ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд хокимияти. Одил судлов / Жавобгарликдан озод қилиш. Амнистия. Авф этиш. Реабилитация /

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 28.08.2008 й. 530-I-сон "Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартиби ҳақида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.08.2008 й.

N 530-I


"ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУСТАҚИЛЛИГИ

ЭЪЛОН ҚИЛИНГАНЛИГИНИНГ ЎН ЕТТИ ЙИЛЛИГИ

МУНОСАБАТИ БИЛАН АМНИСТИЯ ТЎҒРИСИДА"ГИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ

СЕНАТИНИНГ ҚАРОРИНИ ҚЎЛЛАНИШ

ТАРТИБИ ҲАҚИДА



"Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартиби ҳақидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Амнистия акти қўлланилиши тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлаш учун сенаторлар ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакилларидан ишчи гуруҳлар тузилсин. Ишчи гуруҳлар таркибига халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг депутатлари (келишувга мувофиқ) киритилсин.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг Раиси                                           И. Собиров





Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

2008 йил 28 августдаги

530-I-сонли қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон

қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати

билан амнистия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг Қарорини қўлланиш тартиби ҳақида

НИЗОМ


1. "Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинганлигининг ўн етти йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қарори (бундан буён матнда Амнистия тўғрисидаги қарор деб юритилади) мазкур Қарор кучга киргунга қадар жиноят содир этган ва Ўзбекистон Республикаси судлари томонидан ҳукм қилинган шахсларга, улар жазони қаерда ўтаётганлигидан қатъи назар, қўлланилади.


2. Амнистия тўғрисидаги қарорга кўра асосий жазодан озод этилган маҳкумлар қўшимча жазолардан озод қилинмайди.


3. Амнистияни қўлланиш тўғрисидаги қарор ҳар бир шахсга нисбатан якка тартибда қабул қилинади. Зарур маълумотлар етарли бўлмаган тақдирда амнистияни қўлланиш масаласи қўшимча материаллар олингунга қадар, лекин икки ойдан кўп бўлмаган муддатга кечиктириб турилади. Шундан кейин қарор мавжуд ҳужжатлар асосида қабул қилинади. Амнистия тўғрисидаги қарорни ижро этувчи органларнинг сўровлари бетўхтов бажарилади.


4. Амнистия тўғрисидаги қарорни қўлланишда қонунда белгиланган тартибда тугалланган ёки олиб ташланган судланганлик ҳисобга олинмайди. Жиноят тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига биноан жиноят ҳисобланмайдиган қилмишлар учун ҳукм этилган шахслар ҳам судланмаган деб ҳисобланади.

Муқаддам афв этиш ёки амнистия тартибида жазодан озод қилинган шахслар деганда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарорлари асосида:

судланганлиги тугалланган ёки олиб ташланганлигидан қатъи назар, суд томонидан тайинланган жазолардан озод қилинганларни;

суд ҳукми чиқарилмаган ҳолда жиноий жавобгарликдан озод қилинганларни тушуниш керак.


5. Амнистия тўғрисидаги қарорни қўлланиш қуйидагиларга нисбатан судлар томонидан амалга оширилади:

ўз иш юритувида (барча инстанцияларда) қайси шахсларнинг жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар бўлса, шу шахсларга нисбатан;

ҳукми қонуний кучга кирган, бироқ ижро этилмаган, қамоқда сақланмаётган шахсларга нисбатан;

жиноятлари ҳақидаги ишлар ва материаллар суриштирув ва тергов органлари иш юритувида бўлган шахсларга нисбатан  прокурорнинг илтимосномасига кўра;

жазони ўтаётган маҳкумларга нисбатан  жазони ижро этиш муассасаси ёки органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм ёки интизомий қисм командири) томонидан тақдим этилган хужжатлар асосида прокурорнинг илтимосномасига кўра.

Амнистия тўғрисидаги қарорни қўлланиш масаласи судлар томонидан кўриб чиқилаётганда прокурорнинг иштирок этиши шарт.


6. Амнистия тўғрисидаги қарорни уч ойлик муддат ўтганидан кейин қўлланиш масаласи судлар томонидан ҳал этилади.


7. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1-бандини қўлланишда ўта оғир бўлмаган жиноят содир этганлик учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги, шунингдек озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолардан озод этилади.

Амнистия тўғрисидаги қарор мазкур бандининг:

а) "а" ва "б" кичик бандлари таъсир доирасига, ёшидан қатъи назар, аёллар ва жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар;

б) "в" кичик банди таъсир доирасига 1948 йил 28 августга қадар туғилган эркаклар;

в) "г" кичик банди таъсир доирасига жиноят содир қилгунга қадар доимий яшаш жойи Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида бўлган, озод этилганидан кейин Ўзбекистон Республикасида бўлиши учун қонуний асослар бўлмаган чет давлат фуқароси бўлган шахслар тушади.

Фуқароликка мансублик миллий паспортлар ҳамда бошқа ҳужжатлар, шу жумладан тегишли давлатлар элчихоналарининг ёхуд консуллик муассасаларининг расмий тасдиқловчи ҳужжатлари бўйича аниқланади. Амнистия қилинадиган шахсларнинг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, уларнинг фуқаролиги доимий яшаб келган мамлакатларининг амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича аниқланади.

Амнистия қилинадиган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига мансублиги "Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасига асосан аниқланади.

Чет эл фуқароларидан фақат жиноят содир қилингунга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий рўйхатдан ўтганлар ва ички ишлар органлари томонидан белгиланган тартибда шу мамлакатда яшаш гувоҳномаси берилганлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшовчи чет эл фуқаролари ҳисобланади.

Чет давлатларнинг тегишли органларидан бундай шахсларнинг фуқаролиги ёки уларнинг муқаддам судланганлиги масалаларига доир зарур маълумотлар олиш халқаро шартномаларга асосан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасида бўлиш учун қонуний асослари бўлмаган чет эл фуқаролари Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилгач, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли Қарорида белгиланган тартибда мамлакатдан чиқариб юборилади (депортация қилинади).

Амнистия тўғрисидаги қарорни ижро этувчи органлар ўз иш юритувларида чет эл фуқаролари хусусидаги ишлар бўлган тақдирда, бу шахсларни мамлакатдан чиқариб юбориш зарурлиги ҳақида тегишли идораларга дарҳол хабар қилишлари шарт.


8. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 2-банди таъсир доирасига эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этган, шунингдек ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир қилганлиги учун биринчи марта ҳукм қилинган шахслар, тайинланган жазо тури ва миқдоридан қатъи назар, тушади.


9. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 3-банди таъсир доирасига:

Амнистия тўғрисидаги қарор қонуний кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида жазони ижро этиш ёки яшаш жойидаги даволаш муассасаларининг тиббий комиссиялари қарорига асосан актив шаклдаги сил касаллигига (1 ва 2-гуруҳ диспансер ҳисобидагилар) чалинган деб топилган маҳкумлар;

Амнистия тўғрисидаги қарор кучга киргунга қадар қонунда белгиланган тартибда биринчи ёки иккинчи гуруҳ ногирони деб топилган маҳкумлар тушади.

Ушбу банд жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган шахсларга (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисми) қўлланилмайди.

Бу шахсларга нисбатан жиноят ишлари тугатилмайди. Уларни тергов қилиш ва судда кўриб чиқиш умумий тартибда амалга оширилади ва асослар бўлса, суд Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 463-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди талабига асосан айблов ҳукми чиқариб, айбдорни мазкур ҳукм билан тайинланган асосий жазодан озод қилади.


10. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 4-банди таъсир доирасига содир этган жиноятининг оғирлик даражаси ва тайинланган жазо миқдоридан қатъи назар, озодликдан маҳрум қилиниб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар озодликдан маҳрум этиш жазосини ҳақиқатда ўташнинг икки йилдан кўп бўлмаган муддати қолган маҳкумлар тушади.

Ушбу банд жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этган шахсларга (Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 97-моддасининг иккинчи қисми) қўлланилмайди.


11. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 5-банди таъсир доирасига содир этган жиноятининг оғирлик даражаси ва тайинланган жазо миқдоридан қатъи назар, озодликдан маҳрум қилиниб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилинган кунга қадар озодликдан маҳрум этиш жазосини ҳақиқатда ўташнинг уч йилдан кўп бўлмаган муддати қолган маҳкумлар тушади.


12. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 6-бандини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 68-моддасидаги асослар бўйича, яъни шахсни жиноий жавобгарликдан озод этган ҳолда қўлланишда Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 1 ва 2-бандларида қайд этилган шахслар томонидан содир этилган жиноятларга оид материаллар ва ишлар Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 7-банди билан белгиланган чеклашларни ҳисобга олган ҳолда тугатилиши керак.

Терговчи, суриштирувчи амнистия актига кўра жиноят ишини қўзғатиш рад этилиши керак бўлган материаллар, шунингдек тугатилиши лозим бўлган жиноят ишлари бўйича прокурорга амнистия актини қўлланиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома киритади ва унга материал ёки жиноят ишини топширади.

Прокурор тақдимномани материал ёки жиноят иши билан биргаликда ўрганиб, рози бўлса, амнистия актини қўлланиш тўғрисида судга илтимоснома киритади.

Суд илтимосномани прокурор ва манфаатдор шахслар иштирокида кўриб чиқиб, амнистия актини қўлланиш тўғрисида ёки прокурорнинг илтимосномасини рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Айни бир вақтда суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш (протест билдириш) тартибини тушунтиради.

Бундай шахсларнинг ҳаракати оқибатида етказилган зарарни ундириш масаласи фуқаролик ишларини судда юритиш тартибида ҳал қилинади.

Жиноят ишини амнистия акти асосида тугатилишига, агар гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, у вафот этган тақдирда эса, унинг яқин қариндошларидан бири бунга эътироз билдирса, йўл қўйилмайди. Бундай ҳолларда жиноят иши бўйича ишни юритиш умумий тартибда давом эттирилади ва асослар бўлса, суд Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси 463-моддаси учинчи қисмининг 1-банди талабларига асосан жазо тайинламасдан айблов ҳукми чиқаради.


13. Жазони ижро этиш муассасаси ёки органининг бошлиғи (ҳарбий хизматчиларга нисбатан ҳарбий қисм ёки интизомий қисм командири) прокурорга маҳкумга нисбатан амнистия актини қўлланиш ҳақида судга илтимоснома киритиш тўғрисида тақдимнома киритади ва унга маҳкумнинг шахсий йиғмажилдини топширади.

Прокурор тақдимномани маҳкумнинг шахсий йиғмажилди билан биргаликда ўрганиб, рози бўлса, амнистия актини қўлланиш тўғрисида судга илтимоснома киритади.

Суд илтимосномани прокурор ва манфаатдор шахслар иштирокида кўриб чиқиб, амнистия актини қўлланиш тўғрисида ёки прокурорнинг илтимосномасини рад этиш тўғрисида ажрим чиқаради.

Айни бир вақтда суд манфаатдор шахсларга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш (протест билдириш) тартибини тушунтиради.


14. Амнистия тўғрисидаги қарор 7-бандининг "а" кичик бандига мувофиқ, мазкур кичик банд амал қилиши узоқ муддатга ёки умрбод озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга; ўта хавфли рецидивистларга; жиноий уюшма таркибида жиноят содир этганларга; жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган маҳкумларга; муқаддам амнистия тартибида жазодан озод бўлгач, яна қасддан жиноят содир этган шахсларга; шунингдек ўлим жазоси афв этиш тартибида озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларга татбиқ этилмайди.

14.1. Амнистия тўғрисидаги қарор 7-бандининг "б" кичик бандига мувофиқ Амнистия тўғрисидаги қарор 1-бандининг амал қилиши ўта оғир жиноят содир этган шахсларга татбиқ этилмайди.

14.2. Амнистия тўғрисидаги қарор 7-бандининг "в" кичик бандига мувофиқ Амнистия тўғрисидаги қарор 1, 2, 5 ва 6-бандларининг амал қилиши тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир қилганлиги учун судланган шахсларга татбиқ этилмайди.

14.3. Қуйидагиларни:

а) жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти томонидан қўлланилиб, Амнистия тўғрисидаги қарор эълон қилингунга қадар олиб ташланмаган ва амал қилиш муддати тугамаган иккита ёки ундан ортиқ интизомий жазоси бўлган маҳкумларни;

б) ахлоқ тузатиш ишлари тариқасидаги жазо озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган шахсларни;

в) шартли ҳукм қилиниб, ҳукмда тайинланган жазони ўташ учун юборилганларни;

г) манзил-колониялардан тегишли тартибли колонияларга ўтказилган ёки қайтарилган маҳкумларни;

д) жазони ўташ вақтида, ҳукм ижроси кечиктирилган ёки синов муддати мобайнида қасддан жиноят содир этган шахсларни жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахслар деб ҳисоблаш лозим.

Бунда ушбу банднинг:

"б", "в", "г" кичик бандларида қайд этилган шахслар, агар улар ҳибсга олинган кундан эътиборан бир йилдан кам муддат ўтган бўлсагина, жазо ўташ тартибини мунтазам бузувчилар деб ҳисобланади;

"д" кичик бандида қайд этилган шахсларга (озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ даврида қасддан жиноят содир этган шахслар бундан мустасно) нисбатан Амнистия тўғрисидаги қарор, агар ҳукм кучга кирган кундан эътиборан бир йилдан ортиқ муддат ўтган бўлса, қўлланилиши мумкин.


15. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 8-бандига мувофиқ Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 3 ва 4-бандлари тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларга татбиқ этилиши мумкин.

Тузалиш йўлига қатъий ўтган бу тоифадаги шахсларга, уларнинг ёши, жинси ва фуқаролигидан қатъи назар, Амнистия тўғрисидаги қарорнинг 3 ва 4-бандлари:

Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлигининг тегишли хулосаси;

маҳкумнинг содир этган жиноятдан чин кўнгилдан пушаймонлиги тўғрисидаги ёзма аризаси;

жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг маҳкумни амалда пушаймонлиги тўғрисидаги хулосаси;

маҳкумнинг яқин қариндошлари ҳамда унинг яшаш жойидаги фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг кафиллик хати бўлган тақдирда қўлланилиши мумкин.


16. Амнистия тўғрисидаги қарор асосида озод этилган шахсларнинг ижтимоий кўникмаси ва ҳимоясига оид чораларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали тарзда ҳал этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида прокуратура органлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Ўзбекистон Республикаси адлия идоралари ва судлар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари орасидан ҳудудий комиссиялар тузилади.


17. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг асосий вазифаси жазодан озод қилинган шахслар тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш ва уларни ишга жойлаштириш, ёлғиз, ёрдамга муҳтож шахсларни ногиронлар ва қариялар уйига жойлаштириш, вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, зарур ҳолларда уларни тегишли таълим муассасаларига юборилишини таъминлашдан иборатдир.


18. Туман ва шаҳар ҳокимларига худудий комиссиялар ва жамоат бирлашмалари билан биргаликда Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилаётган шахсларга, айниқса вояга етмаганлар ва тақиқланган ташкилотларнинг собиқ аъзоларига нисбатан кўрилаётган тарбиявий таъсир чораларининг узлуксизлигини таъминлаш юклатилади.


19. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ходимларидан тезкор гуруҳлар ташкил этилишини таъминлайди. Тезкор гуруҳларга раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Жазони ижро этиш бош бошқармасининг муассасалари жойлашган ҳудудлардаги тегишли прокурорлар томонидан амалга оширилади. Тезкор гуруҳларнинг асосий вазифаси Амнистия тўғрисидаги қарорнинг ҳар бир маҳкумга нисбатан алоҳида, монеликсиз ва холисона қўлланилиши ҳамда қонунийлик бузилишларининг олдини олиш устидан назоратни амалга оширишдан иборатдир.


20. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

Амнистия тўғрисидаги қарор асосида жазодан озод этилаётган 1 ва 2-гуруҳ диспансер рўйхатидаги сил касаллигига чалинган шахсларнинг ҳисобга олинишини ва махсус даволаш муассасаларига жойлаштирилишини (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда);

Амнистия тўғрисидаги қарор асосида озод қилинаётган чет давлат фуқароларининг ҳисобга олинишини ҳамда Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборилишини (Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда) таъминлайди.


21. Амнистия тўғрисидаги қарорнинг қўлланилиши тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлаш мақсадида сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) минтақавий вакилларидан ишчи гуруҳлари тузилади. Ишчи гуруҳларининг амнистия актини қўлланиш тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминлашдаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

жиноий жазони ижро этиш муассасалари ва органларини бориб кўриш, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказиш ҳамда уларнинг шахсий йиғмажилдлари билан танишиш;

суриштирув ва дастлабки тергов органлари юритувидаги материаллар ва жиноят ишлари билан танишиш;

амнистия актини қўлланишга оид материалларни ўрганишда ва кўриб чиқишда бевосита иштирок этиш;

амнистия акти асосида озод бўлган шахслар билан олиб борилаётган ишлар аҳволини мониторинг қилиш;

амнистия актининг ижро этилиши жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этиш.

Зиммага юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида амнистия акти қўлланилиши тартиб-таомилларида жамоатчилик назорати ва очиқ-ошкораликни таъминловчи ишчи гуруҳларининг асосий эътибори амнистия актини қўлланишдаги суиистеъмолликлар, мазкур актни ноқонуний қўлланиш ёки уни қўлланишни рад қилиш ҳолларини аниқлашга қаратилиши керак. Аниқланган қоидабузарликлар тўғрисидаги материаллар кўриб чиқилиши ва чора кўрилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий судига юборилади.


22. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ушбу Низомнинг 17, 18 ва 20-бандларида қайд этилган вазирликларнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (ҳокимларнинг) фаолияти устидан умумий раҳбарликни амалга оширади.


23. Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Амнистия тўғрисидаги қарорнинг аниқ ва бир хилда ижро этилиши устидан назоратни таъминлайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 35-36-сон, 344-модда.
















































Время: 0.1320
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск