Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Саноат /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.05.2008 й. ПҚ-879-сон "2008-2010 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.05.2008 й.

N ПҚ-879



2008-2010 ЙИЛЛАРДА САНОАТ КООПЕРАЦИЯСИ

АСОСИДА ТАЙЁР МАҲСУЛОТЛАР, БУТЛОВЧИ

БУЮМЛАР ВА МАТЕРИАЛЛАР ИШЛАБ

ЧИҚАРИШНИ МАҲАЛЛИЙЛАШТИРИШ

ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА


Импорт ўрнини босадиган ва рақобатбардошли замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш, тармоқ ичида ва тармоқлараро саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини ўстириш, шунингдек ўтказилган Республика саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси якунларини ҳисобга олган ҳолда:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси томонидан республика компаниялари, уюшмалари ва корхоналари билан биргаликда ишлаб чиқилган 2008-2010 йилларда саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастури маъқуллансин. Дастур:

2008-2010 йилларда саноат маҳсулотларининг асосий турларини ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳаллийлаштириш даражасининг 1-иловага* мувофиқ мақсадли параметрларини;

2008-2010 йилларда бутловчи узеллар ва деталлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг 2 ва 2а-иловаларга* мувофиқ рўйхатини;

2008-2010 йилларда тайёр маҳсулотлар, материаллар ва хом ашё турларини маҳаллийлаштириш лойиҳаларининг 3 ва 3а-иловаларга* мувофиқ рўйхатини;

спорт инвентарлари ва ўқув анжомлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш 2008 йилда тугалланадиган лойиҳаларининг 4-иловага* мувофиқ рўйхатини;

мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан ўзлаштиришга тавсия этилаётган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларнинг 5-иловага* мувофиқ рўйхатини ўз ичига олади.


2. 2 ва 3-иловаларга киритилган корхоналар 2011 йил 1 январгача:

четдан келтириладиган технологик асбоб-ускуналар ва улар учун эҳтиёт қисмлар, шунингдек маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда технологик жараёнда фойдаланиладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган компонентлар учун божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимларидан ташқари);

маҳаллийлаштириш лойиҳалари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бўйича фойда солиғи, ягона солиқ тўлови (солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллайдиган субъектлар учун);

маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган асосий ишлаб чиқариш фондлари бўйича мулк солиғи тўлашдан озод қилинсин.

Бунда 2а, 3а ва 4-иловаларга киритилган корхоналар учун ушбу бандда назарда тутилган имтиёзлар 2009 йил 1 январгача берилади.


3. Белгилаб қўйилсинки, ушбу қарорнинг 2-бандида назарда тутилган имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаб қоладиган маблағлар янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга, шунингдек фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни кенгайтиришга, реконструкция қилишга, модернизациялашга, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом ашё ва материаллар сотиб олишга, Маҳаллийлаштириш дастурини амалга оширишга жалб қилинган корхоналарнинг муҳандис-техник ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Адлия вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда Маҳаллийлаштириш дастурида қатнашувчи корхоналарга берилаётган имтиёзларини қўллашнинг янгиланган тартибини тасдиқласинлар, унда корхоналарнинг лойиҳалар параметрларини бажариш бўйича аниқ мажбуриятлари ва жавобгарлигини, шу жумладан уларга белгиланган параметрларни, биринчи навбатда, маҳаллийлаштириш даражасини асоссиз равишда бажармаганлик учун молиявий санкциялар белгилашни назарда тутсинлар.


5. Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурининг амалга оширилишини таъминлаш бўйича Махсус комиссия таркиби 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин, унга, маҳаллийлаштиришнинг белгиланган даражасини пасайтиришни истисно қилган ҳолда, Маҳаллийлаштириш дастури лойиҳалари параметрларига тузатишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


6. Вазирлар Маҳкамасига Махсус комиссиянинг таклифлари бўйича 2 ва 3-иловаларга киритилган ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш параметрлари ва рўйхатига, шунингдек 5-иловага киритилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар рўйхатига ўзгартиришлар киритишга рухсат берилсин. Бунда 2 ва 3-иловаларга биринчи навбатда 5-иловада акс эттирилган, шунингдек Республика саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасини ўтказиш давомида аниқланган талабдан келиб чиқиб мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан ишлаб чиқариш назарда тутилаётган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга йўналтирилган лойиҳалар киритилади.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳамда Савдо-саноат палатаси лойиҳаларни танлаш, киритиш ва чиқариб ташлашнинг очиқ-ошкора механизми ва мезонларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртманомалари ваколатли органлар ва Махсус комиссия томонидан кўриб чиқилишининг аниқ муддатларини ва Маҳаллийлаштириш дастурига киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинишини назарда тутадиган Саноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига тузатишлар киритиш тартиби тўғрисидаги Низомни бир ой муддатда қайта ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


8. Идоралараро божхона-тариф кенгаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё ва материалларга, шунингдек мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун кенг рақобат муҳити ва қулай шарт-шароитлар яратилиши зарурлигини назарда тутган ҳолда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида серияли ишлаб чиқариш ўзлаштирилган маҳсулотларга импорт божхона тўловларини мақбуллаштириш бўйича таклифларни мунтазам равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган лойиҳаларни амалга оширишнинг бориши устидан тизимли мониторинг ўрнатсин ва ҳар ойда Вазирлар Маҳкамасига ахборот берсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси:

саноат кооперацияси алоқаларини чуқурлаштириш ҳамда маҳаллий хом ашёни қайта ишлашга ва замонавий технологияларни жалб этишга асосланган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни кенгайтириш тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини;

мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари томонидан ўзлаштирилиши тавсия этилаётган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар рўйхати тўғрисида мунтазам ахборот бериб борилишини таъминласинлар.


11. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2006-2008 йилларда маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастури тўғрисида" 2006 йил 22 июндаги ПҚ-386-сон қарори;

Вазирлар Маҳкамасининг "2006-2008 йилларда маҳаллий хом ашё негизида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш Дастурига тузатишлар киритиш тўғрисида" 2007 йил 8 майдаги 93-сон қарорининг 1-банди.


12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов



*) 1-6-иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 22-23-сон, 198-модда.



































Время: 0.1894
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск