ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Йўл хўжалиги. Йўл жамғармаси /

Ўзбекистон Республикасининг 02.10.2007 й. ЎРҚ-117-сон "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 29.06.2007 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 24.08.2007 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

02.10.2007 й.

N ЎРҚ-117



АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2007 йил 29 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2007 йил 24 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги (бундан буён матнда автомобиль йўллари соҳасидаги деб юритилади) муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Автомобиль йўллари

тўғрисидаги қонунчилик

Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Ҳақ тўланадиган автомобиль йўллари соҳасидаги муносабатлар алоҳида қонун билан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


автомобиль йўли - транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган, уларнинг белгиланган тезликда, оғирликда, ўлчамларда муттасил ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган муҳандислик иншоотлари мажмуаси, шунингдек ушбу мажмуани жойлаштириш учун берилган ер участкалари ва мажмуа устидаги белгиланган доирадаги бўшлиқ;


автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар - йўл ҳаракатининг иштирокчилари бўлган ёки ажратилган минтақа ҳамда йўл бўйи минтақаси доираларида белгиланган тартибда рухсат этилган фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар;


ажратилган минтақа - автомобиль йўли, унинг тегишли конструктив элементлари ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек автомобиль йўлидан фойдаланиш учун зарур бўлган бинолар, иншоотларни жойлаштириш, иҳота ва манзарали дарахтзорлар барпо этиш учун доимий фойдаланишга қонунчиликда белгиланган тартибда бериладиган ер участкаси;

йўл бўйи минтақаси - ажратилган минтақага туташган, чегараларида аҳоли хавфсизлигини ва транспортнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун ердан фойдаланишнинг алоҳида шартлари белгиланадиган ер участкаси;


хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари - қишлоқ жойлардан ўтадиган ва хўжаликларни ўзаро боғлайдиган автомобиль йўллари. Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, агар қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлади.


2-БОБ. АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ

СОҲАСИНИ БОШҚАРИШ

4-модда. Автомобиль йўллари

соҳасида давлат бошқаруви

Автомобиль йўллари соҳасида давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, автомобиль йўллари соҳасидаги махсус ваколатли орган (бундан буён матнда махсус ваколатли орган деб юритилади), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилади.



5-модда. Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамасининг автомобиль

йўллари соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

автомобиль йўллари соҳасидаги давлат дастурларини тасдиқлайди;

давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг автомобиль йўллари соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини тасдиқлайди;

автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


6-модда. Махсус ваколатли органнинг ваколатлари

Махсус ваколатли орган:

автомобиль йўллари соҳасида ягона техника сиёсатини амалга оширади;

автомобиль йўллари тармоқларини ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболларини белгилайди;

автомобиль йўлларини ривожлантириш давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

автомобиль йўлларини лойиҳалаш соҳасидаги нормалар ва стандартларга риоя этилишини таъминлайди;

автомобиль йўлларининг халқаро транзит йўлакларини шакллантиради;

автомобиль йўлларини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш тартиби масалалари комплекс ҳал этилишини таъминлайди, шунингдек буюртмачи хизматининг фаолиятини ташкил этади;

автомобиль йўлларининг ҳудудий архитектура-бадиий тузилишига ва ландшафт дизайнига тааллуқли замонавий ёндашувларни шакллантириш ҳамда амалга ошириш бўйича ягона давлат сиёсатини ўтказади;

автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни транспортнинг ифлослантиришидан ва ташланмаларидан муҳофаза қилишнинг замонавий усуллари ҳамда технологияларини жорий этади;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш сифати устидан назоратни амалга оширади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг давлат кадастрини юритади;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг ҳисоби юритилиши устидан назоратни амалга оширади;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг мавжуд тармоғи сақланишини таъминлаш ишларини мувофиқлаштиради, уларнинг ҳолати тегишли транспорт-фойдаланиш даражасида бўлишини таъминлайди;

автомобиль йўллари соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, сақлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришда инновацион технологияларни, шунингдек замонавий стандартларни жорий этади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхати бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

автомобиль йўллари соҳасида кадрларни тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни, шу жумладан хорижда ўқув стажировкаси ва семинарлар ўтказилишини ташкил этади.

Махсус ваколатли орган қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


6-1-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат

қилиш давлат инспекциясининг автомобиль йўллари

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси:

йўл қурилиши, йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини ишлаб чиқаришда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини назорат қилади;

қурилиши тугалланган йўл объектларини фойдаланишга қабул қилиш комиссияларининг ишида иштирок этади;

автомобиль йўллари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, шунингдек техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги тегишли норматив ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлар киритади;

йўл-қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларини стандартлаштириш ҳамда сертификатлаштиришга доир ишларни амалга оширади;

автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг мурожаатларига кўра йўл объектларининг сифат кўрсаткичларини аниқлайди;

йўл объектларидан фойдаланишга доир ишларнинг сифатли бажарилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

автомобиль йўллари соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарларнинг, шаҳар посёлкаларининг, қишлоқларнинг ва овулларнинг кўчаларини ривожлантириш ҳудудий дастурларини махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчалари тармоқларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш истиқболларини махсус ваколатли орган билан келишилган холда белгилайди;

шаҳарларнинг, шаҳар посёлкаларининг, қишлоқлар ва овулларнинг транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастурларини махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда ишлаб чиқади, тасдиқлайди ҳамда амалга оширади;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарларнинг, шаҳар посёлкаларининг, қишлоқларнинг ва овулларнинг кўчаларини лойиҳалаштириш соҳасидаги нормалар ҳамда стандартларга риоя этилишини таъминлайди;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарларнинг, шаҳар посёлкаларининг, қишлоқларнинг ва овулларнинг кўчаларини сақлашни таъминлайди;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларининг, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар кўчаларининг ҳисобини юритади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


3-БОБ. АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИНИ

ТАСНИФЛАШ ВА УЛАРНИНГ ТОИФАЛАРИ

8-модда. Автомобиль йўлларини таснифлаш

Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўллари қуйидагича таснифланади:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;

шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари;

хўжалик автомобиль йўллари.


9-модда. Умумий фойдаланишдаги

автомобиль йўллари

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб, автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар учун очиқдир. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари аҳоли эҳтиёжларини, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва мудофаа эҳтиёжларини қаноатлантириш учун шаҳарлар ҳамда бошқа аҳоли пунктлари ўртасида юклар ва йўловчилар ташишни таъминлайди.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари халқаро, давлат ва маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўлларига бўлинади.

Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ халқаро автомобиль йўллари тармоғига кирадиган йўллар халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари жумласига киради.

Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва туманларининг маъмурий марказлари, вилоятга бўйсунувчи шаҳарлар, маданият ҳамда саноат марказлари ўртасида транспорт қатновини таъминлайдиган, мазкур марказларни эса, халқаро аҳамиятга молик йўллар билан, аэропортлар, темирйўл станциялари, портлар ва кема тўхташ жойлари, шунингдек қўшни давлатлар билан боғлайдиган йўллар давлат аҳамиятига молик автомобиль йўллари жумласига киради.

Туманларнинг маъмурий марказларини шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар билан, шунингдек давлат аҳамиятига молик йўллар билан боғлайдиган йўллар маҳаллий аҳамиятга молик автомобиль йўллари жумласига киради.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари махсус ваколатли орган ихтиёрида бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхати белгиланган тартибда тасдиқланади.


10-модда. Шаҳарлар ва бошқа

аҳоли пунктларининг кўчалари

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар ва овуллар доирасида ўтади, мазкур кўчаларнинг Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатига белгиланган тартибда киритилган участкалари бундан мустасно.

Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчалари давлат мулки бўлиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ихтиёрида бўлади.


11-модда. Хўжалик автомобиль йўллари

Хўжалик автомобиль йўллари давлат ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкидир. Технологик мақсадларга хизмат қиладиган йўллар, шохобча, хизмат, патруль ва бошқа шунга ўхшаш автомобиль йўллари хўжалик автомобиль йўллари жумласига киради.



12-модда. Автомобиль йўлларининг тоифалари

Автомобиль йўллари техник вазифасига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда тоифаларга бўлинади.


4-БОБ. АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ, ҚУРИШ ВА САҚЛАШ

13-модда. Автомобиль йўлларини молиялаштириш

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини молиялаштиришга ажратилган маблағлар белгиланган мақсадга эга бўлади ва тегишли автомобиль йўлларини таъмирлаш, сақлаш ҳамда ривожлантириш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёжлар учун олиб қўйилмайди ёки сарфланмайди, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарларнинг, шаҳар посёлкаларининг, қишлоқларнинг ва овулларнинг кўчаларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

Хўжалик автомобиль йўлларини молиялаштириш улар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.



14-модда. Автомобиль йўлларини

лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш

Автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ишлаб чиқилган шаҳарсозлик ҳужжатлари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилиши керак.

Агар умумий фойдаланишдаги автомобиль йўли билан туташган ёки кесишган автомобиль йўли шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари бузилган ҳолда қурилган бўлса, махсус ваколатли орган ёки унинг тегишли ҳудудий бўлинмаси уни қайта қуриш ҳақида ёхуд ҳудудни дастлабки ҳолатига келтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли.

Ажратилган минтақада муҳандислик коммуникацияларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш лойиҳалари автомобиль йўли қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар билан келишиб олиниши керак.

Автомобиль йўлини қуриш ёки реконструкция қилиш чоғида муҳандислик коммуникацияларини кўчириш бўйича олиб бориладиган ишлар қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


15-модда. Автомобиль йўлларини

таъмирлаш ва сақлаш

Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш мазкур йўллар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан таъминланади.

Автомобиль йўлларини таъмирлаш ва сақлаш автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар ташкил этадиган ёки жалб қиладиган ихтисослаштирилган ташкилотлар (бундан буён матнда йўл ташкилотлари деб юритилади) томонидан амалга оширилиши мумкин.

Темир йўлларни кесиб ўтиш жойларини, осма кўприкларни, паром кечувларини, трамвай йўлларини ҳамда автомобиль йўлларидаги бошқа иншоотларни таъмирлаш ва сақлаш мазкур иншоотлар қайси юридик шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик шахслар томонидан амалга оширилади.



16-модда. Йўл ташкилотларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Ноқулай об-ҳаво-иқлим шароитларида, табиий офатлар, ёнғинлар юз берганда, автомобиль йўли кўтариш қобилиятини йўқотганда ва бошқа шунга ўхшаш ҳолларда, шунингдек таъмирлаш-қурилиш ишлари олиб борилаётганда йўл ташкилотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига бу ҳақда билдирган, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларни оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиш билан хабардор қилган ҳамда тегишли белгилар ўрнатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари билан биргаликда транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

Йўл ташкилотлари автомобиль йўлларининг соз ҳолатда бўлишини, улардан транспорт воситалари муттасил ва хавфсиз ўтишини таъминлаши шарт.



5-БОБ. АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШ

17-модда. Автомобиль йўлларидан

фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларидан, шунингдек бошқа шахслар фойдаланиши учун очиқ бўлган хўжалик автомобиль йўлларидан ўтиш;

муттасил, йил давомида, хавфсиз ва қулай шароитларда ҳаракатланиш;

ҳаракатланишнинг йўл шароитлари тўғрисида тезкор ахборот олиш;

автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш.

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18-модда. Автомобиль йўлларидан

фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар:

ҳаракат хавфсизлигини ва автомобиль йўлларини сақлашни таъминлай оладиган ҳолатдаги транспорт воситаларидан фойдаланишлари;

ажратилган минтақани ифлослантирмасликлари;

автомобиль йўлларининг шикастланиш ҳолларига йўл қўймасликлари шарт.

Автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


19-модда. Автомобиль йўлларидан

фойдаланувчиларнинг жавобгарлиги

Автомобиль йўлининг элементлари шикастланишига йўл қўйган автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда кўрсатилган элементларнинг ва уларни тиклаш ишлари қийматининг ўрнини қоплайди.


20-модда. Автомобиль йўлларидан

фойдаланиш тартиби

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.

Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларидан, шаҳарларнинг, шаҳар посёлкаларининг, қишлоқларнинг ва овулларнинг кўчаларидан фойдаланиш тартиби махсус ваколатли орган билан келишилган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан белгиланади.

Хўжалик автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби мазкур автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан белгиланади.

Автомобиль йўлларидан ўқига тушадиган юк ва оғирлиги белгиланган нормалардан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ҳамда механизмларнинг ўтишига рухсат берилади.

Ўқига тушадиган юк ва ўлчамлари муайян автомобиль йўли учун белгиланган нормалардан ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ўтиши учун қонунчиликда белгиланган тартибда ҳақ ундирилади. Автомобиль йўли элементлари шикастланган тақдирда, автомобиль йўлидан фойдаланиш учун рухсат берилганлиги бундай транспорт воситалари эгаларини жавобгарликдан озод этмайди.

Чет давлатлар транспорт воситаларининг автомобиль йўлларидан ўтиши қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


21-модда. Автомобиль йўлларидан

уларнинг асосий вазифаси билан боғлиқ

бўлмаган ҳолларда фойдаланиш

Автомобиль йўлларидан уларнинг асосий вазифаси билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда фойдаланиш автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Агар қонунда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар билан келишмасдан туриб:

ажратилган минтақада йўл ахборотига алоқаси бўлмаган реклама пештахталари, пешлавҳалар, эълонлар ўрнатиш ва жойлаштиришга;

спорт мусобақалари ва жамоатчилик тадбирлари ўтказишга;

ажратилган минтақа доирасида кўкаламзорлаштириш ишларини олиб боришга;

каналлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, қувурлар, темир йўллар ҳамда бошқа коммуникацияларнинг автомобиль йўлларини кесиб ўтишига;

туташадиган ва ажралиб чиқадиган йўллар қуришга;

кўприклар ва сув қувурлари яқинида мелиорация ҳамда бошқа мақсадлар учун дарёлар ва зовурларнинг ўзанларини чуқурлаштиришга;

автомобиль йўлига қўшилиб кетган шлюзлар, тўғонлар ва бошқа мелиорация ҳамда гидротехника иншоотларини таъмирлашга;

автомобиль йўллари четларида ҳамда йўл кўтармалари ёки ўйимларининг қияликларида жойлашган, фойдаланилаётган алоқа ва электр узатиш линияларини реконструкция қилиш ишларини бажаришга йўл қўйилмайди.



22-модда. Ажратилган минтақадан

фойдаланиш тартиби

Агар қонунда бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ажратилган минтақадан унда ишлар бажариш учун автомобиль йўли қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, фақат ўша юридик ва жисмоний шахсларнинг рухсати билан фойдаланилиши мумкин.

Ажратилган минтақанинг участкалари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидалари талабларини таъминлаш шарти билан сервис объектларини жойлаштириш учун ижарага белгиланган тартибда берилиши мумкин.


23-модда. Автомобиль йўлларида

ҳаракатланишни чеклаш ёки тақиқлаш

Ушбу Қонун 16-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларда ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда автомобиль йўлларида ҳаракатланиш чекланиши ёки тақиқланиши мумкин.

Автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар ажратилган минтақада иш олиб борилаётганда ҳам, агар бундай ишлар транспорт воситалари ҳамда пиёдаларнинг ҳаракат хавфсизлигига таҳдид қилса, автомобиль йўлларидаги ёки уларнинг айрим участкаларидаги ҳаракатланишни чеклаш ёхуд тақиқлашга ҳақли.

Ишлар олиб бориш учун автомобиль йўлларидаги ёки уларнинг айрим участкаларидаги ҳаракатланишни чеклаш ёки тақиқлаш автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан берилган рухсатномалар асосида амалга оширилади.

Шошилинч, кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда автомобиль йўлларида ҳаракатланишни чеклаш ёки тақиқлаш ишлар олиб бориш учун олдиндан рухсатнома олмаган ҳолда жорий этилиши мумкин, бироқ бунда автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бўлинмалари бу ҳақда хабардор қилиниши шарт.



24-модда. Автомобиль йўлига туташ ер

участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва

улардан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Автомобиль йўлига туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар:

автомобиль йўлига қўшиладиган ва шохобча йўлларни техникавий жиҳатдан соз ҳолатда сақлашлари;

ажратилган минтақадаги дов-дарахтларни асраш ва сақлашга кўмаклашишлари;

автомобиль йўлига туташ буталарни парвариш қилишлари ва иморатларни соз ҳолатда сақлашлари шарт.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлига туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар автомобиль йўли ўқидан эллик метрдан кам бўлган масофада тошлар, шох-шабба, конструкциялар ва бошқа материаллар тўпланишига йўл қўймасликлари шарт.



25-модда. Автомобиль йўлларидан фойдаланиш

тартибига риоя қилмаганлик учун юридик ва

жисмоний шахсларнинг жавобгарлиги

Автомобиль йўллари қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга автомобиль йўлидаги носозликлар туфайли етказилган зарарнинг ўрнини белгиланган тартибда қоплаши шарт.

Автомобиль йўлидан ўтиш шароитларининг ёмонлашишига сабаб бўладиган ишларни бажараётган юридик ва жисмоний шахслар автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик, шунингдек автомобиль йўлининг тегишли участкаларида ва айланиб ўтиш жойларида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминламаганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

26-модда. Низоларни ҳал этиш

Автомобиль йўллари соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


27-модда. Автомобиль йўллари тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


28-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



29-модда. Қонунни ўз кучини йўқотган деб топиш

Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлда қабул қилинган "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги 653-ХII-сон Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1992 йил, N 9, 353-модда) ўз кучини йўқотган деб топилсин.



30-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                           И. Каримов



"Халқ сўзи", 2007 йил 3 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 40-сон, 410-модда.





















































Время: 0.1806
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск