Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Қимматли қоғозлар. Қимматли қоғозлар бозори / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Қимматли қоғозлар бозори /

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.2001 й. 262-II-сон "Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.2001 й.

N 262-II



ҚИММАТЛИ ҚОҒОЗЛАР БОЗОРИДА

ИНВЕСТОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади инвесторларнинг ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, эмиссия жараёнидан ҳамда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказиладиган акция, облигация ва бошқа қимматли қоғозлар уларнинг инвестициялаш объекти ҳисобланади.

Ушбу Қонун банклар, бошқа кредит ва суғурта ташкилотлари томонидан жамғармаларга пул маблағларини жалб этиш билан, депозит сертификатлар, векселлар ва қонун ҳужжатларига мувофиқ эмиссия жараёнидан ўтказилмайдиган бошқа қимматли қоғозлар муомаласи билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилмайди.



2-модда. Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги

қонун ҳужжатлари


Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.



3-модда. Қимматли қоғозлар бозорида

инвесторларнинг ҳуқуқлари


Инвесторлар қимматли қоғозлар бозорида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

эмитентдан қимматли қоғозларнинг чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги, эмитентнинг жорий молиявий ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари ҳақидаги ахборотни тақдим этишни талаб қилиш;

қимматли қоғозлар бозорида уларга ўз хизматларини таклиф этувчи инвестиция институтларидан ушбу Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ улар тўғрисидаги, шунингдек қимматли қоғозларнинг фонд биржасидаги савдоларини ва биржадан ташқари савдосини ўтказиш қоидалари ҳақидаги ахборотни талаб қилиш;

пул ва бошқа тўлов маблағлари, мол-мулки билан, шунингдек пул қийматига эга бўлган ҳуқуқлари (шу жумладан, мулкий ҳуқуқлар) асосида қонун ҳужжатларида ва эмитентнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда қимматли қоғозларга инвестициялар қўйиш;

қимматли қоғозлар бозоридаги ўз таваккалларини суғурталаш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органидан инвестиция институтлари ва уларнинг бирлашмалари тўғрисида, қимматли қоғозлар эмиссиясини тўхтатиб қўйишга, қимматли қоғозлар бозоридаги касбий фаолиятга доир лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб қўйиш, тугатиш ва бекор қилишга доир барча ҳолатлар, инвестиция институтлари ва эмитентлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг даъво аризалари бўйича эмитентлар ёки инвестиция институтларига нисбатан чиқарилган суд қарорлари ҳақида ахборот олиш;

қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига эмитентлар ёки инвестиция институтлари томонидан уларнинг ҳуқуқлари бузилаётганлиги тўғрисидаги шикоятлар билан мурожаат қилиш;

фонд биржаси аъзолари, унинг мансабдор шахслари ва мутахассислари томонидан ҳуқуқлари бузилган тақдирда фонд биржасига шикоятлар билан мурожаат қилиш;

қимматли қоғозлар бозорида ҳуқуқлари бузилганлиги ва етказилган зарарларни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш;

инвесторларнинг бирлашмалари орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш.

Инвесторлар қимматли қоғозлар бозорида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



4-модда. Инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

мақсадида қимматли қоғозлар бозоридаги чеклашлар


Инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қимматли қоғозлар бозорида қуйидагилар тақиқланади:

чиқарилиши давлат рўйхатидан ўтказилмаган, шунингдек эмиссияси тўхтатиб қўйилган қимматли қоғозларнинг муомалада бўлиши, уларни реклама қилиш ва таклиф этиш;

инвесторлар билан уларнинг қимматли қоғозлар бозорида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқларини чеклайдиган шартномаларни тузиш;

қимматли қоғозлар бозорида инвестиция институтлари ва фонд биржаси томонидан касбий фаолиятни тегишли лицензияларсиз амалга ошириш;

қимматли қоғозларнинг эгаси ўзига тегишли қимматли қоғозларнинг қиймати тўлиқ тўлангунига қадар уларга доир битимлар тузиши.



5-модда. Эмитентларнинг инвесторларга ахборот

тақдим этишга доир мажбуриятлари


Эмитент қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларида қимматли қоғозларнинг чиқарилиши тўғрисидаги  (қимматли қоғозлар чиқарилгани давлат рўйхатидан ўтказилгани, инвесторларни қимматли қоғозлар эмиссияси проспекти билан таништириш жойи ва тартиби тўғрисидаги) маълумотларни ушбу қимматли қоғозларнинг эмиссияси бошланишига камида икки ҳафта қолганида эълон қилади, шунингдек қимматли қоғозлар эмиссияси шартларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги ахборотни бу ўзгаришлар қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органида рўйхатдан ўтказилганидан кейин эълон қилади.

Ўз қимматли қоғозлари қимматли қоғозлар бозорида муомалада бўлган эмитентлар инвесторларга қимматли қоғозларнинг эмиссияси проспекти билан, ўзларининг ўтган икки йилдаги молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисидаги (агар бундай фаолият амалга оширилган бўлса) йиллик ҳисоботлари билан, илгари ўзлари чиқарган қимматли қоғозлар ҳақидаги ахборот билан танишиш имкониятини таъминлашлари шарт.

Эмитент қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда инвесторларга бошқа ахборотни ҳам тақдим этиши шарт.

Эмитент ушбу моддада назарда тутилган ахборотни ёзма шаклда инвесторга тақдим этганлик учун ундан нусха кўчиришга сарфланадиган харажатлардан ошмайдиган миқдорда ҳақ олиши мумкин.



6-модда. Инвестиция институтларининг инвесторларга

ахборот тақдим этишга доир мажбуриятлари


Инвесторнинг талабига биноан унга қимматли қоғозлар бозорида ўз хизматларини таклиф этаётган инвестиция институти қуйидаги ҳужжатлар ва ахборотни тақдим этади:

қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензиянинг нусхаси;

инвестиция институтининг юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатнинг нусхаси;

инвестиция институтининг устав капитали, ўз маблағларининг миқдори ва захира фонди тўғрисидаги маълумотлар;

ундан инвестор сотиб оладиган ёки инвесторнинг топшириғига кўра у сотиб оладиган қимматли қоғозлар чиқарилишининг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ва бу чиқарилишнинг рўйхатдан ўтказилиш рақами;

ундан инвестор сотиб оладиган ёки инвесторнинг топшириғига кўра у сотиб оладиган қимматли қоғозларнинг эмиссияси проспектида баён этилган маълумотлар;

ундан инвестор сотиб оладиган, инвесторнинг топшириғига кўра унинг ўзи ёки қимматли қоғозлар сотилаётганда инвестор сотиб оладиган қимматли қоғозлар тўғрисидаги ҳамда инвестор томонидан ахборот тақдим этиш ҳақида талаб қўйилган санадан олдинги олти ҳафта давомида қимматли қоғозларга бўлган нархларни белгилаш тўғрисидаги маълумотлар;

ундан инвестор сотиб оладиган, инвесторнинг топшириғига кўра унинг ўзи ёки қимматли қоғозлар сотилаётганда инвестор сотиб оладиган, инвестор томонидан ахборот тақдим этиш ҳақида талаб қўйилган санадан олдинги олти ҳафта давомида у сотиб олган ва сотган қимматли қоғозларнинг нархлари тўғрисидаги маълумотлар ёхуд бундай операциялар ўтказилмаганлиги тўғрисидаги маълумотлар;

шартномада қайд этилган муддатларда инвесторларнинг манфаатларини кўзлаб, қимматли қоғозлар билан амалга оширилган битимларнинг натижалари бўйича ҳисобот;

инвестиция институти йилнинг бир чораги давомида бир эмитентнинг бир турдаги қимматли қоғозлари билан операцияларни ҳамда бир эмитентнинг бир турдаги қимматли қоғозлари билан бир маротабалик операцияни амалга оширган ҳолларда, башарти бу операция бўйича қимматли қоғозларнинг сони мазкур қимматли қоғозлар умумий сонининг камида ўн беш фоизини ташкил этган бўлса, ўзи қимматли қоғозлар билан амалга оширган операциялар тўғрисидаги маълумотлар.

Инвестиция институти инвесторларни ушбу моддада назарда тутилган ахборотни олишга ҳақли эканликларидан хабардор қилиши шарт.

Инвестиция институти ушбу моддада назарда тутилган ахборотни ёзма шаклда инвесторга тақдим этганлик учун ундан нусха кўчиришга сарфланадиган харажатлардан ошмайдиган миқдорда ҳақ олиши мумкин.



7-модда. Қимматли қоғозлар билан тузиладиган битимларнинг

ҳамда инвесторлар маблағларининг ҳисобини юритиш


Инвестиция институти инвесторлар иштирокида қимматли қоғозлар билан ўзи тузадиган барча битимларнинг ҳисобини юритади.

Инвестиция институти томонидан қимматли қоғозларнинг ҳамда инвесторлар маблағларининг ҳисобини юритиш унинг молиявий-хўжалик фаолиятининг бухгалтерия ҳисобидан алоҳида тарзда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.



8-модда. Эмитентлар ва инвестиция

институтларининг жавобгарлиги


Эмитентлар ва инвестиция институтлари инвестор олдида етказилган зарар доирасида қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидагилар учун мулкий жавобгар бўладилар:

инвесторнинг талабига биноан қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ахборотни тақдим этмаганлик ёхуд ҳақиқатга тўғри келмайдиган ахборотни тақдим этганлик учун;

қимматли қоғозлар эмиссиясининг белгиланган тартибини бузганлик учун;

қимматли қоғозларнинг инсофсиз рекламасини амалга оширганлик, қимматли қоғозларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган чиқарилишининг рекламаси, шунингдек муомалада бўлиши қонун билан тақиқланган қимматли қоғозларнинг рекламаси учун;

улар инвесторлар билан қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқларини ҳамда эмитентлар ва қимматли қоғозлар бозори профессионал қатнашчиларининг жавобгарлигини чеклайдиган шартномаларни тузганлик учун;

аниқланган ҳийла-найранг ишлатиш фактлари ва қимматли қоғозлар бозоридаги бошқа қоидабузарликлар, шунингдек қимматли қоғозлар, қимматли қоғозларнинг эмитентлари, қимматли қоғозларга доир нархлар тўғрисида, шу жумладан рекламада қасддан бузиб кўрсатилган ахборотни тақдим этиш йўли билан инвесторларни қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотишга даъват қилганлик учун;

инвесторлар билан тузилган шартномалар шартларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик, шунингдек инвестор билан тузилган шартномада қайд этилганидан фарқ қиладиган шартларда битим тузганлик учун.



9-модда. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича

ваколатли давлат органининг қимматли қоғозлар бозорида

инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга

доир ҳуқуқлари


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

инвесторларнинг, шунингдек давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилиб даъво аризалари билан судга мурожаат этиш;

инвесторларнинг ҳуқуқларини бузган ёки ўз ҳаракатлари билан инвесторларнинг ҳуқуқлари бузилишига таҳдид солувчи инвестиция институтига қимматли қоғозлар бозорида айрим операциялар ўтказишни фавқулодда вазиятлар, эпидемиялар ҳамда аҳолининг ҳаёти ва саломатлиги учун бошқа реал хавф юзага келишининг олдини олиш билан боғлиқ ҳолда ўз ваколатлари доирасида ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклаб қўйиш. Қимматли қоғозлар бозорида айрим операциялар ўтказилишини ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга чеклаш ёки тақиқлаш суд тартибида амалга оширилади;

бошқа давлат органларидан қимматли қоғозлар бозорида инвесторлар ҳуқуқларининг бузилганлиги фактларини ўрганиш учун зарур бўлган, қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларига тааллуқли маълумотлар ва материалларни сўровлар асосида олиш, шунингдек мазкур фактларни биргаликда ўрганиб чиқиш.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган асослар бўйича судга даъво билан мурожаат қилганда давлат божи тўлашдан озод этилади.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ўз ваколатлари доирасидаги кўрсатмалари эмитентлар, инвестиция институтлари ва уларнинг мансабдор шахслари ижро этишлари учун мажбурийдир.



10-модда. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича

ваколатли давлат органининг қимматли қоғозлар бозорида

инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга

доир мажбуриятлари


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи:

1) инвесторларни оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ўзи яратган электрон ахборот-маълумот тизимлари орқали:

қимматли қоғозларнинг рўйхатга олинган чиқарилиши тўғрисида ҳамда эмиссияси ва муомалада бўлиши тўхтатиб қўйилган (қайта тикланган) қимматли қоғозларнинг чиқарилиши тўғрисида;

фонд биржасига биржа фаолиятини амалга ошириш учун, инвестиция институтларига қимматли қоғозлар бозорида касбий фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар берилганлиги тўғрисида, амал қилиши тўхтатиб қўйилган ёки тугатилган лицензиялар тўғрисида, шунингдек тўхтатиб қўйилиши, тугатилиши ёки бекор қилинишининг сабаблари кўрсатилиб, бекор қилинган лицензиялар тўғрисида;

қимматли қоғозлар бозорида ҳуқуқбузарликларга йўл қўйганлиги учун жавобгарлик чоралари қўлланилган эмитентлар, инвестиция институтлари, мансабдор шахслар ҳамда уларга нисбатан қўлланилган жавобгарлик чора турлари тўғрисида;

унинг даъво аризалари бўйича чиқарилган суд қарорларидан хабардор қилишга;

2) қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларининг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги фактлари аниқланганда текширувлар ўтказиш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўришга;

3) давлат органларидан ва қимматли қоғозлар бозори қатнашчиларидан инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этишга мажбурдир, ахборотни учинчи шахсларга ошкор этилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи ушбу моддада назарда тутилган ахборотни ёзма шаклда инвесторга тақдим этганлик учун ундан нусха кўчиришга сарфланадиган харажатлардан ошмайдиган миқдорда ҳақ олиши мумкин.



11-модда. Инвесторларнинг шикоят ва

аризаларини кўриб чиқиш


Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи қимматли қоғозлар бозорида инвесторлар ҳуқуқларининг бузилиши масалалари юзасидан шикоят ва аризаларни кўриб чиқиш учун қабул қилади ҳамда кўриб чиқиш натижалари ҳақида бир ойдан кечиктирмай аризачини хабардор қилади.

Фонд биржаси биржа савдоларида қатнашаётган инвестиция институтлари, биржа савдоларининг мансабдор шахслари ва мутахассислари хатти-ҳаракатлари устидан тушган инвесторларнинг шикоят ва аризаларини биржа савдолари қоидаларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқади.

Инвесторларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан фонд биржаси:

қоидабузарга нисбатан биржа савдолари қоидаларида белгиланган  жавобгарлик чораларини қўллашга;

қоидабузарга инвесторга етказилган зарарларни қоплашни тавсия этишга;

инвестиция институтини ўз аъзолари сафидан чиқариш ва унга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ чоралар кўришни сўраб қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органига ариза билан мурожаат қилишга ҳақлидир.

Фонд биржаси қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг талабига биноан инвесторларнинг шикоят ва аризаларини кўриб чиқиш якунлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этади.



12-модда. Низоларни ҳал қилиш


Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



13-модда. Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг

ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Қимматли қоғозлар бозорида инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



































Время: 0.1964
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск