ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Оммавий ахборот воситалари / Матбуотни тарқатиш /

Ўзбекистон Республикасида даврий босма нашрларни тарқатиш Қоидалари (АВ томонидан 18.06.2008 й. 1826-сон билан рўйхатга олинган 19.05.2008 й. Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг 10-8/1493-сон, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг 04-01-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 18 июнда 1826-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон алоқа ва

ахборотлаштириш агентлиги,

Ўзбекистон Матбуот ва

ахборот агентлигининг

2008 йил 19 майдаги

10-8/1493, 04-01-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Ўзбекистон Республикасида даврий

босма нашрларни тарқатиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида", "Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида", "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ даврий босма нашрларни тарқатиш қоидаларини белгилайди.

Ушбу Қоидалар даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасидаги фаолиятини амалга ошираётган барча хўжалик юритувчи субъектларга (таҳририятлар, даврий босма нашрларни тарқатувчилар ва обуначиларга) шунингдек, уларнинг таркибий бўлинмаларига тааллуқлидир.

Хорижий давлатларнинг даврий босма нашрларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.



1-§. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборот - Ўзбекистон Республикасининг "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ёки чекланган ахборот маҳсулоти;

даврий босма нашрларни етказиб бериш - даврий босма нашрларни обуначи кўрсатган манзил бўйича етказиб бериш;


каталог - Ўзбекистон Республикасида тарқатиладиган даврий босма нашрлар номларининг белгиланган тартибда тузилган рўйхати;


обуначи - даврий босма нашрга обуна бўлган жисмоний ёки юридик шахс;


тарқатувчи - таҳририят, шунингдек, таҳририят билан шартномага кўра даврий босма нашрларни обуна бўйича ёки чакана савдо тармоғи орқали тарқатиш хизматларини кўрсатувчи юридик ёки жисмоний шахс.


2. Даврий босма нашрларни тарқатиш уларга обуна бўлишни ташкил қилиш йўли билан, шунингдек, чакана савдо тармоғи орқали амалга оширилади.

Қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда даврий босма нашрларнинг электрон шакли ҳам тарқатилиши мумкин.


3. Даврий босма нашрларни тарқатиш бевосита таҳририят томонидан, шунингдек, белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахслар томонидан шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.


4. Ўзбекистон Республикасининг "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонунида белгиланган ахборотларни ўз ичига олган даврий босма нашрлар ҳам тарқатиш учун қабул қилинади.



2-§. ДАВРИЙ БОСМА НАШРЛАРНИ

ОБУНА БЎЙИЧА ТАРҚАТИШ ТАРТИБИ


5. Обуна бўйича даврий босма нашрлар варақчали ва манзилли тизим бўйича тарқатилади.


6. Варақчали тизим бўйича тарқатишда даврий босма нашрлар тарқатувчи томонидан обуначиларнинг манзиллари бўйича кейинги саралаш ва етказиб бериш учун ишлов бериш оралиқ пунктларига юборилади.


7. Манзилли тизим бўйича тарқатишда даврий босма нашрлар тарқатувчи томонидан бевосита обуначилар манзиллари бўйича тарқатилади.


8. Таҳририятлар тарқатувчилар билан улар томонидан босиб чиқариладиган даврий босма нашрларни тарқатиш бўйича шартнома тузадилар. Шартномада даврий босма нашрларни тарқатиш тартиби ва шартлари, босмадан чиқариш жадвали белгиланади, томонлар мажбуриятлари ва низоли масалаларни ҳал қилиш тартиби келишиб олинади.


9. Обуна шартлари (ҳажми, даврий босма нашрнинг формати, босиб чиқариш даврийлиги, обуна даври) таҳририят томонидан белгиланади.


9-1. Даврий босма нашрларнинг ёшга оид таснифини, шунингдек жамоат жойларида ёпиқ ўровларда тарқатилиши керак бўлган даврий босма нашрларни аниқлаш ўрнатилган тартибда таҳририятлар томонидан амалга оширилади.

10. Обунани ўтказиш тартиби (обунани қабул қилиш ва даврий босма нашрларга буюртмаларни тақдим этиш муддатлари, обунани қабул қилиш жойлари, тарқатиш ҳудуди, обунани ҳужжатлаштириш) тарқатувчилар томонидан белгиланади.


11. Даврий босма нашрларга обуна ўтказиш шартлари ва тартиби аҳолига маълумот учун таҳририятлар ва тарқатувчилар томонидан оммавий ахборот воситалари орқали, реклама ва бошқа усуллар ёрдамида етказилади.


12. Обуначи нақд пул тўлаш ёки пул ўтказиш йўли билан даврий босма нашрларга обуна бўлиши мумкин.


13. Тарқатувчи каталогларни нашр қилади ва уларга киритилган даврий босма нашрларга обуна қабул қилинишини амалга оширади.

Каталогда даврий босма нашрнинг номи ва индекси, каталогни нашр қилган тарқатувчининг телефон рақами, даврий босма нашрнинг обуна нархи, босмадан чиқиш даврийлиги, обуна даври, даврий босма нашрларнинг ёшга оид таснифи ва бошқа ахборотлар кўрсатилади.

Каталог қоғоз ва электрон кўринишда нашр қилиниши мумкин.


14. Обуначи учун қулай бўлган обунани қабул қилиш жойларида қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

а) тарқатувчининг номи, унинг жойлашган жойи (юридик манзили, телефон рақами ва бошқалар);

б) иш тартиби;

в) даврий босма нашрлар каталоглари;

г) обунани қабул қилиш пунктларининг иш вақти;

д) обуна бўлиш даври;

е) обунани амалга ошириш тартиби, шартлари ва нархлари;

ж) қўшимча кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ва уларнинг тарифлари;

з) обуна ҳужжатларини тўлдириш намуналари;

и) бошқа зарур маълумотлар.


15. Барча ахборот обуначиларга маълумот учун аниқ ва қулай шаклда етказилиши лозим.


16. Обунани расмийлаштиришда белгиланган намунадаги обуна ҳужжати обуна шартларига мувофиқ тушунарли ва қисқартиришларсиз тўлдирилади.


17. Обуначи томонидан даврий босма нашрларни етказиб бериш манзили нотўғри кўрсатилган бўлса, тарқатувчи жавобгар ҳисобланмайди.


18. Обуна расмийлаштирилганлигининг тасдиғи сифатида обуначига даврий босма нашрнинг номи, обуна даври ва нархи, даврий босма нашр етказиб берилиши керак бўлган манзил, обуначининг фамилияси, исми, отасининг исми, шунингдек тарқатувчининг реквизитларидан иборат бўлган обуна ҳужжати берилади.


19. Обуна навбатдаги обуна давридан бошлаб каталогда кўрсатилган обуна муддатига ёки унинг бир қисмига расмийлаштирилиши мумкин.


20. Даврий босма нашрлар обуначи томонидан бошқа манзилга қайта манзилланиши мумкин. Қайта манзиллаш учун обуначи томонидан тарқатувчига обуна расмийлаштирилганлигини тасдиқловчи обуна ҳужжати тақдим этилади. Бундай ҳужжат йўқолган бўлса обуначининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.

Расмийлаштириш тартиби ва қайта манзиллаш муддатлари тарқатувчи томонидан белгиланади.


21. Даврий босма нашрларни нашрдан чиқариш тўхтатилганда ёки обуначининг аризаси бўйича обуна бекор қилиниши мумкин. Бунда обуначига обуна нархи ва қабул қилинган даврий босма нашрлар ўртасидаги фарқи тарқатувчи томонидан бажарилган хизматларни қоплаш харажатлари ҳисобга олинган ҳолда тўланади.


22. Обуна бекор қилинганда обуна учун тўланган тўлов обуначига тарқатувчи томонидан қуйидаги ҳолларда қайтарилади:

а) обуначининг обунани бекор қилиш тўғрисидаги аризаси бўйича - ариза берилган кундан бошлаб беш кун мобайнида;

б) даврий босма нашрни босмадан чиқариш тўхтатилганда - таҳририятдан ахборот олинган кундан бошлаб бир ой мобайнида.


23. Обуначига даврий босма нашрлар етказиб берилмаган бўлса, у ҳолда обуначи томонидан тарқатувчига ариза берилади ва обуна қабул қилинганлиги ёки қайта манзилланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этади. Бунда обуначининг аризаси ушбу Қоиданинг 34 ва 35-бандларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.



3-§. ДАВРИЙ БОСМА НАШРЛАРНИ

ЧАКАНА САВДО ОРҚАЛИ ТАРҚАТИШ


24. Рўйхатдан ўтказилган даврий босма нашрларни чакана савдо орқали, шу жумладан қўлда сотиш нашрлар таҳририятларининг штатдаги тарқатувчилари томонидан ёки савдо тармоғига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.


25. Даврий босма нашрларнинг навбатдаги сонлари сотувга келиб тушганлиги тўғрисида харидорларни хабардор қилиш учун даврий босма нашрларнинг янги сонлари кўринадиган жойда ҳамма кўриши учун чиқариб қўйилади, болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган даврий босма нашрлар бундан мустасно.

Жамоат жойларида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган даврий босма нашрларни фақат ёпиқ ўровларда тарқатишга йўл қўйилади.

26. Чакана савдо тармоғидан яширин полиграфик нуқсонлари бўлган даврий босма нашрлар сотиб олинганда, бундай даврий босма нашрлар жойида алмаштирилиши лозим.

Даврий босма нашрларни алмаштириб бериш имкони бўлмаганда харидорга даврий босма нашр учун тўланган тўлов қайтариб берилади.


27. Даврий босма нашрларнинг чакана савдосини амалга оширадиган тарқатувчилар даврий босма нашрларнинг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлишлари шарт.



4-§. ТАҲРИРИЯТНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


28. Таҳририят қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳолларда обунани бекор қилиш;

б) даврий босма нашрларни тайёрлаш ва чиқаришга буюртма қабул қилиш;

в) қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга.


29. Таҳририят қуйидагиларга мажбур:

а) обуна бошлангунга қадар тарқатувчи ва обуначига даврий босма нашр тўғрисида аниқ ахборотни тақдим этиш;

б) даврий босма нашрнинг навбатдаги сонини чиқариш кечикканлиги ёки унинг ҳажми ўзгарганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабар қилиш, шунингдек бу ҳақда тарқатувчини ҳам хабардор қилиш;

в) полиграфик нуқсонга эга бўлган даврий босма нашрлар нусхаларини алмаштириш шартлари ва тартибини ўзи ёки тарқатувчи орқали ўз ҳисобидан обуначига маълум қилиши, шунингдек стандарт тўпламлардаги етишмаётган нусхалар ўрнининг тўлдирилишини таъминлаши;

г) даврий босма нашрларнинг барча сонларини обунанинг бутун даври учун каталогда кўрсатилган даврийликка мувофиқ босиб чиқаришни таъминлаш;

д) даврий босма нашрларни босмадан чиқаришни тўхтатиш бўйича қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир ой ичида тарқатувчига тўланган тўловларни қайтариш;

д-1) даврий босма нашрларнинг тегишли ёшга оид тоифасини ҳамда жамоат жойларда ёпиқ ўровларда тарқатиладиган болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган даврий босма нашрларни аниқлаш ва тарқатувчига ёпиқ ўровларда (ҳар бир нусхасини) тақдим этиш;

е) қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар.



5-§. ТАРҚАТУВЧИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


30. Тарқатувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) таҳририят билан даврий босма нашрларни обуна бўйича ёки чакана савдо орқали тарқатиш учун шартнома тузаётганда нашрларнинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини талаб қилиш;

б) обунани қабул қилиш ва даврий босма нашрларнинг чакана савдосини амалга ошириш жойларининг иш тартибини белгилаш;

в) обуначининг розилиги билан алоҳида тўлов эвазига қўшимча хизматлар кўрсатиш (даврий босма нашрларни сақлаш, обуна бўйича даврий босма нашрларни қайта манзиллаш ва бошқалар);

г) болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган даврий босма нашрларни жамоат жойларида тарқатиш учун ўровсиз ёки ўрови шикастланган ҳолатда тақдим этилганда таҳририятга қайтариш.

31. Тарқатувчи қуйидагиларга мажбур:

а) аҳолини тарқатувчиларнинг савдо нуқталари ва обунани қабул қилиш жойларининг иш тартиби, обуна тартиби ва шартлари, обуна бўйича тарқатиладиган даврий босма нашрларнинг нархлари тўғрисида хабардор қилиш;

б) даврий босма нашрни белгиланган муддатда обуначига етказиб беришни таъминлаш;

в) қонунчилик ҳужжатларида белгиланган муддатларда обуначига етказиб берилмаган нусхаларнинг обуна нархини қайтариб бериш ёки худди шундай ёхуд бошқа даврий босма нашр нусхасига алмаштириб бериш;

г) обуначига обунанинг расмийлаштирилганлигини тасдиқловчи обуна ҳужжатини бериш.



6-§. ОБУНАЧИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


32. Обуначи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) тарқатувчидан ушбу Қоидаларнинг 14-бандида кўрсатилган маълумотларнинг тақдим этилишини талаб қилиш;

б) навбатдаги обуна ойидан бошлаб бутун обуна даврига ёки унинг бир қисмига, шунингдек муддатини узган ҳолда даврий босма нашрларга обунани расмийлаштириш;

в) обуначи томонидан имзоланган даврий босма нашрни бошқа манзилга қайта манзиллаш;

г) даврий босма нашрларга обунани бекор қилиш;

д) полиграфик нуқсони бўлган даврий босма нашрларни олганда, даврий босма нашрнинг тегишли сонини олмаганда, шунингдек, таҳририят ёки тарқатувчининг айби билан даврий босма нашрларни етказиб беришнинг муддатларига риоя қилинмаганда, таҳририят ёки тарқатувчига мурожаат қилиш ҳамда ўз хоҳишига биноан нуқсонсиз даврий босма нашрнинг тегишли нусхасига ёхуд бошқа даврий босма нашрнинг нусхасига алмаштириш, шунингдек, даврий босма нашр ушбу нусхасининг обуна ҳақини қайтаришни талаб қилиш;

е) қўшимча хизматлар учун тўлов тўлашни рад этиш, агар улар тўланган бўлса, унинг розилигисиз кўрсатилган қўшимча хизматлар учун тўланган тўловларнинг қайтарилишини тарқатувчидан талаб қилиш;

ж) даъво билан ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш.

Обуначи қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга.


33. Обуначи обуна ҳужжатларини тўлдириш бўйича тарқатувчи томонидан белгиланган талабларга амал қилиши шарт.


34. Даврий босма нашрларнинг етказиб берилмаганлиги сабаби обуначи ариза берган кундан бошлаб 20 кун давомида (агар шартномада бундан камроқ муддат белгиланмаган бўлса) тарқатувчи томонидан аниқланиши ва бартараф этилиши керак.

Аниқланган камчиликлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган ҳолларда тарқатувчи обуначига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ неустойка (пеня) тўловини тўлайди.

35. Обуначининг полиграфик нуқсонга эга бўлган ёки товар кўринишини йўқотган даврий босма нашрларнинг тарқатилиши бўйича мурожаати етти кун муддатда, агар мурожаат бўйича қўшимча текшириш лозим бўлса, мурожаат берилган вақтдан бошлаб 20 кун муддатда қаноатлантирилиши керак.

Агар даврий босма нашр обуначининг айби билан товар кўринишини йўқотганлиги исбот қилинса, обуначининг талаблари қаноатлантирилмайди.


36. Обуначининг барча мурожаатлари обуначи томонидан обуна қабул қилинганлиги фактини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилганда кўриб чиқилади. Обуначининг ишончли вакили мурожаат қилганда эса, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ишончнома тақдим этилиши лозим.



7-§. ТАҲРИРИЯТ ВА ТАРҚАТУВЧИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


37. Таҳририят ва тарқатувчининг жавобгарлиги улар ўртасида тузиладиган шартномаларда белгиланади.


38. Таҳририят қуйидагилар учун жавобгар:

а) даврий босма нашрнинг навбатдаги сони чиқишининг кечикканлиги ёки чиқмаганлиги;

б) даврий босма нашр тўғрисидаги ахборотнинг ўз вақтида тақдим этилмаганлиги;

в) даврий босма нашрларга эълон қилинган обунанинг тугатилганлиги;

г) болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган даврий босма нашрларни тарқатувчига ўровсиз ёки ўрови шикастланган ҳолатда тақдим этганлиги.

Таҳририятлар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа жавобгарликка ҳам эгадирлар.


39. Тарқатувчи қуйидагилар учун жавобгар:

а) обунани қабул қилиш қоидаларини бузганлиги;

б) товар кўринишини йўқотган даврий босма нашрларни сотганлиги (агар обуначининг даврий босма нашрни олгунига қадар бундай камчиликлар пайдо бўлганлиги исботланса), шунингдек жамоат жойларида болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотни ўз ичига олган даврий босма нашрларни очиқ ҳолатда тарқатганлиги;

в) полиграфик нуқсонга эга даврий босма нашрларни тарқатганлиги;

г) обуна ҳужжатларидаги обуначилар тўғрисидаги шахсий маълумотларни учинчи шахсга ошкор қилганлиги;

д) даврий босма нашрни етказиб бериш муддатларини бузганлиги;

е) мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини бузганлиги.


40. Даврий босма нашрларни обуна бўйича ва чакана савдо орқали тарқатиш билан боғлиқ низоларни ҳал қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


41. Даврий босма нашр навбатдаги сонининг нашрдан чиқиши кечикканлиги ёки нашрдан чиқмаслиги форс-мажор ҳолатларининг юзага келиши оқибатида содир бўлганлиги исботланса, таҳририят жавобгарликдан озод қилинади.


42. Агар даврий босма нашрнинг нусхаси (нусхалари)ни етказиб бериш форс-мажор ҳолатларининг юзага келиши оқибатида ёки обуначининг айби билан бузилганлиги исбот қилинса, шунингдек даврий босма нашрнинг чиқишини кечиктириш ёки навбатдаги сонининг чиқмаганлиги таҳририятнинг ва нашриётнинг айби билан юзага келган ҳолларда тарқатувчилар жавобгарликдан озод қилинадилар.


8-§. ЯКУНИЙ ҚОИДА


43. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ва "Матбуот тарқатувчи" АК билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 24-25-сон, 240-модда.













































Время: 0.1860
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск