшируви корхона, ташкилот раҳбарига тайёрловчининг ваколати вакиллари томонидан темир-терсак топширувчининг вакили билан биргаликда тузилган далолатномалар асосида лавозим маошининг 3 баравари миқдорида пул ёзилади. Мансабдор шахсдан унинг бўйнига ёзилган пулни ушлаб қолиш корхона бухгалтерияси томонидан сўзсиз амалга оширилади ва бу пул маҳаллий бюджетга ўтказилади.


19. Шартнома мажбуриятларини бажармаганлик, шунингдек, темир-терсакни қабул қилишдан асоссиз бош тортганлик учун тайёрловчи темир-терсак топширувчига қабул қилинмаган темир-терсак қийматининг 100 фоизи миқдорида ёки етказиб берилмаган прокат туфайли етказилган зарар миқдорида жарима тўлайди, Темир-терсак топшируви томонидан тайёрловчи билан биргаликда тузилган ва тайёрловчига тақдим этилган икки томонлама далолатнома жаримани тўлаш учун асос ҳисобланади. Тайёрловчининг далолатномани тузишда қатнашишдан бош тортишга йўл қўйилмайди.


20. Темир-терсак топширувчилар тайёрловчи вакилининг иқтисодий санкцияларни қўллаш бўйича хатти-ҳаракатлари устидан икки ҳафта муддатда "Ўзметкомбинат" акционерлик ишлаб чиқариш бирлашмасига ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" акционерлик бирлашмасига, уларнинг қарорларидан рози бўлмаганларида эса хўжалик судига шикоят қилишга ҳақлидирлар.


21. Йилнинг ҳисобот чораги учун темир-терсак тайёрлаш (топшириш) топшириғи бажарилмаган тақдирда тайёрловчи ажратилган лимитлар бўйича металл маҳсулоти юклаб жўнатишни тўхтатади.


-------------------------

* Кейинги ўринларда матнда "қора ва рангли металлар парчалари ва чиқитлари" сўзлари ўрнига "темир-терсак" сўзлари қўлланилади

** Кейинги ўринларда матнда "мулкчилик шаклларидан қатъи назар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, корхоналар ва ташкилотлар - темир-терсак топширувчилар" сўзлари ўрнига "темир-терсак топширувчи" сўзлари қўлланилади.

*** Кейинги ўринларда матнда "Ўзметкомбинат" акционерлик ишлаб чиқариш бирлашмаси ва "Ўзиккиламчиранглиметалл" акционерлик бирлашмаси сўзлари ўрнига "тайёрловчи"сўзи қўлланилади.



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 2-сон, 6-модда































Время: 0.1337
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск