Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қишлоқ ва сув хўжалиги /

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1996 й. 270-I-сон "Селекция ютуқлари тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.1996 й.

N 270-I



СЕЛЕКЦИЯ ЮТУҚЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилмоқда:


"селекция ютуғи" - ўсимликлар нави, ҳайвонлар зоти;


"нав" - ўсимликлар гуруҳи бўлиб, у наслдан наслга барқарор ўтувчи, муайян гепотип ёки генотиплар комбинациясини бошқалардан ажратиб турувчи белгиларга қараб аниқланади ва айни бир ботаник таксондаги бошқа ўсимликлар гуруҳидан бир ёки бир неча белгилари билан фарқланади. Клон, линия, биринчи авлод дурагайи, популяция навнинг муҳофаза қшшнадиган объектларидир;


"зот" - генетик жиҳатдан ўзаро боғлиқ биологик ва морфологик хусусиятлари ҳамда белгиларига қараб аниқланадиган ҳайвонлар (шу жумладан паррандалар, ҳашаротлар, ипак қурти) ёки уларнинг дурагайлари гуруҳи бўлиб, бу хусусиятлар ҳамда белгиларнинг айримлари муайян гуруҳгагина хос бўлиб, уни ҳайвонларнинг бошқа гуруҳларидан фарқлаб туради. Зот гуруҳи, зот ичидаги тип (зонал тип), завод типи, завод линияси, зот оиласи, партеноклонлар, линиялар, дурагайлар зотнинг муҳофаза қилинадиган объектларидир;


"аризачи" - патент ёки гувоҳнома бериш ҳақида талабнома топширган жисмоний ёхуд юридик шахс;


"патент эгаси" - селекция ютуғининг эгаси бўлиб, унинг мулк ҳуқуқи ҳимоя ҳужжатига (патент ёки гувоҳномага) асосланади;


"патентга эгалик қилувчи" - селекция ютуғининг эгаси бўлиб, унинг мулк ҳуқуқи патентга асосланади;


"гувоҳномага эгалик қилувчи" - селекция ютуғининг эгаси бўлиб, унинг мулк ҳуқуқи гувоҳномага асосланади;


"иш берувчи" - селекция ютуғини яратиш тўғрисида топшириқ берган ва бу топшириқ бажарилишини пул билан таъминлайдиган жисмоний ёки юридик шахс;


"лицензиар" - селекция ютуғига тааллуқли ҳимоя ҳужжатининг эгаси бўлган жисмоний ёки юридик шахс;


"лицензиат" - лицензиардан селекция ютуғидан лицензия шартномаси асосида фойдаланиш ҳуқуқини олган жисмоний ёки юридик шахс.



2-модда. Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва селекция ютуқларини яратиш, ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб турувчи бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Бошқа давлатларнинг юридик шахслари ва фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланади.

Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида селекция ютуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.



3-модда. Селекция ютуқларини ҳимоя қилишнинг

ташкилий асослари

Ўзбекистон Республикасининг Давлат патент идораси (матнда бундан кейин Патент идораси деб юритилади) селекция ютуқларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади.

Патент идораси селекция ютуқларига патентлар ва гувоҳномалар бериш ҳақидаги талабномаларни қабул қилиб олади ҳамда кўриб чиқади, селекция ютуқлари бўйича расмий экспертиза ўтказади, Селекция ютуқлари давлат реестрини юритади (матнда бундан кейин Давлат реестри деб аталади), ҳимоя ҳужжатлари беради, талабнома материаллари ва Ўзбекистон Республикасида рўйхатга олиниб, ҳимоя қилинаётган селекция ютуқлари ҳақидаги маълумотларни расмий равишда эълон қилади, ушбу Қонунни қўллаш ҳақида қоида ва тушунтиришлар чиқаради.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш давлат комиссияси. Чорвачиликда наслчилик ишлари бош давлат инспекцияси (матнда бундан кейин ихтисослаштирилган ташкилотлар дейилади) селекция ютуқларидан хўжаликда фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширадилар, талабномада кўрсатилган селекция ютуқларининг ҳимояга лаёқатлилиги экспертизасини ўтказадилар.



II. ҲУҚУҚ СУБЪЕКТЛАРИ

4-модда. Ўсимлик нави ёки ҳайвон зотининг селекциячиси

Ўзининг ижодий меҳнати билан ўсимлик нави ёки ҳайвон зотини яратган (аниқлаган ёки чиқарган) жисмоний шахс ўсимлик нави ёки ҳайвон зотининг селекциячиси деб ҳисобланади.

Башарти селекция ютуғини яратишда бир неча жисмоний шахс иштирок этган бўлса, уларнинг ҳаммаси селекциячи деб ҳисобланади. Селекциячиларга тегишли бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш тартиби улар ўртасидаги битимга биноан белгиланади.

Селекциячининг муаллифлик ҳуқуқи бошқага ўтказилмайдиган шахсий ҳуқуқ бўлиб, муддатсиз ҳимоя қилинади.

Селекциячининг муаллифлигини ўзлаштириб олиш, уни ҳаммуаллифликка мажбур қилиш қонунга мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Селекциячининг муаллифлигига доир низолар суд тартибида ҳал этилади.

Селекциячи ҳимоя ҳужжати бериш ҳақидаги талабиомада, ҳимоя ҳужжатида ва селекция ютуғи хусусида эълон қилинадиган барча материалларда ўз номи кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Патент идораси патент эгаси бўлмаган ҳар бир селекциячига муаллифлик ҳуқуқини, шунингдек селекция ютуғидан фойдаланганлик учун патент эгасидан мукофот олиш ҳуқуқини тасдиқловчи селекциячи гувоҳномасини беради.



5-модда. Хизмат тартибида яратилган селекция ютуғининг эгаси

Башарти селекциячи селекция ютуғини яратишда:

ўзи эгаллаб турган лавозимга хос вазифаларни бажарган бўлса;

селекция ютуғини яратиш мақсадида ўз зиммасига махсус юклатилган вазифаларни бажарган бўлса;

иш берувчи ёки топшириқ берган шахс томонидан ўзига берилган моддий воситалар ёки молиявий маблағлардан фойдаланган бўлса;

иш берувчи ташкилот иш жараёнида орттирган, шу ташкилотнинг ўзига хос жиҳатини ташкил этаднган билим ва тажрибадан фойдаланган бўлса, бундай ютуқ хизмат тартибида яратилган деб ҳисобланади.

Башарти селекциячи яратилган селекция ютуғи тўғрисида иш берувчини хабардор қилган кундан эътиборан тўрт ой ичида иш берувчи Патент идорасига талабнома топширмаса, талабнома топшириш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечмаса ва селекция ютуғини сир сақлаш тўғрисида селекциячига маълум қилмаса, селекциячи талабнома топшириш ва ўз номига патент ёки гувоҳнома олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундай ҳолда иш берувчи патент эгасига шартномада белгиланган миқдорда товон тўлаб ўз корхонасида селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иш берувчи селекция ютуғини сир сақласа, у селекциячига тегишли миқдорда ҳақ тўлаши шарт, ҳақнинг миқдори шартномада белгиланади ва у махсус лицензиянинг бозор нархидан паст бўлмаслиги лозим.

Башарти селекция ютуғи хизмат тартибида яратилган бўлса, ушбу модданинг қоидаларини фақат ана шу селекциячига (селекциячиларга), иш берувчига ва топшириқ берган шахсга нисбатангина қўллаш мумкин.

Патент эгаси бўлмаган ўсимлик нави ёки ҳайвон зотининг селекциячиси ўсимлик нави ёки ҳайвон зотига доир лицензиядан фойдаланилганлиги ёхуд у сотилганлиги учун ҳақ олиш ҳуқуқига эга, бу ҳақнинг миқдори ва уни тўлаш тартиби патент эгаси ёки унинг ҳуқуқий вориси билан тузилган шартномада белгилаб қўйилади.

Селекциячига (селекциячиларга) ҳақни патент эгаси ёки унинг ҳуқуқий вориси, башарти селекция ютуғидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, патент ёки гувоҳноманинг амал қилиш муддати давомида тўлайди.

Ҳақ селекциячига (селекциячиларга) селекция ютуғидан фойдаланилган ҳисобот даври тугаганидан кейин кўпи билан олти ой ичида тўланади.



6-модда. Ўзбекистон Республикасининг

Интеллектуал мулк давлат фонди

Ўзбекистон Республикасининг Интеллектуал мулк давлат фонди патент эгасининг давлат мулки жумласига кирадиган ёки давлат шартнома асосида сотиб оладиган селекция ютуқларига оид ҳуқуқлари ва мажбуриятларини амалга оширади.



III. СЕЛЕКЦИЯ ЮТУҒИНИНГ ҲИМОЯГА ЛАЁҚАТЛИЛИГИ

7-модда. Селекция ютуғи ҳимояга лаёқатли бўлишининг шартлари

Башарти селекция ютуғи янгилик, фарқланиш, ўхшашлик ва барқарорлик мезонларига жавоб берса, у ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилинади.

Ушбу Қонун 12-моддасининг талабларига мувофиқ селекция ютуғининг номи бўлиши лозим.



8-модда. Янгилик

Башарти уруғлик, кўчат ёки насл маҳсулоти патент бериш ҳақида талабнома топширилган кундан эътиборан:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида - камида бир йил олдин;

бошқа давлат ҳудудида - камида тўрт йил ёки агар ток, ёғочбоп, манзарали, мевали дарахтлар ва ўрмон ўсимликларига тааллуқли бўлса, камида олти йил олдин селекциячи, унинг ҳуқуқий вориси томонидан ёки унинг розилиги билан сотилмаган ва фойдаланиш учун бошқа шахсларга берилмаган бўлса, янгилик ҳисобланади.



9-модда. Фарқланиш

Селекция ютуғи талабнома топширилган санада бошқа ҳар қандай барчага маълум селекция ютуғидан аниқ-равшан фарқланиши лозим.

Башарти селекция ютуғига бошқа мамлакатда ҳимоя ҳужжати бериш ҳақида талабнома топширилган ва унга мувофиқ патент ёки шунга ўхшаш ҳимоянинг бошқа бир шакли берилган бўлса ёхуд селекция ютуғи шу мамлакатнинг селекция ютуқлари расмий реестрига киритилган бўлса, селекция ютуғи талабнома топширилган санада барчага маълум деб ҳисобланади.

Барчага маълумлик:

кейинчалик кўпайтириш, сақлаш мақсадларида етиштириш, такрор етиштириш, кондицияга етказиш ва юқорида санаб ўтилган мақсадларда асраш натижасида барчага маълум билим даражасининг бир қисмига айланган селекция ютуғига нисбатан;

сотишга таклиф этилган, сотилган, мамлакатга олиб кирилган ёки мамлакатдан олиб чиқиб кетилган селекция ютуғига нисбатан аршқланади.



10-модда. Ўхшашлик

Селекция ютуғи кўпайтиришнинг ўзига хос жиҳатлари туфайли юзага келиши мумкин бўлган айрим фарқларни ҳисобга олган ҳолда ўзининг белгилари бўйича етарли даражада ўхшаш бўлиши лозим.



11-модда. Барқарорлик

Селекция ютуғи бир неча марта кўпайтирилганидан кейин ёки алоҳида цикл бўйича кўпайтирилган тақдирда кўпайтиришнинг ҳар бир цикли охирида унинг асосий белгилари ўзгаришсиз қолса, у барқарор ҳисобланади.



12-модда. Селекция ютуғининг номи

Селекция ютуғининг талабнома топширувчи таклиф этган ва Патент идораси томонидан қабул қилинган номи бўлиши лозим.

Селекция ютуғининг номи селекция ютуғига мос бўлиши, қисқа бўлиши, шу ёхуд шунга яқин ботаник ёки зоологик турдаги мавжуд селекция ютуқларининг номидан фарқланиб туриши керак. Селекция ютуғининг номи фақатгина рақамлардан иборат бўлиб қолмаслиги, селекция ютуғининг хусусиятлари, келиб чиқиши, аҳамияти ҳақида, селекциячининг (селекциячиларнинг) шахси ҳақида янглишишларга сабаб бўлмаслиги, инсонпарварлик ва ахлоқ қоидаларига зид бўлмаслиги лозим.

Ўсимлик нави ёки ҳайвон зотининг номи Давлат реестрида қайд этилиши билан бир вақтда унга ҳимоя этиладиган ўсимлик нави ёки ҳайвон зоти тўғрисидаги маълумотлар киритиб қўйилади.

Башарти селекция ютуғини ҳимоя қилиш талабномаси Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатларда топширилса, селекция ютуғининг номи бу талабномаларда бир хил бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки Ўзбекистон Республикаси селекция ютуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида шартнома тузган мамлакат ҳудудида навнинг уруғи ёки кўчатини ёхуд зотдор ҳайвонлар гуруҳини сотишни таклиф этаётган ёки сотаётган ҳар қандай шахс ана шу нав ёки ҳайвон зотининг номидан, башарти учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари тўсқинлик қилмайдиган бўлса, ҳатто ана шу нав ёки ҳайвон зотига берилган патентнинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин ҳам фойдаланиши шарт.



IV. ПАТЕНТ ВА ГУВОҲНОМА ОЛИШ

13-модда. Селекция ютуғининг патенти ва гувоҳномаси

Селекция ютуғига бўлган ҳуқуқ патент ёки гувоҳнома билан тасдиқланади.

Патент ҳимояга лаёқатлилик мезонларига жавоб берадиган ва Ўзбекистон Республикасида ҳимоя қилинадиган ботаник ва зоологик навлар ҳамда турларга тааллуқли селекция ютуғига берилади.

Патент селекция ютуғининг янгилик эканлигини, фарқланишини, ўхшашлиги ва барқарорлигини, шунингдек патентга эгалик қилувчининг селекция ютуғи номига, унга эгалик қилишга, уни тасарруф этиш ва ундан фойдаланишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлайди.

Гувоҳнома ўхшашлик ва барқарорлик мезонларига жавоб берадиган ҳамда Ўзбекистон Республикасида ҳимоя қилинадиган ва ҳимоя қилинмайдиган ботаник ва зоологик турлар ҳамда хилларга тааллуқли селекция ютуғига берилади.

Гувоҳнома гувоҳномага эгалик қилувчининг селекция ютуғининг номига бўлган ҳуқуқини, унга эгалик қилиш, уни тасарруф этиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайди.

Патентга эгалик қилувчи ва гувоҳномага эгалик қилувчининг ҳуқуқи селекция ютуғи рўйхатга олинганлиги тўғрисида Патент идорасининг расмий бюллетенида маълумот эълон қилинган кундан эътиборан амалда ҳисобланади.

Патентнинг, гувоҳноманинг амал қилиш муддати селекция ютуғи Давлат реестрида рўйхатга олинган кундан эътиборан йигирма йилни, ток, ёғочбоп, манзарали, мевали дарахтлар ва ўрмон ўсимликлари, шу жумладан, уларнинг пайвандтаглари учун йигирма беш йилни ташкил этади.

Патент ва гувоҳноманинг амал қилиш муддати патент эгасининг илтимосномасига биноан кўпи билан ўн йилга узайтирилиши мумкин.



14-модда. Патент ёки гувоҳномага бўлган ҳуқуқ

Патент ёки гувоҳнома олиш ҳуқуқига селекциячи (селекциячилар) ёки унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) эга бўлади.

Башарти бир неча шахс биргаликда битта селекция ютуғи яратган бўлсалар, патент ёки гувоҳнома олиш ҳуқуқига уларнинг ҳаммаси эга бўлади. Улардан биттасининг ёки бир нечасининг патент ёхуд гувоҳномага бўлган ҳуқуқдан воз кечиши бошқаларнинг патент ёки гувоҳнома олиш тадбирида иштирок этишига дахл қилмайди.

Селекциячининг ўз хизмат вазифаларини, аниқ топшириқни бажариши билан боғлиқ ҳолда ёки иш берувчи ташкилотнинг ўзига хос жиҳатини ташкил этувчи билим ва тажриба ёрдамида яратган селекция ютуғига бериладиган патент ёки гувоҳномани олиш ҳуқуқига иш берувчи эга бўлади.

Селекция ютуғига бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга бериш селекциячи билан иш берувчи ўртасидаги шартномада расмийлаштирилади.

Селекциячи ёки унинг ҳуқуқий ворисининг патент ёки гувоҳномани бошқа шахсга бериш тўғрисидаги талабномаси ёки аризасида кўрсатилган ҳар қандай шахс, башарти бу ариза Патент идорасига патент ёки гувоҳнома бериш тўғрисида қарор қабул қилинишига қадар тушган бўлса, патент ёки гувоҳнома олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Агар бир неча шахс бир-биридан холи равишда селекция ютуғини яратган бўлса, патент ёки гувоҳнома олиш ҳуқуқига Патент идорасига олдинроқ талабнома топширган ва бу талабномаси чақириб олинмаган ёки рад этилмаган шахс эга бўлади.

Селекция ютуғининг патенти ёки гувоҳномасига бўлган ҳуқуқ, шунингдек уларни олиш ҳуқуқи мерос бўлиб ўтади.

Патент эгаси патент ёки гувоҳнома билан ҳимоя қилинадиган селекция ютуғига доир ҳуқуқдан ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс фойдасига воз кечиши мумкин.

Селекциячи, башарти ўзи яратган ютуққа бошқалар томонидан ғайриқонуний равишда талабнома берилган ёки патент ёхуд гувоҳнома олинган бўлса, ҳимоя ҳужжати берилишига қарши суд тартибида эътироз билдириш ёки ҳимоя ҳужжати патент эгаси сифатида ўзига берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Патент идорасининг ва ихтисослаштирилган ташкилотларнинг хизматчилари ана шу ташкилотларда ишлаган бутун даврида ҳам, ишдан кетганларидан кейин бир йил давомида ҳам патент ёки гувоҳнома олиш, шунингдек ўзларини селекциячи сифатида кўрсатиш ҳуқуқига эга эмас.



15-модда. Патент ёки гувоҳнома бериш ҳақида

талабнома топшириш

Патент ёки гувоҳнома бериш ҳақидаги талабнома селекциячи, иш берувчи ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари томонидан Патент идорасига топширилади.

Аризачи биринчи талабнома топширилган давлат органи ҳимоя ҳужжати беришини кутиб турмай, бошқа давлатларнинг ваколатли органларига талабнома топшириши мумкин.

Талабнома шахсан, Патент идорасида рўйхатга олинган патент вакили ёки ишончли шахс орқали берилиши мумкин. Ўзбекистон Республикасида доимий турар жойига ёки жойлашган ерига эга бўлмаган бошқа давлатларнинг фуқаролари ва юридик шахслари, уларнинг патент вакиллари ёки ишончли шахслари ҳимоя ҳужжатлари олиш ва уларни ўз кучида сақлаш борасидаги ишларни Ўзбекистон Республикасинииг патент вакиллари орқали олиб борадилар. Патент вакилининг ваколатлари унга аризачи ёки ишончли шахс берган ишончнома билан тасдиқланади.



16-модда. Патент ёки гувоҳнома бериш ҳақида талабнома

Патент ёки гувоҳнома бериш ҳақидаги талабнома:

патент ёки гувоҳнома бериш ҳақидаги селекциячи (селекциячилар) ва кимнинг номига патент ёки гувоҳнома сўралаётган бўлса, ана шу шахс (шахслар), шунингдек уларнинг турар жойи ёки жойлашган ерига доир маълумотлар кўрсатилган аризани;

селекция ютуғининг номи тўғрисидаги таклифни;

навнинг, зотнинг тавсифини (техникавий анкетасини);

намуналарнинг фотосуратларини;

аризачи томонидан ўтказилган нав ёки зот синовларига доир ҳужжатларни;

аризачининг селекция ютуғидан фойдаланилмаганлиги ва у сотилмаганлиги ҳамда унинг янгилик талабларига мослигини тасдиқлайдиган декларациясини;

устунликни тасдиқловчи ҳужжатни (заруратга қараб);

аризачининг нав ёки зотни синовдан ўтказиш учун материални белгиланган муддатда ихтисослаштирилган ташкилотга тақдим этиш мажбуриятини;

талабнома ишончли шахс ёки патент вакили орқали топширилганида уларга бериладиган ишончномани;

бож ёки йиғим белгиланган миқдорда тўланганлигини ёхуд бож ёки йиғим тўлашдан озод қилиш, шунингдек унинг миқдорини камайтириш асосларини тасдиқловчи ҳужжатни ўз ичига олади.

Талабнома ўсимликнинг битта навига ёки битта ҳайвон зотига тааллуқли бўлиши лозим.

Ушбу модданинг биринчи қисми талабларига мос келадиган ҳужжатлар Патент идорасига келиб тушган кун талабнома топширилган сана деб белгиланади.

Ушбу модда биринчи қисмининг еттинчи ва саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳужжатлар аризачи томонидан талабнома топширилган кундан эътиборан уч ой ичида тақдим этилади.

Башарти аризачи кўрсатилган муддат ичида ана шу ҳужжатларни тақдим этмаса ёки кўрсатилган муддатни узайтириш тўғрисида илтимоснома топширмаса, талабнома топширилмаган ҳисобланади.

Селекция ютуғига доир ҳимоя ҳужжатини бериш ҳақидаги талабнома ҳужжатларига қўйиладиган талабларни Патент идораси ихтисослаштирилган ташкилотлар билан биргаликда белгилайди.

Ҳимоя ҳужжатлари бериш ҳақидаги талабнома материаллари Патент идорасида маҳфий сақланиши шарт ва расмий экспертиза ўтказиш даврида аризачи ёки патент эгасининг розилигисиз бу материаллар тўғрисида маълумотлар берилмайди.



17-модда. Селекция ютуғининг устунлиги

Селекция ютуғининг устунлиги ушбу Қонуннинг талабларига мувофиқ расмийлаштирилган талабнома Патент идорасига тушган санага қараб белгиланади.

Башарти селекция ютуғига доир ўхшаш талабномалар айни битта устунлик санасига эга бўлса, ҳимоя ҳужжати Патент идорасига олдинроқ сана билан юборилган талабномага ёки рўйхатга олиш рақами олдинроқ қўйилган талабномага берилади.

Башарти аризачи Патент идорасига талабнома топширишдан олдин Ўзбекистон Республикаси селекция ютуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида шартнома тузган бошқа давлатга талабнома (бундан буён матнда биринчи талабнома деб аталади) топширган бўлса, аризачи талабнома тушган санадан эътиборан ўн икки ой давомида биринчи талабнома бўйича устунлик ҳуқуқига эга бўлади.

Аризачи Патент идорасига жўнатаётган талабномасида биринчи талабноманинг устунлик санасини кўрсатиши лозим. Аризачи талабнома Патент идорасига тушган санадан эътиборан уч ой ичида биринчи талабноманинг нусхасини ва таржимасини тақдим этиши шарт. Бу шартлар бажарилган тақдирда аризачи биринчи талабнома топширилган санадан эътиборан уч йил давомида қўшимча ҳужжатлар ва синов учун зарур материал тақдим этмасликка ҳақли.

Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилган муддатга риоя этмаслик, шунингдек белгиланган божлар ёки йиғимларни тўламаслик талаб этилаётган устунликни эътироф этмасликка сабаб бўлади.

Бошқа (кейинги) талабномани топшириш, биринчи талабноманинг мавзуси бўлган селекция ютуғини эълон қилиш ёки ундан фойдаланиш, башарти бу ишлар ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган муддат ичида амалга оширилган бўлса, кейинги талабномани рад этиш учун асос бўлолмайди. Бундай фактлар учинчи шахсларнинг бирон-бир ҳуқуқлари пайдо бўлиши учун ҳам асос бўлолмайди.



18-модда. Селекция ютуқларининг давлат экспертизаси

Талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг давлат экспертизаси расмий экспертизани ва янгилик эканлигини экспертиза қилишдан ҳамда фарқлаш, ўхшашлик ва барқарорликни аниқлаш мақсадида давлат синовидан ўтказишдан иборат ҳимояга лаёқатлилик экспертизасини ўз ичига олади.

Патент бериш учун селекция ютуғи ҳимояга лаёқатлилиги жиҳатидан тўлиқ ҳажмда экспертиза қилинади.

Гувоҳнома бериш учун селекция ютуғининг экспертизаси селекция ютуғининг ўхшашлик ва барқарорлигини синаш доирасидагина ўтказилади.



19-модда. Талабноманинг расмий экспертизаси

Патент ёки гувоҳнома бериш ҳақидаги талабноманинг расмий экспертизаси икки ой муддатда ўтказилади. Экспертиза давомида устунлик санаси белгиланади, зарур ҳужжатларнинг қўйиладиган талабларга қанчалик мослиги текширилади.

Расмий экспертиза ўтказилаётган даврда аризачи ўз ташаббуси билан талабнома материалларини тўлдиришга, уларга аниқлик ёки тузатишлар киритишга ҳақлидир.

Башарти белгиланган муддатда зарур аниқликлар киритилмаган ёки талабнома тушган санада унинг таркибида бўлмаган ҳужжатлар тақдим этилмаган тақдирда, талабнома кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Расмий экспертизанинг натижалари тўғрисида аризачи ёзма равишда хабардор қилинади.

Аризачи расмий экспертизанинг хулосасига рози бўлмаса, хулосани олган санадан эътиборан уч ой давомида Патент идорасининг Апелляция кенгашига (матнда бундан буён Апелляция кенгаши деб юритилади) мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Расмий экспертизадан ўтган талабномани Патент идораси ҳимояга лаёқатлилигини экспертизадан ўтказиш учун тегишли ихтисослаштирилган ташкилотга жўнатади.



20-модда. Селекция ютуғининг муваққат ҳуқуқий ҳимояси

Ҳимоялаш талаб қилинган селекция ютуғига муваққат ҳуқуқий ҳимоя талабнома тўғрисидаги маълумот эълон қилинган санадан эътиборан селекция ютуғи Давлат реестрида рўйхатга олинган санага қадар белгиланади.

Селекция ютуғига муваққат ҳуқуқий ҳимоя белгиланган даврда аризачи ушбу Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ патент эгасининг ҳуқуқига эга бўлади.

Башарти патент ёки гувоҳнома беришнн рад этиш ҳақида қарор қабул қилиниб, бу қарор устидан шикоят қилиш имкониятлари тугаган бўлса, муваққат ҳуқуқий ҳимоя бошланмаган деб ҳисобланади.

Ҳимоялаш талаб қилинган селекция ютуқларидан уларга муваққат ҳуқуқий ҳимоя белгиланган даврда фойдаланаётган шахс патент эгасининг талабига биноан унга патент ёки гувоҳнома олинганидан кейин пул товони тўлаши шарт, бу товоннинг миқдори патент эгаси билан тузилган битимда белгилаб қўйилади.



21-модда. Селекция ютуғи янгилик эканлигининг экспертизаси

Селекция ютуғи янгилик эканлигининг экспертизасини ихтисослаштирилган ташкилот мавжуд ҳужжатлар ва далил-исботлар, шу жумладан, ўз ташаббуси билан олган ахборотлар асосида амалга оширади ва Патент идорасига талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг янгилик мезонига мувофиқ эканлиги тўғрисидаги хулосани тақдим этади. Патент идораси қабул қилган қарори тўғрисида аризачини хабардор этади.

Башарти талабномада кўрсатилган селекция ютуғи янгилик мезонига мос бўлмаса, Патент идораси патент беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Талабнома тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинган санадан эътиборан олти ой ичида ҳар қандай манфаатдор шахс талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг янгилик эканлигига нисбатан ўз даъвосини Патент идорасига жўнатиши мумкин.

Патент идораси даъво олинганлигини аризачига маълум қилади. Аризачи даъвога рози бўлмаса, билдиришнома олган кундан эътиборан уч ойлик муддат ичида Патент идорасига далил-исботлар баён этилган эътирозини жўнатиш ҳуқуқига эга.

Аризачи уч ойлик муддат ичида Патент идорасининг патент беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан Апелляция кенгашига шикоят билан мурожаат этиши мумкин. Апелляция кенгаши Патент идорасининг ваколатлари доирасида қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланади.



22-модда. Селекция ютуғининг давлат синови

Талабномада кўрсатилган селекция ютуғининг давлат синови фарқланиш, ўхшашлик ва барқарорлик мезонларига мослигини синашдан иборатдир.

Давлат синовлари ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан белгиланган услуб ва муддатларда ўтказилади.

Аризачи синов ўтказиш учун керакли миқдордаги уруғлик, кўчат ёки насл маҳсулотларини ихтисослаштирилган ташкилот томонидан белгиланган манзилга кўрсатилган муддатда тақдим этиши шарт.

Ихтисослаштирилган ташкилот аризачи, Ўзбекистон Республикасининг ташкилотлари, шунингдек бошқа давлатларнинг ваколатли органлари томонидан тақдим этилган синов натижаларидан фойдаланишга ҳақлидир.

Ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан белгиланадиган селекция ютуқларининг айрим турлари ва хиллари бўйича гувоҳнома бериш ҳақида талабнома топширилганида ўсимлик навларини, ҳайвон зотларини Давлат реестрида рўйхатга олиш экспертиза баҳолари ёки аризачининг маълумотлари асосида амалга оширилади.

Ихтисослаштирилган ташкилот синов натижаларига қараб селекция ютуғининг ҳимояга лаёқатлилик мезонига мослиги тўғрисида хулоса чиқаради.

Башарти селекция ютуғи ҳимояга лаёқатлилик мезонларига мос бўлса, унинг номи белгиланган талабларга мос келса, ихтисослаштирилган ташкилот селекция ютуғининг расмий тавсифини тайёрлайди, Патент идораси эса, патент ёки гувоҳнома бериш тўғрисида қарор қабул қилади.

Башарти селекция ютуғи ҳимояга лаёқатлилик мезонларига мос бўлмаса, Патент идораси патент ёки гувоҳнома беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Аризачи уч ойлик муддат ичида Патент идорасининг қарори устидан шикоят билан Апелляция кенгашига мурожаат қилиши мумкин. Апелляция кенгаши Патент идорасининг ваколатлари доирасида қабул қилган қарор узил-кесил ҳисобланади.



23-модда. Талабномаларни алмаштириш

Аризачи селекция ютуғи Давлат реестрида рўйхатга олингунига қадар гувоҳнома бериш ҳақидаги талабномани патент бериш ҳақидаги талабнома билан, патент бериш ҳақидаги талабномани эса, гувоҳнома бериш ҳақидаги талабнома билан алмаштиришга ҳақлидир.

Талабномаларни алмаштириш вақтида тегишли божлар ва йиғимлар тўланади.



24-модда. Талабномани чақириб олиш

Селекция ютуғига патент ёки гувоҳнома бериш ҳақидаги талабнома аризачининг ёзма илтимосномасига биноан патент ёки гувоҳнома бериш тўғрисида ёки беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилингунга қадар чақириб олиниши мумкин.

Аризачилар бир печа бўлса, талабнома улардан ҳар бирининг розилиги билангина чақириб олиниши мумкин.



25-модда. Талабномани қараб чиқиш муддатини узайтириш

Аризачининг илтимосномасига биноан талабномани қараб чиқиш муддати ушбу Қонун 19 ва 21-моддаларига мувофиқ уч ойга узайтирилиши мумкин, фақат бундай узайтириш кўпи билан икки марта амалга оширилади.

Муддатларпи узайтириш тўғрисида илтпмоснома топширганлик учун аризачи бож ёки йиғим тўлайди.



26-модда. Селекция ютуғини рўйхатга олиш

Патент идораси патент ёки ғувоҳмома бериш тўғрисида қарор қабул қилганидан кейин селекция ютуғини Ўзбекистон Республикаси Селекция ютуқлари давлат реестрида рўйхатга олади.



27-модда. Селекция ютуқларига доир маълумотларни

расман эълон қилиш

Қараб чиқиш учун қабул қилинган талабномаларга, рўйхатга олинган селекция ютуқларига, Патент идорасининг юридик аҳамиятга молик амалларига доир маълумотлар, берилган патентлар ёки гувоҳномаларга доир янги навлар ва ҳайвон зотларининг тўлиқ тавсифлари, шунингдек селекция ютуқларига алоқадор бўлган бошқа маълумотлар Патент идорасининг бюллетенида эълон қилинади.



28-модда. Патент ёки гувоҳнома бериш

Патентни ёки гувоҳиомани Ўзбекистон Республикаси номидан Патент идораси беради.

Селекция ютуғи рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумот эълон қилинган санадан эътиборан олти ой ичида ҳар қандай шахс патент ёки гувоҳнома бериш тўғрисидаги қарорга эътироз билдиришга ҳақлидир.

Эътирозни Апелляция кенгаши тегишли ихтисослаштирилган ташкилотнинг вакиллари иштирокида эътироз билдирилган санадан эътиборан олти ой ичида кўриб чиқади.

Башарти патент ёки гувоҳнома беришга эътирозлар билдирилмаган ёки бундай эътирозлар рад этилган бўлса, Патент идораси селекция ютуғи рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумот эълон қилинган санадан эътиборан олти ой ичида патент ёки гувоҳнома беради.

Башарти бир неча шахс номига патент ёки гувоҳнома сўралаётган бўлса, уларга битта ҳимоя ҳужжати берилади.

Ҳимоя ҳужжатларининг шакли ва уларда кўрсатиладиган маълумотлар таркиби Патент идораси томонидан белгиланади.

Берилган ҳимоя ҳужжатидаги очиқ-равшан кўриниб турган ва техник хатолар патент эгасининг талабига биноан Патент идораси томонидан тузатилади.

Патент эгаси патент ёки гувоҳнома олганидан кейин ҳимоя қилинаётган нав ёки зотга тааллуқли зарур материални сақлаш учун жўнатади.



29-модда. Селекция ютуғини сақлаб қолиш

Патент эгаси навни, зотни патент ёки гувоҳноманинг амал қилиш муддати давомида шундай сақлаши шартки, нав, зот тегишли Давлат реестрида рўйхатга олинган санада тузилган уларга доир расмий тавсифда кўрсатилган белгилар сақланиб қолсин.

Патент эгаси ихтисослаштирилган ташкилотлар ва (ёки) Патент идорасининг сўровига биноан назорат синовларини ўтказиш учун нав уруғларини ёки насл материалини жўнатиши ва жойда текширув ўтказиш учун имконият яратиб бериши шарт.



30-модда. Божлар ва йиғимлар

Селекция ютуғига патент ёки гувоҳнома бериш ҳақида талабнома топшириш, талабномада кўрсатилган селекция ютуғини экспертиза ва синовдан ўтказиш, патент ёки гувоҳнома бериш, уни ўз кучида сақлаб қолиш, шунингдек селекция ютуғининг экспертизаси ва ҳимояси билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик амалларни бажариш учун божлар ёки йиғимлар ундирилади.

Бажарилганлиги учун божлар ва йиғимлар ундириладиган ҳаракатлар рўйхати, божлар ва йиғимларнинг миқдори ҳамда уларни тўлаш муддати, шунингдек тўловдан озод қилиш, тўлов миқдорларини камайтириш ёки божлар ёхуд йиғимларни қайтариб бериш учун асослар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади.

Божлар ва йиғимлар аризачи, патент эгаси ёки у билан келишган ҳолда бошқа манфаатдор жисмоний ёки юридик шахс томонидан тўланади.

Патентни, гувоҳномани ўз кучида сақлаганлик учун божлар, йиғимлар тўлашда патент эгасига олти ойлик имтиёзли муддат берилади. Бундай ҳолда патент эгаси қўшимча бож, йиғим тўлайди.

Имтиёзли муддат давомида патент эгасининг ҳуқуқлари ўз кучида қолади. Башарти патентни, гувоҳномани ўз кучида сақлаб қолганлик учун бож, йиғим, шунингдек қўшимча бож, йиғим имтиёзли муддат давомида тўланмаса, патентнинг, гувоҳноманинг амал қилиши белгиланган муддатда бож, йиғим тўланмаган кундан эътиборан тўхтатилади.



V. ПАТЕНТ ЭГАСИНИНГ ҲУҚУҚИ

31-модда. Патент эгасининг мутлақ ҳуқуқи

Патент эгасининг мутлақ ҳуқуқи шундан иборатки, ҳар қандай шахс ҳимоя қилинаётган селекция ютуғининг уруғлик кўчат ёки насл материалини:

етиштириш ва такрор етиштириш (кўпайтириш);

экинбоплик кондициясига етказиш;

сотиш учун таклиф қилиш;

сотиш ва бошқа усулда реализация қилиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш;

юқорида санаб ўтилган мақсадларда сақлаш учун патент ёки гувоҳнома эгасининг рухсатини олиши шарт.

Патент эгаси бундай рухсатни ўз хоҳишига кўра бирон-бир шарт ва (ёки) чекловлар билан беришга ҳақли.

Патент эгасининг ҳуқуқи унинг рухсатисиз хўжалик оборотига киритилган уруғлик ёки зотли ҳайвонлардан етиштирилган ўсимлик материалига ва чорва маҳсулотларига нисбатан ҳам амал қилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳаракатларни:

ҳимоя қилинаётган нав, зот белгиларини жиддий равишда ўзида сақлаб қолган, башарти ана шу ҳимоя қилинаётган нав ёки зот бошқа нав ёки зотнинг белгиларини жиддий равишда ўзида сақлаб қолган бўлмаса;

ушбу Қонуннинг 11-моддасига мувофиқ ҳимоя қилинаётган нав ёки зотдан аниқ-равшан фарқ қилмайдиган;

ҳимоя қилинаётган нав ёки зотдан бир неча марта фойдаланишни талаб қилган навнинг уруғлик, кўчат материалига ёки зотнинг насл материалига нисбатан амалга ошириш учун ҳам патент згасининг рухсатини олиш зарурдир.

Нав ёки зот, бошқа (дастлабки) нав ёки зотнинг белгиларини жиддий равишда ўзида сақлаб қолган деб эътироф этилади, башарти дастлабки нав ёки зот:

дастлабки нав ёки зотнинг энг муҳим белгиларини ўзида сақлаб қолган бўлса ва бу нав ва зот ҳам ўз навбатида ўзидан олдинги дастлабки нав ёки зот генотипи ёхуд генотиплар комбинациясини акс эттирадиган асосий белгиларни сақлаган ҳолда уларнинг энг муҳим белгиларини ўзида сақлаб қолган бўлса;

табиий ёки ҳосил қилинган мутантни саралаб олиш, дастлабки нав, зот ўсимликлари ёки ҳайвонларидан айрим мутантни саралаб олиш, беккросс, нав ёки зотни ген инженерияси усуллари билан ўзгартириш каби турли услубларни қўллаш туфайли юз берган фарқларни истисно этганда, дастлабки нав ёки зотдан аниқ-равшан ажралиб турса ва олдинги нав ёки зотнинг генотипи ёхуд генотиплар комбинациясига мос келса.

Бир неча селекциячига тегишли патент ёки гувоҳнома билан ҳимоя қилинган селекция ютуғидан фойдаланиш чоғидаги ўзаро муносабатлар ана шу селекциячилар ўртасидаги битимга мувофиқ белгиланади. Бундай битим бўлмаса, ҳар бир патент эгаси ҳимоя қилинаётган селекция ютуғидан ўз хоҳиши бўйича фойдаланиши мумкин, бироқ ҳимоя қилинаётган селекция ютуғига бошқа патент эгаларининг розилигисиз махсус лицензия беришга ёки патентдан ёхуд гувоҳномага бўлган ҳуқуқдан бошқа шахснинг фойдасига воз кечишга ҳақли эмас.

Патент эгалари ўртасидаги низолар суд тартибида ҳал этилади.



32-модда. Патент эгасининг ҳуқуқларидаи истиснолар

Ҳимоя қилинаётган селекция ютуғидан:

шахсий ва нотижорат мақсадларида фойдаланиш;

синов-тажриба мақсадларида фойдаланиш;

бошқа навлар ёки зотлар яратиш учун дастлабки нав ёки зот сифатида фойдаланиш;

корхона, хўжалик патент эгасидан олган навли уруғлик ва насл материалдан икки йил давомида такрор етиштириш учун ана шу корхона, хўжалик ҳудудида фойдаланиш патент эгасининг ҳуқуқларини бузиш деб эътироф этилмайди.



33-модда. Патент эгаси ҳуқуқларининг тугаши

Ҳимоя қилинаётган нав ёки зотга доир ҳар қандай материал Ўзбекистон Республикаси ҳудудида патент эгасининг ўзи томонидан ёки унинг розилиги билан сотиш орқали ёхуд бошқа усулда реализация қилиш орқали ёинки қайта ишлаш ва истеъмол мақсадларида тегишли ботаник ёки зоологик турдаги нав ёки зот ҳимоя қилинмайдиган мамлакатга олиб чиқиш орқали оборотга киритилганидан кейин ҳимоя қилинаётган нав ёки зотнинг ҳар қандай маҳсулотига доир хатти-ҳаракатларга нисбатан патент эгасининг ҳуқуқи амал қилмайди.

Башарти навни ёки зотни сотиш ва бошқа усулда реализация қилиш ушбу нав ёки зотни кейинчалик кўпайтиришга қаратилган бўлса ёхуд тегишли тур ёки хилдаги нав ёхуд зот ҳимоя қилинмайдиган мамлакатларга кўпайтириш мақсадида нав ёки зотнинг ўсимлик ёхуд насл маҳсулотини олиб чиқиб кетиш билан боғлиқ бўлса, ушбу модда биринчи қисмининг шартлари бу нав ёки зотларга нисбатан татбиқ этилмайди.



34-модда. Патент эгаси ҳуқуқининг бузилиши

Рухсат олмаган ҳолда:

селекдия ютуғини етиштириш ва такрор етиштириш (кўпайтириш);

селекция ютуғини экинбоплик кондициясига етказиш;

ҳимоя қилинаётған селекция ютуғидан фойдаланган ҳолда яратилган маҳсулни сотишга таклиф қилиш, сотиш ва бошқача тарзда хўжалик оборотига киритиш;

сақлаш, олиб кириш, олиб чиқиш;

маълумотлар Апелляция кенгашига ёки аризачи ёхуд патент эгасининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган расмий чораларни амалга ошираётган шахсга ошкор этилишини истисно қилган ҳолда, селекция ютуғига оид тижорат сири ҳисобланган маълумотларни ошкор қилиш патент эгаси ҳуқуқларининг бузилиши деб эътироф этилади.



VI. ПАТЕНТ ВА ГУВОҲНОМА АМАЛ ҚИЛИШИНИНГ ТЎХТАШИ

35-модда. Патент ёки гувоҳномани ҳақиқий эмас деб эътироф этиш

Патент ёки гувоҳнома ўзининг бутун амал қилиш муддати давомида, башарти:

селекция ютуғи патент бериш санасида янгилик ёки фарқланиш мезонларига мос келмаса;

патент ёки гувоҳнома аризачи тақдим этган селекция ютуғининг ўхшашлик ва барқарорлик мезонларига мослиги тўғрисидаги тасдиқланмаган маълумотларга асосан берилган бўлса, патент ёки гувоҳномага нисбатан эътироз билдирилиши ва улар ҳақиқий эмас деб эътироф этилиши мумкин.

Ҳар қандай шахс Апелляция кенгашига патент ёки гувоҳномани ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги апелляция билан мурожаат қилиши мумкин.

Апелляция кенгаши апелляция нусхасини патент эгасига жўнатади, патент эгаси уч ойлик муддат ичида асосли жавоб қайтариши лозим.

Апелляция кенгаши, башарти селекция ютуғини қўшимча равишда синовдан ўтказиш зарурати юзага келмаса, апелляция бўйича олти ой ичида қарор қабул қилади.



36-модда. Патент ёки гувоҳноманинг амал қилишини

муддатидан олдин тўхтатиш

Патент ёки гувоҳноманинг амал қилиши:

патент ёки гувоҳномани ўз кучида сақлаб келганлик учун божлар ёки йиғимлар белгиланган муддатда тўланмаса;

ҳуқуқ эгаси Патент идорасига патент ёки гувоҳномадан воз кечиш тўғрисида илтимоснома топширса, муддатидан олдин тўхтатилади.

Патент ёки гувоҳноманинг амал қилиши муддатидан олдин тўхтатилганлиги тўғрисидаги маълумот Патент идорасининг бюллетенида эълон қилинади.



37-модда. Патент ёки гувоҳномани бекор қилиш

Патент ёки гувоҳнома, башарти:

патент ёки гувоҳнома ҳақиқий эмас деб топилса;

селекция ютуғи бундан буён ўхшашлик ва барқарорлик шартларига мувофиқ келмай қолса;

патент эгаси Патент идорасининг илтимосига биноан ўн икки ой ичида уруғликларни, кўчатларни, насл материалларини, ҳужжатлар ва ахборотни селекция ютуғи ўз кучини сақлаб қолганлигини текшириш учун тақдим этмаган ёки шу мақсадларда ўз жойида селекция ютуғини текшириб кўриш учун имконият яратиб бермаган бўлса;

селекция ютуғининг номи бекор қилинаётган, патент эгаси эса бошқа муносиб номни таклиф этмаган бўлса, бекор қилинади.

Патент ёки гувоҳноманинг бекор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Патент идорасининг бюллетенида эълон қилинади.



38-модда. Патент ёки гувоҳномадан воз кечиш

Патент эгаси ёзма ариза бериб, патент ёки гувоҳномадан воз кечиш ҳуқуқига эга.

Бир неча патент эгаларидан бирининг патент ёки гувоҳномадан воз кечиши патент ёки гувоҳноманинг амал қилиши тўхтатилишига олиб келмайди.

Патент ёки гувоҳномадан воз кечиш Патент идораси патент эгасидан ёзма ариза олган санадан эътиборан амал қила бошлайди.

Патент эгаси патент ёки гувоҳномадан воз кечиш нияти тўғрисида селекциячини хабардор қилиши шарт. Бундай ҳолда селекциячи патент ёки гувоҳномага эгалик қилиш учун имтнёзли ҳуқуққа эга бўлади.

Башарти патент ёки гувоҳнома лицензия шартномасининг объекти бўлса, патент ёки гувоҳномадан, агар шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, лицензия эгасининг розилиги билангина воз кечиш мумкин бўлади.



VII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

39-модда. Селекция ютуғига бўлган ҳуқуқларни

бошқа шахсга ўтказиш

Патент ёки гувоҳнома олиш ҳуқуқи, патент ёки гувоҳнома бериш ҳақидаги талабнома Патент идорасида рўйхатга олинганлиги туфайли келиб чиқадиган ҳуқуқлар, шунингдек патент ёки гувоҳномадан келиб чиқадиган ҳуқуқлар ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахсга ўтказилиши мумкин.

Ҳуқуқларни бошқа шахсга ўтказиш ҳуқуқлардан бошца шахс фойдасига воз кечиш шартномаси ёки лицензия шартномаси асосида, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос ёки васиятнома орқали амалга оширилиши мумкин.

Селекция ютуғига эгалик қилиш ҳуқуқларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартнома, шунингдек лицензия шартномаси Патент идорасида рўйхатга олинади.



40-модда. Селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини

бошқа шахсга бериш

Патент ёки гувоҳнома бериш ҳақидаги талабномада ёхуд берилган патент ёки гувоҳномада кўрсатилган нав ёки зот лицензия шартномасининг мавзуси бўлиши мумкин.

Патент эгаси бўлмаган ҳар қандай жисмоний ёки юридик шахс патент ёки гувоҳнома билан ҳимоя қилинган селекция ютуғидан патент эгасининг рухсати билангина лицензия шартномаси асосида фойдаланишга ҳақлидир.

Патент эгаси Патент идорасига селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳар қандай шахсга бериш тўғрисида ариза топшириши мумкин (очиқ лицензия). Бу ҳолда патент ёки гувоҳномани ўз кучида сақлаганлик учун ундириладиган бож ёки йиғим эллик фоизга камайтирилади.

Патент эгасининг очиқ лицензияга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги аризаси чақириб олинмайди.

Очиқ лицензияни сотиб олиш истагини билдирган шахс патент эгаси билан тўловлар тўғрисида шартнома тузиши шарт. Шартнома тузиш шартларига доир низолар суд томонидан қараб чиқилади.

Патент эгаси махсус лицензия ёки махсус бўлмаган (оддий) лицензия берган ҳолда селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Махсус лицензия берилганида лицензиат селекция ютуғидан шартномада айтиб ўтилган доирада фойдаланиш учун мутлақ ҳуқуқ олади, селекция ютуғидан фойдаланиш ҳуқуқининг лицензиатга берилмайдиган қисми лицензиарда сақланиб қолади.

Махсус бўлмаган лицензия берилганида лицензиар селекция ютуғидан фойдаланнш ҳуқуқини лицензиатга бериб, селекция ютуғига берилган, патент ёки гувоҳномадан келиб чиқадиган барча ҳуқуқларни, шу жумладан, учинчи шахсларга лицензия бериш ҳуқуқини ҳам ўзида сақлаб қолади.

Патент идораси рўйхатга олинган лицензия шартномалари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади.



41-модда. Мажбурий лицензия

Башарти патент эгаси патент ёки гувоҳнома берилган санадан эътиборан уч йил давомида селекция ютуғидан Ўзбекистон Республикасида фойдаланмаса ҳамда лицензия шартномаси тузишни рад этса ва агар мазкур селекция ютуғидан фойдаланмаслик жамият манфаатларига дахл қилса, бу селекция ютуғидан фойдаланишни истайдиган шахс ўзига махсус бўлмаган мажбурий лицензия беришни сўраб ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.

Мажбурий лицензия унинг эгасига патент эгасидан дастлабки уруғлик, кўчат ёки насл материалини олиш ҳуқуқини беради.

Мажбурий лицензия селекция ютуғидан йўл қўйиладиган услубда ва лицензияга мувофиқ фойдаланилишини таъминлай оладиган шахсгагина берилади.

Мажбурий лицензия патент эгасининг ҳимоя қилинаётган селекция ютуғидан фойдаланишига ёки селекция ютуғидан фойдаланиш лицензиясини бошқа шахсга беришига тўсқинлик қилмайди.

Патент идораси мажбурий лицензиялар берилганлиги тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади.



42-модда. Селекция ютуғидан фойдаланиш

Башарти етиштирилган, такрор етиштирилган, экинбоплик кондициясига ёки кейинчалик кўпайтириш даражасига етказилган уруғлик, кўчат ёки насл материали ўзининг морфологик, физиологик ва бошқа белгилари бўйича ҳимоя қилинаётган селекция ютуғининг расмий тавсифида акс эттирилган маълумотларга мос келса, селекция ютуғидан фойдаланилган деб ҳисобланади.



43-модда. Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик

Селекция ютуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                         И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1996 й., N 9, 133-модда









































Время: 0.1464
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск