Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 18.11.1991 й. 422-XII-сон "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

18.11.1991 й.

N 422-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

НОГИРОНЛАРНИ ИЖТИМОИЙ

ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТЎҒРИСИДА


(Янги таҳрири)


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ногирон - жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгаланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож шахс;


ногирон болалар - жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги) нуқсонлари борлиги туфайли турмуш фаолияти чекланганлиги муносабати билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ногирон деб топилган ҳамда ижтимоий ёрдамга ва ҳимояга муҳтож ўн саккиз ёшгача бўлган шахслар;


ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш - ногиронларга турмуш фаолияти чекланганлигини бартараф этиши, қоплаши (компенсация қилиши) учун шарт-шароитларни таъминловчи ҳамда уларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиш имкониятларини яратишга қаратилган, давлат томонидан кафолатланган иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тазими;


ногиронларни реабилитация қилиш - ногиронларга организмининг издан чиққан ёки йўқолган функцияларини тиклашига ва уларни компенсация қилишига, турмуш фаолияти чекланганлигини бартараф этиши учун ёрдам беришга қаратилган тиббий, ижтимоий, психологик, педагогик, жисмоний, касбга, меҳнатга доир чора-тадбирлар тизими;


тиббий-ижтимоий экспертиза - муайян шахс организмининг барча тизимларини комплекс текшириш асосида унинг соғлиғини йўқотганлик даражасини, организми функциялари турғун бузилиши оқибатида турмуш фаолиятининг чекланганлик даражасини, ногиронлик гуруҳини, ногиронликнинг юз берганлиги сабаблари ҳамда вақтини аниқлаш, шунингдек шахс учун соғлиғининг ҳолатига кўра амалга ошириши мумкин бўлган меҳнат фаолияти турлари ва меҳнат шароитлари, ўзгаларнинг парваришига, санаторий-курортда даволанишнинг тегишли турларига ҳамда ижтимоий ҳимояга бўлган эҳтиёжлари ҳақида тавсиялар тайёрлаш;


шахснинг турмуш фаолияти чекланганлиги - шахснинг ўзига ўзи хизмат қилиш, ҳаракатланиш, йўлни топа олиш, мулоқот қилиш, ўз хатти-ҳаракатини назорат этиш, шунингдек ўқиш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш қобилиятини ёки имкониятини тўла ёхуд қисман йўқотганлиги.



4-модда. Шахсни ногирон деб топиш

Шахсни, шу жумладан ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган болаларни ногирон деб топиш тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан, ўн олти ёшгача бўлган болаларни ногирон деб топиш эса, тиббий-маслаҳат комиссиялари томонидан амалга оширилади.

Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ва тиббий-маслаҳат комиссияларини тузшп, шунингдек улар томонидан хулосалар бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


5-модда. Ногиронлар ҳуқуқларининг кафолатлари

Давлат ногиронлар турмуш фаолиятининг чекланганлигини баҳолаш асосида уларнинг ижтимоий ёрдам ҳамда ҳимоя чора-тадбирларига бўлган эҳтиёжлари ҳисобга олиниши таъминланишини, ногиронларни реабилитация қилиш ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган турларидаги дастурлар амалга оширилишини, ногиронларнинг жамият билан уйғунлашиши учун шароитлар яратилишини, ногиронларни камситишнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишни таъминлаш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўрилишини кафолатлайди.


6-модда. Ногиронларни ижтимоий ҳимоя

қилиш сохасидаги давлат сиёсати

Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш;

ногиронларнинг камситилишига йўл қўймаслик;

ногиронларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;

ногиронларнинг ҳуқуқлари ва улар учун имкониятлар тенглигини таъминлаш;

ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш;

ногирон болаларнинг мактабгача ва мактабдан ташқари таълимини, ногиронларнинг касб тайёргарлигини, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим олишини таъминлаш;

давлат органлари ҳамда улар мансабдор шахсларининг ногиронлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги фаолиятининг ошкоралигини ҳамда очиқ-ойдинлигини таъминлаш;

ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш.



7-модда. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви

органларининг ногиронларни ижтимоий

ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ўз ваколатлари доирасида:

ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантиради ва амалга оширади;

ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича устувор йўналишларни белгилайди;

ногиронларни реабилитация қилиш, ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир давлат дастурларини, шунингдек ҳудудий дастурларни шакллантиради ва амалга оширади;

ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлайди;

давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

ногиронлар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминловчи давлат органларининг фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

ногиронларни тиббий, касбий ва ижтимоий реабилитация қилиш ва илмий тадқиқотлар ўтказишни ҳамда мутахассислар тайёрлашни молиялаштиради ва ташкил этади;

ўзгаларнинг парваришига ва ёрдамига муҳтож бўлган ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатувчи стационар муассасалар тармоғини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар кўради;

ногиронларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам сонини захирада сақлайди;

реабилитация, илмий-ишлаб чиқариш марказлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги амбулатория ва стационар даволаш-профилактика муассасаларида, ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатиш стационар муассасаларида тиклаш терапияси бўлинмалари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, ихтисослаштирилган санаторий-курорт муассасалари тизимини, шунингдек ногиронларга ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ва ташкилотлар ташкил этади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.



8-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш

органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг

ногиронлар ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни

ижтимоий ҳимоя қилишда иштирок этиши

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилишга кўмаклашади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари:

ногиронларнинг ҳуқуқларини таъминлашга доир ваколатларни амалга оширишда давлатдан ва белгиланган тартибда халқаро ташкилотлардан ҳуқуқий, услубий, ташкилий ҳамда молиявий ёрдам олиши;

ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда, шунингдек тегишли тадбирларни молиялаштиришда иштирок этиши мумкин.


2-БОБ. НОГИРОНЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ

ИНФРАТУЗИЛМА ОБЪЕКТЛАРИГА

ТЎСҚИНЛИКСИЗ КИРИШИ, ТРАНСПОРТДАН,

АЛОҚА ВА АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИДАН

ТЎСҚИНЛИКСИЗ ФОЙДАЛАНИШИ

УЧУН ШАРОИТЛАР ЯРАТИШ

9-модда. Аҳоли пунктларини лойиҳалаш ва қуриш,

транспорт воситалари, алоқа ва ахборот воситаларини

яратиш ҳамда ишлаб чиқаришда ногиронларнинг

эҳтиёжларини ҳисобга олиш

Ногиронларнинг кириши ва фойдаланиши учун мослаштирилмаган ҳолда аҳоли пунктларини лойиҳалаш ва қуришга, тураржой даҳаларини барпо этишга, янги қурилиш учун лойиҳа ечимларини ишлаб чиқишга, бинолар, иншоотлар ва уларнинг комплексларини реконструкция қилишга шунингдек транспорт воситаларини, умумий фойдаланишдаги алоқа воситалари ва ахборот воситаларини яратиш ҳамда ишлаб чиқаришга йўл қўйилмайди.

Бинолар, иншоотлар ва уларнинг комплексларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш нормалари ва қоидалари ногиронларнинг тегишли жамоат бирлашмалари фикрини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан келишилиши лозим.


10-модда. Ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма

объектларига тўсқинликсиз киришини, транспортдан,

алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз

фойдаланишини таъминлаш

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) ногиронларнинг (шу жумладан, ўриндиқли аравача ҳамда етакловчи итлардан фойдаланувчи ногиронларнинг) ижтимоий инфратузилма объектларига (тураржойларга, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, иморатлар ва иншоотларга, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданий-томошагоҳ ҳамда бошқа муассасаларга) тўсқинликсиз кириши учун, шунингдек темирйўл, ҳаво, сув транспортидан, шаҳарлараро автомобиль транспортидан, шаҳар ва шаҳар атрофига қатнайдиган йўловчилар транспортининг барча турларидан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланишдаги алоқа воситалари ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратиши шарт.

Аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни амалга оширувчи ташкилотлар вокзалларни, аэропортларни ҳамда бошқа объектларни уларнинг хизматларидан ногиронлар тўсқинликсиз фойдаланиши имконини берувчи махсус мосламалар билан жиҳозлашни таъминлайди.

Ногиронлар ёки ўз таркибида ногирон бор оилалар эгаллаган тураржойлар, шунингдек ногиронлар учун қурилаётган уй-жойлар ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланиши керак. Бундай тураржойларни жиҳозлаш уй-жой фонди ўз тасарруфида бўлган ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Бу тадбирларни молиялаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Мазкур объектларни уларга ногиронларнинг тўсқинликсиз кириши учун мослаштиришнинг имкони бўлмаган ҳолларда, тегишли ташкилотлар ногиронларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришни таъминловчи зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиши ва амалга ошириши керак.


11-модда. Ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига

тўсқинликсиз киришини, транспортдан, транспорт коммуникацияларидан,

алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланишини таъминлашга

доир вазифаларни бажармаганлик учун жавобгарлик

Ногиронларнинг ижтимоий инфратузилма объектларига (турар жойларга, жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, иморатлар ва иншоотларга, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданий-томошагоҳ муассасаларга ва бошқа муассасаларга) тўсқинликсиз кириши учун, шунингдек темир йўл, ҳаво, сув, шаҳарлараро автомобиль транспортидан, шаҳар ва шаҳар атрофига қатнайдиган йўловчилар транспортининг барча турларидан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланишдаги алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратиш бўйича ушбу Қонунда назарда тутилган талабларни бажармаганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги ташкилотларни ушбу Қонуннинг ногиронлар ижтимоий инфратузилма объектларига тўсқинликсиз кириши, транспортдан, транспорт коммуникацияларидан, умумий фойдаланишдаги алоқа ва ахборот воситаларидан тўсқинликсиз фойдаланиши учун шароитлар яратишга доир талабларини бажариш мажбуриятидан озод этмайди.


3-БОБ. НОГИРОНЛАРНИ

РЕАБИЛИТАЦИЯ ҚИЛИШ

12-модда. Ногиронларни

реабилитация қилишнинг мақсади

Ногиронларни реабилитация қилишнинг мақсади ногиронларга тўлақонли турмуш кечириш ҳамда ўз ҳуқуқлари ва потенциал имкониятларини рўёбга чиқариш имконини берувчи ижтимоий мақомини, ўзига ўзи хизмат кўрсатишга ва касбий фаолиятнинг ҳар хил турларига доир қобилиятларини тиклашдан иборатдир.


13-модда. Ногиронларни

реабилитация қилиш турлари

Ногиронларни реабилитация қилиш қуйидагиларни ўз ичига олувчи чора-тадбирларнинг яхлит тизимидир:

Ногиронларни тиббий реабилитация қилиш, бу тиклаш терапияси, реконструктив жарроҳлик, протезлаш ва ортезлашдан иборат бўлади;

ногиронларни касбий реабилитация қилиш, бу касбга йўналтириш, касб таълими бериш, касб-ҳунар-ишлаб чиқариш мослашувидан ва ишга жойлаштиришдан иборат бўлади;

ногиронларни ижтимоий реабилитация қилиш, бу ижтимоий-муҳитда йўлини топа олиш ва ижтимоий-маиший мослашувдан иборат бўлади.



14-модда. Ногиронни реабилитация

қилишнинг якка тартибдаги дастури

Ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури тиббий-ижтимоий экспертиза асосида ишлаб чиқилган, ногирон учун энг мақбул реабилитация қилиш чора-тадбирлари комплекси бўлиб, у организмнинг издан чиққан ёки йўқолган функцияларини, шунингдек ногироннинг меҳнат фаолияти муайян турларини бажаришга бўлган қобилиятларини тиклашга, уларни компенсация қилишга қаратилган тиббий, касбий реабилитация қилиш чора-тадбирларини ҳамда реабилитация қилишнинг бошқа чора-тадбирларини рўёбга чиқаришнинг айрим турлари, шакллари, ҳажмлари, муддатлари ва тартибини ўз ичига олади.

Ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури ташкилотлар бажариши учун мажбурийдир.

Ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури ногирон учун тавсия тусига эга бўлиб, ногирон реабилитация қилиш чора-тадбирларининг у ёки бу турини, шаклини ва ҳажмини, шунингдек дастурнинг амалга оширилишини бутунлай рад этиши мумкин. Ногирон ўзини муайян техника воситаси ёки бошқа восита ёхуд реабилитация қилиш тури, шу жумладан автомобиллар, ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтиргич аппаратлар, сигнализаторлар, субтитрли ёки сурдо таржимаси бўлган видеоматериаллар, бошқа шунга ўхшаш воситалар билан таъминлаш тўғрисидаги масалани мустақил равишда ҳал қилишга ҳақлидир.

Ногиронларга реабилитация қилишнинг техника воситаларини тақдим этиш ва реабилитация хизматлари кўрсатиш, қоида тариқасида, натура шаклида амалга оширилади.

Агар ногиронга ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурида назарда тутилган техника воситасини тақдим этишнинг ёхуд хизмат кўрсатишнинг имкони бўлмаса ёки агар ногирон ўз ҳисобидан тегишли воситани олган ёхуд хизмат учун ҳақ тўлаган бўлса, унга ногирон учун тақдим этилиши лозим бўлган техника воситасининг ёхуд кўрсатилиши лозим бўлган хизматнинг қиймати миқдорида компенсация тўланади.

Ногирон реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурини бутунлай рад этган ёки бу дастурнинг айрим қисмлари рўёбга чиқарилишини рад этган тақдирда, тегишли ташкилотлар мазкур дастурнинг ёки дастур айрим қисмларининг бажарилмаганлиги учун жавобгар бўлмайди.



4-БОБ. НОГИРОНЛАРНИНГ ТАЪЛИМИ

ВА УЛАРНИ КАСБГА ТАЙЁРЛАШ

15-модда. Ногиронларнинг таълим

олиши, уларни касбга тайёрлаш ва

малакасини ошириш шакллари

Ногиронларнинг таълим олиши, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш: ишлаб чиқаришдан ажралган ва ажралмаган шаклларда, экстернат, масофадан ўқитиш, давлат таълим стандартлари асосида оиладаги таълим ва мустақил таълим шаклларида амалга оширилади.


16-модда. Ногирон болаларнинг

мактабгача таълими

Ногирон болаларнинг мактабгача таълими мактабгача таълим муассасаларида амалга оширилади. Агар ногирон болаларнинг соғлиғи мактабгача таълим муассасаларида бўлиши имкониятини истисно этса, ногирон болаларнинг мактабгача таълими ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, шу жумладан, интернат-уйларда амалга оширилади.


17-модда. Ногиронларнинг умумий ўрта,

ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълими

Ногиронларнинг умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълими барча таълим муассасаларида, зарур бўлган ҳолларда эса ихтисослаштирилган таълим муассасаларида амалга оширилади.

Стационар даволаш-профилактика ёки реабилитация қилиш муассасаларида даволанаётган ногирон болалар учун ўқув машғулотлари ташкил этилади.


18-модда. Ногиронларни касбга тайёрлаш

ва уларнинг малакасини ошириш

Ногиронларни касбга тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш таълим муассасаларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида, шунингдек ногиронлар жамоат бирлашмаларининг корхоналарида ижтимоий таъминот муассасалари билан биргаликда ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ таъминланади.

Касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш даврида ногиронларни моддий жиҳатдан таъминлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



19-модда. Ногирон болаларнинг

мактабдан ташқари таълими

Давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ногирон болаларнинг уларни ҳар томонлама ва уйғун ривожлантиришга, уларда ижтимоий фаолликни, меҳнатга қизиқишни тарбиялашга, уларни илм-фан, техника, санъат ва спортга жалб этишга қаратилган мактабдан ташқари таълимдан фойдаланишини таъминлайди, бунинг учун зарур шароитлар яратади.


20-модда. Ногирон болаларнинг

оиладаги таълими

Ногирон болаларнинг оиладаги таълими таълим муассасаларида, шу жумладан, ихтисослаштирилган таълим муассасаларида таълим олишнинг имкони бўлмаган тақдирда, ота-онанинг ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларнинг истаги ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади. Бунда ота ёки онага ёхуд ота ёки она ўрнини босувчи шахсга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда ва шартларда моддий таъминот ҳамда имтиёзлар берилади.

Таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ногирон болаларнинг оилада таълим олишида ота-онага ёки ота-она ўрнини босувчи шахсларга ёрдам кўрсатиши шарт.

21-модда. Ногирон болаларни стационар

муассасаларда тарбиялаш ва ўқитиш

Стационар муассасаларда доимий равишда турадиган ногирон болалар учун мазкур муассасалар томонидан тарбия ва таълимнинг ижтимоий-маиший ҳамда меҳнат кўникмаси ҳосил қилиш билан уйғун ҳолдаги узлуксизлиги таъминланади.



22-модда. Имо-ишора тили

Имо-ишора тили Ўзбекистон Республикаси томонидан шахслар ўртасидаги мулоқот воситаси сифатида тан олинади. Имо-ишора тилининг ҳуқуқий мақоми ва унинг қўлланилиши соҳаси қонун ҳужжатларида белгиланади.


5-БОБ. НОГИРОНЛАР МЕҲНАТИ

23-модда. Ногиронларнинг меҳнат шароитлари

Ташкилотларда банд бўлган ногиронларга ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ зарур меҳнат шароитлари яратилади.

Жамоа ёки якка тартибдаги меҳнат шартномасида белгиланадиган меҳнат шароитлари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш, иш вақти ва дам олиш вақти режими, йиллик ҳамда қўшимча таътилларнинг муддати норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганидан кам бўлмаслиги ва бошқа ходимларга нисбатан ногиронларнинг аҳволини ёмонлаштирмаслиги ёки ҳуқуқларини чекламаслиги керак.


24-модда. Меҳнат қилиш ҳуқуқини

ногиронлар томонидан рўёбга чиқариш

Ногирон меҳнат шароитлари одатдагича бўлган ташкилотларда, ногиронлар меҳнатидан фойдаланиладиган ихтисослаштирилган корхоналарда, цехлар ва участкаларда ишлашга, шунингдек қонун билан тақиқланмаган якка тартибдаги меҳнат фаолиятини ёки бошқа фаолиятни амалга оширишга ҳақлидир.

Ногиронлиги туфайли ногирон билан меҳнат шартномаси тузишни ёки иш юзасидан уни юқори лавозимга кўтаришни рад этишга, у билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, ногиронни унинг розилигисиз бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди, тиббий-ижтимоий экспертизанинг хулосасига кўра ногироннинг соғлиғи касб вазифаларини бажаришга монелик қилган ёки ногироннинг ёхуд бошқа шахсларнинг соғлиғи ва меҳнат хавфсизлигига таҳдид қилган ҳоллар бундан мустасно. Ногирон ўз меҳнат қобилиятини тиклаганидан кейин илгариги ишига ёки шунга тенг ишга жойлашиш ҳуқуқига эга.


25-модда. Ногиронларни иш билан таъминлаш

Ходимларининг сони йигирма кишидан ортиқ бўлган корхоналарда, муассасалар ва ташкилотларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ногиронларни ишга жойлаштириш учун ходимлар сонининг камида уч фоизи миқдорида иш жойларининг энг кам сонини белгилайди ва захирада сақлайди.

Ногиронларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам сонини яратишга доир маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини бажармаганлик учун ташкилотларнинг мансабдор шахслари маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги ташкилотларни ушбу Қонуннинг ногиронларни иш билан таъминлашга доир талабларини бажариш мажбуриятидан озод этмайди.

Ногиронлар меҳнатидан фойдаланиш учун ногиронларнинг эҳтиёжларини ва маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда ихтисослаштирилган корхоналар, цехлар ва участкалар ташкил этилади. Кўзи ожиз ногиронлар шароитлари ўз имкониятларига мос келадиган ишлаб чиқаришда иштирок этишда имтиёзли ҳуқуққа эга.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ташкилотлар уйда ишловчи ногиронларга, шунингдек тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи ногиронларга мазкур фаолият учун яшашга мўлжалланмаган жойлар берилишида, хом ашё олиши ва маҳсулот сотишида зарур ёрдам кўрсатади.



6-БОБ. НОГИРОНЛАРГА

ИЖТИМОИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИШ

26-модда. Ногиронларга ижтимоий

ёрдам кўрсатиш турлари

Ногиронларга қуйидаги турлардаги ижтимоий ёрдам кўрсатилади:

пул тўловлари (пенсиялар, нафақалар, бир йўла бериладиган тўловлар);

техника воситалари ёки бошқа воситалар, шу жумладан автомобиллар, ўриндиқли аравачалар, протез-ортопедия буюмлари, махсус ҳарфли матбаа нашрлари, овоз кучайтиргич аппаратлар ва сигнализаторлар билан таъминлаш;

тиббий, касбий, ижтимоий реабилитация қилиш ва маиший хизматлар кўрсатиш;

транспорт хизматлари кўрсатиш;

дори воситалари билан таъминлаш.


27-модда. Ногиронларга ижтимоий ёрдам

кўрсатувчи давлат органлари

Ногиронларга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, бошқа давлат органлари томонидан тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ва тиббий-маслаҳат комиссияларининг хулосалари асосида қонун ҳужжатларига мувофиқ ижтимоий ёрдам кўрсатилади.


28-модда. Ногиронларга ижтимоий-маиший

хизмат кўрсатиш

Ногиронларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари, ҳомийлик ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштирокида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзгаларнинг парваришига ва ёрдамига муҳтож ногиронларга туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари томонидан уйда ёки ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатиш стационар муассасаларида тиббий ва маиший хизматлар кўрсатилади.

Агар ходим иш берувчининг айби билан ногирон бўлиб қолса ҳамда ўзгаларнинг парваришига ва ёрдамига муҳтож бўлса, унда иш берувчи ногирон меҳнат қобилиятини йўқотган даврда уни тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари ёки тиббий-маслаҳат комиссияларининг хулосасига биноан парвариш қилаётган шахсни ўз ҳисобидан таъминлаши ҳамда жабрланган ходимга етказилган моддий зарар ва маънавий зиённинг ўрнини қоплаши шарт.


29-модда. Ногиронларнинг интернат-уйларда

ёки ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг

бошқа стационар муассасаларида бўлиш шароитлари

Ногиронларнинг интернат-уйларда ёки ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг бошқа стационар муассасаларида бўлиш шароитлари ногиронларнинг ушбу Қонунга мувофиқ ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш имкониятини таъминлаши, уларнинг эҳтиёжлари қаноатлантирилишига кўмаклашиши керак.


30-модда. Ногиронларга кўрсатиладиган

ижтимоий ёрдамни молиялаштириш манбалари

Ногиронларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш жамғармалари маблағлари, шунингдек ташкилотлар ва фуқароларнинг ихтиёрий бадаллари ҳисобидан ижтимоий ёрдам берилади.


31-модда. Ногиронларга ва ўз таркибида

ногирон бор оилаларга имтиёзлар

Ногиронларга ва ўз таркибида ногирон бор оилаларга уй-жой бериш, уларнинг уй-жой олиши, қуриши ва ундан фойдаланиши бўйича имтиёзлар уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.

Уй-жойга эга бўлмаган ногироннинг соғлиғини реабилитация қилиш чора-тадбирлари натижасида интернат-уйда ёки ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг бошқа стационар муассасасида бундан кейин бўлишига зарурат қолмаган тақдирда, унга яшаш учун қулай уй-жой майдони берилади.

Болаликдан ногиронларга ҳамда бошқа I ва II гуруҳ ногиронларига тураржой уларнинг иш жойларига, даволаш-профилактика муассасаларига ва транспорт йўналишларига яқин бўлиши зарурлиги ҳисобга олинган ҳолда берилади.

Интернат-уйларда ёки ногиронларга ижтимоий хизмат кўрсатишнинг бошқа стационар муассасаларида турадиган етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ногирон болалар вояга етганидан кейин ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ, агар дастурда ўзига ўзи хизмат кўрсатиш ва мустақил турмуш тарзи олиб бориш имконияти назарда тутилган бўлса, уй-жой майдони билан навбатдан ташқари таъминланади.

Ногиронларни дори воситалари билан таъминлаш, уларга техник ёки бошқа воситалар бериш, шунингдек маиший хизматлар ва транспорт хизматлари кўрсатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бепул ёки имтиёзли шартлар асосида амалга оширилади.


7-БОБ. НОГИРОНЛАРНИНГ

ЖАМОАТ БИРЛАШМАЛАРИ

32-модда. Ногиронларнинг жамоат

бирлашмалари тушунчаси

Ногиронлар ўзларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун бошқа фуқаролар билан тенг имкониятларни таъминлаш мақсадида ногиронлар томонидан ташкил этилган ташкилотлар ногиронларнинг жамоат бирлашмалари деб эътироф этилади.


33-модда. Ногиронларнинг жамоат

бирлашмаларини тузиш

Ногиронларнинг жамоат бирлашмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузилади.


34-модда. Ногиронларнинг жамоат

бирлашмаларига моддий-техник

ва молиявий ёрдам кўрсатиш

Ташкилотлар ва фуқаролар ногиронларнинг жамоат бирлашмаларига моддий-техник ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиши мумкин.


8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

35-модда. Низоларни ҳал этиш

Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


36-модда. Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик

Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 29-30-сон, 277-модда.











































Время: 0.1634
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск