язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга келиши, кетиши ва бўлиши/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.02.1999 й. ПФ-2240-сон "Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

26.02.1999 й.

N ПФ-2240


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ПАСПОРТ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ва республикада паспорт тизимини такомиллаштириш, хорижий фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши ва ҳудудида бўлишини тартибга солиш мақсадида:


1. Қуйидагилар белгилаб қўйилсин:

хорижий фуқаролар, жумладан, МДҲга аъзо давлатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда яшаш учун берилган гувоҳномаси бўлгандагина доимий қайддан ўтиш ҳуқуқига эга;

МДҲга аъзо давлатларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уч кундан ортиқ бўладиган фуқаролари истиқомат жойида вақтинчалик қайддан ўтиши шарт;

Ўзбекистон Республикасига кириш визаси билан келган хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар визада кўрсатилган муддат билан вақтинча қайд этилади.


2. Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги янги таҳрирдаги Низом 1-иловага мувофиқ;

Хорижий шахсларга Ўзбекистон Республикасида яшаш учун гувоҳнома, фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикасида яшаш учун гувоҳнома ва фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси тўғрисидаги янги таҳрирдаги Низом 2-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида 1992 йил 20 ноябрдаги ПФ-500-сонли Фармон билан тасдиқланган Низомга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент вилоятини истисно қилган ҳолда, вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида, жумладан МДҲга аъзо давлатлар фуқароларига ва хорижий фуқароларга, фуқаролиги бўлмаган шахсларга яшаш учун гувоҳномалар бериш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида уларни доимий қайд этиш масалаларини кўриб чиқиш учун махсус комиссиялар тузилсин.

Мазкур ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилиш вазифаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклатилсин.

Ушбу масалаларни ҳал этишда комиссиялар Ўзбекистон Республикасига доимий яшаш учун келувчи шахсларни турар-жой, иш ва ижтимоий кафолатлар билан таъминлаш имкониятлари мавжудлигига алоҳида эътибор берсин.


4. Паспорт тизими қоидаларига, хорижий фуқароларнинг, жумладан, МДҲга аъзо давлатлар фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши, чиқиши ҳамда республикада бўлиши тартибига қатъий амал қилиниши учун шахсий жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, Давлат хавфсизлик хизмати раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклатилсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 23 декабрдаги ПФ-1027-сонли Фармонига 1 ва 2-иловалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 14 мартдаги 143-сонли Қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда мазкур Фармондан келиб чиқдан ҳолда қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни бир ой муддат ичида Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда ушбу Фармонни амалга ошириш юзасидан қарор қабул қилсин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

1999 йил 26 февралдаги

ПФ-2240-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги билан боғлиқ

масалаларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги Низомга

ҚЎШИМЧА ВА ЎЗГАРТИШЛАР


1. Низомнинг 3-бет юқоридан 6-7-сатрларидаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси" деб тузатилсин.


2. 6-бет юқоридан 7-сатрдаги "фуқароликдан чиққанлигини" сўзлари "фуқароликдан воз кечганлигини" деб тузатилсин. Шу бет пастдан иккинчи сатрдаги "ёки шу ҳудудда" сўзлари "ва шу ҳудудда" деб тузатилсин.


3. 7-бет пастдан 3 ва 5-сатрлардаги "Олий Кенгаши" сўзлари "Олий Мажлиси" деб тузатилсин.


4. 9-бет пастдан биринчи сатрдаги "Президенти ҳузуридаги" сўзлари олиб ташлансин.


5. 12-бет юқоридан 15-сатрдаги "III /б/ бўлимининг" сўзлари "II /б/ бўлимининг" деб тузатилсин.

Шу бет пастдан 12-сатр қуйидаги янги таҳрирда берилсин:

"Илтимосномалар бўйича материаллар ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан албатта хулоса олган ҳолда"


6. 13-бет юқоридан 5-сатрдаги "бу вазирлик" сўзларидан кейин "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик хизматидан хулосалар олиб" деган сўзлар қўшиб қўйилсин.


7. Шу 13-бет пастдан 8-сатрдаги "ички ишлар органлари" сўзларидан кейин "ёҳуд консуллик муассасалари" деган сўзлар қўшиб қўйилсин. Яна шу бет пастдан 5-сатрдаги "ички ишлар органлари" сўзлари ўрнига "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ёки Ташқи ишлар вазирлиги" сўзлари ёзилсин.


8. 14- бет пастдан 9-сатрдаги "ариза бўйича ҳужжатлар" сўзлари "ариза бўйича ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни кўриб чиқиш тартиби" деб ёзилсин. Шу бет пастдан 7-сатрдаги "расмийлаштирилади" сўзи "амалга оширилади" деб тузатилсин.


9. 17-бет пастдан 1-сатр қуйидаги янги таҳрирда ёзилсин: "чиқиш муддати бир ойдан, умумий муддати эса - фуқаролик масалалари бўйича ҳужжатлар очилган пайтдан бошлаб бир йилдан ошмаслиги керак."


10. 18-бетнинг охирига мазмуни қуйидагича бўлган 5-банд илова қилинсин:

"5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бўлинмалари ва консуллик муассасалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган шакллар бўйича фуқаролик масалаларига оид маълумотномаларни берадилар."