язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Олий таълим (бакалавриат, магистратура)/ Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 13.10.2008 й. 226-сон қарорига 5-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2008 йил 13 октябрдаги

226-сон қарорига

5-ИЛОВА


Халқаро ва республика олимпиадалари,

танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган

академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари

ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини

тақдирлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1. Ушбу Низом умумтаълим фанлари бўйича академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг расмий халқаро ва республика олимпиадалари, бадиий-ижодий ихтисосликлар бўйича мактаблар, санъат ва маданият касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг танловлари, спорт мусобақалари (спортнинг олимпия турлари, шу жумладан, спортнинг техник ва амалий турлари, "Кураш" миллий спорт тури, шахмат, шашка, автомобиль ва мотоцикл спорти. спортнинг авиамодель ва ракетамодель турлари бўйича) ғолибларига татбиқ этилади ҳамда таълим муассасаларига имтиёзли кириш ва пул мукофотлари олиш тартибини белгилайди.

2. Республика (1-ўрин) ва халқаро танловлар ва мусобақаларнинг (Олимпия ўйинларида, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3-ўринлар) индивидуал турларида ғолиб чиққан академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар.

2-1. Автомобиль ва мотоцикл спорти, спортнинг авиамодель ва ракетамодель турлари хамда олимпия ўйинлари дастурига киритилган спортнинг техник ва амалий турлари бўйича республика мусобақаларида биринчи, халқаро мусобақаларда (Олимпия ўйинлари, Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионати ва Осиё чемпионатида) биринчи, иккинчи, учинчи ўринларни эгаллаган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг битирувчилари тегишли олий таълим муассасаларига таълимнинг ушбу соҳадаги йўналишларига умумий қабул квоталари доирасида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинадилар.

3. Республика (1-ўрин) ва халқаро танловлар ва мусобақаларнинг (Олимпия ўйинларида, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатида ва Осиё чемпионатида 1-3-ўринлар) жамоа турлари ғолиблари ўз командалари таркибидан - академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчиларидан олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилиш учун уч номзодни белгилайдилар.

4. Республика (1-ўрин) ва халқаро (1 - 5-ўринлар) шахмат ва шашка турнирларида ғолиб чиққан академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчилари педагогик кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар.


5. "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми" жамғармаси ҳамда "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказиладиган "Келажак овози" Республика танловида 1 - 3-ўринларни эгаллаган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчилари олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар.


6. Умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадаларида 1 - 3-ўринларни ва халқаро олимпиадаларда 1 - 5-ўринларни эгаллаган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактабларининг XI синфлари битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз қабул қилинадилар.

Умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадаларида 1 - 5-ўринларни эгаллаган умумтаълим мактабларининг XI синфлари битирувчилари академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларига республика ташкилий қўмитасининг йўлланмаси бўйича қабул қилинадилар.

Олимпиадалар ғолибларига: халқаро олимпиадаларда 1, 2, 3, 4, 5-ўринларни эгаллаганларга - талаба стипендиясининг тегишли равишда 10, 9, 8, 7, 6 баравари миқдорида; республика олимпиадаларида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаганларга - талаба стипендиясининг тегишли равишда 3, 2, 1 баравари миқдорида пул мукофотлари белгиланади.


7. Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолибларини олий таълим муассасасига имтиёзли қабул қилиш таълим муассасаси ихтисосликлари билан олимпиада фанлари, танловлар ихтисосликлари, спорт турларининг соҳа бўйича мос келишига қатъий риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.


8. Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолибларини тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз олий таълим муассасасига қабул қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази таъсис этадиган махсус гувоҳнома асосида амалга оширилади.

Махсус гувоҳномалар ана шундай имтиёзларга эга бўлган ғолибларга берилади ва бу гувоҳномалар олий таълим муассасасига кириш учун зарур ҳужжатлар билан бирга қабул комиссиясига топширилади.


9. Халқаро олимпиадалар, танловлар ва мусобақаларнинг ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига, Маданият вазирлигига, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ўзлари эришган натижаларни тасдиқловчи дипломларни (1 - 3-ўринлар) ёки жюри қарорини, сертификатларни (4-5-ўринлар) махсус гувоҳномалар берилиши учун асос сифатида тақдим этадилар.

10. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, назорат тартибида, ғолибларга берилган махсус гувоҳномаларнинг реестри билан битирувчилар рўйхатини тест синовлари ўтказиладиган кундан олдин Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этадилар.

11. Халқаро бадиий-ижодий танловлар, Олимпия ўйинлари, жаҳон ва қитъа чемпионатларининг ғолиблари ўзларининг таълим муассасасига кириш бўйича имтиёзли ҳуқуқларидан уч йил мобайнида, республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари эса - улар ўтказилган кундан бошлаб бир йил мобайнида фойдаланишлари мумкин.


12. Халқаро (1 - 5-ўринлар) ва республика (1 - 3-ўринлар) олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолибларига спортнинг ҳам индивидуал, ҳам жамоа турлари бўйича дипломлар билан бирга ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ белгиланган миқдорда пул мукофотлари топширилади.

Ғолибларга пул мукофотлари, ташкилотчилар таъсис этган совринлардан қатъи назар, топширилади.


13. Олимпиадалар, танловлар ва мусобақалар ғолибларини моддий рағбатлантириш учун маблағлар Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги сметаларида назарда тутилади.

14. Ғолибларга дипломлар, махсус гувоҳномалар ва пул мукофотлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тантанали вазиятда топширилади.

15. Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари ва мусобақалари ғолиблари олий таълим муассасасига қабул қилингандан кейин тузиладиган гуруҳлар таркибида хорижий мамлакатлар таълим муассасаларига юбориш учун устунликка эга бўлиш ҳуқуқини оладилар.


16. Махсус гувоҳномалар рўйхатдан ўтказилган тартиб рақамига эга бўлиб, қатъий ҳисобот ҳужжатлари тоифасига киради, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказида сақланади ҳамда зарур бўлганда Маданият вазирлигига, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига берилади.

Ғолибнинг сурати бўлмаган гувоҳнома ҳақиқий ҳисобланмайди.

Махсус гувоҳнома йўқолганда ёки яроқсизланиб қолганда дубликат берилмайди.


17. Ғолибларнинг олий таълим муассасасига ўқишга имтиёзли кириш масалалари бўйича ариза ва шикоятлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2008 йил, 42-сон, 422-модда.