ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари / Ломбардлар ва бошқа кредит ташкилотлари /

Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан касса операцияларини амалга ошириш Қоидалари (АВ томонидан 24.09.2007 й. 1719-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 21.07.2007 й. 20/3-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2007 йил 24 сентябрда 1719-сон

билан рўйхатга олинган

Марказий банки Бошқарувининг

2007 йил 21 июлдаги

20/3-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар

томонидан касса операцияларини амалга ошириш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 247-модда) ва "Микрокредит ташкилотлари тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 37-38-сон, 372-модда) қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 17 сентябрдаги 402-сон "Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ломбардларни рўйхатдан ўтказиш ва улар фаолиятини лицензиялаш масалалари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2003 й., 17-18-сон, 149-модда) мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар (кейинги ўринларда - нобанк кредит ташкилотлари) томонидан касса операцияларини амалга ошириш, нақд пулларни ва бойликларни сақлаш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Барча нобанк кредит ташкилотлари ўз пул маблағларини банкларда сақлашлари шарт.


2. Нобанк кредит ташкилотлари ва юридик шахслар ўртасида ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда банклар орқали амалга оширилади.


3. Нобанк кредит ташкилотлари томонидан банклардан олинган нақд пуллар улар қандай мақсадлар учун олинган бўлса, фақат ўша мақсад учунгина сарфланади.

Нобанк кредит ташкилотлари ўз кассасида нақд пулларни кассадаги нақд пул қолдиғининг белгиланган лимити доирасида сақлашлари мумкин. Кассалардаги нақд пуллар қолдиғи лимитлари уларнинг талаб қилиб олингунча асосий депозит ҳисобварақларига хизмат кўрсатувчи банклар томонидан ушбу нобанк кредит ташкилотлари раҳбарлари билан ҳар йили келишилган тартибда белгиланади. Зарур бўлган ҳолларда кўрсатилган лимитлар қайта кўриб чиқилиши мумкин.


4. Нобанк кредит ташкилотлари кассадаги нақд пуллар қолдиғининг лимитини аниқлаш мақсадида унга хизмат кўрсатувчи банкка мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ кассасидаги нақд пул қолдиғи лимитларини белгилаш учун ҳисоб-китоб тақдим этади.

Кассадаги лимит қолдиғи ҳисоб-китобини ўрнатилган тартибда тақдим этмаган нобанк кредит ташкилотларининг касса қолдиғи лимити нолга тенг, банкка топширилмаган кассадаги нақд пул маблағлари эса лимитдан ортиқ деб ҳисобланади.

Нобанк кредит ташкилотларининг кассасидаги нақд пуллар қолдиғининг лимити хизмат кўрсатувчи банк томонидан унинг кейинги кун давомидаги нормал иш фаолиятини ташкил этиш учун етарли миқдорда ўрнатилади.


5. Кассасидаги нақд пуллар нобанк кредит ташкилотлари томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда молиявий ва бошқа хизматларни кўрсатиш учун ишлатилади.


6. Нобанк кредит ташкилотлари кассадаги нақд пул қолдиғининг белгиланган лимитидан ортиқча бўлган қисмини банкдаги ҳисобварақларига киритиш учун инкассация хизматлари орқали ёки мустақил равишда банк кассаларига топширадилар.

7. Нобанк кредит ташкилотлари ўз кассаларида белгиланган лимитлардан ортиқча нақд пулни фақат иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар тўлаш учун, банкдан олинган кунни қўшиб ҳисоблаган ҳолда 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида сақлаш ҳуқуқига эгалар.


8. Хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлар учун, шунингдек бошқа майда хўжалик харажатларига нақд пул бериш хизмат сафарларига юборилаётган шахсларга қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ шу мақсадлар учун берилиши лозим бўлган миқдорда, кейин ҳисобот бериш шарти билан амалга оширилади.

Кейин ҳисобот бериш шарти билан берилган нақд пулларнинг сарфланмаган қисми уларга берилган муддат тугаганидан кейин 3 кундан кечиктирилмасдан нобанк кредит ташкилотлари кассасига қайтарилиши шарт.

Ҳисобот бериш шарти билан нақд пулни олган шахслар нобанк кредит ташкилотларининг бухгалтериясига сарфланган сумма тўғрисида ҳисобот беришлари зарур. Ушбу шахслар кейин ҳисобот бериш шарти билан бериладиган нақд пул фақат олдинги ҳисобот бериш шарти билан берилган суммалар бўйича мазкур шахслар томонидан тўлиқ ҳисобот берилганидан кейин амалга оширилади.


9. Нақд пулни қабул қилиш ва топшириш бўйича касса операциялари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланган бирламчи ҳисоб ҳужжат шакллари билан расмийлаштирилади.



II. НАҚД ПУЛЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА

БЕРИШ ҲАМДА КАССА ҲУЖЖАТЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


10. Нақд пулларни қабул қилиш вақтида нобанк кредит ташкилотларининг кассири сўмнинг тўловга яроқлилик белгиларини аниқлашда мазкур Қоидаларнинг 1а-иловасига амал қилиши шарт.

Нобанк кредит ташкилоти кассири нақд пулларни бош бухгалтер (агар бухгалтер мавжуд бўлса) томонидан имзоланган кирим касса ордерлари бўйича қабул қилади.

Нақд пуллар қабул қилинганда нобанк кредит ташкилоти бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) ва кассири томонидан имзоланган, кассир муҳри қўйилган ёки касса аппаратининг изи (оттиски) туширилган квитанция берилади.

11. Нобанк кредит ташкилотларининг кассасидан нақд пулларни бошқа хўжалик юритувчи субъектлар эҳтиёжлари учун берилишига йўл қўйилмайди.


12. Нобанк кредит ташкилотларининг кассасидан нақд пулларни бир марталик берилиши чиқим касса ордерлари орқали амалга оширилади. Ушбу чиқим касса ордерлари нобанк кредит ташкилотининг раҳбари ва бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) томонидан имзоланиши шарт.


13. Чиқим касса ордери бўйича пул бериш пайтида кассир пул олувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт, идентификация ID-карта, янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари ёки ID-карталари, ҳарбий билет ёки ҳарбий қисмлар ёҳуд ҳарбий муассасалар томонидан бериладиган шахсини тасдиқловчи ҳужжат) кўрсатишни талаб қилади, ҳужжатнинг номи ва рақамини, ким томонидан ва қачон берилганлигини ёзиб қўяди ва пул олувчидан имзосини қўйдиради.

Нобанк кредит ташкилотларида унинг ходимларига пул берилиши мазкур нобанк кредит ташкилоти томонидан берилган гувоҳнома бўйича, унда эгасининг сурати мавжуд бўлган ҳолда, амалга оширилиши мумкин.

Пул олинганлиги тўғрисидаги тилхат фақат олувчи дастхати билан бинафша, кўк ёки қора сиёҳли шарикли ручкада олинган сумма: ______ сўм (сўзлар билан), ______ тийин (рақамлар билан) кўрсатилган ҳолдагина ёзилиши мумкин.

14. Кассир пулларни фақат чиқим касса ордерида ёки ишончномада кўрсатилган шахсга беради. Агар пуллар белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома бўйича берилса, ордер матнида пул олувчининг фамилияси, исми ва отасининг исмидан кейин бухгалтерия томонидан пул олишига ишончнома берилган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади. Агар пул қайднома бўйича берилса, пул олинганлиги ҳақидаги имзодан олдин кассир "Ишончнома бўйича" деб ёзиб қўяди.

Ишончнома бўйича нақд пулларни фақат иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, пенсия ва нафақалар тўлови беришга рухсат этилади.

15. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар кассир томонидан тўлов қайдномалари бўйича ҳар бир пул олувчига чиқим касса ордери тузилмасдан амалга оширилади.

Тўлов қайдномасининг сарварағи (титул варағи)да пул беришга рухсат этилганлиги тўғрисида, пул бериш муддатлари ва суммаси ёзув билан кўрсатилган ҳамда нобанк кредит ташкилоти раҳбари ва бош бухгалтерининг (агар бухгалтер мавжуд бўлса) имзолари қўйилган ҳолда, рухсат ёзуви амалга оширилади.


16. Иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш учун 8-бандида белгиланган муддат тугагандан кейин кассир қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

тўлов қайдномасида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлаш амалга оширилмаган шахсларнинг фамилияси қаршисига "Депонентланди" деган штамп қўйиши ёки қўлда ёзиб қўйиши;

депонентланган суммалар реестрини тузиши;

қайднома охирида иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни амалда тўланган суммаси ҳамда уларнинг олинмаган суммаси, депонентга ўтказилиши лозим бўлган суммани ёзиб қўйиши, ушбу суммаларни тўлов қайдномаси бўйича жами сумма билан солиштириши ва ёзувни ўз имзоси билан тасдиқлаши;

касса дафтарига амалда тўланган суммани ёзиши ва қайдномага "….-сонли чиқим касса ордери" штампини қўйиши шарт.

Бухгалтерия тўлов қайдномаларида кассир томонидан қайд қилинган ёзувларни текширади ва улар бўйича берилган ҳамда депонентга ўтказилган суммаларни жамлаб чиқади.

Депонентга ўтказилган суммалар банкка топширилади ва топширилган суммаларга битта умумий чиқим касса ордери тузилади.


17. Кирим касса ордерлари ва уларнинг квитанциялари, шунингдек чиқим касса ордерлари бухгалтерия томонидан бинафша, кўк ёки қора шарикли ручка билан ёки ёзув машинкасида (компьютерда) аниқ ва равшан ёзилиб тўлдирилиши шарт. Ушбу ҳужжатларда устидан ўчириб ёзишга, тузатишлар киритишга, изоҳ берилган ҳолда ҳам йўл қўйилмайди.

Кирим ва чиқим касса ордерларида уларни тузиш учун асос кўрсатилади ва уларга илова қилинган ҳужжатлар санаб ўтилади.

Кирим ва чиқим касса ордерларини пул топшираётган ёки олаётган шахслар қўлига бериш тақиқланади.

Пулларни касса ордерлари бўйича қабул қилиш ва топшириш фақат улар тузилган куни амалга оширилиши мумкин.


18. Кирим ва чиқим касса ордерлари ёки уларнинг ўрнини босувчи ҳужжатларни олиш вақтида кассир қуйидагиларни текшириши шарт:

ҳужжатларда бош бухгалтер имзоси мавжудлиги ва унинг ҳақиқийлигини, чиқим касса ордерида нобанк кредит ташкилоти раҳбарининг рухсат берганлиги тўғрисида имзоси мавжудлигини;

ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилганлигини;

ҳужжатларда санаб ўтилган иловаларнинг мавжудлигини.

Ушбу талабларнинг бирортасига риоя қилинмаган тақдирда кассир ҳужжатларни тегишли равишда расмийлаштириш учун бухгалтерияга қайтаради.

Кирим ва чиқим касса ордерлари, улар асосида пул олингани ёки берилганидан кейин, дарҳол кассир томонидан имзоланади, уларга илова қилинган ҳужжатлар устига санаси (кун, ой, йил) кўрсатилган ҳолда, "Тўланди" деган штамп босилади ёки шундай ёзув қайд этилади.


19. Кирим ва чиқим касса ордерлари кассага топширилгунига қадар бухгалтерия томонидан кирим ва чиқим касса ордерларини қайд этиш журналида рўйхатга олинади. Иш ҳақини тўловига доир тўлов қайдномаларига расмийлаштирилган чиқим касса ордерлари у берилгандан кейин рўйхатга олинади.



III. КАССА ДАФТАРИНИ ЮРИТИШ

ВА ПУЛЛАРНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


20. Нобанк кредит ташкилотларининг барча тушумлари ва нақд пуллар берилиши касса дафтарида ҳисобга олинади.


21. Касса дафтарининг варақлари рақамланган, тикилган бўлиши лозим. Касса дафтаридаги варақлар сони нобанк кредит ташкилоти раҳбари ва бош бухгалтернинг (агар бухгалтер мавжуд бўлса) имзолари билан тасдиқланади.

Касса дафтарида ўчириб-ёзиш ва изоҳсиз тузатишлар қилиш ман этилади. Қилинган тузатишлар кассир, шунингдек нобанк кредит ташкилоти раҳбари ва бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) имзолари билан тасдиқланади.


22. Ҳар бир ордер ёки унинг ўрнига ўтадиган бошқа ҳужжат бўйича пул берилганидан ёки пул олингандан кейин кассир томонидан дарҳол касса дафтарига ёзиб қўйилади. Ҳар куни, иш куни охирида кассир кун давомидаги операциялар якунини ҳисоблайди, кейинги кунга кассадаги пуллар қолдиғини ҳисоблаб чиқаради ва бухгалтерияга кассир ҳисоботи сифатида йиртиб олинган иккинчи варақни (касса дафтаридаги бир кунлик ёзувлар нусхасини) кирим ва чиқим касса ҳужжатлари билан биргаликда касса дафтарига имзо чектириб топширади.


23. Касса дафтари тўғри юритилишини назорат этиш нобанк кредит ташкилоти раҳбари, бош бухгалтер (агар бухгалтер мавжуд бўлса) зиммасига юкланади.


24. Тўлов қайдномасида ёки чиқим касса ордерида олувчининг имзоси билан тасдиқланмаган ҳолда кассадан берилган пул кассада нақд пуллар қолдиғини ҳисоблашда эътиборга олинмайди. Ушбу сумма камомад ҳисобланади ва кассирдан ундириб олинади. Кассадаги кирим касса ордерлари билан тасдиқланмаган нақд пуллар кассадаги ортиқча пул ҳисобланади ва нобанк кредит ташкилотларининг даромадига киритилади.



IV. КАССАДА ПУЛЛАР ВА БОШҚА

ҚИММАТЛИКЛАРНИ САҚЛАШ


25. Ҳар бир нобанк кредит ташкилоти нақд пуллар билан ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун ўз кассасига эга бўлиши лозим. Нақд пулларни қабул қилиш, бериш ҳамда вақтинчалик сақлаш, шунингдек бошқа қимматликларни вақтинчалик сақлаш учун мўлжалланиб, алоҳида ажратилган ҳамда махсус жиҳозланган хона касса деб аталади.


26. Нобанк кредит ташкилотларининг касса хоналари мазкур Қоидаларнинг 1б-иловасига мувофиқ техник жиҳатдан мустаҳкамланиши ва қўриқлаш-ёнғиндан сақлаш сигнализация воситалари билан жиҳозланиши лозим.

Нобанк кредит ташкилотларининг раҳбарлари кассани тегишли равишда жиҳозланиши ва пулларнинг касса хонасида сақланишини, шунингдек, уларни банкдан олиб етказиб беришда ҳамда банкка топширишда пулларни бут сақланишини таъминлашлари шарт. Раҳбарларнинг айби билан пул маблағларини сақлаш ва ташиш вақтида пулларининг бут сақланиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмаган ҳолларда, улар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Пул маблағларини сақлаш ва ташиш пайтида уларнинг бут сақланишини таъминлаш юзасидан тавсиялар мазкур Қоидаларнинг 2-иловасида келтирилган.

27. Барча нақд пуллар нобанк кредит ташкилотларида ёнмайдиган сейфларда сақланади, улар касса иши тугаганидан кейин калит билан қулфланади ва кассирнинг сурғучли муҳри билан муҳрланади. Сейф калитлари ва муҳрлар кассирлар (кассир)да сақланади ва уларни шартланган жойларда қолдириш, бегона шахсларга бериш ёки ҳисобда турмаган дубликатларини тайёрлаш тақиқланади. Сейфлар ва металл жавонлар турган хоналарнинг эшигини очиқ қолдириш, шунингдек ушбу сейфлар ва жавонлар эшигида калитларни қолдириш қатъиян ман этилади.

Калитларнинг ҳисобга олинган дубликатлари кассирлар томонидан сурғучланган халталарда нобанк кредит ташкилотларнинг раҳбарларида сақланади. Камида ҳар чоракда бир марта уларнинг назорат текшируви ўтказилади. Калит йўқолгани аниқланган ҳолларда нобанк кредит ташкилоти раҳбари ички ишлар органларига бу ҳақда хабар беради ва зудлик билан сейфларнинг қулфини алмаштириш учун чоралар кўради.

Мазкур нобанк кредит ташкилотига тегишли бўлмаган нақд пуллар ва бошқа бойликларни кассада сақлаш тақиқланади.


28. Касса хонасини ва сейфни очишдан олдин кассир қулфлар, эшиклар, дераза панжаралари ва муҳрлар бутлигини кўздан кечириши, қўриқлаш сигнализациясининг соз ҳолатда эканлигини текшириб, бунга ишонч ҳосил қилиши шарт.

Муҳрнинг йўқлиги ёки шикастланганлиги, қулф, эшик ёки панжаралар шикастланганлиги ҳолларида кассир зудлик билан бу ҳақда нобанк кредит ташкилоти раҳбарини хабардор қилиши лозим, раҳбар эса содир бўлган воқеа тўғрисида ички ишлар органларига хабар беради ва ушбу орган ходимлари етиб келгунга қадар кассани қўриқлаш чораларини кўради.

Бундай ҳолларда нобанк кредит ташкилоти раҳбари, бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) ҳамда кассир ички ишлар органининг рухсатини олганидан сўнг, кассада сақланаётган пул маблағлари ва бошқа қимматликлар мавжудлигини текширади. Ушбу текширув касса операциялари бошлангунга қадар амалга оширилиши лозим. Текширув натижалари тўғрисида 3 нусхада далолатнома тузилади ва у текширувда қатнашган барча шахслар томонидан имзоланади. Далолатноманинг биринчи нусхаси - ички ишлар органларига, иккинчи нусхаси - юқори нобанк кредит ташкилотига (агар у мавжуд бўлса) юборилади, учинчи нусхаси эса нобанк кредит ташкилотининг ўзида қолади.


29. Моддий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, кассир ўзи қабул қилиб олган барча қимматликларнинг бут сақланиши учун ҳамда нобанк кредит ташкилотига ўзининг қасддан қилинган ҳаракатлари, шунингдек ўз вазифаларига масъулиятсизлик билан қараши натижасида етказилган зарар учун тўла моддий жавобгар ҳисобланади.


30. Кассирнинг ишга тайинланганлиги тўғрисида буйруқ чиқарилганидан кейин, нобанк кредит ташкилоти раҳбари кассирни Касса операцияларини юритиш қоидалари билан унга имзо чектирган ҳолда таништириши лозим. Шундан кейин кассир билан унинг тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузилади.


31. Кассирга ўзига топширилган ишни бошқа шахсларга ишониб топшириш ман этилади.


32. Кассир битта бўлган нобанк кредит ташкилотларда, у вақтинча алмаштирилиши зарур бўлган ҳолларда, кассир вазифасини бажариш нобанк кредит ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан бошқа ходим зиммасига юкланади. Бу ходим билан 30-бандда кўзда тутилган шартнома тузилади.

Кассир ўз иш жойини тўсатдан қолдирган (касал бўлиши ва б.) ҳолларда унинг ҳисобидаги қимматликлар дарҳол нобанк кредит ташкилоти раҳбари ва бош бухгалтери (агар бухгалтер мавжуд бўлса) иштирокида ёки нобанк кредит ташкилоти раҳбари тайинланган шахслардан таркиб топган комиссиянинг иштирокида бошқа кассир томонидан қайта саналади ва унга ушбу қимматликлар топширилади. Қимматликларни қайта санаш ва топшириш натижалари тўғрисида далолатнома тузилади ва унга юқорида кўрсатилган шахслар имзо чекади.



V. ГАРОВГА ҚЎЙИЛГАН АШЁЛАРНИ ЛОМБАРД

ТОМОНИДАН САҚЛАШ ХУСУСИЯТЛАРИ


33. Ломбардда гаровга олинган ашёларни сақлаш, уларнинг бут сақланишини таъминлаш, уларга зарарли таъсир кўрсатилиши ҳамда бегона шахслар киришини истисно этадиган шарт-шароитлар таъминланган бўлиши лозим.


34. Гаровга қўйилган ашёларни сақлаш жойларида бошқа ашёларни сақлашга йўл қўйилмайди.


35. Ломбардлар, кассадан ташқари, ломбард томонидан гаровга олинган ашёларни сақлаш учун алоҳида хонага эга бўлиши керак.


36. Ушбу хонада дераза ўринлари бўлмаслиги ва хона мазкур Қоидалар талабларига жавоб бериши лозим.



VI. КАССАНИ ТАФТИШ ҚИЛИШ

ВА КАССА ИНТИЗОМИГА РИОЯ

ЭТИЛИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


37. Нобанк кредит ташкилоти раҳбари томонидан белгиланган муддатларда, лекин камида ҳар чоракда бир марта, касса тўсатдан тафтиш қилиниб, кассадаги барча пуллар бирма-бир саналади ва бошқа қимматликлар текширилади. Кассада тафтиш ўтказиш учун нобанк кредит ташкилоти раҳбарининг буйруғи билан комиссия тайинланади. Мазкур комиссия тафтиш ўтказиб, бу тўғрида далолатнома тузади. Тафтиш натижасида кассадаги бойликлар кам ёки ортиқча чиққанлиги аниқланса, камомад ёки ортиқча сумма миқдори ва улар вужудга келган вазиятлар далолатномада кўрсатилади.

Пул маблағлари мавжудлигини текшириш далолатномасининг намунавий шакли мазкур Қоидаларнинг 3-иловасида келтирилган.

38. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки нобанк кредит ташкилотлари томонидан ушбу Қоидалар талабларига риоя этилишини қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда текширадилар.

Мазкур Қоидалар талаблари бузилганлиги аниқланганда нобанк кредит ташкилотлари раҳбаридан аниқланган қоидабузарлик ва камчиликларни белгиланган муддатда бартараф этилиши талаб қилинади.


39. Касса интизомининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Касса интизомига риоя этиш учун жавобгарлик нобанк кредит ташкилотлари зиммасига юкланади.






Қоидаларига

1-ИЛОВА



Кассадаги нақд пул қолдиғи лимитларини,

нақд пул тушумларини топшириш тартиби

ва муддатларини белгилаш учун

ҲИСОБ-КИТОБ

_____ йил

_______________________________________________

(нобанк кредит ташкилотининг номи)


минг сўмда

N

Кўрсаткичлар


Нобанк кредит

ташкилоти томонидан

лойиҳалаштирилган


Банк

томонидан

тасдиқланган


1

2


3

4

1.

Нақд пул маблағларининг кунлик кирими




2.

Иш ҳақи, вақтинчалик ишга лаёқатсизлиги бўйича нафақалар, стипендиялар ва сафар харажатларидан ташқари, ҳисобот ойида бошқа эҳтиёжларга тўланган жами нақд пуллар, жумладан:




2.1.

Жисмоний шахсларга кредитлар ва микроқарзлар бериш




2.2.

Қарз маблағларини қайтариш ва улар бўйича фоизларни тўлаш




2.3.

Жами тўланган нақд пул маблағлари (2.1-сатр + 2.2-сатр)




3.

Кредитлар, микроқарзлар ва қарз маблағлари бўйича мажбуриятларни бажариш учун кассадан амалга оширилган кунлик ўртача харажат (2.3-сатр/ташкилот иш кунлари сони)




4.

Касса қолдиғининг лимити




5.

Нақд пул маблағларини топшириш тартиби




6.

Нақд пул маблағларини топшириш муддатлари




Нобанк кредит

ташкилотининг раҳбари _________________________________

                                                                                (исми-шарифи, имзо)


Бош бухгалтер

(агар мавжуд бўлса) _____________________________________

                                                                              (исми-шарифи, имзо)


Банкнинг раҳбари _______________________________________

                                                                              (исми-шарифи, имзо)






Қоидаларга

1а-ИЛОВА



Сўмнинг тўловга яроқлилик белгиларини аниқлаш

ҚОИДАЛАРИ


1. Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан ҳақиқийлиги шубҳалантирмайдиган ҳамда улар қийматини белгилайдиган сўзлар, Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири, серияси ва рақамлари тўлиқ сақланган банкнотлар, улар умумий ўлчамининг 55 фоизи мавжуд бўлса ҳамда шикастланиш даражасидан қатъий назар, тўлиқ ҳажмини ва юз томонида қиймат тасвирини сақлаган металл тангалар тўловга қабул қилинади.


2. Микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар:

исталган қисми, жумладан тўловлилик аломатлари белгиланишига таъсир этадиган даражада тешилган, йиртилган сийқаланган жойлари, доғлари бўлган, сиёҳда ёзилган;

айрим қисмлари шак-шубҳасиз битта билетга тегишли бўлган йиртилган ва елимланган;

қийматини кўрсатадиган рақамлар, ёзувлар бўлган қисмлардан ташқари, ўз рангини ўзгартирган, куйган (кўпроқ куйган);

тўлиқ ҳажмини сақламаган банкнотларни тўловга қабул қилиши ва пул тушуми таркибида банкларга топшириши лозим.

Ушбу талабларга мувофиқ келмайдиган банкнотлар ва тангалар тўловга яроқсиз ҳисобланади ва банклар томонидан экспертизага қабул қилинади.






Қоидаларга

1б-ИЛОВА


Нобанк кредит ташкилотларининг касса хоналарини

техник жиҳатдан мустаҳкамлаш ва қўриқлаш-ёнғиндан

огоҳ этиш воситалари билан жиҳозлаш бўйича

ТАЛАБЛАР


1. Мазкур талаблар нобанк кредит ташкилотларида касса хоналарини техник жиҳатдан мустаҳкамлаш ва қўриқлаш - ёнғиндан огоҳ этиш воситалари билан жиҳозлаш бўйича меъёрларини белгилайди.


2. Нобанк кредит ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган кассалар ғиштли ёки темир бетон деворларга, мустаҳкам эшикларга, пол ва шифтларга эга бўлиши лозим.


3. Касса хоналари пул ва бошқа қимматликларни сақлаш учун ёнмайдиган сейфлар билан жиҳозланган, шунингдек улар деворга ёки полга қотирилган бўлиши лозим.


4. Нобанк кредит ташкилотлари кассаларининг қурилиш-монтаж, техник жиҳатдан мустаҳкамлиги ва хавфсизлиги, уларда қимматликларнинг бутлиги, дахлсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш бўйича масъулият ушбу ташкилотлар раҳбарлари зиммасига юклатилади.


5. Касса хоналарига нобанк кредит ташкилотлари ихтиёрига кўра замонавий технологиялар асосида яратилган, дастурий таъминотга асосланган воситалар ёрдамида моддий жавобгар шахсларнинг биометрик ("бармоқ изи", "кўз гавҳари", "товуш диапазони" ва бошқа) белгиларига қараб идентификация қилишга қодир бўлган эшиклар ўрнатилиши мумкин.


6. Ёнғин ёки фавқулодда вазиятлар юзага келганда инсонларни ва моддий бойликларни сақлаш мақсадида, бинонинг дераза ромларига панжаралар хонанинг ички томонидан енгил очиладиган қилиб ўрнатилиши лозим.


7. Касса хоналари қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи билан жиҳозланиши шарт:

а) биринчи ҳимоя тўсиғи - хонанинг периметрини ҳимоя қилади. Касса хоналарида деразалар мавжуд бўлганда, улар дераза очилиши ва ойна синишини қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланади;

б) иккинчи ҳимоя тўсиғи - хонанинг ҳажмини ҳимоя қилади. Бунинг учун ҳажмни қўриқлаш (ультратовуш, инфрақизил, оптик-электрон, радиотўлқин русумли) қурилмалари қўлланилади.


8. Касса хоналарида кассирларнинг иш жойлари ташвиш тугмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


9. Касса хоналаридаги қўриқлаш сигнализациясиининг иккита ҳимоя тўсиғи ишдан ташқари вақтда қабул-назорат ускунаси орқали техник қўриқлаш пунктига қўриқлашга топширилади. Касса хоналаридаги ташвиш тугмалари иш вақти давомида техник қўриқлаш пунктига уланади.


10. Касса хоналаридаги қўриқлаш сигнализациясининг иккита ҳимоя тўсиғи алоҳида шлейфлар билан қабул-назорат ускуналарига уланиб, унинг чиқиши битта шлейф орқали техник қўриқлаш пунктига ва кассанинг навбатчилик хонасидаги хабар бериш ускунасига уланади, шунингдек электр энергияси бўлмаган тақдирда қўриқлаш сигнализациясининг ўн икки соат ишлаб туришини таъминловчи захира электр манбаи билан таъминланиши лозим.


11. Касса хоналари норматив ҳужжатларда белгиланган тартибда ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар (тутунли, иссиқли ва ҳ.к.) билан жиҳозланади ва улар техник қўриқлаш пунктига ёки навбатчи ходимлар постидаги ёнғиндан хабар берувчи назорат қилиш ускунасига уланади.


12. Қўриқлаш сигнализацияси ва ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар тизими ва кассани ёритиш тизими алоҳида-алоҳида монтаж қилинади ҳамда уларнинг узлуксиз ишлаши таъминланиши лозим. Симларнинг барча турлари пластмасса қувурларда яширилган ҳолда ўтказилади.


13. Касса хоналарининг ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалари тизими ШНҚ 2.04.09-2007 "Бино ва иншоотларнинг ёнғин автоматикаси" талабларига мувофиқ келиши ва доимо ишчи ҳолатда бўлиши лозим.


14. Касса хоналарини қўриқлаш сигнализация воситалари ва ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар билан жиҳозлашга доир ишлар рухсатномага (лицензияга) эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.


15. Касса хоналарида монтаж қилинган қўриқлаш ва ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмаларни монтаж ташкилотидан фойдаланишга қабул қилиш ва далолатномани имзолаш Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг қўриқлаш бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ва нобанк кредит ташкилотларининг вакиллари билан биргаликда тузилган комиссия томонидан амалга оширилади. Монтаж ташкилоти мажбурий тартибда қўриқлаш ва ёнғиндан автоматик хабар берувчи қурилмалар монтажининг ижро чизмаси ва монтаж қилинган сигнализация аппаратларини ишлатиш йўриқномасини тақдим этади.






Қоидаларига

2-ИЛОВА



Пул маблағларини сақлаш ва ташиш пайтида

уларнинг бутлигини таъминлаш бўйича

ТАВСИЯЛАР


1. Нобанк кредит ташкилотлари раҳбарларига касса операцияларини юритиш, қўриқлаш-ёнғиндан огоҳлантириш воситаларига қараш, пул маблағларини қўриқлаш ва ташиш билан боғлиқ бўлган ишга қабул қилишда ёки лавозимларга тайинлашда ёки юқорида кўрсатилган ишларга вақти-вақти билан жалб этишда ушбу шахслар тўғрисида маълумотлар олиш учун ички ишлар органлари ва тиббиёт муассасаларига мурожаат этиш тавсия қилинади. Бунда касса операцияларини юритиш, қўриқлаш-ёнғиндан огоҳлантириш воситаларига қараш, пул маблағларини қўриқлаш ва ташиш ишларига қуйидаги шахсларни жалб этишга рухсат этилмайди:

қасддан жиноят содир этганлиги учун илгари жиноий жавобгарликка тортилган, судланганлиги белгиланган тартибда бекор қилинмаган ёки суд томонидан белгиланган зарарларнинг қийматини тўлаб бўлмаган шахслар;

сурункали юқумли касаллиги бор шахслар;

жамоат тартибини мунтазам равишда бузиб турувчилар;

спиртли ичимликлар ёки шифокор рухсатисиз гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилувчилар.


2. Нобанк кредит ташкилотларининг пул маблағлари ва бойликларини банк муассасаларидан олиб келиш ёки уларга топширишда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўриқлаш хизмати томонидан шартнома асосида транспортда кузатиб борилиши мумкин.

3. Пул маблағларини ташиш вақтида кассир ва унга ҳамроҳлик қилувчи шахсга ҳамда транспорт воситаси ҳайдовчисига қуйидагилар тақиқланади:

ҳаракат йўналиши ва етказиб бориладиган пул маблағлари ҳамда қимматликлар суммаси миқдорини ошкор этиш;

транспорт воситасига нобанк кредит ташкилоти раҳбари томонидан пул маблағлари ҳамда бойликларни етказиш учун тайинланмаган шахсларни киритиш;

пиёда, йўловчи ёки жамоат транспортида юриш;

дўконлар, бозорлар ва шу сингари жойларга кириш;

бирон-бир топшириқни бажариш ва ҳар қандай бошқа йўл билан пул ва қимматликларни белгиланган жойга етказишдан чалғиш.






Қоидаларига

3-ИЛОВА



___________________________________________________

(нобанк кредит ташкилоти)


______________________________________________ цехи

______________________________________да жойлашган


Мавжуд нақд пулларни мавжудлигини текшириш

ДАЛОЛАТНОМАСИ


_____ -сон 200___ йил "____" _____________


Тилхат


Текшириш бошланишидан олдин пул маблағларига доир барча кирим-чиқим ҳужжатлари бухгалтерияга топширилди, менинг жавобгарлигимга келиб тушган барча пул маблағлари кирим қилинди, чиқиб кетганлари эса чиқимга киритилди.


Моддий жавобгар шахс

_________________   _____________   _____________________________

           лавозими                              имзоси                                     исми-шарифи

200____ йил "____" ________даги ____ -сонли буйруқ (фармойиш)га асосан 200 ___ йил "____" _________даги ҳолатидаги пул маблағларининг мавжудлиги текширилди.


Текшириш натижасида қуйидагилар аниқланди:

нақд пуллар _____________сўм ______ тийин


Жами амалда мавжуд бўлган маблағлар __________ сўм ______ тийин

______________________________________________________________

ёзув билан


Ҳисоб маълумотига кўра ________________сўм ________ тийин

Текшириш натижалари:

ортиқчалик _____________________________________________________

камомад ________________________________________________________


касса ордерларининг охирги рақамлари:

кирим ордери N _______ чиқим ордери N _____________


Комиссия раиси:

_________________   _____________   _____________________________

           лавозими                         имзоси                                        исми-шарифи


Комиссия аъзолари

_________________   _____________   _____________________________

           лавозими                         имзоси                                         исми-шарифи

_________________   _____________   _____________________________

            лавозими                        имзоси                                         исми-шарифи

_________________   _____________   _____________________________

Далолатномада кўрсатилган пул маблағларини сақлаш менинг зиммамда эканлигини тасдиқлайман.


Далолатноманинг орқа томони.


Ортиқча ёки камомад сабабларини тушунтириш ___________________

_______________________________________________________________

_______________________________________________________________

_______________________________________________________________

_______________________________________________________________


Моддий жавобгар шахс

Нобанк кредит ташкилоти

раҳбарининг қарори ____________________________________________

_______________________________________________________________

_______________________________________________________________

_______________________________________________________________

________________________________   ___________________

                                                                                                      (имзо)


20___ йил "____" _______________


Далолатнома кассада амалда мавжуд бўлган пул маблағлари (нақд пуллар ва бошқалар)ни текшириш натижаларини акс эттириш учун қўлланилади.

Комиссия кассадаги барча пуллар, қимматли қоғозлар ва бошқа қимматликларни тўлиқ қайта санаш йўли билан мавжуд пулларни текширади. Далолатнома икки нусхада тузилади ва рўйхатга олиш комиссияси ҳамда моддий жавобгар шахс томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси нобанк кредит ташкилоти бухгалтериясига топширилади, иккинчи нусхаси моддий жавобгар шахсда қолади.

Текшириш бошлангунга қадар ҳар бир моддий жавобгар шахсдан ёки пул маблағларининг сақланиши учун жавобгар шахслар гуруҳидан тилхат олинади. Тилхат мазкур шаклнинг сарлавҳа қисмига киритилган.

Моддий жавобгар шахслар алмашганида далолатнома уч нусхада тузилади (бойликларни топширган моддий жавобгар шахсга, бойликларни қабул қилиб олган моддий жавобгар шахсга ва бухгалтерияга бериш учун).



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 39-сон, 405-модда.


















































Время: 0.1983
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск