Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Интеллектуал мулк /

Ўзбекистон Республикасининг 06.05.1994 й. 1062-XII-сон "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

06.05.1994 й.

N 1062-XII



ИХТИРОЛАР, ФОЙДАЛИ МОДЕЛЛАР

ВА САНОАТ НАМУНАЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


Ушбу Қонун ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланишнинг ҳуқуқий, иқтисодий, ташкилий асослари ва тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонун билан тартибга солинадиган муносабатлар

Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарини (матнда бундан кейин саноат мулки объектлари деб юритилади) яратиш, ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар ушбу Қонун ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб борилади.

Қорақалпоғистон Республикасида саноат мулки объектларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солиб борилади.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат патент идораси

Ўзбекистон Реслубликасининг Давлат патент идораси (матнда бундан кейин Патент идораси деб юритилади) ушбу Қонунга мувофиқ саноат мулки объектларини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Патент идораси саноат мулки объектларига талабномаларни кўриб чиқиш учун қабул қилади, улар бўйича давлат илмий-техник экспертизасини ўтказади, уларни давлат рўйхатига олади, муҳофаза ҳужжатларини беради, расмий ахборотнома нашр этади, ушбу Қонуннинг қўлланилишига оид қоидалар ва тушунтиришларни ишлаб чиқади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Патент идораси тўғрисидаги Низомга мувофиқ бошқа вазифаларни бажаради.

Патент идорасининг фаолиятини маблағ билан таъминлашнинг манбаи давлат бюджети маблағидан, патент божларидан, шунингдек Патент идораси томонидан кўрсатиладиган хизматлар ва бериладиган материаллар учун олинадиган ҳақдан иборатдир.



3-модда. Саноат мулки объектларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш

Саноат мулки объектига бўлган ҳуқуқ муаллифга (муаллифларга) ёки унинг (уларнинг) ҳуқуқий ворисига (ворисларига) тегишли бўлади ҳамда патент, дастлабки патент (матнда бундан кейин патент, дастлабки патент деб юритилади) билан тасдиқланади.

Башарти бир неча шахс бир-биридан мустақил равишда саноат мулки объектини яратган бўлса, патент ёки дастлабки патентга бўлган ҳуқуқ Патент идорасига биринчи бўлиб талабнома топширган шахсга тегишли бўлади.

Саноат мулки объектининг муаллифи, башарти ўзининг объектига нисбатан ғайриҳуқуқий равишда ўзлаштириш натижасида талабнома топширилган ёхуд патент ёки дастлабки патент олинган бўлса, суд тартибида патент ёки дастлабки патент берилишига норозилик билдириш ёхуд патент ёки дастлабки патентга бўлган ҳуқуқ эгаси (матнда бундан кейин патент эгаси деб юритилади) сифатида патент ёки дастлабки патент ўзига берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Дастлабки патент дастлабки экспертиза ўтказилганидан сўнг, патент эса - объект моҳиятан экспертизадан ўтказилганидан сўнг берилади.

Ихтиро патенти ихтиронинг янгилигини, ихтирочилик даражасини, ихтиронинг ҳақиқийлигини ва патент эгасининг ихтирога эгалик қилиш, уни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.

Саноат намунаси патенти саноат намунасининг янгилиги ва ўзига хослигини, саноат намунасининг ҳақиқийлигини ва патент эгасининг саноат намунасига эгалик қилиш, уни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.

Фойдали модель патенти унинг янгилигини, фойдали моделнинг ҳақиқийлигини ва патент эгасининг фойдали моделга эгалик қилиш, уни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.

Патентнинг тўла ҳажмдаги ҳуқуқий муҳофаза ёки бу муҳофазанинг бир қисми жиҳатидан ҳақиқий эмаслигини исботлаш вазифаси патентни ҳақиқий эмас деб даъво қилаётган томон зиммасига юкланади ва суд тартибида амалга оширилади.

Дастлабки патент патент эгасининг саноат мулки объектига эгалик қилиш, уни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга доир мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.

Патент эгасининг мутлақ ҳуқуқи патент ёки дастлабки патент ҳақидаги маълумотлар Патент идорасининг расмий ахборотномасида эълон қилинган санадан бошлаб амалда деб ҳисобланади.

Устуворлик (приоритет) санасидан ёки ушбу Қонун 18-моддасининг қоидаларига мувофиқ белгиланадиган бошқа санадан эътиборан ҳисобланганда ихтиро патенти йигирма йил мобайнида, саноат намунаси патенти ўн йил мобайнида, фойдали модель патенти беш йил мобайнида амал қилади.

Дастлабки патент устуворлик санасидан бошлаб ҳисобланганда беш йил мобайнида амал қилади.

Саноат намунаси патентининг ва фойдали модель патентининг амал қилиш муддати патент эгасининг илтимосига кўра Патент идораси томонидан тегишлича беш йилга ва уч йилга узайтирилиши мумкин.

Дастлабки патент билан муҳофазаланган саноат мулки объектига дастлабки патент эгасининг илтимосномасига кўра объект моҳиятан экспертизадан ўтказилганидан сўнг патент берилиши мумкин.

Ихтиро ҳамда фойдали модель патенти ва дастлабки патенти билан таъминланадиган ҳуқуқий муҳофаза ҳажми уларнинг формуласи билан, саноат намунаси патенти ва дастлабки патенти билан таъминланадиган ҳуқуқий муҳофаза ҳажми эса, буюмнинг (макетнинг, расмнинг) фотосуратларида акс эттирилган муҳим аломатлари мажмуи ёки (ва) уларнинг комбинацияси (матнда бундан кейин муҳим аломатлар мажмуи деб юритилади) билан белгиланади.

Давлат томонидан маҳфий деб топилган саноат мулки объектларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солиб борилади".



4-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ёки битимларида ушбу Қонунда назарда тутилганидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.



II БОБ. САНОАТ МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

ПАТЕНТГА ЛАЁҚАТЛИЛИК ШАРТЛАРИ

5-модда. Ихтиронинг патентга лаёқатлилик шартлари

Ихтиро сифатида кўрсатилган объект, башарти у янги, ихтирочилик даражасига эга бўлса ва уни саноатда қўллаш мумкин бўлса, ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Ихтиро, башарти у техника тараққиёти даражасидан маълум бўлмаса, янги деб ҳисобланади.

Ихтиро, башарти у техника тараққиёти даражаси ҳақидаги маълумотлардан яққол аён бўлмаса, ихтирочилик даражасига эга бўлади.

Техника тараққиёти даражаси ихтиро устуворлиги санасига қадар жаҳонда оммага ошкор бўлган ҳар қандай маълумотларни ўз ичига олади.

Ихтиронинг янгилигини аниқлаш чоғида бирмунча олдин устуворликка эга бўлган ҳолда топширилган ва қайтариб олинмаган талабномалар ҳам ҳисобга олинади.

Ихтиро, башарти уни саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда қўллаш мумкин бўлса, саноатда қўллаш мумкин деб ҳисобланади.

Башарти, ихтирога оид талабнома, шу ихтирога тааллуқли маълумот муаллиф, талабнома берувчи ёки улардан бевосита ёхуд билвосита ушбу маълумотни олган бошқа ҳар қандай шахс томонидан оммавий тарзда ошкор қилинган санадан бошлаб олти ойдан кечиктирмай Патент идорасига топширилган бўлса, бу ҳолат ихтиронинг патентга лаёқатлилигини тан олишга таъсир кўрсатадиган вазият сифатида эътироф этилмайди. Бундай ҳолда ушбу фактни исботлаб бериш вазифаси муаллиф, талабнома берувчи зиммасида бўлади.

Қурилмалар, усуллар, моддалар, микроорганизмларнинг штаммлари, ўсимликлар ва ҳайвонлар ҳужайраларининг турлари, илгаридан маълум бўлган қурилмалар, усуллар, моддаларнинг, микроорганизмлар штаммларининг янги мақсадда қўлланилиши ихтиро сифатида эътироф этилади.

Қуйидагилар ихтиро сифатида эътироф этилмайди:

илмий назариялар ва математика усуллари;

хўжаликни ташкил этиш ва бошқариш усуллари;

шартли белгилар, жадваллар, қоидалар;

ақлий операцияларни бажариш қоидалари ва усуллари;

электрон ҳисоблаш машиналари учун алгоритмлар ва дастурлар;

бинолар, иншоотлар, ҳудудларни режалаштириш лойиҳалари ва схемалари;

эстетика талабларини қаноатлантиришга йўналтирилган, маҳсулотларнинг фақат ташқи кўринишига оид ечимлар;

интеграл схемаларнинг топологиялари;

ўсимлик навлари ва ҳайвон зотлари;

жамоат манфаатлари, инсонпарварлик ва ахлоқ қоидаларига зид ечимлар.



6-модда. Фойдали моделнинг муҳофазага лаёқатлилиги шартлари

Фойдали модель сифатида кўрсатилган объект, башарти у янги бўлса ва уни саноатда қўллаш мумкин бўлса, ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Фойдали модель, башарти унинг муҳим аломатлари мажмуи техника тараққиёти даражасидан маълум бўлмаса, янги деб ҳисобланади.

Талабнома топширилган фойдали модель амалга ошириши мумкин бўлган вазифаларни бажара оладиган воситалар ҳақидаги ҳамма фойдалана оладиган барча маълумотлар, шунингдек уларни қўллашга доир маълумотлар техника тараққиёти даражасига киритилади.

Фойдали модель, башарти ундан амалда фойдаланиш имкони бўлса, саноатда қўллаш мумкин деб ҳисобланади.

Башарти фойдали моделга оид талабнома, шу фойдали моделга тааллуқли маълумот муаллиф, талабнома берувчи ёки улардан бевосита ёхуд билвосита ушбу маълумотни олган бошқа ҳар қандай шахс томонидан оммавий тарзда ошкор қилинган санадан бошлаб олти ойдан кечиктирмай Патент идорасига топширилган бўлса, бу ҳолат фойдали моделнинг янгилигига таъсир кўрсатадиган вазият сифатида эътироф этилмайди. Бундай ҳолда ушбу фактни исботлаб бериш вазифаси муаллиф, талабнома берувчи зиммасида бўлади.

Амалиётбоп қилиб тайёрланган ишлаб чиқариш воситалари ва истеъмол буюмлари, шунингдек уларнинг таркибий қисмлари фойдали моделлар жумласига киради.

Қуйидагилар фойдали моделлар сифатида муҳофаза қилинмайди:

усуллар, моддалар, микроорганизм штаммлари, ўсимлик ва ҳайвонлар ҳужайраларининг турлари, шунингдек уларнинг янги мақсадда қўлланилиши;

ушбу Қонун 5-моддасининг тўққизинчи қисмида кўрсатилган объектлар.



7-модда. Саноат намунасининг патентга лаёқатлилик шартлари

Саноат намунаси сифатида кўрсатилган объект, башарти у янги, ўзига хос бўлса ва уни саноатда қўллаш мумкин бўлса, ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинади.

Саноат намунаси, башарти буюмнинг эстетик ва (ёки) эргономик хусусиятларини белгиловчи муҳим аломатлари мажмуи саноат намунасига устуворлик бериш санасига қадар жаҳонда оммага ошкор бўлган маълумотлардан аён бўлмаса, янги деб ҳисобланади.

Саноат намунасининг янгилигини аниқлаш чоғида бирмунча олдин устуворликка эга бўлган ҳолда топширилган ва қайтариб олинмаган талабномалар ҳам ҳисобга олинади.

Саноат намунаси, башарти унинг муҳим аломатлари мажмуи буюм эстетик хусусиятларининг ижодий характери билан боғлиқ бўлса, асл ҳисобланади.

Саноат намунаси, башарти уни такрор-такрор ҳосил қилиш мумкин бўлса, саноатда қўллаш мумкин деб эътироф этилади.

Башарти саноат намунасига оид талабнома, шу саноат намунасига тааллуқли маълумот муаллиф, талабнома берувчи ёки улардан бевосита ёхуд билвосита ушбу ахборотни олган бошқа ҳар қандай шахс томонидан оммавий тарзда ошкор қилинган санадан бошлаб олти ойдан кечиктирмай Патент идорасига топширилган бўлса, бу ҳолат саноат намунасининг патентга лаёқатлилигини тан олишга таъсир кўрсатадиган вазият сифатида эътироф этилмайди. Бундай ҳолда ушбу фактни исботлаб бериш вазифаси муаллиф, талабнома берувчи зиммасида бўлади.

Буюмнинг ташқи кўринишини ифодалайдиган бадиий-конструкторлик ечимлари саноат намунаси жумласига киради.

Қуйидагилар саноат намуналари сифатида эътироф этилмайди:

матбаа маҳсулотлари;

меъморчилик объектлари (кичик меъморчилик шаклларидан ташқари), саноат, гидротехника иншоотлари ва бошқа стационар иншоотлар;

суюқ, газсимон, сочилувчан ёки шунга ўхшаш моддалардан иборат ўзгарувчан шаклдаги объектлар;

буюмнинг фақат техник функцияси билан боғлиқ бўлган ечимлар;

маҳсулотларнинг жамоат манфаатларига, инсонпарварлик ва ахлоқ қоидаларига зид ечимлари.



III БОБ. ҲУҚУҚ СУБЪЕКТЛАРИ

8-модда. Саноат мулки объектининг муаллифи

Саноат мулки объектини шахсий ижодий меҳнати билан яратган жисмоний шахс бу объектнинг муаллифи деб эътироф этилади.

Башарти, саноат мулкининг объекти бир неча жисмоний шахснинг биргаликдаги ижодий меҳнати асосида яратилган бўлиб, улар ўртасида тузилган шартномада ўзгача қоида назарда тутилмаган бўлса, уларнинг барчаси бу объектнинг тенг ҳуқуқли муаллифи деб эътироф этилади.

Муаллифлик ҳуқуқи бегоналаштирилмайдиган шахсий ҳуқуқ бўлиб, қонун билан муҳофаза қилинади.


9-модда. Патент эгаси

Саноат мулкининг объектига патент ёки дастлабки патент қуйидагиларга берилади:

саноат мулки объектининг муаллифига (муаллифларига) ёки унинг (уларнинг) меросхўрига (меросхўрларига);

муаллиф ёки унинг ҳуқуқий вориси томонидан патент ёки дастлабки патент бериш тўғрисидаги талабномада ёки саноат мулки объекти рўйхатдан ўтказилгунга қадар Патент идорасига топширилган аризада кўрсатилган жисмоний ва (ёки) юридик шахсларга (улар рози бўлган тақдирда);

ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда иш берувчига.

Хизматчи ўз хизмат вазифасини ёки иш берувчидан олган аниқ бир топшириқни бажариш муносабати билан яратган саноат мулки объектига патент ёки дастлабки патент олиш ҳуқуқига, агар бу ҳол улар ўртасидаги шартномада назарда тутилган бўлса, иш берувчи эга бўлади.

Башарти иш берувчи билан муаллиф ўртасида ушбу модда иккинчи қисмидаги қоидалар назарда тутилган бўлмаса, муаллиф талабнома топшириш ва патент ёки дастлабки патентни ўз номига олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда иш берувчи саноат мулкининг тегишли объектидан ўз корхонасида патент эгасига шартномада белгиланадиган ҳақни тўлаган ҳолда фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иш берувчи томонидан саноат мулки объекти маҳфий сақланадиган бўлса, у муаллифга мутаносиб миқдорда ҳақ тўлаши шарт, бу ҳақ миқдори шартнома асосида белгиланиб, мутлақ лицензиянинг бозор нархидан кам бўлмаслиги лозим.

Саноат мулки объектига патент ёки дастлабки патент, шунингдек уни олиш ҳуқуқи мерос бўлиб ўтади.



10-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Интеллектуал мулк давлат фонди

Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк давлат фонди (матнда бундан кейин Интеллектуал мулк давлат фонди деб юритилади) патент эгасининг давлат мулкига кирадиган ёки шартнома асосида олинадиган интеллектуал мулк объектларига нисбатан ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни рўёбга чиқаради ва давлат манфаатлари йўлида уларнинг амалга оширилишига кўмаклашади.

Интеллектуал мулк давлат фонди фаолиятини маблағ билан таъминлаш манбаи саноат мулки ва интеллектуал мулкнинг бошқа турлари объектларидан фойдаланиш ҳуқуқига оид лицензия сотилишидан тушадиган маблағларнинг бир қисмидан, давлат бюджети маблағлари ҳамда бошқа тушумлардан иборатдир.

Интеллектуал мулк давлат фонди ўз фаолиятини ушбу Қонун ва Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган уставга биноан амалга оширади.



IV БОБ. САНОАТ МУЛКИ ОБЪЕКТИГА БЎЛГАН

МУТЛАҚ ҲУҚУҚ

11-модда. Патент эгасининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Патент эгаси саноат мулки объектига ўз хоҳишича эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳамда ундан фойдаланиш, башарти бундай фойдаланиш бошқа патент эгаларининг ҳуқуқларини бузмаса, шу жумладан, бошқа шахсларнинг мазкур объектдан фойдаланишини тақиқлаб қўйиш мутлақ ҳуқуқига эгадир, бундай фойдаланиш ушбу Қонунга мувофиқ патент эгасининг ҳуқуқини бузиш ҳисобланмайдиган ҳоллар бундан мустасно.

Бир неча патент эгасига қарашли бўлган саноат мулки объектидан фойдаланиш борасидаги ўзаро муносабатлар улар ўртасида тузилган битимга биноан белгиланади. Бундай битим бўлмаган тақдирда, ҳар бир патент эгаси муҳофазаланган саноат мулки объектидан ўз хоҳишича фойдаланиши мумкин, лекин қолган патент эгаларининг розилигисиз объектга оид лицензия беришга ёки патент, ёки дастлабки патентни ўзга шахсга топширишга ҳақли эмас.

Патент эгалари ўртасидаги низолар ўзаро муросага келишнинг иложи бўлмаса, суд тартибида ҳал қилинади.

Патент эгаси фойдаланилаётган саноат мулки объектларига патент берилганлигини кўрсатувчи огоҳлантиргич тамғадан фойдаланиши мумкин.

Патент эгаси саноат мулки объектидан фойдаланиши шарт.

Патент ёки дастлабки патент рўйхатга олинган санадан бошлаб уч йил мобайнида патент эгаси саноат мулки объектидан бутунлай ёхуд етарли даражада фойдаланмаса, ушбу муҳофаза этилаётган саноат мулки объектидан фойдаланмоқчи ва фойдаланишга тайёр бўлган ҳар қандай шахс, башарти патент эгаси у билан лицензия шартномаси тузишдан бош тортган тақдирда, мажбурий оддий лицензия беришни сўраб судга илтимоснома билан мурожаат этиши мумкин.

Башарти патент эгаси саноат мулки объектидан бутунлай ёки етарли даражада фойдаланилмаганлигига узрли сабаблар борлигини исботлаб бера олмаса, суд айтилган лицензияни бериб, ундан фойдаланиш меъёрларини, тўлов миқдори, муддати ва тартибини белгилаб қўяди. Тўлов миқдори лицензиянинг бозор нархидан кам бўлмаслиги лозим.



12-модда. Патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши

сифатида эътироф этилмайдиган ҳаракатлар

Қуйидаги ҳоллар патент эгаси мутлақ ҳуқуқининг бузилиши сифатида эътироф этилмайди:

Ўзбекистон Республикасида муҳофаза қилинадиган саноат мулки объектларидан таркиб топган қурилмаларни Париж конвенцияси қатнашчиси бўлган бошқа давлатнинг транспорт воситасида, мазкур восита Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча ёки тасодифан турган вақтда қўллаш - бу қурилмалардан фақат мазкур воситанинг эҳтиёжлари учунгина фойдаланиш шарти билан:

патентлар ёки дастлабки патентлар билан муҳофазаланган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситалар устида илмий тадқиқот ёки тажриба ўтказиш;

патентлар ёки дастлабки патентлар билан муҳофазаланган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситаларни табиий офатлар, фалокатлар, эпидемия ва бошқа фавқулодда ҳолатларда қўллаш;

патентлар ёки дастлабки патентлар билан муҳофазаланган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситаларни, башарти бу воситалар хўжалик муомаласига қонуний йўл билан киритилган бўлса, қўллаш;

патентлар билан муҳофазаланган саноат мулки объектларидан таркиб топган воситаларни даромад олмай шахсий мақсадларда қўллаш;

дорихоналарда врач рецептлари бўйича бир галлик дорилар тайёрлаш.



13-модда. Патент эгаси мутлақ ҳуқуқларининг бузилиши

Патент ёки дастлабки патент билан муҳофазаланган саноат мулки объектларидан ушбу Қонун 11 ва 31-моддаларида назарда тутилган қоидаларга хилоф равишда фойдаланувчи ҳар қандай шахс патент эгасининг мутлақ ҳуқуқларини бузувчи ҳисобланади.

Патентланган ихтиро, фойдали модель ёки саноат намунасидан фойдаланган ҳолда рухсатсиз маҳсулот тайёрлаш, уни қўллаш, импорт қилиш, сотувга таклиф этиш, сотиш, фуқаро муомаласига ўзга тарзда киритиш ёки шу мақсадда уни сақлаб туриш, шунингдек ихтиро патенти билан қўриқланадиган усулни қўллаш ёки ихтиро патенти билан қўриқланадиган усулда бевосита тайёрланган маҳсулотни фуқаро муомаласига киритиш ёхуд шу мақсадда сақлаб туриш патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузиш деб эътироф этилади.

Саноат мулки объектидан патент эгасининг ҳуқуқларига хилоф равишда фойдаланаётган шахслар патент эгаси талабига биноан:

патент эгасининг мутлақ ҳуқуқини бузаётган ҳаракатларни тўхтатишлари;

патент эгасига етказилган зарарнинг ўрнини қоплашлари шарт. Зарар ўрнига патент эгаси ҳуқуқбузардан шу ҳаракати орқасидан олган даромадини ундириб олишга ҳақлидир.



V БОБ. ПАТЕНТ ЁКИ ДАСТЛАБКИ ПАТЕНТ ОЛИШ

14-модда. Патент ёки дастлабки патент бериш сўралган

талабномани топшириш

Патент ёки дастлабки патент бериш сўралган талабнома муаллиф, иш берувчи ёки уларнинг ҳуқуқий вориси (матнда бундан кейин талабнома берувчи деб юритилади) томонидан Патент идорасига топширилади.

Патент ёки дастлабки патент сўралган талабномага белгиланган миқдорда бож тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат ёки бож тўлашдан озод қилишнинг ёхуд бож миқдорини камайтиришнинг асослари илова қилинади.

Саноат мулки объектларига оид талабнома ҳужжатларига доир бошқа талаблар Патент идораси томонидан белгиланади.

Талабнома шахсан ёки Патент идорасида рўйхатдан ўтган патент вакили орқали топширилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасидан ташқарида яшаётган жисмоний шахслар ёки ажнабий юридик шахслар патент олиш ва уни кучда сақлаб туриш бўйича Патент идорасида рўйхатдан ўтган патент вакиллари орқали иш олиб борадилар. Патент вакилининг ваколатлари талабнома киритувчи томонидан берилган ишонч қоғози билан тасдиқланади.



15-модда. Ихтирога патент ёки дастлабки патент берилиши

сўралган талабнома

Ихтирога патент ёки дастлабки патент берилиши сўралган талабнома (матнда бундан кейин ихтирога оид талабнома деб юритилади) битта ихтирога ёки ягона ихтирочилик фикрини (ихтиро бирлиги талаби) ташкил қилиб, бир-бири билан узвий боғланган ихтиролар гуруҳига тегишли бўлиши керак.

Ихтирога оид талабнома ўз ичига қуйидагиларни олади:

ихтиро муаллифи (муаллифлари) ва номига патент ёки дастлабки патент берилиши сўралаётган шахс (шахслар), шунингдек уларнинг яшаш ёки турар жойи кўрсатилиб, патент ёки дастлабки патент бериш сўралган ариза;

ихтиронинг уни амалга ошириш учун етарли бўлган даражада тўлиқ баён этилган тавсифи;

ихтиро моҳиятини акс эттирувчи ва унинг тавсифига тўла мувофиқ бўлган ихтиро формуласи;

ихтиро моҳиятини тушуниш учун зарур бўлса, чизмалар ва бошқа материаллар;

реферат.



16-модда. Фойдали моделга патент берилиши

сўралган талабнома

Фойдали моделга патент берилиши сўралган талабнома (матнда бундан кейин фойдали моделга оид талабнома деб юритилади) битта фойдали моделга ёки ягона ижодий фикрни (фойдали модель бирлиги талаби) ташкил қилиб, бир-бири билан узвий боғланган фойдали моделлар гуруҳига тегишли бўлиши керак.

Фойдали моделга оид талабнома ўз ичига қуйидагиларни олади:

фойдали модель муаллифи (муаллифлари) ва номига патент берилиши сўралаётган шахс (шахслар), шунингдек уларнинг яшаш ёки турар жойи кўрсатилиб, гувоҳнома бериш сўралган ариза;

фойдали моделнинг уни амалга ошириш учун етарли бўлган даражада тўлиқ баён этилган тавсифи;

фойдали модель моҳиятини акс эттирувчи ва унинг тавсифига тўла мувофиқ бўлган фойдали модель формуласи;

башарти фойдали модель моҳиятини тушуниш учун зарур бўлса, чизмалар ва бошқа материаллар;

реферат.



17-модда. Саноат намунасига патент ёки дастлабки патент

берилиши сўралган талабнома

Саноат намунасига патент ёки дастлабки патент берилиши сўралган талабнома (матнда бундан кейин саноат намунасига оид талабнома деб юритилади) битта саноат намунасига тегишли бўлиши керак ва у шу намуна вариантларини (саноат намунаси бирлиги талаби) қамраб олиши мумкин.

Саноат намунасига оид талабнома ўз ичига қуйидагиларни олади:

саноат намунасининг муаллифи (муаллифлари) ва номига патент ёки дастлабки патент берилиши сўралаётган шахс (шахслар), шунингдек уларнинг яшаш ва турар жойлари кўрсатилиб, патент ёки дастлабки патент бериш сўралган ариза;

буюмнинг ўзи, унинг макети ёки расмининг буюм ташқи кўриниши ҳақида тўла-тўкис, бор тафсилоти билан тасаввур берувчи туркум фотосуратлари;

башарти саноат намунасининг моҳиятини очиш учун зарур бўлса, буюм умумий кўринишининг чизмаси, эргономик схемаси, конфекцион харитаси;

саноат намунасининг ундаги муҳим аломатлар мажмуини ўз ичига олган тавсифи.



18-модда. Саноат мулки объекти устуворлиги

Саноат мулки объекти устуворлиги талабнома ушбу Қонуи талабларига мувофиқ ҳолда расмийлаштирилиб, Патент идорасига топширилган кундан бошлаб белгиланади.

Устуворлик:

саноат мулкини муҳофаза қилиш Париж конвенцияси қатнашчиси бўлган бошқа давлатда (конвенция устуворлиги) берилган биринчи талабномада қайд этилган санага кўра, башарти Патент идорасига ана шу санадан бошлаб ихтирога, фойдали моделга оид талабнома ўн икки ой ичида, саноат намунасига оид талабнома эса олти ой ичида топширилган бўлса, белгиланади. Башарти конвенция устуворлиги сўралган талабнома уни берувчига боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра белгиланган муддатда топшириб улгурилмаса, бу муддат Патент идораси томонидан узоғи билан яна икки ойга узайтирилиши мумкин. Конвенция устуворлиги ҳуқуқидан фойдаланиш истагидаги талабнома берувчи ўзининг ана шу истагини талабномани топшириш пайтида кўрсатиши ва (ёки) зарур материалларни талабнома топширилган санадан бошлаб уч ойдан кечиктирмай Патент идорасига тақдим этиши лозим;

Ўзбекистон Республикаси иштирок этадиган саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича давлатлараро битимларга мувофиқ топширилганига айни ўхшаш биринчи талабнома топширилган санага кўра, башарти ушбу талабнома унинг эгаси томонидан қайтариб олиниб, устуворлик санаси билан Патент идорасига талабнома тушган сана ўртасидаги вақт ихтиро учун ўн икки ойдан ва саноат намунаси учун олти ойдан ошмаган бўлса, белгиланади;

қўшимча материаллар топширилган санага кўра, башарти талабномага илова қилинган қўшимча материаллар талабнома қаратилган ихтиро моҳиятини ўзгартириб юбориши ва шу сабабга кўра улар қабул қилинмаслиги Патент идораси томонидан талабнома берувчига маълум қилинган санадан бошлаб уч ой муддат ичида талабнома берувчи томонидан қўшимча материаллар мустақил талабнома тарзида расмийлаштирилган бўлса, белгиланади;

шу талабнома берувчининг Патент идорасига бирмунча олдин тақдим этган, ушбу саноат мулки объектининг моҳиятини очиб берувчи талабномаси топширилган санага кўра, башарти устуворлик сўралган талабнома бирмунча олдин берилган талабнома келиб тушган санадан бошлаб ихтиро ва фойдали модель юзасидан ўн икки ой ва саноат намунаси юзасидан олти ой ичида топширилган бўлса, белгиланади. Бунда бирмунча олдин топширилган талабнома қайтариб олинган деб ҳисобланади.

Башарти экспертиза жараёнида саноат мулки объектларига айни ўхшаш талабномаларнинг устуворлик саналари бир хиллиги аниқланса, у ҳолда патент ёки дастлабки патент Патент идорасига олдинроқ жўнатилганлиги исботланган талабнома бўйича, борди-ю жўнатилган саналари ҳам бир хил бўлиб чиқса, Патент идорасида келган ҳужжат сифатида қайси бири олдин қайд этилган бўлса, шу талабномага берилади.

Устуворлик бирмунча олдин устуворлик сўралган талабнома келиб тушган санага кўра белгиланиши мумкин эмас.



19-модда. Давлат илмий-техник экспертизаси

Саноат мулки объектига оид талабнома бўйича Патент идораси расмий экспертиза, дастлабки экспертиза ва (ёки) моҳиятан экспертизадан иборат бўлган давлат илмий-техник экспертизасини ўтказади.

Талабнома топширилган санадан бошлаб икки ой мобайнида талабнома берувчи талабнома берилаётган саноат мулки объектининг моҳиятини ўзгартирмаган ҳолда унга тузатишлар, аниқликлар ёки қўшимча материаллар киритиш ҳуқуқига эга.

Саноат мулки объектига оид талабномага тузатишлар, аниқликлар киритиш ёки қўшимча материаллар тақдим этиш, бож тўлаш шарти билан, мазкур муддат ўтганидан кейин ҳам, бироқ муҳофаза ҳужжатини бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингунга қадар амалга оширилиши мумкин.

Белгиланган талаблар бузилган ҳолда расмийлаштирилган талабнома юзасидан талабнома берувчига сўров юборилиб, унда шу сўровни олган санадан бошлаб икки ой муддат ичида тузатилган ёки етишмайдиган материалларни топшириш таклиф қилинади.

Башарти талабнома берувчи мазкур муддатда сўралган материалларни тақдим этмаса ёки белгиланган муддатни узайтириб бериш тўғрисида илтимоснома топширмаса, талабнома қайтариб олинган ҳисобланади.

Саноат мулки объекти бирлиги талаблари бузилган ҳолда берилган талабнома юзасидан талабнома берувчига тегишли сўров олган санадан бошлаб икки ой муддат ичида ушбу объектлардан қайси бири кўриб чиқилиши лозимлигини хабар қилиш ҳамда талабнома ҳужжатларига тегишли аниқликлар киритиш таклиф қилинади. Дастлабки талабнома материалларига киритилган бошқа объектлар мустақил талабномалар тарзида расмийлаштирилиши мумкин.

Башарти талабнома берувчи саноат мулки объекти бирлиги талаблари бузилганлиги ҳақида сўров олганидан сўнг икки ой ичида ушбу объектлардан қайси бири кўриб чиқилиши лозимлигини хабар қилмаса ва аниқлик киритилган материалларни тақдим этмаса, ихтиро, фойдали модель формуласида ёки саноат намунаси тавсифида биринчи бўлиб кўрсатилган объект экспертизадан ўтказилади.

Талабнома берувчи саноат мулки объекти тегишли Давлат реестрида қайд қилингунга қадар экспертизанинг исталган босқичида патент ёки дастлабки патент сўралган талабномани қайтариб олиши мумкин.

Патентлар ва дастлабки патентлар сўралган талабномаларга доир материаллардаги маълумотлар Патент идорасида маҳфий сақланиши керак ва улар ҳақидаги ахборотлар талабнома берувчи ёки патент эгасининг розилигисиз берилмайди. Патент ёки дастлабки патент ҳақидаги маълумотлар расмий равишда эълон қилингунга қадар талабномаларга доир материаллардаги ахборотларни ошкор этганлик қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Патент идораси томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинган талабномалар талабнома берувчиларга қайтарилмайди.



20-модда. Расмий ва дастлабки экспертизалар

Расмий экспертиза Патент идораси томонидан саноат объекти мулкига оид талабнома топширилган санадан бошлаб икки ой ўтганидан сўнг ўтказилади. Талабнома берувчининг илтимосига кўра расмий экспертиза мазкур муддат ўтмасдан бошланиши мумкин. Бу ҳолда талабнома берувчи илтимоснома берилган пайтдан бошлаб талабнома материалларига қўшимча бож тўламасдан ўз ташаббуси билан тузатишлар ва аниқликлар киритиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Талабномани расмий экспертизадан ўтказиш чоғида тақдим қилинган таклифнинг ҳуқуқий муҳофаза таъминланадиган саноат мулки объектларига қай даражада мослиги кўриб чиқилади ва унинг устуворлиги белгиланади.

Расмий экспертизанинг ижобий натижаси ва устуворлик белгиланганлиги ҳақида талабнома берувчига хабар қилинади.

Дастлабки экспертиза Патент идораси томонидан ихтирога, саноат намунасига ёки фойдали моделга дастлабки патент бериш сўралган талабнома бўйича ўтказилади.

Дастлабки экспертиза ўтказиш чоғида кўрсатилган объектнинг талабнома берувчи томонидан тақдим этилган талабнома материалларида келтирилган техника тараққиёти даражаси бўйича ёки (ва) Ўзбекистон Республикасининг патент ҳужжатлари бўйича янгилик ва саноатда қўллаш шартларига қанчалик мослиги текширилади.

Башарти талабномани дастлабки экспертизадан ўтказиш натижасида саноат мулки объектига оид талабнома материаллари қўйилаётган талабларга мос келиши аниқланса, Патент идораси дастлабки патент бериш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда расмий хабар эълон қилади.

Башарти дастлабки экспертиза натижасида объект қўйилаётган талабларга мос эмаслиги аниқланса, Патент идораси дастлабки патент беришни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилади.

Талабнома берувчи Патент идорасининг қарори устидан қарорни олган санадан бошлаб икки ой муддат ичида Патент идорасининг Апелляция кенгашига (матнда бундан кейин Апелляция кенгаши деб юритилади) шикоят бериши мумкин. Апелляция кенгаши шикоятни у тушган санадан бошлаб икки ой муддат ичида кўриб чиқиши лозим. Апелляция кенгашининг Патент идораси ваколат доирасидаги қарори узил-кесил ҳисобланади.

Талабномаларни расмий ва дастлабки экспертизалардан ўтказишнинг ушбу моддада белгиланган ва талабнома берувчи томонидан ўтказиб юборилган муддатлари муддатлар узайтирилишини муқаррар қилиб қўйган сабаблар тасдиқланган ва бож тўланган тақдирда Патент идораси томонидан тикланиши мумкин.

Талабнома берувчи муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани ўтказиб юборилган муддат тугаган кундан бошлаб ўн икки ойдан кечиктирмай топшириши лозим.

Апелляция кенгашига мурожаат қилиш муддати тикланмайди.



21-модда. Моҳиятан экспертиза ўтказиш

Патент идораси ихтиро ва саноат намунасига патент бериш сўралган талабномани талабнома топширилган санадан бошлаб ўн икки ой ичида талабнома берувчи томонидан киритилиши мумкин бўлган илтимосномага кўра моҳиятан экспертизадан ўтказади.

Моҳиятан экспертиза ўтказиш ҳақидаги илтимоснома беришнинг мазкур муддати бузилган тақдирда талабнома қайтариб олинган ҳисобланади.

Башарти талабномани моҳиятан экспертизадан ўтказиш натижасида талабнома берувчи таклиф қилган формула билан ифодаланган ихтиро сифатида таърифланган объект, муҳим аломатлар мажмуи сифатида ифодаланган саноат мулки сифатида таърифланган объект белгиланган талабларга мослиги аниқланса, Патент идораси патент бериш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда расмий хабар эълон қилади.

Талабнома берувчи ёки бошқа шахслар дастлабки патент сўралган талабномани топширган санадан бошлаб исталган пайтда, лекин дастлабки патентнинг амал қилиш вақти тугамасдан олдин берадиган илтимосномага кўра Патент идораси ихтиро ёки саноат намунасининг патентга лаёқатлилик шартларига мувофиқ моҳиятан экспертиза ўтказади.

Башарти дастлабки патент билан муҳофазаланган саноат мулки объектини моҳиятан экспертизадан ўтказишнинг тугаш муддати дастлабки патентнинг амал қилиш муддатидан узоқроқ бўлса, илтимоснома дастлабки патент эгаси томонидан берилиши шарти билан дастлабки патентнинг амал қилиш муддати моҳиятан экспертиза ўтказиш даврига тенг муддатга узайтирилади.

Бошқа шахслардан тушган илтимосномалар талабнома берувчига маълум қилинади.

Башарти талабнома берувчи моҳиятан экспертиза ўтказиш ҳақида мазкур муддатда илтимоснома топширмаса, ихтиро ёки саноат намунасининг ҳуқуқий муҳофазаси дастлабки патентнинг амал қилиш муддати тугаши билан тўхтатилади.

Ихтиро ёки саноат намунаси сифатида ифодаланган объектнинг патентга лаёқатлилик шартларига мос келмаслиги аниқланса, патент беришни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинади.

Талабнома берувчи Патент идорасининг қарори устидан қарорни олган санадан бошлаб уч ой муддат ичида Апелляция кенгашига шикоят бериши мумкин. Апелляция кенгаши шикоят тушган санадан бошлаб тўрт ой муддат ичида уни кўриб чиқиши лозим.

Талабнома берувчи Апелляция кенгаши қарорига рози бўлмаса, қарорни олган санадан бошлаб олти ой муддат ичида Олий судга даъво билан мурожаат қилиши мумкин. Олий суднинг қарори узил-кесил ҳисобланади.

Талабномаларни моҳиятан экспертизадан ўтказишнннг ушбу моддада белгиланган ва талабнома берувчи томонидан ўтказиб юборилган муддатлари, муддатлар узайтирилишини муқаррар қилиб қўйган сабаблар тасдиқланган ва бож тўланган тақдирда Патент идораси томонидан тикланиши мумкин.

Талабнома берувчи муддатни тиклаш ҳақидаги илтимосномани ўтказиб юборилган муддат тугаган кундан бошлаб ўн икки ойдан кечиктирмай топшириши мумкин.

Апелляция кенгашига мурожаат қилиш муддати тикланмайди.



22-модда. Талабномаларни ўзгартириш

Талабнома берувчи муҳофаза ҳужжати бериш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар ихтирога оид талабномани фойдали моделга оид талабнома, фойдали моделга оид талабномани эса ихтирога оид талабнома қилиб ўзгартиришга ҳақлидир.

Бундай ўзгартиришлар қилинганда биринчи талабноманинг устуворлиги сақланиб қолади.

Талабномаларни ўзгартириш тегишли бож тўлангандан сўнг амалга оширилади.



23-модда. Саноат мулки объектини рўйхатдан ўтказиш

Патент идораси патент ёки дастлабки патент бериш ҳақида қарор қабул қилгандан сўнг тегишли саноат мулки объектини Ихтиролар давлат реестри, Фойдали моделлар давлат реестри ёки Саноат намуналари давлат реестри рўйхатидан ўтказади.


24-модда. Патент ва дастлабки патент

тўғрисидаги маълумотларни расман эълон қилиш

Патент идораси саноат мулки объектлари рўйхатдан ўтказилганлигига доир маълумотларни ўз ичига олган расмий ахборотнома чиқаради.

Дастлабки патентлар билан муҳофаза этиладиган саноат мулки объектларининг рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги маълумотларни расман эълон қилиш уларга бошқа давлатда (давлатларда) патент олинаётганлиги муносабати билан объектлар устуворлиги санасидан бошлаб, ўн икки ойга вақтинча тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Эълон қилинадиган маълумотларнинг тўлиқ рўйхати ва таркибини Патент идораси белгилайди.



25-модда. Патент ва дастлабки патент бериш

Патент ва дастлабки патент бериш улар рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумотлар расмий ахборотномада эълон қилинганидан сўнг уч ой ўтгач, Патент идораси томонидан амалга оширилади.

Патент ва дастлабки патент Ўзбекистон Республикаси номидан берилади ҳамда Патент идораси раҳбари томонидан имзоланади.

Патент ёки дастлабки патент бир неча киши номига сўралганда битта муҳофаза ҳужжати берилади.

Саноат мулки объектига бўлган ҳуқуқни Интеллектуал мулк давлат фондига топширган объект муаллифига Патент идораси унинг муаллифлигини тасдиқловчи ҳужжат беради.

Муҳофаза ҳужжати шаклини ва унда кўрсатиладиган маълумотлар таркибини Патент идораси белгилайди.

Берилган муҳофаза ҳужжатидаги кўзга яққол ташланиб турган ва техник хатоларни патент эгасининг талаби бўйича Патент идораси тузатади.



26-модда. Патент божлари

Патент ёки дастлабки патент билан боғлиқ бўлган юридик ҳаракатлар ва тадбирлар амалга оширилганлиги учун патент божи ундирилади.

Патент божи олинадиган ҳаракатлар ва тадбирлар рўйхати, уларнинг миқдори ва тўлаш муддати, бож тўловидан озод қилиш, бож миқдорини камайтириш ёки олинган божни қайтариб беришнинг асослари Патент идораси томонидан Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор давлат бошқарув органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

Божлар талабнома берувчи, патент эгаси, шунингдек бошқа манфаатдор жисмоний ёки юридик шахс томонидан тўланади.

Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахслари божларни миллий пул бирлигида тўлайдилар. Бошқа давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари божларни, башарти, халқаро шартномалар ва битимларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, чет эл валютасида тўлайдилар.

Патент ёки дастлабки патентни кучда сақлаб туриш божини тўлаш учун патент эгасига қўшимча бож тўлаш шарти билан олти ойлик имтиёзли муддат берилади.

Патент ёки дастлабки патентнинг кучини сақлаб туриш учун бож ва қўшимча бож имтиёзли муддат давомида тўланмаса, саноат мулки объектига бўлган мутлақ ҳуқуқ йўқолади, патент ёки дастлабки патент эса белгиланган муддат тугаган кундан бошлаб бекор қилинади.


VI БОБ. ПАТЕНТ ЁКИ ДАСТЛАБКИ ПАТЕНТНИНГ

АМАЛ ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИШ

27-модда. Патент ёки дастлабки патент юзасидан

эътироз билдириш

Патентнинг ҳақиқий ёки ҳақиқий эмаслиги хусусида патент Ҳуқуқий муҳофазасининг тўлиқ ҳажмида ёки унинг бир қисми бўйича, исталган пайтда Олий судга қуйидаги асосларга кўра берилган даъво юзасидан баҳслашилиши мумкин:

муҳофазаланган саноат мулки объекти патентга лаёқатлилик шартларига мос келмаган тақдирда;

талабнома материалларида ихтиронинг моҳияти етарлича очиб берилмаган бўлса;

ихтиро формуласида ёки саноат намунасининг муҳим аломатлар мажмуида талабноманинг дастлабки материалларида бўлмаган белгилар мавжуд бўлса.

Дастлабки патентнинг амал қилиши хусусида дастлабки патент ҳуқуқий муҳофазасининг тўлиқ ҳажмида ёки унинг бир қисми бўйича Апелляция кенгашига берилган шикоят асосида:

ушбу модданинг биринчи қисмида келтирилган асосларга кўра;

фойдали модель формуласидаги муҳим аломатлар мажмуида талабноманинг дастлабки материалларида бўлмаган белгилар мавжуд бўлганда эътироз билдирилиши мумкин.

Апелляция кенгашининг шикоят бўйича Патент идораси ваколатлари доирасида чиқарган қарори узил-кесил ҳисобланади.

Берилган патент ёки дастлабки патентлар бўйича саноат мулки объектига муаллифлик ва эгалик ҳуқуқи (патент эгаси) хусусидаги низолар:

саноат мулки объекти муаллифи (муаллифлари) ёки патент эгаси (патент эгалари)нинг патентда нотўғри кўрсатилиши;

патент эгасида патент ёки дастлабки патент олиш ҳуқуқи йўқлиги;

ғайриҳуқуқий равишда ўзлаштирилганлик факти асосларига биноан судда кўрилади.

Патент ёки дастлабки патент бериш Апелляция кенгашига шикоят берилиши муносабати билан тўхтатиб қўйилиши мумкин.

Башарти низо судда қараб чиқиладиган бўлса, масала ҳал этилгунига қадар саноат мулки объектига доир иш юритилиши Патент идораси томонидан тўхтатиб қўйилади.

Апелляция кенгашининг чиқарган қарорига рози бўлмаган исталган томон қарор қабул қилинган санадан бошлаб олти ой муддат ичида Олий судга мурожаат қилиши мумкин.



28-модда. Патент ёки дастлабки патентнинг амал

қилишини муддатидан илгари тўхтатиш

(ЎзР 26.12.1997 й. 549-I-сон Қонуни таҳриридаги модда)


Патент ёки дастлабки патентнинг амал қилиши:

ушбу Қонунга ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ патент ёки дастлабки патент амал қилмаётган деб топилса;

патент ёки дастлабки патент амалда сақлаб туриш учун тўланадиган бож ўз вақтида тўланмаса;

Патент идорасига патент эгаси томонидан берилган аризага асосан муддатидан илгари тўхтатилади.

Патент ёки дастлабки патентнинг амал қилиши муддатидан илгари тўхтатилганлиги тўғрисидаги маълумот Патент идорасининг расмий ахборотномасида эълон қилинади.



VII БОБ. САНОАТ МУЛКИ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

29-модда. Ихтиро, фойдали модель, саноат намунасидан фойдаланиш

Ихтиронинг, фойдали моделнинг формула мустақил бандига киритилган ҳар бир белгиси ёки унга муодил бўлган белги қўлланилган бўлса, маҳсулот (буюм) патент берилган ихтиро, фойдали моделдан фойдаланилган ҳолда тайёрланган, ихтиро патенти билан муҳофаза этиладиган усул эса, қўлланилган деб ҳисобланади.

Маҳсулотни олиш усулига берилган патентнинг амал қилиши айнан шу усул ёрдамида олинган маҳсулотга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Бунда инкорини исботловчи далиллар бўлмаса, бу янги маҳсулот патент берилган усулда олинган деб ҳисобланади.

Башарти маҳсулотда патент берилган саноат намунасининг барча муҳим аломатлари бўлса, у патент берилган саноат намунасидан фойдаланилган ҳолда тайёрланган деб эътироф этилади.



30-модда. Аввал фойдаланганлик ҳуқуқи

Саноат мулки объектига оид талабнома устуворлиги санасига қадар унинг муаллифидан мустақил тарзда айнан ўхшаш бўлган ечимдан фойдаланган ёки шунга етарли даражада тайёргарлик кўрган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс кейинчалик хам ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтирмаган тарзда, ундан бепул фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Аввал фойдаланганлик ҳуқуқи ўзга жисмоний ёки юридик шахсга ўхшаш ечимдан фойдаланилган ёки фойдаланишга етарли даражада тайёргарлик кўрилган ишлаб чиқариш билан биргаликдагина топширилиши мумкин.



31-модда. Саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш

Патент эгаси бўлмаган ҳар қандай шахс патент ёки дастлабки патент билан муҳофазаланган саноат мулки объектидан фақат патент эгасининг рухсати билан лицензия шартномаси асосида фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.

Лицензия шартномаси Патент идорасида рўйхатдан ўтказилиши лозим.

Патент эгаси саноат мулки объектидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳар қандай шахсга топширишга рози эканлиги тўғрисида Патент идорасига ариза бериши мумкин (очиқ лицензия). Бундай ҳолда Патент идораси бу хил аризалар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилганидан кейинги йилдан бошлаб, патентнинг амал қилишини сақлаб туриш учун тўланадиган бож ҳақи 50 фоизга камайтирилади.

Очиқ лицензияни сотиб олиш истагини билдирган шахс патент эгаси билан тўловлар ҳақида шартнома ёки мутлақ бўлмаган оддий лицензияни бериш тўғрисида шартнома тузиши шарт. Шартнома талаблари бўйича низолар хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади. Патент эгасининг очиқ лицензияга ҳуқуқ берилиши ҳақидаги аризаси қайтариб олинмайди.

Вазирлар Маҳкамаси миллий хавфсизлик манфаатларини кўзлаб патент эгасининг рухсатисиз унга мутаносиб миқдорда товон тўлаш шарти билан саноат мулки объектидан фойдаланишга рухсат бериши мумкин.

Товон миқдори тўғрисидаги низолар Олий хўжалик суди томонидан ҳал этилади.

Башарти патент эгаси саноат мулки объектидан унинг таркибида бошқа жисмоний ёки юридик шахсга қарашли муҳофазаланган ўзга объект қўлланилиши туфайли фойдалана олмаса, патент эгаси мазкур шахсдан шартномада назарда тутилган талаблар асосида бу объектдан фойдаланишга лицензия беришни талаб қилишга ҳақлидир.



32-модда. Саноат мулки объектларидан фойдаланишнинг

давлат томонидан рағбатлантирилиши

Муаллифлар ва саноат мулки объектларидан фойдаланувчи хўжалик юритиш субъектларига солиқ солиш ва кредит беришда имтиёзли шартлар белгиланади, шунингдек уларга қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа имтиёзлар берилади.



33-модда. Саноат мулки объектини ўз ичига олган янги техникани

ишлаб чиқиш ва етказиб беришга буюртма

Саноат мулки объектларидан фойдаланилган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариш учун корхонага буюртма берган давлат бошқарув органи, башарти уларга доир патентлар ёки дастлабки патентлар бошқа жисмоний ёки юридик шахсларга, шунингдек ажнабий патент эгаларига қарашли бўлса, етарли молиявий маблағ ажратиб, лицензия сотиб олинишини таъминлайди.


34-модда. Ихтиро муаллифларига мукофот пули бериш

Патент эгаси бўлмаган саноат мулки объектининг муаллифи (муаллифлари) мазкур объектдан фойдаланилганлиги ёки унга доир лицензия сотилганлиги учун мукофот пули олишга ҳақлидир (ҳақлидирлар), ҳақ миқдори ва тўлаш шартлари ва тартиби иш берувчи, патент эгаси ёки уларнинг ҳуқуқий вориси билан тузилган шартнома асосида белгиланади.

Патент эгаси патент, дастлабки патент ёки гувоҳноманинг амал қилиш муддати мобайнида саноат мулки объекти муаллифига қуйидагилар ҳисобидан ҳақ тўлайди:

объектдан фойдаланганликдан келадиган фойда (даромад);

объектга тўғри келган маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи;

лицензия тўловлари.

Лицензия шартномаси бўйича мукофот пули лицензия шартномасида кўрсатилган тўлов валютасида тўланиши мумкин.



35-модда. Саноат мулки объектларини яратиш ва улардан

фойдаланишда кўмаклашган шахсларга мукофот пули тўлаш

Патент эгаси (лицензиар) ўз хизмат вазифаларини бажариш давомида ёки шартнома асосида ишлаб, саноат мулки объектларини яратиш, улардан фойдаланиш, уларга лицензия сотишга кўмаклашган шахсларга (шу жумладан, мазкур корхонада ишламаётган шахсларга) мукофот пули тўлашга ҳақлидир.

Мукофот пули саноат мулки объектидан фойдаланиш бошланган ёки лицензия сотиш натижасида тўлов маблағлари тушган санадан бошлаб икки йил мобайнида қуйидагилар ҳисобидан тўланади:

объектдан фойдаланишдан тушган фойда (даромад);

объектга тўғри келган маҳсулот (ишлар, хизматлар) таннархи;

лицензия тўловлари.

Лицензия шартномаси бўйича мукофот пули лицензия шартномасида кўрсатилган тўлов валютасида тўланиши мумкин.



VIII БОБ. МУАЛЛИФЛАР ВА ПАТЕНТ ЭГАЛАРИ

ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

36-модда. Муаллифларнинг ҳуқуқ ва имтиёзлари

Талабномани кўриб чиқишнинг исталган босқичида муаллиф ариза бериб, саноат мулки объектига махсус ном бериш ҳуқуқига эга.

Муаллиф саноат мулки объектини фойдаланишга тайёрлаш ишида шартнома асосида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Муаллифларнинг бошқа ҳуқуқ ва имтиёзлари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Муаллифликни ўзлаштириш, ҳаммуаллифликка мажбур қилиш, саноат мулки объекти тўғрисидаги маълумотларни қонунга хилоф равишда ошкор қилиш амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.



37-модда. Низоларии кўриб чиқувчи органлар

Саноат мулки объектларини қўриқлаш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ низолар:

Патент идорасининг Апелляция кенгаши;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда суд томонидан кўриб чиқилади.



38-модда. Патент идорасининг Апелляция кенгаши

Апелляция кенгаши:

талабнома топширилган саноат мулки объектларига доир экспертиза хулосалари ва Патент идорасининг чиқарган қарорлари устидан тушган шикоятларни;

манфаатдор жисмоний ва юридик шахсларнинг муҳофаза ҳужжатлари берилишига норозилик билдирган шикоятларини;

дастлабки ва патентларнинг амал қилишига норозилик билдирилган шикоятларни;

патентлар ҳақиқий эмаслиги тўғрисидаги шикоятларни;

бошқа турдаги шикоятларни кўриб чиқади.

Апелляция кенгаши қарорлар қабул қилишда мустақил бўлиб, ўз фаолиятида ушбу Қонунга, Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Апелляция кенгаши тўғрисидаги низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.

Апелляция кенгаши таркибига Патент идорасининг раҳбари, унинг ўринбосарлари ва бош экспертлар киради.

Патент идораси ваколатлари доирасида фақат Апелляция кенгашигина саноат мулкининг талабнома топширилган ёки муҳофазаланган объектини давлат илмий-техник экспертизасидан қайта ўтказиш ҳақида қарор қабул қилиши мумкин.



39-модда. Низоларни суд тартибида кўриб чиқиш

Ўз ваколатларига мувофиқ:

Олий суд - патент берилганлиги ва патент юзасидан билдирилган эътирозлар тўғрисидаги мажбурий лицензия берилганлиги тўғрисидаги низоларни;

барча инстанциядаги судлар - саноат мулки объектига муаллифлик тўғрисидаги, ундан фойдаланишга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши тўғрисидаги, патент эгасини аниқлаш тўғрисидаги, аввал фойдаланганлик ҳуқуқи тўғрисидаги низоларни;

хўжалик судлари - патент эгасининг мулкий ҳуқуқлари тўғрисидаги, лицензия шартномаларининг ижроси тўғрисидаги, муаллифга мукофот пули тўлаш тўғрисидаги низоларни кўриб чиқадилар.



40-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллиги

Саноат мулки объектларига нисбатан Патент идораси ва судда юридик ва жисмоний шахслар вакиллиги Патент вакиллари давлат реестрида рўйхатдан ўтган патент вакили томонидан таъминланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлган ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Патент вакиллари тўғрисидаги Низомга мувофиқ тарзда малака синовидан ўтган Ўзбекистон Республикаси фуқароси (жисмоний шахс) патент вакили сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.



IX БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

41-модда. Саноат мулки объектларини бошқа

давлатларда патентлаштириш

Ўзбекистон Республикасининг жисмоний ва юридик шахслари саноат мулки объектларини бошқа давлатларда патентлаштириш ҳуқуқига эгадирлар.

Саноат мулки объектларини патентлаштириш Патент идорасига талабнома топширилганидан кейин уч ой ўтгандан сўнг амалга оширилади.

Ушбу модданинг талабларини бузган ҳолда берилган патент ёки дастлабки патент ҳақиқий эмас деб ҳисобланади ва Патент идорасининг қарори билан бекор қилинади.

Саноат мулки объектини бошқа давлатда (давлатларда) ғайриҳуқуқий равишда патентлаштирган ҳар қандай шахс қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



42-модда. Бошқа давлатлар жисмоний ва юридик

шахсларининг ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланадилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                 И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1994 й., N 5, 160-модда





































Время: 0.1571
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск