ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Аҳоли бандлиги / Умумий қоидалар /

Касаначининг уйида ёки ўзига тегишли бошқа жойларда ишлаб чиқариш топшириғини бажариши билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 01.07.2008 й. 146-сон Қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 1 июлдаги

146-сон қарорига

4-ИЛОВА



Касаначининг уйида ёки ўзига тегишли бошқа

жойларда ишлаб чиқариш топшириғини бажариши

билан боғлиқ харажатларини қоплаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳақида" 2006 йил 5 январдаги ПФ-3706-сон Фармонини амалга ошириш тўғрисида" 2006 йил 11 январдаги 4-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган ва касаначининг уйида ёки унга тегишли бўлган бошқа биноларда ишлаб чиқариш топшириғини бажариши билан боғлиқ харажатларини қоплаш шартлари ҳамда тартибини белгилайди.


2. Касаначининг ўз меҳнат мажбуриятларини ва иш берувчининг ишлаб чиқариш топшириқларини бажариши билан боғлиқ харажатларини қоплаш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ амалга оширилади.


3. Касаначининг:

меҳнат мажбуриятларини ва иш берувчининг ишлаб чиқариш топшириқларини бажариш учун меҳнат шартномасига мувофиқ касаначига тегишли бўлган мол-мулкининг эскиришига;

ишлаб чиқариш топшириғини бажариш учун сарфланган электр энергиясига;

агар меҳнат мажбуриятларини бажариш жараёнида анча миқдорда совуқ ва/ёки иссиқ сувдан фойдаланиш талаб қилинса, совуқ ва/ёки иссиқ сувга;

ишлаб чиқариш топшириғини бажариш учун фойдаланилган табиий газга;

агар касаначининг функционал вазифалари меҳнат қуроли сифатида алоқа воситаларидан фойдаланишни назарда тутса - телефон ва почта алоқасига;

касаначи томонидан хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотларни ва тайёр маҳсулотларни ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларига қилган харажатлари қопланиши керак.


4. Касаначининг харажатларини қоплаш миқдори ҳамда уни аниқлаш тартиби корхона ва касаначи ўртасида тузилган шартномада кўрсатилади.

Касаначининг ушбу Низомда назарда тутилган харажатларининг ҳар бир қопланиши корхонанинг раҳбари (бош бухгалтери) ва касаначи томонидан имзоланган тегишли далолатнома билан расмийлаштирилади.


5. Корхонанинг касаначи харажатларини қоплашга харажатлари "Давр харажатлари"га киритилади ва корхона маҳсулоти таннархига қўшилади.


6. Касаначиларнинг меҳнат мажбуриятларини ва иш берувчининг ишлаб чиқариш топшириқларини бажариши билан боғлиқ харажатларини қоплашнинг бухгалтерия ҳисоби бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ амалга оширилади.


7. Касаначининг ўз меҳнат мажбуриятларини ва иш берувчининг ишлаб чиқариш топшириқларини бажариши билан боғлиқ харажатларининг ўз вақтида ва тўғри қопланиши учун жавобгарлик корхонанинг раҳбари ва бош бухгалтерига юкланади.



II. КАСАНАЧИНИНГ МЕҲНАТ ЖАРАЁНИДА

ФОЙДАЛАНИЛАДИГАН МОЛ-МУЛКИ

ЭСКИРИШИНИ ҚОПЛАШ


8. Касаначи томонидан иш берувчининг ишлаб чиқариш топшириғини бажариш жараёнида доимий ва бевосита анжомлари, асбоб-ускуналари, транспорти ва бошқа мол-мулкининг эскириши қопланиши керак.

Касаначининг ишлари амалга ошириладиган бинолар ва хоналар, шунингдек мебеллар ва кам қийматли мол-мулкларнинг эскириши қопланмайди.


9. Мол-мулкнинг эскиришини қоплаш миқдори унинг меҳнат шартномасини тузиш вақтидаги баҳолаш қийматидан ва мол-мулкнинг ушбу тури учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган йиллик эскириш ажратмалари миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Илгари истеъмолда бўлган мол-мулкнинг баҳолаш қиймати меҳнат шартномаси тузиш вақтида унинг эскирганлигини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Баҳолаш қийматини аниқлашни соддалаштириш мақсадида ана шундай асбоб-ускуналарнинг жорий бозор қийматидан ва мол-мулкнинг сотиб олинган (ёки ишлаб чиқарилган санаси) вақтидан бошлаб меҳнат шартномаси тузилган вақтгача бўлган даврда ундан фойдаланиш муддатларидан келиб чиққан ҳолда эскириши ажратмаларнинг белгиланган нормалари қўлланилишига йўл қўйилади.


10. Мол-мулкнинг эскиришини қоплаш меҳнат шартномасига мувофиқ камида ҳар 3 ойда амалга оширилади.



III. ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИ, СОВУҚ ВА/ЁКИ

ИССИҚ СУВ, ТАБИИЙ ГАЗ ВА АЛОҚА

ВОСИТАЛАРИ ХАРАЖАТЛАРИНИ ҚОПЛАШ


11. Электр энергияси харажатларини қоплаш миқдори меҳнат фаолияти жараёнида касаначи томонидан фойдаланиладиган асбоб-ускунанинг энергия сарф қилиши (қуввати)дан, маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш учун) ушбу асбоб-ускунадан фойдаланишнинг норматив вақтидан, шунингдек касаначининг меҳнат фаолияти амалга ошириладиган жойда аҳоли учун электр энергиясига белгиланган тарифлардан келиб чиққан ҳолда аниқланади.

Маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш учун энергиясига харажатларини қоплаш миқдори қуйидаги формула бўйича аниқланади:


В (сўм) = (М i(кВт/с) * ВР i (норма) * Тариф (сўм), бунда:


В (сўм) - ишлаб чиқарилган маҳсулот бирлиги (кўрсатилган хизматлар) учун қоплаш миқдори;

- электр энергиясига харажатларни қоплаш миқдорини аниқлашда маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш) учун зарур бўлган, электр истеъмол қиладиган асбоб-ускунанинг қуввати ва ундан фойдаланиш норматив вақтининг алоҳида-алоҳида ҳисобга олинишини кўрсатувчи сумма белгиси;

М i(кВт/с) - маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган электр энергияси истеъмол қилувчи асбоб-ускунанинг қуввати;

ВР i(норма) - электр энергияси истеъмол қилувчи асбоб-ускунадан фойдаланишнинг норматив вақти;

Тариф (сўм) - электр энергияси учун тўловнинг аҳоли учун белгиланган тарифи.


12. Касаначининг иш жойини ёритиш учун фойдаланиладиган электр энергияси тўлови учун харажатлари ҳам қопланиши керак.


13. Бир ойдаги электр энергияси учун харажатларни қоплаш миқдори иш берувчи томонидан касаначидан қабул қилиб олинган барча буюмларни ишлаб чиқариш учун электр энергияси харажатларини ва бир ой учун ҳисобланган иш жойини ёритиш учун электр энергияси харажатлари қийматини жамлаш йўли билан аниқланади.


14. Ишлаб чиқариш топшириғини бажариш жараёнида касаначи томонидан фойдаланиладиган сув учун харажатлар технологик операцияларни (буюмларни ювиш, тозалаш ва шу кабиларни) амалга ошириш учун сув сарфининг техник нормативларидан ҳамда мазкур жойдаги аҳоли учун белгиланган совуқ ва/ёки иссиқ сувдан фойдаланиш тарифидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


15. Газ учун харажатлар касаначи томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирлиги ҳисобида, иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун газ сарфининг техник нормаларидан ва аҳолига газ етказиб бериш тарифидан келиб чиққан ҳолда аниқланади.


16. Хонани иситиш учун фойдаланиладиган иссиқлик энергияси харажатлари қопланмайди.


17. Алоқа воситалари харажатларини қоплаш касаначининг функционал вазифалари ишлаб чиқаришнинг асосий воситаси сифатида уй телефонидан ва телефон алоқасининг рақамли каналларидан ва/ёки мунтазам равишдаги почта ва телеграф жўнатмаларидан фойдаланиш билан бевосита ва доимий боғлиқ бўлган тақдирда амалга оширилади.


18. Касаначининг алоқа воситалари харажатларини қоплаш миқдори ишлаб чиқариш топшириғини бажариш учун зарур бўлган телефон орқали боғланишларининг норматив ҳажми (вақти)дан ва телефон алоқаси тарифларидан, шунингдек алоқа хизматлари тўлови тўғрисидаги квитанциялар билан тасдиқланган почта ва телеграф жўнатмаларининг ҳақиқий қийматидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Телефон орқали боғланишнинг норматив ҳажмини (вақтини) белгилаш иш берувчи томонидан амалга оширилади.


19. Касаначининг Интернет тармоғига уланиш ва ундан фойдаланиш харажатлари қопланмайди.

Касаначининг функционал вазифалари Интернет тармоғидан доимий фойдаланиш билан боғлиқ бўлган тақдирда касаначининг Интернет тармоғига уланиши ва Интернет тармоғидан фойдаланиш норматив вақтини белгилаш иш берувчи томонидан амалга оширилади.


20. Ишлаб чиқариш топшириғини бажариш учун фойдаланилган электр энергияси, сув ва газ харажатларини, шунингдек алоқа воситаларига харажатларни қоплаш, қоидага кўра, ҳар ойда касаначидан маҳсулотларни (хизматларни) қабул қилиб олиш вақтида амалга оширилади. Бунда касаначининг газ учун харажатларини қоплаш касаначида газ ҳисоблагич мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.



IV. КАСАНАЧИНИНГ ТРАНСПОРТ

ХАРАЖАТЛАРИНИ ҚОПЛАШ


21. Касаначининг хом ашё, материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар ва кичик анжомларни ташишга, шунингдек тайёр маҳсулотларни ёлланган транспорт билан ташишга қилган ҳақиқий харажатлари қопланади.

Қоплаш миқдори корхона ва касаначи ўртасида тузилган битим бўйича, мазкур жойдаги транспорт хизматларининг бозор қийматини, касаначининг иш жойи билан корхона ўртасидаги масофани, ташиш учун ёлланган транспорт воситаси турини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Касаначининг фақат юкларни ташишга қилган харажатлари қопланади. Транспорт воситасининг юксиз юриш қиймати қопланмайди.


22. Ташиш темир йўл транспортида (яқин масофага қатнайдиган электр поездида) амалга оширилган тақдирда транспорт харажатлари тақдим этилган йўл ҳужжати қиймати бўйича қопланади.


23. Касаначининг транспорт харажатларини қоплашда ушбу харажатларнинг мақсадга мувофиқлиги ҳаққоний аниқланган бўлиши керак.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 26-27-сон, 254-модда.









































Время: 0.2229
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск