язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Бухгалтерия ҳисоби. Аудит. Баҳолаш фаолияти/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Аудит/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.07.2008 й. ПҚ-907-сон "Аудиторлик ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.07.2008 й.

N ПҚ-907



АУДИТОРЛИК ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

МОЛИЯВИЙ БАРҚАРОРЛИГИНИ

ОШИРИШ ЮЗАСИДАН ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ ҳамда аудиторлик фаолиятини янада такомиллаштириш, аудиторлик ташкилотларининг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида:


1. 2008 йилнинг 1 августидан шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра аудиторлик ташкилоти устав капиталининг камида эллик фоизи муассислар (иштирокчилар)нинг пул маблағларидан, қолган қисми эса аудиторлик фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланиладиган моддий бойликлардан шакллантирилади.


2. Ишлаб турган аудиторлик ташкилотлари 2009 йилнинг 1 августигача бўлган муддатда устав капиталининг тузилмасини мазкур қарорнинг 1-бандида кўрсатилган талабга мувофиқлаштирсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2009 йилнинг 1 августидан бошлаб ушбу қарор талабларига жавоб бермайдиган аудиторлик ташкилотларининг лицензиялари амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш ва бекор қилиш чораларини кўрсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.


5. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2008 йил 2 июлдаги

ПҚ-907-сон қарорига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Президенти ва

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг

айрим қарорларига киритиладиган

ўзгартиш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Аудиторлик ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда улар кўрсатаётган хизматлар сифати учун жавобгарликни ошириш тўғрисида" 2007 йил 4 апрелдаги ПҚ-615-сон қарори билан тасдиқланган Аудиторлик ташкилотлари тўғрисидаги Низомнинг:

12-банди қуйидаги мазмундаги бешинчи-олтинчи хатбошилари билан тўлдирилсин:

"Мазкур банднинг аудиторлик ташкилотига унинг штатидаги аудиторларнинг энг кам сонига нисбатан қўйилган талаби мазкур аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланган аудиторлик штати аудиторларнинг белгиланган энг кам сони билан тўлиқ тўлдирилишини назарда тутади.

Аудиторлик ташкилоти устав капиталининг камида эллик фоизи муассислар (иштирокчилар)нинг пул маблағларидан, қолган қисми эса аудиторлик ташкилоти фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланиладиган моддий бойликлардан шакллантирилади".


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Аудиторлик фаолиятини такомиллаштириш ва аудиторлик текширишларининг аҳамиятини ошириш тўғрисида" 2000 йил 22 сентябрдаги 365-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚТ, 2000 й., N 9, 62-модда)нинг:

а) 3-банди:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аудиторларга малака сертификатларини бериш, амал қилишини тўхтатиш ва бекор қилиш";

олтинчи хатбоши еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

б) 2-иловасидаги 10-банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. Солиқ органлари қуйидагилар:

мажбурий аудиторлик текшируви ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар;

ҳар бир хўжалик юритувчи субъектлар бўйича аудиторлик текшируви ўтказган аудиторлик ташкилотини кўрсатиб ўтган ҳолда мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилган хўжалик юритувчи субъектлар;

мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаган хўжалик юритувчи субъектлар;

мажбурий аудиторлик текшируви ўтказилишидан бўйин товлаган хўжалик юритувчи субъектларга ва уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан қўлланилган жарима санкциялари тўғрисида маълумотлар базасини олиб боради.

Давлат солиқ қўмитаси ҳар йили 20 февралгача ва 20 июлгача лицензия берувчи органга ушбу хўжалик юритувчи субъектлар ва уларга нисбатан ўтган йил ва жорий йилнинг биринчи ярми учун қўлланилган жарима санкциялари тўғрисида умумлашма ахборот тақдим этади. Бунда ҳар бир мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилган хўжалик юритувчи субъект бўйича мазкур текширувни олиб борган аудиторлик ташкилоти кўрсатиб ўтилади.

Мажбурий аудиторлик текшируви ўтказмаган хўжалик юритувчи субъектга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган жазо чораларини қўлламаганлиги учун солиқ органларининг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар";

в) 3-иловасидаги:

4-банди:

қуйидаги мазмундаги тўртинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"меҳнат дафтарчаларининг нотариал тасдиқланган нусхалари ва асосий иш жойи бўйича штатдаги аудиторларни ушбу Низомда назарда тутилган штатдаги аудиторларнинг энг кам сонига тўғри келадиган миқдорда ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқларнинг тасдиқланган нусхалари";

тўртинчи-олтинчи хатбошилар тегишли равишда бешинчи-еттинчи хатбоши деб ҳисоблансин;

26-1-банди қуйидаги мазмундаги бешинчи-олтинчи хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Мазкур банднинг аудиторлик ташкилотига унинг штатидаги аудиторларнинг энг кам сонига нисбатан қўйилган талаби мазкур аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланган аудиторлик штати аудиторларнинг белгиланган энг кам сони билан тўлиқ тўлдирилишини назарда тутади.

Лицензия олингандан сўнг ушбу банд талабларига тўғри келмаган тақдирда аудиторлик ташкилоти номувофиқлик юзага келгандан бошлаб 5 кун давомида лицензия берувчи органни ёзма равишда хабардор қилади ҳамда кўрсатилган санадан бошлаб камида 3 ой муддатда юзага келган номувофиқликни бартараф этиши, ёки бошқа турдаги аудиторлик текширувини амалга ошириш ҳуқуқига лицензия олиш ёҳуд белгиланган тартибда ўз фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт. Аудиторлик ташкилоти томонидан ушбу банднинг талабларига номувофиқлик бартараф этилгунга қадар аудиторлик текширувини ўтказиш қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликни келтириб чиқаради";

қуйидаги мазмундаги 26-2-банд билан тўлдирилсин:

"26-2. Аудиторлик ташкилоти устав капиталининг камида эллик фоизи муассислар (иштирокчилар)нинг пул маблағларидан, қолган қисми эса аудиторлик ташкилоти фаолиятини амалга оширишда бевосита фойдаланиладиган моддий бойликлардан шакллантирилади".



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 28-сон, 264-модда.