ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Интеллектуал мулк / Фирма номлари. Савдо белгиси. Хизмат кўрсатиш белгиси. Товар келиб чиққан жой /

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.2001 й. 267-II-сон "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.2001 й.

N 267-II



ТОВАР БЕЛГИЛАРИ, ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

БЕЛГИЛАРИ ВА ТОВАР КЕЛИБ ЧИҚҚАН

ЖОЙ НОМЛАРИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонун товар белгиларини, хизмат кўрсатиш белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.


2-модда. Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар

келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчилик

Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси


Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгиси (бундан буён матнда товар белгиси деб юритилади) бу бир юридик ва жисмоний шахслар товарлари ва хизматларини (бундан буён матнда товарлар деб юритилади) бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг шу турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган белгилардир.

Товар белгилари якка тартибдаги ва жамоавий бўлиши мумкин.

Алоҳида юридик ёки жисмоний шахсга тегишли товар белгиси якка тартибдаги белги ҳисобланади.

Юридик ва (ёки) жисмоний шахслар бирлашмасининг улар томонидан ишлаб чиқариладиган ва (ёки) реализация қилинадиган, бир хил сифатга ёки бошқа умумий тавсифларга эга бўлган товарларини белгилаш учун мўлжалланган товар белгиси жамоавий белги ҳисобланади.

Тасвирлар, сўзлар, муайян шакл тарзидаги белгилар ва бошқа белгилар ёки уларнинг исталган бир рангдаги ёки турли рангдаги жамлама ифодаси товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилиши мумкин.


4-модда. Товар белгисини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш


Товар белгиси ҳуқуқий жиҳатдан уни ушбу Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ равишда муҳофаза қилинади.

Товар белгиси юридик ёки жисмоний шахс номига рўйхатдан ўтказилиши мумкин.


5-модда. Товар келиб чиққан жой номи


Мамлакат, аҳоли пункти, жой ёки бошқа жўғрофий объектнинг (бундан буён матнда жўғрофий объект деб юритилади) товарни белгилаш учун ишлатиладиган, унинг алоҳида хусусиятлари тамомила ёки асосан мазкур жўғрофий объектга хос табиий шароитлар билан ёки бошқа омиллар ёхуд табиий шароитлар ва ушбу омилларнинг бирикмаси билан белгиланадиган номи товар келиб чиққан жой номи деб эътироф этилади.


6-модда. Товар келиб чиққан жой номини ҳуқуқий

жиҳатдан муҳофаза қилиш


Товар келиб чиққан жой номи ҳуқуқий жиҳатдан уни ушбу Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш асосида, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ равишда муҳофаза қилинади.

Товар келиб чиққан жой номи мазкур жўғрофий объектдаги, номи ўзлари ишлаб чиқараётган товарни белгилаш учун ишлатиладиган бир ёки бир неча юридик ёки жисмоний шахс томонидан рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказган шахс бу номдан, башарти мазкур шахс алоҳида хусусиятлари тамомила ёки асосан мазкур жўғрофий объектга хос табиий шароитлар ёки бошқа омиллар билан ёхуд табиий шароитлар ва ушбу омилларнинг бирикмаси билан белгиланадиган товарни ишлаб чиқараётган бўлса, фойдаланиш ҳуқуқини олади.

Ушбу Қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи худди шу жўғрофий объектда жойлашган ва айнан шундай хусусиятларга эга бўлган товар ишлаб чиқараётган бошқа юридик ёки жисмоний шахсга ҳам берилиши мумкин.



7-модда. Ваколатли давлат органи


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (бундан буён матнда Вазирлик деб юритилади) товар белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Вазирлик:

товар белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда қатнашади;

товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатга олишга доир талабномаларни кўриб чиқиш учун қабул қилади, улар юзасидан давлат экспертизаси ўтказилишини ташкил этади;

товар белгиларини, товар келиб чиққан жой номларини ва товар келиб чиққан жой номларидан фойдаланиш ҳуқуқини, товар белгиларига доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказишни амалга оширади;

Товар белгилари давлат реестрини ва Товар келиб чиққан жой номлари давлат реестрини (бундан буён матнда реестр деб юритилади), шунингдек Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатини (бундан буён матнда Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхати деб юритилади) юритади;

товар белгиси учун гувоҳнома ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради;

товар белгилари рўйхатга олинганлиги ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи берилганлиги шунингдек товар белгиси Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум деб эътироф этилганлиги тўғрисида расмий маълумотларни эълон қилади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Интеллектуал мулк маркази" давлат муассасаси (бундан буён матнда Давлат муассасаси деб юритилади) товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини, товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатга олишга доир талабномалар юзасидан давлат экспертизасини ўтказади.


8-модда. Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва

товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини

рўйхатга олиш учун талабнома бериш


Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома юридик ёки жисмоний шахс томонидан (бундан буён матнда талабнома берувчи деб юритилади) Вазирликка давлат ахборот тизимлари орқали берилади.

Жамоавий белгини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома юридик ва (ёки) жисмоний шахслар бирлашмаси номидан бирлашма қатнашчиларининг жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишувига мувофиқ берилади.

Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома берилгандан сўнг Вазирлик ушбу талабнома ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтига бир иш куни ичида жойлаштиради.

Талабнома ҳақидаги маълумотлар расмий веб-сайтга жойлаштирилгандан сўнг манфаатдор шахслар Вазирликка товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун ноҳалол топширилган аризалар ҳақидаги ёзма эътирозларини тақдим этишлари мумкин.

Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома берилган сана мазкур талабнома Вазирликка келиб тушган санага қараб белгиланади.

Товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома, агар унда бир неча товар кўрсатилган бўлса, талабнома берувчининг илтимосномасига кўра дастлабки талабнома берилган сана сақланган ҳолда икки ёки бир неча талабномага ажратилиши мумкин.

Илгари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига кўра муҳофаза қилинган товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабнома Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган маъмурий регламентда белгиланган тартибда берилади.


9-модда. Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва

товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини

рўйхатдан ўтказиш учун бериладиган талабномага

доир талаблар


Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш учун бериладиган талабнома бир товар белгисига ёки товар келиб чиққан бир жой номига тааллуқли бўлиши лозим.

Талабномада қуйидагилар бўлиши керак:

товар белгиси сифатида белгини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ариза;

талабномада кўрсатилган белгининг тасвири;

белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун товарлар ва хизматларнинг халқаро таснифига мувофиқ гуруҳланган, товар белгисини рўйхатдан ўтказиш сўралаётган товарларнинг рўйхати;

товар ишлаб чиқарилган жойни жўғрофий объект чегарасида кўрсатган ҳолда товар келиб чиққан жой номини ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш сўралаётган товар турининг номи ҳамда унинг алоҳида хусусиятлари тавсифи.

Талабномага қуйидагилар илова қилиниши зарур:

талабнома берганлик учун патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

талабнома патент вакили орқали берилган тақдирда талабнома берувчининг ишончномаси;

талабнома берувчининг зикр этилган жўғрофий объектда жойлашганлигини ва алоҳида хусусиятлари мазкур жўғрофий объектга хос табиий шароитлар ёки бошқа омиллар билан ёхуд табиий шароитлар ва ушбу омилларнинг бирикмаси билан боғлиқ товар ишлаб чиқаришини тасдиқловчи ҳужжатлар;

чет эллик талабнома берувчининг товар келиб чиққан жойнинг талабномада ифодаланган номидан товар келиб чиққан мамлакатда фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.

Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳужжатларга тааллуқли талаблар маъмурий регламент билан белгиланади.


10-модда. Товар белгилари сифатида рўйхатдан

ўтказилмайдиган белгилар


Қуйидагилар товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмайди:

1) давлат герблари, байроқлари ва давлат мукофотларининг тасвири туширилган белгилар;

2) давлатларнинг расмий номлари, халқаро ёки ҳукуматлараро ташкилотларнинг қисқартирилган ёки тўлиқ номлари;

3) расмий назорат, кафолат тамғалари ва намуна йўсинидаги тамғалар, муҳрлар;

4) давлат хизматларининг Ўзбекистон Республикасида қўлланиладиган ажратиш ва фарқлаш белгилари тасвирлари;

5) фарқлаш хусусиятига эга бўлмаган белгилар;

6) муайян турдаги товарларнинг белгиси сифатида умум фойдаланишда бўлган белгилар;

7) умум эътироф этилган рамзлар ва атамалар ҳисобланган белгилар;

8) товарларни, шу жумладан уларнинг тури, сифати, сони, хусусияти, қандай мақсадга мўлжалланганлиги ва қийматини, шунингдек уларнинг ишлаб чиқариладиган ёки ўтказиладиган жойи ва вақтини тавсифлаш учун фойдаланиладиган белгилар;

9) товар ёки унинг тайёрловчиси хусусидаги ёлғон ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;

10) товар келиб чиққан ҳақиқий жойни расман кўрсатувчи, лекин товар бошқа ҳудудда чиқарилаётганлиги ҳақида янглиш тасаввур берувчи белгилар;

11) маъданли сувлар, вино ёки кучли спиртли ичимликларнинг аслиятини акс эттирувчи жўғрофий номлар бўлган ёки шундай номларни ифодаловчи белгилар, мазкур жойда чиқарилмаган товарларни белгилаш учун ишлатилган белгилар, шунингдек башарти улар таржима қилиниб ёки "кўринишдаги", "турдаги", "усулдаги" ва бошқа шунга ўхшаш сўзлар билан қўшилган ҳолда қўлланилса;

12) жамият манфаатларига, одамийлик ва ахлоқ қоидаларига зид бўлган белгилар;

13) қуйидаги белгилар:

илгари Ўзбекистон Республикасида бошқа шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки рўйхатдан ўтказиш сўраб талабнома берилган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилмай ҳам муҳофаза қилинадиган ёки шу турдаги товарларга нисбатан анча илгарироқ устуворликка эга бўлган товар белгилари билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган белгилар;

ҳар қандай товарларга нисбатан бошқа шахсларнинг белгиланган тартибда ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгилари билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган белгилар;

қонунга мувофиқ муҳофаза қилинадиган географик кўрсаткичлар ва товар келиб чиққан жой номлари бўлган белгилар билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган белгилар, бу белгилар ҳар қандай товарларга нисбатан шундай кўрсаткичдан ёки номдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс номига рўйхатдан ўтказилаётган товар белгисига муҳофаза қилинмайдиган қисм сифатида киритилган ҳоллар бундан мустасно;

белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган сертификатлаш белгилари билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган белгилар;

14) қуйидаги белгилар:

ўзга шахсларга тегишли ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таниқли бўлган фирма номларини (ёки уларнинг бир қисмини), агар бу номга бўлган ҳуқуқ бир турдаги товарларни белгилаш учун товар белгисига доир талабнома келиб тушган санадан аввалроқ олинган бўлса, такрорловчи белгилар;

саноат намуналарини, агар уларга бўлган ҳуқуқ Ўзбекистон Республикасида ўзга шахсларга тегишли бўлса, такрорловчи белгилар;

Ўзбекистон Республикасида машҳур бўлган илмий асарлар, адабиёт ва санъат асарларининг номларини, уларнинг қаҳрамонларини ёки ибораларини, санъат асарларини ёки улардан кўринишларни муаллифлик ҳуқуқига эга бўлган шахс ёки унинг ҳуқуқий ворислари (меросхўрлари) розилигини олмаган тарзда такрорловчи белгилар;

атоқли шахсларнинг фамилиялари, исмлари, тахаллусларини ва улардан ясалган сўзларни, бундай шахсларнинг портретларини ҳамда дастхатларини, башарти булар Ўзбекистон Республикасининг тарихий ва маданий бойлиги бўлса, ана шу атоқли шахслар, уларнинг меросхўрлари ёки давлат органи розилигини олмаган тарзда такрорловчи белгилар.

Ушбу модда биринчи қисмининг 1 4-бандларида кўрсатилган белгилар, агар бунга тегишли давлат органининг ёки белги эгасининг розилиги бўлса, товар белгисига муҳофаза қилинмайдиган қисмлар сифатида киритилиши мумкин, ушбу модда биринчи қисмининг 5 8-бандларида кўрсатилган белгилар, агар улар товар белгисида устун мавқега эга бўлмаса, бу белгига муҳофаза қилинмайдиган қисмлар сифатида киритилиши мумкин.

Ушбу модда биринчи қисмининг 5 8-бандларида кўрсатилган белгиларни рўйхатдан ўтказишга, башарти бу белгилар амалда улардан фойдаланиш натижасида фарқланиш хусусиятига эга бўлган тақдирдагина, йўл қўйилиши мумкин.

Ушбу модда биринчи қисмининг 13-бандидаги иккинчи ва учинчи хатбошиларда кўрсатилган товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида уларга айнан ўхшаш бўлган белгиларни рўйхатдан ўтказишга товар белгиси эгасининг бу белгини рўйхатга олиш учун розилиги бўлган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.


11-модда.Товар келиб чиққан жой номи сифатида

рўйхатдан ўтказилмайдиган белгилар


Қуйидаги белгилар товар келиб чиққан жой номи сифатида рўйхатдан ўтказилмайди:

товар келиб чиққан жой хусусида истеъмолчини чалғитиб қўядиган жўғрофий ном бўлган белгилар;

товар келиб чиққан ҳақиқий жойни расман кўрсатувчи, лекин товар бошқа ҳудудда чиқарилаётганлиги ҳақида янглиш тасаввур берувчи белгилар;

товар тайёрланган жой номи билан боғлиқ бўлмаган жўғрофий номни англатувчи ва Ўзбекистон Республикасида муайян турдаги товар белгиси сифатида умум фойдаланишда бўлган белгилар;

шу турдаги товарга нисбатан товар келиб чиққан жой номи ёки географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилган белгилар.


12-модда. Товар белгисининг устуворлиги


Товар белгисининг устуворлиги товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун Вазирликка талабнома берилган санага қараб белгиланади.

Товар белгисининг устуворлиги товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун биринчи талабнома Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенциясига қўшилган давлатда берилган санага қараб, башарти шу санадан кейинги олти ой мобайнида Вазирликка товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабнома тушган бўлса (конвенция устуворлиги), белгиланиши мумкин.

Саноат мулкини муҳофаза қилиш бўйича Париж конвенциясига қўшилган давлатлардан бирининг ҳудудида ташкил этилган расмий халқаро кўргазмаларнинг ёки расмий деб тан олинган шундай кўргазмаларнинг экспонатларига қўйилган товар белгисининг устуворлиги экспонат кўргазмада очиқ намойиш этила бошланган санага қараб (кўргазма устуворлиги), башарти шу санадан кейинги олти ой мобайнида Вазирликка товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабнома тушган бўлса, белгиланиши мумкин.

Конвенция ёки кўргазма устуворлиги ҳуқуқини сўраётган талабнома берувчи қўйилган талаб ҳаққоний эканлигини тасдиқловчи зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда бу ҳақда товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани бераётганида ёки Вазирликка талабнома тушганидан кейин икки ой мобайнида маълум қилиши шарт ёхуд бу ҳужжатларни товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабнома тушган вақтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Давлат муассасасига тақдим этиши лозим.

Товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабнома икки ёки бир неча талабномага ажратилган тақдирда талабномаларнинг ҳар бири бўйича устуворлик дастлабки талабноманинг устуворлиги санасига қараб белгиланади.

Товар белгисининг устуворлиги илгари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига кўра муҳофаза қилинган товар белгисининг устуворлиги санасига қараб белгиланиши мумкин.


13-модда. Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва

товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини

рўйхатдан ўтказишга доир талабномани давлат

экспертизасидан ўтказиш


Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани давлат экспертизасидан ўтказиш Давлат муассасаси томонидан амалга оширилади ҳамда расмий экспертизадан ўтказишдан ва талабномада ифодаланган белгини экспертизадан ўтказишдан иборат бўлади.

Талабнома берувчи товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани давлат экспертизасидан ўтказиш даврида бу талабнома юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ўз ташаббуси билан талабнома материалларини тузатиш, аниқлаштириш ёки талабнома моҳиятини ўзгартирмайдиган маълумотлар билан тўлдиришга ҳақли.

Товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани давлат экспертизасидан ўтказиш даврида талабнома берувчи бу талабнома юзасидан қарор қабул қилингунига қадар дастлабки талабномада санаб ўтилган товарларни талабномалар ўртасида тақсимлаш орқали дастлабки талабномани икки ёки бир неча талабномага ажратишга ҳақли.

Давлат экспертизасини ўтказиш жараёнида қўшимча материалларсиз экспертиза ўтказиш мумкин бўлмаса, Давлат муассасаси талабнома берувчидан бундай материалларни сўраб олишга ҳақли.

Давлат экспертизасининг сўровига биноан қўшимча материалларни талабнома берувчи сўров жўнатилган санадан эътиборан уч ой мобайнида тақдим этмоғи лозим. Талабнома берувчининг илтимосига кўра мазкур муддат кўпи билан олти ойга узайтирилиши мумкин. Агар талабнома берувчи сўралаётган қўшимча материалларни ёки уларни тақдим этиш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномани кўрсатилган муддатда тақдим этмаса, талабнома чақириб олинган деб ҳисобланади.

Талабнома берувчи томонидан ўтказиб юборилган муддатлар талабнома берувчининг мазкур муддат тугаганидан кейин кечи билан икки ой ичида берган илтимосномасига биноан Давлат муассасаси томонидан тикланиши мумкин.

Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани давлат экспертизасидан ўтказиш тартиби маъмурий регламент билан белгиланади.


14-модда. Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва

товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини

рўйхатдан ўтказишга доир талабномани расмий

экспертизадан ўтказиш


Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани расмий экспертизадан ўтказиш талабнома Вазирликка берилган санадан эътиборан ўттиз кунлик муддат ичида амалга оширилади.

Расмий экспертизадан ўтказиш жараёнида товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга доир талабноманинг мазмуни, зарур ҳужжатларнинг мавжудлиги, шунингдек уларнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги текширилади. Талабнома берувчига расмий экспертиза натижаларига биноан Давлат муассасасининг талабномани кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисидаги ёхуд қабул қилишни рад этиш ҳақидаги қарори маълум қилинади.


15-модда.Талабномада ифодаланган белгини

экспертизадан ўтказиш


Талабномада ифодаланган белгини экспертизадан ўтказиш товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга доир талабнома кўриб чиқиш учун қабул қилинганлиги тўғрисидаги қарорга мувофиқ, талабнома берилган санадан эътиборан етти ой ичида, бироқ камида олти ойдан кейин Давлат муассасаси томонидан амалга оширилади. Тарафларнинг келишувига кўра амалга ошириладиган муҳофазага лаёқатлилик ахборотини излаш ўтказилган тақдирда, талабномада ифодаланган белгининг экспертизаси талабномани кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан бир ой ичида ўтказилади.

Экспертизадан ўтказиш чоғида талабномада ифодаланган белгининг: товар белгисини экспертиза қилишда ушбу Қонун 3-моддасининг биринчи қисми ҳамда 10-моддаси (10-моддаси биринчи қисмининг 14-банди бундан мустасно) қоидаларига, товар келиб чиққан жой номини экспертиза қилиш ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини беришда эса ушбу Қонуннинг 6 ва 11-моддалари қоидаларига мувофиқлиги текширилади.

Экспертиза натижаларига биноан Давлат муассасаси товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказиш ва (ёки) ундан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисида ёхуд уларни рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади, талабнома берувчи бу хусусда хабардор қилинади.

Давлат муассасасининг товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги қарори ушбу Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ санасига кўра устуворликка эга бўлган талабнома тушганлиги муносабати билан қайта кўриб чиқилиши мумкин.


16-модда. Давлат экспертизасидан ўтказиш натижалари

устидан шикоят бериш


Талабнома берувчи давлат экспертизасидан ўтказиш натижалари устидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Апелляция кенгашига (бундан буён матнда Апелляция кенгаши деб юритилади) қарор қабул қилинган санадан эътиборан уч ой мобайнида шикоят беришга ҳақли.

Давлат экспертизасидан ўтказиш натижалари устидан Апелляция кенгашига шикоят бериш тартиби Вазирлик томонидан белгиланади.

Талабнома берувчи Апелляция кенгашининг қарори устидан қарор қабул қилинган санадан эътиборан олти ой мобайнида судга шикоят беришга ҳақли.


17-модда. Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва

(ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини

рўйхатдан ўтказишга доир талабномадан бошқа шахс

фойдасига воз кечиш ёки бундай талабномани

чақириб олиш


Талабнома берувчи товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказишга доир талабномадан уни кўриб чиқишнинг исталган босқичида бошқа шахс фойдасига воз кечиши ёки талабномани чақириб олиши мумкин, лекин бу тегишинча товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи рўйхатдан ўтказиладиган санадан кечиктирмай амалга оширилиши лозим.


18-модда. Товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва

(ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини

рўйхатга олиш


Вазирлик давлат экспертизасидан ўтказиш натижалари асосида, патент божи тўланганлиги ҳақидаги ҳужжат олинган санадан эътиборан уч иш куни ичида товар белгисини, товар келиб чиққан жой номини ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини тегишли реестрда рўйхатга олади.

Реестрга киритиладиган маълумотлар таркиби маъмурий регламент билан белгиланади.


19-модда. Рўйхатга олиш маълумотларини эълон қилиш

Товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотлар Вазирликнинг ўз расмий веб-сайтида ҳам жойлаштириладиган расмий ахборотномасида эълон қилинади. Эълон қилинадиган маълумотлар таркиби Вазирлик томонидан белгиланади.



20-модда. Товар белгисига доир гувоҳнома ва товар келиб

чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи

тўғрисидаги гувоҳнома


Товар белгисига доир гувоҳнома товар белгиси сифатида талабномада ифодаланган белги рўйхатдан ўтказилганлиги фактини, товар белгисининг устуворлигини ва товар эгасининг гувоҳномада кўрсатилган товарларга нисбатан товар белгисига бўлган мутлақ ҳуқуқини тасдиқлайди.

Товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома товар келиб чиққан жой номи сифатида талабномада ифодаланган белги рўйхатдан ўтказилганлиги фактини ва гувоҳнома эгасининг ундан гувоҳномада кўрсатилган товар турига нисбатан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайди.

Товар белгисига доир гувоҳнома ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи ва (ёки) товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тегишли реестрда рўйхатга олинганидан кейин ўша куннинг ўзида Вазирлик томонидан QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланган ҳолда электрон шаклда берилади. Гувоҳномалар шакли ва уларда кўрсатиладиган маълумотлар таркиби Вазирлик томонидан белгиланади.


21-модда. Товар белгисига доир гувоҳноманинг ҳамда товар

келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги

гувоҳноманинг амал қилиш муддати


Товар белгисига доир гувоҳнома ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома талабнома берилган санадан эътиборан ўн йил мобайнида амал қилади.



22-модда. Товар белгисига доир гувоҳноманинг ҳамда товар келиб

чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги

гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш


Товар белгисига доир гувоҳноманинг ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддати гувоҳнома амал қилаётган охирги йил мобайнида унинг эгаси томонидан берилган аризага биноан ҳар сафар ўн йилга узайтирилиши мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аризага қуйидагилар илова қилиниши лозим:

патент божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

патент вакили орқали ариза берилган тақдирда талабнома берувчининг ишончномаси;

товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахс мазкур жўғрофий объектда эканлигини ва гувоҳномада кўрсатилган хусусиятларга эга бўлган товар ишлаб чиқараётганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Товар белгисига доир гувоҳноманинг ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақидаги ёзув тегишли реестрга киритилади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган аризани бериш муддати гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагандан кейин олти ой мобайнида гувоҳнома эгаси берган илтимосномага биноан узайтирилиши мумкин.



23-модда. Товар белгисига доир гувоҳномага ва товар келиб

чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги

гувоҳномага ўзгартиришлар киритиш


Товар белгисининг эгаси ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг эгаси Вазирликни ўз номи, фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганлиги тўғрисида, товар белгиси ёки товар келиб чиққан жой номини рўйхатдан ўтказишга тааллуқли бошқа ўзгартиришлар тўғрисида, товар белгиси учун эса товар белгиси олинган товарларнинг рўйхати қисқартирилганлиги, товар белгисининг айрим қисмлари унинг моҳиятини бузмайдиган тарзда ўзгартирилганлиги тўғрисида хабардор қилади. Ушбу ўзгартиришлар тўғрисидаги ёзув Вазирлик томонидан товар белгисига доир гувоҳномага ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномага ва тегишли реестрга киритилади.

Товар белгисига доир гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида низо келиб чиққан тақдирда, ҳуқуқий муҳофаза бериш низолашилмаётган битта товар ёки товарларнинг бир қисми учун товар белгиси алоҳида рўйхатдан ўтказилганлиги бир неча товарга нисбатан амал қилаётган товар белгиси рўйхатдан ўтказилганлигидан товар белгиси эгасининг аризасига биноан ажратиб кўрсатилади.


24-модда. Товар белгисига доир гувоҳномани ёки товар келиб

чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги

гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш


Товар белгисига доир гувоҳнома унинг бутун амал қилиш муддати давомида, башарти у ушбу Қонун 10-моддаси биринчи қисмининг 1-12-бандларида белгиланган талабларни бузган ҳолда берилган бўлса ёки товар белгисини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотлар Вазирликнинг ўз расмий веб-сайтида ҳам жойлаштириладиган расмий ахборотномасида эълон қилинган санадан эътиборан беш йил мобайнида, башарти у ушбу Қонун 10-моддаси биринчи қисмининг 13 ва 14-бандларида белгиланган талабларни бузган ҳолда берилган бўлса, тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Товар белгиси эгасининг ҳаракатлари белгиланган тартибда инсофсиз рақобат факти деб топилган тақдирда, товар белгисига доир гувоҳнома унинг бутун амал қилиш муддати давомида тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома унинг амал қилишининг бутун муддати давомида, башарти у ушбу Қонунда белгиланган талабларни бузган ҳолда берилган бўлса, ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Товар белгисига доир гувоҳнома ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома Апелляция кенгашининг ёки суд қарори асосида тўлиқ ёки қисман ҳақиқий эмас деб топилади.


25-модда. Товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилганлигининг

бекор қилиниши, товар белгисига доир гувоҳнома ёки товар келиб

чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги

гувоҳнома амал қилишининг тугатилиши


Товар келиб чиққан жой номи рўйхатдан ўтказилганлиги қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

мазкур жўғрофий объект учун хос бўлган шароитлар йўқолганда ва реестрда кўрсатилган хусусиятларга эга бўлган товар ишлаб чиқаришнинг иложи бўлмаганда;

чет эллик юридик ёки жисмоний шахслар товар келиб чиққан мамлакатда товар келиб чиққан шу жой номига доир ҳуқуқларини йўқотганда.

Товар белгисига доир гувоҳноманинг ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши унинг амал қилиш муддати тугаганлиги муносабати билан тугатилади.

Товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши товар белгиси амал қилган охирги уч йил мобайнида ундан узлуксиз равишда фойдаланилмаганда, шунингдек жамоавий белгидан фойдаланиш тўғрисидаги келишув бузилган тақдирда манфаатдор шахснинг аризасига биноан қабул қилинган суд қарори асосида муддатидан олдин тўлиқ ёки қисман тугатилиши мумкин. Товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилишини ундан фойдаланилмаганлиги муносабати билан муддатидан олдин тугатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилаётганда товар белгисининг эгаси томонидан тақдим этилган унга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра товар белгисидан фойдаланилмаганлигини исботловчи далиллар эътиборга олиниши мумкин.

Товар белгисининг мазкур Қонуннинг 27-моддасида назарда тутилган ҳолда ишлатилиши товар белгисидан фойдаланилганлигига доир далил ҳисобланади. Товар белгисининг эгаси томонидан тақдим этиладиган, товар белгисидан фойдаланилганлигига доир далиллар аризада кўрсатилган вақт даврига тааллуқли бўлиши керак.

Товар белгисига доир гувоҳноманинг ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши:

Апелляция кенгашининг қарори асосида;

товар белгиси эгасининг ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома эгасининг Вазирликка берган аризаси асосида;

суд қарори асосида муддатидан илгари тугатилади.



26-модда. Товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқ


Товар белгисининг эгаси товар белгисидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш мутлақ ҳуқуқига эга.

Товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқ гувоҳномада кўрсатилган товарларга нисбатан амал қилади. Бунда мутлақ ҳуқуқ товар белгиси Товар белгиларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш даврида амалга оширилади ҳамда товар белгиси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ўша куннинг ўзида Вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Товар белгисини ёки шу белги билан белгиланган товарни рухсат берилмаган тарзда тайёрлаш, қўллаш, олиб кириш, савдога таклиф этиш, сотиш, ўзгача тарзда фуқаролик муомаласига киритиш ёки уларни шу мақсадда сақлаш ёхуд улар билан адаштириб юборадиган даражада айнан ўхшаш бўлган бир хилдаги товарларни белгилаш товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқни бузиш деб эътироф этилади.

Бевосита товар белгисининг эгаси томонидан ёки унинг розилиги билан фуқаролик муомаласига қонуний тарзда киритилган товарларга нисбатан товар белгисидан бошқа шахсларнинг фойдаланиши мазкур товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқнинг бузилиши бўлмайди.


27-модда. Товар белгисидан фойдаланиш


Товар белгиси уни ишлатиш учун рўйхатга олинган товарларда ва (ёки) уларнинг идиши ҳамда ўровида товар белгисининг эгаси томонидан ёки ушбу Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ лицензия шартномаси асосида бундай ҳуқуқ берилган шахс томонидан қўлланилиши товар белгисидан фойдаланиш деб ҳисобланади.

Товар белгисининг:

рекламада, босма нашрларда, расмий бланкаларда, пешлавҳаларда, кўргазмалар ва ярмаркаларда экспонатларни намойиш этиш вақтида, ишлаб чиқарилаётган, сотувга тақдим этилаётган, сотилаётган ёки бошқача тарзда фуқаролик муомаласига киритилаётган ёхуд шу мақсадда сақланаётган ва (ёки) ташилаётган ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган товарларнинг этикеткаларида, ўровларида;

товарларни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ бўлган ҳужжатларда;

домен номида ишлатилиши ҳам товар белгисидан фойдаланиш деб эътироф этилиши мумкин.

Товар белгисидан ёки адаштириб юбориш даражасида у билан ўхшаш бўлган белгидан товарларда, товарларнинг этикеткаларида, ўровларида қонунга зид равишда фойдаланилганда улар контрафакт ҳисобланади.

Воситачилик фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар товарларни тайёрловчининг товар белгиси билан бир қаторда шартнома асосида ўз товар белгисидан ҳам фойдаланиши мумкин.



28-модда. Товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш


Товар келиб чиққан жой номини товарда, унинг идиши ҳамда ўровида, пешлавҳаларда, расмий бланкаларда, рекламада, босма нашрларда ва товарни фуқаролик муомаласига киритиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларда ишлатиш товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш деб ҳисобланади.

Лицензия шартномаси асосида: товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга беришга, бундай ҳуқуқдан бошқа шахслар фойдасига воз кечиш тўғрисида битимлар тузишга ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини беришга йўл қўйилмайди.

Товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномаси бўлмаган шахсларнинг товар келиб чиққан жойнинг рўйхатдан ўтказилган номидан фойдаланишига, ҳатто башарти бунда товар келиб чиққан жойнинг ҳақиқий номи кўрсатилган ёки ном таржима қилиб ёхуд "кўринишдаги", "турдаги", "усулдаги" ва шунга ўхшаш сўзларни қўшиб қўлланилган тақдирда ҳам, шунингдек ҳар қандай товар келиб чиққан жой номи ва товарнинг алоҳида хусусиятлари хусусида истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган ўхшаш белгилардан фойдаланишга йўл қўйилмайди.



29-модда. Огоҳлантирувчи тамғалаш


Товар белгисининг эгаси ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳноманинг эгаси товар белгиси ёки товар келиб чиққан жой номи билан бир қаторда товарда ёки унинг идиши ҳамда ўровида қўлланилган белги Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган товар белгиси ёки товар келиб чиққан жой номи эканлигини билдирувчи лотин алифбосидаги "R" ёки айлана ичига олинган "R" ҳарфи тарзида огоҳлантирувчи тамға қўйиши мумкин.



30-модда. Товар белгисига доир ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш


Товар белгисига доир мутлақ ҳуқуқ бу ҳуқуқнинг эгаси томонидан шартнома бўйича бошқа шахсга ўтказилиши мумкин.

Товар белгисига доир ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказишга, башарти у истеъмолчини товар ёки унинг тайёрловчиси хусусида чалғитадиган бўлса, йўл қўйилмайди.

Товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқи товар белгисининг эгаси (лицензиар) томонидан лицензия шартномаси бўйича бошқа шахсга (лицензиатга) берилиши мумкин.

Лицензия шартномасида лицензиат товарларининг сифати лицензиар товарларининг сифатидан паст бўлмаслиги ҳақида шарт қўйилган бўлиши ва лицензиар бу шартнинг бажарилишини назорат қилиши кўрсатилиши лозим.

Товар белгисига доир ҳуқуқни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартнома ёки лицензия шартномаси Вазирликда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Жамоавий белги ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи бошқа шахсларга ўтказилиши мумкин эмас.


31-модда. Товар белгиси эгаси бўлмиш юридик шахсни қайта

ташкил этиш пайтида товар белгисининг ўтиши


Товар белгиларининг эгалари бўлмиш юридик шахслар қўшиб юборилганда товар белгилари қайта рўйхатдан ўтказилган юридик шахсга ўтади.

Товар белгиси эгаси бўлмиш юридик шахс бўлинганда товар белгиси товарларни ишлаб чиқариш вазифаси зиммасига ўтадиган, қайта рўйхатдан ўтказилган юридик шахсга ўтади. Товар белгисининг эгаси товар белгиси рўйхатдан ўтказилган товарларни ишлаб чиқаришнинг бир қисмини ўзида сақлаб қолган тақдирда ҳар иккала юридик шахс ўзаро келишувга (шартномага) кўра товар белгисининг биргаликдаги эгаси деб эътироф этилиши мумкин. Бу ҳақдаги келишув (шартнома) Вазирликда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Товар белгисининг эгаси бўлмиш юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшиб олинганда товар белгисига доир ҳуқуқ қўшиб олган юридик шахсга ўтади.



32-модда. Товар белгисини такрорий

рўйхатдан ўтказиш шартлари


Гувоҳномасининг амал қилиш муддати ўтган товар белгиси товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиши тугаган санадан эътиборан уч йил мобайнида бошқа шахс номига қайта рўйхатдан ўтказилиши мумкин эмас. Мазкур қоида товар белгисининг эгаси ундан товар белгисига доир гувоҳноманинг амал қилиш муддати тугагунига қадар воз кечган ҳолларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.



32-1-модда. Ҳаммага маълум товар белгиси

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказиш асосида муҳофаза қилинадиган товар белгиси, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтказилмай ҳам муҳофаза қилинадиган товар белгиси, шунингдек товар белгиси сифатида фойдаланиладиган, лекин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳуқуқий муҳофазага эга бўлмаган белги юридик ёки жисмоний шахснинг аризасига биноан, агар бундай товар белгиларидан ёки белгидан муттасил фойдаланилиши натижасида улар аризада кўрсатилган санадаги ҳолатга кўра мазкур шахснинг товарлари хусусида Ўзбекистон Республикасида тегишли истеъмолчилар орасида кенг маълум бўлса, Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгиси деб эътироф этилиши мумкин.

Ҳаммага маълум товар белгисига ушбу Қонунда товар белгиси учун назарда тутилган ҳуқуқий муҳофаза берилади.



32-2-модда. Ҳаммага маълум товар

белгисини ҳуқуқий муҳофаза қилиш

Ҳаммага маълум товар белгисига қонунчиликда белгиланган тартибда Апелляция кенгашининг қарори асосида ҳуқуқий муҳофаза берилади.

Ҳаммага маълум деб эътироф этилган товар белгиси Вазирлик томонидан Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилади.

Ҳаммага маълум товар белгисига тааллуқли бўлган маълумотлар улар Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилганидан кейин Вазирликнинг ўз расмий веб-сайтида ҳам жойлаштириладиган расмий ахборотномасида эълон қилинади. Эълон қилинадиган маълумотлар таркиби Вазирлик томонидан белгиланади.

Ҳаммага маълум товар белгисига гувоҳнома бериш товар белгиси Ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатига киритилган сана бўйича Вазирлик томонидан QR-код (матрик штрихли код) билан тасдиқланадиган электрон шаклда амалга оширилади. Гувоҳноманинг шакли ва унда кўрсатиладиган маълумотлар таркиби Вазирлик томонидан белгиланади.

Ҳаммага маълум товар белгисининг ҳуқуқий муҳофазаси муддатсиз амал қилади.



33-модда. Патент божлари


Товар белгиларини, товар келиб чиққан жой номини ёки товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик учун патент божлари олинади.

Патент божларининг миқдори ва уларни тўлаш муддатлари, уларни тўлашдан озод қилиш, тўловларнинг миқдорини камайтириш ёки уларни қайтариб бериш асослари, шунингдек патент божларидан фойдаланиш тартиби қонунда белгиланади.


34-модда. Патент вакиллари


Патент вакили Вазирликда юридик ва жисмоний шахсларнинг вакиллик ҳуқуқини амалга оширади.

Ўз мамлакати ҳудудида доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси патент вакили бўлиши мумкин. Патент вакилларига қўйиладиган малака талаблари, уларни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида доимий яшовчи жисмоний шахслар ёки чет эллик юридик шахслар товар белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказиш ишларини юритишни ҳамда бу ишлар билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни Вазирликда рўйхатдан ўтган патент вакиллари орқали амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи, лекин вақтинчалик унинг ҳудудидан ташқарида бўлган жисмоний шахслар товар белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини рўйхатдан ўтказиш ишларини ва бу ишлар билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни ёзишма учун Ўзбекистон Республикаси доирасидаги манзилини кўрсатган ҳолда патент вакилисиз амалга оширишлари мумкин.

Патент вакилининг ваколатлари ишончнома билан тасдиқланади.


35-модда. Товар белгисини ва товар келиб чиққан жой

номини бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказиш


Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари товар белгисини ёки товар келиб чиққан жой номини бошқа давлатларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказишга ҳақли.



36-модда. Чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари


Чет эллик юридик ва жисмоний шахслар ушбу қонунда назарда тутилган ҳуқуқлардан Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари билан тенг равишда ёки ўзаро келишув принципи асосида фойдаланадилар.



37-модда. Низоларни ҳал этиш

Товар белгиларини ва товар келиб чиққан жой номларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


37-1-модда. Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой

номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима

солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар

томонидан жаримани тўлаш тартиби

Товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.

Ҳуқуқ эгасининг аризаси асосида Вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия органи деб юритилади) товар белгисидан ва товар келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқига риоя этилишини текширишни амалга оширади. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишувга кўра қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жарималар ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ўтказиладиган текширувлар асосида адлия органи томонидан солинади. Бунда текширув давомида аниқланган ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатнома тузилиб, у тегишинча адлия органининг ва ҳуқуқбузар юридик шахснинг (бундан буён матнда ҳуқуқбузар деб юритилади) мансабдор шахслари томонидан имзоланади.

Ҳуқуқбузар (унинг вакили) далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, адлия органининг мансабдор шахси ушбу фактни кўрсатилган далолатномага илова қилинадиган видеоёзув ёрдамида ёки икки нафар холис ҳозирлигида тасдиқлаши керак.

Жарима солиш учун асос бўлган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги ҳақида далолатнома расмийлаштирилган кундан эътиборан беш иш куни ичида адлия органи ҳуқуқбузарга нисбатан ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган миқдорларда жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор адлия органининг раҳбари (унинг ўрнини босувчи шахс) томонидан имзоланади ва бир иш куни ичида ҳуқуқбузарга юборилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган жарима суммаси миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.

Ҳуқуқбузар томонидан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, адлия органи жаримани ундириш тўғрисидаги даъво аризасини судга белгиланган тартибда беш иш куни ичида беради.

Ундирилган жарима миқдорининг ўн фоизи Вазирликнинг бюджетдан ташқари жамғармасига, қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.

Ҳуқуқбузар адлия органининг жарима солиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.


38-модда. Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                     И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2001 йил, 17-сон, 114-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2001 йил, 9-10-сон, 178-модда












































Время: 0.1583
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск