Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим / Умумий масалалар /

Оилавий болалар уйлари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 31.07.2007 й. 158-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 31 июлдаги

158-сон қарорига

ИЛОВА



Оилавий болалар уйлари тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом оилавий болалар уйининг мақомини, уларни ташкил этиш, оилавий болалар уйига болаларни қабул қилиш тартибини, тарбияловчи ота-оналарнинг ҳамда ана шундай уйларга тарбиялаш учун берилган болаларнинг (кейинги ўринларда тарбияланувчи болалар деб аталади) ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.


2. Оилавий болалар уйи ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун тарбия муассасаси ҳисобланади.


3. Ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тарбиялаш, ўқитиш, соғломлаштириш, ақлий, психологик ва жисмоний ривожлантириш, уларни ижтимоий мослаштириш ва муҳофаза қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, улар учун оиладагига яқин зарур шароитлар вужудга келтириш оилавий болалар уйининг асосий вазифалари ҳисобланади.


4. Васийлик ва ҳомийлик органлари оилавий болалар уйлари ташкил этишга кўмаклашадилар, тарбияловчи ота-оналарга зарур ташкилий ёрдам кўрсатадилар ҳамда ҳар ойда камида бир марта тарбияланувчи болалар турмуши ва тарбияланиши шароитларини кузатиб борадилар.



II. ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР УЙИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ


5. Оилавий болалар уйи туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади. Оилавий болалар уйини ташкил этишни хоҳлаган эр-хотиннинг тегишли аризаси, васийлик ва ҳомийлик органининг, Болалар масалалари бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг (кейинги ўринларда - Болалар масалалари бўйича комиссия) эр-хотиннинг тарбиячилар - ота-оналар бўлиши ва болаларни тарбия қилишга олиши имконияти тўғрисидаги хулосаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарори қабул қилиниши учун асос ҳисобланади.

6. Оилавий болалар уйи ташкил этишни хоҳловчи эр-хотин ўзининг яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига ариза билан мурожаат қилишади.

Аризада эр-хотиннинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, болалари (ўзлариники, фарзандликка олганлари) мавжуд бўлган тақдирда - уларнинг сони ва ёши кўрсатилади.

Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

маълумоти тўғрисидаги ҳужжатларнинг, никоҳдан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳноманинг белгиланган тартибда тасдиқланган нусхалари;

иш ва ўқиш жойидан маълумотнома (ишламаётган ёки белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилганлар учун - маҳаллий меҳнат органларининг маълумотномаси);

меҳнат дафтарчасидан кўчирма (иш стажи мавжуд бўлса);

оила аъзолари кўрсатилган ҳолда яшаш жойидан маълумотнома;

эр-хотинда санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқи, ижара шартларида (ижарага олинган) ёки бошқа қонуний асосларда турар жой мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (тегишли турар жой мавжуд бўлмаган тақдирда аризада хизмат турар жойи билан таъминлаш зарурлиги кўрсатилади);

тиббий-маслаҳат комиссиясининг эр-хотиннинг соғлиғи тўғрисидаги хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансери маълумотномалари.

Аризани топшириш вақтида эр-хотиннинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилади.


7. Агар ушбу Низомда бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг никоҳдан ўтган, 35 ёшдан 50 ёшгача бўлган фуқаролари тарбияловчи ота-она бўлишлари мумкин, қуйидаги шахслар бундан мустасно:

тарбиялашга олинаётган болалар билан қариндошлиги бўлганлар;

белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқатлилиги чекланган деб эътироф этилганлар;

ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилганлар ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

ўзларига юкланган мажбуриятларни зарур даражада бажармаганлик учун васийлик (ҳомийлик) мажбуриятидан четлаштирилганлар;

агар фарзандликка олиш уларнинг айби билан суд томонидан бекор қилинган бўлса, собиқ фарзандликка олганлар;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган касалликлар рўйхатига мувофиқ болаларни тарбиялашга олиши тақиқланадиган касаллиги мавжуд бўлганлар;

қасддан қилган жинояти учун судланганлар.


8. Васийлик ва ҳомийлик органи эр-хотиннинг аризаси асосида ариза берилган кундан бошлаб 30 кун мобайнида эр-хотиннинг турмуш шароитларини текширади, текшириш натижаларига кўра тегишли хулоса билан далолатнома тузади ва уларни кўриб чиқиш учун Болалар масалалари бўйича комиссияга тақдим этади.

Эр-хотиннинг турмуш шароитлари, шу жумладан турар жой майдони, санитария ва бошқа шароитлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган нормативларга мувофиқ бўлиши керак.

Текшириш вақтида оиланинг биргаликда яшайдиган барча аъзоларининг, шу жумладан ўзининг ва фарзандликка олган болаларининг (ўн ёшдаги болаларнинг розилиги мажбурийдир) фикри ўрганилади, иш жойидан тавсифнома сўралади.

9. Текшириш далолатномаси ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаси, шунингдек тақдим этилган материаллар асосида Болалар масалалари бўйича комиссия текшириш далолатномаси ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг хулосаси олинган кундан бошлаб 20 кун мобайнида оилавий болалар уйи ташкил этиш мумкинлиги тўғрисида узил-кесил хулоса тузади ҳамда уни васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этади.

Бунда тарбияловчи ота-она бўлишни хоҳловчи эр-хотиннинг шахсий сифатлари, уларнинг соғлиғи, болаларни тарбиялаш бўйича мажбуриятларни бажаришга лаёқати (тайёрлиги), ўзлари билан бирга яшайдиган бошқа оила аъзолари билан ўзаро муносабатлари эътиборга олиниши керак.

Ота-онасининг қаровисиз қолган болаларни тарбиялашда ижобий тажрибага ва педагогик маълумотга эга бўлган оилаларга (фарзандликка олувчиларга, васийларга, тутинган ота-оналарга) устунлик берилади.


10. Болалар масалалари бўйича комиссиянинг салбий хулосаси тузилган кунидан бошлаб 5 кун мобайнида васийлик ва ҳомийлик органи томонидан аризачиларга етказилади. Айни бир вақтда аризачига барча ҳужжатлар қайтариб берилади ва хулоса юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади. Хулоса юзасидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

11. Болалар масалалари бўйича комиссиянинг хулосаси ижобий бўлган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органи хулоса тузилган кундан бошлаб 5 кун мобайнида туман (шаҳар) ҳокимига оилавий болалар уйи ташкил этиш таклифини ҳокимнинг тегишли қарори лойиҳаси билан бирга ва барча ҳужжатларни илова қилган ҳолда киритади.

12. Туман (шаҳар) ҳокимининг оилавий болалар уйи ташкил этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган кунидан бошлаб 5 кун мобайнида эр-хотинга етказилади.


13. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига мувофиқ оилавий болалар уйини ташкил қилиш бўйича ташкилий масалаларни ҳал этиш, шу жумладан оилавий болалар уйи уставини тасдиқлаш, оилавий болалар уйи раҳбарини тайинлаш васийлик ва ҳомийлик органига юкланади. Оилавий болалар уйига раҳбарлик қилиш функцияси эр-хотиндан бирининг зиммасига юкланади.

Оилавий болалар уйи ташкил этиш учун хизмат турар жойи ажратиш тегишли уй-жой фонди мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



III. БОЛАЛАРНИ ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР

УЙИГА ТАРБИЯЛАШ УЧУН БЕРИШ


14. Болалар оилавий болалар уйига туман (шаҳар) ҳокимининг қарори ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг тегишли йўлланмаси асосида берилади.

Болаларни оилавий болалар уйига бериш учун танлаб олиш эр-хотин томонидан васийлик ва ҳомийлик органлари билан биргаликда амалга оширилади.


14-1. Оилавий болалар уйларига тарбияга олинган (патронат) етим болаларга (йигирма беш ёшга тўлмаган) Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг ҳарбий хизматчи ва ходимлари бириктирилади.

Бириктирилган ҳарбий хизматчи ва ходимлар васийлик ва ҳомийлик органлари билан ҳамкорликда бир ойда камида бир маротаба болалар билан суҳбатлар ўтказиш асосида уларнинг таълим-тарбия олиш аҳволини ва маиший шарт-шароитларини ўрганади, шунингдек, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, уларни ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга қайтариш, васий ёки ҳомий тайинлаш, фарзандликка бериш ва жойлаштиришнинг бошқа шаклларини қўллаш чораларини кўриб боради.

15. Эр-хотиннинг болани тарбиялашга бериш тўғрисидаги илтимос билан бола яшаётган (жойлашган) жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига қилган мурожаатномаси туман (шаҳар) ҳокимининг қарор қабул қилиши учун асос ҳисобланади.

Мурожаатномага туман (шаҳар) ҳокимининг оилавий болалар уйи ташкил этиш тўғрисидаги қарори нусхаси илова қилинади.


16. Тарбия ва тиббиёт, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидан ёки уларнинг идоравий мансублигидан ва ташкилий шаклидан қатъи назар, бошқа шунга ўхшаш муассасалардан болани танлаб олишда ушбу муассасаларнинг маъмурияти болани оилавий болалар уйига тарбиялаш учун олишни хоҳловчи эр-хотинни боланинг шахсий йиғмажилди ва унинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса билан таништириши шарт.

Муассаса маъмурияти бола тўғрисида тақдим этилаётган маълумотларнинг ишончлилиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.


17. Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун ота-онасининг қаровисиз қолган туғилганидан бошлаб ўн саккиз ёшгача бўлган болалар берилади.

Болани оилавий болалар уйига тарбиялаш учун беришда васийлик ва ҳомийлик органи боланинг манфаатларига амал қилади.

Болани оилавий болалар уйига тарбиялаш учун бериш унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда (10 ёшдан бошлаб - фақат унинг розилиги билан) ҳамда бола яшаётган тарбия ёки тиббиёт, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаси ёки бошқа шунга ўхшаш муассаса маъмурияти розилиги билан амалга оширилади.


18. Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун камида беш нафар, лекин кўпи билан ўн нафар бола берилади. Бунда янгидан ташкил этилган оилавий болалар уйига бирйўла камида беш нафар бола берилади. Қолган болалар уларнинг танлаб олинишига қараб берилиши мумкин.

Оилавий болалар уйидаги болаларнинг, шу жумладан, никоҳдан ўтган эр-хотиннинг қарамоғидаги ўзининг ва фарзандликка олган болаларининг умумий сони ўн икки нафардан ошмаслиги керак.

Оилавий болалар уйидан болаларнинг 18 ёшга тўлиши ёхуд бошқа сабаблар бўйича кетишига қараб унга янги болалар олиниши мумкин.

Агар тарбияловчи ота-оналар ёхуд улардан биттаси 55 ёшга тўлса, шунингдек бу - бола манфаатига зид бўлса, у ҳолда оилавий болалар уйига янги болалар олишга йўл қўйилмайди.

Тарбияловчи ота-оналар ёхуд улардан биттаси 55 ёшга тўлса, оилавий болалар уйи ўз фаолиятини тарбияланувчи болалар ўн саккиз ёшга тўлгунгача ёхуд улар бошқа сабабларга кўра кетгунгача амалга оширади.


19. Ўзаро қариндош бўлган болалар, қоидага кўра битта оилавий болалар уйига берилади, улар тиббий кўрсаткичлар бўйича ёки бошқа сабабларга кўра бирга тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.


20. Оилавий болалар уйига берилаётган ҳар бир болага васийлик ва ҳомийлик органлари ёки бола уларнинг қўлида бўлган тарбия, даволаш муассасаси, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаси ва бошқа шунга ўхшаш муассаса қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) туғилганлик тўғрисида гувоҳнома;

б) боланинг ривожланиши тарихидан (янги туғилган чақалоқ тарихидан) соғлиғи тўғрисида кўчирма ва психоневрологнинг хулосаси,

в) маълумоти тўғрисидаги тегишли ҳужжат (мактаб ёшидаги болалар учун);

г) боланинг яшаш шароитларини текшириш далолатномаси;

д) ота-оналар тўғрисидаги маълумотлар (ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, суднинг ҳукми ёки қарори, касаллик, ота-оналар қидируви тўғрисида маълумотнома ва ота-оналарнинг йўқлигини ёки улар ўз болаларини тарбиялай олмаслигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар);

е) ака-укалар ва опа-сингиллар, бошқа яқин қариндошлар борлиги ва улар қаерда эканлиги тўғрисидаги маълумотнома;

ж) болага тегишли мол-мулк рўйхати ва ушбу мол-мулк сақланиши учун жавоб берадиган шахслар тўғрисидаги маълумотлар;

з) балоғатга етмаган бола илгари эгаллаб турган турар жойнинг унга бириктирилиши, уй-жойга ва (ёки) бошқа мол-мулкка мулк ҳуқуқи тўғрисидаги ҳужжатлар;

и) алимент ундириш тўғрисида суд қарорининг нусхаси, пенсия олиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатлар, пенсия оладиган болага пенсия гувоҳномаси, боланинг номига очилган қимматли қоғозлар, банк ҳисоб рақами мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар.

Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар бола оилавий болалар уйига қабул қилингандан кейин икки ҳафта муддатдан кечикмай бевосита тарбияловчи ота-оналарга берилади.

Боланинг оилавий болалар уйида бўлиши муддати боланинг яшаш жойи (турган жойи)даги васийлик ва ҳомийлик органи билан оилавий болалар уйи ўртасида тузиладиган шартномада белгиланади.



IV. ТАРБИЯЛОВЧИ ОТА-ОНАЛАР ВА

ТАРБИЯЛАНУВЧИ БОЛАЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


21. Тарбияловчи ота-оналар тарбияланувчи болаларнинг қонуний вакиллари ҳисобланади, уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини, шу жумладан судда, махсус ваколатларсиз ҳимоя қилади.

Тарбияловчи ота-оналар тарбияланувчи болаларга нисбатан васийлар (ҳомийлар) сифатида ҳуқуқларга эга бўладилар ва жавоб берадилар.


22. Тарбияловчи ота-оналар:

болани тарбиялашга;

унинг тинч-хотиржамлиги тўғрисида ғамхўрлик қилишга (соғлиғи, маънавий ва жисмоний ривожланишига);

боланинг таълим олиши, шу жумладан, касб-ҳунар таълими олиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга, уни мустақил ҳаётга тайёрлашга ҳамда унинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга мажбурдир.


23. Тарбияловчи ота-оналарнинг ҳуқуқлари тарбияланувчи болаларнинг ҳуқуқларига зид равишда амалга оширилиши мумкин эмас.


24. Тарбияловчи ота-оналар болаларни тарбиялашда қонун ҳужжатларига ва халқаро нормаларга қатъий амал қиладилар.

Ўз мажбуриятларини бузишда айбдор бўлган ота-оналар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


25. Тарбияловчи ота-оналар узоқ вақт касал бўлганда ёки улар вафот этган тақдирда васийлик ва ҳомийлик органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи билан биргаликда ҳужжатларни ушбу оиланинг қўйиладиган барча талабларга жавоб берадиган бошқа аъзосига белгиланган тартибда қайта расмийлаштириш ва уни тарбияловчи ота-она деб тайинлаш ёхуд тарбияланувчи болаларни жойлаштиришнинг бошқа шаклларини белгилаш ҳуқуқига эгадир.


26. Оилавий болалар уйига берилган бола, агар бу боланинг (болаларнинг), нормал камол топиши, тарбияланишига зид бўлмаса, ўз ота-оналари, қариндошлари билан шахсий алоқада бўлиш ҳуқуқига эгадир. Ота-оналарнинг тарбияланувчи болалар билан алоқа қилишига тарбияловчи ота-оналарнинг розилиги билан йўл қўйилади. Низоли ҳолатларда тарбияланувчи болалар билан унинг ота-оналари, қариндошлари ва тарбияловчи ота-оналар ўртасидаги муомала тартиби васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан, бундай келишув бўлмаган тақдирда - суд томонидан ҳал этилади.

Оилавий болалар уйига берилган болани фарзандликка олиш ёки уни ўз ота-оналарига ёхуд қариндошларига қайтариш ҳокимнинг қарори билан амалга оширилади.


27. Оилавий болалар уйига берилган бола ўзига берилиши керак бўлган алиментга, ижтимоий нафақаларга, пенсияга (боқувчисини йўқотгандаги ҳолат, ногиронлик бўйича) ва қонун ҳужжатларида ота-оналарнинг ҳомийлигисиз қолган болалар учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларга бўлган ҳуқуқни ўзида сақлаб қолади.

Тарбияловчи ота-оналарнинг болага тегишли бўлган юқорида айтиб ўтилган маблағлардан фойдаланиши тақиқланади.


28. Тарбияловчи ота-оналар тарбияланувчи болаларнинг мол-мулки (шу жумладан, уй-жойи) жойлашган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органлари билан биргаликда мол-мулкдан фойдаланиши ва сақланиши устидан назорат қилинишини таъминлайдилар.


29. Болаларни оилавий болалар уйига жойлаштириш тарбияловчи ота-оналар билан тарбияланувчи болалар ўртасида алимент билан боғлиқ ва оила тўғрисидаги қонунларда назарда тутилган мерос билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатлар келиб чиқишига олиб келмайди.


30. Оилавий болалар уйидан чиқиб кетишда ёки тарбия, даволаш муассасасига, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасасига ва бошқа шунга ўхшаш муассасага ўтказишда болага оилавий болалар уйида бўлганлик тўғрисидаги маълумотнома ва мазкур Низомнинг 20-бандида кўрсатилган ҳужжатлар берилади.


31. Тарбияланувчи болаларга тиббий хизмат кўрсатиш оилавий болалар уйи жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасасининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланади.


32. Тарбияланувчи болалар таълим муассасаларида умумий асосда ўқийдилар.


33. Васийлик ва ҳомийлик органлари оилавий болалар уйига тарбиялаш учун берилган боланинг тинч-хотиржамлиги, соғлиғи (соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда) ва камол топиши, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинишини ҳар ойда назорат қиладилар.



V. ОИЛАВИЙ БОЛАЛАР УЙИ ТАЪМИНОТИ

ВА УНИ МОДДИЙ-ТЕХНИК ТАЪМИНЛАШ


34. Оилавий болалар уйи таъминоти ва уни моддий-техник таъминлаш давлат бюджети маблағлари, бюджетдан ташқари маблағлар, ҳам Ўзбекистон Республикаси резидентлари, ҳам норезидентлари бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳайрия эҳсонлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобига амалга оширилади.


35. Оилавий болалар уйининг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритиш халқ таълими муассасаларини молиялаштириш тегишли бўлимлари томонидан шартнома асосида бепул амалга оширилади.


36. Оилавий болалар уйи давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин ҳудудий молия органлари оилавий болалар уйининг штат жадвалини ва харажатлар сметасини рўйхатдан ўтказади.


37. Ҳар бир тарбияланувчи боланинг таъминоти учун "Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчилари учун тасдиқланган нормативларга мувофиқ ҳар ойда оилавий болалар уйига:

озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, пойабзал, юмшоқ жиҳозлар, хўжалик юритишга, шахсий гигиенага, ўйинга мўлжалланган буюмлар, ўйинчоқлар, китоблар сотиб олишга;

соғломлаштириш, таълим ва маданий-оммавий тадбирларга пул маблағлари тўланади.

Оилавий болалар уйига тарбиялаш учун бир йилга ва ундан кўп вақтга берилаётган болага мебель ва зарур жиҳозлар сотиб олиш учун маблағлар ажратилади.


38. Оилавий болалар уйлари харажатлари сметаларида коммунал хизматларга (табиий газ, иссиқ сув, совуқ сув, канализация ва фойдаланиш харажатлари учун), электр энергиясига ҳақ тўлашга бюджет маблағлари назарда тутилади, оилавий болалар уйларининг бошқа харажатлари эса (жорий ва мукаммал таъмирлаш) бюджетдан ташқари маблағларни ва бошқа маблағларни жалб этиш ҳисобига амалга оширилади.


39. Оилавий болалар уйи муассасаларнинг ушбу тоифаси учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлардан фойдаланади.


40. Бюджетнинг ғазна ижросига ўтмаган минтақаларда оилавий болалар уйи таъминотига ажратиладиган пул маблағлари ҳар ойда белгиланган муддатларда унинг банк ҳисоб рақамларига ўтказилади.

Ғазна ижросига ўтган минтақаларда оилавий болалар уйлари харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобига молиялаштириш учун белгиланган тартибда тасдиқланган ва рўйхатдан ўтказилган харажатлар сметаси асосида Ғазначилик бўлинмаларида ғазна ҳисоб рақамлари очилади.

Бюджетдан ташқари маблағларни ўтказиш учун оилавий болалар уйлари алоҳида банк ҳисоб рақамлари очишга ҳақлидир.


41. Оилавий болалар уйига берилган болалар таъминоти маблағлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган барча нормалар ва имтиёзлар ҳисобга олинган ҳолда тўлиқ ҳажмда тўланиши керак. Тамом бўлган молиявий йил учун бирор-бир сабаб билан тўланмаган пул маблағлари кейинги молиявий йилда тўланиши керак.

Йил мобайнида фойдаланилмаган маблағлар олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда ўша мақсадлар ва болаларнинг эҳтиёжлари учун фойдаланилади.


42. Тарбияловчи ота-оналар меҳнатига ҳақ тўлаш, уларни моддий рағбатлантириш ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлар белгиланган тартибда давлат бюджети ҳисобига амалга оширилади.

Оилавий болалар уйининг тарбияловчи ота-оналарига меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари, ҳар йилги таътиллар бериш, шунингдек "Меҳрибонлик" уйлари тарбияловчилари учун белгиланган имтиёзлар ва кафолатлар, шу жумладан, моддий рағбатлантиришнинг амалдаги турлари жорий этилади.


43. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашнинг 2002-2003 йилларга мўлжалланган дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2002 йил 25 январдаги 33-сон қарорида етим болалар ва ота-онасининг қаровисиз қолган болалар учун назарда тутилган имтиёзлар оилавий болалар уйига берилган болаларга ҳам жорий этилади.


44. Оилавий болалар уйи мол-мулкни ва пул маблағларини, шу жумладан, ҳадя сифатида олинган мол-мулк ва пул маблағларини, хайриялар, ҳомийлик маблағлари ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа манбалар маблағларини ўз хоҳишига кўра фақат болаларнинг эҳтиёжлари учун тасарруф қилишга ҳақлидир.


45. Оилавий болалар уйи тарбияланувчи болалар учун санаторийлар, дам олиш уйлари, соғломлаштириш оромгоҳларига имтиёзли, шу жумладан, бепул йўлланмалар олиш ҳуқуқига эгадир.


46. Оилавий болалар уйини моддий қўллаб-қувватлаш ва тарбияланувчи болаларни мустақил ҳаётга ва меҳнатга тайёрлаш мақсадида оилавий болалар уйи васийлик ва ҳомийлик органи билан келишган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини ёки қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолиятни ташкил этишга ҳақлидир.


47. Бюджетдан ажратилган маблағлар ҳисоби ва улардан фойдаланиш бўйича ҳисобот соддалаштирилган усулда, яъни тушган ва сарфланган давлат бюджети маблағлари ҳисоботда акс эттирилган ҳолда юритилади.

Ойлик ва чораклик ҳисоботлар халқ таълими муассасаларини молиялаштиришнинг тегишли бўлимларига топширилади.



VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


48. Оилавий болалар уйининг мақоми охирги тарбияланувчи бола балоғатга етгунгача ва ишга жойлашгунга қадар сақланади.


49. Оилавий болалар уйини тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Агар оилавий болалар уйи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб уч ой мобайнида унга болаларни тарбиялаш учун бериш таъминланмаса, у тугатилади.

Оилавий болалар уйи тугатилаётганда тарбияланувчи болалар қонун ҳужжатларига мувофиқ жойлаштирилиши керак.


50. Оилавий болалар уйи фаолияти тўхтатилган тақдирда унинг балансида бўлган давлат бюджети маблағлари ҳисобига сотиб олинган асосий активлар туман (шаҳар) ҳокимининг қарори бўйича "Меҳрибонлик" уйлари балансига бепул берилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 31-32-сон, 318-модда.














































Время: 0.2152
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск