ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суғурта / Автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 21.04.2008 й. ЎРҚ-155-сон "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 21.02.2008 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 27.03.2008 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

21.04.2008 й.

N ЎРҚ-155



ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИ ЭГАЛАРИНИНГ

ФУҚАРОЛИК ЖАВОБГАРЛИГИНИ

МАЖБУРИЙ СУҒУРТА ҚИЛИШ

ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 21 февралда қабул қилинган

Сенат томонидан 2008 йил 27 мартда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш (бундан буён матнда мажбурий суғурта деб юритилади) соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Транспорт воситалари эгаларининг

фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта

қилиш тўғрисидаги қонунчилик

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


жабрланувчи - транспорт воситаси бошқа шахс томонидан фойдаланилаётганда ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилган шахс;


йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома - содир этилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида суғурталовчига хабар бериш учун йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган жойда йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ихтиёрий равишда тўлдириладиган, транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги вужудга келганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат;

компенсация тўловлари - мажбурий суғурта бўйича суғурта тўловини амалга ошириш мумкин бўлмаган ҳолларда, жабрланувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига амалга ошириладиган тўловлар;

суғурта ҳодисаси - транспорт воситасидан фойдаланишда жабрланувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилганлиги учун суғурта қилдирувчининг ёки транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси бўйича жавобгарлиги суғурталанган бошқа шахснинг фуқаролик жавобгарлиги юзага келиши бўлиб, бу суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш мажбуриятини келтириб чиқаради;


суғурталовчи - мажбурий суғурта қилишга ҳақли тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс;

суғурта қилдирувчи - суғурталовчи билан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини тузган транспорт воситаси эгаси;


суғурта пули - бу шундай суммаки, суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда етказилган зарарнинг ўрнини унинг доирасида жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) қоплаш мажбуриятини олади;


транспорт воситаси - йўлларда одамларни, багажни, юкларни ёки ўзига ўрнатилган ускуналарни ташиш учун мўлжалланган қурилма;


транспорт воситасининг эгаси - транспорт воситасининг мулкдори, шунингдек транспорт воситасига хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки оператив бошқариш ҳуқуқида ёхуд бошқа қонуний асосда (мулк ижараси шартномаси, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончнома, тегишли органнинг мазкур шахсга транспорт воситасини топшириш тўғрисидаги фармойиши ва шу кабилар) эгалик қилувчи шахс. Ўз хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши туфайли, шу жумладан транспорт воситасининг мулкдори ёхуд ўзга эгаси билан меҳнат шартномаси ёки фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси асосида транспорт воситасини бошқарувчи шахс транспорт воситасининг эгаси бўлмайди;


транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси (бундан буён матнда мажбурий суғурта шартномаси деб юритилади) - суғурта шартномаси бўлиб, унга кўра суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганда жабрланувчиларга уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ушбу суғурта ҳодисаси оқибатида етказилган зарарнинг ўрнини шартномада шартлашилган ҳақ (суғурта мукофоти) эвазига суғурта пули доирасида қоплаш мажбуриятини олади;


транспорт воситасидан фойдаланиш - транспорт воситасидан унинг йўлларда (йўл ҳаракатида), шунингдек уларга туташ, транспорт воситалари ҳаракати учун мўлжалланган ҳудудларда ҳаракатланишидан иборат бўлган фойдаланиш. Транспорт воситасига ўрнатилган ва транспорт воситасининг ҳаракатланишда иштирок этиши билан узвий боғлиқ бўлмаган ускуналардан фойдаланиш транспорт воситасидан фойдаланиш ҳисобланмайди;


ҳайдовчи - транспорт воситасини бошқарувчи шахс. Транспорт воситасини бошқариш ўргатилаётганда ўргатувчи шахс ҳайдовчи ҳисобланади.


4-модда. Мажбурий суғуртанинг асосий принциплари

Мажбурий суғуртанинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

умумийлик;

мажбурийлик;

жабрланувчиларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарар ўрни қопланишининг кафолатланиши.



2-БОБ. МАЖБУРИЙ СУҒУРТАНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ШАРТЛАРИ ВА ТАРТИБИ

5-модда. Мажбурий суғурта объекти

Транспорт воситасидан фойдаланишда транспорт воситалари эгаларининг жабрланувчилар ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш бўйича фуқаролик жавобгарлиги қонунчиликка мувофиқ юзага келиши билан боғлиқ бўлган мулкий манфаатлари мажбурий суғурта объектидир.

Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта қилдирувчининг ва (ёки) мажбурий суғурта шартномасида кўрсатилган транспорт воситаси бошқа эгасининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталаниши мумкин.


6-модда. Транспорт воситалари эгаларининг

ўз фуқаролик жавобгарлигини

суғурта қилиш мажбурияти

Транспорт воситалари эгалари транспорт воситаларидан фойдаланишда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказганлик учун ўз фуқаролик жавобгарлигини ушбу Қонунда белгиланган тартибда ва шартларда суғурталашлари шарт.

Фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбурияти қуйидаги транспорт воситаларининг эгаларига нисбатан татбиқ этилмайди:

энг катга конструктив тезлиги соатига йигирма километрдан ошмайдиган транспорт воситалари;

тиркамалар ва икки, уч ғилдиракли ёки иш ҳажми эллик куб сантиметргача бўлган двигатель ёки инсон ёхуд ҳайвон кучи билан ҳаракатга келтириладиган бошқа транспорт воситалари;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг транспорт воситалари, бундан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг хўжалик фаолиятини таъминлаш учун фойдаланиладиган автобуслар, енгил автомобилллар, бошқа транспорт воситалари мустасно;

чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган транспорт воситалари, агар улар эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қиладиган халқаро мажбурий суғурта тизимлари доирасида суғурталанган бўлса.

Транспорт воситасига эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келганда (у мулк қилиб, хўжалик юритувига, оператив бошқаришга ёки бошқа қонуний асосда олинганда) транспорт воситаси эгаси унга эгалик қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши шарт.

Ушбу Қонунга мувофиқ фуқаролик жавобгарлиги бошқа шахс томонидан суғурталанган транспорт воситалари эгаларига нисбатан фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбурияти татбиқ этилмайди.

Эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги ушбу Қонунга мувофиқ суғурталанмаган транспорт воситаларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келганда ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амал қиладиган халқаро мажбурий суғурта тизимларининг суғурта полислари мавжуд бўлмаган тақдирда, чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситалари эгалари ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурталаши шарт.


7-модда. Мажбурий суғурта шартномаси

Мажбурий суғурта шартномаси оммавий шартнома бўлиб, қонунчиликда назарда тутилган тартибда ва шартларда тузилади.

Мажбурий суғурта шартномасини тузиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш қоидаларида кўрсатилган мажбурий суғурта шартномасининг намунавий шартларига мос бўлиши керак.



8-модда. Суғурта ҳодисаси ҳисобланмайдиган

фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши

Ушбу Қонунга мувофиқ қуйидагилар оқибатида фуқаролик жавобгарлигининг юзага келиши суғурта ҳодисаси ҳисобланмайди:

мажбурий суғурта бўйича суғурта полисида (бундан буён матнда суғурта полиси деб юритилади) кўрсатилмаган транспорт воситасидан фойдаланилганда зарар етказилганлиги;

маънавий зарар етказилганлиги ва (ёки) бой берилган фойданинг ўрнини қоплаш мажбуриятининг юзага келганлиги;

транспорт воситасидан махсус ажратилган жойларда мусобақалар, синовлар ёки ўқув машқлари мобайнида фойдаланилганда зарар етказилганлиги;

атроф муҳитнинг ифлосланганлиги;

ташилаётган юк таъсирида зарар етказилганлиги, агар бундай жавобгарлик мажбурий суғуртанинг тегишли тури тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ мажбурий суғурта қилиниши лозим бўлса;

ходимлар хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажараётганида уларнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги, агар бу зарарнинг ўрни мажбурий суғуртанинг тегишли тури тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ қопланиши лозим бўлса;

ходимга зарар етказилганлиги туфайли келиб чиққан зарарнинг ўрнини иш берувчи томонидан қоплаш мажбурияти;

йўловчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зиён етказилганлиги туфайли келиб чиққан зарарларнинг ўрнини ташувчи томонидан қоплаш мажбурияти;

ҳайдовчининг ўзи бошқараётган транспорт воситасига ва унинг тиркамасига, уларда ташилаётган юкка ва (ёки) уларга ўрнатилган ускуналарга зарар етказганлиги;

юкни ортиш ёки туширишда, шунингдек транспорт воситаси мазкур транспорт воситасининг эгаси бўлган корхона, муассаса ёки ташкилот ҳудудида ҳаракатланаётганида зарар етказилганлиги;

моддий маданий мерос объектларига, нодир ва бошқа ноёб буюмларга, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлардан ва металлардан ишланган буюмларга, диний қадриятга эга буюмларга ҳамда интеллектуал фаолиятнинг бошқа маҳсулларига, қимматли қоғозларга, нақд пулларга, шу жумладан чет эл валютасига шикаст етказилганлиги ёки уларнинг йўқ қилинганлиги;

жабрланувчиларнинг суғурта ҳодисаси юзага келишига қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлари натижасида зарар етказилганлиги.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолларда транспорт воситаси эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги юзага келган тақдирда етказилган зарарнинг ўрни улар томонидан қонунчиликка мувофиқ қопланиши керак.


9-модда. Мажбурий суғурта

шартномасининг амал қилиш муддати

Мажбурий суғурта шартномаси бир йил муддатга тузилади, ушбу модданинг иккинчи ва учинчи қисмларида, шунингдек ушбу Қонуннинг 16-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситаларининг эгалари ушбу транспорт воситаларидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланиладиган бутун муддатга, лекин камида ўн беш кунга мажбурий суғурта шартномасини тузади, ушбу Қонун 6-моддаси иккинчи қисмининг бешинчи хатбошисида назарда тутилган ҳол бундан мустасно.

Транспорт воситаси олинганда (сотиб олинганда, мерос қилиб олинганда, ҳадяга олинганда ва ҳоказо) унинг эгаси транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш жойига бориш муддатига мажбурий суғурта шартномасини тузишга ҳақлидир.


10-модда. Мажбурий суғурта бўйича суғурта тарифларининг

давлат томонидан тартибга солиниши

Мажбурий суғурта бўйича суғурта тарифларини давлат томонидан тартибга солиш ушбу Қонунга мувофиқ иқтисодий асосланган суғурта тарифларини ёки уларнинг энг юқори даражаларини белгилаш, шунингдек суғурта тарифларининг тузилишини ва суғурталовчилар томонидан суғурта мукофоти миқдорини аниқлашда уларнинг қўлланилиш тартибини белгилаш орқали амалга оширилади.

Мажбурий суғурта бўйича суғурта тарифлари, уларнинг энг юқори даражалари, суғурта тарифларининг тузилиши ва суғурталовчилар томонидан суғурта мукофоти суммасини аниқлашда уларнинг қўлланилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу Қонунга мувофиқ белгиланади.

Белгиланган суғурта тарифларининг амал қилиш муддати бир йилдан кам бўлиши мумкин эмас. Суғурта тарифларининг ўзгариши суғурта қилдирувчи тўлаш пайтида амалда бўлган суғурта тарифларига кўра тўлаган суғурта мукофотининг миқдори мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши муддати мобайнида ўзгаришига олиб келмайди.



11-модда. Суғурта тарифларининг базавий

ставкалари ва коэффициентлари

Суғурта тарифлари базавий ставкалардан ва коэффициентлардан иборат бўлади.

Суғурта тарифларининг базавий ставкалари транспорт воситаларининг улардан фойдаланишда зарар етказилиши эҳтимолига ва етказилган зарарнинг потенциал миқдорига жиддий таъсир этадиган техник тавсифлари, конструктив хусусиятлари ҳамда белгиланган мақсадидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Суғурта тарифларининг коэффициентлари қуйидагилардан келиб чиққан ҳолда белгиланади:

транспорт воситасидан энг кўп фойдаланиладиган ҳудуддан;

ўтган даврларда мажбурий суғуртани амалга оширишда суғурталовчилар томонидан суғурта тўловлари тўланганлиги ёки тўланмаганлигидан;

ҳайдовчининг ҳайдовчилик стажидан;

транспорт воситасидан фойдаланишнинг мавсумийлигидан;

ўтган даврларда суғурталовчи сўраган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар суғурта қилдирувчи томонидан била туриб бузиб кўрсатилганлиги, тўғри маълумотлар хабар қилинган тақдирда тўланиши лозим бўлган суммага нисбатан камроқ суммада суғурта мукофоти тўланишига олиб келганлиги фактларининг мавжудлигидан;

ўтган даврларда суғурта қилдирувчи (мажбурий суғурта шартномаси бўйича фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган бошқа шахс) томонидан суғурта ҳодисаси содир бўлишига, шунингдек етказилган зарарнинг миқдори ошишига қасддан кўмаклашиш ёки суғурта ҳодисасининг содир бўлиши ҳолатларини суғурта тўловини ошириш мақсадида била туриб бузиб кўрсатиш фактларига йўл қўйилганлигидан;

ўтган даврларда регресс талаб қўйилишига асос бўлган ҳолатларда суғурта қилдирувчи (мажбурий суғурта шартномаси бўйича фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган бошқа шахс) томонидан зарар етказилиши фактлари мавжудлигидан;

ушбу Қонун 16-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган суғурта тарифларининг коэффициентлари қўлланилганидан.

Ушбу модда учинчи қисмининг олтинчи - саккизинчи хатбошиларида назарда тутилган ҳолатларни ҳисобга олувчи суғурта тарифларининг коэффициентлари мазкур ҳаракатлар ёки ҳаракатсизлик тўғрисида суғурталовчига маълум бўлган даврдан кейинги давр учун мажбурий суғурта шартномасини тузишда суғурталовчи томонидан қўлланилади.

Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта мукофотининг энг кўп миқдори транспорт воситасидан энг кўп фойдаланиладиган ҳудуд инобатга олинган ҳолда тузатиш киритилган тегишли суғурта тарифи базавий ставкасининг уч бараваридан, ушбу модданинг учинчи қисмига мувофиқ белгиланган суғурта тарифларининг барча коэффициентлари қўлланилганда эса, беш бараваридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Суғурта тарифларида чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилишда суғурталовчи томонидан қўлланиладиган базавий ставкалар ва коэффициентлар қўшимча равишда назарда тутилиши мумкин.

Суғурталовчилар ушбу Қонунга мувофиқ белгиланганидан фарқ қилувчи суғурта тарифларининг базавий ставкалари ва коэффициентларини қўллашга ҳақли эмас.



12-модда. Суғурта мукофоти

Суғурта қилдирувчи суғурталовчига суғурта мукофотини қонунчиликда белгиланган тартибда тўлаши шарт. Суғурта мукофоти суғурта тарифлари базавий ставкалари ва коэффициентларининг кўпайтмаси сифатида ҳисоблаб чиқилади.

Транспорт воситасининг эгаси ўзгариши ёки транспорт воситасидан фойдаланиш белгиланган тартибда тақиқланиши ёхуд у бундан буёнги фойдаланиш учун яроқсиз ҳолатда эканлиги сабабли мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши муддатидан илгари тугатилган тақдирда, суғурта мукофотининг бир қисми тўланган суғурта товони суммасига ва мажбурий суғурта тўғрисидаги шартноманинг қолган амал қилиш муддати кунларига мутаносиб суммада суғурта қилдирувчига қайтарилади.

Мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилганидан бошқа асосларга кўра муддатидан илгари тугатилганда, суғурталовчи суғурта мукофотининг қайтариладиган қисмидан мазкур мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўзининг исботланадиган харажатлари суммасини суғурта мукофотининг 25 фоизидан ошмаган миқдорда чегириб қолиши мумкин.

Пул маблағлари суғурталовчининг (суғурта агентининг) банк ҳисобварағига келиб тушган сана суғурта мукофоти тўланган сана ҳисобланади.


13-модда. Суғурта мукофотлари

бўйича сийловлар

Суғурта мукофотлари бўйича сийловлар олиш ҳуқуқига қуйидагилар эга:

1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ёки партизанлари ёхуд уларга тенглаштирилган шахслар;

1941-1945 йиллардаги уруш даври меҳнат фронти фахрийлари;

концентрацион лагерларнинг собиқ ёш тутқунлари;

ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажаришда яраланганлиги, контузия бўлганлиги ёки шикастланганлиги оқибатида ёхуд фронтда бўлиш билан боғлиқ касаллик туфайли ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг ота-онасидан бири ёки бошқа турмуш қурмаган беваси;

хизматни Афғонистон Республикасида ва жанговар ҳаракатлар олиб борилган бошқа мамлакатларда вақтинча бўлган қўшинларнинг чекланган контингенти таркибида ўтаган ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқув ва синов йиғинларига чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар;

Чернобиль АЭСдаги авария оқибатида жабрланганлар;

пенсионерлар;

ногиронлиги бўлган шахслар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган суғурта қилдирувчиларга суғурта мукофоти тўлашда суғурта мукофоти суммасининг 50 фоизи миқдорида сийлов берилади. Суғурта мукофоти суммасининг қолган 50 фоизи Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан (бундан буён матнда Тўловларни кафолатлаш жамғармаси деб юритилади) суғурталовчининг суғурта мукофотига доир сийловни компенсация қилиш масаласи юзасидан ёзма равишда мурожаати олинган кундан эътиборан ўн беш календарь кун ичида қопланади. Суғурта мукофоти бўйича сийлов ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган суғурта қилдирувчининг ўзига тегишли битта транспорт воситаси бўйича мажбурий суғурта қилинганда берилади. Ушбу модданинг биринчи қисмига мувофиқ берилган суғурта мукофоти бўйича сийлов тўғрисида суғурта полисига тегишли белги қўйилади.


14-модда. Мажбурий суғуртани амалга оширувчи

суғурталовчиларга қўйиладиган талаблар

Мажбурий суғуртани амалга ошириш учун суғурталовчи ўзига махсус ваколатли давлат органи томонидан берилган мажбурий суғурта бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлиши керак.

Мажбурий суғуртани амалга оширувчи суғурталовчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида мажбурий суғурта шартномаси тузишга, жабрланувчининг (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий ворисининг) суғурта тўловлари ҳақидаги талабларини кўриб чиқишга ҳамда суғурта тўловларини амалга оширишга ваколатли ўз филиалларига эга бўлиши керак.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари эгаллаб турган биноларда ва ҳудудларда мажбурий суғурта шартномалари тузишга ҳамда мажбурий суғурта бўйича муайян суғурталовчининг хизматлари рекламасини жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


15-модда. Суғурта полиси

Мажбурий суғурта транспорт воситасининг эгаси ва суғурталовчи ўртасида мажбурий суғурта шартномасини тузиш орқали амалга оширилади.

Мажбурий суғурта шартномаси тузилганда суғурталовчи суғурта қилдирувчи ҳисоблаб чиқарилган суғурта мукофотини тўлаганидан кейин унга мажбурий суғурта амалга оширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлган суғурта полисини, шунингдек махсус давлат белгисини тақдим этади.

Суғурта полиси тегишли бланкада расмийлаштирилади. Суғурта полиси бланкаси қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат бўлиб, ҳисобга олиш серияси, рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлиши керак.

Суғурта полиси йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда суғурталовчи суғурта қилдирувчининг аризасига кўра унинг дубликатини беради. Бунда суғурта қилдирувчи суғурталовчининг дубликатни бериш учун қилган харажатларини тўланган суғурта мукофоти суммасининг 10 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда тўлаши керак.

Суғурта полисида қуйидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак:

суғурталовчи тўғрисидаги;

суғурта қилдирувчининг, ҳайдовчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми) ва жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи тўғрисидаги;

суғурталовчининг, унинг барча филиалларининг номи, жойлашган ери (почта манзили), улар билан алоқа боғлаш воситалари ҳақидаги ҳамда филиалларнинг иш вақти тўғрисидаги;

суғурта қилдирувчининг фаолияти тури тўғрисидаги;

мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиш даври тўғрисидаги;

суғурта мукофоти тўғрисидаги;

суғурта пули тўғрисидаги;

эгасининг фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинаётган транспорт воситаси тўғрисидаги;

мажбурий суғурта шартномасининг бошқа муҳим шартлари тўғрисидаги.

Суғурта полиси бланкасининг намунаси, уни тайёрлаш тартиби, махсус давлат белгисининг шакли ва уни транспорт воситасига жойлаштириш тартиби, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома бланкасининг намунаси ҳамда уни тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


16-модда. Транспорт воситасидан чекланган

тарзда фойдаланишда мажбурий суғурта қилиш

Транспорт воситасининг эгаси ўзига тегишли транспорт воситасидан чекланган тарзда фойдаланилишини ҳисобга олган ҳолда мажбурий суғурта шартномасини тузишга ҳақлидир.

Транспорт воситасининг фақат суғурта қилдирувчи кўрсатган ҳайдовчилар томонидан бошқарилиши ва (ёки) транспорт воситасидан мавсумий (календарь йилда мажбурий суғурта шартномасида белгиланган олти ёки ундан кўпроқ ой мобайнида) фойдаланилиши транспорт воситасидан чекланган тарзда фойдаланиш деб эътироф этилади. Транспорт воситасининг эгаси суғурталовчига мажбурий суғурта шартномасини тузишда мазкур ҳолатлар ҳақида ёзма равишда билдиришга ҳақли. Бу ҳолда суғурта мукофоти транспорт воситасини бошқаришга рухсат этилган ҳайдовчиларнинг ҳайдовчилик стажи, ёшини ҳамда шахсига оид бошқа маълумотларни ва (ёки) транспорт воситасидан фойдаланиладиган муайян даврни ҳисобга олувчи суғурта тарифларининг коэффициентлари қўлланилган ҳолда белгиланади.

Транспорт воситасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда мажбурий суғурта амалга оширилаётганда суғурта полисида транспорт воситасини бошқаришга, шу жумладан тегишли ишончнома асосида бошқаришга рухсат этилган ҳайдовчилар ва (ёки) мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилган транспорт воситасидан фойдаланиладиган аниқ давр кўрсатилади.

Транспорт воситасидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳисобга олинадиган мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши даврида суғурта қилдирувчи транспорт воситасини бошқаришга рухсат этилганлар сифатида суғурта полисида кўрсатилмаган ҳайдовчиларга транспорт воситасини бошқариш топширилганлиги ва (ёки) ундан фойдаланиш даври мажбурий суғурта шартномасида кўрсатилган аниқ даврдан кўпайтирилганлиги ҳақида суғурталовчига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши шарт. Бундай хабар олинганда суғурталовчи суғурта полисига тегишли ўзгартишлар киритади. Бунда суғурталовчи суғурта полисига хавфнинг ошишига мутаносиб равишда тегишли ўзгартишлар киритилган кунда амалда бўлган суғурта тарифлари бўйича қўшимча суғурта мукофоти тўланишини талаб қилишга ҳақли.



17-модда. Мажбурий суғурта бўйича

суғурта захирасини шакллантириш

Агар мажбурий суғуртани амалга оширишда мазкур суғурта тури бўйича суғурталовчининг даромадлари ва харажатлари орасидаги фарқ бир йилда кўрсатилган даромадларнинг 5 фоизидан ортиқ бўлса, ортиқ сумма суғурталовчи томонидан кейинги йилларда суғурта тўловларини амалга ошириш харажатларини қоплаш учун суғурта захирасини шакллантиришга йўналтирилади.



18-модда. Мажбурий суғурта шартномаси

бўйича суғурталовчининг алмаштирилиши

Мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталовчининг алмаштирилиши мазкур суғурталовчи бошқа суғурталовчи билан тузган шартнома асосида, ушбу модданинг талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Суғурталовчининг алмаштирилишига суғурталовчининг қайси суғурта қилдирувчилар олдидаги мажбуриятлари мажбурий суғурта шартномаси бўйича бошқа суғурталовчига ўтказиладиган бўлса, шу суғурта қилдирувчиларнинг розилиги билан йўл қўйилади. Бундан ташқари, мажбуриятлар бошқа суғурталовчига ўтказиладиган мажбурий суғурта шартномалари бўйича суғурта тўловларини амалга оширишни талаб қилаётган жабрланувчиларнинг (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворисларининг) розилигини олиш зарур бўлади.

Мажбурий суғурта шартномалари бўйича мажбуриятларни қабул қилиб олаётган суғурталовчининг суғурта қилдирувчилар ва жабрланувчилар (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворислари) суғурталовчини алмаштиришга рози эканликлари тўғрисидаги сўрови ёзма шаклда амалга оширилади. Сўровда суғурта қилдирувчилар ва жабрланувчиларнинг (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворисларининг) суғурталовчининг алмаштирилишини рад этиш ҳуқуқи тушунтириб берилиши керак.

Суғурта қилдирувчилар ва жабрланувчилар (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворислари) суғурталовчининг алмаштирилишига розилик беришга ёки рад этишга ҳақлидир. Суғурта қилдирувчилар ва жабрланувчилар (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворислари) мажбурий суғурта шартномаси бўйича мажбуриятларни топширувчи ёки қабул қилиб олувчи суғурталовчини ўз қарори тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади.

Мажбурий суғурта шартномалари бўйича мажбуриятларни қабул қилиб олувчи суғурталовчи мажбурий суғурта бўйича суғурта фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлиши лозим. Суғурталовчининг мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўзига ўтказилаётган мажбуриятларни қабул қилиб олиши қонунчиликка мувофиқ белгиланган, бажарилиши мажбурий бўлган тўловга қобилиятлилик нормативларининг бузилишига сабаб бўлмаслиги керак.


3-БОБ. СУҒУРТА ҲОДИСАЛАРИ

БЎЙИЧА ЗАРАРНИНГ ЎРНИНИ ҚОПЛАШ

19-модда. Суғурта ҳодисаси содир бўлганда

суғурта қилдирувчилар ва жабрланувчиларнинг

(уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий

ворисларининг) ҳаракатлари

Жабрланувчиларга зарар етказилишига олиб келган йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) мазкур ҳодисанинг бошқа иштирокчилари талабига кўра уларга ушбу транспорт воситаси эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган мажбурий суғурта шартномаси тўғрисидаги маълумотларни хабар қилиши шарт.

Суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) ёки унинг вакили суғурта ҳодисаси содир бўлганда:

жабрланувчига (унинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисларига) уч календарь кундан кечиктирмай суғурта полисининг нусхасини топшириши;

дарҳол, лекин мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилган муддатдан кечиктирмай, содир бўлган ҳодиса ҳақида ёзма шаклда, суғурта полисининг нусхасини илова қилган ҳолда суғурталовчига ёки унинг филиалига ҳамда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдаги ва транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган жойдаги давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига билдириши. Билдиришномада ҳодисанинг хусусияти, содир бўлган пайти, кўрилиши тахмин қилинган зарарнинг миқдори, йўл-транспорт ҳодисасига алоқадор барча шахсларнинг, шу жумладан тахмин қилинган даъвогарларнинг номлари ва манзилларига тааллуқли ахборот имкон қадар тўлиқ ҳажмда, шунингдек суғурта қилдирувчи ҳодиса ҳақида илк маротаба қай тарзда хабардор бўлганлиги ва суғурта қилдирувчининг нега ҳодисани талабнома билдиришга сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблашига оид тафсилотлар мажбурий тартибда кўрсатилиши керак;

суғурталовчига суғурта ҳодисаси муносабати билан унга нисбатан қўйилаётган барча талаблар ёки унга қарши бошланган суд муҳокамаси тўғрисида дарҳол хабар қилиши, зарар етказилиши ҳолатлари тўғрисидаги барча маълумотларни ва ваколатли органлардан олинган, суғурта ҳодисасининг сабаблари ҳамда оқибатларини, зарарнинг хусусияти ва миқдорини белгилаш учун зарур бўлган ҳужжатларни суғурталовчига тақдим этиши;

йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузилган вақтдан эътиборан уч иш куни ичида мазкур хабарномани ушбу Қонун 20-2-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган материаллар ва ҳужжатларни илова қилган ҳолда суғурталовчига тақдим этиши;

зарарнинг олдини олиш ва (ёки) камайтириш юзасидан мумкин бўлган барча чораларни кўриши керак.

Агар жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) суғурта тўловига бўлган ўз ҳуқуқидан фойдаланиш ниятида бўлса, у суғурталовчига ўз ҳаёти, соғлиғи ва  (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини суғурта пули доирасида қоплаш тўғрисидаги талаб билан ёзма ариза юбориши шарт.

Жабрланувчининг ёки унинг меросхўрларининг (агар жабрланувчининг аҳволи мустақил равишда мурожаат қилишга имкон бермаса, қариндошлари ёки бошқа вакилларининг) ёхуд унинг ҳуқуқий ворисларининг суғурта тўлови тўғрисидаги талаби кўрсатилган аризаси қуйидагиларнинг асли ёки нусхалари илова қилинган ҳолда суғурталовчига ёки унинг филиалига юборилади:

суғурта полиси (агар бўлса);

зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хулоса ёки қарор, тиббиёт муассасаси маълумотномаси ёхуд ҳаёт ёки соғлиққа зарар етказилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, ўлим ҳақидаги далолатнома ёхуд гувоҳнома);

мол-мулкка зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (тижорат далолатномалари, юк хатлари, асосий воситалар дафтаридан кўчирмалар, тўлов ҳужжатлари, хизматлар кўрсатиш ва ишлар бажариш учун тузилган шартномалар, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ва бошқа шу кабилар);

жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат;

мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни олганликларини, шунингдек меросхўрларнинг шахсини ёки ҳуқуқий ворисларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар суғурта товони жабрланувчининг меросхўрларига ёхуд ҳуқуқий ворисларига тўланиши керак бўлса).

Агар фойдаланилаётганда жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказган транспорт воситаси эгасининг фуқаролик жавобгарлиги суғурталанмаган ёки эгаси номаълум бўлса, жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда компенсация тўловини олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Ушбу Қонуннинг жабрланувчиларга тааллуқли қоидалари боқувчисининг вафоти натижасида зарар кўрган шахсларга, жабрланувчиларнинг меросхўрларига ҳамда фуқаролик қонунчилигига мувофиқ бошқа шахслар томонидан транспорт воситаларидан фойдаланишда жабрланувчига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ҳуқуқига эга бўлган ўзга шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.


20-модда. Суғурта ҳодисасининг тўғридан-тўғри ҳал этилиши

Суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этишда суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) бўлган жабрланувчи ўзи билан мажбурий суғурта шартномасини тузган суғурталовчига ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун ёзма шаклда мурожаат қилишга ҳақли.

Суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этиш қўлланилганда айбдор тарафнинг суғурталовчиси жабрланувчининг суғурталовчисига жабрланувчига суғурта товонини тўлаш билан боғлиқ барча харажатларни қоплайди.


20-1-модда. Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги

хабарномани тузиш учун асослар

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчилар томонидан ички ишлар органи ходимларининг иштирокисиз тузилади. Хабарномани тузиш учун бир вақтнинг ўзида қуйидагилар асос бўлади:

йўл-транспорт ҳодисаси жабрланувчига енгил тан жароҳати етказилишига ёхуд йўл ҳаракатини тартибга солувчи воситалар ёки бошқа мол-мулк шикастланишига олиб келмаган бўлса;

йўл-транспорт ҳодисасида иштирокчи бўлган ҳайдовчилардан бири ўз айбига тўлиқ иқрор бўлса;

йўл-транспорт ҳодисаси пиёда иштирокисиз содир этилган бўлса;

йўл-транспорт ҳодисаси иккита транспорт воситаси (шу жумладан тиркамали транспорт воситалари) тўқнашуви натижасида рўй берган ҳамда фақат ушбу транспорт воситаларига шикаст етказилган бўлса;

транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлиги йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгунига қадар суғурта қилинган бўлса;

йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчиларда ҳайдовчилик гувоҳномаси, транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, ишончнома (бундан ишончнома талаб этилмайдиган ҳоллар мустасно), йўл варақаси (қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда) мавжуд бўлиб, мазкур ҳужжатларнинг амал қилиш муддати ўтмаган бўлса;

йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари бўлган ҳайдовчиларда мастлик ҳолати бўлмаса;

йўл-транспорт ҳодисаси натижасида транспорт воситаларининг шикастланиши ҳолатлари, шунингдек транспорт воситаларининг шикастланган қисмлари тавсифлари ва рўйхати йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари ўртасида келишмовчиликларни (низоларни) келтириб чиқармаса.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослардан биттаси мавжуд бўлмаган тақдирда, тузилган йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарнома ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда ёхуд суғурталовчи томонидан ишни кўриб чиқиш жараёнида айбдор тараф ўзгарганлиги факти аниқланган тақдирда (айбдорлик видеоёзувлар ёхуд кўрик ва (ёки) мустақил экспертиза натижалари асосида яққол намоён бўлганда) суғурталовчи йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани ва унга илова қилинган ҳужжатларни, шунингдек кўрик ва (ёки) мустақил экспертиза натижаларини (айбдор тараф ўзгарганлиги факти аниқланган ҳолларда) ўша куннинг ўзида ички ишлар органларига юборади.

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани кўриб чиқиш чоғида айбдор тараф ўзгарганлиги факти аниқланиши ва бошқа тарафнинг айбини тасдиқловчи материаллар ёки видеоёзувлар ёхуд ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган кўрик ва (ёки) мустақил экспертиза натижалари бўлмаганда суғурталовчининг йиғилган ҳужжатларни ички ишлар органларига юбориши суғурталовчи суғурта товонини тўлашни асоссиз рад этган деб баҳоланади.



20-2-модда. Транспорт воситалари эгаларининг

ва суғурталовчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаси

тўғрисидаги хабарномани тузиш чоғидаги ҳаракатлари

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчиси бўлган ҳодиса содир бўлганидан кейин ҳайдовчилар томонидан дарҳол жойнинг ўзида ва икки нусхада тузилади.

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома ҳайдовчиларнинг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилган суғурталовчиларга қуйидаги материаллар ва ҳужжатлар илова қилинган ҳолда уч иш куни ичида юборилади:

йўл-транспорт ҳодисаси жойининг (автотранспорт воситалари тўқнашган жойнинг (вазият ўзгартирилмаган ҳолдаги), транспорт воситаларининг фотосурати ва (ёки) видеоёзуви, транспорт воситаларининг шикастланган қисмларининг фотосурати ва (ёки) видеоёзуви;

ҳайдовчиларнинг суғурта ҳодисасини тўғридан-тўғри ҳал этиш тўғрисидаги аризалари;

йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдаги ёки унга яқин жойдаги наркологик диспансерда ёхуд соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгиланган туман ва шаҳар даволаш-профилактика муассасасида йўл-транспорт ҳодисаси ҳақида хабарнома тузилган пайтдан эътиборан тўрт соат ичида ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича тиббий текширув ўтказилганлиги тўғрисидаги баённома;

йўл-транспорт ҳодисасида иштирок этган ҳайдовчиларнинг транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларининг, транспорт воситалари рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек суғурта полисининг кўчирма нусхалари.

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарноманинг кўчирма нусхаси суғурталовчига ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган материаллар ва ҳужжатлар илова қилинган ҳолда, суғурталовчининг дастурий таъминоти (мобиль иловаси) орқали электрон шаклда юборилиши мумкин.

Ҳайдовчиларнинг мастлик ҳолатини текширувдан ўтказиш қиймати суғурталовчи томонидан мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўрни қопланиши лозим бўлган зарар таркибига киритилади.

Транспорт воситалари эгалари йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган транспорт воситаларини кўрикдан ва (ёки) мустақил экспертизадан ўтказиш учун сўров олинган кундан эътиборан уч иш куни ичида суғурталовчининг сўровига кўра тақдим этиши шарт.

Транспорт воситаларининг эгалари транспорт воситаларини суғурталовчининг ёзма розилигисиз ёки суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида ёхуд уни тўлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қиладиган кунга қадар таъмирлашга ёки утилизация қилишга ҳақли эмас.

Суғурталовчи йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган материаллар ва ҳужжатлар илова қилинган ҳолда тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш календарь кун ичида суғурта товонини тўлаш тўғрисида ёки уни тўлашни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Транспорт воситаларини кўздан кечириш, мустақил экспертизани ҳамда ўрни қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдорини белгилаш учун баҳолашни ташкил этиш ушбу модданинг еттинчи қисмида кўрсатилган муддатда, суғурталовчи томонидан амалга оширилади.

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида хабарнома тузилганда жабрланувчининг транспорт воситасига етказилган зарар ушбу Қонун 22-моддасининг учинчи қисмида белгиланган суғурта товони миқдоридан ошмаслиги керак. Бунда етказилган зарар миқдори йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарнома cуғурталовчига тақдим этилганидан сўнг ошган тақдирда, cуғурталовчи суғурта суммасининг фақат ушбу Қонун 22-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлмаган қисмини суғурта товони сифатида тўлайди.

Йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани тузиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



21-модда. Жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва

(ёки) мол-мулкига етказилган ҳамда мажбурий

суғурта шартномаси бўйича ўрни қопланадиган

зарарнинг миқдорини аниқлаш

Жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган ҳамда мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўрни қопланадиган зарарнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда аниқланади. Жабрланувчи (унинг меросхўри) ўз ташаббуси билан ёки суғурталовчининг сўровига биноан суғурталовчига ушбу Қонун 19-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган барча ҳужжатларни тақдим этиши, шунингдек унга ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ҳажми ҳамда хусусиятини тасдиқловчи барча маълум бўлган маълумотларни ёзма шаклда хабар қилиши шарт.

Мол-мулкка зарар етказилганда жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) шикастланган мол-мулкни ёки унинг қолдиқларини зарар етказилиши ҳолатларини аниқлаш учун кўздан кечириш ва мустақил экспертизани ташкил этиш ҳамда ўрни қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдорини белгилаш учун баҳолашни ташкил этиш мақсадида суғурталовчига ўз ташаббуси билан ёки суғурталовчининг сўровига биноан тақдим қилиши шарт.

Агар жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) томонидан тақдим этилган шикастланган мол-мулкни ёки унинг қолдиқларини кўздан кечириш ва мустақил экспертиза қилиш суғурта ҳодисаси мавжудлигини тўғри белгилаш, ўтказилган баҳолаш натижалари эса мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўрни қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдорини тўғри аниқлаш имконини бермаса, мазкур ҳолатларни аниқлаш учун суғурталовчи суғурта қилдирувчининг фойдаланилаётганда жабрланувчига зарар етказилган шикастланган транспорт воситасини кўздан кечиришга ва (ёки) ушбу транспорт воситаси ёки унинг қолдиқларига нисбатан такрорий мустақил экспертизани ташкил этишга, шунингдек жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) томонидан тақдим этилган шикастланган мол-мулкни ёки унинг қолдиқларини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги экспертизасини қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этишга ҳақли. Суғурта қилдирувчи суғурталовчининг талабига кўра ушбу транспорт воситасини ёки унинг қолдиқларини мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилган тартибда тақдим этиши шарт.

Суғурталовчи шикастланган мол-мулкни ёки унинг қолдиқларини жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) ёзма равишда мурожаат этган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда, агар улар ўртасида ёзма шаклда бошқа муддат келишилмаган бўлса, кўздан кечириши, унинг мустақил экспертизасини ва баҳолашдан ўтказишни ташкил этиши шарт.

Агар шикастланишларнинг хусусияти ёки шикастланган мол-мулкнинг ёхуд унинг қолдиқларининг ўзига хос хусусиятлари мол-мулкни суғурталовчи, эксперт ва (ёки) баҳоловчи ташкилот жойлашган ерда кўздан кечириш, мустақил экспертизани ва баҳолашдан ўтказишни ташкил этиш учун тақдим этилишини истисно этса (транспорт воситасининг йўл ҳаракатида иштирок этишини истисно этадиган тарзда шикастланганлиги ва бошқа ҳолларда), кўздан кечириш, мустақил экспертиза ва баҳолашдан ўтказиш шикастланган мол-мулк ёки унинг қолдиқлари турган ерда ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддатда амалга оширилади.

Агар суғурталовчи шикастланган мол-мулкни ёки унинг қолдиқларини ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддатда кўздан кечирмаган, мустақил экспертизани ва баҳолашдан ўтказишни ташкил этмаган бўлса, жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) шикастланган мол-мулкни ёки унинг қолдиқларини суғурталовчига кўздан кечириш учун тақдим этмаган ҳолда экспертизани ва баҳолашдан ўтказишни ташкил этиш учун мустақил тарзда ёзма шаклда мурожаат қилишга ҳақли. Бу ҳолда суғурталовчи мустақил экспертиза ва баҳолаш натижалари юзасидан низолашишга ҳақли эмас.

Суғурта тўлови амалга оширилишига асос бўлган мустақил экспертиза ва баҳолаш қиймати суғурталовчи томонидан мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўрни қопланиши лозим бўлган зарар таркибига киритилади.

Агар шикастланган мол-мулкни ёхуд унинг қолдиқларини кўздан кечириш, мустақил экспертиза қилиш ва баҳолашга қадар ушбу модда талабларига мувофиқ амалга оширилган мазкур мол-мулкни таъмирлаш ёки унинг қолдиқларини утилизация қилиш суғурта ҳодисасининг мавжудлигини ва мажбурий суғурта шартномаси бўйича ўрни қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдорини тўғри аниқлаш имконини бермаса, суғурталовда жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурта тўловини ёки унинг бир қисмини тўлашни рад этишга ҳақли.


22-модда. Суғурта товони миқдори

Жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганда суғурта товонининг миқдори суғурта пулининг 65 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Бир нечта жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганда ҳар бир жабрланувчига (унинг меросхўрига) тегадиган суғурта товони миқдори ҳар бир жабрланувчининг ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг даражасига мутаносиб равишда, ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган сумма доирасида аниқланади.

Жабрланувчининг мол-мулкига зарар етказилганда суғурта товонининг миқдори суғурта пулининг 35 фоизидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Бир нечта жабрланувчининг мол-мулкига зарар етказилганда ҳар бир жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) тегадиган суғурта товони миқдори ҳар бир жабрланувчининг мол-мулкига етказилган зарарнинг даражасига мутаносиб равишда, ушбу модданинг учинчи қисмида белгиланган сумма доирасида аниқланади.

Суғурталовчи суғурта қилдирувчининг (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахснинг) ташаббуси билан ёки суғурталовчининг талабига биноан зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилиши муносабати билан юзага келган суғурта қилдирувчининг (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахснинг) барча билдирилган ва исботланадиган харажатларини, ҳатто бу чоралар муваффақиятсиз бўлган ҳолларда ҳам қоплайди.

Зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш бўйича харажатлар суғурта товони миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Суғурта товони суд харажатларини, шунингдек жарималар ва бошқа шу каби тўловларни қопламайди.

Жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган суғурта пули доирасида қопланади.


23-модда. Суғурта товонини тўлаш

Суғурта товони етказилган зарар миқдорида, лекин суғурта пулидан ошмаган миқдорда суғурталовчи томонидан бевосита жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) тўланади.

Агар суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) жабрланувчига етказилган зарарнинг ўрнини суғурталовчининг ёзма розилиги билан ўз ҳисобидан қопласа, суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартибида ўзи амалга оширган тўловларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этганидан кейин суғурталовчи суғурта қилдирувчига суғурта тўловини тўлайди.

Агар суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) транспорт воситасидан фойдаланиш натижасида етказилган зарарнинг ўрнини жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурталовчининг ёзма розилигисиз ҳар қандай усулда қопласа ёки қоплашни ваъда қилса, суғурта қилдирувчининг (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахснинг) бу ҳаракатлари суғурталовчи учун мажбуриятларни келтириб чиқармайди.

Жабрланувчи (унинг меросхўри) ҳаёти ёки соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига бошқа манбалардан олган тўловлар суғурталовчининг суғурта товонини тўлаш бўйича мажбуриятини камайтирмайди.

Суғурта қилдирувчи (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахс) суғурта ҳодисаси содир бўлганда зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш чораларини кўрганлиги ёхуд жабрланувчига кечиктириб бўлмайдиган ёрдам кўрсатганлиги суғурталовчи ушбу Қонунда ўзи учун белгиланган мажбуриятларни бажаришни рад этишига асос бўлолмайди.

Агар мажбурий суғурта объекти бир вақтнинг ўзида ихтиёрий суғурта бўйича ҳам суғурталанган бўлса, ихтиёрий суғурта бўйича суғурта товони мажбурий суғурта бўйича суғурта товонини тўлаш шартларидан қатъи назар тўланади.

Агар суғурта ҳодисаси содир бўлиши натижасида жабрланувчи ҳалок бўлган ёки унинг соғлиғига зарар етказилган бўлса, суғурта товони ушбу Қонуннинг 22-моддаси талаблари инобатга олинмаган ҳолда, шундай ҳодиса учун тўловни назарда тутувчи барча турдаги суғурта шартномаларига мувофиқ тўланади.

Агар битта суғурта ҳодисаси натижасида икки ёки ундан ортиқ суғурта қилдирувчининг (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахсларнинг) фуқаролик жавобгарлиги юзага келган бўлса, суғурталовчилар жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) ҳар бир суғурта қилдирувчининг (фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахснинг) айби даражасига мувофиқ суғурта товонини тўлайди.

Агар суғурта ҳодисаси содир бўлганда суғурта товони тўловлари бир нечта жабрланувчига (уларнинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисларига) тўланиши керак бўлса ва уларнинг суғурталовчига билдирилган талаблари суммаси суғурта товони миқдоридан ортиқ бўлса, суғурта товони ҳар бир жабрланувчининг барча жабрланувчилар (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворислари) талабларининг умумий суммасидаги улушига мутаносиб равишда тўланади.

Ўрни қопланиши лозим бўлган зарарнинг миқдори тўлиқ аниқлангунига қадар суғурталовчи жабрланувчининг (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий ворисининг) аризасига кўра суғурта тўловининг мазкур зарарнинг амалда аниқланган қисмига мувофиқ бўлган қисмини тўлашга ҳақли.

Жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) билан келишувга кўра ва мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилган шартлар асосида суғурталовчи шикастланган мол-мулкнинг суғурта товони ҳисобидан таъмирланишини ва (ёки) унинг қолдиқлари утилизация қилинишини ташкил қилишга ва ҳақини тўлашга ҳақли.

Суғурта товонини тўлаш суғурталовчи суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилган кундан эътиборан беш иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади.

Суғурталовчининг суғурта товонини тўлашни рад этиш тўғрисидаги ёки уни тўлаш ҳақидаги қарори суғурта қилдирувчига у суғурта товони тўлаш тўғрисида ёзма мурожаат этганидан кейин ўн беш кундан кечиктирмай хабар қилиниши керак ва товон тўлаш рад этилганда, қарорда рад этишнинг асослантирилган сабаблари кўрсатилиши лозим.

Агар суғурта товонини тўлаш ушбу Қонунда белгиланган муддатда амалга оширилмаган бўлса, суғурталовчи жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурта товонига қўшимча равишда, суғурта товонини тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасидан келиб чиққан ҳолда пеня тўлайди.

Агар мажбурий суғурта шартномаси амалда бўлган даврда суғурталовчи жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) суғурта товони тўласа, суғурта қилдирувчи суғурталовчидан суғурта товони тўланганлиги тўғрисидаги хабарнома олинган кундан эътиборан икки ҳафталик муддатда тўланган суғурта товони суммасига ва мажбурий суғурта шартномаси амал қилишининг қолган муддатига мутаносиб равишда қўшимча суғурта мукофотини тўлайди.

Суғурталовчи мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиши даврида вужудга келган зарарларнинг ўрнини, агар жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) зарарларни келтириб чиқарган суғурта ҳодисаси ҳақида зарарларнинг ўрнини мажбурий суғурта шартномасининг амал қилиш муддати тугаганидан кейин уч йил ичида ундириш тўғрисида даъво аризаси берган бўлса, қоплайди.


24-модда. Суғурталовчининг регресс

тартибида талаб қилиш ҳуқуқи

Суғурталовчи зарар етказган шахсга (суғурта қилдирувчига, фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурталанган бошқа шахсга) ўзи тўлаган суғурта тўлови миқдорида қуйидаги ҳолларда регресс тартибида талаб қилиш ҳуқуқига эга, агар:

мазкур шахснинг қасди оқибатида жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилган бўлса;

зарар транспорт воситаси мазкур шахс томонидан мастлик ҳолатида ёки гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи бошқа моддалар таъсири остида бошқарилаётганда етказилган бўлса;

мазкур шахс ўзи фойдаланаётганда зарар етказган, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган бўлса;

мазкур шахс йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдан яширинган бўлса;

мазкур шахс транспорт воситасини бошқаришга рухсат этилган шахс сифатида мажбурий суғурта шартномасига киритилмаган бўлса (транспорт воситасидан фақат мажбурий суғурта шартномасида кўрсатилган ҳайдовчилар фойдаланиши шарти билан мажбурий суғурта шартномаси тузилганда);

мазкур шахс йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарнома тузилганидан кейин тўрт соат ичида мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтиш чораларини кўрмаган бўлса ёки йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хабарномани суғурталовчига узрли сабабларсиз ўз вақтида тақдим этмаган бўлса;

суғурта ҳодисаси мазкур шахс транспорт воситасидан мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилмаган аниқ даврда фойдаланаётганда содир бўлган бўлса (транспорт воситасидан мажбурий суғурта шартномасида назарда тутилган даврда фойдаланиш шарти билан мажбурий суғурта шартномаси тузилганда). Бунда суғурталовчи мазкур шахсдан суғурта ҳодисасини кўриб чиқишда қилинган харажатларни қоплашни ҳам талаб қилишга ҳақлидир.


4-БОБ. КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛОВЛАРИ

25-модда. Компенсация тўловларини олиш ҳуқуқи

Жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ҳисобига компенсация тўлови мажбурий суғурта шартномаси бўйича суғурта тўлови қуйидагилар оқибатида тўланиши мумкин бўлмаган ҳолларда амалга оширилади:

суғурталовчига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили қўлланилганлиги;

жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахснинг номаълумлиги;

транспорт воситаси уни ғайриқонуний йўл билан эгаллаб олган шахс томонидан фойдаланилганлиги натижасида зарар етказилганлиги;

фойдаланилаётганда зарар етказган транспорт воситасининг эгаси ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаганлиги.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган ёки жорий календарь йилда якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр ичида жами бир юз саксон уч кун ва ундан ортиқ муддат Ўзбекистон Республикасида турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар компенсация тўловларини олиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет давлатлар фуқаролари компенсация тўловларини олиш ҳуқуқига, агар шу чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ шундай ҳуқуқ Ўзбекистон Республикаси фуқароларига берилган бўлса, эгадир.

Компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисидаги талаб жабрланувчининг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига зарар етказилган кундан эътиборан уч йил ичида билдирилиши мумкин.


26-модда. Компенсация тўловларини амалга ошириш

Суғурталовчига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили қўлланилганлиги оқибатида суғурталовчи томонидан суғурта товонини тўлаш имкони бўлмаган тақдирда суғурталовчи суғурта ҳодисаси содир бўлганлиги тўғрисидаги далолатномани ва суғурталовчига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомили қўлланилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда Тўловларни кафолатлаш жамғармасига жабрланувчиларга (уларнинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисларига) компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилади.

Фойдаланилаётганда жабрланувчига зарар етказилган транспорт воситаси эгасининг номаълумлиги ёки фуқаролик жавобгарлиги суғурталанмаганлиги ёки транспорт воситаси уни ғайриқонуний йўл билан эгаллаб олган шахс томонидан фойдаланилганлиги натижасида зарар етказилганлиги сабабли суғурта товонини тўлаш имкони бўлмаган тақдирда жабрланувчи ёки унинг меросхўрлари (агар жабрланувчининг аҳволи мустақил равишда мурожаат этиш имконини бермаса, қариндошлари ёки бошқа вакиллари) ёхуд ҳуқуқий ворислари қуйидаги ҳужжатларнинг аслини ёки нусхаларини илова қилган ҳолда Тўловларни кафолатлаш жамғармасига компенсация тўловларини амалга ошириш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этади:

суғурта полиси (агар бўлса);

етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги суд қарори, агар иш суд томонидан кўрилган бўлса;

зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисидаги хулоса ёки қарор, тиббиёт муассасаларидан олинган маълумотнома ёхуд ҳаётга ёки соғлиққа зарар етказилганлигини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар, ўлим ҳақидаги далолатнома ёхуд гувоҳнома);

мол-мулкка зарар етказилганлиги фактини ва зарар миқдорини тасдиқловчи ҳужжатлар (тижорат далолатномалари, юк хатлари, асосий воситалар дафтаридан кўчирмалар, тўлов ҳужжатлари, шартномалар, мол-мулкни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар ва бошқа шу кабилар);

жабрланувчининг шахсини ёки унинг давлат рўйхатидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

мерос ҳуқуқини ёки ҳуқуқий ворисликни олганликларини, шунингдек меросхўрларнинг шахсини ёки ҳуқуқий ворисларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар (агар суғурта товони жабрланувчиларнинг меросхўрларига ёки ҳуқуқий ворисларига тўланиши лозим бўлса).

Суғурталовчи компенсация тўловини амалга ошириш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат этган тақдирда, Тўловларни кафолатлаш жамғармаси тақдим этилган ҳужжатларнинг ишончлилигини ҳамда зарар ва суғурта товонининг миқдори тўғри аниқланганлигини ўрганиб чиқишга, шу жумладан суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларини шартнома асосида жалб этиш орқали ўрганиб чиқишга ҳақлидир.

Жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) компенсация тўловини амалга ошириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат этган тақдирда, Тўловларни кафолатлаш жамғармаси зарар ва суғурта товони миқдорини аниқлаш учун суғурта бозорининг профессионал иштирокчиларини шартнома асосида жалб этиши мумкин.

Компенсация тўловларини амалга ошириш ёки мазкур тўловларни тўлашни асослантирилган тарзда рад этиш тўғрисидаги қарор Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан суғурталовчи ёки жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) илтимоснома билан мурожаат этган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида қабул қилинади.

Компенсация тўловлари уларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ҳафталик муддат ичида бевосита жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан тўланади.

Агар компенсация тўловлари ушбу моддада белгиланган муддатда тўланмаган бўлса, Тўловларни кафолатлаш жамғармаси жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) уларни тўлаш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда амалда бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкасидан келиб чиққан ҳолда пеня тўлайди.

Ушбу Қонун 21-моддаси қоидаларининг жабрланувчининг мол-мулкига етказилган зарар миқдорини аниқлаш тартибига доир қисми Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг ёки шартнома асосида ушбу мақсадда жалб қилинган суғурта бозори профессионал иштирокчисининг ҳаракатларига нисбатан татбиқ этилади.

Агар шикастланган мол-мулкни ушбу Қонун талабларига мувофиқ кўздан кечириш ва мустақил экспертиза қилишни ҳамда баҳолашдан ўтказишни ташкил қилишга қадар шикастланган мол-мулк таъмирланганлиги ёки унинг қолдиқлари утилизация қилинганлиги суғурта ҳодисаси мавжудлигини ва ўрни қопланиши лозим бўлган зарарларнинг миқдорини аниқ белгилаш имконини бермаса, Тўловларни кафолатлаш жамғармаси жабрланувчига компенсация тўловини ёки унинг бир қисмини тўлашни рад этишга ҳақли.

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг компенсация тўловларини амалга оширишни рад этиши устидан суғурталовчи ёки жабрланувчи (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий вориси) даъво аризаси бериши орқали суд тартибида низолашилиши мумкин.



27-модда. Компенсация тўловларининг миқдори

Компенсация тўловларининг миқдори ушбу Қонун 22-моддасининг талабларига риоя этилган ҳолда аниқланади.

Компенсация тўловлари суд харажатларини, шунингдек жарималар ва бошқа шу каби тўловларни қопламайди.

Компенсация тўловлари зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш юзасидан жабрланувчининг (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий ворисининг) ташаббуси билан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилганлиги муносабати билан вужудга келган, унинг барча билдирилган ва исботланадиган харажатларини ҳатто бу чоралар муваффақиятли бўлмаган ҳолларда ҳам қоплайди.

Зарарни бартараф қилиш ва (ёки) камайтириш юзасидан жабрланувчининг (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий ворисининг) ташаббусига кўра кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрилганлиги муносабати билан вужудга келган унинг харажатлари қонунчиликда назарда тутилган суғурта товони миқдоридан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


28-модда. Компенсация

тўловлари суммаларини ундириш

Ушбу Қонун 25-моддаси биринчи қисмининг тўртинчи хатбошисига мувофиқ жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) тўланган компенсация тўлови суммаси жабрланувчига етказилган зарар учун жавобгар шахсдан Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг даъвосига кўра регресс тартибида ундириб олинади. Тўловларни кафолатлаш жамғармаси мазкур шахсдан компенсация тўлови ҳақидаги жабрланувчининг (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий ворисининг) талабини кўриб чиқиш учун қилинган харажатлар қопланишини талаб қилишга ҳам ҳақли.

Жабрланувчининг (унинг меросхўри ёки ҳуқуқий ворисининг) суғурталовчига нисбатан мажбурий суғурта бўйича суғурта тўловини талаб қилиш ҳуқуқи жабрланувчига (унинг меросхўрига ёки ҳуқуқий ворисига) ушбу Қонун 25-моддаси биринчи қисмининг иккинчи хатбошисига мувофиқ тўланган компенсация тўлови суммаси доирасида Тўловларни кафолатлаш жамғармасига ўтади.



5-БОБ. МАЖБУРИЙ СУҒУРТА

БЎЙИЧА ТЎЛОВЛАРНИ КАФОЛАТЛАШ

29-модда. Тўловларни кафолатлаш жамғармаси

Мажбурий суғурта бўйича тўловларни кафолатлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Тўловларни кафолатлаш жамғармаси ташкил этилади.

Тўловларни кафолатлаш жамғармаси нотижорат ташкилот бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Низом асосида фаолият кўрсатади.


30-модда. Тўловларни кафолатлаш

жамғармасининг асосий вазифалари

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

транспорт воситаларидан фойдаланилаётганда жабрланувчиларга етказилган зарарнинг ўрни уларга ушбу Қонун талабларига мувофиқ компенсация тўловларини амалга ошириш орқали кафолатли қопланишини таъминлаш;

ушбу Қонунга мувофиқ суғурта мукофотлари бўйича сийловлар олиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг айрим тоифаларини қўллаб-қувватлаш тизимини мазкур сийловларни компенсация қилиш орқали молиявий жиҳатдан таъминлаш;

мажбурий суғурта тўғрисидаги маълумотларни, шу жумладан мажбурий суғурта шартномалари, суғурта ҳодисалари, суғурта қилдирувчилар ва жабрланувчилар шахсига оид маълумотларни ўз ичига олган ахборот маълумотлар базасини шакллантириш, шунингдек мазкур маълумотлар суғурталовчилар ва Тўловларни кафолатлаш жамғармаси ўртасида қонунчиликда белгиланган суғурта сири тўғрисидаги талаблар таъминланган ҳолда айирбошланишини ташкил этиш;

ушбу моддага мувофиқ Тўловларни кафолатлаш жамғармаси зиммасига юклатилган асосий вазифаларни амалга ошириш бўйича унинг фаолиятини тартибга солувчи қоидаларни махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


31-модда. Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг

мол-мулки ва молиявий фаолияти

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг мол-мулки қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

суғурталовчиларнинг бир йўла ва календарь муддатларда тўланадиган бадаллари;

Тўловларни кафолатлаш жамғармаси амалга оширган компенсация тўловлари ва жабрланувчиларнинг (уларнинг меросхўрлари ёки ҳуқуқий ворисларининг) тегишли талабларини кўриб чиқиш бўйича харажатлар доирасида жабрланувчиларга етказилган зарар учун жавобгар шахсларга нисбатан талаб қилиш ҳуқуқини Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан реализация қилишдан тушган маблағлар;

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг пул маблағларини жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонунчиликда тақиқланмаган бошқа тушумлар.

Тўловларни кафолатлаш жамғармаси молиявий ёрдам кўрсатиши ва хайрия фаолияти билан шуғулланиши, шунингдек юридик шахсларнинг муассиси бўлиши ҳамда суғурта ташкилотларининг устав фондида иштирок этиши мумкин эмас.

Тўловларни кафолатлаш жамғармаси ўз мажбуриятлари юзасидан ўзининг барча мол-мулки билан жавоб беради.

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг компенсация тўловларини молиялаштириш ва суғурта мукофотлари бўйича сийловларни компенсация қилиш учун мўлжалланган маблағлари Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг бошқа мол-мулкидан ажратиб қўйилади, улар бўйича алоҳида ҳисоб юритилади ва алоҳида банк ҳисобварағи очилади.

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг компенсация тўловларини молиялаштириш ва суғурта мукофотлари бўйича сийловларни компенсация қилиш учун мўлжалланган маблағларининг вақтинча бўш турган қисмини инвестициялаш йўналишлари ҳамда ҳажмлари ҳар йили Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг кузатув кенгаши (бундан буён матнда кузатув кенгаши деб юритилади) томонидан тасдиқланади. Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг мазкур маблағларни инвестициялаш диверсификация, қайтарилиш, фойдалилик ва ликвидлик шартлари асосида амалга оширилади.

Махсус ваколатли давлат органи Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг компенсация тўловларини молиялаштириш ва суғурта мукофотлари бўйича сийловларни компенсация қилиш учун банк ҳисобварағидаги маблағларнинг энг кам суммасига нисбатан талаблар белгиланиши мумкин.

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг молиявий фаолияти ҳар йили аудиторлик текширувидан ўтказилиши шарт.


32-модда. Суғурталовчиларнинг

Тўловларни кафолатлаш жамғармасига

тўлайдиган мажбурий бадаллари

Бир йўла ва календарь муддатларда тўланадиган бадаллар суғурталовчиларнинг Тўловларни кафолатлаш жамғармасига тўлайдиган мажбурий бадалларидир.

Суғурталовчининг Тўловларни кафолатлаш жамғармасига бир йўла тўлайдиган бадали миқдори Тўловларни кафолатлаш жамғармасига бадални тўлаш кунидаги, қонунчиликда белгиланган суғурталовчи устав фонди энг кам миқдорининг 0,1 фоизини ташкил этади.

Календарь муддатларда тўланадиган бадал суғурталовчилар томонидан Тўловларни кафолатлаш жамғармасига йилнинг ҳар чорагида ўтказиладиган пул маблағларидан иборат бўлади. Тўловларни кафолатлаш жамғармаси календарь муддатларда тўланадиган бадал миқдорини суғурталовчи тузган мажбурий суғурта шартномалари бўйича жами суғурта пулининг йилнинг ҳисобот чорагидаги ўсиши ҳажмидан келиб чиқиб, махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда белгилайди.

Суғурталовчилар томонидан календарь муддатларда тўланадиган бадалларни тўлаш календарь муддатларда тўланган бадаллар суммаси мажбурий суғурта шартномалари бўйича жами суғурта пулидан келиб чиқиб, махсус ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда Тўловларни кафолатлаш жамғармаси томонидан белгиланган миқдорга етганда тўхтатилади. Мажбурий суғурта шартномалари бўйича жами суғурта пулининг миқдори ўзгарганда, суғурталовчи томонидан Тўловларни кафолатлаш жамғармасига календарь муддатларда тўланган бадаллар суммаси қайтадан ҳисоб-китоб қилиниши керак.

Календарь муддатларда тўланадиган бадал ставкаси ўзгарган тақдирда, Тўловларни кафолатлаш жамғармаси бу ҳақда суғурталовчиларга кейинги тўлов муддатидан камида ўттиз кун олдин хабар қилиши шарт.

Суғурталовчиларнинг Тўловларни кафолатлаш жамғармасига тўлайдиган мажбурий бадаллари уларнинг кўрсатилаётган хизматлар таннархига киритиладиган харажатларига тегишли бўлади.



33-модда. Кузатув кенгаши

Кузатув кенгаши Тўловларни кафолатлаш жамғармаси фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.

Кузатув кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Кузатув кенгашига раис бошчилик қилади.

Кузатув кенгашининг мажлислари кенгаш раиси ёки кузатув кенгаши аъзоларининг камида учдан бир қисми томонидан заруриятга кўра, бироқ йилнинг ҳар чорагида камида бир марта чақирилади.

Кузатув кенгаши, агар мажлисда аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, қарорлар қабул қилишга ваколатлидир. Кузатув кенгашининг қарори, агар уни мажлисда ҳозир бўлганларнинг камида учдан икки қисми ёқлаб овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади.

Кузатув кенгаши:

суғурталовчиларнинг календарь муддатларда тўланадиган бадаллари ставкаларини, календарь муддатларда тўланадиган бадалларнинг энг юқори суммаларини, бадалларни ҳисоб-китоб қилиш тартибини ва тўлаш муддатларини тасдиқлайди;

махсус ваколатли давлат органи билан келишган ҳолда агент банкни танлайди;

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг маблағларини давлат қимматли қоғозлари ва бошқа активларга жойлаштириш юзасидан қарор қабул қилади;

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг маблағларидан фойдаланиш тартибини, шу жумладан жорий фаолиятга доир харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг ижро этувчи органини шакллантиради ва унинг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

аудиторлик ташкилотини белгилайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


34-модда. Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг

молиявий ва бошқа ҳисоботлари

Тўловларни кафолатлаш жамғармаси махсус ваколатли давлат органига молиявий ҳамда бошқа ҳисоботларни шу орган белгилаган шаклда ва муддатларда тақдим этади.

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳри бўлади.

Тўловларни кафолатлаш жамғармаси йиллик молиявий ҳисоботининг тўғрилиги аудиторлик ташкилоти томонидан тасдиқланиши керак.

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг йиллик молиявий ҳисоботи кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.

Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг йиллик молиявий ҳисоботи махсус ваколатли давлат органи томонидан белгиланган шаклда ва муддатларда матбуотда эълон қилинади.


35-модда. Мажбурий суғурта бўйича фаолиятни

амалга оширувчи суғурталовчиларнинг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Суғурталовчилар:

Тўловларни кафолатлаш жамғармасидан унинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни сўраш ва олишга;

тузилган мажбурий суғурта шартномаларининг сони, мажбурий суғурта бўйича олинган суғурта мукофотларининг, мажбуриятларнинг ва тўланган суғурта товонларининг миқдорлари ҳақидаги ахборотни Тўловларни кафолатлаш жамғармасидан сўраш ҳамда олишга ҳақли.

Суғурталовчилар:

Тўловларни кафолатлаш жамғармаси билан ёзма битимлар тузишлари;

ушбу Қонунда белгиланган мажбурий бадалларни ўз вақтида ва тўла ҳажмда тўлашлари;

тузилган мажбурий суғурта шартномаларининг сони, мажбурий суғурта бўйича олинган суғурта мукофотларининг, мажбуриятларнинг ва тўланган суғурта товонларининг миқдорлари ҳақида Тўловларни кафолатлаш жамғармасига ахборот тақдим этишлари шарт.


36-модда. Ахборотни айирбошлаш

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, шунингдек тиббиёт, сейсмология, ветеринария, гидрометеорология ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар суғурта товонининг миқдорини аниқлаш мақсадида суғурта ҳодисалари содир бўлишининг сабаблари ва ҳолатлари тўғрисидаги ҳамда етказилган зарар ҳақидаги масалаларни ҳал этиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва хулосаларни суғурталовчиларнинг ҳамда Тўловларни кафолатлаш жамғармасининг сўровига кўра тақдим этиши шарт.

Тўловларни кафолатлаш жамғармаси ва махсус ваколатли давлат органи Тўловларни кафолатлаш жамғармаси ўз ваколатларини амалга ошириши учун зарур бўлган ахборотни мунтазам айирбошлайди.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

37-модда. Мажбурий суғурта бўйича

мажбуриятнинг транспорт воситалари эгалари

томонидан бажарилишини назорат қилиш

Ушбу Қонунда белгиланган мажбурий суғурта бўйича мажбуриятнинг транспорт воситалари эгалари томонидан бажарилишини назорат қилиш транспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишда (қайта ўтказишда), уларнинг мажбурий техника кўригини ташкил этишда ва йўл ҳаракати қоидаларига, шунингдек йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан назорат қилишга доир бошқа ваколатларни амалга оширишда давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилади. Транспорт воситаси ҳайдовчиси ўз ёнида суғурта полисини олиб юриши ва уни текшириш учун қонунчиликка мувофиқ бунга ваколатли бўлган давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига кўрсатиши шарт, бундан ҳайдовчининг ёнида Ўзбекистон Республикасининг ички ишлар органлари ёхуд консуллик муассасалари томонидан берилган биометрик паспорт ёки идентификацияловчи ID-картаси мавжуд бўлган ҳоллар мустасно.

Чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситаларининг эгалари томонидан мажбурий суғурта бўйича ушбу Қонунда белгиланган мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати амалга оширади.


38-модда. Низоларни ҳал этиш

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


39-модда. Транспорт воситалари эгаларининг

фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта

қилиш тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


40-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



41-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                             И. Каримов



"Халқ сўзи", 2008 йил 22 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 17-сон, 128-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2008 йил, 4-сон, 191-модда


















































Время: 0.1925
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск