ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Маълумотларни тармоқлар орқали узатишни ташкиллаштириш. Интернет /

"UZ" доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (АВ томонидан 23.06.2008 й. 1830-сон билан рўйхатга олинган ААА 26.05.2008 й. 155-сон Буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2008 йил 23 июнда 1830-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш

агентлиги Бош директорининг

2008 йил 26 майдаги

155-сон буйруғи билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"UZ" доменидаги домен номларини рўйхатдан

ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси "Телекоммуникациялар тўғрисида"ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, "UZ" доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди, шунингдек, фаолияти "UZ" доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган шахсларнинг, хусусан "UZ" домени Маъмури, "UZ" доменидаги домен номларини Рўйхатдан ўтказувчи, домен номининг Маъмури ва "UZ" доменидаги домен номларига эга бўлган сайтларда ўз материалларини жойлаштирувчи шахсларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солади.


§-1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "UZ" доменида қуйидаги мақсадларда рўйхатдан ўтказишнинг тақсимланган тизими қўлланилади:

рўйхатдан ўтказиш марказлашмаган хизматларини тақдим этиш;

рақобат муҳитини жорий қилиш;

тақдим этиладиган хизматлар сифатини яхшилаш;

истеъмолчилар учун кўрсатиладиган қўшимча хизматлар турини кенгайтириш.


2. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси билан "UZ" доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланишга нисбатан ушбу Низомдаги қоидалардан бошқача қоидалар белгиланса, у ҳолда халқаро шартноманинг қоидалари қўлланилади.


3. Ушбу Низом ёки Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинмаган ҳолатларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қўшилган халқаро шартномаларининг нормалари ёки домен номлари билан боғлиқ халқаро амалиёт қўлланилиши мумкин.



§-2. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР

ВА ТАЪРИФЛАР


4. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар тегишли таърифлари билан қўлланилган:


"UZ" домени Маъмури - "UZ" доменининг асосий Реестрини бошқариш ва "UZ" доменини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилашга давлат томонидан ваколат берилган ташкилот;


домен номининг Маъмури - домен номини ўз номига рўйхатдан ўтказган юридик ёки жисмоний шахс;


домен номини активация қилиш - домен номи ва унга тегишли (DNS) серверлари тўғрисидаги ахборотни Интернет тармоғида домен номининг ишлашини таъминлайдиган "UZ" доменининг асосий DNS серверларида жойлаштириш ва сақлаш;


домен номининг рўйхатдан ўтказилишини бекор қилиш - домен номи ва домен номининг Маъмури тўғрисидаги ахборотни "UZ" доменининг Маъмури томонидан асосий Реестрдан чиқариб ташланиши;


давлат домен номи - Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маъмурий бирликлари (вилоят, ҳокимият, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ, овул ва ш. к.) номларини ўз ичига олувчи ёхуд уларнинг белгиларини ёки номларини бошқача тарзда ифодалайдиган, шу жумладан, қисқартмалари ва/ёки аббревиатураларини ўз ичига оладиган домен номи;


домен номини деактивация қилиш - Интернет тармоғида домен номи ишлашини кейинчалик тўхтатиш учун "UZ" доменининг асосий DNS серверларидан тегишли домен номининг (DNS) серверлари тўғрисидаги ахборотни чиқариб ташлаш;


домен - номли мезон бўйича ажратилган ва уни қўллаб-қувватлаш учун жавоб берадиган ташкилотга эгалик қилиш учун тақдим этилган Интернет тармоғининг қисми;


"UZ" домени - Ўзбекистон Республикасининг мамлакат кодини ифодаловчи, махсус ваколатли ташкилот томонидан бошқариладиган ва мувофиқлаштириладиган ҳамда Ўзбекистон Республикасининг юрисдикцияси остидаги ўз ичига кейинги даража домен номларини олувчи юқори даража домен;


домен номи - ахборот ресурсига ёки ахборот тизимига берилган, уларни Интернет жаҳон ахборот тармоғида идентификациялаш учун хизмат қиладиган ноёб ном;


иккинчи даража домен номи - "UZ" юқори даража доменидан чапда жойлашган, ундан нуқта билан ажратилган ва "UZ" доменининг кейинги даражасини белгилайдиган домен номи;


учинчи даража домен номи (субдомен) - иккинчи даража доменидан чапда жойлашган, ундан нуқта билан ажратилган ва иккинчи даража доменининг кейинги даражасини билдирадиган домен номи;


захираланган домен номи - жамоатчилик учун фойдали бўлган ёки давлат мақсадларида фойдаланиш учун, шунингдек юқори даража доменининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида "UZ" домени Маъмури томонидан захираланган домен номи;


ариза берувчи - домен номини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш учун Рўйхатдан ўтказувчига ариза берган жисмоний ёки юридик шахс;


асосий сервер - юқори даража доменлари тўғрисидаги ахборотни сақловчи DNS серверлари;


номақбул домен номи - одобсиз, ахлоқсиз, қонунчилик ҳужжатларига зид, давлатга ёки жамиятга қарши характердаги сўзларни, шунингдек, ҳарфлар, сонлар ёки сўзлар комбинациясини ўз ичига олган домен номи. Домен номининг номақбуллиги (характери) ушбу домен номини активация қилиш вақтида "UZ" доменининг Маъмури томонидан белгиланади;


асосий Реестр - иккинчи даражадаги рўйхатга олинган домен номлари, домен номларини Рўйхатдан ўтказувчилари ва Маъмурлари ҳамда домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш учун зарур бўлган бошқа ахборотни ўз ичига оладиган "UZ" доменининг марказий маълумотлар базаси;


Рўйхатдан ўтказувчи - домен номларини рўйхатдан ўтказиш бўйича "UZ" домени Маъмури билан тузилган шартномага асосан хизматлар кўрсатадиган ва домен номи тўғрисидаги зарур ахборотни асосий Реестрга киритилишини таъминлайдиган юридик шахс;


домен номини рўйхатдан ўтказиш - Рўйхатдан ўтказувчи томонидан домен номи ва домен номи Маъмури тўғрисидаги маълумотларни асосий Реестрда жойлаштириш ва сақлаш ҳамда "UZ" домени Маъмури томонидан домен номини активация қилиш;


сервер - компьютернинг бошқа компьютерга хизматларни тақдим этиш имконини берувчи аппарат ва дастурий таъминот (дастур-сервер) мажмуи. Компьютерлар дастур-сервер билан дастур-мижозлар ёрдамида ишлайди;


домен номлари тизими - Интернет жаҳон ахборот тармоғида домен номларини бериш, рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби;


"whois" хизмати - домен номи тўғрисидаги асосий ахборотни Интернет браузери ёки махсус компьютер дастури орқали олиш имконини берувчи махсус хизмат;


ICANN (Internet Corporation for Assigned Names and Numbers) - тармоқ техник инфратузилмасининг маъмурий бошқариш функциясини амалга оширадиган, шунингдек юқори даража доменларининг базасини қўллаб-қувватлайдиган Интернетда адреслар ва протоколлар рақамларини бириктириш бўйича ташкилот;


IANA (The Internet Assigned Numbers Authority) - Интернет адресларининг бутун маконини тақсимлаш, шу жумладан IP-адрес, домен номларининг тармоқ хизматини умумий мувофиқлаштириш ва бошқариш ҳамда юқори даража доменларини делегирлаш учун назоратни амалга оширувчи ташкилот;


IP-адрес - рақамли шаклда ифода этилган, тармоқда ахборотнинг жойлашган жойини аниқловчи адрес. IP-адрес нуқталар билан ажратилган тўртта рақамли майдондан (IPV4) иборат.


§-3. "UZ" ДОМЕНИ МАЪМУРИ

6. "UZ" домени Маъмури барча Рўйхатдан ўтказувчилар учун ўзаро ишлашнинг ягона қоидалари ва тартибини белгилайди, рўйхатдан ўтказувчилар билан тузиладиган намунавий шартнома лойиҳасини ишлаб чиқади.

7. Рўйхатдан ўтказувчи билан намунавий шартнома ва Рўйхатдан ўтказувчиларнинг боғланиш учун маълумотларини кўрсатган ҳолда амалдаги Рўйхатдан ўтказувчиларнинг рўйхати "UZ" домени Маъмурининг веб-сайтида босиб чиқарилиши керак.


8. Домен номини рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича хизматларнинг тавсия этиладиган нархи "UZ" домени Маъмури томонидан белгиланади.


9. "UZ" домени Маъмури рўйхатга олинган домен номи тўғрисидаги ахборотни асосий Реестрда рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддати давомида сақлайди ва асосий Реестрнинг техник ишлашини таъминлайди.


10. "UZ" домени Маъмури рўйхатга олинган домен номлари тўғрисидаги зарур ахборотни олиш учун Рўйхатдан ўтказувчига асосий Реестрдан фойдаланишни тақдим этиши мажбурийдир. Маъмурий бошқариш ва асосий Реестр хавфсизлигига таҳдидлардан муҳофаза қилишни таъминлаш ҳуқуқи "UZ" домени Маъмурига юкланади.


11. Рўйхатдан ўтказувчининг хатти-ҳаракатлари асосий Реестрнинг нормал ишлашига ва "UZ" доменининг барқарорлигига тўсқинлик қилган ҳолларда, "UZ" домени Маъмури дарҳол зарур ташкилий ва техник чораларни кўриш, шу жумладан Рўйхатдан ўтказувчининг асосий Реестрдан фойдаланишини вақтинча тўхтатиб туриш ҳуқуқига эга. Асосий Реестрдан фойдаланиш юқорида қайд этилган таҳдидлар бартараф этилгандан сўнг тикланади.

12. Рўйхатдан ўтказувчи томонидан ушбу Низом шартлари ва талаблари ҳамда шартнома мажбуриятлари бузилган ҳолда "UZ" домени Маъмури Рўйхатдан ўтказувчи билан тузилган шартномани бир томонлама тартибда суд орқали бекор қилиш ҳуқуқига эга.


13. "UZ" домени Маъмури ва Рўйхатдан ўтказувчи ўртасидаги шартнома бекор қилинганда Рўйхатдан ўтказувчининг ваколатлари тўхтатилади. "UZ" домени Маъмури Рўйхатдан ўтказувчининг функцияларини бошқа Рўйхатдан ўтказувчига бериш тартиби тўғрисида домен номларини ушбу Рўйхатдан ўтказувчи орқали рўйхатга олган домен номлари маъмурларига хабар беради.


14. "UZ" домени Маъмури домен номининг Маъмури билан тузилган шартнома сабабли Рўйхатдан ўтказувчида юзага келган мажбуриятларнинг бузилганлиги учун, шунингдек Рўйхатдан ўтказувчининг домен номининг Маъмури олдида ўз мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатлари учун жавобгар эмас.


15. "UZ" домени Маъмури ICANN халқаро мувофиқлаштирувчи ташкилот томонидан белгиланган талабларга мувофиқ "UZ" домени маъмурий бошқарилишини таъминлаш учун жавобгар бўлади.


16. "UZ" домени Маъмури қуйидагиларга мажбурдир:

асосий сервернинг нормал ишлашини таъминлаш, DNS базаси ва асосий Реестрни янгилаш;

домен номлари тўғрисидаги ахборотнинг ҳар қандай шахс томонидан олиниши учун "whois" хизматлари ишлашини, базанинг янгиланишини таъминлаш.


17. "UZ" домени Маъмури домен номларини рўйхатдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги ахборотни ўзининг расмий веб-сайти орқали тақдим этиши мужбурийдир.


18. "UZ" домени Маъмури домен номлари Маъмурлари DNS-серверлари ва маълумотлар базасининг ишлаш қобилияти ва тўғри ишлашини текшириш, шунингдек ушбу Низом талабларига мувофиқ Рўйхатдан ўтказувчининг серверлари тизимини текшириш ҳуқуқига эга.


19. "UZ" домени Маъмури ушбу Низом талабларига мувофиқ домен номини Рўйхатдан ўтказувчи ва Маъмурига домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва маъмурий бошқаришни таъминлаш бўйича талабларни қўйиш ҳуқуқига эга.

21. "UZ" домени Маъмури домен номининг Рўйхатдан ўтказувчиси ёки Маъмури томонидан содир этилган "UZ" доменида домен номини рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган қонун бузилишлари учун жавобгар эмас.


22. "UZ" домени Маъмури ушбу Низомга мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиши мумкин.



§-4. ДОМЕН НОМИНИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗУВЧИ


23. "UZ" домени Маъмури билан тегишли тартибда шартнома тузган Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида рўйхатга олинган юридик шахс "UZ" доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга.


24. Рўйхатдан ўтказувчи "UZ" домени Маъмури билан тузилган шартнома асосида домен номларини рўйхатдан ўтказиш бўйича ўз фаолиятини амалга оширади. Домен номларини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини тақдим этиш талаблари ва шартлари барча Рўйхатдан ўтказувчилар учун бир хил белгиланади.


25. Рўйхатдан ўтказувчи "UZ" домени Маъмурининг сервери билан боғланиш учун керакли даражада сифатли ва ишончли бўлган ёпиқ хавфсиз линиядан фойдаланиши мажбурийдир. Бунинг учун ушбу Рўйхатдан ўтказувчи томонидан қуйидаги талабларнинг бажарилиши таъминланиши керак:

халқаро стандартларга тўлиқ мос келиши;

исталган вақтда ишга туширишга тайёр бўлган такрорлайдиган ускунанинг камида битта тўлиқ комплектининг мавжудлиги.


26. Рўйхатдан ўтказувчи "UZ" домени Маъмури томонидан унинг тизимини ушбу Низомнинг 71-бандида кўрсатилган техник талабларга мувофиқлигини даврий текшириш имкониятини таъминлашга мажбурдир.


27. Рўйхатдан ўтказувчи ўз фаолиятини амалга ошириш учун агентлар (реселлер)га эга бўлиши мумкин. Рўйхатдан ўтказувчининг агенти фақат юридик шахс бўлиши мумкин.


28. Рўйхатдан ўтказувчи бошқа шахслар ҳуқуқларини поймол қилмаган, тенг ҳуқуқийлик принципига риоя қилган ҳолда домен номларини рўйхатга олишни амалга оширишга мажбурдир.


29. Рўйхатдан ўтказувчи рўйхатдан ўтказиш учун берилган талабларни ўз вақтида ва сифатли даражада қондириш учун, ушбу Низом талабларига мувофиқ домен номларини рўйхатдан ўтказиш тизимини таъминлаши мажбурийдир.


30. Ноҳалол рақобат, ўз рақобатчиларига, рўйхатдан ўтказувчилар хизматларининг фойдаланувчиларига зиён келтириш, рақобатчиларнинг товарлар ва хизматлар бозоридан фойдаланишларини чеклаш мақсадларида рўйхатдан ўтказувчилар ҳуқуқларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.


31. Рўйхатдан ўтказувчи ушбу Низомга мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.



§-5. ДОМЕН НОМИНИНГ МАЪМУРИ


32. Домен номининг Маъмури Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ва ушбу Низом қоидаларига риоя қилган ҳолда, ўз ихтиёри бўйича домен номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.


33. Домен номининг Маъмури унга бириктирилган иккинчи даража домен номининг чегарасида учинчи даража домен номини бериши, субдоменларни активация қилиши ва номли серверлардан фойдаланишни амалга ошириши мумкин. Бунда домен номининг Маъмури учинчи даража домен номларининг рўйхатдан ўтказилиши тўғрисида ариза берган барча шахсларга тенг муносабатда бўлиши ва фойдаланиш қулай ҳамда домен номининг Маъмури веб-серверида шаклланиши керак бўлган домен номининг Маъмури томонидан белгиланган тамойиллар ва жараёнларга, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ субдоменларни рўйхатдан ўтказиши лозим.

34. Субдоменларни рўйхатдан ўтказишда домен номининг Маъмури субдоменлар маълумотлар базасининг юритилишини таъминлаши керак.


35. Домен номининг Маъмури домен номидан фойдаланиш тартибини белгилайди, ҳар қандай ҳуқуқ бузилишлари, шу жумладан учинчи шахс ҳуқуқларининг бузилишлари ва домен номидан фойдаланиш ким томонидан амалга оширилишидан қатъи назар, домен номини рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда келтирилган зиён учун жавобгар бўлади.


36. Веб-сайтларда ёки домен номи орқали фойдаланиш мумкин бўлган бошқа хизматларда қасддан ишончсиз ёки сохта ахборотдан фойдаланиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларини бузувчи ахборотни жойлаштирганлик учун домен номининг Маъмури жавобгар бўлади.

Домен номининг Маъмури ўзининг домен номи билан боғлиқ ҳуқуқ бузилишлар тўғрисида хабар топиши билан ўз техник имкониятлари доирасида уларни бартараф этиш бўйича дарҳол чоралар кўришга мажбурдир.

37. Домен номининг Маъмури домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва фойдаланиш бўйича рўйхатдан ўтказилишнинг бутун даври давомида ушбу Низом талабларига риоя қилишга мажбурдир.


38. Домен номининг Маъмури Рўйхатдан ўтказувчига у томонидан ўз мажбуриятлари бажарилмаганлиги ва ушбу ҳужжатда белгиланган рўйхатдан ўтказиш талаблари бузилганлиги тўғрисидаги эътирозларни тақдим этиш ҳуқуқига эга.

39. Рўйхатдан ўтказувчи домен номларини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини йўқотган тақдирда, ушбу Рўйхатдан ўтказувчи билан боғлиқ домен номи Маъмурининг ҳуқуқлари ва домен номини рўйхатдан ўтказиш шартлари домен номини рўйхатдан ўтказиш муддати охиригача ўзгармайди.


40. Домен номининг Маъмури ушбу Низомга мувофиқ бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга.



§-6. АСОСИЙ РЕЕСТР


41. Рўйхатдан ўтказувчи ушбу Низомнинг 1 ва 2-иловасида келтирилган шакл бўйича ариза берувчи томонидан тўлдириладиган домен номини рўйхатдан ўтказиш учун ариза асосида домен номларини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги маълумотларни асосий Реестрга киритади.

Тўлдирилиши мажбурий бўлган шаклнинг барча ҳошиялари ариза шаклида кўрсатилади.


42. Ахборотни асосий Реестрга киритиш, ўзгартириш, шунингдек домен номларини рўйхатдан ўтказиш учун шартномани тузиш (рўйхатдан ўтказиш амал қилиш муддатини узайтириш) ариза берувчининг аризасига асосан Рўйхатдан ўтказувчи томонидан амалга оширилади.


43. Домен номи ва унинг Маъмури тўғрисидаги маълумотлар "UZ" домени Маъмурининг "whois" хизмати орқали фойдаланилиши мумкин бўлиши керак. Бунда "whois" хизмати ёрдамида фойдаланиш мумкин бўлган домен номи тўғрисидаги ахборот ҳажми ошкора ва конфиденциал ахборотни ўз ичига олади.

Ошкора ахборотга қуйидаги маълумотлар киритилади:

домен номининг қисқача таърифи;

домен номи тўғрисидаги ахборотни асосий Реестрга узатилишини амалга оширувчи Рўйхатдан ўтказувчи тўғрисидаги маълумотлар;

ушбу доменга хизмат кўрсатувчи DNS серверлар номлари ва IP-адреслари, шунингдек DNS томонидан фойдаланиладиган бошқа техник ахборот.

Конфиденциал ахборотга қуйидаги маълумотлар киритилади:

домен номининг Маъмурининг тўлиқ номи (номланиши);

электрон почта манзили;

домен номининг Маъмурининг юридик манзили ва мурожаат учун телефонлари.

Домен номининг Маъмури ва Рўйхатдан ўтказувчининг келишуви бўйича домен номининг Маъмури тўғрисидаги қўшимча ахборот киритилиши мумкин.

44. Асосий реестрга киритилган домен номи ва унинг Маъмури тўғрисидаги маълумотлар конфиденциал ҳисобланади, агар ариза берувчи ва Рўйхатдан ўтказувчи ўртасидаги шартномада, шунингдек ушбу Низомда бошқача қоида кўзда тутилмаган бўлса.

45. Ушбу Низомга мувофиқ ариза берувчи тўғрисидаги ахборотни "whois" хизматида жойлаштириш ва ундан фойдаланиш учун ариза берувчининг розилиги олиниши шарт.

46. Асосий Реестрдаги домен номлари тўғрисидаги ахборот фақат домен номлари тизимининг лозим даражада ишлашини таъминлаш ва домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва фойдаланишда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида фойдаланилиши лозим.


47. Домен номининг Маъмури томонидан рўйхатдан ўтказиш (рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш) учун аввал берилган аризанинг маълумотлари ўзгарганда, шунингдек домен номи ёки домен номининг Маъмури тўғрисидаги ахборот ўзгарганда домен номининг Маъмури ўзгаришлар тўғрисида Рўйхатдан ўтказувчига ўн кунлик муддатда хабар беришга мажбурдир.

48. Рўйхатдан ўтказувчи ўз ташаббуси билан ҳам маълумотларни текшириш, бунинг учун домен номи Маъмуридан қўшимча маълумотларни сўраш ёки аввал тақдим этилган маълумотларни тасдиқлаш ҳуқуқига эга. Домен номи Маъмури Рўйхатдан ўтказувчининг талабларини ўн кунлик муддатда бажариши мажбурийдир.


49. Домен номи Маъмуридан маълумотлар ўзгариши тўғрисидаги хабарни олингандан ва ушбу маълумотларнинг кейинчалик текширувидан кейин Рўйхатдан ўтказувчи асосий Реестр базасига тегишли ўзгаришларни киритишга ва зарур бўлганда, домен номи Маъмури билан шартномани қайтадан тузишга мажбурдир.


50. Рўйхатдан ўтказувчи асосий Реестрни маъмурий бошқариш ҳуқуқига эга эмас.



§-7. ДОМЕН НОМИНИ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ


51. Ҳар қандай жисмоний ва юридик шахс миллати ва яшаш жойидан қатъи назар, "UZ" доменидаги домен номини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга.


52. Домен номларини рўйхатдан ўтказиш Рўйхатдан ўтказувчи билан ариза берувчи ўртасидаги шартнома асосида амалга оширилади.


53. Ариза берувчи домен номини мустақил танлайди ва домен номини танлаш ҳамда домен номини рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда учинчи шахс ҳуқуқларининг мумкин бўлган бузилишлари учун, шунингдек бундай бузилишлар билан боғлиқ зарарлар хавфи учун жавобгар бўлади.


54. Домен номи биттадан кўп символ ва қуйидаги белги ёки уларнинг комбинациясидан иборат бўлиши керак:

ҳарфлар a, b, c, d, e, f, g, h, i, j, k, l, m, n, o, p, q, r, s, t, u, v, w, x, y, z;

cонлар 0, 1, 2, 3, 4, 5, 6, 7, 8, 9;

дефис ("-" белгиси).

Домен номи дефис билан бошланиши ёки тугалланиши мумкин эмас (масалан, -domain.uz ёки domain-.uz).


55. Рўйхатдан ўтказувчи домен номларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ва процедуралари ҳамда уларни рўйхатдан ўтказиш нархи тўғрисидаги ахборотни манфаатдор шахсларга етказишга мажбурдир.


56. "UZ" домени зонасидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш учун ариза Рўйхатдан ўтказувчининг веб-серверларидан фойдаланган ҳолда, Рўйхатдан ўтказувчига электрон хат кўринишида ёки қоғоз кўринишидаги ёзма ариза бўйича жўнатилиши керак.


57. Ариза берувчи ўз аризасида тўлиқ ва ишончли ахборот тўғрисида хабар беришга мажбурдир. Рўйхатдан ўтказувчи аризани текширишда ариза берувчидан тақдим этилган маълумотлар ҳаққонийлиги тасдиғини сўрашга ҳақлидир.


58. Рўйхатдан ўтказувчи домен номларини рўйхатдан ўтказишга ариза берганлар ва аввал рўйхатга олинганларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқлигининг дастлабки текширувини ўтказишга мажбурдир.


59. Аризалар Рўйхатдан ўтказувчи томонидан уларнинг келиб тушиш кетма-кетлигига мувофиқ кўриб чиқилади.

60. Қуйидаги ҳолларда домен номини рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги ариза рад этилиши мумкин:

домен номи ушбу Низомнинг 54-банди талабларига мос келмаганда;

домен номи рўйхатга олинган ва асосий Реестрда бўлганда;

домен номи "UZ" домени Маъмури томонидан белгиланадиган захираланган домен номлари рўйхатига кирганда;

домен номини рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишни тўхтатиб қўйиш сабаблари белгиланган муддатда ариза берувчи томонидан бартараф этилмаганда.

61. Рўйхатдан ўтказувчи аризани қабул қилган вақтдан бошлаб ўн кун ичида аризачига домен номининг рўйхатдан ўтказганлиги, рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги ёки сабаби кўрсатилган ҳолда рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш тўхтатиб қўйилганлиги тўғрисида ариза берувчига хабар бериши керак. Агар ариза ушбу Низомнинг 1 ва 2-иловаларида келтирилган талабларга жавоб бермаса, Рўйхатдан ўтказувчи аризани кўриб чиқишни тўхтатиб қўйиши лозим. Аризани кўриб чиқишни тўхтатиб қўйиш муддати Рўйхатдан ўтказувчи томонидан белгиланади ва уч кундан ошмаслиги зарур.

62. Рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асослар йўқлиги аниқлангандан сўнг, Рўйхатдан ўтказувчи асосий реестрга ушбу Низомга асосан маълумот киритишни амалга оширади. Асосий реестрга маълумот киритилган кундан бошлаб етти кун ичида Рўйхатдан ўтказувчи ва домен номининг Маъмури ўртасида домен номини рўйхатдан ўтказиш бўйича шартнома тузилади.

63. Рўйхатдан ўтказувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш бўйича хизматлар тўлови миқдори ва тартибини мустақил белгилаш, агар бу ушбу Низомга, шунингдек Рўйхатдан ўтказувчи ва "UZ" домени Маъмури ўртасидаги шартномада белгиланган шартларга зид келмаса;

ариза берувчидан домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун тақдим этилган аризанинг тасдиқланиши, шунингдек домен номи тўғрисидаги маълумотларнинг ўзгарганлиги тўғрисидаги ахборотни сўраш;

ушбу Низомда белгиланган шартлар ва талаблар домен номининг Маъмури томонидан бажарилганда унинг аризаси бўйича домен номини активация қилиш учун бериш.


64. Рўйхатдан ўтказувчи қуйидагиларга мажбурдир:

ариза берувчилар учун ушбу ҳужжатга мувофиқ аризаларни бериш ва расмийлаштиришнинг қулай тартибини белгилаш;

домен номи Маъмурининг талаби бўйича ушбу домен номи Маъмурига тегишли бўлган, асосий Реестрда сақланаётган домен номи тўғрисидаги ахборотни унга тақдим этиш;

рўйхатдан ўтказишнинг бутун муддати давомида асосий Реестрдаги ахборотнинг домен номи Маъмурининг аризасида кўрсатилган ахборот билан мос келишини таъминлаш;

домен номи Маъмуридан билдиришнома олинган вақтдан бошлаб икки иш куни ичида Рўйхатдан ўтказувчини ўзгартириш тўғрисидаги домен номи Маъмурининг талаби бўйича ўз мажбуриятларини янги Рўйхатдан ўтказувчига топшириш учун зарур хатти-ҳаракатларни бажариш.


65. Рўйхатдан ўтказувчи асосий Реестрни олиб боришда маълумотлардан рухсатсиз фойдаланишнинг олдини олиш бўйича зарур чораларни таъминлашга мажбурдир.


66. Рўйхатдан ўтказувчи "whois" хизматлари ишлаши учун домен номи Маъмуридан ахборот олгандан кейин уч кундан кечиктирмасдан "UZ" домени Маъмури базасига маълумотларни киритишни таъминлашга мажбурдир.


67. Рўйхатдан ўтказувчи домен номини излаш ва рўйхатдан ўтказишнинг ўзига тегишли тизими ёки "whois" хизматлари орқали олинган ахборотдан ноҳалол рақобат учун ёки домен номини излаган шахс манфаатларига қарши ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас.


68. Рўйхатдан ўтказувчи ахборотни асосий Реестрга киритиш мақсадларидан ташқари, ариза берувчидан олинган ахборотни ошкор этиш ёки ундан ҳар қандай тарзда фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас, агар ушбу Низомда бошқача тартиб белгиланмаган бўлса.


69. Домен номи активация қилинган пайтдан бошлаб рўйхатга олинган ҳисобланади. Домен номини рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддати Рўйхатдан ўтказувчи ва домен номи Маъмури ўртасидаги домен номини рўйхатдан ўтказиш учун тузилган шартномада белгиланади ва бир йилдан кам бўлмаслиги керак.

Рўйхатдан ўтказиш муддати тугаганидан кейин домен номи деактивация қилинади ва етти кун давомида жорий домен номининг Маъмурига тегишли деб ҳисобланади.

70. Домен номи Маъмурининг домен номини рўйхатдан ўтказиш учун берган аризаси Рўйхатдан ўтказувчи томонидан "UZ" домени Маъмурига активация қилиш учун юборилади.

71. Домен номининг Маъмури тўғрисидаги тўлиқ боғланиш маълумотларининг мавжудлиги ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлиги домен номини активация қилиш шарти ҳисобланади.

72. "UZ" домени Маъмури Рўйхатдан ўтказувчидан домен номини рўйхатдан ўтказиш учун аризани олгандан кейин уч кун давомида домен номини активация қилади.


73. Агар домен номи ушбу Низомнинг 71-банди талабларига жавоб бермаса ёки домен номи "UZ" домени Маъмури томонидан номақбул домен номи деб топилса, "UZ" домени Маъмури активация қилишни рад этади.

Агар рад этишни бартараф этиш имкони бўлмаса, активация қилишни рад этиш ҳолларида домен номи Маъмури Рўйхатдан ўтказувчидан рўйхатдан ўтказиш учун тўловларни тўлиқ ҳажмда қайтариб беришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

"UZ" домени Маъмурининг домен номининг номақбуллиги сабабли уни активация қилишни рад этиши юзасидан судга мурожаат қилиш мумкин.

74. Рўйхатга олинган домен номи домен номи Маъмурининг шахсий мулки ҳисобланмайди. Домен номининг Маъмури домен номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Домен номининг Маъмури домен номидан фойдаланиш ҳуқуқини шартнома бўйича бошқа шахсга бериш ҳуқуқига эга.


75. Домен номидан фойдаланиш қуйидаги ҳолларда тақиқланади:

киберсквоттинг, яъни учинчи шахс ҳуқуқларини бузган ҳолда фойда ёки бошқа турдаги афзалликларга эга бўлиш,

Ўзбекистон Республикасида бошқа шахс номига рўйхатдан ўтказилган ёки рўйхатдан ўтказиш сўраб талабнома берилган, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ рўйхатдан ўтказилмай ҳам муҳофаза қилинадиган ёки анча илгарироқ устуворликка эга бўлган домен номлари, товар келиб чиққан жой номи бўлган домен номлари, фирма номлари (муҳофаза қилинмайдиган қисм сифатида киритилган ҳоллар бундан мустасно) билан адаштириб юбориш даражасида бир хил ёки уларга айнан ўхшаш бўлган домен номини рўйхатдан ўтказиш;

домен греббинг, яъни асосий тушунчаларни ифодаловчи ёки асосий тушунчалардан иборат кўп сонли домен номларининг бир шахс томонидан домен номини рўйхатдан ўтказишда ва фойдаланишда сарф этилган ҳақиқий харажатлардан анча юқори нархда потенциал манфаатдор шахсларга уларни қайта сотиш ёки потенциал рақобатчилар олдида устуворликка эга бўлиш ёхуд потенциал рақобатчиларнинг товарлар ва хизматлар бозоридан фойдаланишини чеклаш ёхуд рақобатчи хўжалик юритувчи субъектларнинг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадларида олдиндан рўйхатга олиниши;

фақат маълум учинчи шахсга бериш учун, агар ушбу хатти-ҳаракат фойда олишга қаратилган, учинчи шахснинг потенциал манфаатлари ёки бошқа потенциал манфаатдор шахсни ҳисобга олган ариза берувчининг ғаразли мақсадини амалга ошириш назарда тутилганда.

77. Захираланган домен номлари рўйхатига кирмайдиган ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро шартномалари талабларини бузмайдиган домен номини рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланишнинг устувор ҳуқуқи домен номини рўйхатдан ўтказиш учун биринчи бўлиб ариза берган шахсга тегишлидир.


§-8. ДАВЛАТ ДОМЕН НОМИ


78. Давлат домен номи фақатгина тегишли давлат органларининг аризаси бўйича рўйхатдан ўтказилади.

79. Рўйхатга олиш учун давлат органларининг аризаси келиб тушгунга қадар давлат домен номини рўйхатга олган домен номининг Маъмури рўйхатдан ўтказишнинг жорий муддати тугагунча давлат домен номидан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Кейинчалик ушбу домен номини рўйхатдан ўтказиш муддати узайтирилмайди.

80. Давлат домен номининг оммабоплигини оширишга қаратилган, шунингдек бошқа домен номини рўйхатдан ўтказиш ва веб-сайтнинг ўрнини алмаштириш билан боғлиқ бўлган виждонли давлат домен номи эгасининг барча асосланган харажатлари давлат домен номини рўйхатдан ўтказишдан манфаатдор бўлган ариза берувчи томонидан тўланади.



§-9. ЗАХИРАЛАНГАН ДОМЕН НОМИ


81. Захираланган домен номлари "UZ" домени Маъмури томонидан рўйхатдан ўтказилади ва фойдаланилади. Захираланган домен номларининг рўйхати ва вазифаси ушбу Низомнинг 3-иловасида белгиланган.


82. "UZ" домени Маъмури учинчи даража домен номларини рўйхатдан ўтказиш учун ҳаммага очиқ бўлиши мумкин бўлган иккинчи даража захираланган домен номларини белгилайди. Учинчи даража домен номларини ҳамма учун очиқ бўлган иккинчи даража домен номларида рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш ушбу Низомга мувофиқ амалга оширилади.


§-14. ДОМЕН НОМИНИ РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ВА ҚАЙТА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ МУДДАТИНИ УЗАЙТИРИШ


97. Рўйхатдан ўтказувчи домен номи Маъмурига рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш зарурлиги тўғрисидаги хабарномани йўллашга мажбур. Хабарнома домен номини рўйхатдан ўтказиш учун берилган аризада кўрсатилган мурожаат учун маълумотлар (почта манзили, электрон почта, телефон, факс ва ш.к.)га рўйхатдан ўтказиш муддати тугашидан икки ой олдин юборилади.


98. Рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун домен номининг Маъмури Рўйхатдан ўтказувчига домен номини рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун ушбу Низомнинг 1 ва 2-иловаларида белгиланган шаклга мувофиқ аризани юборади.


99. Домен номларини рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддатини узайтириш муддат тугагандан кейин камида бир йилга беихтиёр амалга оширилиши мумкин, агар ушбу узайтириш шартлари Рўйхатдан ўтказувчи ва домен номининг Маъмури ўртасида тузилган шартномада белгиланган бўлса.


100. Домен номининг Маъмури рўйхатдан ўтказилгандан кейин камида олти ой ўтгач ва рўйхатдан ўтказишнинг амал қилиш муддати тугашидан камида 30 кун олдин домен номидан фойдаланиш ҳуқуқини бошқа шахсга бериш (қайта рўйхатдан ўтказиш) ҳуқуқига эга.


101. Домен номини қайта рўйхатдан ўтказиш учун Рўйхатдан ўтказувчига домен номи Маъмурининг ёзма тасдиғи ва домен номидан фойдаланиш ҳуқуқи ўз номига қайта расмийлаштирилаётган шахсдан ушбу Низомнинг 1 ва 2-иловаларида белгиланган шаклга мувофиқ ёзилган ариза тақдим этилиши керак.


102. Домен номи билан боғлиқ бўлган суд, ҳакамлик ёки бошқа низоли муҳокама давомида, шунингдек домен номини деактивация қилиш даврида домен номини қайта рўйхатдан ўтказишга йўл қўйилмайди.



§-15. ДОМЕН НОМИНИНГ БЎШАТИЛИШИ,

УНИ ДЕАКТИВАЦИЯ ҚИЛИШ ВА УНИНГ

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИЛИШИНИ БЕКОР ҚИЛИШ


103. Агар домен номини рўйхатдан ўтказиш муддати домен номининг Маъмури томонидан узайтирилмаса ёки домен номининг Маъмури домен номидан фойдаланишни ихтиёрий равишда рад этса, домен номи бўшатилади.


104. Домен номи бўшатилганидан кейин домен номи тўғрисидаги ахборот асосий Реестр ва "whois" хизматлар базасидан чиқариб ташланади, домен номи эса янги рўйхатдан ўтказиш учун бўш бўлади.


105. Домен номи қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда ёки қонуний кучга кирган суд қарори асосида деактивация қилиниши ёки бекор қилиниши мумкин.

109. Рўйхатдан ўтказиш бекор қилингандан кейин домен номи тўғрисидаги ахборот асосий Реестр ва "whois" хизматлар базасидан чиқарилади. Бекор қилинган домен номини кейинчалик рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланиш тартиби "UZ" домени Маъмури томонидан белгиланади.


§-16. НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ


110. "UZ" доменидаги домен номини рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ низолар юзага келганда, тарафлар музокаралар йўли билан муносабатларни тартибга соладилар.

115. Ҳуқуқлари бузилган ёки домен номини рўйхатдан ўтказиш ва ундан фойдаланиш натижасида бошқа ҳар қандай тарзда зарар келтирилган манфаатдор шахс ўз бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.



§-17. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


116. Ушбу "UZ" доменидаги домен номларини рўйхатдан ўтказиш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш Давлат қўмитаси билан келишилган.





Низомга

1-ИЛОВА


Жисмоний шахслар учун "UZ" доменидаги домен

номини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш,

амал қилиш муддатини узайтириш) учун ариза шакли

Номи


Маълумотлар


Эгаси


Ф.И.О. (тўлиқ)*



Паспорт ёки идентификацияловчи ID-картасининг серияси ва рақами*



Жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР) (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун)*



Почта манзили (яшаш жойининг манзили)

мамлакат

шаҳар

кўча

уй, хонадон

почта индекси



Телефон ёки факс*



Электрон почта манзили*



Домен номи тўғрисидаги маълумотлар


Домен номи (тўлиқ)*



Амал қилиш муддати*



DNS ахбороти


Primary Server Нostname



Primary Server Netaddress



Secondary Server Нostname



Secondary Server Netaddress



Ариза берилган сана*



Ариза берувчининг имзоси*



         

Изоҳ: *) тўлдирилиши шарт бўлган қаторлар.






Низомга

2-ИЛОВА


Юридик шахслар учун "UZ" доменидаги домен

номини рўйхатдан ўтказиш (қайта рўйхатдан ўтказиш,

амал қилиш муддатини узайтириш) учун ариза шакли

Номи


Маълумотлар


Эгаси


Юридик шахс номи*



Шартнома тузган шахс (Ф.И.О. (тўлиқ) ва лавозими)*



Почта манзили:

мамлакат

шаҳар

кўча

уй, хонадон

почта индекси



Телефон ёки факс*



Электрон почта манзили*



СТИР*



Банк реквизитлари


Банк номи*



Банк коди*



Ҳисоб рақами*



Маъмурий боғланиш


Ф.И.О. (тўлиқ)*



лавозими*



Почта манзили*



Телефон ёки факс*



Электрон почта манзили*



Техник боғланиш


Ф.И.О. (тўлиқ)*



лавозими*



Почта манзили*



Телефон ёки факс*



Электрон почта манзили*



Биллинг боғланиш


Ф.И.О. (тўлиқ) *



лавозими*



Почта манзили*



Почта индекси*



Телефон ёки факс*



Домен номи тўғрисидаги маълумотлар


Домен номи (тўлиқ)*



Амал қилиш муддати*



DNS ахбороти



Primary Server Нostname



Primary Server Netaddress



Secondary Server Нostname



Secondary Server Netaddress



Ариза берилган сана*


Ташкилот раҳбарининг имзоси*


          

Изоҳ: *) тўлдирилиши шарт бўлган қаторлар.






Низомга

3-ИЛОВА



"UZ" доменидаги захираланган домен номлари


1. "UZ" доменидаги захираланган домен номлари


1.1. "UZ" домени Маъмури учун иккинчи даража домен номлари:

cctld.uz;

domain.uz;

domains.uz;

domen.uz;

domens.uz;

nic.uz;

whois.uz;

www.uz.


1.2. Учинчи даража домен номларини рўйхатдан ўтказиш учун очиқ бўлган захираланган домен номлари:

ac.uz - илмий-тадқиқот ташкилотлар, олий ўқув юртлари ва етакчи илмий тадқиқот маданиятининг муассасалари учун;

com.uz - тижорат ташкилотлари учун;

co.uz - тижорат ташкилотлари учун;

edu.uz - маориф фаолияти учун лицензияга эга ўқув муассасалар учун;

for.uz - миллий контентни ривожлантириш мақсадида for.uz зонасида доменларни бепул рўйхатдан ўтказиш учун;

int.uz - халқаро ташкилотлар учун;

net.uz - Интернет тармоғининг ривожланиши билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширувчи ташкилотлар учун;

org.uz - нотижорат ташкилотлар учун;

pp.uz - жисмоний шахслар учун.


1.3. Қўшимча иккинчи даража домен номлари:

aero.uz;

arpa.uz;

biz.uz;

coop.uz;

info.uz;

museum.uz;

name.uz;

pro.uz.



2. ICANN тавсиялари бўйича захираланадиган домен номлари


2.1. ICANN учун:

aso.uz;

dnso.uz;

icann.uz;

internic.uz;

pso.uz.


2.2. IANA учун:

afrinic.uz;

apnic.uz;

arin.uz;

example.uz;

gtld-servers.uz;

iab.uz;

iana.uz;

iana-servers.uz;

iesg.uz;

ietf.uz;

irtf.uz;

istf.uz;

lacnic.uz;

lanic.uz;

rfc-editor.uz;

ripe.uz;

root-servers.uz.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 26-27-сон, 255-модда.









































Время: 0.1414
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск