язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Юридик хизмат/ Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.11.2007 й. 244-сон Қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2007 йил 22 ноябрдаги

244-сон қарорига

ИЛОВА



Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан

ўтказиш ва уларнинг малакасини

ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг (кейинги ўринларда ташкилотлар деб аталади) юридик хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартибини белгилайди.

2. Ташкилотларнинг юридик хизматлари ходимларини аттестациядан ўтказиш уларнинг касбига муносиблиги даражасини холисона баҳолаш, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, уларнинг зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш мақсадида амалга оширилади.

Ташкилотларнинг юридик хизматлари ходимлари малакасини ошириш юриспруденция соҳасидаги назорат ва амалий билимларни чуқурлаштириш ва янгилаш, уларнинг касбий тайёрлигининг бажариладиган вазифалар ва функцияларга мувофиқлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилади.



II. ЮРИДИК ХИЗМАТЛАР ХОДИМЛАРИНИ

АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТКАЗИШ


3. Ташкилотларнинг юридик хизматлари ходимлари тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтиши шарт.

Юридик хизматлар ходимларининг улар ишлаётган ташкилотлар томонидан аттестациядан ўтказилиши тақиқланади.

4. Юридик хизмат ходими лавозимига қабул қилинган шахслар ишга қабул қилинган кундан бошлаб олти ой мобайнида аттестациядан ўтказилиши керак.

Олий таълим муассасасини тугатгандан кейин олинган мутахассислик бўйича биринчи марта ишга кирган шахслар мутахассислик бўйича ишлаган икки йиллик муддат тугаган вақтдан бошлаб уч ойдан кечикмай аттестациядан ўтказилиши керак.

Юридик хизмат ходими лавозимига қабул қилинган ва кейинги уч йил мобайнида аттестациядан ўтказилган ҳамда аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлган шахслар мазкур гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагунгача икки ой мобайнида аттестациядан ўтиши керак.

Қуйидагилар аттестациядан ўтказилмайди:

олий таълим муассасаларини тугатган ва олинган мутахассислик бўйича биринчи марта ишга кирган шахслар, агар улар мазкур мутахассислик бўйича икки йилдан кам ишлаган бўлса;

ҳомиладор аёллар, шунингдек уч ёшгача болалари бор аёллар;

юрисконсульт ёрдамчиси лавозимида ишлаётган шахслар.

Мазкур Низомда назарда тутилган муддатларда юридик хизмат ходимини аттестациядан ўтказиш учун юбориш вазифаси ташкилот раҳбари зиммасига юкланади.

5. Ташкилот ушбу Низомнинг 4-банди биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилган тегишли муддатлар ёки юридик хизмат ходимининг аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугашидан икки ой олдин, ушбу Низомнинг 11-бандида белгиланган тартибда, тегишли адлия органларига мурожаат қилади.

Агар ташкилот мазкур банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган муддатда тегишли ҳужжатларни узрли сабабларсиз адлия органларига тақдим этмаса, адлия органи ташкилотнинг масъул ходимларига нисбатан тегишли таъсир чораларини қўллайди.

6. Давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг марказий аппаратлари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари юридик хизмати ходимларини аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


7. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг, туманлар ва шаҳарлар, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимларини аттестациядан ўтказиш ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади.

8. Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ва унинг ҳудудий органларида камида беш кишидан иборат таркибда аттестация комиссиялари тузилади.


9. Аттестация комиссиялари таркиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири томонидан тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида вазирнинг тегишли ўринбосари, ҳудудий адлия органларида эса - ҳудудий адлия органи раҳбари аттестация комиссиясининг раиси ҳисобланади.

Аттестация комиссиялари таркибига, келишувга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, илмий ва олий таълим муассасалари вакиллари киритилиши мумкин. Ҳудудий адлия органларининг аттестация комиссиялари таркибига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппаратининг тегишли бўлинмаси ходими мажбурий тартибда киритилади.


10. Аттестация комиссияси раиси:

аттестация комиссияси мажлисларида раислик қилади;

аттестацияни ўтказиш жойи ва муддатларини белгилайди;

аттестациядан ўтказиладиганларнинг рўйхат бўйича таркибини белгилайди;

аттестацияни ўтказиш бўйича бошқа ташкилий масалаларни ҳал қилади.

Аттестация комиссияси раиси бўлмаган тақдирда унинг вазифаларини раис ўринбосари амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органларининг тегишли таркибий бўлинмаси аттестация комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади, у:

аттестацияни ўтказиш жадвалини тузади ва уни тасдиқлаш учун аттестация комиссияси раисига тақдим этади;

талабгорлар анкеталарини шаклллантиради ва тайёрлайди;

аттестацияни ўтказиш санаси ва жойи тўғрисидаги маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига ҳамда талабгорларга етказади;

аттестация комиссияси фаолиятини ташкил этишга доир бошқа функцияларни амалга оширади.



III. ТАЛАБГОРЛАРНИНГ ҲУЖЖАТЛАРИНИ

КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

11. Ташкилот юридик хизмат ходимининг аттестациядан ўтиши тўғрисидаги хатни тегишли адлия органига белгиланган муддатларда юборади. Хатга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

талабгорнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

талабгорнинг ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шакл бўйича анкетаси;

олий юридик маълумот тўғрисидаги диплом ёки олий юридик маълумот тўғрисидаги дипломдан кўчирма. Агар талабгор чет мамлакатларда таълим олган бўлса, чет мамлакатларда таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг ва ваколатли давлат органи томонидан берилган, таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг тан олинганлиги ёки эквивалентлиги қайд этилган гувоҳнома (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

меҳнат дафтарчасининг иш жойида тасдиқланган нусхаси ёхуд ундан кўчирма, ёки юридик мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

иш жойидан тавсифнома;

малака ошириш курсларида ўқиганлик тўғрисидаги сертификат нусхаси.

Тақдим этилган ҳужжатлар қайтариб берилмайди.

13. Ҳужжатлар келиб тушган кунидан бошлаб икки кун муддатда кўриб чиқилади. Тақдим этилган ҳужжатларда камчиликлар аниқланган тақдирда ишчи орган томонидан аттестацияга қўйишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади ва ташкилотга тегишли билдиришнома юборилади. Билдиришномада аниқланган камчиликлар, камчиликларни бартараф этиш ҳамда такрорий кўриб чиқиш учун ҳужжатларни тақдим этиш муддати кўрсатилади.

14. Аттестациядан ўтишга қўйишнинг рад этилишига асос бўлган камчиликлар бир ой муддатда бартараф этилган тақдирда ҳужжатлар такроран кўриб чиқиш учун тақдим қилиниши мумкин.


15. Қуйидагилар аттестациядан ўтишга қўйишнинг рад этилиши учун асос ҳисобланади:

зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатларни тақдим этганлик ёки ҳужжатларни тўлиқ ҳажмда тақдим этмаслик;

тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги.

Аттестациядан ўтишга бошқа асослар бўйича қўйилмасликка йўл қўйилмайди.


16. Тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган талабларга мувофиқ бўлган тақдирда талабгор ҳужжатлар олинган кундан бошлаб икки ой мобайнида аттестациядан ўтказилиши керак.



IV. АТТЕСТАЦИЯНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


17. Аттестациянинг ўтказилиш жойи ва вақти тўғрисида талабгорнинг иш жойи бўйича ташкилотга аттестация ўтказиладиган санадан камида ўн кун олдин билдиришнома юборилади.

18. Ҳужжатлари аттестациядан ўтишга тақдим этилган ҳамда аттестацияга узрли сабабга кўра келмаган талабгорлар аттестация комиссиясининг кейинги навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилади.

Аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган талабгорлар бўйича улар ишлаётган ташкилот раҳбарларига билдиришнома юборилади. Аттестацияга узрсиз сабаб билан такроран келинмаган тақдирда аттестация комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар (материаллар) асосида талабгорни аттестациядан ўтмаган деб ҳисоблаш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома беришни рад этиш ҳақида қарор чиқаришга ҳақли.

19. Аттестация комиссияси, агар унинг мажлисида комиссия аъзоларининг ярмидан кўпи қатнашса ваколатли ҳисобланади.

Талабгор ишлайдиган ташкилотнинг вакили аттестация комиссияси мажлисида маслаҳат овози билан қатнашиши мумкин. Аттестация тугагандан кейин вакилнинг фикр-мулоҳазаси эшитилади.


20. Аттестация комиссияси мажлиси комиссия аъзоларини талабгорнинг ҳужжатлари билан таништиришдан бошланади.


21. Аттестация cуҳбат шаклида ўтказилади.

Суҳбат жараёнида берилган саволлар ва талабгорнинг жавоблари (ип ўтказиб тикилган ва муҳр билан тасдиқланган) махсус журналда қайд этилади.

Талабгор билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган қонунчилик соҳаси, шу жумладан конституциявий ҳуқуқ соҳаси, фуқаролик ва меҳнат қонунчилиги асослари, шартномавий-ҳуқуқий фаолият, суд ишларини юритиш асослари бўйича суҳбат ўтказилади.

Саволларнинг тахминий рўйхати ва аттестация комиссияларининг иш регламенти Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.


22. Аттестация комиссияси талабгорнинг билимлари ва иш тажрибасини ҳисобга олиб:

талабгорни аттестациядан ўтган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳақида;

талабгорни аттестациядан ўтмаган деб эътироф этиш ва унга аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.


23. Аттестация комиссиясининг қарорлари аттестация комиссиясининг мажлисда ҳозир бўлган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овоз бериш талабгорнинг иштирокисиз ўтказилади. Аттестация жараёни, шу жумладан аттестация комиссияси аъзолари, аттестациядан ўтказилаётган ходим, ташкилот вакили томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар, шунингдек аттестация комиссиясининг қарори аттестация комиссиясининг раиси ва котиби томонидан имзоланадиган протокол билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда раиснинг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


24. Аттестация натижалари овоз бериш жараёни тамом бўлгандан кейин дарҳол эълон қилинади.


25. Юридик хизматнинг аттестациядан ўтган ходимига икки кун муддатда ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шакл бўйича аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилади.

Гувоҳноманинг амал қилиш муддати - уч йил.

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома бланкалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, ҳимояланганлик даражасига, ҳисобга олиш сериясига ва тартиб рақамига эга бўлади. Гувоҳномаларни олиш, ҳисобга олиш ва сақлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.


26. Юридик хизмат ходими аттестациядан ўтмаган ташкилот мазкур ходимни такрорий аттестациядан ўтказиш учун аттестация ўтказилган кундан камида уч ой ўтгач, бироқ олти ойдан кечикмай мурожаат қилиши мумкин.

Агар талабгор такрорий аттестациядан ўта олмаса ёки кўрсатилган муддатда такрорий аттестациядан ўтиш учун мурожаат қилмаса, аттестация комиссияси унинг иш жойига билдиришнома юборади.

Ташкилот раҳбари билдиришнома олинган кундан кейин ўн кун мобайнида ходимни меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ёхуд бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишга ва кўрилган чоралар тўғрисида уч кун муддатда тегишли адлия органини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

27. Юридик хизмат ходимининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг аттестация комиссияси қарорига кўра тугатилиши мумкин.

Қуйидагилар:

юридик хизмат ходими томонидан ўз хизмат мажбуриятлари бажарилмаслиги ёки зарур даражада бажарилмаслиги, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зиён етказилишига олиб келган тақдирда;

гувоҳнома қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиб олинганлиги ҳолати аниқланганлиги юридик хизмат ходимининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади.

Юридик хизмат ходими унга берилган юридик хизмат ходими аттестациядан ўтиши тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш масаласини кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг аттестация комиссияси мажлисида иштирок этиши мумкин. Мажлис ўтказиладиган жой ва вақт тўғрисида юридик хизмат ходимига мажлис ўтказилишидан камида ўн кун олдин хабар қилинади.

Юридик хизмат ходимининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг аттестация комиссияси мажлисида қатнашмаслиги юридик хизмат ходимини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилишга тўсқинлик қилмайди. Қабул қилинган қарор тўғрисида юридик хизмат ходимига уч кун мобайнида хабар қилинади.

28. Аттестация комиссиясининг қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг аттестация комиссияси ҳудудий адлия органларининг аттестация комиссиялари қарорлари юзасидан шикоятларни кўриб чиқиш ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.


V. АТТЕСТАЦИЯДАН ЎТГАНЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

ГУВОҲНОМАЛАР ДУБЛИКАТЛАРИНИ ҚАЙТА

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ


29. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳномани қайта расмийлаштириш юридик хизмат ходимининг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарган тақдирда, унинг аризаси асосида амалга оширилади.

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилгунга қадар юридик хизмат ходими ўз фаолиятини илгари берилган гувоҳнома асосида амалга оширади.


30. Қайта расмийлаштириш пайтида аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши керак. Аттестациядан ўтганлик тўғрисида олдин берилган гувоҳнома бекор қилинади.


31. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда юридик хизмат ходимининг аризасига кўра унинг дубликати берилиши мумкин.


32. Дубликатни беришда юридик хизмат ходимига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия органлари томонидан "ДУБЛИКАТ" белгиси қўйилган аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги янги гувоҳнома берилади, ушбу гувоҳномада олдинги гувоҳномада кўрсатилган амал қилиш муддати қайд этилган бўлиши керак.


33. Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома қайта расмийлаштирилиши ва дубликати берилиши учун аттестациядан ўтиш талаб қилинмайди.



VI. ЮРИДИК ХИЗМАТ ХОДИМЛАРИ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ


34. Юридик хизматлар ходимлари малакасини ошириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази (кейинги ўринларда "Марказ" деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Юридик хизмат ходимлари малакасини ошириш ҳар уч йилда камида бир марта амалга оширилади.

35. Малака ошириш муддати икки ҳафтадан кам бўлиши мумкин эмас.

Юридик хизматларнинг малака оширишдан ўтган ходимларига белгиланган намунадаги сертификат берилади.

Малака ошириш дастурлари ва шакллари, шунингдек сертификат шакли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Юридик хизматлар ходимлари малакасини ошириш дастурлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юридик хизмат фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан белгиланган юридик хизматларнинг асосий фаолият йўналишларига мувофиқ бўлиши керак.

Юридик хизматлар ходимлари малакасини ошириш ўқув режалари ва дастурлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тайёрланган ташкилотлардаги ҳуқуқий ишлар самарадорлигини умумлаштириш ва таҳлил қилиш материалларини, уларни яхшилашга доир тавсияларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

36. Юридик хизматлар ходимлари малакасини ошириш Марказ билан тегишли ташкилот ўртасида тузиладиган шартномалар асосида тўлов эвазига амалга оширилади.

37. Малака ошириш даврида юридик хизматлар ходимларига уларнинг иш жойи бўйича иш ҳақи ва лавозими сақланади.


VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


38. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари юридик хизматларнинг ходимлари ҳисобини юритади.


39. Ташкилотларнинг юридик хизматлари ва уларнинг ходимлари ҳисобга олинишини ва улар тўғрисидаги ахборотнинг тизимлаштирилишини ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик хизматларнинг кадрлар таркиби, ушбу хизматлар ходимлари аттестациядан ўтиши ва малака ошириши тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига оладиган юридик хизматлар маълумотлари базасини шакллантиради ва уни марказлаштирилган тартибда юритади.

Ташкилотлар ҳар йили 1 июнга қадар тегишли адлия органларига юридик хизмат ходимлари, шу жумладан юридик хизматдаги мавжуд вакант ўринлар тўғрисида ахборот тақдим этадилар.

Йил давомида юридик хизмат ходимлари тўғрисидаги маълумотлар ўзгарган тақдирда (бўшатиш ёки тайинлаш ва бошқалар), ташкилотлар ўн кун муддатда тегишли ахборотни адлия органига юборадилар.

Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари марказий аппаратларининг юридик хизматлари ходимлари тўғрисидаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади. Давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, туман ва шаҳар ҳокимликлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмат ходимлари тўғрисидаги ахборот ҳудудий адлия органларига тақдим этилади.

Иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларда кўрсатилган ахборотлар, техник имкониятлар мавжуд бўлган тақдирда, электрон ҳужжат шаклида тақдим этилади.

40. Ҳудудий адлия органлари йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юридик хизматлар маълумотлари базасига киритиш ва уни мунтазам равишда янгилаб бориш учун юридик хизматлар, уларнинг ходимлари ва уларнинг белгиланган муддатларда аттестациядан ўтиши тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юридик хизматларни малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида "юриспруденция" йўналишлари ва мутахассислиги мавжуд бўлган олий таълим муассасаларига мавжуд вакант ўринлар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

41. Марказ йилнинг ҳар чорагида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юридик хизматлар маълумотлари базасига киритиш ва уни мунтазам равишда янгилаб бориш учун юридик хизматларнинг малака оширишдан ўтган ходимлари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.


42. Юридик хизматлар маълумотлари базасини шакллантириш ва юритиш тартиби, маълумотлар базасига киритиш учун маълумотларни тақдим этиш шакли ва муддатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

43. Юридик хизмат ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ харажатлар уларни аттестациядан ўтишга ва малакасини оширишга юборган ташкилот маблағлари ҳисобига қопланади.





Низомга

1-ИЛОВА

Аттестациядан ўтганлик тўғрисидаги

гувоҳномани олиш учун талабгор

А Н К Е Т А С И

3 х 4 см

ўлчамли

фотосурат

учун жой

1.

Фамилияси

Исми

Отасининг исми

  

2.

Туғилган санаси (йил, кун ва ой)



3.

Паспортнинг серияси, тартиб рақами, берилган санаси ва уни берган органнинг номи:


4.

Яшаш жойи

вилоят

шаҳар (туман)

кўча

уй, квартира

рақами

телефон

факс



5.

Маълумоти


Таълим муассасасининг номи


Мутахассислиги

Тамомлаган йили


6.

Меҳнат фаолияти

Т/р

Ой ва йил


Ташкилот кўрсатилган

ҳолда лавозими


Ташкилот

жойлашган жой


ишга кирган

вақти


ишдан бўшаган

вақти


7.

Юридик хизмат ходими сифатидаги меҳнат фаолияти

Т/р

Ой ва йил


Ташкилот кўрсатилган

ҳолда лавозимга тайинлаш


Ташкилот

жойлашган жой


тайинланди


озод қилинди



Тўлдирилган санаси__________ Шахсий имзо ____________






Низомга

2-ИЛОВА



(Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби)


Юридик хизмат ходими аттестациядан ўтганлиги ҳақида

ГУВОҲНОМА

     (серияси)


Ушбу билан

(юридик хизмат ходимининг фамилияси, исми, отасининг исми)

            

_____________________________________да аттестациядан ўтганлиги тасдиқланади

(аттестацияни ўтказган адлия органининг номи)


ва у давлат бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизматида ишлаши мумкин.

        

Гувоҳнома

гача амал қилади.

(йил кун ва ой)

          

           

          

Аттестация комиссияси раиси:

(имзо)

(фамилияси, исми, отасининг исми)

                        М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2007 йил, 46-47-сон, 472-модда.