ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 14.11.2007 й. 16-сон "Судга кадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

14.11.2007 й.

N 16


СУДГА ҚАДАР ИШ ЮРИТИШ БОСҚИЧИДА

ҚАМОҚҚА ОЛИШ ТАРЗИДАГИ ЭҲТИЁТ

ЧОРАСИНИНГ СУДЛАР ТОМОНИДАН

ҚЎЛЛАНИЛИШИ ТЎҒРИСИДА


"Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши инсон ҳуқуқлари ҳимояси таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, суд-ҳуқуқ тизимини янада демократлаштиришга йўналтирилган.

Мазкур Қонуннинг суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судлар томонидан тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Тушунтирилсинки, қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасида, халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган нормаларида мустаҳкамланган қоидаларга мос бўлиб, жиноят ишида гумон қилинувчи, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган шахс ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси самарали бўлишига эришишга қаратилган.

2. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунга кўра, судларнинг ваколатига нафақат ишни судга қадар юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳамда қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш юзасидан қарор қабул қилиш, балки ЖПК 243-моддаси ўнинчи қисми 2-1-бандида назарда тутилган ҳолларда, бошқа эҳтиёт чорасини қўллаш ҳуқуқи ҳам киради.

3. Жиноят-процессуал кодекси 236-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, эҳтиёт чоралари гумон қилинувчи, айбланувчининг суриштирув, дастлабки тергов ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш, унинг жиноий фаолиятига барҳам бериш, иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилишга қаратилган уринишларига йўл қўймаслик, ҳукм ижросини таъминлаш мақсадида қўлланилади.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси шахснинг озодликка бўлган ҳуқуқини чеклаши сабабли уни қўллаш учун асослар қонунда қатъий белгиланган.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси:

қасддан содир этилган ва Жиноят кодексида уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга;

эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган ва Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича қўлланилади.

Судлар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласини ҳал этишда ЖПК 236-моддасининг иккинчи, учинчи қисмларида назарда тутилган ҳолатларни ҳам инобатга олишлари зарур.


4. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ЖПК 242-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган алоҳида ҳолларда қасддан содир этилган ва Жиноят кодексида уч йклдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир, шунингдек эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган ва Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича ҳам, агар қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлса:

айбланувчи, судланувчи тергов ва суддан яширинган;

ушлаб турилган гумон қилинувчининг шахси аниқланмаган;

илгари қўлланилган эҳтиёт чораси айбланувчи, судланувчи томонидан бузилган;

ушлаб турилган гумон қилинувчи, айбланувчи Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойига эга бўлмаган;

жиноят озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ даврида содир этилган ҳолларда  қўлланилиши мумкин.

5. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ЖПК 558-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, воята етмаган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси, фақат қасддан содир этилган ва Жиноят кодексида беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятларга доир ишлар бўйича ва бошқа эҳтиёт чоралари айбланувчининг тегишли хулқ-атворда бўлишини таъминлай олмаган тақдирдагина қўлланилиши мумкин.

Шунинг учун эҳтиётсизлик оқибатида жиноят содир этган, шунингдек ЖПК 242-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Вояга етмаган шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда, прокурор иш материаллари билан шахсан танишиб чиқиши, бу турдаги эҳтиёт чораси танланиши асослилигини текшириши, фавқулодда ҳолат мавжудлигига ишонч ҳосил қилиши, бу турдаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан айбланувчини сўроқ қилиши шарт.


6. Қонунда кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинган шахсга нисбатан қўлланилади. Бундай ҳолда эҳтиёт чораси ЖПК 245-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган уч ойлик муддатга (ушлаб туриш вақти ҳисобга олинган ҳолда) қўлланилган ҳисобланади.

Алоҳида ҳолларда, ЖПК 226-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, бу турдаги эҳтиёт чораси гумон қилинувчи сифатида ЖПК 221-моддасига асосан ушланган шахсга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Бундай ҳолларда эҳтиёт чораси ўн кунгача муддатга (ушлаб туриш вақти ҳисобга олинган ҳолда) қўлланилган ҳисобланиб, шу муддат ичида гумон қилинувчи жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши шарт. Акс ҳолда, прокурор ёки прокурорнинг розилиги билан терговчи гумон қилинувчини қамоқдан озод қилиши лозим.

Ўн кунлик муддат ичида айб эълон қилинган тақдирда эҳтиёт чораси уч ой муддатга (ушлаб туриш вақти ҳисобга олинган ҳолда) қўлланилган ҳисобланади.

Ушлаб туриш вақти ЖПК 226-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, шахс амалда ушланган пайтдан (унинг эркин ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқлари ҳақиқий чекланган пайтдан) бошлаб ҳисобланиши керак.

7. ЖПК 240-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, ишни судга қадар юритиш босқичида қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси шахсни қамоқда сақлаб туриш учун асослар қолмаганда прокурорнинг ёки прокурорнинг розилиги билан терговчининг қарорига биноан бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Бунда шахсни қамоқдан дарҳол озод этилишини таъминлаш ушбу қарорни қабул қилган орган зиммасига юклатилади.

Прокурор ёки терговчининг қарорида эҳтиёт чорасини қўллаш юзасидан чиқарилган суд қарорининг қонунийлиги ва асослилиги муҳокама қилинишига йўл кўйилмайди.

Прокурор ажрим чиқарган судни қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги ҳақида ёзма равишда хабардор қилиши лозим.


8. Прокурор, шунингдек прокурорнинг розилиги билан суриштирувчи, терговчи жиноят иши бўйича ЖПК 236, 242-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар аниқланганда, гумон қилинувчи ёки айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома қўзғатиш ҳақида қарор чиқаришга ҳақли.

9. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини кўллаш ҳақидаги илтимоснома қўзғатиш тўғрисидаги қарорда, шахс гумон қилинаётган ёки айбланаётган жиноят, қилмиш квалификацияси, гумон қилинувчи, айбланувчини қамоққа олиш заруратини келтириб чиқарган асослар, шунингдек шахсга нисбатан бошқа турдаги эҳтиёт чорасини қўллаш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақидаги хулосалар баён этилиши лозим.

Бундай қарорга илтимосномани асослантирувчи зарур материаллар, жумладан, жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорнинг, жиноят ишида гумон қилинувчи, айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорнинг, ЖПК 221, 225-моддалари тартибида тузилган ушлаб туриш баённомасининг, гумон қилинувчи, айбланувчининг шахсига оид маълумотларга доир ҳужжатларнинг, ҳимоячи ордерининг ёхуд ҳимоячидан воз кечиш ҳақидаги баённоманинг, ЖПК 239-моддаси талабларига риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади. Зарурат бўлганда, прокурор томонидан судга кўздан кечириш учун мазкур ҳужжатларнинг асли, шунингдек бошқа ҳужжатлар тақдим қилиниши мумкин.

Илтимоснома ва материаллар судга ушлаб туриш муддати тугашидан камида саккиз соат олдин тақдим этилади. Материалга қўшилган ҳужжатлар нусхаси суриштирувчи ёки прокурор томонидан тасдиқланган ва муҳр қўйилган бўлиши зарур.

10. Қонунда белгиланган ушлаб туриш ёки қамоқда сақлаб туриш муддати ўтгандан сўнг судга тақдим этилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан кўриб чиқилмайди. Бундай ҳолларда, ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган шахсни озод қилиш масаласи ЖПК 234-моддаси ва 240-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ ҳал этилади.

Шу билан бирга, бундай илтимоснома судга қонунда белгиланган муддат ўтгандан сўнг, бироқ ушлаб туриш ёки қамоқда сақлаб туриш муддати ўтгунга қадар тақдим қилинган тақдирда, суд уни кўриб чиқиш учун қабул қилиши лозим. Бундай ҳолда, суд қонун бузилишига йўл қўйган мансабдор шахсга нисбатан хусусий ажрим чиқаради.


11. Қонунда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши белгиланган.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома жиноят содир қилинган ёки жиноят иши тергов қилинаётган жойдаги суд томонидан кўрилиши керак. Материални судловга тегишлилиги хусусида ЖПК 243-моддасига таянган ҳолда тортишувга йўл қўйилмайди.

Судья бўлмаганда ёки илтимосномани кўриб чиқишда судьянинг иштирокини истисно этувчи ҳолатлар мавжуд бўлганда, илтимоснома киритган прокурор ёзма равишда мазкур суд раисига, суд бир таркибли бўлганда эса - юқори турувчи суд раисига мурожаат қилади.

Юқори турувчи суд раиси мазкур мурожаатни дарҳол кўриб чиқади ва илтимосномани кўриб чиқишни бошқа тегишли суд судьясига топширади.


12. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома материал келиб тушган пайтдан эътиборан саккиз соат ичида, лекин ЖПК 226-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ушлаб туриш муддати охиридан кечиктирмай кўриб чиқилади. Ушлаб туриш тариқасидаги процессуал мажбурлов чораси қўлланилмаган айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимоснома ҳам саккиз соат ичида кўриб чиқилиши лозим.

Қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома материаллар судга келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида ЖПК 247-моддасида белгиланган қоидаларга мувофиқ кўриб чиқилади.

Суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома кўриб чиқилишини материаллар тақдим этилган кун ва вақтдан қатъи назар (дам олиш ёки байрам кунлари, иш вақти тугагандан сўнг) таъминлаши шарт.


13. Судлар шуни эътиборга олишлари лозимки, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўришда қатнашадиган суд мажлиси иштирокчилари таркиби қонунда қатъий белгиланган бўлиб, жиноят ишини мазмунан кўришда қатнашадиган суд мажлиси иштирокчилари таркибидан бирмунча фарқ қилади.

Қонунга кўра, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, гумон қилинувчи ёки айбланувчи, ҳимоячи иштирокида кўриб чиқилади. Бундай илтимосномани суд мажлисида кўришда гумон қилинувчи ёки айбланувчининг қонуний вакили ва суриштирувчи, терговчи иштирок этиши мумкин. Зарурат туғилганда суд мажлисига суриштирувчи, терговчи таклиф қилиниши мумкин.

Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома прокурор, айбланувчи ва ҳимоячи иштирокида кўрилади. Бундай илтимосномани суд мажлисида кўришда суриштирувчи, терговчи ҳам иштирок этиши мумкин. Зарурат туғилганда суд мажлисига суриштирувчи, терговчи таклиф қилиниши мумкин.

ЖПК 20, 51-моддаларида назарда тутилган ҳолларда суд мажлисида таржимон ва ҳимоячининг иштироки таъминланиши шарт. Илтимосномани кўришда бошқа шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилмайди.


14. Суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриш жойи, санаси ва вақтини белгилайди ҳамда бу ҳақда илтимоснома киритган прокурорни хабардор қилади. Прокурор ёки терговчи суд мажлиси иштирокчиларини, шу жумладан, гумон қилинувчи ёки айбланувчини судга келишларини таъминлайди.

Суд мажлисининг жойи, санаси ва вақти ҳақида лозим даражада хабардор қилинган шахсларнинг (гумон қилинувчи, айбланувчи, ҳимоячи бундан мустасно) келмаганлиги қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани кўриш учун монелик қилмайди.

Қонунга мувофиқ, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномани айбланувчининг иштирокисиз кўришга, фақат унга нисбатан қидирув эълон қилинган ҳолдагина йўл қўйилади (ЖПК 243-моддасининг саккизинчи қисми).

Қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома айбланувчи стационар тартибдаги суд-психиатрия экспертизаси ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштирилган ҳолда унинг иштирокисиз кўриб чиқилиши мумкин. Бунда айбланувчининг ҳимоячиси суд мажлисида иштирок этиши шарт (ЖПК 247-моддасининг олтинчи қисми).


15. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонунда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома, шунингдек унга илова қилинган материаллар билан суд мажлиси иштирокчиларини таништириш назарда тутилмаган. Бироқ, ҳимояга нисбатан ҳуқуқ тўғрисидаги конституциявий принципдан келиб чиққан ҳолда, гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили илтимоснома ва унга илова қилинган материаллар билан, башарти улар бу ҳақда мурожаат этишган тақдирда, прокурор томонидан суд мажлиси бошлангунга қадар таништирилишлари лозим.


16. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома суднинг биносида, ёпиқ суд мажлисида ҳар бир гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан алоҳида кўрилади.

Суд мажлиси судья томонидан қандай илтимоснома кўриб чиқилишини эълон қилишдан бошланади. Сўнгра судья ўзининг, прокурор, ҳимоячи, қонуний вакил, гумон қилинувчи ёки айбланувчи, котиб, таржимон, терговчининг фамилияси, исми, шарифини эълон қилади, гумон қилинувчи, айбланувчининг шахсини аниқлайди ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, рад этиш ҳақидаги арзлари бор-йўқлигини аниқлайди. Бундай арзлар мавжуд бўлса, улар юзасидан ЖПК 76, 80-моддаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Илтимосномани кўриб чиқиш прокурор маърузаси билан бошланади, у қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтиришнинг заруратини асослаб беради. Сўнгра гумон қилинувчи ёки айбланувчи, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек судда ҳозир бўлган бошқа шахслар эшитилади, тақдим этилган материаллар текширилади. Сўнгра судья ажрим чиқариш учун алоҳида хонага киради.

17. Қамоққа олиш тарзидати эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўришда ЖПК 426-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суд мажлиси баённомаси юритилади ва у ажрим чиқарилган куннинг эртасидан кечиктирмай имзоланади.

Тарафлар суд мажлиси баённомаси билан у имзоланган пайтдан бошлаб танишишлари мумкин.

Суд мажлиси баённомасига берилган мулоҳазалар дарҳол ЖПК 427-моддасида назарда тутилган тартибда кўриб чиқилади.


18. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, ишни мазмунан кўришдан фарқли ўлароқ, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўришда суд тергови ўтказилмайди, процесс иштирокчилари эшитилади, лекин сўроқ қилинмайди.

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, илтимосномани асослаб бериш мажбурияти қонун бўйича судга эмас, балки прокурорга юклатилган ва прокурор процесснинг исталган босқичида, суд алоҳида хонага киргунига қадар илтимосномани чақириб олишга ҳақли.

Суд гумон қилинувчи, айбланувчининг айблилиги ёки айбсизлиги масаласи муҳокамасига кирмаган ҳолда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалани ҳал қилади.


19. ЖПК 243-моддасининг ўнинчи қисмига кўра, тўпланган материаллар етарли бўлмаган тақдирда, суд, тарафлар қўшимча далиллар тақдим этишлари учун уларнинг илтимосномасига асосан ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатгача узайтириши мумкин.

Агар белгиланган муддатда тарафлар томонидан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш асослилиги ёки асоссизлигига доир қўшимча далиллар тақдим этилмаса, суд мавжуд материалларга асосланган ҳолда қарор қабул қилади.

Илтимоснома прокурор томонидан чақириб олинган тақдирда у суд томонидан кўрилмасдан қолдирилади ва бу ҳақда ажрим чиқарилади.


20. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилганда ажримнинг қарор қисмида мазкур эҳтиёт чораси қандай муддатга қўлланилаётганлиги кўрсатилмайди.

Айни пайтда, қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимоснома қаноатлантирилганда, суд ушбу эҳтиёт чораси қайси санагача амал қилишини ажримда кўрсатиши шарт.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи тақдим қилинган илтимоснома бўйича қарор қабул қилиш имконияти бўлмаганлиги ва қўшимча далиллар тақдим қилиниши зарурлиги сабабли бошқа вақтга қолдирилганда, суднинг ажримида илтимосномани қайта кўриб чиқиш жойи, вақти ва санаси кўрсатилиши шарт.


21. Судьянинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёхуд кўллашни рад этиш ҳақидаги ажрими у эълон қилинган пайтдан кучга киради ва дарҳол ижро этилиши шарт.

Судьянинг ажрими суд залида прокурорга ижро қилиш учун, гумон қилинувчи, айбланувчи, ҳимоячига - маълумот учун топширилади.


22. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўриб чиқиш жараёнида қонун бузилганлиги, жумладан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала қўлланилганлиги ҳақида мурожаат қилинган тақдирда, бу ҳақда суд мажлиси баённомасида қайд этилади ва дастлабки тергов давомида назоратни амалга оширувчи прокурор томонидан текширилиб, натижаси ҳақида судга хабар қилинади.


23. Илтимоснома қаноатлантирилмай қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилинганда, гумон қилинувчи, айбланувчи (ушлаб туриш охирги муддати тугаган ёки тугамаганлигидан қатъий назар) унга нисбатан уй қамоғи ёки гаров тариқасидаги эҳтиёт чораси қўлланилган ҳолда суд залида қамоқдан озод қилинади (ЖПК 243-моддаси ўнинчи қисмининг 2-1-банди).

24. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган тақдирда, суд шахсга нисбатан процессуал мажбурлов чоралари қўлланилганлиги ва у сақлаб турилган жой ҳақида дарҳол гумон қилинувчи, айбланувчининг оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда -қариндошларига ёки яқин кишиларига ёзма равишда хабар бериши, шунингдек, бу ҳақда иш ёки ўқиш жойига маълум қилиши шарт.

Агар қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс бошқа давлатнинг фуқароси бўлса, хабар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборилади.

Хабар юборилганлиги ҳақидаги маълумот судда мавжуд бўлган материалга қўшиб қўйилади.


25. Судларга тушунтирилсинки, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад қилиниши, эҳтиёт чорасининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши, айнан ўша шахсга нисбатан бундай эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида илтимоснома билан судга такроран мурожаат қилишга, башарти ишни тергов қилиш жараёнида уни қамоққа олиш заруратини тақозо этувчи янги ҳолатлар юзага келган бўлса, тўсқинлик қилмайди.

Янги ҳолатлар деганда, жумладан:

қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома суд томонидан рад этилгандан сўнг гумон қилинувчи, айбланувчининг дастлабки терговдан бўйин товлаши, жиноий фаолиятни давом эттириши;

гумон қилинувчи, айбланувчининг жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиши;

гумон қилинувчи, айбланувчига бошқа ёки оғирроқ жиноят содир этганликда айб эълон қилиниши тушунилиши лозим.


26. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақидаги илтимосномани рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган судьянинг айнан ўша гумон қилинувчи, айбланувчига нисбатан шундай илтимоснома билан такроран мурожаат қилинганда иштирок этиши қонунда тақиқланмаган.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида масала бўйича ажрим чиқарган судья, шунингдек бундай илтимосномани киритган прокурор, шу шахсга нисбатан жиноят ишини мазмунан кўриб чиқишда ҳам иштирок этиши мумкин, ЖПК 76-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


27. Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича судьянинг ажрими устидан, у чиқарилган кундан бошлаб, етмиш икки соат ичида гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили томонидан апелляция тартибида шикоят берилиши, прокурор томонидан протест билдирилиши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) берилиши эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги масала бўйича қабул қилинган қарорнинг ижросини тўхтатмайди.

Апелляция шикояти (протести) ажрим чиқарган суд орқали берилади. Шикоят (протест) бериш муддати ўтгандан сўнг, тегишли суд раиси ЖПК 497-12-моддасида назарда тутилган талабларни бажариб, материални шикоят (протест) билан бирга йигирма тўрт соат ичида апелляция инстанцияси судига юборади.

28. Суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрими устидан етмиш икки соат ўтгандан сўнг берилган шикоят (протест) кўрмасдан қолдирилади, бу ҳақда уларни берган шахсларга маълум қилинади (ЖПК 497-4-моддаси).


29. Суднинг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрими устидан берилган шикоят (протест), апелляция инстанцияси суди томонидан учта судьядан иборат таркибда, суднинг биносида, ёпиқ суд мажлисида келиб тушган вақтидан бошлаб, етмиш икки соатдан кечиктирмасдан кўриб чиқилади.


30. Суд мажлиси раислик этувчи томонидан қандай шикоят (протест) кўриб чиқилишини эълон қилиши билан бошланади. Сўнгра раислик этувчи судьялар, прокурор, ҳимоячи, қонуний вакил, гумон қилинувчи ёки айбланувчи, котиб, таржимон, терговчининг фамилияси, исми, шарифини эълон қилади, гумон қилинувчи, айбланувчининг шахсини аниқлайди ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради, рад этиш ҳақидаги арзлар бор-йўқлигини аниқлайди. Бундай арзлар мавжуд бўлса, суд ҳайъати улар бўйича ЖПК 76, 80-моддаларига мувофиқ қарор қабул қилади.

Шикоят (протест)ни кўриб чиқиш судьялардан бирининг маърузаси билан бошланади, у кўрилаётган масаланинг моҳияти, шикоят (протест) важлари ҳамда уларга қарши билдирилган эътирозлар моҳиятини баён қилади. Сўнгра шикоят (протест) берган шахс эшитилади. Суд зарурат юзага келганда суриштирувчи, терговчини эшитади, тақдим этилган материалларни текширади. Суд зарурат юзага келса, терговчини эшитади, тақдим этилган материалларни текширади. Шундан кейин суд ажрим чиқариш учун маслаҳатхонага киради.

Шикоят (протест)ни апелляция инстанцияси судида кўришда ЖПК 426-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ суд мажлиси баённомаси юритилади.


31. Апелляция инстанцияси суди қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрим устидан берилган шикоят (протест)ни кўриб чиқиб, ўзининг ажрими билан ЖПК 243-моддасининг ўн учинчи қисмида назарда тутилган қарорлардан бирини қабул қилади.

Апелляция инстанцияси судининг ажрими прокурорга ижро қилиш учун, суд мажлисининг бошқа иштирокчиларига - маълумот учун тақдим этилади.

32. Апелляция инстанцияси судининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрими ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дарҳол ижро қилиниши лозим.

Апелляция инстанцияси судининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала бўйича чиқарилган ажрими узил-кесил ҳисобланиб, унинг устидан кассация тартибида шикоят (протест) берилишига йўл қўйилмайди.

33. Апелляция инстанцияси судида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масалага оид материални кўришда қатнашган судья, шунингдек прокурор, айнан шу шахсга нисбатан жиноят ишини мазмунан биринчи, апелляция, кассация инстанцияларида кўришда иштирок этишга ҳақли, ЖПК 76-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

34. ЖПК 3-моддасига кўра, жиноят ишини юритиш процессуал ҳаракат амалга оширилаётган ёки процессуал қарор қабул қилинаётган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб борилади. Шу муносабат билан "Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонун нормалари фақат қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисидаги масала юзасидан 2008 йил 1 январдан бошлаб чиқарилган қарорларга тааллуқлидир.

Қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаб туриш муддатини узайтириш тўғрисида 2008 йил 1 январга қадар чиқарилган қарорлар янги қонун бўйича қайта кўриб чиқилмайди.


35. Мазкур қарор 2008 йил 1 январдан бошлаб қўлланилади.



Олий суд раиси                                                                       Б. Мустафаев



Пленум котиби, Олий суд судьяси                                         М.Ҳасанов























































Время: 0.1921
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск