Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Транспорт /

"Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси автобус паркларининг давлат акция пакетларини ёпиқ кимошди савдоларида сотиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 07.09.2007 й. 1715-сон билан рўйхатга олинган 18.06.2007 й. Давлат мулки қўмитасининг 01/10-18/09-сон, Молия вазирлигининг 52-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 7 сентябрда 1715-сон

билан рўйхатга олинган

Давлат мулки қўмитаси

Молия вазирлигининг

2007 йил 18 июндаги

01/10-18/09, 52-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси

автобус паркларининг давлат акция пакетларини

ёпиқ кимошди савдоларида сотиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида йўловчи транспортини ташкил қилиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2006 йил 11 январдаги ПФ-3713-сон Фармони (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 2-сон, 7-модда), "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси корхоналарининг давлатга қарашли акциялари пакетларини хусусий мулк этиб сотиш тўғрисида" 2006 йил 3 июлдаги ПҚ-396-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 27-сон, 247-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси корхоналарининг давлатга қарашли акциялари пакетларини хусусий мулк этиб сотиш тўғрисида" 2006 йил 3 июлдаги ПҚ-396-сон қарори бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2007 йил 23 мартдаги 57-сон қарорига мувофиқ "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси автобус паркларининг давлат акция пакетларини ёпиқ кимошди савдоларида сотиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


аризачи - ёпиқ кимошди савдосида иштирок этиш мақсадида ариза билан мурожаат қилган юридик ва жисмоний шахслар;


ёпиқ кимошди савдолари - қатнашиш учун махсус таклиф қилинган шахслар иштирокидаги савдолар шакли;


ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш бўйича комиссия (бундан кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) - ёпиқ кимошди савдоларини ташкил қилиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг буйруғи билан ташкил қилинадиган вақтинчалик комиссия;


ёпиқ кимошди савдолари объекти (бундан кейинги ўринларда савдолар объекти деб юритилади) - автобус паркларининг "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси устав фондига ўтказилган давлат акция пакетлари, шунингдек автобус паркларининг қўшимча чиқарилган ва сотилишига қадар давлат мулки бўлган акциялари;


ёпиқ кимошди савдолари иштирокчилари - ёпиқ кимошди савдосида иштирок этишига тегишли тартибда рухсат этилган юридик ва жисмоний шахслар;


ёпиқ кимошди савдолари ташкилотчиси (бундан кейинги ўринларда савдо ташкилотчиси деб юритилади) - Ўзбекистон Республикасининг Давлат мулкини бошқариш давлат қўмитаси (бундан кейинги ўринларда Давлат мулки қўмитаси деб юритилади) ёки шартнома асосида жалб этилган ёпиқ кимошди савдоларини ташкил этиш ва ўтказишга ихтисослашган ташкилот;


ёпиқ кимошди савдолари ҳужжатлари - ёпиқ кимошди савдолари иштирокчилари томонидан Комиссияга тақдим қилинадиган ҳужжатлар мажмуи;


сотувчи - Давлат мулки қўмитаси, "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси.


2. Савдолар объекти биринчи навбатда автобус парклари меҳнат жамоаларининг аъзоларига, шунингдек "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси таркибига кирган ҳамда йўловчиларга бир маромда ва бехатар хизмат кўрсатишни таъминлайдиган ишончли автойўловчи ташувчи сифатида ўзини намоён этган автокорхоналарга сотилади.


3. Қуйидаги талабларга жавоб берувчи автойўловчи ташувчи автокорхоналар йўловчиларга бир маромда ва бехатар хизмат кўрсатишни таъминлайдиган ишончли автойўловчи ташувчи сифатида ўзини намоён этган автокорхоналар деб топилади:

а) автойўловчи ташувчининг айби билан содир этилган оғир оқибатли йўл транспорт ходисасининг мавжуд эмаслиги;

б) автойўловчи ташувчи автокорхонанинг бир маромдаги молиявий аҳволининг мавжудлиги. Бунда, бир маромдаги молиявий аҳвол деганда мазкур автокорхонанинг охирги бир йил давомида зарар кўрмасдан ишлаганлиги, давлат бюджетидан ва ходимларга иш ҳақи бўйича қарздорликнинг йўқлиги ҳамда тўлов қобилиятининг мавжудлиги тушунилади;

в) автойўловчи ташувчи автокорхонанинг фаолият юритувчи йўналишида бир маромда хизмат кўрсатиши. Бунда бир маромда хизмат кўрсатиш деганда мазкур автокорхонага тегишли автойўловчи ташувчиларнинг белгиланган йўналиш бўйича иш вақти интервалига (оралиқ дақиқага) доимий риоя этиши тушунилади.


4. Савдолар объекти, уларни сотиб олишда имтиёзга эга бўлган шахслар томонидан сотиб олинмаган тақдирда, ёпиқ кимошди савдоларининг бошқа иштирокчиларига мазкур Низомда белгиланган тартибда сотилади.


5. Савдолар объекти автобус парклари фаолиятининг ихтисослигини сақлаб қолиш ва автобуслардан автобус паркларига бириктирилган йўналишларда мақсадли фойдаланиш мажбурияти олинган ҳолда икки босқичда сотилади:

биринчи босқичда 2007 йил давомида "Тошавтобустранс" АК устав фондига берилган давлат активларини ҳам ўз ичига олган автобус паркларининг устав фондидаги 40 фоиз акция пакетлари Давлат мулки қўмитаси ва "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси томонидан;

иккинчи босқичда 2008 - 2010 йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан автобус паркларининг давлат акция пакетларининг қолган қисми сотилади.


6. Савдолар объектини сотишдан тушган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси корхоналарининг давлатга қарашли акциялари пакетларини хусусий мулк этиб сотиш тўғрисида" 2006 йил 3 илюдаги ПҚ-396-сон қарори бажарилишини таъминлаш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2007 йил 23 мартдаги 57-сон қарорига мувофиқ тақсимланади.



II. ЁПИҚ КИМОШДИ САВДОЛАРИНИ ЎТКАЗИШДАН

ОЛДИНГИ ТАЙЁРГАРЛИК ТАДБИРЛАРИ


7. Савдолар ташкилотчиси ёпиқ кимошди савдоларини ўтказишдан олдин қуйидаги тайёргарлик тадбирларини амалга оширади:

"Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси автобус паркларининг меҳнат жамоаларида савдолар объектининг хусусий мулк этиб сотилишида ёпиқ кимошди савдоларининг мақсад ва вазифалари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш;

"Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси автобус паркларининг меҳнат жамоалари аъзоларининг, шунингдек ёпиқ кимошди савдоларига таклиф қилиш учун "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси корхоналарининг рўйхатларини тузиш ва уларнинг сотилаётган акцияларга бўлган талабини ўрганиш;

ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатларни тайёрлаш;

ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш жойи ва санасини белгилаш ва бу ҳақда Комиссия аъзоларини хабардор қилиш;

ёпиқ кимошди савдолари бошланишидан 30 кун олдин аризачиларга хабарнома юбориш. Хабарномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши лозим:

ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш жойи, санаси ва тартиби;

савдолар объектининг тавсифи ва бошланғич нархи;

ёпиқ кимошди савдолари иштирокчилари тўлайдиган закалат суммаси миқдори;

ўзаро ҳисоб-китоб ва томонларнинг жавобгарлиги;

қонун ҳужжатлари ва ёпиқ кимошди савдолари шартларига зид бўлмаган бошқа маълумотлар.


8. Аризачилар қуйидаги ҳужжатларни савдолар ташкилотчисига тақдим этадилар:

а) жисмоний шахслар:

ариза (икки нусхада);

иш жойидан берилган маълумотнома;

лот бошланғич қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда закалат суммасининг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

"Мерседес-Бенц" автобусларидан мақсадли фойдаланиш бўйича мажбуриятларни зиммасига олиш тўғрисидаги аризачининг имзоси билан тасдиқланган ёзма розилиги;

б) юридик шахслар:

ариза (икки нусхада);

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳноманинг нусхаси;

ёпиқ кимошди савдосида қатнашиш учун юридик шахснинг ўз вакилига берган ишончномаси;

лот бошланғич қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда закалат суммасининг тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси;

"Мерседес-Бенц" автобусларидан мақсадли фойдаланиш бўйича мажбуриятларни зиммасига олиш тўғрисидаги аризачининг ўз муҳри билан тасдиқлаган ёзма розилиги.

Мазкур ҳужжатлар тақдим этилганда савдолар ташкилотчиси томонидан қабул қилинган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилган ҳолда аризанинг иккинчи нусхасига белги қўйилади ва у аризачига қайтарилади.

Аризалар савдолар ташкилотчиси томонидан аризаларни рўйхатга олиш китобида ҳисобга олинади.


9. Аризаларни қабул қилиш жараёнида савдолар ташкилотчиси:

аризачиларни тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати ва намуналари билан таъминлайди, уларни тўлдириш ва расмийлаштириш тартибини тушунтиради;

тақдим қилинган ҳужжатларнинг иловалари билан бирга сақланишини таъминлаш чораларини кўради;

тақдим қилинган аризалар, аризачилар ҳақидаги маълумотлар ҳамда ариза ва маълумотларнинг сир тутилишини таъминлайди.


10. Аризачилардан аризаларни қабул қилиш ёпиқ кимошди савдолари бошланишидан бир кун олдин тўхтатилади.

Аризалар қабул қилиниши тўхтатилиши билан савдолар ташкилотчиси томонидан аризачиларнинг рўйхати тузилади ва ёпиқ кимошди савдолари ҳужжатларини илова қилган ҳолда Комиссияга кўриб чиқиш учун тақдим этилади.


11. Аризачи ёпиқ кимошди савдоларининг бошланишидан бир соат олдин савдолар ташкилотчисини ёзма равишда хабардор қилиш орқали ўз аризасини қайтариб олишга ҳақли.



III. КОМИССИЯНИ ТУЗИШ ВА УНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАРТИБГА СОЛИШ


12. Ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш учун Давлат мулки қўмитаси, Молия вазирлиги, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси ва "Тошавтобустранс" акциядорлик компанияси масъул ходимлари таркибидан камида 9 кишидан иборат Комиссия тузилади.

Мазкур давлат бошқарув органлари ва ташкилотлар Давлат мулки қўмитасининг ёзма сўровномаси олинган кундан уч кун ичида Комиссия таркибига киритиш учун ўз номзодлари рўйхатини тақдим этадилар ва кейинчалик Комиссия аъзоси сифатида Комиссия ишида қатнашиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб берадилар.


13. Комиссия ўз фаолиятини мазкур Низомга ҳамда белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўз регламентига мувофиқ амалга оширади.


14. Комиссияга Давлат мулки қўмитаси томонидан белгиланган номзод раислик қилади.


15. Комиссия йиғилиши заруратга қараб, Комиссия раисининг таклифига асосан ўтказилади.

Комиссия мажлиси унинг аъзоларининг учдан икки қисми, шу жумладан Комиссия раиси унда қатнашганда ваколатли ҳисобланади.


16. Комиссия мажлисининг қарори унинг аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади.

Комиссиянинг ҳар бир аъзоси битта овозга эга бўлади. Овозлар тенг бўлганда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


17. Комиссиянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ошкоралик, холис баҳолаш ва талаблар яхлитлиги асосида ёпиқ кимошди савдолари иштирокчилари учун тенг рақобат шароитларини яратиб бериш;

ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш ҳамда савдо ғолибларини аниқлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш, муддатларини чўзиш фактларини бартараф қилиш;

ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш;

ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш натижаларини баённома билан расмийлаштириш;

мазкур Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига кўра ёпиқ кимошди савдолари ўтказилишининг қонунийлигини таъминлаш ва юзага келган қоидабузарликларни (тил бириктириш, савдо қоидаларини бузиш) бартараф этиш чораларини кўриш;

ёпиқ кимошди савдоларининг ўтказилиши устидан назоратни амалга ошириш.


18. Комиссия йиғилишларини ташкил қилиш, ўтказиш ва ҳужжатларини расмийлаштириш савдолар ташкилотчиси томонидан амалга оширилади.


19. Савдолар ташкилотчиси томонидан тақдим этилган ҳужжатлар Комиссия томонидан ёпиқ кимошди савдолари ўтказилиш кунида аукцион бошланишидан олдин кўриб чиқилади. Бунда Комиссия қуйидаги қарорлардан бирини қабул қилади:

аризачиларнинг ёпиқ кимошди савдоларида қатнашишга рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида;

ҳар бир лот бўйича етарли иштирокчилар аниқланганда ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш тўғрисида;

ҳар бир лот бўйича етарли иштирокчилар аниқланмаганда ёпиқ кимошди савдоларини ўтказишни кейинга қолдириш тўғрисида.


20. Комиссия томонидан ҳар бир лот бўйича етарли иштирокчилар аниқланиб ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинганда ёпиқ кимошди савдолари иштирокчиларининг рўйхати тузилади ва ушбу иштирокчиларга рақамланган чипталар берилади.

Ёпиқ кимошди савдоларида иштирок этиши рад этилган аризачилар мазкур рўйхатга киритилмайдилар, савдоларда қатнашмайдилар ва бу ҳақда уларга ёпиқ кимошди савдолари бошланишидан бир кун олдин хабарнома юборилади.



IV. САВДОЛАР ОБЪЕКТИНИНГ

ҚИЙМАТИНИ БАҲОЛАШ ВА

СОТУВГА ҚЎЙИШ


21. Савдолар объектини баҳолаш ушбу фаолиятни амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган баҳоловчи жисмоний ёки юридик шахс томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


22. Савдолар объектини баҳолаш юзасидан баҳоловчининг ҳисоботи савдолар тишкилотчисига тақдим этилади.


23. Савдолари объекти ёпиқ кимошди савдоларига лотлар бўйича сотувга қўйилади.



V. ЁПИҚ КИМОШДИ САВДОЛАРИНИ

ЎТКАЗИШ ВА САВДОЛАР ОБЪЕКТИНИНГ

ҚИЙМАТИНИ ТЎЛАШ ШАРТЛАРИ


24. Ёпиқ кимошди савдолари лотлар бўйича ўтказилади. Ҳар бир лот бўйича камида иккита иштирокчи аниқланганда мазкур лот бўйича кимошди савдолари ўтказилади.


25. Ёпиқ кимошди савдоларини тегишли малакага эга бўлган кимошди савдолари ўтказувчиси (бундан кейинги ўринларда аукциончи деб юритилади) ўтказади.

Ёпиқ кимошди савдолари аукциончи томонидан савдолар объектининг қисқача таърифи ва бошланғич нархи, шунингдек мазкур кимошди савдолари қадамининг эълон қилиниши билан бошланади.

Баҳо қадами аукциончи томонидан сотувчи билан келишилган ҳолда белгиланади.

Уч қадамдан сўнг аукциончи томонидан талабга қараб савдо объектининг баҳо ортиши томонига қараб ўзгартирилиши мумкин.


26. Ёпиқ кимошди савдолари жараёнида аукциончи баҳони эълон қилади, ёпиқ кимошди савдолари иштирокчилари эса объектни ушбу баҳо бўйича сотиб олишга тайёрликларини иштирокчининг махсус рақамли белгисини кўтариш орқали билдирадилар.


27. Ёпиқ кимошди савдолари савдолар объектига энг юқори баҳони таклиф қилган ёпиқ кимошди савдолари иштирокчисини аниқлангунга қадар давом этади.

Ёпиқ кимошди савдолари эришилган баҳони уч марта эълон қилиниб, ушбу баҳо учун иштирокчи ўзининг махсус рақамли белгисини кўтармаганидан кейин тугалланади.

Ёпиқ кимошди савдоларининг ғолиби бўлиб, аукциончи томонидан рақами охирги эълон қилинган ёпиқ кимошди савдоларининг иштирокчиси ҳисобланади.


28. Ёпиқ кимошди савдоларининг тугаши билан аукциончи савдо объектининг сотилганлигини, сотилган баҳосини ва ғолибнинг рақамини эълон қилади.


29. Ёпиқ кимошди савдолари ғолиби тегишли савдо объектини сотиб олишни рад этган тақдирда, мазкур савдо объектини сотиб олиш ундан кейинги ўринда турган ёпиқ кимошди савдоси иштирокчисига унинг ёпиқ кимошди савдоларида таклиф қилган баҳоси бўйича таклиф этилади. Агар мазкур иштирокчи ҳам ушбу савдо объектини сотиб олишни рад этса ёки мазкур баҳо бўйича биттадан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлса мазкур савдо объекти ёпиқ кимошди савдоларига такроран қўйилади.

Савдолар объекти ёпиқ кимошди савдоларига уларнинг ўтказилиш шартлари ўзгартирилмасдан такроран қўйилганда, мазкур ёпиқ кимошди савдоларида қатнашиш учун таклифлар тегишли номзодларга савдолар ташкилотчиси томонидан такрорий ёпиқ кимошди савдолари бошланишидан камида ўн кун олдин юборилади.


30. Ёпиқ кимошди савдолари натижалари бўйича баённома ёпиқ кимошди савдолари ғолиби ва сотувчи томонидан ёпиқ кимошди савдоларининг ўтказилиш кунида имзоланади.

Ёпиқ кимошди савдолари ғолиби мазкур баённомани имзолашдан бош тортса киритилган закалат суммаси қайтарилмайди. Савдолар ташкилотчиси баённомани имзолашдан бош тортса, тўланган закалат суммасини икки баробар миқдорда қайтариши, шунингдек ёпиқ кимошди савдолари ғолибига ёпиқ кимошди савдоларида қатнашиши туфайли етказилган зарарнинг закалат суммасидан ортиқ бўлган қисмини тўлаши шарт.


31. Ёпиқ кимошди савдоларининг натижаси бўйича тузилган баённома асосида сотувчи ва савдолар объектини сотиб олувчи ўртасида 10 кунгача муддатда тегишли олди-сотди шартномаси тузилади.

Олди-сотди шартномасини рўйхатга олиш қонун ҳужжатларида белигиланган тартибда амалга оширилади.


32. Ёпиқ кимошди савдоларини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича харажатлар сотувчи ва сотиб олувчи томонидан тенг миқдорда тўланадиган комиссион тўловлар ҳисобидан амалга оширилади. Комиссион тўловлар миқдори ёпиқ ким ошди савдолари ташкилотчиси томонидан Давлат мулки қўмитаси билан келишилган ҳолда савдоларни ташкил қилиш ва ўтказиш харажатларидан ошмайдиган миқдорда белгиланади.


33. Закалат суммаси савдолар ташкилотчиси томонидан уч банк иш куни ичида ёпиқ кимошди савдолари иштирокчиларига қуйидаги ҳолларда қайтариб берилади:

а) аризачи ёпиқ кимошди савдолари бошланишидан олдин савдолар ташкилотчисини ёзма равишда хабардор қилиш орқали ўз аризасини қайтиб олганда;

б) Комиссия томонидан аризачининг ёпиқ кимошди савдоларида иштирок этишини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинганда;

в) ёпиқ кимошди савдолари ўтказилмаганда;

г) ёпиқ кимошди савдолари иштирокчилари ўтказилган савдоларда ғолиб бўлмаганида. Бунда ёпиқ кимошди савдоларида ғолиб бўлмаган иштирокчилар тўланган закалат суммаси билан бошқа лотлар бўйича ўтказиладиган кейинги ёпиқ кимошди савдоларида қатнашишлари мумкин. Бундай ҳолда, ёпиқ кимошди савдосида қатнашаётган иштирокчи томонидан тўланган закалат суммаси бошқа лотлар бўйича ўтказиладиган ёпиқ кимошди савдоларида қатнашиш учун етарли бўлмаса, иштирокчи етмай қолган закалат суммасининг қолган қисмини тегишлича тўлдириб, ёпиқ кимошди савдоларида қатнашиши мумкин.


34. Савдолар объектларининг сотиб олиниш қийматини тўлаш, мазкур савдоларда қатнашиш учун тўланган закалат суммасини ҳисобга олган ҳолда, савдолар объектининг олди-сотди шартномаси тузилган пайтдан бошлаб мазкур шартнома ва қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилади.


35. Савдолар объектининг олди-сотди шартномаси шартлари ёпиқ кимошди савдолари ғолиби томонидан бажарилмаган тақдирда, сотувчи тўлов шартлари бажарилмаганлиги ҳақида расмий хабарнома юборади. Савдолар объектининг қиймати шартномада белгиланган муддатларда тўланмаса, тегишли ёпиқ кимошди савдолари натижалари бекор қилинади.

Ёпиқ кимошди савдоларининг натижалари бекор қилинганда, сотиб олинган савдолар объекти мазкур Низомда белгиланган тартибда ёпиқ кимошди савдоларига такроран қўйилади.


36. Сотувчи, ёпиқ кимошди савдолари ташкилотчиси, Комиссия ва иштирокчилари мазкур Низомда ўрнатилган ёпиқ кимошди савдоларини ўтказиш қоидаларининг аниқ ва бир хилда қўлланилиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда масъулдирлар.


37. Ёпиқ кимошди савдоларида тузиладиган шартномаларнинг бажарилиши устидан доимий назорат Давлат мулки қўмитаси томонидан амалга оширилади.


38. Ёпиқ кимошди комиссиясининг қарорлари устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


39. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 35-36-сон, 375-модда.














































Время: 0.1872
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск