ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Архив фонди. Архивлар /

Ахборот ресурсларининг архив нусхаларини яратиш ва уларни давлат сақловига топшириш тартиби бўйича Йўриқнома (АВ томонидан 13.08.2007 й. 1703-сон билан рўйхатга олинган "Ўзархив" агентлигининг 17.07.2007 й. 18-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 13 августда 1703-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

"Ўзархив" агентлиги

бош директорининг

2007 йил 17 июлдаги

18-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ахборот ресурсларининг архив нусхаларини

яратиш ва уларни давлат сақловига

топшириш тартиби бўйича

ЙЎРИҚНОМА


Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси, 2004 й., 1-5-сон, 10-модда), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 22 ноябрдаги "Ахборотлаштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида"ги 256-сон қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 47-48-сон, 355-модда) мувофиқ ахборот ресурслари қимматининг экспертизасини ўтказиш ва архив нусхаларини яратиш, шунингдек уларни республика давлат архивларига сақлаш учун топшириш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Йўриқномада қуйидаги асосий атамалар ва тушунчалар қўлланилган:


ахборот ресурсининг архив нусхаси - ахборот ресурсининг муайян белгиланган вақтдаги аниқ нусхаси бўлган ёки архив сақлови форматида ахборот ресурсининг мазмуни бўйича шаклланадиган электрон ҳужжат (кейинги ўринларда ЭҲ деб юритилади);


депозитар сақлов - ахборот ресурси архив нусхалари мулкдори билан давлат архиви ўртасидаги келишув (шартнома) бўйича белгиланган шартлар асосида мулкдорнинг ахборот ресурсига нисбатан мулк ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда архив нусхаларини давлат архивида сақлаш;


ахборот тизими - ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ҳамда ундан фойдаланиш имконини берадиган, ташкилий жиҳатдан тартибга солинган жами ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ва алоқа воситалари;


ахборот технологияси - ахборотни тўплаш, сақлаш, излаш, унга ишлов бериш ва уни тарқатиш учун фойдаланиладиган жами услублар, қурилмалар, усуллар ва жараёнлар;


ахборот ресурси - ахборот тизими таркибидаги электрон шаклдаги ахборот, маълумотлар банки, маълумотлар базаси, шу жумладан ахборот тизимларида очиқ шаклда жойлаштириладиган ёхуд эълон қилинадиган аудио-, видео-, график ва матнли ахборот;

Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди (ЎзР МАФ) - Ўзбекистон Республикаси халқлари тарихий-маданий меросининг ажралмас қисми ҳисобланадиган, тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган, Ўзбекистон ҳудудида яшаган ва яшаётган халқларнинг моддий ва маънавий ҳаётини акс эттирувчи, яратилган жойи, вақти, манба тури ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, тарихан пайдо бўлган, доимо тўлдириб бориладиган ва доимий сақланиши керак бўлган архив ҳужжатларининг мажмуи;


марказий эксперт комиссияси (МЭК) - вазирлик, идора, юридик шахслар бирлашмаларида ҳужжатларни, шу жумладан бошқарув (иш юритиш), илмий-техникавий, кино, суръат, овозли ва бошқа махсус ҳужжатларнинг қимматини экспертиза қилиш ва ҳужжатларни архив сақловига топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни олиб бориш, шунингдек ташкилотларнинг таркибий бўлинмалари ва унга идоравий мансуб корхона ва ташкилотларнинг эксперт комиссиялари (ЭК) фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштиришни амалга ошириши учун тузиладиган комиссия;

эксперт-текширув комиссияси (ЭТК)/эксперт-текширув услубий комиссияси (ЭТУК) - архив иши ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон миллий архивларида бошқарув (иш юритиш), илмий-техника ва бошқа махсус ҳужжатлар қимматлилиги экспертизасини ташкил этиш ва ҳужжатларни архивларга сақлаш учун топширишга тайёрлаш бўйича услубий ва амалий ишларни ўтказиш ҳамда давлат архивларининг жамлаш манбаи бўлган давлат органлари ва ташкилотларининг архив иши ва иш юритиш соҳасидаги марказий эксперт комиссиялари ва ЭК фаолиятига раҳбарлик қилиш ва уни мувофиқлаштириш учун тузиладиган доимий фаолият юритувчи комиссия;

эксперт комиссияси (ЭК) - мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилотда ҳужжатлар, шу жумладан бошқарув (иш юритиш), илмий-техникавий ва бошқа махсус ҳужжатларнинг қимматини экспертиза қилиш ва уларни давлат сақловига топширишга тайёрлаш бўйича ишларни ташкил қилиш ва олиб бориш учун тузиладиган комиссия.


2. Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги низом"га мувофиқ МЭК ёки ЭКнинг хулосаси асосида ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондига киритилган корхоналар, ташкилотлар, муассасаларга (кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) мўлжалланган.


3. Мазкур Йўриқнома асосида ҳар бир ташкилот архив нусхаларини яратиш, уларни давлат сақловига топшириш тартиби ва шартлари батафсил баён қилинган ахборот ресурсларининг архив нусхаларини яратиш ва уларни давлат сақловига топшириш тартиби бўйича ўзининг ички идоравий йўриқномасини ишлаб чиқади. Йўриқнома ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади ва тегишли Ўзбекистон миллий архивларининг эксперт-текширув услубий комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаларининг эксперт-текширув комиссияси билан келишилади.

4. ЭТК (ЭТУК)га архив нусхаларини электрон ҳужжатлар архивига топшириш жадвали ҳам келишиш учун тақдим қилинади. Жадвал янги ахборот ресурсини қўллайдиган ахборот технологиясини фойдаланишга жорий этишда ишлаб чиқилади ёки тўлдирилади.


II. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИНИНГ

ТАСНИФЛАНИШИ


5. Ахборот ресурсларида ахборот матн, график, видео-, аудио- ва мультимедия (матн, график, овозли ва аудио форматлар комбинацияси) шаклларида тақдим этилиши мумкин.


6. Ахборот ресурслари уларни яратишда қўлланиладиган технологиялар турлари ва сақлаш муддатлари бўйича таснифланади.


7. Ахборот ресурсларига уларни яратишда қўлланиладиган технологиялар турлари бўйича таснифлашда қуйидагилар киради:

Маълумотлар базалари ва банки, улар ўз навбатида:

давлат кадастрлари;

давлат регистрлари;

давлат реестрлари;

ҳисоб-статистик характердаги маълумотлар базаси;

илмий-тадқиқотлар маълумотлари базалари;

норматив, маълумот ва библиографик ва ҳ. к маълумотлар базаларига бўлинади.

Интернет нашрлар, жумладан:

ҳукумат сайтлари;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари сайтлари;

ўқув ва илмий сайтлар;

оммавий ахборот воситалари сайтлари;

электрон тўлов бўйича сайтлар;

электрон кутубхоналар сайтлари ва ҳ. к.


8. Сақлаш муддатлари бўйича ахборот ресурслари қуйидагиларга бўлинади:

тегишли давлат архивига давлат сақлови учун топшириладиган, сақлаш муддати доимий бўлган ахборот ресурслари;

давлат архивига топширилмайдиган, ташкилотда сақлаш муддати доимий бўлган ахборот ресурслари;

вақтинчалик сақланиш муддатига эга бўлган ахборот ресурслари.


9. Сақлаш муддати доимий бўлган, тегишли давлат архивига давлат сақлови учун топшириладиган ахборот ресурсларига қуйидагилар киради:

асосий давлат ахборот ресурслари;

ҳисоб-статистик характердаги ва норматив ахборотларнинг расмий маълумотлар базалари ва банки;

илмий-тадқиқотлар маълумотлари базалари;

давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг интернет нашрлари;

илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари ва бошқаларнинг алоҳида сайтлари (МЭК ва/ёки ЭК қарори бўйича).


10. Ташкилотда сақлаш муддати доимий бўлган давлат архивларига топширилмайдиган ахборот ресурсларига қуйидагилар киради:

ташкилотларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги низом"га мувофиқ ҳужжатларни (кадастрлар, регистрлар, шунингдек норматив, маълумот-услубий ва бибилиографик маълумотлар базалари) доимий сақлаш ҳуқуқи берилган расмий маълумотлар базалари ва банклари;

давлат архивларига топширилмайдиган, лекин ташкилот учун доимий қимматликка эга бўлган интернет нашрлар.

Ушбу турдаги ахборот ресурсларининг сақловини таъминлаш учун давлат архивларида архив нусхаларининг депозитар сақлови қўлланилади.


11. Вақтинчалик сақланиш муддатига эга бўлган ахборот ресурсларига, ташкилотларда зарурат муддати тугагунга қадар сақланадиган ва МЭК ёки ЭК қарори билан йўқ қилиниши мумкин бўлган, амалий ва ёрдамчи характерга эга бўлган ахборот маълумотлар базалари киради.



III. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИНИНГ

ҚИММАТИНИ ЭКСПЕРТИЗА ҚИЛИШ


12. Ахборот ресурсларидаги маълумот электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон ҳужжат ҳисобланади ва қоғоз нусхасидаги ҳужжатлар билан тенг юридик кучга эга бўлади.

Тарихий, илмий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий аҳамиятга эга бўлган ахборот ресурслари ЎзР МАФга тегишли бўлиб, доимо (муддатсиз) сақланиши лозим.


13. Сақланиш муддати доимий бўлган ахборот ресурсларини саралаб олиш учун ташкилотнинг МЭК ёки ЭК томонидан уларнинг қимматлилик экспертизаси ўтказилади.

Ташкилотнинг МЭК ёки ЭК ахборот ресурсларининг қимматлилик экспертизасини уларни яратиш даврида ўтказади.


14. Ахборот ресурсларининг қимматини экспертиза қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

ахборот ресурсларининг сақлаш муддатларини аниқлаш;

ахборот ресурслари орасидан доимий сақланиши лозим бўлган тоифаларини ажратиб олиш;

ахборот ресурсларидан ўчирилаётган маълумот янгиланиш жараёнида амалий ва/ёки илмий-тарихий қимматликка эгалигини белгилаш;

амалий ва/ёки илмий-тарихий қимматликка эга бўлган ўчирилаётган маълумотнинг сақланишини таъминлаш.


15. МЭК ёки ЭК давлат сақловига топширилиши лозим бўлган ахборот ресурсларининг архив нусхаларини қуйидаги мезонлар асосида саралайди:

янгилик даражасини;

ахборотнинг ноёблиги, унинг ижтимоий аҳамияти;

тижорат қимматлиги ва тарихий аҳамияти.


16. Қимматлилик экспертизаси натижалари ташкилот томонидан тузиладиган давлат сақловига топширилиши лозим бўлган лойиҳалар, ЭҲ рўйхатида акс эттирилади.


17. Ташкилотнинг МЭК ёки ЭК қарори билан қуйидаги аҳамиятга эга бўлган архив нусха яратилади:

ахборот ресурси мазмунининг тўлиқ нусхаси;

ўчирилаётган маълумот мазмунининг нусхаси;

ўзгартирилаётган ёзувларнинг (файлларнинг) олдинги ва янги аҳамияти (мазмуни) нусхаси.


18. Ташкилотнинг МЭК ёки ЭК ахборот ресурси мазмунининг тўлиқ нусхаси ёки ўчирилаётган маълумот мазмунининг нусхасини яратиш тўғрисидаги қарорни ахборот ресурсининг ҳажми жуда катта, киритилаётган ўзгартишлар кам аҳамиятга эга, маълумотларнинг тўлиқ ҳажми билан солиштириб бўлмайдиган даражада бўлган ҳолларда қабул қилинади. Бундай ҳолларда вақт бўйича биринчи яратилган архив нусхаси ахборот ресурси мазмунининг тўлиқ нусхасини албатта ўз ичига олган бўлиши лозим.



IV. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИНИНГ

АРХИВ НУСХАЛАРИНИ ЯРАТИШ ТАРТИБИ


19. Ахборот ресурсларининг архив нусхалари қуйидаги ҳолларда яратилади:

доимий сақланиши лозим бўлган ахборот ресурсларига аввалги маълумотларни ўчиришга олиб келадиган ўзгартишлар киритиш;

ахборот ресурсини янги (замонавийроқ) ахборот ташувчиларга ўтказилаётганда.

Киритилаётган ўзгартишлар (қўшимчалар) мавжуд маълумотларнинг ўчирилишига ёки ўзгаришига олиб келмаса, ёки ўчирилаётган маълумот қимматлилик экспертизаси натижалари бўйича амалий ва/ёки илмий-тарихий қимматликка эга эмас деб топилган ҳолларда архив нусхасининг яратилиши талаб қилинмайди.


20. Ахборот ресурсларининг архив нусхалари ташувчилари сифатида магнитооптик дисклар ёки маълумотларни ишончли ва узоқ муддат сақловчи бошқа электрон маълумот ташувчилардан (флэш-хотира, ташқи дисклар ва бошқ.) фойдаланиш лозим.


21. Ахборот ресурсларининг архив нусхалари яратилаётганда ташкилотлар қуйидагиларни таъминлаши лозим:

тақдим этилаётган маълумотнинг ишончлилиги ва тўлиқлигини;

ахборот ресурсларининг ахборот ва технологик мослашувчанлигини.


22. Архив нусхаларининг яратилиши ва ишончлилиги учун ахборот ресурсига ўзгаришлар киритишга масъул бўлган шахс масъул этиб тайинланиши лозим.


23. Ҳар бир архив нусхаси умумий талабларга мувофиқ расмийлаштирилган ва тасдиқланган алоҳида ЭҲ ҳисобланади. ЭҲнинг номида унинг қайси ахборот ресурсининг архив нусхаси эканлиги кўрсатилган бўлиши лозим. Ташкилотнинг МЭК ёки ЭК ахборот ресурси мазмунининг тўлиқ нусхаси ёки ўчирилаётган маълумот мазмунининг нусхасини яратилишини қарор қилган ҳолларда, ЭҲ реквизитлари ахборот ресурсининг умумий тузилишида ўзгартирилаётган қисмнинг ўрнини кўрсатиши шарт.


24. Архив нусхалари ҳисоби ва сақланиши архивга топширилгунга қадар ташкилотда ЭҲни ҳисобга олиш ва сақлашнинг умумий талабларига мувофиқ амалга оширилади.



V. АРХИВ НУСХАЛАРИНИ ДАВЛАТ

АРХИВИГА ТОПШИРИШ ТАРТИБИ


25. Ахборот ресурсларининг архив нусхалари мазкур ресурсни яратиш учун қўлланиладиган дастур воситалари, дастурий таъминот ва ЭҲ учун электрон рақамли имзонинг очиқ калити билан бирга тегишли Ўзбекистон миллий архиви ЭТУК ёки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармалари ЭТКси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича давлат архивига топширилади.

26. Ахборот ресурсларининг архив нусхаларини давлат сақловига топшириш тасдиқланган жадвал асосида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 30 октябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди тўғрисидаги низомда белгиланган ЎзР МАФ ҳужжатларини ташкилотларда вақтинчалик сақлаш муддатлари тугагандан сўнг амалга оширилади.



VI. АХБОРОТ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ВА МУҲОФАЗАСИНИ ТАЪМИНЛАШ УЧУН

ДАВЛАТ АРХИВЛАРИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


27. Ҳужжатлаштирилган ахборот ресурсининг муҳофазасини таъминлаш бўйича чоралар уни давлат архивига топшираётган ташкилот томонидан белгиланади.


28. Ахборот ресурсини давлат сақловига қабул қилишда хавфсизликни муҳофаза қилишни қуйидаги дастурий-техник воситалар ва ташкилий чоралар ёрдамида тегишли давлат архиви таъминлайди:

ахборот хавфсизлигига таҳдидларни аниқлаш ва бартараф этиш;

ахборот ресурсининг архив нусхасини топшириш, архивни шакллантириш, уни сақлаш ва ундан фойдаланишда маълумотларнинг тўлиқлигини таъминлаш;

рухсат берилмаган ахборот ресурсидан фойдаланиш, унга қўшимча ва ўзгартишлар киритишдан муҳофаза қилиш;

архив маълумотларнинг захира ва қайта тикланиши тизимини таъминлаш.


29. Умумий фойдаланишга мўлжалланган ахборот ресурслари (юридик ва жисмоний шахслар, норматив-ҳуқуқий актлар, табиий ресурслар, давлат органларининг веб-сайтлари ва бошқалар бўйича маълумотлар базалари) барча давлат органлари, юридик ва жисмоний шахсларга давлат архивлари томонидан уларга белгиланган ваколатлар доирасида тақдим этилади.

Махсус давлат ахборот ресурсларидан (давлат сири ва конфиденциал маълумотларга эга бўлган идоралар, ҳудудий бошқарув ва ҳокимият органлари, давлат юридик шахслари ва жисмоний шахслар) фойдаланиш учун рухсат бериш давлат архивлари томонидан уларни шакллантириш, қўлланилиши ва янгиланиб борилишига масъул бўлган органлар билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


30. Ахборот ресурсларини давлат сақловига топширган ташкилотлар ундан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлмайдилар.


31. Ахборот ресурсларини давлат сақловига қабул қилган давлат архивлари қуйидагилар учун жавобгардирлар:

маълумотлар билан ишлаш қоидаларини бузганлик, маълумот алмашинувини амалга оширишда ҳуқуқбузарлик ҳаракатларидан фойдаланганлик ва йўл қўйганлик;

жисмоний шахслар ҳақида шахсий маълумотларга эга бўлган ахборотларни тарқатганлик;

ахборот ресурсларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ахборот ресурсларидаги маълумотларни ўғирлаш, йўқотиш, бузиш, блокировка қилиш ва сохталаштириш;

муаллифлик ҳуқуқлари ва интеллектуал мулк бўйича қонунчиликни бузганлик.

Давлат архивларига амалдаги қонунчиликка мувофиқ бошқа жавобгарлик ҳам юклатилиши мумкин.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


32. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 33-34-сон, 350-модда.










































Время: 0.1345
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск