ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти / Баҳолаш фаолияти / Умумий қоидалар /

Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 24.04.2008 й. ПҚ-843-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2008 йил 24 апрелдаги

ПҚ-843-сон қарорига

ИЛОВА


Баҳоловчи ташкилотлар ва баҳоловчилар тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Баҳолаш фаолияти тўғрисида", "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда баҳолаш фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларнинг (кейинги ўринларда баҳоловчи ташкилотлар деб аталади) мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.


2. Баҳолаш фаолияти дейилганда баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш объекти қийматини белгилашга йўналтирилган фаолияти тушунилади.

3. Баҳоловчи ташкилот баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмаси аъзоси бўлган, мустақил балансга, банкларда ҳисоб рақамларига эга бўлган юридик шахс ҳисобланади.

Баҳоловчи ташкилот ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлишга ҳақли.

4. Баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлган жисмоний шахс баҳоловчи ҳисобланади.

Агар баҳоловчи баҳоловчи ташкилотнинг штатида турса ёки баҳоловчи ташкилот у билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузган бўлса, у баҳолов ташкилот томонидан баҳолашни ўтказишга жалб этилиши мумкин.

5. Баҳоловчи ташкилот ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив ҳужжатларга, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.


II. БАҲОЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


7. Қуйидагилар баҳоловчи ташкилотларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

баҳолаш объекти қийматини қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилаш; баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини таъминлаш;

баҳоловчилар томонидан баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш ва уларнинг касбий савиясини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш.



III. БАҲОЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


8. Баҳоловчи ташкилотлар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

баҳолаш методларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил қўллаш;

объектни баҳолашни амалга оширишда буюртмачидан ҳужжатлардан фойдаланишнинг таъминланишини талаб қилиш, ушбу баҳолаш учун зарур бўлган тушунтиришлар ва қўшимча маълумотлар олиш;

учинчи шахслардан объектни баҳолаш учун зарур бўлган ахборотни сўраб олиш. Кўрсатиб ўтилган ахборотни беришнинг рад этилиши баҳолашнинг ҳаққонийлигига жиддий таъсир қилган тақдирда баҳоловчи буни баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда кўрсатади;

баҳолашни амалга оширишда қатнашиш учун баҳоловчиларни ва бошқа мутахассисларни белгиланган тартибда жалб этиш;

буюртмачи томонидан шартнома шартлари бузилган, баҳолаш объекти тўғрисидаги зарур ахборотнинг тақдим этилиши ёхуд шартномага мувофиқ иш шароитлари таъминланмаган ҳолларда баҳолашни амалга оширишни рад этиш;

баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмаларига аъзо бўлиш;

баҳолаш фаолияти билан боғлиқ бўлган профессионал хизматларнинг қуйидаги турларини кўрсатиш:

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш;

инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва таҳлил қилиш, бизнес-режалар тузиш;

баҳолаш жараёнини автоматлаштириш ва ахборот технологияларини жорий этиш;

баҳолаш фаолияти соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ва уларнинг натижаларини оммалаштириш.

Баҳоловчи ташкилотлар томонидан ушбу Низомда назарда тутилмаган хизматлар кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

Баҳоловчи ташкилотлар қонун ҳужжатларига ва баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

9. Баҳоловчи ташкилотлар қуйидагиларга мажбур:

қонунчиликда белгиланган шартларга риоя қилиш ва баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмасида доимий аъзоликда бўлиш;

баҳолаш ишларини амалга ошириш учун шартнома тузишдан олдин буюртмачи талабига кўра баҳоловчи ташкилотларнинг профессионал жамоат бирлашмасига аъзолиги тўғрисидаги маълумотни ва баҳоловчи (баҳоловчилар)нинг малака сертификатини кўрсатиш;

баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган холисона баҳолашга тўсқинлик қиладиган вазиятлар вужудга келганлиги оқибатида ўзининг баҳолашни амалга оширишда қатнаша олмаслиги тўғрисида буюртмачига хабар қилиш;

буюртмачининг сўровига кўра баҳолаш фаолиятини регламентловчи қонун ҳужжатлари талаблари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш;

баҳолаш давомида олинадиган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш;

мол-мулкни баҳолаш жараёнида аниқланган унинг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан зарар етказилиши, шунингдек қонунчиликнинг бузилиши ҳолатлари тўғрисида мулкдорга ва (ёки) буюртмачига хабар қилиш;

амалга оширилган баҳолаш ишларининг натижалари бўйича баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар нусхаларининг баҳолаш ташкилотида уч йил мобайнида сақланишини таъминлаш;

баҳолаш давомида буюртмачидан олинган ахборотнинг ошкор қилинмаслигини таъминлаш;

баҳоловчиларнинг ҳар йили малака ошириш курсидан ўтишини таъминлаш;

баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари сўровига кўра баҳоловчи ташкилотлар рейтингини баҳолаш учун ахборот тақдим этиш.

Баҳоловчи ташкилотлар қонун ҳужжатларига ва баҳолаш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам олиши мумкин.

10. Баҳоловчилар назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда фақат баҳоловчи ташкилотлар билан назорат органлари ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ўртасида тузилган шартномалар асосидагина мутахассислар сифатида қатнашишлари мумкин.


IV. БАҲОЛОВЧИГА НИСБАТАН

ҚЎЙИЛАДИГАН МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ


11. Баҳоловчининг малака сертификати жисмоний шахсга, агар у баҳоловчи ташкилот штатида турса ёки агар баҳоловчи ташкилот томонидан у билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган бўлса, баҳолашни амалга ошириш ҳуқуқини беради.

12. Баҳоловчининг малака сертификати талабгор томонидан малака имтиҳони муваффақиятли топширилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан берилади. Малака имтиҳонини ташкил этиш, ўтказиш ва унинг натижаларини расмийлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан белгиланади.

13. Баҳоловчининг малака сертификатини олишга талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) олий иқтисодий, юридик ёки техник маълумотга, баҳоловчи ёки баҳоловчининг ёрдамчиси лавозимида сўнгги беш йилда камида бир йил иш стажига эга бўлиш;

ёхуд олий маълумотга, сўнгги беш йилда мол-мулкни баҳолашда баҳоловчи ёки баҳоловчининг ёрдамчиси лавозимида камида икки йил иш стажига эга бўлиши.

Бунда хорижий давлатларда олинган олий маълумот ёки илмий даража белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасидаги маълумотга эквивалент деб эътироф этилган тақдирда эътиборга олинади;

б) баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари таклифлари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган дастур бўйича баҳоловчилар тайёрлаш марказларида махсус ўқувдан ўтганлик тўғрисидаги сертификатнинг мавжудлиги, ўқув тугаган пайтдан бошлаб ҳужжатлар топширилгунгача ўтган вақт бир йилдан ошмаган тақдирда.

Баҳоловчининг халқаро сертификатига эга бўлган талабгорлар баҳоловчилар тайёрлаш марказларида махсус ўқувдан ўтмасдан малака имтиҳони топширишга қўйилади.

14. Баҳоловчининг малака сертификати 5 йил муддатга берилади ва унинг амал қилиш муддати беш йиллик муддатларга узайтирилиши мумкин.

15. Малака сертификатига эга бўлган ҳар бир баҳоловчи малака сертификати олинган йилдан кейинги йилдан бошлаб ҳар йили баҳоловчиларнинг профессионал бирлашмалари таклифлари ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган малака ошириш дастурлари бўйича камида 40 соатлик малака ошириш курсларидан ўтиши шарт.

16. Малака сертификати берилганлиги (малака имтиҳонидан ўтганлик) ва малака сертификатининг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун талабгор (баҳоловчи) базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим тўлайди. Дубликатни қайта расмийлаштирганлик ва берганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи миқдорида йиғим тўланади.

Кўрсатиб ўтилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг бюджетдан ташқари жамғармасига ўтказилади ва улардан малака имтиҳонларини ўтказиш ҳамда баҳоловчининг малака сертификатларини расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.

17. Баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлмаган ва баҳоловчининг баҳолашни амалга ошириш билан боғлиқ топшириқларини бажарадиган жисмоний шахс, баҳолаш ҳисоботини ҳамда баҳолашни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа расмий ҳужжатларни имзолаш ҳуқуқисиз, баҳоловчининг ёрдамчиси бўлиши мумкин.

Баҳоловчи ёрдамчисининг меҳнат шартлари баҳоловчи ташкилот билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилган меҳнат шартномасида белгиланади.

Баҳоловчининг ёрдамчиси баҳолаш вақтида ўзи олган махфий маълумотларнинг ошкор қилинмаслиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб беради.

Баҳоловчининг ёрдамчиси сифатида ишланган вақт баҳоловчининг малака сертификатини олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.


V. БАҲОЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАР

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


18. Баҳоловчи ташкилотлар ўз фаолиятида мустақилдир ва ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин, очиқ акциядорлик ташкилоти бундан мустасно. Баҳоловчи (баҳоловчилар) фақат битта баҳоловчи ташкилотнинг муассиси бўлиши мумкин.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан баҳолаш фаолиятини амалга ошириш, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, тақиқланади.

Баҳоловчи ташкилотлар вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.


19. Баҳоловчи ташкилотни баҳоловчининг малака сертификатига эга бўлган раҳбар бошқаради.

20. Қуйидагиларни:

қимматбаҳо қоғозлар, улушлар, интеллектуал мулк объектлари ва бошқа номоддий активлардан ташқари, кўчар мулкни баҳоловчи ташкилотлар - базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 1500 баравари миқдоридаги устав капиталига ва штатида камида икки нафар баҳоловчига эга бўлиши керак;

мулкий комплекс сифатидаги корхонадан ташқари, кўчмас мулкни баҳоловчи ташкилотлар - базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 2000 баравари миқдоридаги устав капиталига ва штатида камида уч нафар баҳоловчига эга бўлиши керак;

бизнесни (мулкий комплекс сифатидаги корхонани, барча турдаги моддий ва номоддий активларни) баҳоловчи ташкилотлар - базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 2500 баравари миқдоридаги устав капиталига ва штатида камида тўрт нафар баҳоловчига эга бўлиши керак.

Шу билан бирга, устав капиталининг камида 30 фоизи пул маблағлари тарзида киритилган бўлиши керак.

21. Баҳоловчи ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тадбиркорлик субъектларига Давлат хизматлари марказлари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

22. Баҳоловчи ташкилотлар баҳолаш фаолиятини ўзининг фуқаролик жавобгарлигининг суғурта полиси мажбурий равишда мавжуд бўлган тақдирда баҳолаш хизматлари кўрсатиш тўғрисида тузилган шартнома асосида амалга оширадилар.


23. Баҳолашни ўтказиш натижалари баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот билан расмийлаштирилади. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ҳар бир бети баҳолашни ўтказган баҳоловчи (баҳоловчилар) томонидан имзоланади, баҳоловчи ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Баҳолаш бир неча баҳоловчилар томонидан ўтказилган тақдирда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботда баҳолаш ҳақида ҳисобот тайёрлаш жараёнида улар бажарган ишлар кўрсатилади.

24. Баҳоловчи ташкилотлар баҳолаш ишларини ўтказишга штатдаги баҳоловчиларни меҳнат шартномаси (контракти) асосида жалб этадилар.

Баҳоловчи ташкилотлар баҳолаш ишларини ўтказишга баҳоловчи ташкилот томонидан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузилган бошқа баҳоловчи ташкилотлар, баҳоловчилар ва мутахассисларни ҳам жалб этишлари мумкин.


VII. БАҲОЛОВЧИЛАР МАЛАКА

СЕРТИФИКАТЛАРИНИНГ АМАЛ

ҚИЛИШИНИ ТЎХТАТИШ ВА

УЛАРНИ БЕКОР ҚИЛИШ


28. Қуйидагилар баҳоловчи малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш учун асос ҳисобланади:

баҳоловчининг аризаси;

баҳолаш фаолиятини амалга оширишда қонун ҳужжатлари талабларини мунтазам ёки бир марта қўпол равишда бузиш;

баҳолаш давомида олинган маълумотларни мулкдор ёки баҳолаш буюртмачисининг рухсатисиз баҳоловчи томонидан учинчи шахсларга бериш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

молия-хўжалик муносабатлари соҳасида муайян лавозимни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутувчи қонуний кучга кирган суд ҳукми;

фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомалага лаёқати чекланган деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарори.

29. Баҳоловчи малака сертификатининг амал қилиши уни тўхтатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан бошлаб тўхтатилади.

30. Баҳолаш фаолиятини амалга оширишда баҳоловчи малака сертификатининг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш учун асос берадиган қонун ҳужжатлари талабларининг бир марта қўпол равишда бузилишига қуйидагилар киради:

баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолашни амалга оширишда мустақилликни таъминламаслик;

баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни ва эксперт хулосасини нотўғри тузиш;

баҳолаш ишларини ўтказишда олинган махфий ахборотни мулкдор ёки баҳолаш буюртмачисининг рухсатисиз ошкор қилиш, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

баҳоловчининг назорат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ўтказиладиган текширишларда ва бошқа тадбирларда ўзи штатида турадиган ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома тузган баҳоловчи ташкилотнинг тегишли рухсатномасисиз (буйруғисиз) мутахассис сифатида қатнашиши.

31. Баҳоловчининг малака сертификати қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

махсус ваколатли давлат органининг малака сертификати бериш тўғрисидаги қарорининг ноқонунийлиги суд томонидан эътироф этилганда;

сертификат қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганда.

Малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор баҳоловчининг малака сертификати берилган санадан бошлаб амал қилади.

32. Қонун ҳужжатларини бузганлик учун малака сертификатлари бекор қилинган ёки уларнинг амал қилиши тўхтатилган баҳоловчилар малака сертификатининг амал қилиши тўхтатилган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида малака сертификатини такроран олиш учун имтиҳонга қўйилмайди.

33. Баҳоловчининг малака сертификатини бекор қилиш ёки унинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги қарор асосланган бўлиши ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

34. Махсус ваколатли давлат органининг баҳоловчи малака сертификатининг амал қилишини тўхтатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


VIII. БАҲОЛОВЧИ ТАШКИЛОТЛАР ВА

БАҲОЛОВЧИЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


35. Баҳоловчи ташкилотлар баҳолаш тўғрисида нотўғри ҳисобот тузиш оқибатида буюртмачига зарар етказганлиги учун унинг олдида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


36. Баҳолашни сифатли ёки зарур даражада ўтказмаганлик натижасида баҳолаш ишлари буюртмачисига етказилган зарар, шу жумладан бой берилган фойда баҳоловчи ташкилотдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ундириб олинади.

37. Баҳоловчи баҳолашни сифатсиз ўтказганлик, тижорат сирини ошкор қилганлик ва баҳоловчи ташкилот учун зарар келтирган бошқа хатти-ҳаракатлари натижасида етказилган зарар учун баҳоловчи ташкилот олдида қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


IХ. БАҲОЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ҲИСОБОТ

МАЪЛУМОТЛАРИНИНГ НИЗОЛИЛИГИ


38. Зарурат бўлганда, баҳоловчи ташкилотнинг баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботи ҳаққонийлигини текшириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳолаш тўғрисидаги мазкур ҳисобот шартнома асосида бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан экспертизадан ўтказилиши мумкин.

Экспертизани ўтказган баҳоловчи ташкилот баҳолаш объектининг мавжуд қийматини баҳолаш тўғрисидаги мазкур ҳисоботнинг ҳаққонийлиги юзасидан такрорий баҳолашни (ўз баҳолашини) амалга оширмасдан ва ўз хулосасини чиқармасдан ўзининг холисона мулоҳазасини билдиради.

Ушбу баҳолашни ўтказган баҳоловчи ташкилотнинг мазкур баҳоловчи ташкилот томонидан бажарилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни экспертизадан ўтказишга жалб этилишига йўл қўйилмайди.

39. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни экспертизадан ўтказишнинг буюртмачиси олинган хулосага рози бўлмаган тақдирда ушбу баҳс суд томонидан кўриб чиқилади.

40. Баҳолаш объектларини баҳолаш бўйича материалларни экспертизадан ўтказиш учун баҳсли вазиятларда суд органларининг сўровномаларига кўра, белгиланган тартибда эксперт комиссияси тузилади.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ва баҳолаш тўғрисидаги мазкур ҳисобот юзасидан баҳоловчи ташкилот экспертизаси хулосасининг ишончлилигини аниқлаш учун баҳолаш материалларини экспертизадан ўтказиш бўйича эксперт комиссияси хулосаси фақат суд сўровномасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот суд томонидан ҳаққоний эмас деб эътироф этилган тақдирда суд баҳолаш материалларини экспертизадан ўтказиш бўйича эксперт комиссиясидан баҳолаш объекти қиймати тўғрисидаги хулосани талаб қилишга ҳақлидир.


“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2008 йил, 18-сон, 145-модда












































Время: 0.1969
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск