ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт якунлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.03.1998 й. 90-сон "1997 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари, иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш ва 1998 йилда иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.03.1998 й.

N 90



1997 ЙИЛДА ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ

РИВОЖЛАНТИРИШ ЯКУНЛАРИ, ИҚТИСОДИЙ

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БОРИШИНИ БАҲОЛАШ ВА

1998 ЙИЛДА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ

АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Вазирлар Маҳкамаси қайд этадики, 1997 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар, инсон манфаатларини таъминлаш Дастурининг ҳамда Ҳукумат бошқа қарорларининг амалга оширилиши макроиқтисодий барқарорлаштириш соҳасида эришилган ижобий силжишларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ўсиш ва республика аҳолиси фаровонлигини янада яхшилаш учун барқарор базани яратиш имконини берди.

Ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиши 5,2 фоизни ташкил қилди, унинг аҳоли жон боши ҳисобига ҳажми эса 3,2 фоизга кўпайди. 1997 йилда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 1990 йилги бошланғич даражадан 12,7 фоизга ошди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, пудрат қурилиш-монтаж ишлари, чакана товар обороти ва аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш ҳажмлари анча кўпайди.

Инфляциянинг ўртача ойлик суръатини икки баравар пасайтириш таъминланди. Давлат бюджети тақчиллиги белгиланган параметрлар доирасида сақлаб қолинди.

Капитал қўйилмалар ҳажми қарийб 17 фоизга кўпайди, шу билан бирга хорижий инвестицияларнинг умумий ҳажми 1,3 баравар ўсди. Кўкдумалоқ конида компрессор станцияси, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги ип йигирув фабрикаси ҳамда бошқа кўпгина объектлар ишга туширилди.

Бозор қайта ўзгартиришлари натижасида нодавлат секторида ишлаётганлар улуши 73 фоиздан кўпроқни ташкил қилади. Ўтган йили ушбу секторда саноат маҳсулотларининг 59 фоизи ишлаб чиқарилди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 99 фоизи етиштирилди ва қурилиш-монтаж ишларининг қарийб 72 фоизи бажарилди.

Иқтисодий аҳволни барқарорлаштириш, аҳоли даромадлари даражасини ошириш ва уларни адресли ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар 1997 йилда аҳолининг ҳақиқий даромадларини 10,5 фоизга кўпайтириш имконини берди. Аҳоли жами даромадларининг қарийб тўртдан бир қисми тадбиркорлик фаолияти эвазига шакллана бошлади.

Шу билан бирга, иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда бир қатор ҳал этилмаган муаммолар мавжуд.

Вазирликлар, идоралар, уюшмалар, корпорациялар, концернлар бозор муносабатларини ривожлантириш, қайта ўзгартирилган корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартиришлар ва замонавийлаштириш асосида маҳсулот рақобатбардошлигини яхшилаш, ички ва ташқи товар бозорларини ўрганиш бўйича етарли ишлар олиб бормаяптилар.

Айрим тармоқлар ва корхоналарнинг молиявий аҳволи нобарқарорлигича қолмоқда. 1998 йилнинг 1 январидаги ҳолатга кўра зарар кўриб ишлаётган корхоналар 302 тани ташкил қилди. Зарар кўриб ишлаётган корхоналарнинг аксарияти "Ўзкимёсаноат", "Ўзэлтехсаноат", "Тошшаҳарйўловчитранс", "Ўзбекенгилсаноат" уюшмалари, "Ўзагроқурилиш" бирлашмаси тизимида, Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Хоразм вилоятларидадир. Дебиторлик ва кредиторлик қарзларининг ҳажмлари кўпайди. Банкротлик механизми корхоналарни ўзининг молия-хўжалик фаолияти натижаларини яхшилаш борасида фаол ишлашга даъват этувчи таъсирчан воситага айланмади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари қишлоқда деҳқонда ерга, етиштирилган маҳсулотга ва даромадларга нисбатан мулкдорлик туйғусини шакллантирувчи мулкчилик муносабатларини ўзгартиришга, қишлоқ бозор инфратузилмасини ривожлантиришга ва тадбиркорликни йўлга қўйишга етарли эътибор бермаяптилар.

Хусусийлаштиришнинг биринчи босқичи қайта ўзгартирилган корхоналар фаолияти самарадорлигини оширишда сезиларли натижалар бермади. Акциядорлар ҳали ҳақиқий мулкдорлар бўлишгани йўқ, улар корхонани бошқаришда сусткашлик билан иштирок этмоқдалар. Акциялар инвестициялар манбаи бўлиб хизмат қилмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва республиканинг фонд бозорида хорижий инвесторлар иштирокини кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1997 йил 31 мартдаги ПФ-1740-сон Фармонининг тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминламаяптилар.

Шартнома интизоми даражаси бозор иқтисодиёти талабларига жавоб бермайди, тузилган шартномалар бажарилиши учун томонларнинг зарур ҳуқуқий жавобгарлиги таъминланмаяпти. Бу ишда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Олий хўжалик суди фаол фаолият кўрсатмаяптилар.

Иқтисодиётда амалга оширилаётган бозор ўзгартиришларини чуқурлаштириш, 1998 йилда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги муҳокамани ва мазкур қарорни ҳисобга олган ҳолда 1997 йилдаги ишлар якунини ва иқтисодий ислоҳотларнинг боришини синчиклаб таҳлил қилсинлар, мавжуд камчиликлар сабабларини аниқласинлар ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиласинлар.

Кучларни ва саъй-ҳаракатларни Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари дастурини амалда рўёбга чиқаришга ва Ўзбекистон Республикасининг 1998 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети прогнозини бажаришга жамласинлар.


2. Қуйидагилар 1998 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

барқарор иқтисодий ривожлантириш тенденцияларини мустаҳкамлаш, макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, инфляцияни кескин қисқартириш;

оила манфаатларини таъминлаш борасида 1998 йилда амалга ошириладиган тадбирлар Давлат дастурини амалга ошириш. Оилаларнинг саломатлигини муҳофаза қилишни яхшилаш, таълим даражасини ошириш, иш билан таъминланишини ва даромадларини ўстириш, оиланинг маънавий-ахлоқий асосларини ва маданий манфаатларини такомиллаштириш учун шароитлар яратиш;

қишлоқ хўжалигида деҳқонда ерга, меҳнатга, етиштирилган маҳсулотга нисбатан мулк эгаси ҳиссини шакллантиришни таъминловчи иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш;

кичик ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, халқаро молия институтлари томонидан ушбу мақсадларга ажратилган маблағлардан тўлиқ фойдаланишни таъминлаш;

шартнома интизомини мустаҳкамлаш, қабул қилинган мажбуриятлар бажарилиши учун томонларнинг жавобгарлигини ошириш;

ишлаб чиқаришнинг экспортга йўналтирилганлигини кучайтириш, валюта ва тўлов балансини мустаҳкамлашни таъминлаш;

Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини амалга ошириш, ҳар бир кишининг ўз ўрнида бозор муносабатларини рўёбга чиқариш тамойиллари ва асосларини ўрганишини таъминлаш;

ҳақиқий фонд бозорини шакллантириш. Хусусийлаштирилган корхоналар акцияларини фонд бозорида бирламчи ва иккиламчи жойлаштириш асосида молиявий ресурсларни, шу жумладан, хорижий инвестицияларни ишлаб чиқаришни янгилашга жалб этишни таъминлаш;

коррупцияга қарши курашни кучайтириш.


3. 1998 йилда Иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш чора-тадбирлари дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари тасдиқланган Дастурнинг бажарилишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсинлар.

Бош вазир ўринбосарлари Дастур тадбирларининг ўз вақтида амалга оширилиши устидан қаттиқ назорат ўрнатсинлар.


4. Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар ва компаниялар қуйидаги биринчи навбатдаги вазифаларни ҳал қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилишини ва амалга оширилишини таъминласинлар;

тўлов интизомини мустаҳкамлаш, дебитор-кредиторлик қарзлари сабабларини бартараф этиш ва уларни кескин қисқартириш, ҳар бир корхона ва умуман тармоқнинг барқарор молиявий аҳволини таъминлаш;

маҳсулотлари ноликвид ва харидоргир бўлмаган ҳар бир зарар кўриб ишловчи ва истиқболсиз корхонани танқидий ўрганиб чиқиш, уларни қайта ихтисослаштириш, тузилмасини ўзгартириш ёки тугатиш чора-тадбирларининг аниқ дастурларини ва жадвалларини ишлаб чиқиш. Кўрсатиб ўтилган чора-тадбирлар комплексини 1998 йил 1 июлгача ниҳоясига етказиш;

корхоналарнинг иқтисодий ночорлиги ва уларнинг банкрот деб эълон қилиниши, корхоналарни банкрот бўлишгача олиб келган айбдор шахсларни қаттиқ жавобгарликка тортиш билан боғлиқ масалаларнинг тезкорлик билан кўриб чиқилишини таъминлаш;

шартномалар, шу жумладан, қишлоқ хўжалигида контрактация шартномалари тузилиши ва бажарилишининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ушбу ишда расмиятчиликни тугатиш, шартнома мажбуриятлари бажарилишининг аҳволини мунтазам ўрганиш ва хўжалик юритувчи субъектларнинг жавобгарлигини ошириш.

1998 йилнинг биринчи ярим йиллик якунлари бўйича мазкур банднинг бажарилиши тўғрисида Бош вазир ўринбосарларининг, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Давлат мулки қўмитаси раиси В. А. Чжен, Вазирлар Маҳкамаси комплекслари, вазирликлар, идоралар, корпорациялар, уюшмалар ва компаниялар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш ва республиканинг фонд бозорида хорижий инвесторлар иштирокини кенгайтириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1997 йил 31 мартдаги 1740-сон Фармони талаблари сўзсиз бажарилишини таъминласинлар, бунда қуйидагиларга асосий эътиборни қаратсинлар:

акцияларнинг тўртта пакетини шакллантириш, акцияларни бирламчи ва иккиламчи фонд бозорларида сотиш, шу жумладан, хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳисобига сотиш;

қайта ўзгартирилган хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти самарадорлигини ошириш, акциядорларни, шу жумладан, меҳнат жамоаси аъзоларини ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, чиқарилаётган маҳсулот рақобатбардошлигини оширишни ва сотиш бозори кенгайтирилишини таъминлаш жараёнига жалб қилиш;

Ўзбекистон фонд бозорининг, айниқса акциялари ташқи қимматли қоғозлар бозорига чиқарилиши мумкин бўлган устувор корхоналар акциялари халқаро сармоялар бозорига киришини таъминлаш;

хусусийлаштириш масалаларида бюрократизмга, сансалорликка ва расмиятчилик билан ёндашувга барҳам бериш, бутун тизимни малакали, профессионал тайёрланган кадрлар билан мустаҳкамлаш.


6. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари Оила манфаатларини таъминлаш борасида 1998 йилда амалга ошириладиган тадбирлар Давлат дастурининг барча давлат ва жамоат тузилмалари, жойлардаги ҳокимият органлари томонидан бажарилишини қаттиқ назоратга олсинлар. Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг қандай бажарилаётганлиги ҳақидаги ҳисоботларни йилнинг ҳар чорагида эшитсинлар.


7. Вазирлар Маҳкамасининг Агросаноат комплекси (И. Ҳ. Жўрабеков), Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари эътиборни қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг туб масалаларини ҳал этишга қаратсинлар. Шу мақсадда Ў.Т. Султонов, И.Ҳ. Жўрабеков, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Т.А. Алимов, В.А. Голишев:

1998-2000 йиларда Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш комплекс дастурини бир ҳафта муддатда пухта ишлаб чиқсинлар ва тақдим этсинлар;

Олий Мажлис ўнинчи сессиясининг қишлоқ хўжалигида ислоҳотлар масалалари бўйича материаллари ва ҳужжатларини, Ер кодекси, "Қишлоқ хўжалиги ширкати тўғрисида", "Фермер хўжалиги тўғрисида", "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги қонунлар лойиҳаларини чуқур ўрганиш юзасидан ҳамма жойда агросаноат комплекси тизими раҳбарлари ва мутахассисларининг ўқувини ташкил этсинлар. Бунда мулкий пай ва оила пудрати жорий этилиши масалаларига алоҳида эътибор берилсин;

бир ой муддатда 1997 йилда 1177 фермер хўжалиги ўз фаолиятини тўхтатганлиги сабабларини ўрганиб чиқсинлар ва фермер хўжаликлари тўғрисида яратилаётган янги қонунчилик базасини ҳисобга олган ҳолда уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан таклифлар киритсинлар.


8. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзмевасабзавотузумсаноат-холдинг" компанияси, "Ўзқишлоқхўжаликтаъминоттузатиш" давлат-кооператив қўмитаси, "Ўзқишлоқхўжаликмаш-холдинг" компанияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда:

баҳорги дала ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган барча қишлоқ хўжалиги техникасини тайёрлашни 1998 йил 15 мартгача, барча дон ўриш-йиғиш комбайнларини ва ем-хашак ўриш-йиғиш техникасини тайёрлашни эса 1 майгача тугалласинлар. Техникани хўжаликларда таъмирлаш учун эҳтиёт қисмларни бевосита заводлардан етказиб беришни амалда қўлласинлар. Чигитни плёнка остига экишга тайёрланишга, хўжаликларга плёнкалар, минерал ўғитлар, сеялкалар етказиб беришга, шунингдек техниканинг ишга шай ҳолатда бўлишига алоҳида эътибор берсинлар;

пахта териш машиналари парклари 1998 йил 1 апрелгача текшириб чиқилишини таъминласинлар, уларни таъмирлаш ва тиклаш ишларини авж олдирсинлар.


9. Иқтисодий ўсиш суръатларини оширишнинг, республика аҳолисини иш билан таъминлаш даражасини кўтариш ва даромадларини кўпайтиришнинг муҳим шарти сифатида кичик ва ўрта бизнесни узлуксиз ривожлантириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларининг, вазирликлар ва идораларнинг, Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасининг, Бизнес-фонднинг муҳим вазифаси ҳисоблансин. Шу мақсадларда:

Бош вазир Ў. Т. Султонов, Давлат мулки қўмитаси (В. А. Чжен), Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки (Р. С. Азимов) Кичик ва хусусий бизнесни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича республика мувофиқлаштирувчи Кенгашининг, Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасининг фаолиятини фаоллаштиришга доир қарор лойиҳасини 15 кун муддатда киритсинлар;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Кичик ва ўрта тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1997 йил 31 январдаги ПФ-1702-сон Фармонига иловага мувофиқ белгиланган рўйхатдаги хорижий кредит линияларининг ўзлаштирилиши учун масъулият Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига ва бошқа тижорат банкларига юклансин;

Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Олий суди кичик корхоналар ва тадбиркорлар манфаатларининг ишончли ҳуқуқий ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган, қаттиқ чора-тадбирлар кўрсинлар, порахўрлик ва таъмагирлик ҳолларининг олдини олсинлар.


10. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари, Вазирлар Маҳкамасининг Ташқи иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш ва Инвестиция дастурлари департаментлари, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

корхоналар, тармоқлар ва ҳудудларнинг экспорт потенциалини янада оширишни устувор вазифа сифатида таъминласинлар. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар ишлаб чиқарадиган маҳсулотларни экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 1997 йил 26 августдаги ПФ-1831-сон Фармонининг бажарилишини қаттиқ назорат қилсинлар:

минтақавий ва жаҳон бозорларида маҳсулоти Ўзбекистон учун устувор аҳамиятга эга бўлган алоҳида муҳим объектларнинг ўз вақтида қурилишини ва қувватлари ишга туширилишини таъминласинлар;

1998 йил учун тасдиқланган Инвестиция дастурининг бажарилиши бўйича доимий мониторингни таъминласинлар. Жорий йилнинг инвестиция дастури объектлари бўйича маблағ билан таъминлашнинг очилишини таъминласинлар. Бунда лойиҳа ҳужжатларининг тайёрлигини, пудрат шартномалари тузилганлигини ҳамда пудрат ташкилотларини ва моддий-техника ресурслари етказиб берувчиларни танлаш бўйича тендер ўтказилганлигини ҳисобга олсинлар.


11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларнинг ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг бажарилишини таъминласинлар.

Бош вазир ўринбосари А. А. Азизхўжаев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Т. Т. Рисқиев:

янги турдаги ўқув юртлари - академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари фаолиятини ташкил этиш;

"Таълим" харита-схемасини тузиш, касб-ҳунар таълими турлари бўйича мутахассислик ва касблар йўналишлари классификаторини амалиётга жорий этиш бўйича икки ой муддатда таклифлар ишлаб чиқсинлар ва киритсинлар.


12. Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Олий суди:

коррупцияга, уюшган жиноятчиликка ва бошқа салбий ҳодисаларга қарши курашишни кучайтириш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг бажарилиши юзасидан таъсирчан ва қаттиқ чора-тадбирлар кўрсинлар, ушбу ишни республика ҳуқуқни муҳофаза қилиш барча органларининг устувор вазифалари деб ҳисобласинлар;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини аттестациядан ўтказишни амалиётга жорий этсинлар. Ушбу мақсадларда прокуратура, милиция, адлия, божхона ва солиқ қўмиталари тизимларида кадрларни аттестациядан ўтказиш ва кўрсатиб ўтилган органлар ходимлари сафининг тозалигига риоя этиш бўйича махсус инспекциялар ташкил қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Прокуратураси ҳуқуқни муҳофаза қилиш бошқа органлари билан биргаликда коррупцияга, уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши курашни кучайтириш чора-тадбирлари Дастурини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва киритсин.


13. "Ўзтелерадио" компанияси (А. Кўчимов) жойларда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан боғлиқ масалаларни кенг ёритсин, ислоҳотларни ўтказиш жараёнидаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни республика жамоатчилигига холисона кўрсатсин.


14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ў.Т. Султонов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Т.А. Алимов, Б.Ҳ. Ғуломов, В.А. Голишев, Т.Т. Рисқиев зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                            И. Каримов





























Время: 0.2035
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск