Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Никоҳ ва оила /

Вояга етмаган болаларни фарзадликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 12.04.1999 й. 171-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 12 апрелдаги

171-сон қарорига

3-ИЛОВА


Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва

болаларни оилага тарбияга олиш

(патронат) тўғрисида

НИЗОМ


БИРИНЧИ БЎЛИМ

ВОЯГА ЕТМАГАН БОЛАЛАРНИ

ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.


2. Фарзандликка олиш фақат ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болаларга нисбатан, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида йўл қўйилади.


3. Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг аризасига ва васийлик ва ҳомийлик органлари тавсиясига кўра туман, шаҳар ҳокими қарори билан амалга оширилади.


4. Фарзандликка олувчилар - болаларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ота-она мажбуриятларини ихтиёрий равишда ўз зиммасига олган шахслардир.



II. ФАРЗАНДЛИККА ОЛИНИШИ ЛОЗИМ БЎЛГАН

БОЛАЛАРНИ ВА УЛАРНИ ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШНИ

ХОҲЛАГАН ШАХСЛАРНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


5. Фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни ва фарзандликка олинувчиларни жойлаштириш бўйича туман, шаҳар ҳокимига тавсиялар тайёрлаш туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан амалга оширилади.

6. Ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тўғрисидаги маълумотларга эга бўлган муассасалар (мактабгача тарбия ва умумтаълим муассасалари, даволаш муассасалари ва бошқа муассасалар)нинг мансабдор шахслари ва бошқа фуқаролар бу ҳақда болалар яшаб турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органларини уч кун муддатда хабардор қилишлари шарт.

Юқорида кўрсатиб ўтилган муассасалар томонидан фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар ҳақидаги маълумотларни бошқа ташкилотлар ва муассасаларга, шунингдек фуқароларга қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари берилишига йўл қўйилмайди.


7. Қуйидаги:

ота-онаси вафот этган;

ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган;

ота-онаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган;

ота-онаси болаларни тарбиялаш ёки уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бўйин товлаган;

ота-онаси бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар муассасалари ёки тиббий муассасалардаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган;

ота-онаси тарбиялаш, даволаш муассасаларидан, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасасидан ва бошқа муассасалардан боласини олишдан бош тортган;

ота - онаси бедарак йўқолган ёки вафот этган деб эълон қилинган болалар фарзандликка олиниши лозим бўлган болалар сифатида ҳисобга олинади.


8. Фарзандликка олишни хоҳловчи шахс яшаш жойидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи, никоҳда қачондан бери турганлиги, эр-хотиннинг бирга ёки алоҳида яшаши, агар фарзандлари бўлса уларнинг сони ва ёши, фарзандликка олинадиган боланинг ёши ва жинси кўрсатилган ариза;

шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);

иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;

иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;

фарзандликка олувчи бўлишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида тиббий-маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари.

Фарзандликка олувчилар бўлиш имконияти тўғрисида хулоса тайёрлаш учун туман (шаҳар) халқ таълими бўлими болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиш натижалари бўйича далолатнома тузади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар, шунингдек болани фарзанликка олишни хоҳлаган шахсларнинг турмуш шароитларини ўрганиб чиқиш далолатномаси асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлими ариза берилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида уларнинг фарзандликка олувчилар бўлиши имконияти тўғрисидаги хулосани тайёрлайди. Ушбу хулоса ариза берувчиларга берилади ва фарзандликка олишга номзодлар сифатида ҳисобга қўйиш учун асос ҳисобланади.

Васийлик ва ҳомийлик органи салбий хулоса ва унга асосланган фарзандликка олишга номзодлар сифатида ҳисобга қўйишнинг рад этилишини хулоса имзоланган санадан бошлаб 5 кун муддатда ариза берувчининг эътиборига етказади. Айни бир вақтда ариза берувчига барча ҳужжатлар қайтарилади ва қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади.

9. Вояга етган эркак ёки аёл фуқаролар фарзандликка олувчилар бўлиши мумкин, қуйидаги шахслар бундан мустасно:

ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;

қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;

асаб касалликлари ёки наркология муассасаларида рўйхатда турувчилар;

собиқ фарзандликка олувчилар, агар улар фарзандликка олиш бўйича зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганликлари ёки уларни лозим даражада бажармаганликлари, ота-оналик ҳуқуқини суистеъмол қилганликлари, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганликлари, шунингдек сурункали ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганликлари муносабати билан фарзандликка олиш бекор қилинган бўлса;

қасддан содир қилган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар.

Фарзандликка олувчи ва фарзандликка олинувчилар ёшидаги фарқ ўн беш ёшдан кам бўлмаслиги шарт, ўгай ота ва ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳоллари бундан мустасно.


10. Васийлик ва ҳомийлик органи тарбиялаш ёки даволаш муассасаларида тарбияланаётган болаларни фарзандликка олишни истовчи шахсларни рўйхатга олади.

Аниқ бир болани (масалан, неваралар, ўгай ўғил ёки ўгай қиз, вафот этган қариндошларининг фарзандлари ва бошқаларни) фарзандликка олувчилар фарзандликка олишни истовчи шахсларнинг умумий рўйхатига олинмайди.


11. Фарзандликка олишда қуйидагилар устунлик ҳуқуқига эга бўладилар:

турар жойидан қатъий назар, фарзандликка олинувчининг қариндошлари;

оиласида фарзандликка олинувчи бола яшаётган шахс;

ака-ука, опа-сингилларни улар орасидаги қариндошлик алоқаларини бузмасдан фарзандликка олаётган шахслар;

ўгай ота ва ўгай она;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;

касаллик, бахтсиз ҳодиса оқибатида фарзандларидан ажралган шахслар.



III. ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ

УЧУН БОЛАЛАРНИ ТАНЛАШ

12. Туман (шаҳар) халқ таълими бўлими фуқаролар фарзандликка олувчи номзодлар сифатида ҳисобга қўйилгандан кейин уларга фарзандликка олиш мумкин бўлган бола (болалар) тўғрисидаги ахборотни тақдим этади ва бола (болалар) яшайдиган (турган) жойда болани (болаларни) кўриш учун йўлланма беради.

Агар фарзандликка олишга номзодлар ўз яшаш жойида фарзандликка олиш учун болани танлай олмаса, улар фарзандликка олинадиган бола тўғрисида маълумот олиш учун ўз хоҳишларига кўра бошқа туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига ёки Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилишлари мумкин.

12-1. Фарзандликка олишга номзодлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бола тўғрисидаги батафсил маълумотни ва унинг қариндошлари борлиги ҳақидаги маълумотларни олиш;

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган тартибда бола турган муассасанинг вакили иштирокида болани фарзандликка олишни мустақил тиббий текширувдан ўтказиш учун тиббиёт муассасасига мурожаат қилиш.

12-2. Фарзандликка олишга номзодлар шахсан:

бола билан танишишга ва у билан алоқа ўрнатишга;

фарзандликка олинадиган боланинг ҳужжатлари билан танишишга;

боланинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса билан танишганликни ёзма шаклда тасдиқлашга мажбур.

13. Васийлик ва ҳомийликдаги, давлат болалар муассасалари тарбияси ва таъминотидаги болаларни фарзандликка олиш, ота-онасининг розилиги талаб қилинмайдиган ҳолларда, васий (ҳомий) ёки ушбу муассаса маъмурияти розилиги билан амалга оширилади.


14. Васийлик ва ҳомийлик органи фарзандликка олинувчи ҳақида қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

бола эр-хотиндан бири томонидан фарзандликка олинаётган бўлса хотин(эр)нинг ёзма розилиги (агар эр-хотин оилавий муносабатни тугатган, бир йилдан ошиқ биргаликда яшамаётган ва эр(хотин)нинг турар жойи номаълум бўлса, хотин(эр)нинг ёзма розилиги талаб этилмайди);

фарзандликка олинувчи ота-онасининг нотариал равишда тасдиқланган розилиги;

ота-онасининг вафот этганлиги ҳақида маълумотнома ёки суднинг ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганлиги тўғрисида, ота-оналар, муомалага лаёқатсиз ёки лаёқати чекланган, бедарак йўқолган ёки ўлган деб топилганлиги тўғрисидаги қарори;

ота-онанинг болани тарбияси ва таъминотидан воз кечганлиги тўғрисидаги аризаси, ота-онага қидирув эълон қилинганлик ҳақидаги ҳужжатлар, ички ишлар, тарбиялаш, даволаш ва бошқа муассасаларнинг бола ташлаб кетилганлиги ҳақидаги далолатномаси ва бошқа ҳужжатлар;

даволаш муассасининг боланинг жисмоний ва руҳий ривожланиши тўғрисидаги хулосаси.



IV. ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ ҲАҚИДА

ҲОКИМГА ТАҚДИМ ЭТАДИГАН

ТАВСИЯНОМАЛАРНИНГ ТАЙЁРЛАНИШИ


15. Фарзандликка олиш учун бола танлангандан кейин фарзандликка олувчига номзод боланинг яшаш жойи (бола турган жой)даги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига фарзандликка олинаётган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми, ёши ва жинсини кўрсатган ҳолда ариза билан мурожаат қилади. Ариза билан биргаликда номзоднинг фарзандликка олувчи бўлиши мумкинлиги тўғрисида тегишли туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан берилган хулоса тақдим этилади.

Тарбиялаш ёки даволаш муассасаларидан фарзандликка олиш учун берилаётган болага ҳужжатлар тайёрлаш юқоридаги муассасалар маъмурияти томонидан амалга оширилади ва туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига кўриб чиқишга берилади.

Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари тақдим этилган ҳужжатлар асосида қуйидагиларни эътиборга олган ҳолда туман, шаҳар ҳокимига тавсиянома тайёрлайди:

а) фарзандликка олинувчининг соғлиғи:

соғлом болалар, жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар боланинг соғлиғи тўғрисида фарзандликка олувчини хабардор қилиш шарти билан фарзандликка берилиши мумкин;

фарзандликка олинувчининг соғлиғи ҳақидаги тиббий маълумот педиатр, невропатолог, хирург (ортопед-травматолог), офтальмолог, отоларинголог, логопед томонидан тузилади ва соғлиқни сақлаш тизимида белгиланган тартибда тасдиқланади. Бола бошқа мутахассислар томонидан ҳам текширилади.

б) фарзандликка олинувчи ота-онасининг розилиги:

фарзандликка олинаётганнинг ота-онасидан боласини фарзандликка бериш учун нотариал тасдиқланган (паспорт маълумотлари кўрсатилган ҳолда) розилиги талаб қилинади;

фарзандликка олинувчининг ота-онаси фарзандини муайян бир шахс томонидан фарзандликка олинишига розилик беришлари ёки фарзандликка беришга розилик билдириб, фарзандликка олувчиларни танлаш ихтиёрини васийлик ва ҳомийлик органига ҳавола қилишлари мумкин;

бола жойлашган тарбиялаш ва даволаш муассасалари маъмурияти боланинг ота-онасидан бошқа шахс томонидан фарзандликка олинишига розилигини олишда фарзандликка олишнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида тушунтириш бериши керак;

туман, шаҳар ҳокимининг фарзандликка олиш ҳақидаги қарори чиқарилгунга қадар ота-она ўз розилигини қайтариб олишга ҳақлидир. Ота-онанинг розилигисиз фарзандликка олиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар:

ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;

ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;

ота-она муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;

ота-она бир йилдан ортиқ муддат давомида болалар ёки даволаш муассасаларидаги боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.

в) фарзандликка олинувчининг розилиги;

агар фарзандликка олинувчи ўн ёшга тўлган бўлса, унинг фарзандликка олинишга розилиги васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан аниқланади. Боланинг розилиги олинганда унга фарзандликка олишнинг ҳуқуқий оқибатлари (қариндошлари билан кўришиш, мулкий ва бошқа низолар), унинг фамилияси, туғилиш тўғрисидаги ёзувларнинг ўзгариши тушунарли ҳолда болага баён қилиниши шарт;

агар бола фарзандликка олувчиларнинг оиласида тарбияланаётган бўлса ва уларни ўз ота-онаси деб эътироф этиши васийлик ва ҳомийлик органи томонидан ўтказилган суҳбат мобайнида аниқланган бўлса, фарзандликка олиш фарзандликка олинаётган боланинг розилигисиз амалга оширилиши мумкин.

г) фарзандликка олувчиларнинг оилавий ва бошқа шароитларини ўрганиш:

жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болаларни фарзандликка олиш ҳақидаги фарзандликка олувчиларнинг аризаларида боланинг соғлиги тўғрисида батафсил танишганлиги ҳамда унинг тарбияси ва таъминотини ўз зиммасига олиши ҳақида маълумотлар бўлиши керак;

агар бола эр-хотиннинг ҳар иккаласи томонидан фарзандликка олинмаётган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органи эр-хотиннинг бирининг розилигини олади, оилавий шароитини ўрганади ва туман, шаҳар ҳокимига фарзандликка олиш бола тарбияси ва манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди.



V. ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА УНИ СИР САҚЛАШ


16. Фарзандликка олиш тўғрисидаги туман, шаҳар ҳокимининг қарори чиқарилганидан кейин ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари фарзандликка олинаётганларнинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўзгартиришлар киритиши лозим.

Фарзандликка олувчилар боланинг туғилганлиги тўғрисидаги ёзувлар дафтарига унинг ота-онаси деб ёзилиши керак. Зарур ҳолларда боланинг фамилияси, исми, отасининг исмигина эмас, балки туғилган санаси ҳам бир йилдан ортиқ бўлмаган фарқ билан ўзгартирилади.

Агар бола ўн ёшдан ошмаган бўлса, туғилган жойи ҳам Ўзбекистон Республикаси доирасида ўзгартирилиши мумкин.


17. Фарзандликка олинган боланинг туғилганлиги тўғрисидаги ёзувлар дафтарига зарур ўзгартиришлар киритилган кун фарзандликка олишнинг вужудга келган вақти ҳисобланади.


18. Фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги ва бошқа ҳужжатлардаги фарзандликка олувчилар фарзандликка олинганнинг отаси эмаслигини билдирадиган мазмундаги ёзувлар билан таништириш, бу ёзувлардан кўчирмалар ва бошқа маълумотларни фарзандликка олувчиларнинг розилигисиз, улар вафот этган ҳолда, васийлик ва ҳомийлик органининг розилигисиз бериш тақиқланади.

Фарзандликка олувчининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг эркига хилоф равишда фарзандликка олиш сирини ошкор қилган шахслар қонун билан белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VI. ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШНИНГ

ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ


19. Фарзандликка олинган болалар барча шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз болаларига тенглаштирилади.

Фарзандликка олинганлар ва уларнинг ота-онаси (ота-онасининг қариндошлари) бир-бирларига нисбатан шахсий ва мулкий ҳуқуқларини ҳамда мажбуриятларини йўқотадилар.


20. Фарзандликка олиниш вақтида боқувчисини йўқотганлик учун пенсия ёки нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаганлар фарзандликка олинган тақдирда ҳам ана шу ҳуқуқни сақлаб қоладилар.



VII. ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШНИ БЕКОР ҚИЛИШ

УЧУН АСОСЛАР ВА УНИНГ ОҚИБАТЛАРИ


21. Фарзандликка олиш қуйидаги ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилади, агар:

фарзандликка олиш қалбаки ҳужжатлар асосида расмийлаштирилган бўлса;

фарзандликка олиш сохта бўлса;

вояга етган шахс фарзандликка олинган бўлса;

фарзандликка олувчи шахс фарзандликка олиш ҳуқуқига эга бўлмаган бўлса, яъни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар, қонун билан белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар, руҳий ёки наркологик муассасаларда рўйхатда турувчилар, қасддан содир қилган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинганлар, шунингдек, собиқ фарзандликка олувчилар мазкур Низомнинг 22-бандида кўрсатиб ўтилган асослар бўйича фарзандликка олиши бекор қилинган бўлса.


22. Фарзандликка олиш агар фарзандликка олувчилар:

ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаётган ёки уларни лозим даражада бажармаётган бўлсалар;

ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилаётган бўлсалар;

фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлсалар;

муттасил ичкиликбозликка ёки гиёвандликка мубтало бўлган бўлсалар бекор қилиниши лозим.

Фарзандликка олинувчи ўн саккиз ёшга тўлгандан кейин унинг хулқ-атвори фарзандликка олувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказаётган, уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф солаётган бўлса, фарзандликка олиш суд тартибида бекор қилинишига йўл қўйилади.

Суд бошқа асосларга кўра ҳам боланинг манфаатларидан келиб чиқиб, унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда фарзандликка олишни бекор қилишга ҳақлидир.


23. Фарзандликка олишни суд тартибида бекор қилишни унинг ота-онаси, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органлари, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссиялар, шунингдек, ўн олти ёшга тўлган фарзандликка олинган бола талаб қилиш ҳуқуқига эга.

24. Фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ва фарзандликка олишни бекор қилишга фақат суд тартибида йўл қўйилади. Бу тоифадаги ишларни ҳал қилишда ўн ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади.

Фарзандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш ёки фарзандликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин уч кундан кечиктирмай суд шу қарордан кўчирмани боланинг фарзандликка олиниши тўғрисида қарор чиқарган шаҳар, туман ҳокимига ва тегишли фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига юбориши шарт.


25. Суд томонидан фарзандликка олиш ҳақиқий эмас деб топилганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда фарзандликка олинган бола билан фарзандликка олувчиларнинг (фарзандликка олувчиларнинг қариндошлари) ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари тугатилади ҳамда бола билан унинг ота-онаси (ота-онанинг қариндошлари) ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар тикланади.

Фарзандликка олиш ҳақиқий эмас деб топилганда ёки фарзандликка олиш бекор қилинганда, бола суднинг ҳал қилув қарори билан ота-онасига олиб берилади.

Боланинг ота-онаси йўқ бўлса, шунингдек агар болани ота-онасига бериш унинг манфаатларига зид бўлса, бола васийлик ва ҳомийлик органлари қарамоғига берилади.

Суднинг ҳал қилув қарорида фарзандликка олинган боланинг фамилияси, исми, отасининг исми сақланиш-сақланмаслиги кўрсатилиши керак.

Ўн ёшга тўлган боланинг исми ва отасининг исми фақат унинг розилиги билан ўзгартирилиши мумкин.



VIII. ФАРЗАНДЛИККА ОЛИНГАНЛАРНИНГ ШАХСИЙ

ҲУЖЖАТЛАРИНИ САҚЛАШ ТАРТИБИ


26. Фарзандликка олинган болаларнинг шахсий ҳужжатлари фарзандликка олишга тавсия тайёрлаб берган туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида етмиш беш йил мобайнида сақланади ва уларни фарзандликка олганларнинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига ўтказилишига йўл қўйилмайди.


IX. ЧЕТ ЭЛ ФУҚАРОЛАРИ ЁКИ ФУҚАРОЛИГИ

БЎЛМАГАН ШАХСЛАР ТОМОНИДАН

БОЛАЛАРНИ ФАРЗАНДЛИККА ОЛИШ


27. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болани фарзандликка олишда Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-167, 237-моддалари ҳамда ушбу Низом талабларига риоя қилиниши лозим.


28. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган болаларни фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикасида ўз дипломатик ваколатхонаси мавжуд бўлган давлатларнинг фуқаролари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Фарзандликка олишни истовчи шахсларни рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади. Бундай фарзандликка олишнинг асосий шарти фарзандликка олиш масаласини кўриб чиқишда фарзандликка олувчиларнинг шахсан иштирок этиши дипломатик ваколатхонанинг қуйидаги маълумотларни: фарзандликка бола олишни истовчи фуқароларнинг фамилияси, исми, ота исмини, туғилган вақти, турар жойи, моддий аҳволи ҳақидаги маълумотларни, тиббий хулоса, оиланинг ахлоқий-руҳий шарт-шароити, шунингдек, фарзандликка олувчининг ҳар бирига тавсифномаларни ўз ичига олган илтимосномаси ҳисобланади.

Фарзандликка олувчилар фарзандликка олинган болалар балоғатга етгунларига қадар ҳар йили хорижий давлатларнинг тегишли дипломатик ваколатхоналари орқали Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига боланинг психик ва жисмоний ҳолати, унинг яшаш ва тарбияланиш шароитлари тўғрисида ахборот тақдим этадилар. Ушбу маълумотлар хорижий давлатнинг махсус ваколатли органи ёки болаларни фарзандликка олиш бўйича ташкилот томонидан тасдиқланиши керак.

29. Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаётган болани фарзандликка олиш фарзандликка олувчи қайси давлатнинг фуқароси бўлса, ўша давлатнинг ваколатли органи томонидан амалга оширилганлиги, агар бола ёки унинг ота-онаси (улардан бири) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан жўнаб кетишдан олдин яшаб турган жойдаги туман, шаҳар ҳокимининг фарзандликка олиш тўғрисидаги рухсатини олдиндан олган бўлсагина, Ўзбекистон Республикасида ҳақиқий деб эътироф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Консули Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида яшаётган болани фарзандликка олишни расмийлаштиришга ҳақлидир.

Агар фарзандликка олиш натижасида боланинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалар билан белгиланган ҳуқуқлари бузилса, фарзандликка олувчи қайси давлат фуқароси бўлишидан қатъи назар, фарзандликка олишни амалга ошириш мумкин эмас, агар фарзандликка олинган бўлса, у суд тартибида бекор қилиниши керак.



X. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҲУДУДИДА

ФАРЗАНДЛИККА ОЛУВЧИЛАР ОИЛАЛАРИДА

БОЛАЛАРНИНГ ТУРМУШ ШАРОИТЛАРИНИ ВА

УЛАРНИНГ ТАРБИЯЛАНИШИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

30. Фарзандликка олинган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фарзандликка олинган боланинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлими унинг турмуш шароитлари ва тарбияланишини назорат қилади.

Ҳудудида бола фарзандликка олинган туман (шаҳар) халқ таълими бўлими фарзандликка олиш тўғрисида туман, шаҳар ҳокимининг қарори чиққандан кейин 7 кун муддатда фарзандликка олувчи (лар)нинг яшаш жойидаги туман (шаҳар) халқ таълими бўлимига фарзандликка олинган боланинг турмуш шароитлари ва тарбияланиши устидан назоратни амалга ошириш учун тегишли ахборотни юбориши шарт. Кўрсатиб ўтилган маълумотларни беришда фарзандликка олиш сир сақланиши керак. Уни ошкор қилишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.

31. Фарзандликка олинган боланинг турмуш шароитлари ва тарбияланишини назорат тартибида текшириш туман (шаҳар) халқ таълими бўлими вакиллари томонидан, фарзандликка олиш белгилангандан дастлабки 3 йил мобайнида ҳар йили ўтказилади. 3 йил ўтгандан кейин назорат тартибида текшириш ўтказиш зарурлиги туман (шаҳар) халқ таълими бўлими томонидан фарзандликка олувчи(лар) оиласида шаклланаётган аниқ вазиятга мувофиқ якка тартибда белгиланади. Фарзандликка олинган боланинг турмуш шароитлари ва тарбияланишини назорат тартибида текшириш фарзандликка олиш сир сақланган ҳолда ўтказилади.

32. Назорат тартибида текшириш натижалари бўйича оилани бориб кўрган туман (шаҳар) халқ таълими бўлими вакили фарзандликка олинган боланинг турмуш шароитлари ва тарбияланиши тўғрисида ҳисобот тузади. Ҳисоботда боланинг соғлиғи, ўқиши, унинг руҳий ва хулқ-атвор жиҳатдан камол топиши, ўзига ўзи хизмат қилиш кўникмалари, ташқи кўриниши ва оиладаги ўзаро муносабатлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилиши керак.


ИККИНЧИ БЎЛИМ

БОЛАЛАРНИ ОИЛАГА ТАРБИЯГА

ОЛИШ (ПАТРОНАТ)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Болаларни оилага тарбияга олиш Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Фарзандликка олган оила ота-оналар қаровисиз қолган болаларни тарбиялаш шаклларидан бири ҳисобланади. Ота-оналар қаровисиз қолган болани (болаларни) тарбия қилиш учун олишни истайдиган фуқаролар (эр-хотин ёки алоҳида фуқаролар) тутинган ота-оналар деб аталади, ушбу оила эса фарзандликка олган оила ҳисобланади.

2. Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган вояга етмаган болалар, шу жумладан, тарбия ва даволаш муассасаларида, шунингдек, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаларидаги болалар оилага тарбияга берилади.

Фарзандликка олган оиладаги болаларнинг умумий сони, ўз болалари ва фарзандликка олинган болалар билан биргаликда, қоидага кўра, 8 нафардан ошмаслиги керак.

3. Болаларни оилага тарбияга олиш ихтиёрий бўлиб, у васийлик ва ҳомийлик органлари билан болани олиш истагини билдирган шахслар ўртасида тузилган махсус шартнома асосида амалга оширилади.



II. ФАРЗАНДЛИККА ОЛГАН ОИЛАНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ

4. Вояга етган ҳар икки жинсдаги шахслар тутинган ота-она бўлишлари мумкин, қуйидагилар бундан мустасно:

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахслар;

суд томонидан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланган деб эътироф этилган шахслар;

қонун билан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни лозим даражада бажармагани учун васийлик ёки ҳомийлик вазифаларини бажаришдан четлаштирилган шахслар;

ўз зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажаришдан бўйин товлаганлиги ёки уларни лозим даражада бажармаганлиги, ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилганлиги, фарзандликка олинувчиларга нисбатан шафқатсизлик билан муомалада бўлганликлари, шунингдек муттасил ичкиликбозликка ёки гиёҳвандликка мубтало бўлганликлари учун фарзандликка олиш суд томонидан бекор қилинган бўлса, илгари фарзандликка бола олган шахслар;

қасддан қилинган жиноятлари учун илгари ҳукм қилинган шахслар;

соғлиғининг ёмонлиги туфайли бола тарбиялаш мажбуриятини бажара олмайдиган шахслар. Қайси касалликка чалинган тақдирда болани тарбияга олиш тақиқланадиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

5. Болани (болаларни) фарзандликка олишни хоҳловчи шахслар ўз яшаш жойидаги васийлик ва ҳомийлик органига тутинган ота-оналар сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги илтимос билдирилган аризани берадилар.

Аризага қуйидагилар илова қилиниши керак:

никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (агар никоҳда бўлса);

иш жойидан иш ҳақи кўрсатилган маълумотнома;

иш жойидан ёки яшаш жойидан тавсифнома;

фарзандликка олишни хоҳловчи шахснинг соғлиғи тўғрисида тиббий- маслаҳат комиссиясининг хулосаси, психиатрия ва наркология муассасалари, тери-таносил касалликлари диспансерининг маълумотномалари;

санитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ бўлган мулк ҳуқуқидаги, ижара (ижарага олиш) шартларидаги ёки бошқа асослардаги уй-жой мавжудлигини тасдиқлайдиган ҳужжат.

Ариза беришда шахсни тасдиқлайдиган ҳужжат кўрсатилади.

Васийлик ва ҳомийлик органи ариза берилган кундан бошлаб 30 иш куни мобайнида оиланинг турмуш шароитларини, болаларни тарбияга олишни истаганларнинг моддий таъминланганлик ҳолатини текширади, текшириш далолатномасини тузади ва текшириш далолатномаси асосида уларни ҳисобга қўяди. Ҳисобга қўйиш ёки ҳисобга қўйишни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчилар эътиборига қарор қабул қилинган кунидан бошлаб 5 кун муддатда етказилади. Ҳисобга қўйиш рад этилган тақдирда ариза берувчига барча ҳужжатлар қайтарилади ва қарор юзасидан шикоят қилиш тартиби тушунтирилади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳисобда турган шахс васийлик ва ҳомийлик органлари билан келишган ҳолда васийлик ва ҳомийлик органларида ҳисобда турган ва ота-оналар қаровисиз қолган, шу жумладан тарбиялаш ва даволаш муассасаларидаги, шунингдек аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш муассасаларидаги вояга етмаган болаларнинг дастлабки танлаб олинишини амалга оширади.

6. Тутинган ота-оналарни танлаш васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан амалга оширилади.


7. Болаларни оилага тарбияга бериш уларнинг хоҳишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Ўн ёшга тўлган болаларни фақат уларнинг розилиги билан оилага тарбияга бериш мумкин.

Ўзаро қариндош бўлган болалар, қоидага кўра, битта оилага берилади, тиббий кўрсаткичлар бўйича ёки бошқа сабабларга кўра улар бирга тарбияланиши мумкин бўлмаган ҳоллар бундан мустасно.


III. БОЛАЛАРНИ ОИЛАГА ТАРБИЯГА

ОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ КЕЛИШУВ


8. Болаларни фарзандликка оладиган оилага тарбиялаш учун бериш битим асосида амалга оширилади. Болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилиш тўғрисидаги битим васийлик ва ҳомийлик органлари билан тутинган ота-оналар ўртасида тузилади.

Болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилиш тўғрисидаги намунавий битим Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.

9. Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувда тутинган ота-она тўғрисида маълумотлар (яшаш жойи, паспорти, оилавий шароити), болани таъминлаш шароитлари, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш, тутинган ота-оналарнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, васийлик ва ҳомийлик органларининг тутинган оилага нисбатан мажбуриятлари, шунингдек, бундай келишувни бекор қилиш асослари ва оқибатлари кўрсатилиши керак.


10. Васийлик ва ҳомийлик органи тутинган ота-оналар билан келишув тузилишигача болани тарбияга олаётган оиланинг турмуш шароитларини ўрганиб чиқиши ва ушбу оила аъзолари Соғлиғининг аҳволи ҳақида маълумотлар тўплаши шарт.



IV. ТАРБИЯГА БЕРИЛГАН БОЛАЛАРНИНГ

МОДДИЙ ТАЪМИНОТИ


11. Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбиялаш учун берилган болаларни ҳар йили бир марта кийим-бош ва пойабзал билан таъминлайдилар.

12. Васийлик ва ҳомийлик органлари болани оилага тарбияга олган тутинган ота-онага қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда ҳар ойда нафақа тўлаб туради.

Тутинган ота-онага ҳомийлар, ташкилотлар, идоралар, айрим шахслар томонидан болаларни тарбиялаш мақсадида турли моддий ва маънавий ёрдам берилиши ҳам мумкин.



V. БОЛАЛАРНИ ТАРБИЯГА ОЛИШ ТЎҒРИСИДАГИ

КЕЛИШУВНИНГ БЕКОР ҚИЛИНИШИ


13. Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув муддатидан олдин қуйидаги сабаблар бўлганда тутинган ота-онанинг ташаббуси билан бекор қилиниши мумкин:

касаллиги;

оилавий ёки мулкий мавқенинг ўзгариши;

болалар билан ўзаро бир-бирини тушунмаслик ва бошқалар.

Болаларни тарбияга олиш тўғрисидаги келишув васийлик ва ҳомийлик органининг ташаббуси билан ёки болалар ота-оналарга қайтарилган ёхуд улар фарзандликка олинганда муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.


14. Болаларни оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувларни тўхтатиш тўғрисидаги низолар суд тартибида ҳал қилинади.



VI. ОИЛАГА ТАРБИЯГА ОЛИНГАН

БОЛАЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


15. Оилага тарбияга берилган болалар:

ўзларига тегишли бўлган алимент, шунингдек, пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловларни олиш;

уй-жойга бўлган мулк эгалиги ёки уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи;

қонун ҳужжатларига мувофиқ уй-жой олиш ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.

Фарзандликка оладиган оилага тарбиялаш (патронат) учун берилган болаларга қонун ҳужжатларида ота-оналар қаровисиз қолган болалар учун назарда тутилган барча имтиёзлар татбиқ этилади.

16. Оилага тарбияга берилган болалар ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ота-онаси ва қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига ҳам эгадирлар.


17. Оилада ўз манфаатига дахлдор ҳар қандай масала ҳал қилинаётганида бола ўз фикрини билдиришга ҳақлидир.



VII. ТУТИНГАН ОТА-ОНАНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


18. Тутинган ота-она тарбияга олинган болага нисбатан васий ҳуқуқлари ва мажбуриятларига эгадирлар, яъни ўз қарамоғидаги шахсларнинг қонуний вакиллари ҳисобланадилар ва улар номидан ҳамда уларнинг манфаатларини кўзлаб барча зарур битимларни тузадилар. Улар ўз қарамоғидаги шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва мажбуриятларини бажаришда кўмаклашадилар, шунингдек, уларнинг ҳуқуқлари учинчи шахслар томонидан суиистеъмол этилишидан ҳимоя қиладилар.


19. Болаларни тарбияга олган шахслар ўз ҳуқуқларидан ғаразгўйлик ёки бошқа ниятларда, тарбиясидаги болаларга зарар келтирган ҳолда фойдалансалар, шунингдек, уларни назоратсиз ҳамда зарур моддий ёрдамсиз қолдирсалар, васийлик ва ҳомийлик органлари болаларни тарбияга олган шахсларни қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини қўзғатишга ҳақлидир.


20. Васийлик ва ҳомийлик органлари оилага тарбияга берилган болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини кузатиб борадилар.













































Время: 0.1566
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск